Сайди Умиров. “Бобурнома” — бадиий мақоланависликнинг гўзал намунаси

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари — “Бобурнома” тўрт ярим асрдан ортиқ жаҳон узра мағрур кезаётир, муаллифи номини, юрти, эли, миллати довруғини юртлар, мамлакатлар, иқлимлараро таратиб келаётир. Бу қомусий асар тўрт марта форсийда, тўрт марта инглизчада, икки мартадан олмон, француз, турк тилларида, тўрт топқир рус тилида, бир мартадан голланд, итальян, ҳинд, урду, япон, поляк, уйғур ва бошқа тилларда чоп этилган; Бобур Мирзо, унинг фаолияти, ижоди, шахсияти ҳақида турли тилларда рисола ва монографиялар, беш юзга яқин илмий мақолалар, бадиий асарлар ёзилган, луғатлар тартиб берилган, ҳарбий юришлари ҳақида хариталар тузилган, меросини йиғиш, асарлари матнини аниқлаш бўйича таҳсинга сазовор ишлар қилинган. Бобурнинг ўз юртида эса бобуршуносликка ғарб олимларидан бир ярим аср кейин киришилган. Бунинг асосий сабаблари аввал чор мустамлакачилиги, кейин шўролар истибдоди, маъмурий-тоталитар тузум, фирқавий босим, тарихий қадриятларга нописандлик, албатта. Мустақиллик туфайли тарихий меросимизни қандай бўлса шундайлигича, тўла ҳолда нашр этиш, ҳар томонлама, теран таҳлил-тадқиқ қилиш, холисона баҳолаш ва бугунги авлодни улардан баҳраманд этишга кенг йўл очилди. Хусусан, Истиқлол шарофати ила Бобур Мирзони қайта кашф этаётирмиз.

“Бобурнома” ҳақида юртимиз олим, адибларининг катта-кичик китоблари, мақола-тадқиқотлари нашр этилган. Булар ичида шарқшунос Сабоҳат Азимжонова, адабиётшунос Абдурашид Абдуғафуров, таржимашунос Ғайбуллоҳ ас- Саломнинг илмий, адиблардан Пиримқул Қодиров, Ҳайриддин Султоннинг бадиий асарлари жамоатчиликка яхши таниш.

Жаҳонгашта “Бобурнома” асари муаллифлари Ғайбуллоҳ ас-Салом, Неъмат Отажон сўнгсўзда, шундай ёзишган: “Агар кимда-ким “Юрак қони билан ёзилган асар” деган таърифда қиттак бўлса-да маҳобат йўқлигига ишонч ҳосил қилишни истаса, “Бобурнома”ни ўқисин. Уни ўқиб адоғига етмайсиз. Ҳар мутолаа қилганингизда ўзингиз учун янги-янги маълумотларни топасиз. Ва ҳар гал китобхон сифатида ўзингизни янгидан кашф қиласиз… Ҳа, айнан фақат Бобур Мирзонигина эмас, ўзингизни ҳам!

Замонлареки, ҳали “Ўзбекистон” деган давлат шу ном остида дунёга танилмаган асарларда ҳам “Бобурнома”ни маърифатли жаҳон миқёсида танир эдилар…”

Хайриддин Султон “Бобурнома” романи муқаддимасида фахр ила шундай дейди: “Башариятнинг бу даҳо фарзанди ҳақида юзлаб китоблар ёзилган. Ва иншооллоҳ, ҳали яна юзлаб-минглаб китоблар битилгусидир. Чунки унинг тарихи ва тақдири халқимиз тарихи ва тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Нафақат олис-яқин кечмишимиз, балки ўтаётган умримизнинг ҳар лаҳзаси тарих. Тарихнинг ҳар лаҳзаси эса тадқиқ ва таҳлилга муносиб”. Филология фанлари доктори, профессор Абдурашид Абдуғафуров ўз мақола, тадқиқотларида япон олимлари Бобур ҳаёти, фаолияти, ижоди, айниқса, “Бобурнома” билан астойдил қизиқишаётгани, бу адибнинг ноёб насри, назмлари, ҳарбий юришлари, инсоний хислатлари ҳақида мароқли тадқиқотлар битишаётганини фахр, ғурур билан таъкидлайди.

