Бахтиёр Исабек. Буюк қомусий олим

Тилшунос олим сифатида буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” асарини қайта-қайта ўқийман. Қизиғи, бу асар билан қанча кўп шуғуллансангиз, шунча кўп илмий ҳақиқатлар, янги хулосаларга дуч келасиз ва буюк олимнинг илмий салоҳияти, ўткир зеҳни, кенг мушоҳадасидан ҳайратга тушасиз. Тилимизнинг салкам минг йил олдинги ҳолати ва бугунги шакли ҳақида муайян қиёсий тўхтамлар чиқариш имконига эга бўласиз. Шу муносабат билан қадим тилимизнинг ривожи йўлида оламшумул хизмат қилган олимнинг илмий изланишлари ҳақида айрим мулоҳазаларимни муҳтарам журналхонлар билан ўртоқлашсам.

* * *

Милодий IX асрдан XVI асргача бўлган узоқ муддат тарихимизнинг маданият ва илм-фан тараққий этган ажойиб даври эди. Бу даврнинг улуғ алломалари қаторида Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ибн ал-Муҳаммад Кошғарийнинг алоҳида ўрни бор. Бу улуғ бобомизнинг бизгача етиб келган ягона асари “Девони луғатит турк”дир. Лекин мана шу бир асарнинг ўзи биланоқ Маҳмуд Кошғарий жаҳон тилшунослиги, хусусан, туркологияда энг йирик, истеъдодли олимлар қаторида етакчи ўринни мустаҳкам эгаллади. Яна шуниси эътиборлики, асар ёзилганидан кейин орадан 800 йил ўтиб, жаҳон илм аҳлига маълум бўлганига қарамай, туркология фанининг кейинги тараққиётига беқиёс таъсир кўрсатди. “Туркология” деганда фақат тилшунослик билимини эмас, туркийлар тарихи, этнографияси, адабиёти, оғзаки адабиёти, тарихий географияси, картографиясини тушунсак, Маҳмуд Кошғарийнинг илмий хизмат кўламини анча равшан кўра бошлаган бўламиз.

Ўрта асрларда юзага келган араб тилшунослиги замонасининг энг илғор тилшунослиги бўлиб, унинг ўрганиш объекти, асосан, араб тили бўлган, бошқа тилларга икки ва кўп тилли луғатлар тузиш жараёнидагина, яъни уларнинг фақат лексикасига эътибор берилган. Бундай луғатларда араб тилига нисбатан алоҳида ҳурмат, унинг луғавий қудратини кучайтириб кўрсатиш тамойиллари кучли бўлгани ҳолда, Маҳмуд Кошғарий биринчи бўлиб, туркий тилни араб тили билан тенг қудратли тил сифатида кўриб, “бу икки тилни мусобақа қилиб чопишаётган икки улоқчи от”га менгзайди. Олим ўша даврда араб тили сиёсатда, илмда ҳукмрон мавқега эга бўлишига қарамай, ўз ватандошлари ва ҳукмрон салтанат аъёнларига туркий тил тузилиши: фонетикаси, грамматикаси, сўз ясалиши, лексикасини ўрганишни илк бора бошлаб берди. Мана шундай тушунча асосида олим араб тилли инсонларни “туркий тилни ўрганиб, ҳукмдорлар илтифотига сазовор бўлиш”га ундайди.

Шундай қилиб, аслида амалий мақсадда ёзган асари билан Маҳмуд Кошғарий Яссавий ва Навоийлардан ҳам олдин туркий тил инсоният ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши учун, унинг қўлланиш доираси кенгайиши учун, туркий тил софлиги учун курашнинг етакчисига айланди.

Агар ҳозирги замон филолог олимлари ҳам туркий тилдаги сингармонизм ҳодисасини унлилар чўзиқлиги билан чалкаштириб, баъзилари фақат унлилар уйғунлиги билан чегаралаб юрган бўлса, бундан минг йил олдин бу фонетик ҳодисани соддагина қилиб: “к” товуши қўлланган масдарда ўтган замон ва ҳозирги замон (феъллари) юмшоқ, “қ” товуши қўлланган сўзларда қалин бўлиши доимий ва асосий қоидадир”, дейиш билан, биринчидан, унлиларнинг чўзиқ ёки қисқа бўлиши сингармонизмга алоқаси йўқлигини илмий исботлаган бўлса, иккинчидан, тил билимига дохил кишиларга сингармонизм сўздаги барча товушларга (унлилар ва ундошларга) бирдек тегишли эканлигини исботлаб берди. Бу фикр ҳозиргача “туркий тилларда ундошларнинг юмшоқ ва қаттиқ вариантлари борми-йўқми” каби долзарб саволларга ҳам жавоб эди.

Маҳмуд Кошғарий аслида онгли тарзда туркий тиллар қиёсий грамматикаси ва лексикологиясини яратди, туркий тиллар лаҳжаларидаги товуш мосликлари, унлилар сингармонизми, туркий тиллар морфемаларини ажратиб кўрсатиб, уларни синчиклаб таҳлил қилди. Афсуски, ўз ғоялари билан давридан илгарилаб кетган бу асар, тилшуносликнинг тараққиётига ўз вақтида таъсир ўтказа олмади, чунки у фақат 1912–1915 йиллардагина кашф қилинди.

Маҳмуд Кошғарий илмий методи билан, қиёсий-тарихий метод асосчиларидан бири ҳисобланмиш Якоб Гримм методини солиштириб кўрайлик. Чунки Гримм ҳам бир тил оиласи доирасида илмий ишлар олиб борган. Н.А.Кондрашов: “Гримм алоҳида олинган ҳинд-оврупо тиллари тарихини ўрганишда тил фактларига амалий ёндошиши билан бошқа тиллар тадқиқотчиларига мислсиз таъсир кўрсатди. “Немис грамматикаси” асарида Гримм тилшуносликнинг умумий қоидаларини яратиш ёки дадил бир фикрларни илгари суриш йўлидан бормади. У қариндош тилларни ўрганишга тарихий ёндошиб, герман тилларида грамматик шакллар ўзгаришининг ҳақиқий манзарасини акс эттирди. Гриммнинг яна бир тамойили фактларни синчиклаб ўрганишга интилиши эди. Ҳинд-оврупо бобо тилидаги “бҳ”, “дҳ”, “гҳ” товушлари герман тилларида: “б”, “д”, “г”га; ҳинд-оврупо тилидаги “б”, “д”, “к” товушлари эса “п”, “т”, “к”га ўзгаришини кўплаб тил фактлари асосида исботлаб берди. Бу фонетик қонунларнинг дастлабки намунаси бўлиб, исталган ҳозирги замон тили тарихи ана шуни эътироф этиш ва англашга таянади”.

ХIХ асрда Оврупода вужудга келган қиёсий-тарихий тилшунослик билан ХI асрдаги Маҳмуд Кошғарий ижоди орасидаги фарқни аниқлаб хулоса чиқаришни биз ўқувчиларимизнинг ўзларига қолдирамиз ва бунинг учун “Девон”дан айрим фактларни келтирамиз:

“ўғузлар ва қипчоқлар (қорахонийлар лаҳжасидаги – давр адабий тилидаги. – Б.И.) “н” ўрнига “қ” қўллаб, “ғ” ни тамоман туширадилар. Бу тизимли бир қоидадир”;

“…“б” товуши билан “т” товуши, “н” товуши билан “л” товуши алмашиниши ва бошқа алмашишлар доимийдир”;

“Билгинки, бу тилда феъллар буйруқдан ясалади. Буйруқ шакли ўзак бўлиб… феъл шакллари буйруқ охирига турли қўшимчалар қўшиш билан ясалади”.

Булардан ташқари, туркий тиллар (аниқроғи лаҳжалар, чунки Маҳмуд Кошғарий қарашича, туркий тиллар ҳозирги тушунчадаги қариндош тиллар эмаслиги, балки бир-бирига нисбатан лаҳжа, шева мақомида эканлиги аниқ кўриниб туради)ни ўрганишни осонлаштириш учун ҳам қиёсий қоида, яъни ўзига хос метод қўллаганини таъкидлайди: “…асарнинг қийматини ошириш, фойдаланувчиларга осонлик туғдириш… (мақсадида) ҳар бир қабила тили хусусиятларига кўра қиёсий қоидалар туздим”.

Кошғарий мазкур асарда фақат қариндош тилларнинг (генеологик) қиёсигагина эмас, бошқа тилларнинг ҳам (типологик) фонетик ва грамматик хусусиятларини қиёслаган. Олимнинг араб тилидаги олд қўшимчалар билан туркий тилдаги ўзакдан кейин қўшиладиган қўшимчалар вазифаси бирлиги ҳақидаги қараши қуйидаги кўчирмада акс этади: “…бу хил сўз охиридаги “к//г” қўшимчалари арабча феъл олдига қўшилиб, қурол оти ясовчи “м”га ўхшайди”.

Араб тили билан туркийчани мукаммал ўзлаштирган олим туркийда “улук” сўзининг “улуш” шакли ҳам борлиги ҳақида фикр юритиб, бу ўринда “к” товуши “ш”га айланиши ҳодисасини араб тилидаги бир мисол билан қиёслайди ва “бу ҳар икки тилда “к”ли шакл дастлабки, “ш”ли шакл кейинги” эканлигини айтиб ўтади. Гарчи “Девони луғатит турк”да бобо тилни тиклаш мақсади бўлмаса-да, бу жараёнда тилда табиий ўзгаришлар, тарихий тараққиёт бўлганини қайд этади.

Шу ўринда Маҳмуд Кошғарий араб тилшунослиги таъсирида туркий тилдаги сўзларни морфологик жиҳатдан уч туркумга (исм, феъл, ёрдамчилар) ажратгани ҳақидаги қарашга оид айрим мулоҳазаларни билдириб ўтсак.

Яқин-яқингача “Маҳмуд Кошғарий ўрта асрлар араб тилшунослиги ва тили таъсирида туркий тилда ҳам ҳозирги тилшунослигимиздаги от, сифат, сон, олмош, равишлар ўрнида битта сўз туркуми – исмни ажратиб кўрсатиб, уни араб тили қолипига тиқиштирган” деган нохолис хулосалар мавжуд эди. Кошғарий мазкур асарда нима учун туркий тилда фақат учтагина сўз туркуми бор деб ҳисоблаган? Бу саволга қуйидаги асослар орқали жавоб топиш мумкин:

1) туркий тилларда (ўша даврда ҳам, ҳозир ҳам) исм деб атаган сўз туркумлари (от, сифат, сон, олмош) орасида шаклий фарқ йўқ, мазмун фарқлари эса морфологик ажратиш учун асос бўла олмайди;

2) исмларнинг турланишида бир-биридан фарқ қиладиган жиҳати йўқ, яъни бегона тиллардаги каби ҳар бир сўз туркуми ўзининг турланиш тизимига эга эмас. Феъл (унинг биз ҳозир феълнинг вазифадошлик шакллари ҳисоблайдиган сифатдош ва ҳаракат номининг айрим турларини олим асосли равишда исм тоифасига киритади) ва ёрдамчилардан бошқа ҳамма сўзлар турлана олади;

3) исм деб аталган бир туркум сўзлар иккинчи туркумга ҳеч қандай морфологик ўзгаришсиз ўта олади. Биз буни асоссиз тарзда “отлашиш” деб атадик, ҳолбуки, тилимизда фақат отлашиш эмас, сифатлашиш (тахта кўприк), равишлашиш (яхши гапирди) каби ҳоллар борлигини синтактик ўлчовлар билан ўлчашга мажбур бўлдик. Умуман олганда, туркий тилда сўз туркумларининг биридан иккинчисига ўтиши Маҳмуд Кошғарий белгилаганидек, улар бир катта – исм аталмиш сўз туркуми билан боғланишини кўрсатади;

4) туркий тилда исмлар билан феъллар орасида ҳам баъзан чегара йўқолиши, бу тилнинг бошқа тиллардан ажратиб турадиган муҳим жиҳатидирки, ҳозирги ўзбек тилидаги мисоллар буни тўла тасдиқлайди, яъни исмлар ҳеч қандай морфологик тайёргарликсиз туслана олади: одамман, одамсан, одам// одаммиз, одамсиз, одам // ёмонман, ёмонсан, ёмон// ёмонмиз, ёмонсиз, ёмон// кимман, кимсан, ким// киммиз, кимсиз(лар), кимлар//озман, озсан, оз// озмиз, озсиз, оз. Бу тусланиш феълнинг ўқийман, ўқийсан, ўқийди// ўқиймиз, ўқийсиз, ўқийди тусланиши билан айнан эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.

Юқоридаги қарашлардан келиб чиқиб, Маҳмуд Кошғарий араб тили, араб тилшунослиги таъсирида эмас, балки туркий тилнинг табиий хусусиятлари ва морфологик ўзига хосликларидан келиб чиқиб, туркий тилдаги сўз туркумларини учта деб белгилайди, деб хулоса чиқариш илмийроқдир.

Бундан ташқари, биз рус тилшунослиги воситасида Европа тилшунослигидан кириб келган – аналогия, метонимия, метафора каби илмий тушунчалар бизнинг тилшунослигимизда бундан 800 йил муқаддам Кошғарий қайд этган мисолларда мавжудлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, турли тилларнинг ўзаро муносабати масаласида ҳам Маҳмуд Кошғарий ўз замонасидан анча ўзиб кетган эди. У туркий тиллар учун “ҳ” товуши ёт эканлиги ҳақида сўз юритиб: “хўтанлилар сўзида бу товуш учрайди, чунки бу ҳинд тилининг таъсиридир”, дейди. Менимча, бу мисолни жаҳон тилшунослиги тарихида қўшни яшаган халқлар тили бир-бирига фақат лексик эмас, фонетик томондан ҳам таъсир этиши масаласида келтирилган дастлабки илмий далил сифатида қабул қилиш мумкин.

Маҳмуд Кошғарий ота тилининг мантиқий тил эканлигини англаб, бу билан фахрланганини биз доим ёдда тутишимиз ва у зотга тилимизга муносабат масаласида эргашишимиз керак. Масалан, тилимизда кишини унча хурсанд қилмайдиган бир қайта ўзлашма бор: руслар “Гора с горой невстречается, человек с человеком встречает”, дейди. Биз уни “Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади”, дея таржима қилганмиз. Ҳолбуки, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” асари кашф қилингач, бу мақол “Тоғ тоғ билан қовушмас, киши киши билан қовушур” шаклида ўз мақолимиз эканлиги маълум бўлди. Гап бу ерда мақол ҳақида эмас, балки тилдаги мантиқийлик ҳақида кетмоқда. Кошғарийдаги “қовушмас” сўзи русларда “учрашмас” шаклида нотўғри олинган. “Учрашмоқ” феълини эса тоққа нисбатан қўллаш нотўғри. Чунки тоғ жонли мавжудотлар каби ҳаракатланиш қобилиятига эмас. Ана шунинг учун ҳам Кошғарий масалага тўғри ёндашган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Маҳмуд Кошғарий бу асари билан туркий тил билимдони сифатида ўз она тили қудрати, жозибасининг дунё миқёсида тан олинишига улкан ҳисса қўшди. Тилшунослигимизнинг тамалтошини қўйган қомусий олим сифатида ҳам унинг хизматлари бебаҳо. Бундан-да муҳими, тилшунос бобомиз она тилининг тақдири учун жонкуярлик қилувчилар сафида ҳам илғордир.

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 5-сон