Аҳмаджон Мелибоев. Сувда оқиб келаётган “пўстин”

Инсон ҳамиша янада ёруғ, тинч-тотув, тўкин-сочин кунларга интилиб, шундай замон келишига ишониб яшайди. Бунга эришишнинг “сир”ли калити эса, балки билар, балки билмас – ўзининг қўлида. Чунки, тил, адабиёт ва китобнинг мавжудлиги фикри сўнмаган, қалб кўзлари очиқ, ўзига ишончи мустаҳкам, ҳаракатчан халқни  нажот туйнуклари йўллари сари етаклайди. Бу уч инъомнинг бош вазифаси шу. Бу вазифадан ижодкорнинг жамият, эл-юрт олдидаги ижтимоий ҳамда маънавий масъулияти келиб чиқади.

Шундайликка шундайку-я, аммо бугун кимдир  қаерда ва қайси мавзуда баҳс очмасин, унга “Ҳа энди, дунё ўзгариб кетди, биродар, дунёга қўшилиб одамлар ҳам ўзгарди, аввалги андозалар қолмади. Мана ўзингизни олайлик – кечаги одам эмассиз энди”, дейишади. Тўғри, ўзгармаган ҳеч нарса қолмади. Жумладан, адабиёт ҳам. Лекин ўзгараётган адабиёт бугун қайси   томонга юз бурмоқда, ўзининг бош вазифасини  бажармоқдами? Даниил Гранин адабиётнинг ҳақиқийлиги ва  буюклиги  унинг ҳамма замонларда   ҳам ҳамма  учун  ўзининг қизиқарлилигини сақлаб қолишида  кўринади,  деган эди. Бугун миллий адабиёт шундай мартабага эгами?  Яратилаётган бадиий асарлар “Ўткан кунлар” каби эллик-олтмиш йилдан кейин ҳам қизиқиш билан ўқиладими? Қозоқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймонов ижодкор зиёлиларнинг Иссиқкўл форумида “Сўнгги ўқувчисидан маҳрум бўлган ёзувчининг умри ҳам ниҳоясига етади”, деган фикрни ўртага ташлади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бугун пештахталарда савлат тўкиб турган асарлар муаллифларининг ижодий тақдири қандай бўлади?

Адабиётшунос олим Борис Цетров “Жиддий адабиёт қаёққа кетди?” сарлавҳали  мақоласида шу саволга жавоб бераётгандай:  “Ўзини “мамлакат ичкарисидаги мамлакат” мақомида қўраётган фаол нашриётлар ҳаммаёқни саргузашт, олди-қочди китоблар билан тўлдириб, мўмай даромадни ёнга уриб бўлгач, “Саргузашт товуқлар саргузашт тухумлар туғади, улардан эса саргузашт жўжалар етишиб чиқади, гап бизда эмас”, дея ўзларини оқламоқчи, бизларни эса овутмоқчи бўлади”. Бу гап “Менда нима гуноҳ, масаллиқ чатоқ-ку”, деяётган ошпазни эслатади.

Ўйлаб кўрилса, бу гапда жон бордай. Негаки, адабиётнинг қон томирлари жамиятнинг қон томирлари билан чирмашиб кетган. Жамият ва адабиёт оломон пойгада ёнма-ён чопаётган тулпорларга ўхшаб кетади: гоҳ бирлари, гоҳ иккинчилари олдинга ўтиб, бир-бирларини руҳлантириб, мусобақага завқ бағишлашади. Аслида шундай бўлиши керак. Лекин бу икки тулпорнинг бири орқада бир ўзи қолиб кетса, пойганинг пойгалиги қолмайди.  Отни ортиқча қамчилашдан, “ҳайё-ҳуйт” дея қичқиришдан фойда йўқ. Бундай деяётганимизнинг боиси – кейинги йилларда ўтказилаётган йирик халқаро китоб кўргазмалари, китоб ва китобхонлик мавзусидаги баҳс-мунозаралар кўнгилга иштибоҳ солади: пойга сусайиб бормоқда. Жамият ўзича, адабиёт ўз ҳолича яшаётган, аниқроғи кун кўраётган жойлар оз эмас ва бу ҳол ҳеч кимни ташвишга солаётгани йўқ. Аксинча, “Интернет бор-ку, китоб, газета-журналларсиз ҳам яшаш мумкин”, деган мантиқсиз иддаолар қулоққа чалинаётир. Бу фикрга таълим-тарбия ишига бевосита дахлдор мансабдорлар ҳам қўшилаётгани ғоят ажабланарли.