“Бобурнома” шарқшунослар, адабиётшунослар, тилшунослар, таржимашунослар, тарихчилар, элшунослар, географлар, педагоглар, руҳшунослар томонидан кенг ўрганилган. Бу қомусий асар ботаниклар, зоологлар, геологлар, ҳарбийлар ва бошқа соҳа мутахассисларига ҳам кўп ва қимматли маълумотлар берган. Лекин асар мақоланавислик, яъни публицистика нуқаи назаридан деярли ўрганилган эмас. Фан докторлари Очил Тоғаев, Абдурашид Абдуғафуровнинг баъзи китоб, рисола, мақола, қайдларини эътиборга олмаганда бу борада тадқиқотлар йўқ ҳисоби.

“Бобурнома” илм, бадиият, мақоланавислик, очерк, эссе хусусиятлари, унсурларини ўзида ажиб тарзда мужассам этган гўзал синкретик асардир. Асар публицистика, аниқроғи, бадиий публицистиканинг бетакрор ва бетимсол намунасидир. Унда бадииятга хос қуйма тасвирлар, тиниқ манзаралар, ёрқин образлар, тимсоллар билан публицистикага хос аниқ тушунчалар, мантиқий муҳокамалар ҳаққоний таъриф-тавсифларнинг табиий уюшуви, ажиб бир иттифоқини кўрамиз. Ўзида уч мамлакат: Ўзбекистон, Афғонистон, Ҳиндистонни бирлаштирган бу серқатлам қомусий обидада табиат, иқлим, ҳайвонот, табобат олами, турли халқлар, қабилалар, уруғ ҳамда табақа кишилари, ҳокиму уламолар, фуқаро ва зодагонлар, ҳарбийлар ва деҳқонлар, табибу ҳунармандларнинг турмуш шароитлари, урф-одатлари майда-чуйда деталлари, тафсилотларигача ўзининг аниқ ва тўғри ифодасини топган, бунда мавҳумот ёки пуч тахмину фаразлар учрамайди. Бобуршунослар ҳаққоний таъкидлашганидек, муаллиф ҳақиқатни ифодалашда на ўзини, на ўзгаларни, на дўстлари-ю, на мухолифларини аямайди, барчага бирдек холис, шафқатсиз. Масалан, “1506-1507 йил воқеалари тафсилоти”да муаллиф ёзади: “Бу тарихгача ҳам ул табақадин ҳар кимки келди, ўз туққонларимдин ўзга кўрмадим… барчани ўз туққонларимдин яхшироқ кўруб, риоят ва шафқатлар қилибтурмен. Бу битилганлардин ғараз шикоят эмас, рост ҳақиқаттурким, битибтурмен. Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзининг таърифи эмас, баёни воқеи бу эдиким, таҳрир этибтурмен. Чун бу тарихда андоқ интизом қилибтурменким, ҳар сўзнинг ростини битилган ва ҳар ишнинг баёни воқеини таҳрир этилган. Ложарам иниоғадин ҳар яхшилик ва ямонлиғким шоя эди, тақрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ва ҳурарким баёни воқе эди, таҳрир айладим. Ўқувчи маъзур тутсун, эшитгувчи таарруз мақомидин ўтсун”. Бу — адибнинг илмий, эстетик, публицистик кредоси.

Хуллас, аниқлик билан тасвирийлик, тафаккур билан қалб самараси омухталашган яна шундай бир асарни топиш қийин. Киношуносларнинг “Бобурнома” тайёр киносценарий, асар асосида кўп фаслли видеофильм, телефильм яратиш қийин эмас, деган фикрларида жон бор.

