Қўчқор Норқобил. Осмонни титратган оғриқлар…

 (Ёзувчи ён дафтаридан)

1. Самолёт Минскка қўнди. Маҳаллий вақт бўйича соат ўн биру йигирма. Ҳаво салқин. Осмон булут. Шабада.

Аэропортдан чиқишингиз ҳамоно ажойиб манзарага дуч келасиз; ойнадай текис йўл ўрмонни ёриб киради — Белорусь замини Сизга шундай бағир очади. Албатта, аввал бундай оҳангжамани кўрмаган бўлсангиз ҳайратланасиз, ҳаяжонланасиз.

— Қандай чиройли жойлар-а?

— Белорусь ўрмон ва кўллар, ботқоқликлар ўлкаси, — дейди ҳайдовчи бепарвогина, — биринчи марта келишингми?

— Ҳмм. Барибир чиройли экан.

— Ўрмонни яхши кўрасанми?

— Билмасам, умримда ҳақиқий ўрмонга энди дуч келишим.

Ҳайдовчи мени ажабтовур сайёҳу-сийёҳ экан деб ўйлайди (буни сезаман), анграйиб қараб қўяди. Мен йўл чети — ўрмондан кўз узмай мум тишлайман.

— Нега жим қолдинг?

— Белорусни шу ўрмонлар асраб қолган, — дейман бехосдан.

Ҳайдовчи энди таажжубини яширолмайди.

— Нега бундай деяпсан? Кимдан, нимадан асраб қолган?

— Фашистдан… Бунда ҳар бир дарахт фашистга қарши курашган. Ҳар бир дарахт аскарнинг, партизаннинг жонига ора кирган. Ўрмонлар бўлмаганда партизанлар бўлмас эди. Ўрмонлар жасур партизанлар тимсолида фашистнинг кўзидан ўтини олган, тинкасини қуритган. Йўқса, ит эмган газанда аллақачон Москванинг тумшуғи тагига бориб турарди.

Ҳамроҳим елкамга қоқиб қўяди:

— Уҳ, Сени қара-ю, юз фоиз қўшиламан. Топиб гапирдинг. Ўрмонлар ҳам жанг қилган. Менинг бобом, икки амаким урушнинг дастлабки кунлари ўрмонга қочиб киришган. Партизанлар отрядига аъзо бўлишган. Қирқ тўртинчи йилгача босқинчиларнинг додини беришган. Эҳ, нимасини айтасан, белорусларда бир гап бор: “Ҳеч бир хонадон эшиги йўқки, уруш тепиб очмаган бўлса…”

Мен ўйга чўмаман. Кўз ўнгимда киноларда кўрганим, китобларда ўқиганим уруш даҳшатлари, ўрмон ичидан гуррос-гуррос ўтаётган партизанлар сафи, озиқ-овқат, ўқ-дори ортилган аравалар, ертўлаларда инграган ярадорлар тепасида мижжа қоқмаган ҳамшираларнинг сўниқ қиёфаси намоён бўлади.

Туйқус… туйқус… Йўл ёқаси — ўрмон четидаги осмонмонанд қарағай ортида кўксида қурол, елкасида жангтўрва осган қоракўз, қорақош, қорамағиз ўзбек ўғлони қараб турганини кўраман.

Ҳа, мен аниқ кўраман.

У жилмайиб қўяди. Юрагим увишади.

2. “Планета” деган меҳмонхонага жойлашдим. Ўзбекистоннинг Белорусдаги элчихонасига, элчимизга, элчихона вакили Дониёр акага ташаккур айтаман. Уруш ҳақида китоб ёзаётганимни билишгач, ишлари қанчалик кўп ва тиғиз бўлишига қарамай менга катта ёрдам беришди. Расмиятчиликдан ҳоли, самимий ёрдам. Баённома-ю хат-қоғоз аралашмади. Худди ўз Ватанимда юргандай эдим. Мени Белорусь Республикаси Ахборот вазири, таниқли ёзувчи ва арбоб Алесь Карлюкевич билан таништириб қўйишди. Алесь ака билан суҳбат аввалидаёқ юлдузимиз тўқнашди — бир-биримизни тушундик; ёзувчилик яхши-да, унинг самимияти арбоблик сарҳадларини бузиб ўтди. Карлюкевич қаерга боришим, кимларга учрашишим, қайси жойлардан манба йиғишим мумкинлигини зумда ҳал этди, ҳар бир куним режага тушди. Улов ажратди. Меҳмонхонага бир қучоқ китоб олиб келиб беришди. Ҳар замонда қўнғироқ қилиб туришди, гоҳ вазирликдан, гоҳ элчихонамиздан: “чарчамадингизми, зерикмаяпсизми?” “Йўқ, ҳаммаси яхши: ёзаяпман, ёзаяпман!”

