Ёхуд даволанишнинг ёзилмаган аломат қоидалари хусусида
Барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз тиббиёт тизимида ҳам сўнгги пайтда ижобий ўзгаришлар бўлаётгани — айни ҳақиқат. Бу муваффақиятларни фақат ақли ноқис ёки ҳасадгўйгина кўролмасилиги мумкин. Лекин тиббий тизимда ютуқлар баробарида жиддий камчиликлар, эътиборталаб муаммолар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Айни дақиқада ютуқлардан ҳам кўра, кўпроқ муаммолар ҳақида гапириш мақсадга мувофиқдай. Ахир ҳаммага деярли ёд бўлиб кетган нақл бор-ку: муваффақиятлар ўзимизники, камчиликлар ҳам…
Айрим “исонафасли” шифокорларнинг Гиппократ бобо руҳини чирқиратиб қилаётган номақбул ишларига кунда-кунора дуч келамиз. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатларда оппоқ либосга буткул номуносиб “табиби ҳозиқ” хатти-ҳаракатига очиқ-ошкора қаршилик ҳам кўрсата олмаймиз. Чорасизлик энг сўнгги чорамиз бўлиб қолади.
Афсус билан қайд этиш лозимки, шифокорларнинг таъмагирлиги ёхуд хизмат бурчини қўпол равишда бузиш ҳолатлари бот-бот учраб турибди. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган тадқиқот-сўров ҳам ана шундай хулоса ясашга асос бўлади.
Мамлакатмизнинг 7 та минтақаси — Фарғона, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва пойтахтимизда олиб борилган ижтимоий тадқиқот давомида уч асосий йўналиш — бирламчи тиббиёт тизими (ҳудудий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари ва диспансерлар), оналик ва болаликни муҳофаза қилиш муассасаларида бепул хизмат кўрсатиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини дори-дармон билан таъминлаш аҳволига бир қур назар ташланди.
Бугун қанчалик қийин ва оғир бўлмасин, тиббиёт тизимида бепул хизмат кўрсатиш сақлаб келиняпти. Сабаби аён: аҳолининг ижтимоий мададга муҳтож гуруҳини ҳимоя қилиш ишига давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида қаралмоқда. Бироқ, таассуфки, мамлакатимиз фуқароларининг салмоқли қисмини ташкил этувчи тоифа саломатлиги йўлида давлат бюджетидан — халқ хазинасидан ажратилаётган маблағ ўз эгаларига тўла даражада, бехатар ва безарар етиб бораяпти, дейиш имконсиз.
Биринчи йўналишда республикамизнинг 54 тиббий муассасасидаги аҳвол ўрганилди. Натижаларни эса қониқарли деб бўлмайди. 96,5 фоиз шифо масканида кўрсатилажак бепул хизмат тўғрисида ахборот мавжуд эмас. Аҳолининг давлат томондан кафолатланган имкониятдан бехабарлиги эса суиистеъмолчиликларга кенг йўл очиб беряпти. Шунингдек, 53,8 фоиз тиббиёт муассасаларида имтиёзли тартибда хизмат кўрсатиладиган аҳоли гуруҳи рўйхати юритилмаган. Бундай шароитда улус ғазнасидан берилаётган пуллар қандай мақсадларга ишлатилиши мумкинлигини тасаввур қилиш учун катта ақл шарт эмас.
Тадқиқот якунига кўра, тиббиёт муассасаларининг 55 фоизигина дорихоналар билан имтиёзли гуруҳга бепул дори-дармон етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаган. Тақсимланаётган даво воситаларининг ёрдамга муҳтож қатламига етиб бориш даражаси эса минтақалар бўйича турли даражада: 2003 йил давомида Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизнинг 68-76 фоиз, Фарғона ҳамда Бухоронинг 37-40 фоиз имтиёзли қатлами ўз ҳақини олишга муваффақ бўлган. Қолганлар эса…
Ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими аҳолига хонадонларда ҳам ёрдам кўрсатишга мажбур. Бироқ ўрганилган шифо масканларининг 40 фоизи ўз мажбуриятини бажармагани кишида ташвиш уйғотади.
Мамлакатимизда биринчи маротаба ташкил этилган мониторинг қишлоқ ва шаҳарлардаги тиббий муассасалар ўртасидаги фарқ анчайин катта эканини кўрсатди. Айнан ана шу тафовут туфайли ҳам имтиёзли гуруҳ фуқаролар қонуний ҳуқуқларидан фойдалана олмай, ўз чўнтакларидан қўшимча сарф-харажат қилишга мажбур бўлмоқдалар.
Ҳозирда республикамиз аҳолисининг 38,8 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Нозик жинс вакилаларининг 25 фоиздан ошиқроғи эса туғиш ёшидаги хотин-қизлар ҳисобланади. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш келажагимиз учун нечоғли муҳим эканини англашга имкон беради. Бу борада тадқиқот натижаларига мурожаат қиладиган бўлсак, кўнгилни бироз ғаш қилувчи ҳолатлар гувоҳига айланамиз.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш идораларининг деярли 90 фоизида бепул хизмат кўрсатиш тўғрисидаги ахборот тақчиллиги кузатилган. Содда қилиб айтганда, бемор қайси хизматга пул тўлайди-ю, қайсинисидан имтиёзли тартибда фойдаланади — билмайди. Шу боис ҳам, тадқиқот иштирокчиларининг 10 фоизигина қонунан белгиланган имтиёзли хизматдан фойдаланаётганини тасдиқлаган. Қолганлар эса шифохона эшиги ортида нималар бўлаётганидан бехабар минг машаққат билан топганини шифокор билан баҳам кўришга мажбур. Баъзи оқ либосли халоскорлар келажак авлодни дунёга келтириш учун келган оналардан совундан тортиб ётоқ буюмларигача — ҳамма нарсани келтиришни талаб қилаётгани ҳам, минг таассуфки, бор гап. Ҳолбуки, юқорида қайта-қайта таъкидланганидек, оналик ва болалик муҳофаза этиш ва, умуман, тиббиёт учун давлат томонидан миллионлаб сўм маблағ ажратилаяпти…
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужжатларига мувофиқ, сил, ОИТС/ВИЧ, онкологик ва бошқа касалликларга чалинган фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Чернобил фожиаси оқибатлдарин бартараф этишда иштирок этган кишилар текин дори-дармон билан таъминланиши зарур. Бироқ ҳам давлат ва ҳам хусусий сектор дорихоналарида ўтказилган сўровлар бу борада муаммолар етарли эканини кўрсатди: бепул дори-дармон тарқатилиш устидан ижтимоий назоратнинг йўқлиги, касалликка ташхис қўйиш бўйича ягона миллий тизим (стандарт)нинг ишлаб чиқилмагани, даво воситалари нархининг тобора ошиб бораётгани, ахборот тақчиллиги…
Албатта, бозор иқтисодиёти шароитида соғлиқни сақлашнинг турли йўналишлари пуллик бўлиши мумкин ва бу мутлақо табиий жараён. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 апрелдаги буйруғига биноан, тиббий муассасалар пуллик хизмат кўрсатадиган йўналишлар рўйхатини ишлаб чиқиши, юқори идорада тасдиқлатиши ва, энг муҳими, бундан аҳолини бохабар қилиши зарур. Лекин амалда фуқаролар даволаниш ҳақини кимга тўлаётганларини ҳам билмай қоляптилар. Чунки беморлардан “низом ва қонунлар талаби асосида” олинаётган хизмат ҳақларига на квитантсия, на тўлов қоғози ёзилаяпти. Ҳаммаси оғзаки ҳал қилиняпти…
Айтиш керакки, тизимдаги аксарият муаммолар илдизи ахборот тақчиллигига бориб тақалади. Агар тиббиёт муассасалари мутасаддилари бепул хизмат ва дори-дармон билан таъмин этиш бўйича маълумотларни яширмай, аҳолига очиқ-ойдин етказса, фуқаро ўз қонуний ҳуқуқларини тўла билса, кўнгилсизликлар, тушунмовчиликлар бартараф этилган, суиистеъмолчиликлар олди олинган бўларди.
Қолаверса, тиббиёт муассасалари устидан жамоатчилик назоратнинг ўрнатилишини ҳам замон талаб қилмоқда. Бу жараёнда эса нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзлари фаоллик, ташаббускорлик билан иштирок этишлари зарур. Мисол учун, ривожланган дунёда шифокорлар хизмат вазифасини қанчалик бажараётганини назорат қилиб борадиган махсус мустақил гуруҳлар иш олиб боради. Бизда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари устидан жамоатчилик (давлат эмас!) назоратини олиб борувчи мустақил комиссиялар тузиш вақти аллақачон келган.
Ҳозирги кунда тиббиёт учун бюджетдан салмоқли миқдорда молиявий ресурслар ажратиляпти. Демак, бугунги шароитда тизимга берилаётган маблағ миқдорини ошириш ҳақида эмас, кўпроқ бор пулни тўғри, адолатли тақсимлаш, қисқаси, мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш хусусида ўйлаш ҳар томонлама тўғри кўринади.
Яна бир эътиборталаб нуқта. Ҳаммамизга ҳам аёнки, хорижий давлатларда тиббий суғурта тизими муваффақият билан ишлаб келмоқда. Тизимнинг афзаллик жиҳати шундаки, у ҳар қандай фавқулодда ҳолатда фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар мамлакатимизда ҳам тиббий суғуртани жорий этиш вазифасига жиддийроқ эътибор қаратишлари зарурга ўхшайди.
Собиржон ЁҚУБОВ,
“Ҳуррият” мухбири