Қўчқор Норқобил: “Ёзувчи фақат ўзини, ўз дунёсини ёзади”

Ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил билан суҳбат

– Болалик – инсон умрининг энг беғубор, мусаффо даври. Ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг болалиги қандай кечган?

– Ҳамма нарса соф эди. Ҳатто ҳаёт ҳам. Дун­ёга бола нигоҳи билан қараганмиз-да. Болалик – қитмирликдан олис, борлиқни борлигича кўрадиган беғубор давр. Ўша пайтда ҳамма нарсанинг ўз исми бўлган. Қалбга турмушнинг кир-чанглари ҳали кириб улгурмаган. Худога яқин палла – болалик. Ҳақиқий инсон бўлиб яшаш қийин. Фақат болалик пайтингдагина рўйи рост одам бўларкансан. Уялмасдан айтаман, улғайганинг сайин айниб борасан, йўқ мен айнимайман, десанг ҳам атрофдаги айнишларнинг ғубори уради, шу муҳит ҳавосидан нафас оласан, шу ҳолатнинг таъмини сезасан. Одам болаликда улғайишни орзу қилса, улғайганда эса ўзни асраб қолишга уринаркан, болаликка қайтишни орзу қиларкан. Бошқаларни билмадим, мен шундай ўйлайман, чунки ўзим шунга интилаётганимни ҳис қилаяпман.

Болалигим меҳнат ичида кечди. Иш, иш, иш… Қишлоқнинг ташвишлари болаликни тан олмайди. Ҳозир яхши. Бизнинг болалигимиз оғир кечди. Даладан бери келмасдик. Эсласам титраб кетаман, юрагим орқага тортади, ёш бола бўла туриб шу ишларнинг барига қандай улгурдим, қандай чидадим, деб. Уйда мол кўп эди, ўт ташиб уларни боқиш менинг зиммамда эди. Бир кунда уч марта – эрталаб, тушликда, кечқурун даладан ўт ўриб келишим керак. Эшакка хуржунни ортиб, эшак устида мулгиллаб ўтга жўнаётган, ўтдан қайтаётган, терлаб пишиб кетган болакайни кўз олдингизга келтиринг. Уйдан уч-тўрт чақирим келадиган олис пахта далаларидан ўт ўриб, улкан хуржунни тўлғазардик, хуржун тўлган билан мол тўймайди. Уч ой ёзги таътил шундай ўтарди. Эрта баҳордан колхоз (ўша пайтлар шундай дейиларди)нинг иши бошланарди. Ариқ қази, гўнг чиқар, ток кўчати қада – нормани бажар, ғўза чопиғи, ягана, далани бегона ўтдан тозалаш ва ҳоказо… Хуллас, менинг болалигим ўзим терган ўтлар каби далада “кўкарди”.

– Сиз Эрнест Ҳемингуэйни ўзингизга маънавий устоз деб биласиз. Бу “Босинқираш” номли ҳикоянгизда ҳам сезилади. Ҳемингуэй адабий шахсияти сизнинг ҳаёт ва ижодингизда қандай ўрин тутади?

– Эрнест Ҳемингуэй асарларида унинг шахсияти алоҳида бўй чўзиб туради. У нима ҳақида ёзмасин, энг аввало, ўзини ёзади, ўз дунёсини тафтиш қилади, керак бўлса, ўзини беаёв фош этади. Сипойичиликни ёмон кўради у. Ҳемингуэй нимани ёзишни яхши билади, лекин нимани ёзмасликни ҳам чуқур ҳис қилади. Ёзувчи учун энг муҳим жиҳат – шу. Буни ҳаммамиз ҳам фаҳмлайвермаймиз. Ёзувчи ёлғон ёзмаслиги керак, ўқувчи олдида юзи ёруғ бўлган адиб адабиётнинг чин маънодаги фарзандига айланади. Ҳемингуэйда истеъдод ва мардлик, иродани сақлаш, ҳамда олдинга интилиш туйғулари ҳамиша барқ уриб турган. Буни унинг асарларини синчиклаб, ҳис қилиб ўқиган ўқувчи яхши тушуниб етади. У беҳудага айтмаган-ку “Инсонни енгиб бўлмайди…”, деб. Буюк адибнинг барча асарларида ўз қиёфасини йўқотмаган инсонни ҳеч бир куч енгиб, янчиб ўтолмаслигига ишора бор. Эрнест Ҳемингуэй адабий шахсияти менга ҳаётни жон-жонимдан севишимда, турмушнинг майда-чуйда ташвишларидан баландроқ туриб, ҳар қандай ипирисқининг олдида уваланиб кетмаслигимда муҳим таянчларнинг бири бўлиб қолади. Адиб асарлари менга ҳақиқатни ёзиш азоби олдида чидаш лозимлигини ўргатди. Уруш гирдобида порлаган муҳаббат ёғдуси, уруш ботқоғида пориллаб очилган атиргул, ҳамма нарса қўлдан кетганда ҳам олдинда муҳаббат борлигига ишонч туйғусини туйган улуғ адибнинг қалб ҳарорати ҳамиша мени мафтун этади. У зимистонда ҳам нурни, муҳаббатни кўра олган. Аёл севгиси, чин муҳаббатни ҳар қандай даҳшатли манзаралар ўпқонида ҳам асраб қололган.

