Замонавий венгер шеъриятида ўзига хос услуби билан китобхонлар эътирофини қозонган ёш ва истеъдодли шоир Янош Сентмартон (Szentmártoni János) 1975 йилда Будапештда туғилди. 2000 йилдан бери Венгрия ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Бугунга қадар шоирнинг 8 китоби нашрдан чиққан.
МЕНИНГ ШЕЪРИЯТИМ
Кунлаб, ҳафталаб, такрор ва такрор
тилсимли сўзларни қидираман…
топарман деб тинмай излайман,
ўзимни, ўзимни буткул унутиб…
Нима бўлди, нималар бўлди?
орзулар, туйғулар…
Бари бир-бир учиб кетади
сукунат ва сўнгсизлик сари…
тупроқ ва тошларни
тишлаб кўраман
тишларим синади
асабдан, асов жаҳлдан…
Яна ва яна кундалигимни
деворларга бир-бир ўяман…
бинолар қулайди,
деворлар қулар,
ёзувларда яширин туйғулар қулар,
бари, бари бирма-бир кетар,
юракда чуқур-чуқур излар қолдириб…
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси
ИТАКА
Елкам каби қотди мачта,
Ким ҳам ундан этар халос?
Денгизлардан париларни
Қайтаришга борми асос?
Итака ҳамон олисда
Эҳ, олислардан олисда!
Бари уйқаш, неки азиз
Ва сузмоқда у қаршимда.
Қаердасан, мени билган юрт,
Ҳар гўшаси қўним бўлган?
Тунлардаги пари қани,
Менинг учун шивирлаган?
Ўз тақдирим мени шилди,
Қўрқдим, унга бу ҳамон кам:
Шу тун мени, пўртана-ла
Хумга солиб қўйди маҳкам.
Энди Итака олисда.
Қайда хотира? Эртакми рўё?
Ул нотекис сув сатҳида
Пари юзи ниқобдек гўё.
Азоб берма менга оғриқ,
Кимман мен ва қаерликман.
Юртим ўти нигоҳимда,
Мавжлар ўйнар, мен ўликман.
Энди уйга қайтолмасман.
Чўкди ўтмиш шу гирдобга.
Бироқ қаддимни тутганман.
Кетмайман қазосиз хобга.
МЕНИНГ ШЕЪРИМ
Бугун шеър сукутда, савалаган каби
Кимдир ҳувиллаган хиёбон ичра.
Унинг кўзларида юлдузлар айлангандек,
Менинг кўзларимда ҳам ёришиб борар.
Шунда мен уни қучиб тортдим ўзимга,
Ҳа, дардни англаш-чун, шундай қилинар.
У шу он ёришди ва турди ўрнидан,
Гўё у дўзахдан қочган ҳурдек кўринар.
У зинапоя бўсағасига келиб ўтирди,
Буни қаердадир ўқигандим бир вақтлар.
Ҳоли афтода эди, камгап ва бежуръат,
Гўё бир-биримизга ўхшарди қалблар.
Қандай шамол олиб келди уни бизга
Ва кўйлакдек учирарди унинг қалбидан?
У балки, шундай саволга жавобдир:
Эртага не бўлар? Бироқ замин хокидан
Берилганми самовий маънини англаш?
Бизга бундан ўттиз танга яқинроқ.
Аллақачон таниганмиз она Заминни,
Қачондир зурриёдини хўрладик бироқ.
Ва у кечирди, майда ишни унутиб,
Ўша, тавба нелигини билмас касларни.
Ва шундай сен ҳам жимсан, менинг шеърим.
Эҳ, бошқача бўлсайди сенинг тақдиринг,
Унда мен сени тортмасдим ўзимга!
Даволайман тубсиз яраларингни,
Сенинг юзингга қараб, эшитарман
Ўзимнинг – заминнинг чексиз ёлғонин.
ХЎРСИНИШ
“Мана, мен топдим ўз ватанимни…”
– Ёмон бўлмасди шундай шеър ёзсам,
Шундан сўнг эса ўлмай узоқ яшасанг.
Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси