Қадим маданиятлар юрти бўлган Ўзбекистон диёри дунёга кўплаб ўз соҳасининг билимдон алломаларини етказиб берган. Маълумки, аждодларимиз бағрикенг, адолатли, тафаккури кучли инсонларни уммонга ўхшатганлар. Чексиз уммонга қарасангиз, унинг улуғворлиги-ю залвори сизга ҳам кўчиб, Яратгандан ўзга ҳеч қандай куч уни тўхтата олмаслигига беихтиёр иймон келтирасиз. Яна бир ҳақиқат шуки, инсон умрини оқар сувга ҳам қиёслайдилар. У шиддат билан оқади, кўз очиб-юмгунча, кечаги ўспирин – бугун мўйсафид инсон қиёфасида. Шундай экан, яшамоқда ҳам яшамоқ бор. Умрни сув каби оқизиб юрганлар қанча… Аммо ўтаётган ҳар бир он, лаҳзанинг-да қадрига етиб, нафақат ўзи учун, балки, одамлар, жамият учун бирор наф келтиришга интилган безовта қалбли инсонлар ҳам анчагина.
Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекистон Каҳрамони, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, атоқли адабиётшунос олим ва жамоат арбоби, профессор, мунаққид, моҳир таржимон ва ношир Озод Шарафиддинов эди.
Озод домла кенг маънодаги мураббий инсон, донишманд суҳбатдош эди. У киши қайси гапни қачон ва қандай айтишни жуда яхши биларди. Шунинг учун бўлса керак, домла бирор масалада ким биландир суҳбатлашса, бу мулоқот, албатта, суҳбатдошларнинг хотирасида бир умрга сақланиб қоларди ва уларда зукко олим билан қайта-қайта учрашиш иштиёқи пайдо бўларди. Бинобарин, мен ҳам домла билан бўлиб ўтган суҳбатларимизда теран мулоҳазалар, теша тегмаган гаплар эшитардим ва қимматли ҳаётий сабоқ олардим.
Озод домланинг фикрича, ҳаёт тарзимизни пухта ўйланган андозаларга мосласак, одамлар ҳаром-харишдан ҳазар қиладиган бўлса, улар ўртасида адоват ва ҳасад йўқолиб, шафқат ва мурувват қарор топса, ҳар бир одам ўзининг инсоний шаънини ҳар нарсадан юқори қўя билса, виждонини пок сақласа, иймон-эътиқодли бўлса, жамият маънан бой, мамлакат эса қудратли бўлади. Лекин бу фазилатлар жамиятга осмондан тушмайди. Бунинг учун меҳнат ва ҳаракат қилмоқ керак. Инсон маънавий дунёсини бойитадиган, ақлини пешлайдиган воситалар эса кўп. Шулардан бири китобдир. Китоб билан сирлашмоқни инсон ўзи учун ҳаётий заруриятга айлантирмоғи зарур.
“Лекин минг афсуски, – деган эдилар домла, – ҳозирги кунда адабиётга, китобга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада пасайган.” Жоиз бўлса, айтиш керакки, домла айниқса ёш авлод орасида, китобга қизиқишнинг сўниб бораётганидан қаттиқ ташвишда эди. Албатта, замонавий техник воситалар кино, видео, компьютер, телефон ва бошқалар орқали ёшлар анча-мунча маълумот олади. Аммо китоб одамни фикрлашга, мушоҳадага ўргатади. Китоб ўқимаган одам техник воситалар орқали муайян маълумотга эга бўлиши мумкин, бироқ у қуюлиб келаётган фикрларни ифодалай олмаслиги, олган билимларидан тўғри хулоса чиқара билмаслиги у кишини жуда безовта қиларди. Демак, инсонни фикрлашга ундайдиган восита бу – китоб! Китоб мутолааси, фикрлаш – бу меҳнат. Домланинг назарида, ёшлар айнан ана шу меҳнатдан қочишаяпти. Билишмайдики, китоб инсон онги, тафаккурини тарбиялайди, зеҳнини, нутқини ривожлантиради.
Шундан бўлса керак, домла, набираларининг китобга ихлос қўйишини жуда-жуда истар эди. Шу ўринда бундан бир неча ўн йиллар олдин бўлиб ўтган, бир воқеа эсга тушиб кетди. Мен ўғлим Музаффар билан бувасининг ҳузурларига борган эдик. Биз анчагача янги китоблар, бола тарбиясида китоб, аниқроғи, ундаги ибратли ҳикоя ва эртаклар ҳақида суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбат охирида буваси ўша кезларда чоп этилган “Ҳаёт билан ҳамнафас” китобларидан биттасини олиб биринчи бетига “Набирам Музаффарга! Ҳозир подшосан, лекин бора-бора одам бўларсан, деб буванг Озод”, деган дастхатини ёзиб, унинг қўлига бердилар. Бу дастхатнинг тагида бўлиб ўтган суҳбатимизнинг бутун мазмуни ётарди. Бу билан буваси ота-она фарзандининг ёшлигиданоқ эмин-эркин ўсишига монелик қилмаслик билан бирга, аста-секин қалбига эзгулик, яъни, китобга муҳаббат, китоб билан дўст бўлиш хислатларини сингдириш кераклигига ва “бора-бора одам бўларсан”, дея биз, ота-оналар масъулиятига ҳам ишора қилаётган эдилар.
Маълумки, Озод Шарафиддиновнинг бебаҳо хазиналари у кишининг китоблари эди. Китобни жону дилдан севган аллома деярли барча вилоятлардаги катта-кичик китоб дўконларини яхши билар эдилар. Сотувчилар қишлоқ шароитида зарурати камроқ бўлган, лекин мутахассис эҳтиёжи учун керак китобларни домла учун, албатта олиб қўярдилар. Домланинг кутубхоналарида Шарқ ва Ғарб бадиий адабиёти, адабиётшунослик, тарих, фалсафа, санъат, маданият, болалар адабиёти, шахмат ва бошқа кўплаб соҳаларга оид китоблар китоб жавонларидан ўрин олган эди.
Домланинг кутубхоналарида Қуръони Карим (ўзбекча изоҳли таржима, таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур) ва Ҳадислар тўплами ҳамда уларга оид адабиётлар ҳам жамланган. Улар орасида икки жилдлик “Тарихи Муҳаммадий” китоби ҳам бор (Т., 1991 й.). Асар муаллифи араб, форс тиллари, ҳам қадимий қўлёзмаларнинг катта билимдони, дин ва жамоат арбоби, уламо, Бухоро ва Мадина мадрасаларида таҳсил олган Алихонтўра Соғунийдир. Бу аллома шунингдек, “Темур тузуклари”, Аҳмад Донишнинг “Наводир-ул вақое”, Дарвиш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” каби асарларни ҳам таржима қилган.
