Умарали Норматов. Устознинг бир ижодий жасорати (2009)

Истиқлол арафасида республикамизнинг янги раҳбарияти ташаббуси билан адабий таълимни тубдан янгилаш ҳаракати бошланган эди. Айни шу мақсадда тузилган ишчи гуруҳининг ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи билан шуғулланувчи аъзолари – О. Шарафиддинов, Н.Каримов, Б.Назаров, Қ.Йўлдошев ва камина зиммасига ғоят жиддий, масъулиятли вазифа юкланди. Шўро сиёсати туфайли адабиёт тарихидан бадарға этилган Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари улуғ сиймоларнинг шаънини тиклаш, шу билан баробар, бундан-да мушкулроқ масалани ҳал этиш – “шўро адиблари”, “соцреализм намояндалари”, табиийки, улар рўйхати бошида турган Ҳамза ижодий меросини шўровий талқинилардан тозалаб, бор ҳолича холис илмий тарзда ўқувчиларга, кенг жамоатчиликка етказиш лозим эди.
Ўша кезларида дарсликлардан муқим ўрин олган шўро даври адиблари, уларнинг ижод намуналарига нисбатан нописанд муносабатлар авжида эди. Ана шундай мураккаб шароитда илмий гуруҳ вазминлик билан оқилона йўл тутди. Бунда устоз Озод Шарафиддиновнинг маслаҳатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғида кечган қизғин мулоқотлар чоғи устоз куйиб-пишиб айтган мулоҳазалар, келтирган далил-исботлар ҳамон ёдимда. “Табаррук адабий сиймоларимиз, улар қолдирган адабий мерос, жумладан, шўро даври адабиёти бошида турган Ҳамза теварагида шу хил нописанд танқидий гаплар чиқишига Ҳамза эмас, ўзимиз, хамзашунос олимлар айбдор, — деган эди у. — Ҳамза “инқилоб куйчиси”, “ўзбек совет адабиётининг асосчиси”, “соцреализмнинг асосчиси”, “шўро адабиётининг яловбардори” сифатида шу қадар кўкларга кўтарилдики, энди уни ана шу аършидан тушириб, ўз ўрнига қўйиш пайти келди. Ўзи ёзмаган сатрларни, асарларни унга ёпиштириш ғирт бемаънилик. Ҳамза бунга муҳтож эмас. Қолаверса, ясама пардоз-андозларга ҳам ҳожат йўқ. Муаллифлигига шубҳа йўқ асарларининг ўзиёқ уни адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин олишига тўла асос беради. Биласизлар, Абдулла Каҳҳор ўз вақтида сохта йўллар билан Ҳамзани кўтар-кўтар қилишга кескин қарши чиққан эди. Бир адабий йиғинда у Ҳамзанинг янги миллий адабиётимиз, айниқса, бадиий тил равнақи йўлидаги хизматларини эътироф этган ҳолда катта жасорат билан “Ҳамза бамисоли янги йил арчаси сингари ҳар хил ялтир-юлтирлар билан безалиб ташланаётгани”ни танқид қилган эди. “Классик” деб ном олган азаматнинг битта сўзини алмаштириб бўлмас эди. Ҳамзани классик деб кўтараётганлар бутун бошли асарини қайта ёзиб чиқиб тепасига унинг номини қўйишдан ор қилмаяптилар! Бехос Ҳамза тирилиб қолиб, бу ишдан огоҳ бўлса, юраги ёрилиб қайта жон таслим қилган бўлар эди…”. Жасур адиб шу сўзларни айтганида, залда ўтирганларнинг бирортаси лом-мим демади, дея олмади. Аммо ўша кундан бошлаб пана-пастқамда адиб теварагида ғивир-шивир, фисқу фасодлар авж олди, жасур адибни “Ҳамзанинг душмани”га чиқаришди. Ҳатто бир шоир “Ҳамза душманларига жавобим!” сарлавҳали шеър битди. Биз танқидчи-адабиётшунослар эса кўра-била жим туравердик. У даврлар ўтди-кетди. Энди жим туриш мумкин эмас. Ҳамзанинг руҳини тинчитиш учун ҳам уни адабиётимиз тарихидаги ўз ўрнига қўйишимиз керак…”.