Тўғри, дунё ўзгарди. Маънавий-ахлоқий қадриятлар тикланмоқда, аммо улар орасида онг-шууримизга, турмуш тарзимизга сурбетларча ўрнашаётган сохта “қадрият”лар ҳам бор. Улар ёшлар характерига кўпроқ таъсир ўтказмоқда. Россия Федерациясида ўтказилган ижтимоий сўровларда қатнашган ёшларнинг 72 фоизи “Бирор мақсадга эришиш учун ахлоқ-одоб қоидалари ва адолат принципларини бузишингиз мумкинми?”, деган саволга “Бемалол”, деб жавоб беришган. “Устозларнинг маслаҳатларига эҳтиёжингиз борми?”, деган саволга сўралганларнинг 84 фоизи “Қандай яшашни бизга ўргатишмаса бўлди, нима қилиш кераклигини ўзимиз биламиз”, дейишган. Тарбия соҳаси кузатувчилари бугун ёшлар характерида тарбиялилик ва ахлоқсизлик, меҳр ва қаҳр, камтарлик ва очкўзлик, фаросат ва дидсизлик, ҳалол ва ҳаром деган тушунчаларнинг мавқеи бир даражада эканини таъкидлаб, жамиятлар бу ҳолатга деярли кўникиб  бўлганлари ҳақида бонг уришмоқда. Бунинг оддий мисолини биргина бежирим тикилган шимни тўрт-беш жойидан йиртиб, увадасини осилтириб кийиш урф бўлганида  ҳам кўриш мумкин. Авваллари бир жо­йига билинар-билинмас доғ тегиб қолган кўйлак ёки шимни кийиб кўчага чиқиш деярли айб ҳисобланган бўлса, эндиликда баданнинг тўртдан уч қисмини очиб юриш замонавийлик белгиси ҳисобланаётир.

2018 йили Россиянинг бешта федерал округида ўтказилган сўров натижалари  респондентларнинг 44 фоизи йил давомида бир  марта бўлсин қўлига китоб ушламаганини кўрсатган. Россия Федерацияси Президентининг бола ҳуқуқлари бўйича вакили А.Кузнецова ҳайратини шундай ифодалайди: “Ота-оналар баъзан болалар учун чоп этилган китобларда шундай нарсаларга дуч келишадики, айтишга тил ожиз”. Бу хавотирни рус матбуотида кейинги пайтларда тез-тез тилга олинаётган бошқа бир фикр ҳам тасдиқлайди: “Аҳвол шу даражага етиб бордики, гўё Октябрь тўнтаришидан кейин болшевикларнинг оммавий тус олган “Йўқолсин уят” шиори қайта жонланаётгандай”.

Публицист Валентин Осипов “Литературная Россия” газетасида эълон қилинган (2018, № 46) “Ташхис: ҳалокатли беҳаёлик. Уни қандай даволаш мумкин?” сарлавҳали мақоласида бугун рус жамиятида  чуқур илдиз отаётган  нохуш ҳолатлар – телевидениенинг  “Дом-2”, “Комеди клаб” дастурларида,  “Пуст говорят” кўрсатувида эфир юзини кўраётган, театр саҳналарида очиқчасига намойиш этилаётган ошкора фаҳш ҳолатларига матбуот, ижодий ташкилотлар, жамоатчилик деярли муносабат билдирмаётганидан афсусланади. “Эрмитаж” операсида аёл актриса русча уят сўзни залга юзланиб, бор овози билан айтганида, томошабинлар эҳтирос билан унга жўр бўлишаётганини мисол тариқасида келтиради. “ХХI асрда Россия театр маданияти томошабинларни санъатдан завқлантиришни шаҳвоний жўштиришга алмаштирди”,  деб ёзади у.

