Умрзоқ Ўлжабоев. Олмос истеъдод жилоси

http://n.ziyouz.com/images/ozod_sharaf1.jpgУстоз Озод Шарафиддинов табиатан кулгига, ҳар хил ҳазилларга мойил инсон эдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ў.Ҳошимовнинг «Шумликлар» туркумига кирган ҳикояларини ўқиган киши бу гапларнинг қанчалик тўғри эканлигига амин бўлади. Домла қатнашган даврада ҳамиша ўзгача бир руҳ, алоҳида кўтаринкилик, самимий кайфият ҳукмрон эди. Озод ака ҳар қандай даврага ҳам жон киритиб юборарди. Бу ҳолат у киши бор жойда ҳар хил майда-чуйда, баланд-паст, ғийбат гаплар бўлишига имкон бермасди. Ўтирганлар ўртасидаги муносабатлар ўз-ўзидан беғараз, самимий бир тусга кирарди. Устоз билан ҳамсуҳбат бўлган кишилар ҳам кўп янги гаплардан хабардор бўлиб, ўзларининг тасаввур, билим доираси анча кенгайганини сезмай қолардилар, ҳам мириқиб кулиб ҳордиқ чиқарардилар. Биламизки, тўғри сўзлик, муросасизлик, ҳалоллик каби сифатларни барча бирдек қабул қилавермайди. Бундан ташқари юқорида тилга олинган хислатлар, собиқ шўро мафкурасининг талабларига унчалик мос келавермасди. Бу ҳолатдан устомонлик билан фойдаланганлар ҳам кўп бўлди. Озод ака билан тенгдош адабиётшуносларнинг ҳеч бири мустақилликка қадар бунчалик кўп таъқибу тазйиқларни бошидан кечирмаган. Яна бунинг устига Озод ака ҳаётининг сўнгги йигирма йилини оғир дард билан курашиб ўтказганлигини эсласак, масала янада ойдинлашади. Тўғри, домла ҳам темир одам эмасди. Баъзи ўринларда ижодида муроса йўлига киришга мажбур бўлган жойлари ҳам бордир. Лекин ҳар қанча қийин бўлмасин, у бош йўлдан – адабиётни эстетик ҳодиса эканини, унинг асосий вазифаси ҳаётни қандайдир сиёсий қолиплардан келиб чиқиб кўрсатиш эмас, балки бадиий воситалар орқали кашф этишдан иборат бўлиши лозимлигини холислик билан ёзишдан, тушунтиришдан, исботлашдан ҳеч қачон чекинмаган, ўз истеъдодини қандайдир майда манфаатлар, сохта шуҳратлар йўлида сарф қилмаган. Эҳтимол, умрининг сўнгги босқичларида, вужудга келган фикр ва кўнгил эркинлигидек бир шароитда домланинг жўшиб, тиним билмай ижод қилишларига сабаб бўлган омил ҳам шу бўлса керак.