Кутубхонадаги китоб жавонларидан жой олган китоблар орасида ХХ асрнинг 30-50 йилларида нашр қилинган китобларни ҳам кўришимиз мумкин. Ана шундай китоблардан бири академик И.Ю.Крачковский томонидан “Қуръон”ни адабий манба сифатида рус тилига таржима қилинган нусхаси ҳам шу ердан жой олган. Бундан ташқари шу муаллифнинг рус шарқшунослиги, рус-араб алоқалари тарихини ёритиб берувчи муҳим тадқиқотлари сирасига кирувчи “Над арабскими рукописями” (М.-Л., 1948 й.), ҳамда “Очерки по истории русской арабистики” (М-Л. 1950 й.) китоблари ҳам шу ерда жойлашган. (Рус шарқшунос олими, академик, Игнатий Юлианович Крачковский (1883–1951 й.) замонавий рус шарқшунослигининг асосчиларидан бири эди. У араб, форс, турк тиллари ва адабиётини; эфиоп, лотин, яҳудий ва яна бир неча ғарб тилларини билган. Араб адабиёти, тили, тарихи ва маданиятига, Россия ва чет эллардаги шарқшунослик тарихига оид 400 дан зиёд илмий асар ёзган. Унинг исломгача бўлган даврдан то XVIII асргача яшаган араб географлари ҳақидаги йирик асари “Араб географик адабиёти” китобида жаҳон фанида Беруний ҳамда Ибн Сино каби мутафаккирларимизнинг фан тараққиётидаги буюк хизматларини кўрсатиб ўтилган. (Изоҳлар – Ф.Э)
Кутубхонада классик шарқ адабиётига оид китоблар ҳам ўрин олган бўлиб, китоб жавонида – ўрта аср араб адабиёти ёдгорлиги, образларга бой “Минг бир кеча”нинг тўлиқ тўпламини кўрамиз. (“Минг бир кеча” асарининг мазмуни, воқеалар таснифи турли даврлар, Шарқ халқлари ва мамлакатларининг тарихи билан боғлиқ. Асар 300 дан ортиқ қисса ва ҳикоялардан иборат бўлиб, уларда халқларнинг урф-одатлари, орзу-умидлари, тарихи ўз ифодасини топган. Тўпламдаги қайси ҳикояни олманг унда худбинлик, очкўзлик, маиший бузуқлик, жоҳиллик каби иллатлар қораланиб, поклик, ростгўйлик, донолик, камтарлик, саҳийлик сингари фазилатлар улуғланган. – Ф.Э.)
“Минг бир кеча” тўпламининг ёнида Алишер Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Ҳофиз, Умар Хайём асарларининг ўзбекча, русча нашрларини кўришимиз мумкин. Улар орасида форс-тожик тилидан рус тилига таржима қилинган Абулқосим Фирдавсийнинг И.Брагинский ва С.Шервинский таҳрири остида 1957 йилда “Художественная литература” нашриёти томонидан чоп этилган “Шоҳнома” асари ҳам бор. Китобнинг кириш қисмида “Фирдавсий ва унинг “Шоҳномаси” деб номланган мақолада И.Брагинский Фирдавсийнинг ижоди ва ушбу асарини анча батафсил таҳлил қилган. (Унда Эрон ва Турон халқларининг қарийб 4 минг йиллик тарихи Фирдавсий томонидан катта маҳорат билан ёритилганлиги таъкидланган. Мақола муаллифи асарни уч қисмга бўлади. Биринчи қисм – миф – афсоналар қисми бўлиб унда воқеалар дастлабки ўнта подшо даврида бўлиб ўтади; иккинчи қисм баҳодир – паҳлавонлар қисми бўлиб, унда халқ қаҳрамонлари ҳақидаги ривояту қиссалар бадиий талқин қилинади; учинчиси тарихий қисм бўлиб, унда сосоний шоҳлар ҳаёти тасвирланади. Асар арабларнинг Эронга бостириб кириши билан якунланади. – Ф.Э.)
Айнан шу жавонда Бобурнинг 1958 йилда чоп этилган “Танланган асарлари” ҳамда М.Салье таржимасида фанлар академияси томонидан чоп этилган “Бобурнома”нинг рус тилидаги нусхаси ҳам диққатни ўзига тортади. Мазкур китоб истеъдодли рассом В.Кайдалов томонидан асар мазмунига мос ранг-баранг иллюстрациялар билан безатилган. Рассом ҳақида қуйироқда фикр юритиб ўтамиз. Мазкур китобда географик номлар ва атоқли исмлар, даврга оид Марказий Осиё ва Ҳиндистон хариталари берилган. Китобларни варақлар эканмиз, ҳукмдорлар ичида камдан-кам бўладиган ҳол, гениаллик ва талантни Бобурда учратамиз. Тақдир найрангларига қарамай, ҳукмдор руҳининг тетиклиги, шоҳларда кам учрайдиган сахийлик, мардлик, истеъдодлик, фанга, санъатга муҳаббат ва ошуфталик Бобурни бошқа подшоҳлардан ажратиб туришини кўрамиз, китоб шуниси билан ҳам ўқувчига қизиқарлидир.
Бу китоблар билан ёнма-ён Олим Шарафиддиновнинг лотин алифбосида 1939 йилда чоп этилган Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ёритувчи Алишер Навоий рисоласи ҳам бор. Шоир ижодини ўрганиш иштиёқида юрган мухлислар учун бу нашр, ўз даврида бебаҳо туҳфа бўлган эди. Бу китоб ёнида классик адабиётнинг чуқур билимдони Садриддин Айний қаламига мансуб бир жилдлик “Хамса” (1939 й.) ҳамда “Алишер Навоий” асари ҳам бор.
Озод домла бир жилдлик “Хамса” асари ҳақида шундай хотира қолдирганлар. “Унда Навоий беш достонининг насрий баёни берилган, зарур ўринларда эса асарлар матнидан шеърий парчалар келтирилган. Бу баёнлар асл нусханинг ўрнини босолмайди, лекин шундай бўлса-да, Садриддин Айний ўз баёнида Навоий асарининг тароватини, буюк шоир нафасини муайян даражада сақлаб қола билган. Шунинг учун бу баён Навоий замонидан анча олислаб кетган бугунги китобхон учун шоир меросининг бойликларини илк бор кашф этишда бебаҳо бир очқич бўлиб хизмат қилади”.
Домла, Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллиги муносабати билан ёзган “Мангу барҳаёт даҳо” мақолаларида шундай фикрни билдирган эдилар: “Не бахтки, Оллоҳ ўзбекларга икки дарё оралиғида тупроғи зар, сувлари кавсар жаннатмонанд бир ўлкани умргузаронлик қилиш учун Ватан қилиб бериш билан бирга, Алишер Навоийдек даҳо санъаткорни фарзанд қилиб берган… Унинг асарлари беш ярим асрдирки, ўзининг теран мазмуни, иншо санъати билан, бениҳоя бой ранглари ва жилолари билан одамларнинг қалбини мунаввар қилиб келмоқда… Алишер Навоий ҳам, шоир топиб айтганидек, нафақат сўз мулкининг султони, балки, шеърият осмонининг порлоқ қуёши ҳамдир. Қуёшни эса ҳеч ким тўса олмайди ҳам, яшириб ҳам қўёлмайди. Қуёш оламга баравар нур сочади. Истаган одам, истаган халқ унинг тафтидан ўз иштиёқи ва ўз иқтидорига яраша баҳраманд бўлмоғи мумкин.”