Муаллиф Карл Маркснинг қўйидаги фикрини келтиради: “Капитал даромад бўлмаслигидан қўрқади. Ишингизда 10 фоизлик даромадга эришинг –  капитал сизга эътироз билдирмайди.   Борди-ю даромад 100 фоиздан ошиб кетса, пул деган махлуқ аждаҳога айланиб, жамики инсоний қонунларни топтайди, уни жиловлаш, бошқариш мумкин бўлмай қолади”.  Бу фикр бундан уч-тўрт йил аввал Давос форумида (Швейцария) айтилган “Капитал ваҳшийлашмоқда”, деган хулосага айни мос келади.

Бу ҳолатни, таассуфки,  дунё мамлакатлари адабиёти, маданияти ва санъатида бугун бемалол кўриш мумкин. Рус танқидчилари шеъриятда буламиқ сўз ва иборалар, сўкиниш, нафсониятга тегиш, бошқаларни камситиш, тарихни сохталаштириш, ахлоқсизлик кўпайиб бораётгани, ижодий танловларда профессионаллардан кўра ҳаваскорлар, пулдорлар, ёғли мансаб эгалари фаол қатнашаётганини эътироф этишмоқда.

Таҳлилчи В.Кривошеевнинг фикрича, Россияда давлат идеологияси билан бевосита боғлиқ ижтимоий фанларга эътибор сусайган. Олимпия комплексидаги машҳур китоб ярмаркаси фаолияти деярли тўхтаган. Жамиятда “китоб бизнеси” деган ибора кўпроқ ишлатилмоқда. Уддабуронлар бу бозорни қизитишмоқда. Усти ялтироқ, муқоваларига ғайриахлоқий суратлар ишланган китобларда нималар ёзилаётгани, ўқувчи онгига таъсири ҳақида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Авваллари қайси ва қандай китобга эҳтиёж борлигини аниқлайдиган, илмий, бадиий китоблар энг олис кутубхоналарга ҳам вақтида етиб боришини назорат қиладиган бибколлекторлар энди йўқ. Жанрлар аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Фожиали томони шундаки, уларда Ерда ҳаётнинг сўниши, омон қолганларнинг Ойга ёки Марсга етиб олиши, у ердаги жангу жадаллар, ўзга сайёраликларнинг Ердаги ғаройиб тажрибалари шунчаки бадиий тўқима тарзида эмас, илмий хулосалар асосида баён этилмоқда. Мана, уларнинг баъзилари: Қуёш ҳар сонияда 4 миллион тонна вазнини йўқотмоқда, демак, бор-йўғи 4 миллиард йилдан сўнг у буткул сўнади. Олимлар Шимолий муз океани тубида неча юз триллион тонна метан гази тўпланиб қолгани, Арктика музлари бугунги даражада эрий бошласа, бу “аждаҳо” ҳадемай юзага чиқиб, Ер ўз ўқи атрофида айланишни тўхтатишини башорат қилишмоқда.

Саша Кругосветовнинг “Ой бўйлаб саёҳат” китоби воқеалари Ойнинг Ерликлар яшайдиган махсус колониясида бўлиб ўтади. Бу ерда истиқомат қиладиган собиқ заминдошларимиз Ойга ўтган асрнинг 60-йиллари, яъни “Аполлон” дастурида кўзда тутилган вазифалар жадаллик билан амалга оширилаётган пайтда бориб қолишган. Булардан ташқари, Ойда бир вақтлар Марсда яшаган селенитлар (энкилар) қабиласи вакиллари ҳамда яқинда ҳалок бўлган Нибиру планетасида яшаган одамсимонларнинг (нипуртиларнинг) авлодлари истиқомат қилади. Улар биргаликда бугунги демократик талабларга мос келадиган ўзига хос “жамият”га асос солишади. Раҳбарлар, бошқарувчилар, кузатувчилар, баҳо берувчилар, тарбиячилар фаолияти йўлга қўйилади. Аммо, шуниси ҳам борки, бир вақтлар энкилар ҳам, нипуртилар ҳам анъанавий табиий кўпайишдан воз кечган, бу ишни донорларнинг генетик материали асосида амалга ошириш йўлига ўтишган. Болалар оналар бағрида эмас, “Кассандра тамғаси”даги каби махсус пробиркаларда кучли назорат остида етиштирилади, махсус кишилар томонидан тарбияланади. Ҳар бир кишининг бошига бошқарилувчи “чип” киритилади…