3. Уруш музейига бордим. Анча пайт ташқарида туриб қолдим. Ичкарига кириш олдидан ботиний бир тайёргарлик онларини бошдан кечирдим, негадир оёқларим зил-замбил эди, юрагимда алланечук оғриқ чўкиб ётгандай. Мен бу даргоҳ қаърида киши кўнглини остин-устун қиладиган, ларзага соладиган даҳшату кўргуликлар жо эканлигини билардим; бу жой ҳақида интернет орқали маълумотга эга бўлгандим. Сафар олдидан уюшмамиз раҳбари Сирожиддин Саййид ҳам: “Энг аввало, Сен уруш музейига киргин, айтишга тил ожиз мусибатларни ўз кўзинг билан кўриб, йиғлайсан..”, — деганди. Хуллас, мен рўпарамдаги даҳшат олдида ўзимни бир пас чоғлаб, ўзимда совуққонлик туйғусини уйғотишга уриниб гўё бепарволик билан қадам ташлайман, қаёқда дейсиз, юрагимда алланечук безовталик ҳисси тўлқин уради. Музейдан чиқаётганларни кузатаман, барчасининг қадам олиши оғир, барчасининг нигоҳи маҳзун, худди оғир жанг ичидан мағлуб чиққан каби бошлари хам, айримларининг кўзларида ёш. Эшикка тиркалган ўриндиқда кепкасини қошигача бостириб олган жиккактутамгина, озғин бир чол ўтирибди. У менга қизиқсиниб қарайди:

— Нега ҳалидан бери жойингда депсинасан, кирмайсанми? Ке, ўтир.

Қизиқ бобой экан-ку. Бунинг нима иши бор экан, кираманми, йўқми…

— Ўзим шунчаки, — чолнинг ёнига чўкаман — Сиз кириб-чиқдингизми, қандай бўлди?, — дейман дабдурустдан.

Чол синчков назар ташлайди:

— Нимайди? Мен кирмайман. Ўғлим билан набирам кириб кетишди, ҳозир чиқиб қолишади.

— Сиз нега кирмадингиз? Хоҳламайсизми? — Сизга инсоният тарихининг қизиғи йўқми, деган иддаомни пайқаб қолган чол хўмрайди:

— Бундан ўттиз йил аввал бир кирганман, бу музейга. Мен бу ердаги даҳшатларни, мана бу жойга, кўксимга, юрагимга жойлаганман. Мен бу кўргуликларни болалагимда, олти ёшимда ўз бошимдан кечирганман. Менинг мана бу ерим (чол ўз кўксига кўрсаткич бармоғини ниқтайди) тирик музей. Унинг қопқоғини ҳар куни зичлаш билан овораман. Қаёқда дейсан, ичингда, қалбингда кўмилган хотира бўрони барибир қайта-қайта хаёлингда тирилаверар экан. Энди тушунгандирсан, менинг ўзим музейман-ку, ўғлим…

— Ноўрин гапларим учун кечиринг, ота, — дейман мулзам бўлиб.

— Ҳеч қиси йўқ. Бор энди, бора қол.

Мен музей эшигига қўл чўзаман.

4. Музейдаман. Қайғу-мусибатнинг чеки йўқ. Елкангдан босган дард вужудингни зирқиратади. Танангга оғирлик қилади. Уруш билан юзма-юз келасан.

Ҳаёт ва ўлим оралиғида тош қотасан.

Уруш музейида остона ҳатлаб
Юрагим увишди. Урушни кўрдим…
Ёшлик… Афғон жанги ёдимда портлаб,
Танклар панасига ўзимни урдим.

Фашист қирғин солди — амр этган Гитлер,
Тирик жон қолмади. Ўлдирди, ёқди.
Нега тарс ёрилиб кетмаяпсан Ер?!
Оловда чинқирган гўдаклар ҳаққи.

Тонгда одамларни тизиб деворга
Фашист ҳузур қилиб тортди тамаки.
Чинқириб йиғлади шунда бир бола:
“Онам билан мени отманг, амаки!”.

Милтиқлар ўқ отди борлиқни тилиб,
Булутлар қон сочди тонгнинг юзига.
Осмон оқиб тушди ёпмоқчи бўлиб,
Қўрқувдан тош қотган бола кўзига.