– “Дарё ортидаги йиғи” қиссангиз катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Айтинг-чи, уруш иштирокчиси сифатида уруш хотираларини қайта бошдан эслаб, асар ёзиш ижодкорга оғирлик қилмайдими? Умуман, ижодингизнинг меҳварини ташкил қилган уруш майдони, уруш қаҳрамонлари мавзусини ҳар сафар қаламга олганда руҳиятингизда қандай тўлғоқлар, азоблар содир бўлади?

– Мен ўша қиссани урушдан қайтиб келган йилим ёза бошладим. Кейин қўлим бормади. Бир йил қайрилиб қарамадим, дастлабки қўлёзма чала қолиб кетди. Нимадир юрагимда чўкиб ётарди, юрагимга оғирлик қиларди. Сезиб қолдим; асарнинг ритмини, оҳангини тополмай қийналаётган эканман. Кўрган-билганларимни борича, рўйи рост, яширмасдан қоғозга тўкким келарди. Лекин бу осонмас эди. Ҳемингуэйнинг уруш даҳшатларини ёзиш осонмас, чунки ҳақиқатни ёзишнинг ўзи азоб, деган гапининг маъносини тушунгандай бўлдим. Бу пайтда ўғлим туғилди. Йигирма уч ёшда эдим. Рўзғор ташвиши ҳам елкамни босиб турарди. Ёзиш олдидаги тўлғоқ юки юрагимни эзади, турмуш қийинчиликлари елкамда зил-замбил юк. Мен иккала юкни ҳам кўтаришга мажбур эдим. Юракда юк, елкамда юк, қўлимда бир яшар ўғлим… кўксимни хонтахтага тираган кўйи қалам тебратаман. Ҳа, бир қўлимда мана шу ўғлимни олволиб, тиззамга ўтирғизиб тинимсиз ёзаман, бош кўтармайман; чунки, мен ёзиш ритмига тушган эдим, асарнинг ритмини топгандим. Шу сабабдан ҳам менга ҳеч нарса халал бермасди. Мана бугун куч-қувватга тўлган норғул, йигирма етти ёшдаги ўғлимга қараб ўша кунларни эсласам юрагим тўлиқади. “Ўғлим Жавоҳир, “Дарё ортидаги йиғи” деган илк қиссамни биз икковимиз ёзганмиз…”, дегим келади.

Албатта, уруш хотиралари хотирадагина эмас, қалбга чўкиб, қалбда оғриқ бераркан. Мен бу дарддан ўла-ўлгунимча қутулолмасам керак. Табиийки, уруш ҳақида наинки ёзиш, балки эслашнинг ўзи ҳам юракка “жаҳаннам” ваҳмини солади. Урушда бўлган одам ҳеч қачон урушдан қайтиб келмайди, бир умр уруш ичида қолиб яшайди. Биров бу азобни сиртига чиқармайди, биров эса кўтаролмайди. “Дарё ортидаги йиғи” қаҳрамонлари реал одамлар, бор одамлар, менинг қуролдош­ларим. Биз улар билан не кўргуликларни кўрмадик. Даҳшатнинг ўзгинаси: тепангдан бир ўқ учиб ўтса ичингдан қиринди ўтади, аъзойи баданингни тит­роқ қоплаб, ич-ичингдан музлаб кетасан. Ҳа, биргина ўқ учса… Ракетаю снарядларни, портлашларни қўяверайлик. Шундай мусибатларга чидаган айрим дўстларим урушдан сўнг тинч замоннинг арзимас муаммоларига дош беролмай қолишди. Мен бу ҳолатни яхши тушунаман, даҳшатли азоблар гирдобида азоб-уқубатларга дучлашавериб, уларнинг тинкаси қуриган, асаблари тамом бўлган. Осойиш осмон остида ором олай деса арзимаган ташвишлар ҳоли-жонига тегавергач, шундоғам тамом бўлиб турган асаб чидай олмай портлайди-да. Урушдан сўнг бир дўстим ақлдан озди. Бири эса қирқ ёшга тўлиб-тўлмай қанд касалига йўлиқди, ўлиб кетди. Бир дўстим гиёҳванд бўлиб қолди. Мен билан бир машинада жанг қилган, БМП-2 (Пиёдаларнинг жанговар машинаси) механиги Ринат деган дўстим ўзини осиб қўйди. Ринат ҳақида кўп ёзганман. Ахир иккимиз ҳам битта машинанинг ичида эдик, жонимиз бир эди. Шундай қиёмат-қойимнинг ичидан тирик чиққан Ринатнинг тинч замонда ўз жонига қасд қилганини эшитиб юрак бағрим эзилиб кетган. Унинг уйига борганимда норасида фарзандларининг мунгли кўзларига қараб ўзимни тутиб туролмадим, ўкириб йиғладим; бу дунёнинг нотанти, бевафо ва номард эканлиги учун йиғладим, шунда тепамда Ринат қараб тургандай бўлди, мен Ринатнинг сиймосини кўрдим, оғир жанг­лардан сўнг бунчалик аҳволга тушмагандим, ваҳоланки, мен урушда йиғламаган эдим.

Уруш мавзусида ҳавас қилиб ёзишмайди. Айтдим-ку, ёзувчи қачонлардир ўз ҳаётида содир бўлган ўша мудҳиш воқеадан қутулолмаётгани учун ҳам дардини қоғозга тўкади. Бу жуда оғриқли ҳолат. Тушунмаган одамга буни тушунтириб беролмайман, аниқроқ айтганда, уруш кўрмаган одамга бу ҳолат мутлоқа бегона. Бегона бўлгани ҳам яхши. Ҳеч ким уруш кўрмасин. Мен шунчаки ёзмайман, балки ёзганларим ичида яшайман.

– “Қордаги лола” ҳикоянгиздаги Ирина образининг ҳаётий асоси борми? Ёки сиз дунё адабиётидаги уруш майдонидан хотира – муҳаб­бат мавзусини ривожлантиришга ҳаракат қилганмисиз?

– Бор. Қисмимизда Лилия исмли аёл бор эди. У менимча офицерлар ошхонасида ишларди. Ўн тўққиз яшар аскарнинг, жанг ва зимистон ичида юрган йигитнинг нигоҳи билан қарасангиз Лилиянинг нечоғлик илоҳий эканлигини ҳис қиласиз. Хуллас, шу Лилиядаги бор ҳароратни мен “Қордаги лола” ҳикоямдаги Иринага кўчирганман.

Урушдаги муҳаббат нафақат жасоратли, балки ёниқ ва самимий бўлади. Урушда одамни муҳаббат асрайди, бу дунёга шу тушунча – аёл муҳаббати нур бериб турганини англаганинг сайин ўзингда куч топа бошлайсан. Муҳаббат инсонни ҳар қандай бало-қазолардан асрайди.

– Икки ижодкорнинг бир оилада яшаши қийин эмасми? Ёки аксинча, бу икки ижодкорнинг бир-бирини тушуниб яшаши учун енгиллик берадими? Турмуш ўртоғингиз Хосият Рустамова асарларингизнинг биринчи ўқувчиси бўлса керак?

– Бизга қийин эмас. Биз бир-биримизни тушунамиз. Агар “Яхши кўрамиз” десам болалар тушунишлари мумкин, лекин набиралар кулги қилишлари тайин, хуллас, мен бу ҳаётдаги яхши-ёмон кунларимни Хосиятсиз тасаввур этолмайман.

Асарларимнинг илк ўқувчиси ҳам, танқидчиси ҳам у. Чидайман, тан оламан, мақтаса хурсанд бўламан, янада яхши ёзишга ботиний рағбат туяман. Мен рафиқамнинг истеъдодли шоира бўлиш билан биргаликда адабиётни чуқур таҳлил қилиши, паст-баланд асарни фарқлай олишидан қувонаман.

– Ижодингизнинг кейинги босқичида драматургияга мурожаат қилдингиз. “Заминдан олис кетма” ва бошқа қатор асарларингиз саҳналаштирилиб, мухлислар қалбига йўл топди. Айтинг-чи, драматургияда тўплаган тажрибаларингиз асосида “драма жанри учун”, “саҳна асари учун” энг муҳим нарса нима?