Бундай башоратлар замирида ғоят ёвуз мақсад яширинганини сезиш қийин эмас. Уларни ўқиган ўқувчида ва нафақат унда, бошқаларда ҳам “Токи тирикликнинг туби кўриниб қолаётган экан, ортиқча куйиб-пишиш, югуриб-елишнинг ҳожати йўқ”, деган фикр туғилади. Бу эса “бефарқлик” деб аталмиш тузалмас иллатнинг бошланишидир.  Бу фикрни адабиётшунос Валерий Румянцевнинг “Замонавий рус адабиётининг бош душмани” сарлавҳали тадқиқот мақоласидан олинган қуйидаги иқтибос билан исботлаш мумкин: “Эксмо” нашриёти ходимлари муаллифлардан қўлёзма қабул қилиш қоидаларини расман эълон қилишган. Унга кўра, нашриёт “детектив, криминал, жангари, фантастика,  авантюра, мистика, ишқий-сексуал  асарлар қўлёзмаларинигина қабул қилади”. Демакки, шеър, ҳикоя, эссе, анъанавий романларга йўл йўқ.

Нашриётлар инсон ақли бовар қилмайдиган янги қурол турлари, улар воситасида планеталараро бўлажак урушларнинг сценарийлари, биологик қуролларнинг келажаги, янги “ажал” вируслари ҳақидаги қўлёзмаларни, таъбир жоиз бўлса, кўзларига суртиб чоп этмоқдалар. Балки, бунда уларни тўла айблаш мумкин бўлмас. Негаки, бугун Россия, Европа ва АҚШ матбуотида замонавий қурол-яроғ мавзуси етакчилик қилмоқда. Интернет тармоқларида бадиий адабиётнинг инқирози, қоғоз китобнинг ўлими, бадиий жанрларнинг чиппакка чиққани ҳақида кўп ёзилмоқда. “Ёшлар китобсиз ҳам чўққини эгаллашади”, “Европа китобхонликдан воз кечди?”, “Китобсиз ҳаёт истиқболлари”, “Китобхонлик қадрият эмас”, “Бадиий уйдирмалар замони ўтди”, “Тадбиркор ёзувчиларга кенг йўл” каби бири иккинчисидан ташвишли мақолалар кўнгилни ғашлаши билан бирга, иккиланиш ҳолатини ҳам юзага келтиради. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ер юзидаги жамики бойликларнинг ярмидан кўпроғи 64 кишига тегишли.  Қуролли можаролар ҳақида Европа мамлакатларида ёшлар ўртасида ўтказилган сўровларда 83 фоиз киши замонавий урушларни “қизиқарли томоша” деб баҳолаган. АҚШ мактабларининг қуйи синфларида “Цитрус мевалар қаерда ўсади?”, деган саволга 68 фоиз ўқувчи “Супермаркетларда” деб жавоб қайтарган.

Бундай  маълумотлар Бразилия қамоқхоналарида битта китоб ўқиган маҳбуснинг қамоқ муддати 4 кунга камайтирилиши ёки Хитойнинг кўпгина вилоятларида раҳбарлар, тарбиячилар ҳамиша китоб ўқишлари зарурлиги тўғрисидаги хабарларни босиб, янчиб кетади. Бразилиялик қўриқчилар нега энди махбусхонада ўзини яхши тутган, ички интизом қоидаларини бузмаган, белгиланган миқдордан кўп маҳсулот ишлаб чиқарганларни эмас, айнан китоб ўқиганларни рағбатлантирар экан, деган савол кимдадир туғилиши мумкинми? Мумкин, аммо… кимда?

Белорус пойтахти Минск шаҳрида Халқаро китоб кўргазмаси доирасида ўтказилган “Ёзувчи ва давр” симпозиумида дунёнинг ўттиздан ортиқ  давлатидан келган шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар, жумладан, ўзбек адиблари дунёнинг бугунги ижтимоий-сиёсий, маданий-ахлоқий муаммолари, бадиий адабиёт, таржимашунослик олдида турган вазифалар хусусида фикр юритдилар.

Давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, инсон ўзининг бугунги ҳаётидан, туриш-турмушидан, орзу-ниятлари рўёбга чиқаётганидан бугун рози бўлиб яшаши зарур. Таассуфки, бунга эришаётган, бундай даражага яқинлашаётган давлатлар билан бирга, орзу орзулигича, ният ниятлигича қолаётган, шунчаки тирикчилик, кун кўриш, қозон қайнатиш  машаққатли тус олаётган жойлар ҳам бор ва улар оз эмас. “Совуқ уруш” ҳолатидан халос бўлган дунё бугун яна қурол пойгаси томонга бурилмоқда. Бу жараённинг бориши мавлоно Румийнинг камбағал муаллим ҳақидаги ҳикоятини ёдга солади.

“Фақир бир муаллим бор эди. Камбағаллиги шу даражада эдики, қишда бир жубба киярди, холос. Бир кун сел келди, унда бир айиқнинг боши оқиб борарди. Муаллимга талабалари “Бир пўстин оқиб келяпти, керак бўлади”, дейишди. Муаллим кийимга муҳтожлиги туфайли ўзини сувга отди ва бориб, “пўстин”ни ушлади-ю, шу заҳоти баҳайбат айиқнинг чангалига тушди. Шогирдларнинг: “Муаллим, ё пўстинни келтир, ё ўзинг кел”, деган сўзларига жавобан: “Мен пўстинни қўйиб юбордим, аммо у мени қўйиб юбормаяпти”, деб жавоб қилди”.

Қуролфурушлар фақир муаллим ҳолида эмаслар. Аммо бошқаларга нисбатан бой ва кучли бўлиш, кучсизларни итоат мақомида ушлаш, яккаҳокимлик истаги уларни шафқатсиз офат гирдобига отди ва даҳшатли чангал тутқунига  айлантирди. Европа икки бор жаҳон урушини бошидан кечирди. Мислсиз талафотларга дуч келди. Ёнди, куйди, майиб-мажруҳ бўлди. Эндиликда эса бу балодан қутилиш йўлларини қидирмоқда, аммо  қанча уринмасин, нажот йўлини топаётгани йўқ.

Ёввойи табиат жаҳон фондининг 2017 йилги ҳисоботида келтирилишича, кейинги 40 йил ичида дунё миқёсида парранда, балиқ ва амфибиялар 60 фоизга қисқарган. Кўл, дарё ва ботқоқликларда яшовчи мавжудотлар нисбатан кам қисқарган, ичишга яроқли сувлардагилар эса 81 фоизга камайган. Ҳар йили дунёда 5 миллион гўдак турли касалликлар, очлик, уруш ҳаракатлари боис нобуд бўлади. 60 миллион бола мактабга бормайди. Шунга қарамай, дунё мамлакатларининг ҳар йилги ҳарбий харажатлари 1 триллион 700 миллиард доллардан ошиб кетган. Ўз бошидан не-не бало-қазоларни ўтказган, бугун ҳам жароҳатлари битмаган Яқин Шарқ мамлакатлари қурол харид қилишда пешқадамлик қилишмоқда.

Симпозиумда иккинчи жаҳон урушининг белорус тупроғидаги кечган қонли жанглари, оғир йўқотишлар, қатлиомлар, азобли жароҳатлар, хотиралардагина яшаб қолган тақдирлар тўғрисида, бундай шароитда бадиий адабиёт олдида турган бош вазифа, ижодкор зиёлининг маънавий масъулияти, уйғоқлиги, қалб кўзининг очиқлиги хусусида куюнчак фикрлар билдирилди. Айни шу пайтда телеканаллардан бирида атом қуролини биринчи бўлиб қўллаш ҳуқуқи хусусида жиддий баҳс борди. “Бу ҳуқуқдан фойдаланиш зарур” деган ҳайқириқ янгради. Инсон ўзи тарбиялаб вояга етказган “аждаҳо”га банди бўлиб қолган экан, бундан ортиқ фалокатни тасаввур қилиш қийин.