“Бобурнома” муаллиф туғилиб ўсган Андижон қасабаси таърифи-таснифи билан бошланади: “Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас. Уч дарвозаси бор. Арки жануб тарафида воқе бўлубтур. Тўққиз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердан ҳам чиқмас… Ов қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур… Эли турктур. Элининг лафзи қалам билан ростдур”.

Марғинон, Исфара, Хўжанд, Конибодом, Ахси, Косон, Самарқанд ва бошқа кентлар, Афғон, Ҳинд шаҳару қишлоқлари ҳақида ана шундай лўнда, аниқ, тиниқ таърифу тасвирларни учратамиз.

Адабиётимиз тарихида “Бобурнома” сингари портрет ва пейзаж тасвирига кенг, мўл ўрин берилган бошқа бирон асарни учратмаймиз. Портрет — бу кишининг бўй-басти, юз-кўзлари, кийим-кечаги, юриш-туриши, хатти-ҳаракати, ахлоқ-атвори. Асарда ўнлаб одамларнинг аниқ, бетакрор портретига дуч келамиз: хон, амиро, беклар ҳақида гап кетганда унинг вододат ва насаби, шакл ва шамойили, ахлоқ ва атвори, масоф ва урушлари, умароси ҳақида қисқа, аниқ таъриф-тасвирлар берилади.

Мана, отаси Умаршайх Мирзонинг таърифи-тасвири: паст бўйлуқ, тегирма соқоллиқ, кўба юзлиқ, танбал киши эди. Тўнни бисёр тор кийар эди, андоғким боғ боғлатурда қорнини ичига тортиб боғлатур эди, боғ боғлоғондин сўнг ўзини қўя берса, бисёр бўлур эдиким, боғлари узулур эди. Киймоқда ва емоқда бетакаллуф эди. Дасторни дасторпеч чирмар эди… Покиза эътиқодлиқ киши эди, беш вақт номозни тарк қилмас эди… Хожа Убайдуллоға иродати бор эди. Суҳбатлариға бисёр мушарраф бўлуб эди. Ҳазрат Хожа ҳам фарзанд деб эдилар”. Салбий тавсифномага мисол: “Яна бир Вали эди… Навкарларини яхши сақлар эди. Султон Маҳмуд Мирзонинг кўзига мил тортмоғига ва Бойсунқур Мирзонинг ўлтурмагига боис ул эди. Жами элни ғийбат қилур эди. Бадзабон ва фаҳшгўй ва худписанд ва мағз мардак эди. Ўзидин ўзга ҳеч кишини ҳеч ишта писанд тутмас эди”.

Бобур бир неча ўринда гувоҳ бўлган зилзила, сув тошқини, қор босқини, изғирин, бўрон ва шу каби табиат ҳодисаларини аниқ, тиниқ, майда-чуйда тафсилотларигача қолдирмай тасвирлайди. Чахчарон деган мазгилда бир ҳафтадан ортиқ қалин қор ёққан, номаълум йўлдан ўн беш-йигирма чоқли одам тентиб, қор тепиб, ўзларига ва отларига йўл очиб, қулоқларини совуққа олдириб, бениҳоя азоб-уқубатлар чеккани тасвирланади. Не машаққатлар билан етган, Ҳавол деб аталмиш ғорга кириб жон сақлашни олампаноҳдан қанча илтижо қилишмасин, рози бўлмайди: “Кўнгулга кечтиким, барча эл қорда ва чопқунда, мен иссиқ уйда ва истироҳат била мунда барча улус ташвиши била машаққатга, мен мунда уйқу била фароғатда… Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса турайин”. “Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму, хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?” сатрлари шу синовлардан кейин ёзилган экан.

“Бобурнома” бадиий мақоланависликнинг ҳам етук намунаси, деган фикрнинг исботи шундаки, бу асарда публицистиканинг ҳужжатли наср, мемуар, йўл очерки, репортаж эссе, хат сингари жанрлари аломатлари мўл учрайди. Эссе жанрининг асосчиси француз Мишель Монтень “Тажриба” асарининг сўзбошисида айтган “китобимнинг бош қаҳрамони — менинг ўзим” деган иқрорномаси “Бобурнома”да ҳам тўла ўз аксини топган.