Шу мулоҳазалар асосида бир тўхтамга келиб, илмий гуруҳ амалий ишга ўтди. Дастлабки қадам тарзида мактаб адабиёт дастури, шу дастур асосида яратилган 11-синф дарслигида Ҳамза ижоди янгича талқин этилди, кейинроқ олий ўқув юртлари учун мўлжалланган “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” дастури ва дарслигида бундай талқин янада такомиллаштирилди. Дастлабки пайтлар устознинг ўзи бошчилик қилган “20 — 30-йиллар ўзбек адабиёти тараққиёти муаммолари” давлат гранти илмий режасига Ҳамза ижодий меросининг янгича талқини муаммоси ҳам киритилди ва бу мавзуда бир қанча хайрли ишлар амалга оширилди, жумладан, каминанинг “Янги бир анъананинг туғилиши”, “Холислик хосияти” мақолалари устоз тавсияси бўйича ёзилган эди.
Ниҳоят, устознинг ўн йилдан ортиқ давр мобайнида Ҳамза шахсияти, ижодий мероси тақдири устидаги бетиним ўй-мушоҳадалари самараси ўлароқ, “Истибдод қурбони ёхуд ўзлигидан маҳрум этилган шоир” сарлавҳали асари майдонга келди. Асар дастлаб “Тафаккур” журналининг 2000 йил 3-сонида эълон этилди, сўнг “Ижодни англаш бахти” китобига киритилди. Китобда мазкур асарнинг “Истиқлол нурларида эврилаётган адабиёт” туркумидаги Чўлпон, Фитрат ҳамда жадид адабиётига бағишланган мақолалар қаторида берилиши тасодифий эмас.
“Истибдод қурбони” устознинг ўша кезлардаги асарларига хос жўшқин публицистик руҳда битилган, бадиа-эссе жанри имкониятларидан келиб чиққан ҳолда муаллиф кўнглида кечган ўй-мушоҳадаларни эмин-эркин тўкиб-солиш йўлида ёзилган. Бу ерда гап фақат асарнинг ифода тарзи устида бораётгани йўқ. Энг муҳими, “Истибдод қурбони” муаллифининг муаммога кутилмаган янги томонлардан ёндашганлиги, миллий адабиётимиз яқин ўтмиши манзаралари хусусидаги мавжуд тасаввурларни ўзгартириб юборгани қимматлидир. Аввало, “инқилоб куйчиси”, “инқилоб фидойиси”, “ўзбек совет адабиётининг асосчиси” саналмиш Ҳамзани миллат эрки, озодлиги йўлида жон фидо этган “миллатчи”, “аксилинқилобчи”, “халқ душмани” сифатида қатағон этилган Чўлпон, Фитратлар қаторига қўйиб, у ҳам “истибдод қурбони” эканига даъво этиш фанда ҳазилакам жасорат эмас! Бундай қарашни адабиётшунос олим шунчаки даъво қилиш билан чекланмай, асар давомида уни атрофлича исбот этишга интилади; шўро даврида шоир ҳақида шаклланган сохта тасаввурлар илдизини очиб беради, турли-туман инқилобий ёрлиқлардан поклаб, бу улкан адибнинг асл сиймосини китобхон кўз олдида гавдалантиришга чоғланади ва бунга эришади ҳам.
Мақолада таъкиланганидек, Ҳамза ҳаётлик чоғида, 20-йиллар адабий муҳитида сафдошлари Қодирий, Чўлпон, Фитратлар қаторида юрган, ўқув қўлланмаларига киритилган, ҳатто вафотидан кейин 30-йиллар биринчи ярмида ҳам алоҳида мавқега эга бўлган эмас. Нега 30-йиллар охирига келиб у бирдан совет адабиёти машъалига айланди-қолди? Муаллиф, аввало, шу жиддий саволга жавоб излайди.
Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби ўша давр миллий адабиёт дарғалари “инқилоб душманлари” сифатида қатл этилган бўлса, уларга қарши туриб шўро адабиётини яратган инқилоб куйчиси бўлмоғи керак, бунақа куйчи адабиёт майдонида топилмаса, уни янгидан ясаш керак! “Хуллас, — деб ёзади муаллиф, — ўша йилларда бу ролга Ҳамзадан муносиброқ одам топилмади. Шундай қилиб, шоирни ўзлигидан маҳрум қилиб, оддий бир қўғирчоққа айлантириш жараёни бошланди. Бошқача айтганда, ўз вақтида омади келиб, шўроларнинг қатли омидан омон қолган Ҳамза кейинчалик ҳукмрон мафкура манфаатлари йўлида қурбон қилинди”.
Адабий ҳодисаларга, ижодкор шахсияти ва меросига марксча-ленинча синфий-партиявий ёндашиш фақат яроқсиз ғайриилмий методгина бўлиб қолмай, у ёлғон-яшиқлар, сохталиклар, ҳаттоки жиноятлар учун ҳам йўл очиб бериши мумкинлигини Ҳамза қисмати мисолида яққол кўриш мумкин. “Истибдод қурбони” муаллифи Ҳамзанинг дунёқараши, октябр инқилобига, жадид адиблари ва жадидчилик ҳаракатига муносабати каби муаммоларнинг шўровий талқинлари устида қизғин баҳслар юритади. Эҳтимол, устоз мулоҳазаларида мунозарали ўринлар ҳам бордир, бироқ улар Сизу бизни фикрлашга ундаши билан қимматлидир. Шўровий талқинга кўра, Ҳамза октябр инқилобига тайёр марксист сифатида етиб келган, уни зўр қувонч билан кутиб олган, ҳеч қанақа иккиланишларсиз шўролар томонида туриб унинг ҳимояси йўлида кураш олиб борган ва шу йўлда қурбон бўлган. Асарда бу хил даъволарнинг ёлғонлигини исботловчи кўплаб далиллар келтирилади. Уларга қўшимча равишда яна айрим характерли ҳолатларни келтириш мумкин. Абдулла Қодирий “Таржимаи ҳол”ида октябр арафасидаги ижтимоий вазият хусусида тўхталиб шуларни ёзади: “Аммо айта оламанки, ўша вақтларда бизнинг Туркистонда (бу кунги Ўзбекистонда) коммунизм, умуман сосиализм маслакидан тублик маълумотка эга бўлған киши йўқ бўлса ҳам эҳтимолки, битта-яримта бўлғандир. Шунинг учун мен ўзимни бу тўғрида умуман, Ўзбекистон ишчи-деҳқонларидан ва бу кунги масъул ва ғайри масъул ишчиларимизнинг ўша тарихидаги ҳолларидан юқори ўринга қўя олмайман… Буюк ўктабр инқилобини ҳам шу йўсун онгсиз миллат ичида қаршиладим” (“Диёри бакр”, 372-373-бетлар). Азизлар, бу суд олдида айтилган мардона эътироф! Тошкентдек шаҳри азимда, фақат Ўзбекистон эмас, Туркистон элининг ижтимоий-сиёсий жараёнлар ўчоғида яшаб, қизғин фаолият олиб борган ҳақиқатгўй адибнинг эътирофи! Самимий бу эътироф айрим ақидапараст танқидчиларга қўл келди, уни “Қодирий дунёқарашидаги ожизлик”ни тасдиқловчи ҳужжат сифатида дастак қилиб олдилар.