Хуллас, домла ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўзи дуч келган турфа хил шароитларда ҳам характеридаги юморга, ҳазил-мутойибага мойилликдан узоқлашгани йўқ.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Домла 2-ТошМИнинг жарроҳлик бўлимида ётибдилар. Олдинроқ бир оёқлари кесилган. Энди иккинчи оёғида ҳам муаммо пайдо бўлган. Бир неча кўнгил яқин кишилар биргалишиб кўргани бордик. Суҳбат қизғин кетаяпти. Ҳар замонда эшикдан оқ халат кийган кишилар мўралаб қўйишади. Биз, ўзимизча, докторлар домланинг ҳолидан хабар олиб туришибди, шекилли, деб ўйладик. Вақт ўтган сари бундай «хабар олишлар» тезлаша бошлади. Шунда домладан бунинг сабабини сўрадик. «Докторлар қолган оёғингизнинг бармоқлари энди сизга керак бўлмайди, қуриб қолибди. Уларни олиб ташласак ҳам бўлади, дейишган эди. Шу ишни бугун амалга оширишлари керак», деди бепарво оҳангда ва яна суҳбатни келган жойидан давом эттираверди. Ўтирганлар – ҳаммамиз ҳам бу гапдан ҳаяжонланиб кетдик. Мураккаб жарроҳлик жараёни ҳақида домла бемалол, бехавотир, худди оддий бир нарса ҳақида гап кетаётгандек гапираяптилар. Суҳбатимиз яна давом этаверди. Охири бир доктор чидолмасдан кирди-да: «Домлажон, сиз суҳбатни давом эттираверинг. Фақат мана бу қизимиз сизга битта укол қилиб қўйсин», – деди. Қисқа фурсатда ҳамшира қиз чаққонлик билан вазифасини бажарди ва сўнгра ҳар иккаласи ҳам чиқиб кетишди. Улар кетгач, қарасак, бирга келган дўстларимиздан бири бу ердан жуфтакни ростлаб қолибди. Бунга ҳам биринчи бўлиб Озод ака эътибор бериб, фалончи кўринмай қолди, дедилар. Бу дўстимиз уколдан қўрқишини гапириб бердим. Ҳамма мириқиб кулди. Сўнг Озод ака Тувага борганларида шоир Абдулла Ориповнинг тиши оғриб қолганига ўхшаш кулгили воқеани айтиб бердилар. Шу тарзда гап гапга, кулги кулгига уланиб, суҳбат қизигандан қизиб бораётган пайтда бундоқ эшикка қарасак, операция қилиши лозим бўлган жарроҳлару ҳамширалар хонага кириб, саф тортиб турибдилар. Домлани уларнинг ихтиёрига топширишдан бошқа иложимиз қолмади.

Умрининг сўнгги йилларида домланинг дарди кучайиб кетди. Панжалардан кейин иккинчи оёқ ҳам бутунлай кесиб ташланди. Шу ҳолатда ҳам Озод ака ўзига шароит яратиб олиб, тиним билмасдан ишлади. Кўзи ҳам хиралаша бошлади. Шунчаси камлик қилгандай, қизилўнгачдан овқат қийинчилик билан ўтадиган, баъзан умуман ўтмай қоладиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида кўргани бордим. Гарчи касаллик турли томонлардан келиб, у кишига азоб бераётган бўлса-да, кайфияти ёмон эмасди. Суҳбат домлани тарк этмаётган касалликлар ҳақида эмас, адабиёт, ижод билан боғлиқ масалалар ҳақида кетди. Гап оралиғида иштаҳаси қандайлигини сўрадим. «Чёрт побери, умуман олганда ейиш-ичиш ёмон эмас-у, лекин баъзан томоқдан ҳеч нарса ўтмай қолади. Зўрлаб есам, ҳатто шўрваниям қайтариб ташлайман», деб жавоб бердилар. Буни қандайдир нолиб, дардларидан шикоят қилиб эмас, балки оддий бир гапдек айтдилар. Шунда мен, гапни бир оз ҳазилга буриб, «унда пиво нима бўлаяпти?» деб сўрадим (домла бу ичимликни ғоят хуш кўрардилар!). «Пиво балодай ўтиб турибди», дедилар домла. «Хўп, пиво ўтиб турган экан, томоқни сал чалғитиб, олдин пивони ўтказиб юбориб, орқасидан шўрвани ичсангиз бўлмайдими?» дедим. Домла ҳазилни давом эттириб, «Мен шундай қилаяпман. Лекин бу қизилўнгач деганлари жуда сезгир бўлар экан. Пивони бемалол ўтказиб юбориб, шўрвани ушлаб қолаяпти», деган жавобни қилдилар. Мириқиб кулишдик.