Алишер Навоийга қисқа, мазмундор ва холис таъриф-тавсифни ҳам Бобур Мирзо бергандир. Кўпчилигимиз “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким анча кўп ва хўб айтғон эмас” сўзларинигина биламиз ва иқтибос қилиб келтирамиз. Айни бобокалонимизнинг феъли, фазилатлари, бисёр хусусиятлари ҳақида лўнда, теран фикрлар баён қилади; масалан: “… мижози нозук била машҳурдир. Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар”; “Аҳли фазл ва аҳли ҳунар Алишербекни мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш ўлғай”; “Мирзодин нима олмас, балки йилда мирзоға куллий маблағлар пешкаш қилур эди”; “Ўғул ва қиз ва аҳлу аёл йўқ, оламни тавре фард ва жарийда ўткарди” ва ҳоказо.

Ижтимоий мавзулардан баҳс этувчи мақоланавислик (публицистика)нинг энг асосий вазифаси — жамоатчилик фикрини уйғотиш, шакллантириш ва у орқали омма онгига таъсир этиш экан, бунинг энг ёрқин мисолини Бобурнинг турфа эл-юртларга, қавмларга, одамларга, табиатга, шаҳар ва қишлоқларга, тоғу дарёларга, ўсимлик, ҳайвонларга берган лўнда, қуйма таъриф-тавсифларида кўрамиз. “Жаҳонгашта “Бобурнома” китоби муаллифлари адолатли таъкидлашларича, Бобур Мирзо шоҳ асарининг ғарбда маълум ва машҳурлиги боиси унинг тўрт ярим асрдан бери ўрганилаётганлиги ва турли тилларга ўгирилаётганлиги бўлса, даҳо санъаткор Навоийдан Мағриб баҳраманд бўлолмаётганлиги боиси, биринчидан, унинг деярли таржима қилинмаганлиги бўлса, иккинчидан, “Бобурнома”нинг айрим қисқартирилган таржималарида, шарҳларида, ғарбда чиққан адабий асарлар ва Навоийга Бобур берган классик таърифнинг баъзи ўринлари ташлаб кетилганлиги, нотўғри ўгирилганлиги, матндан юлиб олинганлиги ва ҳоказолардир. Масалан, Харолд Лэмбнинг “Бобур-йўлбарс” асарида Бобурнинг Навоий ҳақида айтган: “Форсий назмда “Фоний” тахаллус қилибтур, баъзи абёти ёмон эмасдур, вале аксар суст ва фуруддир” деган танқидий сўзларига алоҳида урғу беради, бошқа баланд баҳоларини тушириб қолдиради, оқибатда романда Навоий сиймоси тўла, ишонарли чиқмаган, фикр контекстдан юлиб олинганлиги учун чала, хира, қинғир-қийшиқ бўлиб қолган. Ғайбуллоҳ-ас-Салом ёзади: “Навоийни Навоий қилган Фоний эмас, Фонийни Фоний қилган Навоий. Унинг туркона ижоди. Туркий ғазаллари, беназир “Хамса”. Шоҳ ва шоир Бобур форс тилини ҳам мукаммал эгаллаган, ундан таржималар қилган. Бироқ форсий девони йўқ, улуғларнинг улуғлиги уларнинг умуман бенуқсон эканлигини англатмайди. Дунёда бирон-бир инсон йўқки, унинг ушоғ жиҳатлари бўлмаса, шундай бир забардаст адиб йўқки, ожизликлари бўлмаса. У ёзган асарларнинг барчаси бирдай мумтоз ва юксак бўлавермайди. Орасида аълоси ҳам, бундайроқлари ҳам бўлади. Ҳеч кимда ҳеч қачон ижодий жараён бир текис, силлиқ кечмайди. Устоз Абдураҳмон Жомий Навоийнинг форсий шеърларини ҳам юқори баҳолаб, “Яхшиямки, Алишер Навоий туркийда ижод қилибтурлар, башарти ўзларининг беназир фасиҳ асарларини форсийда ёзганларида, биз форсийгўй шоирларнинг қиладиган ишимиз қолмас эди”, — деган сўзлари ҳам маълум.