Ёзма адабиёт юзага келганидан бери Сўз инсон, жамият ва табиат тақдирига бефарқ бўлмаган. Қуръони карим суралари нозил бўлган пайтлардан бошлаб то ҳозирга қадар шундай. Ҳамма жойда, ҳамма замонларда шундай бўлган. Сўз ҳеч қачон жим турмаган, адабиёт жимлик кўчасига кирмаган, бепарволик ҳолатига ўтмаган. Ҳазрат Алишер Навоий асарларида, Машраб ва Бобур ғазалларида, Макиавелли ўгитларида, Балзакнинг ХIХ аср француз ёзувчиларига мактубида, Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”да, Фитрат ва Исмоил Гаспринский тадқиқотларида буни яққол кўрамиз. “Жим туролмайман” дея ҳайқирган Эмил Золя ва Лев Толстой битикларида адабиётнинг мангу бедорлигига амин бўламиз. Шундай экан, ёзувчи ва давр мавзуси бир йиғинлик, бир суҳбатда поёнига етадиган мавзу эмас. У ижодкор зиёлилар учун ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун кураш, танланган йўлни ёритиш, хатоларни англаш, миллатнинг тили, дини, тарихи ва  қадриятларини асраб-авайлаш имкониятидир.

Сўз ўз ҳолича яшамайди. У фикрга айлансагина, маълум таъсир кучига эга бўлади. Фикрлаётган одам яшашда давом этади. “Фикрлашдан тўхтаган одамнинг умри  тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади”. Фикр жамиятни ҳаракат ҳолатида, ривожланишда ушлаб туради.

Белорус заминида ўтказилган машваратда бадиий сўзнинг бугунги ҳолати, таъсир кучи, холис ва ҳаққонийлиги жиддий муҳокама қилинди. Гарчи, сўз, бадиий адабиёт, ёзувчи ва жамият муносабатларига доир баҳсли, тор қобиқли фикрлар ҳам билдирилган бўлса-да, дунёнинг тўрт қитъасига мансуб мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, адабий жараён ҳақида маълум тасаввурга эга бўлинди. Аммо, инсониятнинг энг буюк ихтироси  бўлмиш китобга муносабат ҳамма жойда ҳам бир хил эмаслиги ошкор бўлди. Кўп жойда у бойлик орттириш воситасига айлантирилган. Фақат шу эмас, таассуфки, китоб орқали тарихни сохталаштириш, ўқувчини чалғитиш, одамлар кўнглига қўрқув солиш, миллатлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаракатлари  мавжуд. Бу борада фаоллик қилаётган ноширлардан бирини суҳбатга тортаман. “Э биродар, ўлдим-куйдим қабилидаги шеър, романларни ўқийдиган замонлар ўтди. Лирика билан қорин тўйдириб бўлмай қолди. Китобхонни қизиқтиришимиз керак”, дейди у бамайлихотир. Белорус Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Чергинец афсус билан бош чайқайди: “Ўтган йили бир қатор Европа мамлакатларида йилнинг энг кўп ўқилган китоблари аниқланибди.  Қайси  китоблар ғолиб бўлганини биласизми? Ошқозонни тозалаш мавзусидаги китоблар. Мана сизга, бугунги китобхон. Ғалабанинг 74 йиллиги олдидан нашр этилаётган хотира китобларни  ёшлар берилиб ўқишаётгани йўқ. Уларни бошқа мавзулар қизиқтирмоқда.  Бир мамлакатда эмас, бутун дунёда тинчлик-тотувликни сақлаш бирламчи вазифа бўлиб турган пайтда буни тушуниш қийин. Ўтган йили Ўзбекистонда Ғалаба куни қандай нишонланганини кўриб, ҳавасим келди”.

Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Ивановнинг фикрича,  ёзувчилар орасида бирлик, ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, турли бўлинишлар ижодий жараёнга салбий таъсир кўрсатмоқда. “Бу ерда Чингиз Айтматовнинг умуминсоний маданиятни юксалтириш учун,  аввало, миллий маданиятлар ривожига эътибор бериш зарурлиги тўғрисидаги фикри айтилди, – дейди у. – Бу фикрга тўла қўшиламан. Миллий адабиётлар маданиятлар каби бир-биридан узоқлашмаслиги керак. Афсуски, биз – бу ерга йиғилганларнинг барчаси, бир-биримизни эндиликда яхши биламиз, ижодимиздан, ютуқ-камчиликларимиздан хабардормиз, дея айта олмаймиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда китобхонлик маданиятини ошириш, Ёзувчилар уюшмасини, ижодкор зиёлиларни, айниқса, катта адабиётга кириб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорини ўқиб беҳад мамнун бўлдим. Буни ўзбекона мурувватнинг янги кўриниши деса бўлади”.