Гидқиз, қайғудошим, тўкмагин кўз ёш,
Заминнинг косаси кўз ёшга тўлган.
Титраган лабингда энг сўнгги бардош:
“… ҳар уч белорусдан биттаси ўлган…”

Музейдан чиқсам бас.
Тугайди азоб,
Унгача тик турмоқ ўзи ғалаба.
Катта бобосининг расмини силаб
Юм-юм йиғлаяпти шўрлик талаба…

Чиқдим, бир ният бор қалбнинг остида:
“Дунё тургунча тур. Илло, ўлма, ўс!
Тирик қолганинг-чун Ернинг устида
Кел, Сени бағримга босай, Белорусь!”

5. Пуховичи тумани маркази Марьина-Горкадамиз. Журналист Анотолий амаки иккимизни кекса Александр Александрович кутиб олди. У етмиш ёшда. Ўқитувчилик қилган, ҳозир нафақада. Пуховичи тарих музейида ишларкан. Йўл-йўлакай Анотолий амаки иккиси белорусларда туғилиш ҳаддан зиёд камайиб кетаётгани, қишлоқлар ҳувиллаб қолгани ҳақида куйиниб гаплашишди. Мен томоқ қирдим, уларнинг ўзларига тегишли оғриқли суҳбатини эшитиб бораётганимдан хижолат тортиб шундай қилдим.

— Бунинг ҳеч қандай сирлиги йўқ. Ёш авлод сони бу кетишда қари-қартанг, пенсионерларга тенг бўлиб қолади, — дейди Александр Александрович.

— Ҳозир мамлакатда аҳоли сони қанча?

— Тўққиз ярим миллион. Тасаввур қилинг, шунинг ярми кексалар. Аҳоли камайиб бормоқда, — деди қария.

— Сизлар урушда қирилиб кетгансизлар, — дейман оғир тин олиб.

— Нимасини айтасиз. Уч миллионга яқин белоруснинг ёстиғини қуритди уруш. 433 та қишлоқни фашистлар ёқиб, кулини кўкка совурди, одамларини қириб ташлади.

Машина ойнасидан ташқарига қарайман, кичик, ёғочуйлар мунғайиб турган қишлоқнинг олов ичида кунпаякун бўлиб, минг-минглаб одамларнинг борлиқни ларзага солиб дод-фарёд солишини тасаввур қиламан. Кўз олдим қоронғулашади.

— Биз ҳозир ўрмонга кирамиз. Партизанлар жанг қилган ҳудудга яқинлашаяпмиз, — дейди Александр Александрович.

Уловимиз тор, лекин равон асфальт йўлда бепоён ўрмон оралаб юради. Борлиқ жимжит. Бироз ваҳимали. Атрофда на бирор техника, на бирор тирик жон кўзга чалинмайди.

— Бу йўлдан фашистлар ҳам юрганми? — сўрайман ҳамроҳларимдан.

— Бе, қаёқда. Улар бу ерга киришолмаган. Партизанлар қўл остида бўлган бу жойлар. Газандалар партизанлардан ўлгудай қўрқишган. Адашиб-нетиб кирса ҳам фашистни бу ерга ажал ҳайдаб келган…

— Партизанлар ичида ўзбеклар ҳам кўп бўлган дейишади? — билгим келади.

— Албатта. Ўзбеклар ҳам жанг қилган.

— Шулардан бири Мамадали Топиболдиев. Жудаям мард, ёвқур жангчи бўлган. Совет Иттифоқи Қаҳрамони. Эшитганмисизлар?

— Адашмасам, Герасим Кирпичь бошчилигидаги “Чекисть” деб номланган партизанлар бригадасида жанг қилган, — дейди Александр Александрович. — Бу бригада ҳақида бизнинг музейимизда етарли маълумот ва фотолавҳалар бор.

Александр Александрович йўл-йўлакай фашистлар қирғинбарот қилган қишлоқлар ҳақида гапириб беради. Пуховичи туманига қайтиш йўлида тўхтаймиз. Машинани қолдириб ўрмон четига ўтамиз. Ёдгорлик ўрнатилган. Фашистлар бу ерда 1203 нафар одамни отиб ўлдиришган. Улар асосан кексалар, аёллару болалар эди. Сўнгра мурдалар ва ярадорларни бирга қўшиб кўмиб юборишади. Дўппайиб турган тупроқ қанчалаб фарёду нола, чинқириқларни ютиб ётганига гувоҳ бўласиз. Умумқабр тепасига, бизнинг ёнимизга шу яқин орада яшовчи кекса кампир ва ёш жувон болакайларни эргаштириб келишди.