Эндиги вазифа Навоий асарларини бевосита, аслиятдан, учинчи тилни аралаштирмай, ғарб ва шарқ тилларига маҳорат билан ўгириш, жаҳон ўқувчиларини даҳо санъаткоримиз меросидан кўпроқ баҳраманд қилишдир.

Яна “Бобурнома”ни рус тилига янгидан, мукаммал таржима қилиш вақти аллақачон етган. Асар рус тилида илк бор 1948 йили чоп этилган. Уни шарқшунос М.Салье, аслият тилини билмагани боис, таглама орқали таржима қилган ва бобуршуносликка муайян ҳисса қўшган. Китобни тилимизни билмаган, ўзбек зиёлиларига нописанд муносабатда бўлган адиб М.Шевердин “таҳрир” этган, сўзбоши битган. Муқаддимада Бобурнинг ҳарбий юришларига кўпроқ урғу берилган, “йиртқич хуружи” (“хишнические побеги”), “ибтидоий қабоҳат”, “бировларнинг ерини йирқичларча босиб олувчи босмачи”, “аскиячи ва ароқхўр” каби ибораларни ишлатган, гўзал ва нафис шеърияти ҳақида гапириб, “тилининг оддийлиги ва оммавийлиги билан ажралиб туради”, — дейишдан бошқа сўз тополмаган. Ачинарлиси, асарнинг 1993 йилги янги нашрида М.Салье, М.Пороновскийлар тузган изоҳда Навоий, Бобурлар эҳтиром билан тилга олган, XV аср донишманди, авлиёси Хожа Аҳрор Валини “Ўрта Осиё дарвешчилигининг XV аср Самарқанди сиёсий ва маданий ҳаётида катта, салбий роль ўйнаган энг реакцион вакилларидан бири” деган тамом тескари гаплар ўтиб кетган ва нашр учун масъул бир гуруҳ мутахассислар эътиборидан четда қолган.

Таржималари, шарҳлари, талқинлари, бадиий ва илмий асарлари учун, нуқсонлари, кемтиклари, бошқа қусурларига қарамасдан, ғарб олимлари, мутахассисларидан биз, Бобур меросхўрлари, беҳад миннатдор бўлишимиз керак. Айниқса, асарни инглиз тилида икки марта — 1905, 1922 йилларда нашр этган, 60дан ортиқ луғат, йигирмага яқин жўғрофий манбалар, хариталарни ўрганиб, чоғиштириб, “Ройл Азиатик” журналида 100 дан зиёд мақола, маълумотлар чоп этган Аннета Сусанна Бевериж хонимнинг, шунингдек, француз Жан Луи бакс Громон, форс Абдураҳмон ибн Байрамхон, турк Рашид Раҳмати Орат ва бошқаларнинг катта хизматлари ҳар қанча таърифу таҳсинларга лойиқ. (Марҳум Ғайбуллоҳ ас-Салом билан бир радиосуҳбатимизда “Нафсиламбрни айтганда, Бобур, “Бобурнома” учун чеккан захматлари, беғараз хизматлари учун Аннета Сусанна Бевериж хоним номига юртимизда, лоақал Андижон шаҳрида бирор кўча аталса айни муддао бўларди”, деган бир фикрни айтган эдик).

Бу йил улуғ шоир, адиб, олим, давлат арбобимиз Мирзо Бобур таваллудига 520 йил тўлди. Буюк бобокалонимиз хотирасини ёдлаш, номини янада улуғлашнинг энг яхши йўлларидан бири — у ҳақда илмий, бадиий, публицистик асарлар, тадқиқотларни кўпроқ ёзиш ва нашр этишдир.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 2-сон