Шимолий Кавказ халқлари адабиётлари бўйича мутахассис Пётр Чекалов  абазин халқнинг маънавий эҳтиёжлари хусусида фикр юритди. “Бу тилда бор-йўғи 35-40 минг киши сўзлашади. Янги матбуот  нашрлари ташкил этиш, ягона театрни  ривожлантириш, мактаблар қуриш зарур”, дейди у.

Италиялик шоир Гоффредо Муратжанинг мушоҳадалари анжуман иштирокчиларида кучли таассурот қолдирди: “Мен кўп йиллар Аргентинада, Чилида яшадим. Дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлдим. Бир ярим йилдан бери Белорусда яшайман. Саёҳатларим давомида шуни англадимки, одамлар бир-бирларини яхши билишмайди, кўп ҳолларда янглиш тасаввурлар қобиғида қолиб кетишади. Бу камчиликни тузатиш, менингча, адабиётнинг, санъатнинг, биринчи навбатда, шеъриятнинг иши. Шеърият ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган, аксинча, у бир-бирини тушунмаган икки кишини сирдошу дилдош қилади. Унинг бу имкониятидан  фойдаланиш керак”.

Фақат шу эмас, Сўзни, адабиётни, адабий тафаккур ва китобхонлик маданиятини  она-табиат, сув ва ҳаво, Ер ва осмон каби асраш, пок сақлаш зарур. Ўлжас Сулаймонов таъбири билан айтганда, адабиётни “ўзининг аввалги тахтига“ қайтариш керак. Германияда ҳар йили ўтказиладиган йирик халқаро китоб кўргазмасининг расмий шиори “Бугунги дунёни фақат китоб қутқариши мумкин”, деган таъсирчан жумладан иборат. Шундай, аммо, бефарқ бўлинса, китоб дунёни бузиши, инсон руҳий оламини булғалаб ташлаши ҳам мумкин.

Нима қилиш керак, деган савол қўймоқчи эмасман. “Ўзини ҳурмат қиладиган одамнинг сўзи ҳам ҳурматли бўлади”, деган ҳикматли гапни ёдга олмоқчиман, холос. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари мустақилликка эришган Ўзбекистонга келмоқчи бўлганларни: “Хўш, ўзбекларнинг пахта ва тилладан бошқа яна нимаси бор?” деган савол ўйлантирарди. Эндиликда Ўзбекистоннинг янги сиёсий йўли, ижтимоий-сиёсий муаммолар ечимига янгича ёндашув, эл-юрт билан мулоқот, ошкоралик бундай саволларга ўрин қолдирмади. Мамлакатимиз дунё нигоҳида ибрат ва ҳавас манзилига айланиб бормоқда. Шундай, аммо ҳали бажариладиган ишлар, ечиладиган муаммолар, текисланадиган йўллар, ободланадиган кўнгиллар кўп, лекин фаровон келажак сари одимларимиз шахдам, мақсадимиз аниқ. Фақат… бу шахдам ва аниқлик тезроқ адабиётга ҳам кўчиши зарур. Борган жойимизда “Бизда мана бундай, мана бундай асарлар бор, инглизча, немисча ёки французчага таржима қилинса ижобий маънода шов-шув кўтарилиши аниқ”, дея олишимиз керак. Ҳозирча, бу маънода овозимиз жарангдор эмас.

Африканинг қайси бир пучмоғида яшайдиган икки юздан ортиқроқ қабила аъзолари гапни чўзмай, йиллар давомида талашиб-тортишмай, ўзларининг миллий алифболарини яратишибди ва бу алифбода Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссасини китоб ҳолида чоп этиб, ўқий бошлашибди. Биз эса… салкам ўттиз йиллик вақтни қўлдан бой бердик. Ўзимизни ҳам, ўқувчиларни ҳам бундан-да оғири, ўзбек тилини ўрганаётган хорижликларни ҳам қийнадик. Ёзувдаги чалкашлик илмий, бадиий тафаккурга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу тугунни академик Абдулла Аъзамов тўғри таъкидлаганидек (қаранг: “Тафаккур”, 2019, 1-сон), шошма-шошарлик қилмай, яна хатога йўл қўймай, тезроқ ечиш керак.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 3-сон