Германия: тўртинчи ҳокимият қандай ишлаши керак?

Германия – матбуот ватани. Шу мамлакатда илк бор босма дастгоҳ ихтиро қилинган. Иоган Гутенбергнинг ХV асрдаги кашфиёти жаҳон тараққиётини бир неча аср илгарига бошлади. Ушбу заминда дастлабки кўп ададли газеталар дунё юзини кўрди, биринчилардан бўлиб «тўртинчи ҳокимият» мақомига эга бўлган, демократик тамойилларга асосланган эркин журналистика шаклланди.

Германия журналистикаси гарчи йигирманчи юз йилликда Биринчи жаҳон уруши, нацистлар бошқаруви ва Иккинчи жаҳон уруши каби фожиавий воқеликларни бошдан кечирган бўлсада, ўзини ўнглай олди, сўз эркинлиги, жамият олдидаги масъулият каби азалий қадриятларни қайта тиклади. Бугун ушбу мамлакат журналистларининг илғор тажрибаси дунё давлатлари учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтаётгани ҳам ана шундан.

Германияда сўз ва матбуот эркинлиги конституциявий асосда кафолатланган. Асосий Қонуннинг 5-моддасида фикрлаш, ахборот ва матбуот эркинлиги устуворлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги таъкидланади. Бундан ташқари, федерал конституциявий суд қарорлари, халқаро ҳуқуқ меъёрлари, федерал ерлар (мамлакатда маъмурий бирликлар ана шундай аталади)нинг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунлари ҳам матбуот эркинлиги муҳофазасига хизмат қилади.

Олмонияда матбуотнинг беш асрлик тарихи давомида ўзига хос қиёфага эга журналистика шаклланган. Бу ерда давлатга қарашли нашрлар, телерадиоканаллар мавжуд эмас, барча оммавий ахборот воситалари хусусий ёки жамоат мулки саналади.

Матбуот бозорида ҳудудий нашрлар етакчи ўрин тутади, умуммиллий нашрлар салмоғи кўп эмас. Мамлакатда ўн битта умуммиллий кундалик газета чоп этилади, ҳудудий нашрлар миқдори 340тага яқин. Дарвоқе, олмонлар – энг кўп газета ўқийдиган халқлардан бири. Мамлакат дунёда кундалик газеталарнинг ҳар минг кишига тўғри келадиган миқдори бўйича Япония, Буюк Британия, Швейцариядан кейин тўртинчи ўринда туради. Бу ерда ҳар куни 23 миллион нусхада кундалик газета нашр қилинади.

Энг йирик кундалик нашрлар қаторида “Süddeutsche Zeitung” (425 минг нусхада чиқади), «Frankfurter Allgemeine Zeitung» (368 минг), «Die Welt» (234 минг), «Handelsblatt» (143 минг) газеталарини эътироф этиш мумкин. Мазкур умуммиллий газеталарда муҳим сиёсий масалалар, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, халқаро ҳаётга доир янгиликлар бериб борилади.

Германиядаги энг катта тиражли газета – «Bild» 4 миллион нусхада чоп этилади (Бошқа давлатларда бўлгани каби бу юртда ҳам энг кўп ўқиладиган газета кўнгилочар мавзуларга ихтисослашган). Газеталарнинг якшанба кунги сонини тайёрлашга алоҳида эътибор берилади. Чунки дам олиш куни газета мутолаа қилиш олмонлар учун энг севимли машғулотлар сирасига киради. Бу кунда чиқадиган газеталар ҳажми ҳар кунгидан каттароқ ва махсус иловаларга бой. Масалан, “Bild am Sonntag”“Welt am Sonntag”, “Sonntag Aktuell”, “Frankfurter Allgemeine Sonntagszeitung” каби якшанба нашрларини миллионлаб ўқувчилар мутолаа қилади.

Немис матбуотининг ўзига хос жиҳатларидан бири – бу ерда журналларнинг аҳамияти жуда катта эканлигидир. Мамлакатда 20 минг номдаги оммабоп журнал чоп этилади (умумий адади 200 миллион). Ойлик ёки ҳафталик журналларнинг тиражи кундалик газеталардан ҳам кўп. «Der Spiegel» (1 млн. 115 минг), «Stern» (1 млн. 50 минг), «Focus» (790 минг) журналлари энг оммабоп нашрлар деб тан олинган.

Германия матбуоти рамзи дея эътироф этиладиган «Der Spiegel» («Шпигел» – ўзбекчада «Ойна» маъносини билдиради) журнали Гамбург шаҳрида чоп этилади. Таҳририят ижодни тижорат билан муваффақиятли уйғунлаштирган. Муштарийлар билан ишлаш бўлими раҳбари Катрин Стокингерга кўра, “Ҳозирги ахборот жамияти шароитида оммавий ахборот воситалари ходимлари радио, ТВ журналисти ёки газетчи эмас, умумий маънода универсал журналист бўлиши керак. «Der Spiegel» ана шундай мезонлар асосида ишлайди”.

Стокингер хонимнинг айтганича бор. 1947 йилдан чиқа бошлаган журнал ҳозирда йирик бирлашмага айланиб кетган. Концернда 1250 ходим ишлайди. Амстердам, Париж, Рим, Лондон, Вашингтон, Москва каби дунёнинг 30га яқин йирик шаҳарларида ўз мухбирлари бор. Концерн ўз телеканали («Spiegel-TV») ва Германиядаги энг оммабоп саналган Интернет сайти (Spiegel-online)га эга. Бундан ташқари, уяли алоқа телефонларига хабар, маълумот жўнатишга мўлжалланган «Spiegel-mobil» хизмати ҳам мавжуд. Бу ердаги журналистлар «Spiegel»нинг истаган бўлинмасида ишлаб кета оладиган универсал қобилиятга эга бўлиши керак.

