Озарахш (1963)

1963 йилда Айний районининг Урметан қишлоғида туғилган. 1980-85 йилларда Тожикистон Миллий университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. 1985-88 йилларда Республика радио ва телевидение комитетида, 1988-92 йилларда Ленинобод вилояти театрлар иттифоқи директори лавозимида, 1992-2001 йилларда Ленинобод вилояти радио ва телевидение комитетида ишлаган. Айни пайтда – «Адабиёт ва санъат» газетасининг махсус мухбири.
1999 йилдан буён Тожикистон ёзувчилари иттифоқининг аъзоси. «Аз чашмасор омадам» («Булоқлар бўйидан келдим»), «Намози мусофир» («Мусофирнинг ибодати») шеърий тўпламлари нашр этилган. «Китоби офтоб» («Қуёш китоби») шеърлар тўплами нашр арафасида. «Орифи пинҳон» («Сирли донишманд»), «Гулҳо намемиранд» («Гуллар сўлмагай»), «Сафедор» («Оқ терак»), «Ҳазордастон» («Булбул»), «Нақши Рўдакй» («Рўдакий сиймоси» драмалари саҳналаштирилган.

ТОНГИНГИЗ ХАЙРЛИ…

Тонгингиз хайрли бўлсин,
Отамнинг
Айвони остида саф тортган қушлар.
Хайрли тонг, сизга, эй мусичалар,
Онамнинг ёдидай мушфиқ, муштипар…
Меҳр бахш айлаган дийдорингизни
Кўриб, мен бир лаҳза унутдим ғамни.
Маҳзун дийдорингиз эслатар менга,
Сизлардай муштипар, онагинамни…

Онам суяр эди мусичаларни,
Мусо Калимуллоҳ қуши, дерди у,
Улар хайр-барака дуосин ўқиб,
Ҳар қайси даргоҳга тилайди ёғду.

Ҳар гал мусичалар «ку-ку»лаганда,
Уйнинг бурчагида бўлиб бир қисм,
Қуръон бағишларди дуогўй онам,
Барча пайғамбарлар арвоҳига жим.
Ва очиқ кафтидан қушлар олдига
Дона-дона бўлиб тўкиларди дон.
Томчи-томчи бўлиб тўкиларди ёш,
Унинг нигоҳидан ҳайрона, пинҳон…

Билмасдим, нимани гаплашар эди,
Онам қушлар билан узоқ ва узоқ.

Фақат, билар эдим,
Ушбу суҳбатлар
Кечарди бемалол, самимий, қайноқ.
Фақат, билар эдим,
Суҳбатлар гўё,
Сулаймон ва қушлар суҳбати эди.
Ҳикмат кони эди унинг жимлиги,
Ҳар сўзи муҳаббат суврати эди…

Исо туғилган кун ўтиб,
Эртаси
Ер-осмон титради тортган ноламдан:
Қордан оппоқ кафан кийган Бир Тонгда,
Менинг онагинам ўтди оламдан.
Тоғлар нола қилди,
Менга қўшилиб
Йиғлади булоқлар, сойлар шарақлаб.
Ёсинхон йиғлади…
Укаларимдай
Ёнимда бел боғлаб турди дарахтлар…

Чорловлар,
йўқловлар, оҳлар, аламлар,
Фарёдлар онамни қайтаролмади.
Кетарди,
кетарди,
кетаверди у,
Мендан,
биздан кетди…
Йўлдан қолмади…

«Туғилган айёминг бўлсин муборак,
Каромат соҳиби, Ҳазрати Исо!
Онамни бир нафас бедор айла!» — деб
Худо даргоҳига қилдим илтижо.
Токи, билай дедим, онам тилида
Нечук сўз бор эди?
Олиб кетди у.
Токи, билай дедим, зор-зор дилида
Нечук асрор эди?
Қолиб кетди у…

Ногоҳ жавоб келди,
Айвон остида
Мусичалар ғамгин «ку-ку»лаганда:
«Одам, Ҳаво қани?
Қаерга кетди?..
Биродар, ҳаммамиз – ожиз бир банда.
Онанг келган эди Одам ортидан
Ва Одам ортидан изма-из кетди.
Дунёга Ҳаводай келган эди у,
Ҳавога айланиб, Ҳавога етди.
Исодан сен нима истайсан, ахир,
Дилингни бунчалар тирнамасин ғам.
Охират йўли бир, даргоҳ биттадир,
Марям кетган йўлдан кетди Исо ҳам…»

Оҳ, эй мусичалар,
Эҳ, мусичалар,
Эҳ, айвон остининг мусичалари.
Отам айвонига келиб қўндингиз,
Соғинчимнинг маҳзун мусиқалари.
Кўзимнинг айвони ин бўлсин сизга,
Меҳрингиз дилимдан аритар ғамни.
Онамни соғиндим,
Сизларни кўриб,
Соғиндим
Муштипар, онагинамни!..

ТУМАНЛИ ХОТИРАЛАР

Ёрмалик Қаюмзодга

Бу дарахтлар орти,
Шаҳар, баланд тоғ,
Туманли хотира ортида ювош,
Бир қишлоқ бор — тинмай ёғади ёмғир,
Бир қишлоқ бор – тинмай ёритар Қуёш.

Онам деди:
Сени туғаётган чоғ
Кўнглим сув тусарди
Пардўши Тагобнинг булоқларидан,
Бироқ, сен туғилганда,
Қандайдир ташналик берганди азоб.
Отам деди:
Мен ул Пардўши Тагоб
Булоғидан қониб сув ичган саҳар,
Менинг қулоғимга борганди етиб,
Сенинг туғилганинг ҳақида хабар.

Билмасдим, дунёга келган чоғимда
Қуёш порлаганми?
Ёққанми жола?
Сўйларди дунёнинг баланд-пастидан
Доим огоҳ бўлган Руҳафзо хола:
Сен туғилган кунда,
Бу табиатнинг
Эзгу хислатлари бўлганди зоҳир.
Қуёш ёмғир билан тутинганди дўст,
Гоҳ қуёш порлаб,
Гоҳ ёғарди ёмғир.

Ҳасбу ҳолимнимас,
Сўйлайман букун
Серқуёш юртимдан, бокиралардан.
Хаёлан серёмғир қишлоғим кезиб,
Сўзлайман туманли хотиралардан.

Бир шоир қушларнинг инига менгзаб,
Зарафшоннинг жаннат боғи дер бири.
Қишлоғим таърифин келтирганлар кўп,
Турфа эди улар
сўзи,
таъбири.

Мурғак тасаввурда
Ўхшатар эдим,
Қишлоғимни отам жойномозига.
Тоғлар этагида яшил майсалар,
Дилкаш, гўзал эди қуш навосидай.
Кўм-кўк майсазорда кулган чечаклар,
Товланганда ернинг қароғларида,
Ўхшаб кетар эди,
Руҳафзо хола
Кийган кўк кўйлагин ямоқларига.

«Умринг йўлда ўтди, сафарда ўтди»,
Деб сўйларди менга Руҳафзо хола.
«Майли ерда, кўкда,
Қайда бўлмагин,
Бошинг омон бўлсин.
Омон бўл, болам!
Қаерда бўлмагин, шод бўл, обод бўл,
Дилингни босмасин алам ва қайғу,
Отангнинг боғини унутма, фақат.
Сенинг баҳоринг ҳам,
Мозоринг ҳам – шу!»

Жуда катта эди отамнинг боғи,
Маскан эди
мева, майсага,
нурга,
Ёғдулари ёруғ, сояси салқин,
Бағри тўла эди файзу сурурга.
Сойлари Хуросон сози билан маст,
Қушлар қадим куйнинг туяр таъмини.
Сира кўрганмисан,
Баланд теракнинг,
Рўдакийдай ғазал ўқиганини?
Тарона куйлайди Хайёмдан узум,
Тўлдириб боғни шеър, ғазалларига.
Бодом Ҳофиз, Саъдий қиссасин ўқир,
Тилидан бол томиб асаларига.
Шоҳтут Фирдавсийнинг ғамидан нолиб,
Маҳзун қисса сўйлар шоҳу гадога.

Шамол йўлида маст тебранган ўрик,
Мавлавийдек тушар рақси самоъга.

Руҳафзо хола дер:
Отангнинг боғи,
Экинзор бу – гуллаб-яшнаган дуо.
Худо назар қилган бу боғда илк бор,
«Алифбе» китобин ўқидим, ҳатто,
Боғдаги ҳар майса,
Ҳар бир қатра сув,
Ўлсам ҳам ёдимдан чиқмас умрбод.
Сўзма-сўз,
ҳарфма-ҳарф,
қаторма-қатор,
Айладим дарахтлар ғазалини ёд.
Бунда ёд айладим қушлар навосин,
Ҳатто, хору хаснинг лаҳжаларини.
Зарафшоннинг мавзун оҳанглари-ю,
Хуросоннинг қадим нағмаларини!

Шукрона айтаман ўша кунга мен,
Ўша лаҳзаларга мен чўкарман тиз:
Дафтаримга тушди дов-дарахтларнинг
Ва баланд теракнинг қўлларидан из.
Узум,
бодом,
ўрик бармоқларининг
Изи бор – юракда унинг илдизи.
Бу излар – дуонинг қўл изи эди,
Бу излар – қўллаган Худонинг изи!..

СЕНИНГ НОМИНГ БИЛАН

Агар кўнглимни ром этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Саманқанду Бухорони.
Ҳофиз Шерозий

(Ўтган-кетганларнинг азиз арвоҳи
Мени кечирсинлар).

Токи, яшайман:
Мен ушбу шаҳарни, қадим шаҳарни
Бошқа бир ном билан атайман…

Кўнгли қолса-қолсин ҳамманинг мендан,
Майли, ғийбат қилсин ҳар ерда, ҳар он:
«Ўзгартирган билан бу шаҳар номин,
Нон нархи бир дирам бўлмайди арзон…»
Шикоят йўлласин одамгиналар,
Юмалоқхат ёзсин иғвогар аҳли,
Йўл-чўлда учраган сохта дўстлар ҳам
Юз бурсин,
Душманлар бўлсин фараҳли.
Шаҳар ҳокими ҳам ғазабга миниб,
Қўявер, атасин мени савдойи.
«Бундай шаккокларга ўрин йўқ» дея
Шаҳардан ҳайдасин,
Қилсин сазойи.

Нима бўлса бўлсин!..
Ушбу шаҳарнинг,
Райҳонин нафаси, ҳамд-саносини,
Дарёси келтирган шукроналарни,
Мажнунтолин нози ва садосини,
Бодомининг хумор нигоҳларини,
Гулларини, гулгун хандаларини,
Олмазори ҳамда анорзорини,
Чинорзорининг шўх нағмаларини:
Барча гўзалликнинг орзуларини,
Бир умр хиргойи қилиб яшайман,
Зеро, бу навқирон, қадим шаҳарни
Сенинг номинг билан
Атайман!!!

ЭЙ, ШЕЪР!

Эй, шеър, қазо бўлган намозим менинг,
Сени ўқишга вақт топмадим бир дам.
Менга имкон бермас бу қаттол қисмат,
Бетартиб умримнинг жабру зулми ҳам.

Қуёшли кунларни, ёруғ кунларни,
Сув, дон фикри билан совурдим буткул.
Ойдин тунларимни, ёвуқ тунларни,
Замон ғами билан қовурдим буткул.

Ватан мотамида кўз очди шомим,
Ватан мотамида тонгим тун бўлди.
Сен учун аталган сара сўзларим,
Ватан юрагидан оққан хун бўлди.

Куйчи шоир эдим, замоннинг дарди,
Буткул мотамсаро айлади мени.
Ёдимдан ўчириб ёруғ шеърларни,
Марсиягўй, адо айлади мени.