Бундан ташқари бу китоблар ёнида яна Е.Э.Бертельснинг “Алишер Навоий” монографияси (1948 й.), Навоийнинг “Танланган асарлари (3 жилдлик 1948 й.), жойлашган бўлиб, улар сўзсиз Навоий даврини, ҳаётини ва ижодини ўрганишга йўлланма берадиган асарлар сирасига киради. Е.Э.Бертельс бу китобида ўз сўзи билан айтганда, буюк шоирнинг ижодий биографиясини яратишга ҳаракат қилган. Мазкур асар Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан танишмоқчи бўлган китобхонларга мўлжалланган бўлиб, унда шоир асарлари таҳлилга олинган. Алишер Навоийнинг серқирра ижодини ўрганиш ва тадқиқ қилишда муаллифга Ўзбекистон ФА академиклари Ойбек, Ғафур Ғулом, Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институти қўлёзмалар жамғармаси ва директори проффессор Ходи Зарифов, Ўзбекистон ФА Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти фонди ва директори проффессор А.А.Семёновлар амалий ёрдам кўрсатганлар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кутубхонадаги кўпгина китоблар таҳсинга лойиқ безаклар ва иллюстрацияларга бой. Навоийнинг “Хамса”си, “Лайли ва Мажнун”, “Ўзбек халқ эртаклари”, “Алпомиш”, “Қирқ қиз” каби достон ва эртаклар бунга ёрқин мисол бўла олади. Безаклар муаллифи – таниқли мўйқалам устаси Ўзбекистон Халқ рассоми Владимир Кайдаловдир (1907–1985 й.). Рассом томонидан ишланган иллюстрациялар ўзининг миллий колорити ва ҳаётий жозибаси билангина эмас, балки ўзбек китоб графикаси ривожига самарали таъсир кўрсатгани билан ҳам диққатга сазовордир. Шу билан бирга рассом Алишер Навоий, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ойдин Собирова каби шоир-ёзувчилар сиймоларини яратиш устида самарали меҳнат қилди ва истеъдодли портрет устаси сифатида ҳам кенг жамоатчиликка танилди.
Яна шу жавонда профессор Е.Э.Бертельс ва Л.Пенковский таҳрири остида 1948 йилда чоп этилган “Алишер Навоий лирикаси” китоби ҳам жойлашган. Нашрда Навоий ғазаллари ёзувчи ва таржимонлар Б.Пастернак, Л.Пенковский, В.Рождесвенскийлар томонидан рус тилига моҳирона таржима қилинган, шунингдек, 1957 йилда нашр қилинган “Тожик шеърияти антологияси” ҳам юқоридаги китоблар қаторидан жой олган бўлиб, унга халқ оғзаки ижоди намуналари билан бирга XV, XVI–XIX ва XX аср шеърияти намуналари ҳам киритилган.
Ноёб китоблар жавонидан академик В.М.Жирмунскийнинг “Вопросы теории литературы” (Л.1928 й.) рисоласи ҳам тадқиқотчилар эътиборини тортиши, шубҳасиз. Китобга олимнинг 1916–1926 йилларда олиб борган тадқиқотлари киритилган. Олим туркий халқлар эпик ижодини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор берган. Унинг китоб жавонидан жой олган “Узбекский народный героический эпос” (М.1947 й.) китоби бунга яққол мисол бўлиши мумкин. (Жирмунский Виктор Максимович (1891–1971 й.). Академик, тилшунос, адабиётшунос, фольклоршунос. 1942–1944 йилларда Ўрта Осиё давлат университети профессори, университет қошидаги тарих-филология масалалари илмий-текшириш институти директори. Шарқ халқлари эпоси бўйича монографиялар муаллифи. Роман-герман, турк тиллари диалектологияси масалаларини ўрганган. – Ф.Э.)
Яна бу ерда академик В.М.Жирмунский таҳрири остида нашр қилинган А.Н.Веселовскийнинг “Историческая поэтика” (Л.1940) китоби ҳам бор. Академик А.Н. Веселовскийнинг бу китобига унинг лирика ва драма тарихи, эпос тарихи ва сюжетлар поэтикаси, эпитетлар тарихи бўйича пухта ёзилган ва Петербург университетида ўқилган маърузалари киритилган. Академик нашрнинг ўқувчига тушунарли бўлиши учун, матнларда учрайдиган бегона хорижий иборалар ва иқтибосларнинг таржималари, ҳамда изоҳлар ҳам берилган. Шу билан бирга нашр матнига В.М.Жирмунский томонидан қатор қўшимчалар киритилган ва тўлдирилган. (Академик Веселовский Александр Николаевич (1836–1906) адабиётшунос, тарихчи, фолклоршунос, этнограф. У “Опыты по истории развития христианской легенды”. (1875–77), “Сказки об Иване Грозном”(1876) “Южнорусское былины” (Т.,1-2;1881–84), “О народной политической поэзии в Италии” (1866) каби китоблар муаллифи бўлган – Ф.Э.)
Бу китобнинг ёнида ҳажми унча катта бўлмаган А.А.Смирновнинг 1934 йилда (Издательство Государственного Большого Драматического театра им. М.Горького) нашриёти томонидан чиқарилган “Творчества Шекспира” китоби ғам бор. Рисолада муаллиф тарихий материалларга бой бўлган Шекспир асарларини таҳлил қилар экан, гениал инглиз шоири ва драматурги ижодини илмий ўрганиш масаласини илгари суради.
Шекспир ижтимоий ҳаётдаги ана шу зиддиятлар, инсонлар тақдиридаги мураккабликларни кўрсатиш билан кифояланмай, асарларида жамият ва инсон ҳаётида юзага келган драматизмни тасвирлашга алоҳида эътибор берганлиги таъкидланади. Шоир, драматург сифатида ўз қаҳрамонлари хатти-ҳаракатларини ижтимоий, маиший, маънавий ва руҳий сабабларини очиб беришга интилади. Бир сўз билан айтганда А.Смирнов Шекспир асарларини анча батафсил таҳлил қилган.
Китоб жавонида У.Шекспирнинг 1929 йилда Москвадаги “Красный пролетарий” матбаа корхонаси томонидан чоп этилган, ўлчами унча катта бўлмаган (асар 1993 мисрадан иборат, таққослаш учун “Гамлет” трагедияси 4000га яқин мисрани ташкил қилади.) “Макбет” асарини кўришимиз мумкин. Асар 1606 йили ёзилган, лекин биринчи маротаба Шекспир вафотидан (1616 й.) кейин 1623 йили “Фолиода” журналида босилган. Пьеса саҳна асари сифатида 1610 йил апрелда театрда қўйилган. Асар мавзу-мазмуни Р.Холиншеднинг Англия тарихига бой “Англия, Шотландия, Ирландия хроникаси”дан олинган. Шекспир ҳаётдаги худбинлик, мунофиқлик, ёвузлик ва келишмовчиликларни жиддий низо сифатида ўз асарига киритади. Кўрамизки, драматург бошқа асарларида бўлгани каби, мазкур трагедиясида ҳам ахлоқий принципларга урғу берган. Асар замирида ўрта асрлар учун ҳам, ҳозирги замон учун долзарб аҳамиятга эга бўлган ахлоқий масалалар ётади.
Шунингдек, китобда Бутунроссия театр жамияти материаллари асосида Л.Вендровская томонидан саралаб танлаб олинган иллюстрациялар тўплами ҳам ўрин олган. Унда XVI–XX асрларда Лондон, Париж, Мюнхен, Гамбург, Берлин, Вена, Петербург, Москва, Ленинград, Нью-Йорк ва бошқа театрларда Шекспир асарлари бўйича қўйилган спектаклларда бош қаҳрамонлар ролларини ижро этган актёрларининг иллюстрациялари ва фотосуратлар ҳам жойлашган.
Китоблар орасида Василий Гиппиус таҳрири остида чиққан “Н.В.Гоголь. Материалы и исследования” номли тўплам ҳам бор. (Л. 1936 й.) Нашрда рус ёзувчиси Н.В.Гоголь адабий мероси, ҳаёти ва ижодини ўрганиш масалалари, Гоголь ва журналистика, “Ревизор” асари композицияси ва муаммолари, Гоголнинг англо-сакс тарихи бўйича тугалланмаган драмаси, “Уйланиш” асарининг ғоявий-бадиий таҳлили, Гоголь асарларининг тили, Гоголь асарларидаги украин қўшиқларининг манбаи, Гоголь ва Чернышевский каби мақолалар ўрин олган. Китобга ёзувчи асарларига ишланган ва Петербургдаги Рус давлат музейида сақланаётган иллюстрациялардан олинган нусхалар ҳам киритилган бўлиб, нашрда ана шу иллюстрацияларга Л.А.Динцес томонидан ёзилган шарҳлар ҳам киритилган.
