Буюк рус физиологи Илья Ильич Мечниковнинг “Инсон табиати ҳақида лавҳалар” (“Этюды о природе человека”) ва “Кўтаринки руҳ лавҳалари” (“Этюды оптимизма”) номли илмий тадқиқотларида одамнинг турфа хил руҳий ҳолатлари таҳлил этилади. Хусусан, “Кўтаринки руҳ лавҳалари” китобининг “Гёте ва телбалик” бобида руҳий парвоз ва инқирознинг туб илдизлари очиб кўрсатилиб, аслида бир-бирига батамом зид бу икки ҳолатнинг, юзаки қараганда, нақадар ўхшашлиги алоҳида таъкидланади. Мазкур китобда ва, умуман, ғарб фанида оптимизм билан пессимизм ўртасидаги кескин фарқни кўрсатишда шундай муқояса қўлланади: бирон идишнинг ярмини ташкил этувчи оби ҳаётга қараб оптимист идишнинг ярми тўлалигини, пессимист эса, аксинча, ярми бўм-бўшлигини кўради. Айни шу кўзқарашга кўра, оптимист бизнинг тилимизда “некбин”, пессимист эса, “бадбин”, деб аталади. Шарқда дунёни кўтаринки руҳда некбинларча идрок этиш ва инсон ҳаётини бутун рангинлиги билан аслида қандай бўлса шундай кўриш ҳамда кўрсатиш фаннинг ҳам, диннинг ҳам, адабиётнинг ҳам пировард мақсади бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.
Руҳшунос олимлар одам боласининг ботини, яъни муайян руҳий ҳолатини, аввало, иккига бўлиб тасниф қиладилар: кўтаринки руҳ ва тушкун руҳ. Одатда, ҳар икки руҳий ҳолат, табиийки, ниҳоятда беҳисоб ташқи ва ички сабабларга эга бўлади. Дейлик, балоғат ёшидаги йигит-қизнинг тушкун кайфиятда ва, аксинча, етмиш яшар чолнинг кўтаринки кайфиятда бўлиши алоҳида зоҳирий ва ботиний сабабларга эга ҳолатлардир. Кўтаринки руҳ, интилиш-иштиёқ, ғайрат-шижоат, ҳаётга муҳаббат, яшашга чанқоқлик, “кўнгилнинг ёшлиги”ни умрининг сўнгги лаҳзаларига қадар йўқотмасдан сақлаб қолиш истаги одам боласининг қонида азалдан мавжуд. Айтиш мумкинки, фан ҳам, дин ҳам, адабиёт ҳам, аввало, айни шу истакни имкон қадар рўёбга чиқариш, тушкун кайфиятга ўрин қолдирмаслик ва кўтаринки руҳни қарор топтиришга ҳамиша интилиб келади. Айни шу муштарак мақсад йўлида бу уч ижтимоий ҳодиса — ўзига хос “уч оға-ини ботирлар” ҳамиша собитқадам ва бир-бирларига елкадошдир. Шу боисдан, Яссавий ва Югнакий ҳазратларидан бошлаб Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпонга қадарлик энг улуғ адибларимиз шунчаки ёзувчи-воқеанавис эмас, руҳият дунёсини не бир олиму диндордан теранроқ бўйлай оладиган руҳшунос ҳамдирлар. Нафақат бу улуғ аждодларимиз ижоди, бутун мумтоз оғзаки ва ёзма адабиётимиз, аслини олиб қараганда, тингловчи-ю ўқувчида тушкун эмас, аксинча, кўтаринки руҳни тарбиялаб камол топтириш, инжа кўнгилларни чўктириш эмас, аксинча, хира кўнгилни сув ичгандек равшан торттириш, хуллас, руҳни поклаш ва юксалтиришга қаратилгандир. Ўзбек халқ эпоси — “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек ва ё буюк мутафаккиримиз Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳодни “афсонавий қаҳрамон”, “идеал (хаёлий) қаҳрамон” дея талқин қилиш, уларни асл ҳаёт ҳақиқатидан бирмунча йироқ ҳавойи-баландпарвоз қаҳрамонлар сифатида тушунтириш шўро адабиётшунослигида анчагина кенг тарқалган эди. Бу, аслида, мустабид мафкура талаби эди, албатта. Ҳолбуки, Алпомиш ҳам, Фарҳод ҳам тамомила ҳаётий қаҳрамонлар эди ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади. Тўғри, улар шўро тузуми зўр бериб талаб қилган “оддий одамлар” эмас, том маънодаги қаҳрамонлар, комил