Кулги, ҳазил-мутойиба ижодда ҳам ёзиш услуби, тафаккур тарзининг муҳим бир таркибий қисмига айланиб кетган эди. Бу хусусият домланинг, айниқса, кейинги 10-15 йиллик ижодида яққол кўзга ташланади. Масалан, унинг 2002 йилда ёзилган «Сизни соғиндим, Зулфия опа!» номли асари бор. Зулфия опа 1996 йилда вафот этганлигини биламиз. Лекин домла ўз мақоласига, худди тирик одамга мурожаат қилгандек, «Сизни соғиндим, Зулфия опа!» деб сарлавҳа қўйганлар. Шунинг ўзи, аввало, одамни анча ўйлантириб қўяди. Домла олдин ҳам бу атоқли шоира ижоди ҳақида мақолалар ёзган, ҳатто, ажойиб бир адабий портрет ҳам яратган эдилар. Лекин домла Зулфия опа ҳақидаги ҳамма гаплари айтилмай қолган экан шекилли, бу гаплар Озод акага тинчлик бермай қўяди. Бутун умри давомида аёл қалби – ўзбек аёли қалбининг нозик, ҳаё ва ибога, бардош ва матонатга тўлиқ туйғулар оламини куйлаб ўтган бу мунис шоира хотираси олдида ўзини қарздордек ҳис қилаверади. Шоиранинг ҳам ижоди, ҳам улуғ шахсияти ҳақида кейинги йилларда кўнглида йиғилиб қолган, айтилиши лозим бўлган гапларини ўзгача бир эҳтирос билан қоғозга туширади. Мақола ўз моҳиятига кўра ғоят жиддий оҳангни талаб этади. Домла ҳам ана шу талабга амал қилган ҳолда фикр-мулоҳаза юритади. Лекин бари бир Озод аканинг табиатидан келиб чиқиб, услубига сингиб кетган фазилат – юмор бир ўринда ярқ этиб кўзга ташланиб қолади. Зулфия опанинг шахси билан боғлиқ ҳолат ҳақида сўз юритар экан, домла шундай ёзадилар: «У киши шундай улуғсифат аёл эдиларки, ҳар гал рўпара келганимда дарров ҳушёр тортар, кийим-кечакларимни тўғрилар, сочларимни (ҳа, ҳа, сочларимни – бир замонлар бу тақир бош устида қоп-қора қалин сочлар ҳам бўлар эди) текислаб олардим – хуллас, у кишининг кўзига ҳар жиҳатдан ораста бўлиб кўринишга тиришардим». Бу ерда, авваламбор, домланинг ҳаракатларининг ўзида кишининг кулгисини қўзғайдиган нималардир бор. Қолаверса, гап йўналиши соч томон бурилиши билан Озод акани яқиндан биладиган одамларнинг юзига табассум югуриши табиий.

Худди шунга ўхшаш – бир ишора, битта кичик детал воситасида бутун бошли асарга ўзгача самимий руҳ бериш «Умарбековнинг ўлмас фазилатлари» мақоласида ҳам кўзга ташланади. Озод ака бу ёзувчининг ижоди ҳақида турли муносабатлар билан фикр билдириб келган. Уларда Ў.Умарбеков ижодида эришаётган ютуқлари ҳақида анча мақтов гаплар айтган. Айни вақтда ҳаётни юзакироқ, схематик тарзда акс эттирган бир асари ҳақида кескин чиқиш ҳам қилган. Озод ака бу ишни қандайдир шахсий ғаразлардан келиб чиқиб эмас, балки ёзувчининг ижодий тақдирига бефарқ эмаслигидан, бундай асарларни эълон қилиш ҳеч қачон унга обрў келтирмаслигини билганидан қилган. Мақола чиққандан сўнг ҳам маълум муддат муносабатлар олдин қандай бўлса, шундай давом этаверган. Лекин кейинчалик домла билан Ў.Умарбеков ўртасидаги муносабат ўзгаргандек бўлади. Бу ҳолатга жиддий эътибор қилишга, сабабларини аниқлашга тўғри келади. Юқорида номи тилга олинган мақолада Озод ака шулар ҳақида – ёзувчи билан муносабатларида сўнгги пайтларда қандайдир совуқлик пайдо бўлгани тўғрисида анча ташвишланиб, хавотир билан гапиради. Бу албатта, жиддий ўйлайдиган, безовта бўлишга арзийдиган ҳолат. Лекин у шу тарзда қолиши, давом этавериши ҳам мумкин эмас. Шунинг учун домла бу ишни юзма-юз, очиқчасига гаплашиш йўли билан ҳал қилишга қарор қилади. Шу мақсадда Ў.Умарбековнинг ҳузурига – унинг иш кабинетига келади ва ундан ўзгариш сабабини сўрайди, бундай муносабатга арзийдиган ҳеч қандай иш қилмаганини, ҳеч нарсани эслай олмаётганини ҳам очиқчасига айтади. Шундан кейинги вазият қуйидагича берилади: «–Ростдан ҳам нима деганингизни билмайсизми? Чинми шу гап?