Е.Э.Бертельснинг “Роман об Александре и его главные версии на востоке” (Л.1948 й.) академик нашри, китобхон эътиборини ўзига қаратиши шубҳасиз. Маълумки, Александр Македонский образи, унинг ғаройиб ҳарбий юришлари жаҳон халқларини лол қолдириб келган. Балки шундан бўлса керак, бу саркарда ва ҳукмдор ҳақида Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кўплаб бадиий асарлар яратилган. Шарқда яратилган асарларда ҳукмдор қандай хислатларга эга бўлишига (энциклопедик билимларга) асосий эътибор қаратилган. Китоб икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда Ҳазрат Навоийгача бўлган Искандар ҳақидаги достонлар тилга олинса, иккинчи бўлимда Навоийнинг “Садди Искандарий” асари бўйича фикр юритилади.
Ўқувчи билим доирасини кенгайтиришга хизмат қиладиган нашрлар қаторига “Бируний”. Сборник (М-Л. 1950 й,) ҳамда “Бируний – великий ученый средневековья” (Т.1950) тўпламларини киритиш мумкин. Бу нашрларга буюк юртдошимиз Абу Райҳон Беруний вафотининг 900 йиллиги муносабати билан СССР Фанлар Академияси тарих ва фалсафа, тил ва адабиёт, физика-математика бўлимлари сессиясида академия олимлари томонидан 25-26-март 1949 йилда ўқилган маърузалар киритилган. Тўпламдаги мақолаларда ўрта асрнинг буюк даҳоларидан бири, улуғ ўзбек мутафаккир олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Берунийнинг бой илмий меросини айрим қирралари: тарих, география, фалсафа, фалакиёт, маъданшунослик фанлари тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ёритиб берилган.
А.Ф.Лосевнинг 1957 йилда нашрдан чиққан “Античная мифология в её историческом развытии” асари ҳам шу ердан жой олган. Проффессор Алексей Фёдорович Лосевнинг мазкур китоби антик мифология масалаларига бағишланган бўлиб, қадимий одамнинг борлиқ олам ҳақидаги ибтидоий тасаввурлари, коинотнинг яратилиши, инсон, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг вужудга келиши, самовий жисмларнинг пайдо бўлиши, табиий ҳодисаларнинг сабаблари ва моҳияти, афсонавий қаҳрамонлар, маъбудлар ва илоҳлар тўғрисидаги қарашларни ўз ичига олган. Китоб Антик мифологиянинг асосий масалалари; Критлик Зевс; Аполлон каби бўлимлардан ташкил топган.
Проффессор Н.Ф.Дератани умумий таҳрири остида нашр қилинган “История римской литературы” (Изд-во МГУ, 1954) китобида муаллифлар ёзма маълумотларга таянган ҳолда қадимги рим адабиётининг ривожланиш жараёнини очиб беришга ҳаракат қилганлар. Маълумки, рим адабиёти қадимги бой грек адабий меросини ўзлаштирган ҳолда, ўзига хос оригинал бадиий асарларни вужудга келтирган. Шунингдек, муаллифлар рим ёзувчилари маҳоратини таҳлил қилишга, тили, услуби орқали бу адабиётни ўзига хос томонларини очиб беришга интилганлар. Китоб эрамиздан аввалги III асрнинг ўрталаридан, эрамизнинг VI асригача бўлган даврни қамраб олган.
“Яқинда (2010-йилда) отамнинг китобларини қайта кўриб чиқаётиб, – деган эди раҳматли рафиқам Муҳаббатхон, XVII–XX аср жаҳон адабиёти вакилларининг ижодига бағишланган бир қанча рисолаларни топиб олдим. Уларни ўқиб ўзим учун кўп нарсаларни олдим. Шундан келиб чиқиб, ўзи кўримсизгина, унчалик қалин бўлмаган, арзон муқовали бу нашрларни филолог талабаларга чет эл адабиётидан тайёр маъруза матнлари десак муболаға бўлмайди. Бу китоблар орасида, деб фикрини давом эттирган эди Муҳаббатхон, муаллифнинг келиб чиқиши француз бўлган, ХIХ аср немис ёзувчиси Адальберт Шамиссонинг Москвада 1955 йилда чоп этилган “Чудесная история Петера Шлемиля” номли нашри мени жуда қизиқтириб қолди, деганди.” Китобга Г.С.Слободкин сўзбоши ёзган бўлиб, унда асар анча мукаммал таҳлил қилинган. Адальберт Шамиссо (1781–1838) асли исми Луи Шарль Аделанд Шамиссо де Бонкур бўлиб, француз дворянлар оиласига мансуб бўлган. Биринчи француз революцияси туфайли Бонкурлар оиласи Германияга кўчиб ўтади. Ёш Аделанд шу ерда хат-саводини чиқариб маълумотли бўлади. Айни шу ерда у ўз исмини немисчага яқинлаштириб, “Адальберт” деб ўзгартиради. 1807 йили у прусс армиясида хизмат қилади. 1815 йилда русларнинг “Рюрик” кемасида дунё бўйлаб саёҳатга чиқади. Бу саёҳат 1818 йилгача давом этади. У шу йилларда рус тили ва адабиётига қизиқиш билан қарайди, уни ўрганади. 1819 йили у Берлин ботаника коллекцияси раҳбари лавозимига таклиф қилинади, ҳамда умрининг охиригача табиатшунослик ва ёзувчиликни қўшиб олиб боради. Юқорида номи тилга олинган қисса эса 1814 йилда ёзилган.
Кейинги жавондан Гомернинг “Одиссея” ва “Илиада”, қадимги юнон трагикларидан Эсхилнинг “Прикованный Прометей”, Софоклнинг “Антигона”, “Царь Эдип”, “Электра”, Еврипиднинг “Медея”, “Ипполит” асарлари жой олган. Бундан ташқари, Платоннинг “Филеб. Государство, Тимей. Критий”, Диоген Лаэртскийнинг “О жизни, учениях и изречениях знаменитых философов”, Геродотнинг издоши Фукидиднинг ўттиз йил давом этган Пелопоннес урушига (431 – 404 мил.ав.йй.) бағишланган “История”, Лукианнинг фалсафий-сатирик жанрда битилган “Избранная проза”, “Анталогия мысли” сериясида “Философы Греции”, “Основы основ: логика, физика, этика”, яна шу серияда чиқарилган икки асар Конфуцийнинг “Уроки мудрости”, ҳамда Чезаре Ломброзонинг “Гениальность и помещательство” китоблари ўрин олган.
Бу китоб билан, ёнма-ён шарқшунос олим, академик, Шарқ ва Ғарбнинг тарихий ва маданий тараққиётини қиёсий ўрганган, Алишер Навоий ижоди бўйича ҳам тадқиқотлар олиб борган Николай Иосифович Конраднинг (1891 – 1970) “Запад-Восток” ва айниқса “Проблема реализма и литературы Востока” номли асари тадқиқотчи филологларга тайёр қўлланмадир.