— Болалигим шу ерларда қўзиқорин териб ўтган. Онам менга у ёқларга борма, деб кўп тайинларди. Онамнинг айтишича, бу ерда бир неча кун ер остидан иҳроқли нола эшитилиб, умумқабр силтаниб турган, — дейди Ольга Васильевна. — Болаларни бу ерга урушнинг даҳшатларини ўз кўзи билан кўришсин, тинчликнинг қадрига етишсин, тўқликка-шўхлик қилиб кечаги тарихимизни унутиб юборишмасин, деган мақсадда тез-тез олиб келамиз.

Александр Александрович мени ўрмон ичкарисига бошлаб киради. Шу ҳудудда жанг қилиб ҳалок бўлган партизанларга ўрнатилган рамзий ёдгорлик ва қабр қаршисидан чиқамиз. Бошимизда, осмонўпар дарахтлар тепасидан бизни минг-минглаб нигоҳлар, жасур жангчилар руҳи кузатиб тургандай туюлади.

6. Фашист-газандалари шўрлик белорусь халқини кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларда азоблагани, ўлдиргани, қиргани ҳақида шундай тафсилоту маълумотлар борки, уларни кўрган, кузатган киши ақлдан озиши, жинни бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳамроҳим Александр Александрович айтиб берган айрим даҳшатли воқеаларни кўз ўнгимда жонлантириб вужудимга минг-миллион игна санчилгандай сесканаман, бошимга оғриқ киради. Шу пайтгача биз кўрган фильмлар, ўқиган китобларимизда бу даражадаги ваҳшийликлар тўлиқ акс этмаганини англайман. Эҳтимол, бу ҳодисалар фильм ва китобларга сиғмас, улар буларни кўтара олмас, эҳтимол, улар бизни аяшгандир, эҳтимол, шундай бўлгани ҳам бир ҳисобдан тўғридир. Ён дафтаримда қайд этилган айрим хунрезликларга сиз ҳам кўз югуртиринг:

1942-1944 йиллар немис-фашистлари белорусь халқидан ўч олиш мақсадида Могилёв, Минск, Витебск ва Гродненск вилоятларида 200 га яқин қишлоқларни ёқиб юборишди ва юз мингдан ортиқ одамни қириб ташлашди.

Хатинь қишлоғидаги фожиани ўз кўзи билан кўрган, тасодиф туфайли омон қолган темирчи Иосиф Каменский шундай эслайди: “Мени ҳам шу сарайга олиб келиб қамашди. Қизчам, ўғлим ва хотиним ҳам шу ерда. Одам тиқилиб кетган. Мен қизалоғимдан сўрадим:

— Нега кийиниб олмадинг? У жавоб берди:

— Бизни бу ерга ҳайдаб киритишаётиб кийимларимизни йиртиб ташлашди…

Одамларни дам-бадам ҳайдаб киришаверди. Кейин сарай ичи лиқ тўлиб қимирлашнинг иложи қолмади. Ҳаво етишмасди. Шу пайт эшикларни зичлаб ёпишди. Сарай томидан ўт қўйишди. Борлиқ одамларнинг оҳ-фарёдига тўлиб кетди. Мен ўғлимни елкамга олиб “тепага интил”, деб қичқирдим, томнинг ёриғидан чиқиб қочиш мумкин эди. Ўғлим томга тармашди. Изидан мен. У беш метрлар чамаси юрган ҳам эдики, ўққа учди, пулемётдан отиб ўлдиришди. Бундай даҳшатли манзара, дод-фарёдни ҳеч бир инсон кўрмасин…”

Хатинь қишлоғида ўша куни, ўша сарайда 149 нафар киши ўлдирилди ёки тириклайин ёниб кетди. Шулардан 75 нафари болалар эди.