–     Ўлай агар билсам. Нима ҳам дейишим мумкин. Мен ҳамиша сиз тўғрингизда жуда юқори фикрда бўлиб келганман ва ҳозир ҳам шундай.

–     Агар чиндан ҳам нима деганингиз эсингизда бўлмаса, бўпти. Гина-кудуратга шу ўринда нуқта қўямиз. Тамом!»

Айнан шу ўринда асарда давом этиб келаётган жиддий руҳни муаллиф кичик бир тафсилот орқали маълум муддатга ўзгартириб юборади, ўқувчида енгил, кулгига мойил кайфият ҳосил қилади. «Шундай деб у ўрнидан турди-да, қўлини узатди, – дея ҳикояни давом эттиради Озод ака. – Мен ҳам қўлимни узатдим. У қўлимни қаттиқ қисиб, бир-икки силкитди. Ташқаридан кўрган одам бизни нимагадир «бор, барака» қилишаяпти, деб ўйлаши мумкин эди». Ана сўнгги бир жумла таранг турган вазиятни енгил кайфият, юзга табассум югурган бир ҳолатда якунланишига сабабчи бўлган.

О.Шарафиддинов мунаққид сифатида шоир Ҳусниддин Шарипов ижоди ҳақида анча-мунча мақолалар ёзгани маълум. Шунга асосланган ҳолда Ҳ.Шариповнинг кейинги бутун ижодий фаолияти ҳам доимо домланинг назар-эътиборида бўлган, деб гапни бемалол айтиш мумкин. Масалан, 2003 йилда Озод аканинг бу шоир ҳақидаги «Қуёшга ошиқ шоир» номли мақоласи чиқди. У шоирнинг етмиш ёшга тўлиши муносабати билан ёзилган эди.

О.Шарафиддинов мазкур мақолада Ҳусниддин Шариповни фақат шоир сифатида тавсифлаб қўя қолмайди. Балки унинг шахсига кенг ёндашади. Қандайдир схемаларга туширилган ижодкор шахсни эмас, балки тирик, бошқаларга ўхшаш турли фазилатларга эга инсонни кўрсатишга интилади. Худди мана шу ўринларда мақолада енгил, қувноқ кулги кучаяди. Масалан, Ҳ.Шарипов катта шоир, ижодкор бўлиш билан бирга шахмат ишқибози эканлигидан ҳам хабардор бўламиз. Домла ним табассум билан ёзган сатрлари орқали бу кишининг шахмат мусобақалари бўлаётган жойларда қандай пайдо бўлиши, қандай ҳаракатлар қилиши каби тафсилотлар билан танишамиз. Айниқса, домла бу инсоннинг пивони хуш кўриш одатига алоҳида урғу беради. Чунончи, домла ёзади: «Ҳусниддин пивони яхши кўради – Тошкентда уни танимайдиган пивофуруш йўқ, деса бўлади. Уларнинг ҳар қайсиси ҳозир шу дақиқада шоир шаҳардаги қайси пивохонада қўлида кружка билан навбатда турганини айтиб беради». Яна: «Ҳусниддин Шарипов 70 ёшга тўлди. Албатта, унинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, дўст-биродарлари дастурхон теварагига тўпланиб, қўлларида пиво тўлдирилган қадаҳлар билан уни муборакбод қилишади» ва ҳоказо.

Домлани кўришга бир гал борганимда, мен шу мақолани жуда мазза қилиб ўқиганимни, ўқиб бўлгач эса негадир бирданига пиво ичгим келиб қолганини айтганимда у кишининг ўзлари ҳам анча ёйилиб, яйраб кулган эдилар.

Ҳар ҳолда Озод аканинг, худди рассом ишлаётган суратининг бир-икки жойига мўйқалам учини сал теккизиши билан бутун бошли манзара жонланиб, жозиба касб этганидек, юмор унсурларидан, синчковлик билан кузатилган ҳаётий ҳолатлардан, кўрган ва эшитган қизиқ воқеалардан тасвирда ўринли фойдаланиб, бетакрор асарлар яратганига гувоҳ бўламиз.

Умрзоқ Ўлжабоев,

филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 10-сон.