Адабий таҳлил масалалари қаламга олинган профессор И.М.Тронскийнинг “История античной литературы” дарслиги талаба ва тадқиқотчилар учун бирдек қизиқарлидир. 1947 йилда чоп этилган ушбу дарсликда юнон ва рим адабиёти илк антик даврдан то сўнгги антик давригача батафсил ўрганиб таҳлил қилинган. Кутубхонада, бундан ташқари, Ўрта асрлар, Уйғониш даври, XVII – XX аср чет эл адабиёти тарих ва хрестоматияси бўйича ҳам кўпгина дарсликлар бор.
Улар орасида В.М.Жирмунский таҳрири остида 1947 йилда нашр қилинган “История Западноевропейской литературы. Ранее средневековье. Возрождение.”, Ю.Б.Виппер ва Р.М.Самаринларнинг 1954 йилда Москва давлат университети томонидан нашр қилинган “Курс лекций по истории зарубежных литератур. XVII век”, С.Д.Артамонов ва З.Т.Гражданскаяларнинг “История Зарубежной литературы. XVIII век” (1956), М.Е.Елизарова, С.П.Гиждеу, Б.И.Колесников ва Н.П.Михальскаяларнинг 1957 йилда нашр қилинган “История Зарубежной литературы. XIХ век”, “История Зарубежной литературы” (М., 1972), “Зарубежная литература XХ века” (1973), “История Зарубежной литературы XХ века” (1980) дарсликлари териб қўйилган.
Бу дарсликлар билан бир қаторда “Хрестоматия по западноевропейской литературе. Эпоха возрождения” (1947), 1953 йилда нашр қилинган “Хрестоматия по Зарубежной литературе средних веков”, “Хрестоматия по Зарубежной литературе XIХ века” 1976 йилда нашр қилинган. “Зарубежной литература. XIХ век Романтизм. Хрестоматия” каби ўқув қўлланмалари жой олган.
Шу билан бирга ўзбек ва рус адабиёти тарихи, адабиёт назарияси, адабиётшуносликка кириш ва адабиётшунослик бўйича ҳам монография ва дарсликлар талайгина бўлиб, улар бир неча жавонларни эгаллайди. Бир сўз билан айтганда, китоб домлага сув ва ҳаводек зарур, бир азиз неъмат эди. Китоб мўъжизаси домлага ўз соҳасига доир кенг ва чуқур билимга эга бўлишга, узоқ ва яқин соҳалардан хабардор бўлишига сабаб бўлган бўлса, табиатидаги сахийлик ва ҳалоллик, мардлигу-олийжаноблиги, гап-сўзидаги адолат ҳис-туйғуси, суҳбату чиқишларига алоҳида ўзига тортувчи, мафтун қилувчи жозиба ва латофат ато этарди.
Кутубхонага диққат билан назар солинса, китоблар нашр қилинган вақтга қараб адабиётда кўтарилган муаммолардан, жаҳон маданияти тарихидан хабардор бўлиш мумкин. Кўрамизки, китоб жавонидан жой олган нашрлар шунчаки сотиб олинган эмас экан. Шоҳид бўлганимиздек, бу ерда антик даврдан ҳозирги кунгача (2005 й.) бўлган Ғарб адабиётини ва Шарқ адабиётини ҳам, турли жанрларга оид фундаментал тадқиқотларни ҳам, илмий-оммабоп рисолаларни, санъат, меъморчилик борасидаги китобларни учратиш мумкин.
Маълумки, 1967 йилда Москвадаги “Художественная литература” нашриёти энг қадимги замонлардан то ХХ асрнинг биринчи ярмигача бутун дунё халқлари яратган бадиий адабиёт намуналаридан 200 жилдга мўлжалланган “кутубхона” нашр қилишга киришди. Бу “кутубхонада” жаҳондаги 80 мамлакатнинг вакиллари бўлмиш 3.235 муаллифнинг 25.800 номдаги асари эълон қилинди. Ҳар қайси жилд 300.000 нусхада, бутун “кутубхона” эса 60.000.000 нусхада босилди. Ҳар қайси жилд сўзбоши, мукаммал изоҳлар ва шарҳлар, ҳамда асарга ҳамоҳанг бўлган бетакрор иллюстрациялар билан чоп этилган.
“Кутубхона” уч сериядан ташкил топган бўлиб, 64 жилддан иборат биринчи серия энг қадимги замонлардан бошлаб то XIX асргача яратилган ноёб асарларни ўз ичига олди. Биринчи серияда ўзбек адабиётидан Навоий ижодига алоҳида жилд бағишланган. Навоий ҳаётлигида кўчирилган қўлёзмадан олинган миниатюралар китобнинг ҳуснига ҳусн қўшган. Ҳазрат Навоий достонларининг рус тилига таржимаси В.Державин, Л.Пеньковский, С.Липкин каби моҳир таржимонлар томонидан бажарилган.
“Кутубхона”нинг 63 китобдан иборат иккинчи серияси бутунлай XIX аср адабиётига бағишланган. Бу серияда қардош халқлар адабиёти вакилларига алоҳида жилд ажратилиб, улар орасида Огаҳий, Фазлий, Гулханий, Маҳзуна, Нодира, Махмур, Комил Хоразмий, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар ўғли каби ўзбек шоирлари ҳам ана шу алоҳида жилддан жой олган.
“Кутубхона”нинг учинчи серияси XX аср адабиётига бағишланган ва 73 жилддан иборат. Унга ўзбек адабиётидан Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун, Зулфия, Рамз Бобожон, Мирмуҳсин, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларни асарларидан намуналар киритилган. Бундан ташқари, Садриддин Айний ва Мухтор Авезовларнинг ижодига алоҳида жилдлар бағишланган. 200 жилдлик “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” Жаҳон адабиёти институти, иттифоқ Ёзувчилар ва Рассомлар уюшмаси ва бошқа ижодий жамоаларнинг катта меҳнати натижаси бўлди. Бир сўз билан айтганда, “кутубхона”нинг чоп этилиши маданий ҳаётда катта ҳодисага айланди. Табиийки, “кутубхона”нинг 200 жилди учун Озод домла махсус шкафларни ажратдилар. (Бу “серия” ҳақидаги тўлиқ маълумотни Озод домланинг “Ҳақиқатга садоқат” китобидаги “Хазина” мақоласидан олиш мумкин. Т., 1989. 298-305 бетлар – Ф.Э.)
Озод Шарафиддиновнинг ижодини ўрганган тадқиқотчилар унинг асарлари ва таржималарининг ўзига хос тили ва услуби борлигини доим таъкидлаб келганлар. Кутубхонадаги турли йўналишдаги китоблар ва луғатлар ана шу ўзига хос тил ва услубни шаклланишига таъсир кўрсатган десак, хато бўлмайди.
Домланинг фикрича, луғатлар маънавий маданиятни ривожланишида муҳим ўрин эгаллаши билан бирга жамиятнинг маълум даврда эришган билимларини ўзида акс эттиради. Шу билан бирга луғатлар бир қатор ижтимоий вазифаларни ҳам бажаради, яъни ўқувчига муайян воқеа-ҳодиса ҳақида маълумот беради, ўзга тиллардаги сўзлар билан таништиради. “Китоб жавонларимда луғатларнинг кўплиги ана шундан дердилар”, Озод домла.
Кутубхонадаги луғатлар орасида Д.Н.Ушаковнинг 1935–1940 йилларда нашр этилган тўрт томлик “Толковый словарь русского языка”, Сергей Иванович Ожеговнинг (1900–1964) 1949 йилда чоп этилган “Словарь руссково языка” ҳамда 1950 йилда нашрдан чиққан “Орфографический словарь руссково языка”. Владимир Иванович Дальнинг (1801–1872) 1955 йилда чоп этилган 4-томлик “Толковый словарь живого велико русского языка”, 1957 йилда чиққан “Пословицы русского народа” номли нашрларни ҳам кўришимиз мумкин.