Шу ўринда бир воқеани эслатиб ўтсам. 1973 йили шўро даври адибларининг таржимаи ҳолларини ўз ичига олган “Адабиётимиз автобиографияси” китоби тайёрланди. Тўплам қўлёзмаси муҳокамаси чоғи унга Абдулла Қодирий таржимаи ҳоли киритилмагани хусусида эътироз билдирилди. Шунда китоб тўпловчиси Қодирийнинг юқорида келтирилган сўзларини эслатиб, бу ҳақиқатга зид, сиёсий хато, ўша кезларда бизда Ҳамза сингари етук онгли марксистларнинг борлигидан кўз юмиш; бинобарин, бундай ҳужжат Ҳамза таржимаи ҳоли ёнида туриши мумкин эмас, дея қатъий ҳукм чиқарган эди. Ҳолбуки, Қодирийнинг мана шу эътирофлари битилган “Таржимаи ҳоли” аллақачон матбуотда эълон этилган, 1969 йили чиққан “Кичик асарлар” тўпламига киритилган, уни ҳеч ким “сиёсий хатолик”да айблашга тили бормаган эди.
Озод домла таъкидлаганларидек, бошқа сафдошлари каби Ҳамза ҳам дастлаб шўро “доҳий”ларининг миллий ўлкаларга эрк, озодлик бериши хусусидаги ваъдаларига ишониб, октябрни шарафловчи асарлар ёзди, шўро идораларида фаол хизмат қилди. Ҳамзанинг инқилобий руҳдаги шеър, драмалари сафдошлариникига қараганда кўпроқ ва изчилроқ экани ҳам ҳақиқат. Аммо ваъдалар қоғозда қолиб кетаётганлигини, зулм-ҳақсизлик аввалгидан баттар давом этаётганлигини кўриб, у ҳам сафдошлари каби изтироблар оловида қоврилди; шўро даври фожиаларини акс эттирувчи асарлар битди; шўровий-инқилобий руҳдан холи драмалар ҳам яратди. Буниси ҳам ҳақиқат. Устоз Ҳамзанинг октябр инқилобига, шўролар сиёсатига муносабати талқинларида бўлгани каби, ўз даврининг жиддий ҳодисаси жадидчилик ҳаракатидаги ўрни, диний-исломий эътиқоди ҳақида ҳам дадил гапларни ўртага ташлайди. Улар билан танишганда яна бир карра амин бўламизки, мураккаб тарихий силсилалар паллаларида яшаб ижод этган улкан адиблар шахсияти, меросини фақат қутбларга ажратиб, қатъий тарзда у ёки бу ижтимоий ҳаракатнинг намояндаси сифатида талқин этишдан эҳтиёт бўлиш даркор экан. Тарих тажрибаси шундан далолат берадики, улкан истеъдод эгалари ҳеч қачон бирор ижтимоий ҳаракат, адабий оқим доирасига сиғмаган, сиғмайди ҳам. Фикрловчи инсон, айниқса, ижодкор мудом изланади, ўзини тафтиш этиб боради, янги йўллар қидиради. Бу йўлларда у гоҳо излаганини топади, гоҳо йўқотади. Чин ижод аҳлининг қисмати шундай. Жумладан, Ҳамза ижодий бисотида маърифатчилик, жадидчилик руҳидаги асарлар билан баробар шўровий мафкура билан йўғрилган драма ва шеърларни ҳам истаганча топиш мумкин. Муайян даврларда у талай диний-исломий руҳдаги асарлар битган, айни пайтда, даҳриёна сатрлар ҳам тўқиган. Хам анъанавий, ҳам янгича — модерн йўлларда асарлар яратган. Сизу биз ижодкорни бор ҳолича кўриш, англашга бурчлимиз. Шундай қилинганда ижодкорни идеаллаштиришга ҳам, камситишга ҳам асло ўрин қолмайди. Ижодкор бисоти бор ҳолича кўрсатилгандагина унинг инсоний жозибаси очилади, ижодий меросининг чин қиммати аён бўлади.
“Истибдод қурбони” шу азалий ҳақиқатдан бизга оқилона сабоқ бериши билан ғоят қадрлидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 8-сонидан олинди.