– Драмада ҳамма нарса муҳим. Чин драматург саҳнада бутун ер шарини жойлаштираман деб уринади. Саҳнага олиб чиқилаётган юк ҳам шунга яраша бўлиши керак. Инсон қалби, инсоннинг дардини олиб чиқиб томошабин дунёқарашида ҳаётнинг бир парчасини шакллантириш осон эмас. Қаранг-а, бутун ер юзи сиққан саҳнага, ортиқча бўлса, биттагина хас ҳам оғирлик қилади. Драматург учун энг муҳим нарса, у саҳна қонуниятини билиши керак. Истеъдодли адиб бўлиш мумкин, лекин саҳна қоидасини билмаса драмага қўл урмаган маъқул. Адашмаслик учун мўлжални тўғри олиш зарур. Саҳна – ҳаёт майдони, драма эса шу ҳаётдаги реал воқелик аксидир. Саҳна хатти-ҳаракатни талаб қилади, персонажлар ўртасидаги зиддиятлар орқали уларнинг характери тўлиқ очилиши, диалоглар орасидаги тўқнашув, драматург илгари сураётган ғоянинг томошабинга етиб бориши, монологлар, турли рамзий саҳна кўринишлари, пластика усулининг қўлланилиши, мусиқа, декорация ҳамда ижрочилар эгнидаги либослар ҳам яхши асарга узукка кўз қўйгандек мос бўлиши керак. Драмами, комедиями ёки трагедиями, қайси жанрда бўлишидан қатъи назар, энг муҳими, асар тагли-тугли бўлиши лозим. Спектаклнинг муваффақияти асарга боғлиқ, унинг осмониям, ериям аслида шу – драма, яхши асар!

– Адабиёт тарихидан маълумки, Абдулла Қаҳҳор битта ҳикояни 20 марталаб қайта-қайта кўчириб, бир ҳикоянинг 20 хил вариантини яратган. Сизда бу ижодий жараён қандай кечади? Битта ҳикоя устида қанча вақт ишлайсиз?

– Мен ҳикояни жуда тез ёзаман, умуман тез ишлайман. Бошлаган ҳикоямни тугатмагунимча ўрнимдан туришим қийин кечади. Лекин… Лекин ўша ҳикояни йиллаб юрагимда пишириб юраман; вақти-соати келиб қоғозга тўкилишини кутаман. Балки менда шундай жараён кечар, билмадим. Мен ёзмаган кунларим ҳам ёзаман. Юрагим ва хаёлим ёзиш билан банд бўлади. Менинг назаримда, ҳадеб бир ҳикояни қайта-қайта кўчираверсак ҳам шираси кетиб қолиши мумкин. Ёзиш жараёнидаги илоҳий ва илҳомий ҳолатда тушган сўз ва ғоя устидан тарашлайвермаслик керак. Асар йўқолиб қолиши мумкин. Абдулла Қаҳҳор меъёрни билган. Сўз устида кўп ишлаган. Бу ҳолат ҳар бир ижодкорда ҳар хил кечади. Ҳикояни ёзиб бўлгач, бир-икки кун тортмага ташлаб қўйган яхшимикин, деб ўйлайман. Иссиғида кўп нарса ўтиб кетиши мумкин. Кейин қўлга олиб кўздан кечирсанг, қаерда тезлашиб, қаерда депсиниб, қаерда чайналганингни ўзинг сезиб турасан. Мен бугун ўқисам, албатта, эртага ўша ҳикояни яна бир қўлга оламан.

Ҳамма ҳикояларимни жуда тез ёзганман, уларнинг бари етилиб келиб юрагимдан қоғозга тушган. Баъзида ҳикоядаги воқелик ривожи бошқа томонга қараб кетиб қолади, персонажларим ўзича менга бўйсунмай қолади, уларни маҳкам ушлаб туришга ҳам тўғри келади. Ана шундай пайтларда, илҳом ҳиссиёти олов урган паллаларда ўзим ҳам мазза қиламан; бу дунёга бекорга келмаганимни англаб, қувонаман. Агар ҳикоя шунча пайтдан бери ўзим ўйлаб юрган ечим билан тугаш ўрнига бошқа томонга тортиб кетса, бу томон мен ўйлаганимдан ҳам ёруғроқ бўлса, севинаман, икки баробар мазза қиламан…

– Талабалик йилларимизда “Хосиятли дунё” номли шеърлар тўпламингиз талабалар ўртасида, ёшлар орасида машҳур бўлиб кетган эди. Ўша тўп­ламдаги “Ёстиқ тагидаги туфли” номли шеър ҳали ҳам ёдимда. Айтингчи, Сиз ўзингизни аввало, шоир сифатида ҳис этасизми ёки ёзувчи?