Луғатлар орасида 1969 йили Ленинградда нашр этилган “Древнетюркский словарь”, 1966 йили Москвада чиқарилган “Татарско-русский словарь”, “Словарь иностранных слов”, (М.,1989) О.Усмон, Р.Дониёров. “Русча-интернационал изоҳли луғат”, (Т., 1965) “Русча-ўзбекча луғат”, (М.1954) “Ўзбекча-русча луғат”, (М.1959) 2 жилдлик “Русча-ўзбекча луғат” (Т.1983–1984) “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 2 томлик. (Т.,1981.) С.А.Тихонов и другие, “Русско-узбекский тематический словарь”, (1975) “Навоий асарлари луғати”, (1972) “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”, (1-4ж. 1983–1984) Б.Хасанов “Қуръони Карим сўзларининг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғат”, (1995).
Жавонлардан қатор қомусий луғат-энциклопедиялари ҳам ўрин олган бўлиб, булар – “Краткая литературная энциклопедия”, “Литературный энциклопедический словарь”, “Энциклодедический словарь юного литературоведа”, “Энциклопедия: Мифы народов Мира” в 2х т., “Мифологический словарь”, “Театральная энциклопедия”, “Детская энциклопедия” в 10.т., “Все шедевры мировой литературы в кратком изложении”, “Зарубежная литература XIX в.”, “Звёзды мировой философии”, “Энциклопедия литературных героев”, “Энциклопедия мудрости”, “Ўзбек совет энциклопедияси”, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 12 жилддан иборат “Архив русской революции”, “Энциклопедия мудрости”, “Большая советская энциклопедия” в. 50 т. , “Советская историческая энциклопедия” в 16т. ва бошқалар.
Домла ижодлари давомида 150 га яқин асарларни таржима қилдилар. Шулардан 30га яқини мустақилликка қадар, қолган 120га яқини мустақиллик йилларида амалга оширилди. Улар орасида жаҳон адабиёти дурдоналари, машҳур файласуф, социолог, сиёсатшунос, санъатшунос, адабиётшуносларнинг асарлари, буюк сиймолар ҳақидаги эсселар ўзбекчалаштирилди.
Таржималарнинг тили жимжималардан ҳоли эди. Домла айтганларидек, тил – халқнинг, миллийликнинг энг катта бойлиги, энг қутлуғ неъматидир. Тилимизда тарихимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз сақланиб қолган. Мақоллар ва маталларда, турли ибораларда аждодларимизнинг расм-русмлари муҳрланиб қолган. Таржималари орқали Озод домла тилимизнинг ана шу бойлигини, маънолар жилоланишини кенг қамровли фалсафий тушунчаларини ҳам маҳоратлари орқали кўрсата олдилар. Таржима асаларининг айримларини мисол тарзида келтириб ўтамиз. Анатолий Рибаков “Арбат болалари”, Хосе Ортега-и-Гассет “Одам Ато Жаннатда“. Стефан Цвейг “Дунёнинг очқичи”, Лев Толстой “Иқрорнома”, Васил Биков “Сариқ қум” Жан Жак Руссо “Манзур бўлмоқ санъати”, Эфреим Севела “Тўхатинг самолётни, тушиб қоламан”, Игор Бунич “Партиянинг олтинлари”, Оскар Уайлд “Дориан Грейнинг портрети”, Паула Коэло “Алкимёгар”, “Бешинчи тоғ” , Кобо Абе “Шоирнинг ҳаёти” ва бошқалар. Бу асарлар айнан ўзбек тилида ёзилгандек, тили ниҳоятда равон таржима қилинган. Таржима қилинган асарлар географиясига эътибор берсак, у ҳам жуда кенг. Соғлиқлари панд берса ҳам, руҳан бақувват домла катта бир жамоа бажарадиган ишни бир ўзлари бажариб қўйишлари – у кишининг маҳорати ва меҳнатсеварлигида, халқ олдидаги бурчни ҳис қила билишидадир. Бу ҳолни Озод Шарафиддинов феномени, десак тўғри бўлар.
Табиийки, олим кутубхонасидан жаҳон адабиётнинг классиклари асарлари ва тўпламлари ҳам жой олган. Улар орасида Оноре де Балзак, Максим Горкий, Виктор Гюго, Николай Гоголь, Теодор Драйзер, Эмил Золя, Михаил Лермонтов, Томас Манн, Александр Пушкин, Лев Толстой, Уильям Фолкнер, Вильям Шекспир ва бошқа кўплаб ёзувчиларнинг асарларини кўришимиз мумкин.
Кутубхонадаги “Халқлар дўстлиги” серияси ҳам 70 га яқин муаллифлардан иборат бўлиб, улар Ч.Айтматов, С.Дангулов, Н.Думбадзе, А.Ким, Б.Окуджава, Ю.Ритхеу асарларидан таркиб топган. “Мастера современной прозы” сериясида чиқарилган китоблар ҳам 80га яқин бўлиб, муаллифлар орасида япон Кобо Абе, америкалик Ричард Райт, бельгиялик Виллем Элсхот, ҳиндистонлик Кришан Чандар, германиялик Анна Зегерс, туркиялик Орхан Кемалларни кўришимиз мумкин.
Яна қатор сериялардаги китоблар, масалан, “Литературные мемуары”, “Библиотека Российского романа” сериясидаги, “Литературное наследие”, “Философское наследие”, Библиотека “Огонёк” Отечественная классика, “Библиотека классики”, “Русская историческая повесть” сериясидаги китоблар ҳам ўқувчи ва тадқиқотчилар диққатини сўзсиз ўзига тортади. “Детективлар серияси”да ҳам қатор мамлакатлар ёзувчиларининг шу жанрда битилган асарларини кўрамиз. Масалан, “Американский детектив”, “Английский детектив”, “Чешский детектив”, “Немецкий детектив”, “Венгерский детектив” ва бошқалар.
Кейинги жавонда Нобель мукофоти совриндорларидан Эрнест Хемингуэйнинг “За рекой, в тени деревьев”, “Старик и море”, “Опасное лето”, “Праздник, который всегда с тобой”, “В наше время”, Джон Стейнбекнинг “Гроздья гнева”, “Зима тривоги нашей”, Нажиб Маҳфузнинг “Вор и собака” ва “Осенние перепелки”, “Зеркала”, “Пансионат мирамир”, Кнут Гамсуннинг “Соки земли”, “Бродяги”, Ясунари Кавабатанинг “Тысячекрылый журавль”, “Снежная страна”, “Новеллы. Рассказы. Эссе”, Джон Голсуорсининг “Сага о форсайтах”, ”Сдается в наем”, “Белая обезьяна”, “Серебряная ложка”, “Путь святого”, Владимир Набоковнинг “Защита Лужина”, “Подвиг”, “Машенка”, “Король. Дама. Валет” “Возвращение Чорбы”, ”Дар”, “Приглашение на казнь”, “Другие берега”, “Лолита”, Луидже Пиранделлонинг “Старые и молодые” асарлари жой олган.