7. Бресть вилояти, Жабинков тумани, Дремлово қишлоғи. Ўша пайтда болакай бўлган Николай Емушко хотираси:

“1942 йилнинг 11 сентябрида эрта тонгда фашистлар қишлоққа кириб келишди, ҳар бир хонадонга бош суқиб, одамларни ташқарига олиб чиқишди. Уйларда ҳеч кимни қолдиришмади. Одамлар буни навбатдаги “ов”, ёшларни саралаб Германияга жўнатишса керак, деб ўйлашди. Эркаклар ва ёшларни алоҳида сарайга қамашди. Аёллар ва болаларни эса бошқа уйга ҳайдаб киришди. Эшикларни ёпишди. Кейин газандалар рус тилида қичқиришди: “Тўртта-тўртта бўлиб чиқинглар!!!” Сарай эшигидан тўрт киши чиқди. Уларни шу заҳоти отиб ўлдиришди. Сарайдан чиқмаганларни эса ёқиб юборишди…”

Деремлево қишлоғида ўшанда 286 инсоннинг ёстиғи қуриди. Ҳалок бўлганларнинг 126 нафари ёш болалар эди…

Витебск вилояти, Докшицк тумани, Шуневка қишлоғидаги фожиа: 1943 йилнинг 22 май куни фашистлар тонг маҳали қишлоққа кириб келишади ва бу ерда ҳам одамларни қишлоқ четидаги сарайга қамашади. Сарайга ўт қўйиб юборишади. Ёш болаларни эса олиб қолишади. Жаллодлар норасида болаларни қудуққа ташлаб чўктиришади. Бу қишлоқда бор-йўғи уч нафаргина одам тирик қолади.

Минск вилояти, Логойск тумани, Тристень қишлоғи.

1943 йилнинг 7 май куни фашист-қонхўрлар 15 та ҳовлини ёқиб юборишди, одамларни ўққа тутишди. Отиб ташланганлар орасида Шапаровлар оиласи рўйхатига эътибор беринг:

Вера 32 ёш, Николай 9 ёш, Мария 7 ёш, Татьяна 5 ёш, Нина 4 ёш, Ганусья 2 ёшда эди. Тўрт ойлик Любани эса бешиги билан қўшиб ёқиб юборишди.

Петровлар оиласини эса тириклайин оловда ёқишди. Мана улар: “Пелагея 40 ёш, Мария 16 ёш, Нина 6 ёш, Петья 10 ёш, Гришна 8 ёш, Бориска 6 ёшда.

Ҳа, бундай хунрезликлар Светогорск туманидаги Села қишлоғида, Горденск туманидаги Синий Камень қишлоғида, Осиновическ туманидаги Маковье қишлоқлари ва бошқа бир қанча ҳудудларда содир этилади. Бундай кўргуликларга шўринг қурғур бу замин қандай дош бердийкин, бу хунрезлик, бу фарёду нолалардан нега осмон тарс ёрилиб кетмадийкин, нега ерга қулаб тушмадийкин, деган хаёлга борасан. Бутун бошли халқларни ер юзидан супуриб ташлашга ўзини ҳақли деб билган, вос-восга йўлиққан, итдан тарқаган вайсақи Гитлер бани-башар олдида келажак авлод қошида жуда кўп саволлар жавобини очиқ қолдириб кетди… Нега, нима учун, ахир бегуноҳ одамларни ўлдириш, қийнаш, хонавайрон қилишни нима билан оқламоқ мумкин? Оқлаб бўлармикин?

Мен тилни титроққа соладиган, сўзлашга забон музлайдиган бу фожиаларни эшитиб, урушнинг мудҳиш оқибатлари асоратини Белорусь заминида ўз кўзим билан кўриб шундай хаёлга бордим; Марьина Горкада учрашган чоғимиз Александр Александрович нолиганди: “Белорусда туғилиш оз. Бир хонадонда нари борса бир-икки нафар фарзанд бор… Бу кетишда…”

Ахир уруш пайтида бир хонадонда камида 7-8 нафар жон яшаган-ку. Белорусларнинг айримлари ўнлаб фарзандларни вояга етказишган. Уруш уларни қирган. Бугунги оилабошилар эса ўша қирғиндан омон қолган, юрагида қурқув ва ҳасрат илдиз отиб, руҳиятини ўлим ларзага солган ота-боболар, шўрпешона аёлларнинг авлодларидир. Ким билсин, урушнинг ўша даҳшатли азоблари ва қийноқлари бугунги авлодда кўпайиш, палак отиш ҳиссини йўқотиб юборгандир. Ахир қўрқув ҳисси қондан қонга ўтади-ку. Яна ким билсин? Ким билади, дейсиз?

Азиз ўқувчим! Мен ён дафтаримда қайд этилган урушнинг жирканч қиёфасидан айрим лавҳаларнигина келтириб ўтдим. Инсоният бошига мислсиз кулфат келтирган бу урушнинг ҳасратлари эса беадоқдир.

“ЎзАС”, 2019 йил, 27 сон