– Унутиб бўларканми? Ўша чоғларни-я? Ёшлик экан-да, ўт эдим, олов эдим. Севги шундоғам ёниб турган оловга мой урди, гуриллаб ёндик, шундоғам ич-ичига сиғмай турган дунёни ларзага келтирди. Севиш бахтми ё бахтсизликми, мен англай олмай қолгандим. Мен учун ҳаёт остин-устун бўлиб кетувди ўшанда. Муҳаббат алангаси қалбимизга тилу забон бахш этган эди. Кўз кўр, қулоқ кар… Фақат севги… фақат севги сари учиш керак. Лекин бу жунунвашлик ёшликка жуда мосу хос эди, ёшликнинг мазмуни, ҳаётимизнинг моҳияти эди. Сизга тафт берган шеърлар ўша ҳолатимизнинг маҳсули бўлгандир, эҳтимол… Севги машҳур қилдими, шеърлар машҳур қилдими, ҳар қалай, Талабалар шаҳарчасида, айниқса, шеъриятга мойил давраларда анча танилиб қолган эдик. Бўлмаса қаранг, “Ёстиқ тагидаги туфли” ҳақида ҳам шеър ёзасанми, дейдиган одам йўқ. Мен прозада шоирлик нақадар қўл келишини, шоир прозага ҳам драматургияга ҳам эл бўлиб кетиши мумкинлигини ҳис қилган ва бу ҳолатни бошидан кечираётган одамман.

– Бугунги адабий танқидчиликдан кўнглингиз тўлаяптими?

– Унчаликмас. Айрим мунаққидларимиз бўш асарларни мақташади. Уялиб кетаман. Яхши асар мақталмайди, ҳис қилинади. Яхши асар мақтовга муҳтожлик сезмайди, ўқувчисини ўзи топиб олади. Энг ёмони, айрим адиблар мунаққиднинг енгидан кириб пойчасидан чиқиб кетади: “Мақтанг, илиқ гап айтинг, шугинага назар солинг…” Бундай пайтда мунаққид акамиз ҳам ўз дарвозасидан атайлаб, ўзи тўп ўтказиб юборган дарвозабонга ўхшаб гарангсиб туради. Майли-да, ҳар кимнинг виждони ўзига ҳавола. Лекин, адабиёт билан ҳазиллашиб бўлмайди. Бугун адабиёт “ҳазилни тушунмайдиган” мунаққиднинг йўлига муштоқ бўлиб турибди.

– Асарларингизда “ёмғир” образи кўп учрайди…

– Ёмғирни яхши кўраман. Ёмғир ёғса уйда ўтиролмайман. Кўчага чиқиб кетаман. Кўнглимда алланечук бир соғинч туяман. Кимни соғинаётганимни ҳам билмайман. Қаёқларгадир кетиб қолгим келаверади. Хуллас, ўзимни қўярга жой тополмай қоламан.

Асарларимда қаҳрамонларим ҳолатини, кайфиятини ёмғирнинг “эзилиши” ёки ёмғир ёғишидаги ўйчанлик, теранлик билан боғлашга, ёмғир баҳонасида кўнглимдаги туйғуларни ҳам қоғозга тушириб қолишга уринаман. Ёмғир асарнинг руҳиятига ҳам таъсир қилади. Ёмғир менга асарда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишим, учун ёрдам беради, фақатгина манзара эмас, тирик персонаж каби асарни жонлантириб туради.

– Ёлғиз қолган пайтингизда юрагингиз нимани орзиқиб кутади?

– Кў-ў-ў-п нарсаларни. Лекин айтолмайман-да, айтиш ноқулай. Фақат хаёл шундай имконга эга.

– Бугун ўтган ҳаётингиз, ижодингизга назар ташлаб, нималардан кўнглингиз тўлиб, нималардан кўнглингиз тўлмаётганлигини ҳис қиласиз?

– Муҳаббат мавзусида ланғиллаб ёниб турган қисса ёзишни орзу қиламан. Худо хоҳласа, ёзаман. Кўнглим тўлмаган ишлар кўп. Номардларга ишонган, соддалик қилган пайтларим учун анча йиллар азоб тортганман. Одамларга яхшилик қилгим келади, раҳмдилман. Шунга кўнглим тўлади. Ҳаёт ва тириклик, борлиқни кўриб турганингнинг ўзи бахт. Шундан кўнглинг тўлсин, дейман ўзимга. Қолган дардлар – чархнинг ҳазили!

Марҳабо Қўчқорова суҳбатлашди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон