Меҳмет Нури Пармаксиз (1974)

Меҳмет Нури Пармаксиз (Mehmet Nuri Parmaksız) 1974 йил Истанбулда туғилган. Ғозий университетининг турк филологияси факультетини тамомлаган. “Сел томчилари” халқаро адабий лойиҳаси раҳбари. “Жоҳит Ситқи Таранжи ва унинг мактублари”, “Муғон шеър оқшомлари”, “Кўнгилдан ташқарида”, “Капалак умри” каби бир қанча шеърий ва илмий асарлари чоп этилган.

ТАШҚАРИНИНГ ХАЁЛИ

На чуқурга кетар руҳим, на саёз,
Бир томчидек ерга сингар бу жисмим.
Йўллар хароб, йиллар эса жуда оз,
Ичимда йиғлаган бола – болалигим.
Қўлимдадир синган созим симлари,
На чуқурга кетар руҳим… на саёз.
Қалбимда ҳасратдан турку сўйлар тажрибасизлик.
На сўздан тушунар, на кўздан руҳим,
Ҳар нафасда ишқдан жўшар, ишққа қочар, менлигим
Ишқ соғинчи, ишқ рақсида, ёр ўйнар
Ҳасратдан рашким қўзир,
Ҳужайраларимда сенга айланган сенлигим,
Бир ситамида қалб деворим бўлар торумор,
На сўздан англар руҳим, на кўздан…
Ёмғирларнинг ҳовури сўнгсизлик
Ўлим синовида уйқусирар
На ишққа тўяр руҳим,
На ишққа қонар руҳим.
Кўзларимда умид, қўлларимда севинч иштиёқ,
Ўлим, кириши ёпилган руҳимни
Шамоллари-ла қўриқлар
Ишқ, соғинч-ла, томчининг бахтли айтган қўшиғи
Қалбим тушларида чексизликка кўз тикар.
На ишққа тўяр руҳим, на ишққа қонар руҳим.

ОСОНМИ?

Сендан узоқлашмоқ осонми?
Ҳар кун юксаклардан ерга тушмоқ каби,
Ўлмоқ ва тирилмоқ орасидаги нарса бу.
Ҳар кўринганни сен деб ўйламоқ,
Ухларкан хаёлларинг билан овунмоқ,
Ва ҳар доим йўқлигига ишониб,
Исми пушаймонлик бўлган бу ўлкада,
Туни бўйи ҳўнграб йиғламоқ,
Кулайми, шу ҳақда ўйласанг,
Сендан узоқлашмоқ осонми?

Айт, ахир осонми сени унутмоқ,
Вужудимга синган ифорни,
Айирмоқчи бўлган ҳижрону хорни.
Юзларингдан таралган нурни,
Юзимдаги ажинларимни
Бўлмагандай гумонга бормоқ,
Осонми, шу ҳақда ўйласанг,
Осонми, сени унутмоқ.
Ҳалигача ҳеч нарса бўлмагандай яшамоқ.
Осонми, сени унутмоқ?

ЙЎҚОТАЖАК НИМАМ БОР?

Оловману ёнингда совуқ қотади қўлим
Жим ўтирма, қизарма – кутмоқ, аслида, ўлим.
Йўқотажак нимам бор? Айтинг-чи, Худо учун.
Давосиз дард инсонни йиқитади, шубҳасиз,
Нафсим кўз ўнгимдаги йиқилмаган бир девор.
Изтиробим ҳар кеча соям каби чўкар тиз,
Бу чўлга чиқиш йўқми, қайси табибда қарор.
Норозилик кайфият қонимда кезар ҳар он,
Жим тургим келмас, аммо, тилим ҳам тугундадир.
Ёғса ҳам ювилмагай
Ўлимгача мен билан сендан ёпишган бу кир,
Оловману ёнингда совуқ қотади қўлим,
Жим ўтирма, қизарма, кутмоқ – аслида ўлим,
Умид аталган орзу
Тебранмиш дарахтларда,
Йўқотажак нимам бор?

Муҳаббат рашкларида,
Йўқотажак нимам бор,
Йўқотажак нимам бор,
Айтинг-чи, Худо учун!

Сенсан, Сен
Сен билан сузиб ўтсак, бошқа дунёларга,
Кечалари кетсак умид ирмоқларга.
Нафасимни кесган сенсан,
Ҳамма ерда эсган сенсан!
Сенинг билан гўзал ҳамма кун,
Сен бор учун гўзаллик, мазмун.
Сенинг билан кетсак майли, оролларга,
Бир он бўлсин қайтмасак бу томонларга.

Турк тилидан Хосият Рустамова таржимаси