инсон тимсолларидир. Бу майда ташвишларга ўралашиб умргузаронлик қилаётган майда кимсалар — “кичкина одамлар” эмас, ЙИРИК ШАХСлар, АСЛ ҚАҲРАМОНларнинг жонли қиёфаларини ёрқин чизиб кўрсатишда муболаға, ташбеҳ ва бошқа бадиий тасвир воситаларини қўллашдан мақсад ҳақиқатдан чекиниш эмас, балки уни заррабиндек бўрттириб-қавартириб, йириклаштириб, камалакдек рангинлиги билан ёрқинроқ кўрсатиш ҳисобланади. Чунончи, қаҳрамоннинг гўёки олдидан тоғ чиқса кемириб, дарё чиқса симириб, ҳар қандай тўсиқлардан мардонавор ошиб ўтиши, қайтмаслиги, ботирлиги, букилмас иродаси, енгилмаслиги, улуғ мақсад йўлида собитқадамлиги ва бошқа ибратли инсоний фазилатлари тингловчи-ю ўқувчида кўтаринки руҳ ҳосил қилиш, унга руҳий қувват, янги шиддат-шижоат бахш этиш, уни буюк ишларга руҳан чоғлашга қаратилгандир.
Агар ўзбек романчилигининг фавқулодда мустаҳкам асос-пойдеворини ташкил этувчи икки мумтоз асар — “Ўткан кунлар” билан “Кеча ва кундуз”ни қиёсий таҳлил қилиб қарасак, ҳар иккисида ёрқин миллий қиёфага эга ҳаққоний қаҳрамонларнинг инсоний қисматлари ибратли тарзда очиб берилганини кўрамиз. Яна шуниси ҳам борки, ҳар икки асарнинг бош қаҳрамонлари — Отабек ҳам, Мирёқуб ҳам — савдогарлар, тижорат соҳасининг вакиллари. Лекин улар бир-бирларига батамом зид инсоний табиат ва феъл-атворга эга савдогар-ишбилармонлардир. Отабек тижорат ишини ҳар бир одам ва бутун бошли халқнинг соғлом руҳияти, юксак маънавиятини таъмин этувчи муҳим омил деб билади. Ўзи мансуб халқнинг маънавий етуклиги ва руҳий баркамоллиги, инжа кўнгилларнинг ободлиги-чароғонлиги йўлида жон куйдирувчи комил инсон ҳисобланади. Мирёқуб эпақа эса, аксинча, руҳий тубанлик, разолат ва фаҳш ботқоғига ботиб, бу беомон ботқоқдан қутулиб чиқишга, ўзлигини англаб етиш ва руҳини поклашга жон-жаҳди билан уринаётган балойи нафс бандасидир. Асардаги Нойиб тўра таърифлаганидек, “Чакки шу Сартияда туғилиб қолган америкача бизнесмен”. Агар ўзбек китобхонидан “Бу икки қаҳрамон (Отабек ва Мирёқуб) ва, умуман, икки роман(“Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”)дан қай бири сизга севимлироқ ва руҳан яқинроқ?”, деб сўрагудек бўлсангиз, шубҳасиз, у Отабек билан “Ўткан кунлар”ни тилга олади. Чунки булар китобхонда кўтаринки руҳ, наригилари эса, аксинча, тушкун руҳ ҳосил қилиб, бири кўнгилларни сув ичгандек равшан торттирса, иккинчиси кўнгилни хира қилиб, ғам-ғуссага чулғаб, тушкун кайфият ҳосил қилади. Одам боласининг бу қадар руҳан тубанлашиб, разолат, худбинлик, балойи нафсга асир бўлиб қолиши ўқувчининг юрагини баайни ўртаб юборади. Ажабланарли ҳол шундаки, замонавий ўзбек адабиётида тўлақонли ва киройи қаҳрамонларнинг жонли қиёфалари кўтаринки руҳда чизиб кўрсатилган дастлабки асар не бир орзулар билан адабиёт оламига қадам қўйган 22 яшар Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб эди! Беқиёс ижодий салоҳиятга эга бу ёзувчининг халқ ривояти асосида 1920 йилда яратган “Ёрқиной” драмасининг моҳиятини жиддийроқ бўйлаб қаранг! Бу асардаги битта-иккита эмас, бирйўла тўртта киройи қаҳрамон — Ёрқиной, Момо, Ўлмас ботир, Пўлат ботир ўзларининг оти билан ҳам, зоти билан ҳам ҳавас қилса арзигулик ибратли қаҳрамонлар. Янги даврнинг янги умумлашма қаҳрамонлари, ўзига хос тимсоллар эди улар! Ушбу драмада ёрқин ифодаланган кўтаринки руҳ билан “Кеча ва кундуз” романида ёрқин ифодаланган тушкун руҳ қиёсий таҳлил қилинса, шу икки асар оралиғида ўтган ўн олти йиллик бешафқат даврда бир улуғ сўз санъаткори фожиасини, унинг ҳар боб билан аёвсиз чўктирилган ва қайта юксалишдан умиди узилаёзган безовта руҳини теран ҳис қилгандек бўласиз. “Ўткан кунлар” романи билан “Обид кетмон” қиссасини қиёсий таҳлил қилганингизда ҳам шунга яқин руҳий ҳолатни кечирасиз. Бу, албатта, ҳар қандай кўтаринки руҳни тушкун руҳга айлантиришга қодир, не бир қатъи эътиқод ва улуғ мақсадда собитларнинг ҳам иродасини синдириб, кўнглини чўктириб, руҳини тушкунликка маҳкум этишга устаси фаранг бўлган мустабид шўро тузумининг шафқатсизлигини, бу тузумда руҳий инқироз ва ижодий таназзул муқаррарлигини аён кўрсата оладиган кўнгилсиз ҳодисалардир.
Адабиётимиз Чўлпоннинг “Ёрқиной” драмаси билан Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида гўзал ифодаланган кўтаринки руҳдан тобора чекиниб бораётгандек, назаримда. Романчиликда Чўлпон мактабидан Қодирий мактабига ўтиш, яъни руҳни яна бир карра чўктирадиган эмас, аксинча, юксалтирадиган, кўнгилларни тўқ, дилларни равшан қилиб, ўқувчини улуғ ишларга руҳан чоғлайдиган, ҳавас қилса арзигулик киройи қаҳрамонлар сиймолари ҳаққоний ёритилган баркамол романни амалда яратиш анчагина мушкул кечмоқда. Тўғри, неча минг йиллик шонли тарихимизни янгича идрок этиш бобида, айниқса, Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида фахрланиб тилга олсак арзигулик ютуқлар қўлга киритилди. Муҳаммад Алининг Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланган “Улуғ салтанат” роман-дилогияси, Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари” ва Асад Дилмуроднинг “Паҳлавон Муҳаммад” тарихий романлари руҳан нақадар бой ва маънавияти нақадар юксак покдомон зоти шарифларнинг қонуний ворислари эканимизни теран англаб, кўтаринки руҳ ҳосил қилишимизда беминнат кўмакдош бўла олади, деб ўйлайман. Чунончи, “Улуғ салтанат” асарида соҳибқирон бобомизнинг ўз ўғиллари Жаҳонгир Мирзо ва Умаршайх Мирзо билан мулоқотлари, жаҳоншумул ота ва бундай отага ярашуғли ўғил муносабатлари, айтиш мумкинки, Юсуфбек ҳожи ва Отабек муносабатлари қадар ҳавас қилса арзигудек даражада, ибратли тарзда таъсирчан қаламга олинади. “Яссавийнинг сўнгги сафари” романида улуғ руҳоний пири комилимиз, ҳазрати Султони Орифин Аҳмад Яссавийнинг чинакамига бепоён руҳий олами маҳорат билан ёритилади. Айни шу маҳоратга кўра мазкур асар, назаримда, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Кўҳна дунё”, “Авлодлар довони” каби мумтоз тарихий романларимиз қаторидан мустаҳкам ўрин олиши мумкиндек. “Паҳлавон Муҳаммад” тарихий романида эса, уч дўсти содиқ — қалам паҳлавони Алишер Навоий, салтанат паҳлавони Ҳусайн Бойқаро ва мардона кураш майдонининг том маънодаги асл паҳлавони Муҳаммад ўртасидаги дўстона муносабатлар таъсирчан лавҳаларда жонли чизиб кўрсатилади. Ушбу романда Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировдек устоз адибларимизнинг бир қатор асарларида қаламга олинган уч дўст муносабатлари ўзига хос тарзда, тарихий сиймолар мисолида янгича бадиий талқин этилади. Ҳар уч асар ўқувчи руҳини бойитиб, унга янги руҳий қувват бахш этиб, улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлишга астойдил даъват этиши билан алоҳида қадрлидир.
Лекин, афсуски, замонавий мавзудаги романларимизда бундай ибратомуз ҳодисалар ҳали-ҳануз камдан-кам!.. Жаҳон адабиёти, айниқса, ғарб романчилиги, дейлик, Жойс, Кафка, Борхес, Апдайк, Маркес ва бошқа романнавислар тажрибаларини пухта ўзлаштириб, ўзимизда янгича руҳий қувват ва ижодий имкониятлар ҳосил қилишга интилиш мумкин ва шарт, албатта. Лекин шуни ҳам назардан қочирмаслигимиз керакки, муаззам Шарқ адабиётида азалдан кўтаринки руҳ, ҳозирги ғарб романчилигида эса, аксинча, тушкун руҳ — одам боласининг руҳий таназзули ва маънавий қашшоқлашув жараёнларини ёрқин бўёқларда тасвирлаб кўрсатиш устиворлик қилади. Ўзбекистон давлати жаҳон халқлари ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, чинакамига алпомишона қадди-бастини тобора ростлаб келаётган шу кеча-кундузда эса, табиийки, бизга, қанчалик ёрқин бадиий бўёқларда ва минг бир жилваларда кифти келтирилиб тақдим этилмасин, ғарбона тушкун руҳ ифодаси, олди-қочди, ур-сур, қотиллик, зулм-зўравонлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, фоҳишабозлик, абсурд ва ҳоказолар қаламга олинган асарлар ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-руҳий юксалишимизга ёрдам бериш ўрнига, аксинча, халақит бериши табиийдир. Ҳолбуки, айниқса, бугунги кунда шарқона кўтаринки руҳ тасвири бизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ беминнат кўмакдош бўлиши шак-шубҳасиз. Одатда, ҳар бир давр ўзининг адабий қаҳрамонини талаб қилади. Бугунги кунимизнинг киройи адабий қаҳрамони эса, менинг тушунишимча, Ҳакимбек, Фарҳод ва Отабекдек том маънодаги комил инсонларнинг муносиб ворислари, бугунги кунимизнинг комил инсонлари бўлмоғи керак. Ўз қалбларида саховат, матонат, бунёдкорлик, ор-номус, диёнат, адолат, андиша, тавфиқ, субут, лафз ва бошқа кўпдан-кўп руҳий ганжиналаримизни асраб-ардоқлаб яшаётган асл қаҳрамонлар қиёфалари ҳаққоний ёритилган асарлар баайни сув билан ҳаводек зарур. Муҳтарам Юртбошимиз алоҳида таъкидлаб айтганларидек, “Юксак маънавият — енгилмас куч” экан, аввало, руҳимизда улуғ аждодларимиз шакллантирган юксак маънавиятни яна-да бойита оладиган, ўқувчида кўтаринки руҳ ҳосил қила оладиган асарларгина бугунги кунда ҳам, келажакда ҳам енгилмас руҳий куч-қувват ва маънавий қадрият бўла олади. Низомий ва Навоий, Жалолиддин Румий ва Фаридиддин Аттор, Ҳофиз ва Саъдий, Данте ва Гёте, Стендал ва Хемингуэй, Толстой ва Тагордек умумбашарий руҳиятнинг улуғ дарғалари қолдирган энг ибратли тажриба мана шу!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 12-сонидан олинди.