Олмон матбуот бозорида бирлашиш (консентрация) жараёни яққол кўзга ташланади. Газеталар тобора кучайиб бораётган рақобат шароитида иқтисодий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, ҳамкорликда реклама манбаларини топиш учун бирлашмоқда. “Axel Springer Verlag”, “Bertelsmann group”, “Heinrich Bauer Verlag” каби медиагуруҳлар матбуот бозорида катта мавқега эга. Масалан, «Axel Springer Verlag» концерни “Bild”, “Die Welt”, “Bild am Sonntag”, “Welt am Sonntag” каби етакчи нашрларга эгалик қилади. Кундалик нашрларнинг 24 фоизи ушбу медиагуруҳ назоратида.

Сўнгги йилларда бошқа давлатларда бўлгани каби Германияда ҳам матбуот нашрлари тиражининг тушиши кузатилмоқда. Газеталарнинг асосий ўқувчилари кекса ёшдаги аҳоли гуруҳи бўлиб қолаяпти. Ёшлар эса янгиликларни Интернет орқали олишни афзал кўраётир. Интернетнинг анъанавий ОАВ учун жиддий рақобатчига айлангани Германияда кучлироқ сезилади. Чунки вояга етган аҳоли гуруҳининг деярли 55 фоизи халқаро тармоқдан фойдаланиш имкониятига эга. Бундай шароитда эса Netzzeitung каби мустақил Интернет сайтлар ёки Spiegel-online каби анъанавий матбуот нашрларининг веб саҳифалари тобора кенгайиб бормоқда.

Ахборот бозоридаги курашда ТВ ва радио ҳам матбуот учун асосий рақобатчи бўлиб қолаяпти. Албатта, техник ва ижодий имкониятлари анча юқори бўлган электрон ОАВ барча мамлакатларда ҳам матбуотдан кўра кўпроқ аудиторияга эга. Тадқиқотларга кўра, олмон халқи ҳар куни ўн соат вақтини оммавий ахборот воситалари билан танишишга сарфлайди. Ушбу вақтнинг ОАВ турлари бўйича тақсимланиши эса қуйидагича: 221 дақиқа – радио, 220 дақиқа – ТВ, 44 дақиқа – Интернет, 28 дақиқа – кундалик газета, 25 дақиқа – китоб, 12 дақиқа – журнал учун.

Айни пайтда мамлакатда 70 мингдан ошиқ профессионал журналист фаолият юритади. Охирги йилларда таҳририятлар штати тобора қисқариб бораётгани туфайли аксарият журналистлар эркин ижодкор (фрилансер) сифатида ишламоқда. Улар бир пайтнинг ўзида кўплаб нашрлар билан ижодий ҳамкорлик қилишни афзал кўрмоқдалар.

Тараққиёт ғилдираги барча даврлардан ҳам шиддатлироқ айланаётган бугунги кунда журналистикада ахлоқий меъёрлар муаммоси кўп хавотирларга сабаб бўлмоқда. Бу борада Германия тажрибаси асқотиши мумкин. Иккинчи жаҳон урушидан кейин матбуот эркинлиги ва журналистлар масъулияти борасида мунозаралар кучайган пайтда бир гуруҳ ижодкорларнинг ташаббуси билан Германия Матбуот кенгаши (German Press Council) ташкил этилган. Етакчи журналистлар, тажрибали бош муҳаррирлар, соҳанинг таниқли мутахассисларидан ташкил топган кенгаш бевосита журналистлар ахлоқ кодексига риоя этилишини кузатиб боради. Мазкур жамоат ташкилоти аъзоси, доктор Майкл Редискенинг айтишича, Матбуот кенгаши қонуний мажбурлов кучига эга эмас. Лекин ҳамкасблар томонидан этика қоидалари бузилган тақдирда кенгаш ушбу ҳолат бўйича тавсия характерига эга бўлган қарорлар қабул қилади. Ахлоқий меъёрларни бузган журналист хатти-ҳаракати муҳокама этилади. «Бу айнан журналистиканинг ўз-ўзини мувофиқлаштириш тамойили», дея кенгаш фаолиятини изоҳлайди у.

Ахборот олиш эркинлиги тамойили – журналистиканинг муҳим талабларидан бири. Лекин ҳар қандай ривожланган жамиятда ҳам журналистларнинг бошқарув идораларидан ахборот олиши осон кечмаган. Германияда давлат идоралари ва матбуот ўртасида алоқаларни мувофиқлаштириш, журналистларни керакли ахборот билан таъминлаш мақсадида 1949 йили Bundes­presse­konferenz (Федерал матбуот анжумани) тузилмасига асос солинган. Федерал матбуот анжумани олмон журналистлари учун ахборот олишнинг энг қулай воситаларидан бири саналади. Ярим аср давомида шаклланган қоида бўйича ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари махсус ажратилган бинода матбуот анжуманлари ўтказилади. Унда Германия ҳукумат раҳбари – канцлердан тортиб барча вазирликларнинг матбуот котиблари иштирок этади ва журналистлар саволларига жавоб беради. Муҳим сиёсий ҳодисалар рўй берган вазиятларда матбуот анжуманларида канцлер ва вазирларнинг ўзи ҳозир бўлади. Бу «Давлатнинг барқарорлиги матбуот эркинлигига боғлиқ» деган демократик қоидага содиқлик ифодасидир.

Собиржон Ёқубов