Улар билан бир қаторда жойлашган рус ва ўзбек адабиёти хрестоматиялари бўйича китоблар ҳам талайгина бўлиб, ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Гап шу ерга етганда, ҳурматли ўқувчига домла хонадонида деярли одатий ҳолга айланган бир ҳолатни эслатиб ўтмоқчиман. Озод домла хонадонидан ҳеч қачон меҳмон аримас, турли касб эгалари, яъни зиёли-ижодкорлардан тортиб то деҳқон-у ҳунармандгача у кишининг суҳбатига ошиқарди. Домла ҳар қандай даврада яхши кайфият ярата олар, мулоқот давомида одамлар фикрини фақат эзгу ишларга йўналтиришга, эл-юрт учун фойдали бирор ишни амалга оширишга даъват этарди. Агар бирор киши билан суҳбатлашса, ўша суҳбатдош мансуб бўлган соҳа бўйича ўзлари ўқиган китоблардан қизиқарли мисоллар келтирарди, китобларни тарғиб қиларди. Китоб ўқимаслик чаламуллаликка, маърифатсизликка, жоҳилликка олиб келади. Булар эса лоқайдликни, маънавий қашшоқликни туғдиради. Бу сифатлардан, биродар, манқуртликкача бир қадам, дердилар. Ким билсин, эҳтимол бу суҳбатлар янги мақола ёки чиқишларига туртки бўлгандир.
Домланинг турли соҳалар бўйича чуқур билимларга эгалиги бизга табиий ҳолдек туюларди. Негаки, у кишининг наинки, адабиёт, балки илм-фаннинг бошқа соҳаларига ҳам қизиқишлари беқиёс эди. Шундан бўлса керак, кутубхонада юқорида кўрганимиздек адабиёт, тил, тарих, фалсафага оид асарлардан ташқари, илмнинг бошқа йўналишлари, ҳатто табиий фанларга оид турли сериялардаги китоблар ҳам жамланган эди. Озод домла китобга билим хазинаси, Аллоҳ таолонинг одамларга инъом этган муқаддас неъмат деб қарар эди. Айни чоғда: “Китоб, жавонга тахлаб қўйиш учун эмас, ўқиш ва сабоқ олиш учун сотиб олинади”, – деб, қайта-қайта, такрор-такрор айтардилар.
Бу китоблар билан ёнма-ён ХХ асрнинг 50 йилларидан, яъни домлани ўзлари илмга кириб келган вақтдан то 2004 йилгача ёқланган номзодлик ва докторлик диссертацияларнинг авторефератлари ҳам жой олган. Мазкур илмий ишларнинг мазмун-моҳияти ўтган асрнинг 50-йилларидан то шу вақтгача (2004 йилгача) Ўзбекистондаги адабиётшунослик, адабий танқид, умуман, шу йўналишнинг ютуқ ва муаммоларини кўрсатувчи барометр десак, хато бўлмайди.
Гап диссертациялар ҳақида кетганда, домланинг шогирдларига бўлган муносабатига тўхталиб ўтсак. Устоз 30 га яқин фан номзодига раҳбарлик қилганлар. Ҳеч ким домлага тасодифан шогирд бўлган эмас. Домла шогирдлари ҳужжатларини расмийлаштиришга шошилмас, уларни илмга чанқоқлигини, салоҳиятини, бардошини, ҳатто яшаш тарзини обдон синовдан ўтказарди. Шу маънода домлани ёшларимизни мустақиллик ва эзгулик руҳида тарбиялашдаги ҳиссалари ҳам салмоқли, деб ўйлайман.
Бу сабоқлар илмий ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёш тадқиқотчиларда фаоллик, эркинлик ҳиссининг уйғонишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Домлага шогирд бўлганлар шундай шаклланиб, танлаган мавзуларини чуқур ўрганиб, пишитардилар. Шунинг учун домла раҳбарлигида ёқланган диссертациялар адабиётшуносликда из қолдирарди.
Маълумки, Озод домла шахмат ўйинини жуда ҳам яхши кўрувчи, ашаддий шахмат мухлиси ўзига хос бўлганлар. Шахмат бўйича йиғилган китоблар кўлами ҳам анчагина бўлиб, улар бир китоб жавонга жойлашган. Бу китоблар орасида шахмат партиялари таҳлилига бағишланган китоблар, шахмат ўйинларини ёшлар ўртасида оммалаштиришга бағишланган нашрлар ҳам талайгина. Китоб жавонидан жой олган “Выдающиеся шахматисты мира” сериясидаги китоблар дунёни лол қолдирган олий тоифадаги шахматчилар ҳақида ҳикоя қилади. Масалан, Йожеф Хайтуннинг гроссмейстер Портиш ҳақидаги китоби, Б.Вайнштейннинг Э.Ласкерга бағишланган китоби, В.Пановнинг кубалик шахматчи Хоссе Раул Капабланка ҳақидаги китоблар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, жаҳоннинг 12-чи чемпиони А.Карпов таҳририда чиқарилган “Шахмат” китоби, Г.Александрович ва Е.Столярнинг “Многоликая Каисса”, З.Таррашнинг “300 шахматных партий”, А.Костьевнинг “Учителю о шахматах”, С.Глигоричнинг “Играю против фигур”, М.Муҳиддиновнинг “Ўзбекистонда шахматчилик”, “Шахмат – кони ҳикмат” каби нашрларни, яъни шахматни оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи китобларни ҳам кўришимиз мумкин.
Маълумки, Озод домла, юқорида эслаганимиздек, шахматни жону дилидан севувчи шахмат ишқибози бўлган ва, табиийки, бу китобларнинг ҳаммаси у кишига олам-олам қувонч бахш этган. Бўш вақт топилди, дегунча, домла албатта, шахмат ўйнарди. Ҳазиллашиб, бу ўйин миядаги очилмаган, ишламаган нервларни ишлатиб юборади, дерди. Улар Мамажон Муҳитдинов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Раҳматилла Иноғомов, Улуғбек Элбеков, Маҳмуд Юнусов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Сайди Умиров ва бошқа кўплаб ижодкорлар иштирокида бўладиган шахмат ўйинининг фаол иштирокчиси эди. Мабодо ўйин “бой” берилса, ҳеч қачон “ютқаздим” демасди, балки “ютқазиб бердим” деб қўя қоларди. Домланинг шарофати билан набиралар бу ўйинни жуда яхши ўзлаштириб олишган. Набираларнинг бу ўйинга жиддий қизиқиши у кишини ниҳоятда қувонтирарди. “Шахмат ўйини хотирани пешлайди, вужудга келган мураккаб вазиятлардан чиқиб кетишнинг бирдан-бир тўғри йўлини топишга ўргатади”, – дерди Озод домла. Ўғлим Музаффар Мирзо ўзига ғалаба олиб келган юришларни, гарчи улар катта шахматчилар томонидан ўйналган бўлса ҳам, бобосидан ўргангани учун, Озод бувамнинг усулларини қўллаб ўйинда ғалаба қозондим, деб мағрурланиб юрарди.
Озод Шарафиддинов кутубхонаси ҳақида яна кўп ва хўп гапиришимиз мумкин. Афсуски, кутубхонадаги барча китоблар ҳақида тўхталиб ўтишнинг иложи йўқ. Китоб жавонларидаги дунё динлари ҳақидаги китоблар, “Жизнь замечательных людей” (ЖЗЛ) сериясидаги китоблар, Библиотека “Классики” сериясида “Русская литература”, “Зарубежная литература”, “Очерки по истории географических открытий”, “Взгляд”, “Критика. Полемика. Публикации”, “Сто великих” сериясидаги “Сто великих писателей ХХ века”, 1000 вопросов, 1000 фактов, 1000 рекордов… “1000” сериясидаги “1000 великих битв с древнейших времен до ХI века”, “Художественная литература”, “Правда” ва бошқа нашриётлар томонидан чиқарилган обуна нашрлари, болалар учун “Жаҳон халқлари эртаклари” серияси, ўспиринлар учун “Саргузашт адабиётлар” серияси, шунингдек “Математика”, “Зоология”, “География”, “Физика”, “Кимё”, “Тарих” сериясидаги китобларнинг ҳаммасини санаш қийин.
Табиийки, алоҳида китоб жавонлари ўзбек ёзувчилари асарлари учун ажратилган. Китобларнинг кўпчилигида муаллифларнинг дастхатлари ҳам бор. Жавондан Чўлпон, Фитрат, Ҳамза, А.Қодирий романларининг бир неча нашрлари, “Истиқлол қаҳрамонлари” серияси, Ойбек, Ғафур Ғулом, Айний, А.Қаҳҳор, Миртемир, М.Шайхзода, А.Мухтор, Зулфия, Ҳ.Олимжон, О.Ёқубов, П.Қодиров, А.Орипов, Э.Воҳидов, Ў.Ҳошимов, Ҳамид Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Х.Тўхтабоев, Шуҳрат, Комил Яшин, Сарвар Азимов каби ёзувчи-шоирларнинг, адабиётшунослар Иззат Султон, Ғулом Каримов, Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшчонов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Расулов, Воҳид Абдуллаев, Нуритдин Шукуров, Ботир Валихўжаев, Сайдулла Мирзаев китоблари ўрин олган. Эслатиб ўтамиз, бу китоб муаллифларининг мукаммал рўйхати эмас.
Кутубхонадаги чоғроққина китоб жавонига деҳқончилик, боғдорчилик, узумчилик ва полизчиликка оид китоб ва рисолалар жамланган бўлиб, бунинг асосий сабаби домланинг дала ҳовлиси эди.
Озод домла ҳаётидаги ҳар бир нарса, ҳар бир ҳаракатдан завқ ола биларди. Ҳатто, кўпчилик эринибгина уринадиган жисмоний юмушлар ва дала ишларига ҳам бутун вужуди билан берилиб киришарди. Боғда олма, ўрик, шафтоли, гилос, нок, олхўри, анор, анжир каби дарахтлар бўлиб, олма, нок ва токнинг ёзги ва кузги навлари экилган эди. Боғдаги мевали дарахтларни ўстириш ва боғни парваришлашда ишлатиладиган асбоб-анжомлар: кетмон, белкурак, токқайчи, паншаха, челаклар, пайванд пичоқлар, арра, нарвон, суғориш учун чилангар, ўғит солинадиган мосламаларгача харид қилиб, ишлатишга тайёрлаб қўйган эдилар. Бу соҳадаги шиорлари: “Кел”, “Ол”, “Ишлат” эди.
Кўрамизки, Озод домла кутубхоналаридаги китоблар шунчаки китобни йиғиш учун сотиб олинмаган. Китоблар биринчи навбатда ўзларига, ижодларига зарур бўлган ҳамда набира ва эвараларга мўлжалланган.
Бундан ташқари кутубхонадан домланинг архив ҳужжатлари (мақола, рисола, китобларнинг қораламалари) ҳам жой олган. Ҳар бир папкадаги қоғозларни ўқисангиз, улардаги маълумотлар тадқиқотчини қизиқтиришига амин бўласиз. Чунки улар умр бўйи ёзилган мақолалар, китоблар, таржималарнинг қўлёзмаларидир. Баъзи мақолаларнинг бир неча вариантлари мавжуд (масалан, Ойбек, Фитрат, Шайхзода ва ҳоказолар).
Архивда қўлёзмалардан ташқари уларнинг машинкаланган нусхалари, ҳамда домлага алоҳида шахслардан, турли идора ва ташкилотлардан келган хатлар, таклифномалар ҳам бўлиб, улар алоҳида папкаларда сақланади.
Архивдаги бундай саранжомлик кейинчалик Муҳаббатхон ва Шаҳнозахон томонидан домланинг ўзлари тартиблаган мақолалар асосида қатор китоб ва рисолаларни нашрга тайёрлашга туртки бўлди. Шулардан биринчиси 2009 йилда нашрдан чиққан “Домлалар” китоби эди. Китобда Озод домланинг устозлари, дўстлари, шогирдлари ҳақидаги бир-биридан ўқишли хотиралари ўрин олган. Қаҳрамонларнинг фақат ўзларига хос табиати ва характери, ҳаёти ва тақдирини белгилаган воқеа-ҳодисалар қизиқарли услубда баён этилган. Шу билан бирга, биз мутолаа давомида бетакрор юртимизнинг ажойиб табиати, гўзал гўшалари, меҳнаткаш ва содда инсонлари билан ҳам танишамиз.
Иккинчи китоб “Жаҳон адиблари адабиёти ҳақида” (2010 й.) деб номланган ва ундан Ҳерман Ҳессе, Андре Моруа, Лев Толстой, Оноре де Бальзак, Ян Парандовский, Николай Гоголь, Жон Голсуорси, Ирвинг Стоун сингари таниқли ижодкорларнинг бадиий адабиёт тарихи, ижод сирлари, адабий оқимлар, эстетик тамойилларга бағишланган ноёб асарлари жой олган. Ёшларимизнинг адабий эстетик диди, фикрлаш қобилиятининг ўсишида муҳим аҳамият касб этувчи бу асарларни Озод Шарафиддинов катта маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган.
Учинчи китоб “Оламнинг қалби” (2012 й.) деб номланган. Муаллиф, инсоният тарихида китобнинг ўрни ва аҳамияти, китобга муносабат, китобхонлик маданияти ҳақидаги ўйлари, кузатишларини китобхон билан ўртоқлашишга, унинг салоҳиятини оширишга интилади.
Озод Шарафиддинов кутубхоналари ҳақидаги қисқа маълумот шулардан иборат. Домланинг сўзлари билан айтганда “… китоблар узоқ йиллар давомида, умр бўйи йиғилган. “Бу бир эҳтиёж-да! Бошқаларга жуда кўп китоб йиғинглар, демоқчи эмасман. Фақат ўз соҳалари бўйича чоп этилган китобларни, нашрдан чиқараётган яхши бадиий асарларни ўқиб, фойдаланиб боришса зарар қилмасди. Чунки бугун топиладиган китоб эртага топилмай қолиши мумкин. Китоб олинг, китоб ўқинг. Таълим олишдан тўхтаб қолманг”, деб ёзган эдилар устоз.
Кутубхонадаги китоблар турли йўналишда бўлгани каби атоқли адабиётшунос, мунаққид, таржимон ва ношир Озод Шарафиддинов ижоди ҳам серқирра эди. Унинг китоб ва рисолаларида, асарларни бадиийлик қонуниятлари нуқтаи назаридан тадқиқ этиш, адабиётни миллий ғоя ва адабий қонуниятлар асосида таҳлил қилиш, ижодкор шахси ва унинг бадиий асардаги ўрни масалалари, ижодий анъаналар, мумтоз адабиётни ўрганиш воситалари ва жаҳон адабиётини ўрганиш муаммолари, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида миллий ва жаҳон адабиёти анъаналарини уйғун қабул қилиш, таржима санъатини юксалтириш, ўзбек адабиётининг жаҳон адабий жараёнида тутган ўрни ва маънавий ўзанлари тадқиқ этиб берилган.
Озод домла хотирамизда ҳамиша шундай жонли, ижод қилишдан тўхтамайдиган, чарчамайдиган, серғайрат, жозибали ва дилбар шахс сифатида яшайверади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 11-сон