Карвонин йўқотган қари чол каби,
Ўттиз тўрт ёшимда тентирайман жим.
Эй шеър, қазо бўлган намозим менинг,
Сени ўқимоққа етмайди умрим.

ҚИШ ХАЁЛИ

Қаҳратон келмоқда,
Мен – шаҳарликнинг
Ёдига қиш келиб қўнади – қаттол.
Тоғликдаги онам тушар ёдимга…
Она!
Ҳолинг нима кечар ушбу ҳол!?

Сари Хирман ичра кўзинг тўрт бўлиб,
Йўлимни пойлайсан, кўзларингда нам.
Кечир, боролмасман ёнингга, аммо,
Борсам ҳам, ёдингга борарман, онам.

Кечиргил, бу қиш ҳам сенинг дардингга,
Халқнинг боласидай бўлмадим дармон.
Сенга бир боғ ўтин келтиролмадим,
Бир кафт буғдойни ҳам кўрмадим раво…

Дунё ташвишлари қаддимни букди,
Фурсат тополмасман ҳолинг сўрашга.
Шаҳар бозорида шеърлар китоби,
Асқотади, фақат, писта ўрашга…

Мен ҳамон ўшаман, феъли кенг, саркаш,
Ҳануз ўзгармаган, ҳатто, бир туки.
Оғирлик қилар бу тарозиларга,
Муҳаббатим юки, меҳримнинг юки.

Тўкдиргим келмади нақд бу жонимни,
Тирикликнинг учқур савдоларига.
Чўктиргим келмади чўккан кўнглимни,
Тубанликнинг чуқур ғавғоларига

Она!
Руҳим чўкиб кетмади, гарчанд,
Йўқчилик панжаси тирнар жонимни.
Она,
Бу қишда ҳам, насиб этса гар,
Мен олиб бораман шеър китобимни…
(Биламан,
Йўлини йўқотган ўғлинг
Йўл озиғи янглиғ асрайсан уни.
Кўзларингга суртиб бир бурда нондай,
Ўпасан, пичирлаб дегайсан шуни:
«Худога минг қатла шукур…»
Тиз букиб
Тағин пичирлайсан сокин, пинҳона:
«… меҳрнинг муаттар ҳиди келмоқда
шеърингдан…)

Қаҳратон келмоқда,
Она!!!..

ЧАҚАЛОҚ

Тонгги намоздан сўнг
Тасбиҳ ўгирар,
Отам термулганча бармоқларига.
Кўчираман тарқоқ битикларимни,
Хотирамнинг оппоқ вароқларига.

Шабада кафтида, Боғи Боло дан
Келар олма гулин атри, чиройи.
Ширин хандаларинг ёдимга тушиб,
Дилимдан тўкилар ширин хиргойи.
Бу қўшиқ, худди, тонг табассумидай,
Дилни фориғ этар дарду доғидан.
Жаннатий сабонинг майин нафаси
Келар отагинам шакарбоғидан…

Хаёлимнинг ёруғ саҳифасида,
Илкис пайдо бўлар бир сатр нохос.
Уни қайта-қайта такрорлайман мен,
«Отам олмазори – бизларга мерос».
Жисмимда фикр ва туйғулар гули
Очилиб-сочилиб кулади дилдан:
Ьушёр бўл, эй ошиқ, сўзи бепайванд,
Бу тонгда янги шеър яралар чиндан».

Хиргойи қиламан ўзимча сокин,
«Олмазор – отамдан бизларга мерос».
Ва лабинг ғунчаси очилиб мавзун,
Ундан чиқиб келар ёқимли овоз:
Билиб қўй, маънолар луғатида ҳам,
«Ширабоғ» аталар отангнинг боғи.
Отанг ҳам Одамдай пайвандчи эрур,
Кафтида келади «самар» япроғи.

Тағин очилади лабинг ғунчаси,
Тағин ундан чиқар турфа сас-садо.
Хотирамнинг оппоқ вароқларига,
Уни кўчираман беун, бехато:
Отам ширабоғи пайванддир бизга,
Беҳишт олмасининг тоти бор унда.
Оналар ёди бор, ширу шакардай
Келган оналарнинг ёди бор унда…

Отам ширабоғи пайванддир бизга,
Маърифат гулига бурканган маъво.
Шу боғда қолипдан чиққандир Одам,
Бўлгандир Ҳавога ошиқу шайдо.
Шу боғда қолипдан чиққандир Одам,
Шу боғда ўртанган кўнгилнинг майли.
Тоғ ошиб, дарёю биёбон кезиб,
Мажнунга айланиб, ахтарган Лайли.

Отам ширабоғи пайванддир бизга,
Оламнинг тортишиш қонунин,
Бирпас
Отам эккан олма тагида туриб,
Ньютон яратган бўлса, ажабмас.
Ўшал жозибали жозибаларнинг
Қонуни ҳам бунда бўй чўзар баланд.
Улар башарият бахтини кўзлаб.
Одамзод орзусин айлагай пайванд…
«… Нима ёздинг, ўғлим?» —
Табассум билан,
Отам мен томонга ташлайди нигоҳ.
Мен эса тўлиб шеър оҳангларига,
Унга айтардим:
«Ҳеч…
Билмасман, биллоҳ…»

Олма гулин атри, Боғи Болодан,
Беғам болалигим бағрида елар.
Ва унга қўшилиб менинг кўзимга
Ёш келар,
Бошқа бир чақалоқ келар…

БИР ДЎСТГА

Чаманлар булбулнинг номин унутган,
Чаманлар булбулни танийди, аммо,
Майин овозидан,
Булбул созидан,
Таралса кўнгилга яқин бир наво…

Ёр бўлиш қандай бахт,
Билармисан, айт?!
Кўрсанг кўзни юмиб, унутиб ўзни:
Номаҳрам нигоҳдан олис гўшада
Йўлингга интизор бўлган бир Кўзни.
Ҳис қилмоқ қандай бахт,
Кўрмасдан туриб,
Кўзга айлантириб очиқ кўнгилни:
Ширин титроғингнинг хаёли билан,
Сени орзу қилган озурда Дилни.
Эшитмай англасанг, нафасларингга
Нафаслар бирикиб ёнганда бот-бот,
Сокин суҳбат қуриб жимлигинг билан,
Ёдингни қучганда қай бир Ташна Ёд…

Огоҳмисан, эй сен, ёлғиздан – ёлғиз,
Хобу хаёлингда жонланган ўшал,
Қайси бир гўшада сенинг йўлингга.
Кўз тутар бир Гўзал – гўзалдан гўзал.
Мойчечак баргини юлиб умидвор,
Қайдадир ул гўзал шивирлар бесас,
Гиёҳнинг барглари тўкилар бир-бир:
«Келади,
Келмайди,
Келар?
Ё келмас?…

Чаманлар булбулнинг номин унутган…

АБАДИЯТ ТИЛИДА

Бошингни чиқаргин сувдан, нилуфар,
Қуёш келди, гулим, кўтарсанг-чи бош!
Ташналаб келибди сувнинг лабига,
Қаршингда – бир ошиқ-беқарор Қуёш!

Қуёш келди ёруғ бағрини очиб, –
Лабга нур сураси келди нурафшон.
Дилларга нур келди,
кўзга келган нур,
Киприклар қаватин айлади макон:
Ишқни хор айламанг,
Ишқни хор қилманг,
Ишқ юртида азиз – аҳли тамизлар.
Худога,
Маънолар мамлакатида,
Энг яқин, мумтоз йўл Ишқдир, азизлар!

Ошиқлик осонмас, ҳаваскорликмас,
Ошиқлик яралгай имон ёшидан.
Ошиқлиқ
давр, замон,
жисм ила макон,
Жону жаҳонларнинг ўтар бошидан.
Ошиқлар Азалдан, Абадиятнинг
Ибтидосин излар сарсон-саргардон.
Улар Абадият лисони билан
Азалнинг кунидан сўз айтар ҳар он.

Ошиқлар – азалдан бедор кўзлари,
Ошиқлар – ёдига мангу бўлар Ёр.
Ошиқлар – бу ҳамма беҳаммаликда,
Ҳаммадан юксакдир, ҳаммадан пойдор.

Улар нафас олар ғайб нафасидан,
Тушнинг назаридан боқади улар.
Юрак тебраниши хаёлида маст,
Шеър айтиб, юракни ёқади улар…

Ошиқлар огоҳдир,
Сув билан ариқ
Орасида мастур орзу, ўйлардан.
Улар воқиф, –
Нечун ариқ истаги
Сув томонга келган пана йўллардан.
Улар огоҳ,
Нечун бир ошиқ шоир,
Дарёга илтижо қилар тўкиб ёш:
Бошингни чиқаргин сувдан, нилуфар,
Қуёш келди, гулим,
Кўтарсанг-чи бош!!!

БУЛОҚЛАР ҚОШИДАН КЕЛДИМ…

Битта мусофирман,
Бир йўловчиман,
Манзилдан манзилга хуш хабар берган.
Булоқлар қошидан келдим энтикиб,
Мен келдим дарёлар туғилган ердан.
Мен келдим олисдан, олисдан-олис,
Ҳеч кимса етмаган инсон қадридан.
Жаннатий экинзор қучоғидай ҳур,
Онам оғушидан, онам бағридан.
Мен келдим,
Ям-яшил жойнамозини
Отам топиб олган ул маҳалладан.
Ёдим боғи узра оқ каптарларнинг
Тушидай зангори, ёруғ палладан.
Тўрвамда –
Қуёшнинг бир иссиқ нони, –
Очлик балосини тиндиришимга.
Бир кўза ой суви етиб-ортади,
Ташналикни тошдай синдиришимга.
Йўл озиғин берар ҳаётнинг қўли,
Очлик, ташналикдан емагайман ғам.
Қайда бўлсам,
Меҳр бердим ҳаммага,
Меҳр олиб кетдим,
Гар қайга борсам.
На шоҳ на гадоман, лекин, мақомда,
Ҳам шоҳ ҳам гадога бирдек – баробар.
Ўроқчилар ичра ўроқчидирман,
Қаландарлар ичра мен ҳам қаландар.
Талантсиз наздида – мен бир талантсиз,
Танлантли қошида – иқтидорим бор.
Шоирлар базмида – шоирман бешак,
Ошиқлар базмида ошиқдирман зор.
Тожирлар хайлида тожирман, ҳатто,
Гарчанд, савдогарлик нонин тотмадим.
Бозордан иборат ушбу жаҳонда,
Бирор нарса олиб, нарса сотмадим.
Ўттиз учга кирдим,
Ушбу ёшимда
Кўрганим, билганим – барчаси рўё.
Бир аср
ё икки
ё ўттиз уч минг
Асрни бошимдан ўтказдим гўё.
Ашконийлар қавми бошимдан ўтар,
Сосоний,
Сомоний сулолалари,
Йигирма биринчи асрга ўтгум,
Ушбу кун садоси бўлиб сарсари.
Мусофирман,
Келдим булоқ бошидан,
Дарёлар юртидан йўл босиб узоқ.
Менинг нигоҳимда кўз очар чашма,
Менинг юрагимда кўз очар булоқ:
Биттаси муҳаббат, кадардан холи,
Биттасида савоб кўтаради бош.
Оёқларим ерда, қўлим осмонда,
Бир қатра сув ичгум,
Бир зарра қуёш!

ТОПГАНЛАРИМ

Кулгум қуёшдандир, кўз ёшим – ёмғир,
Дилим ёнар, бошим қаттиқ тошдан ҳам.
Кўнглим, бамисоли сойлар шишаси,
Қишлоқда туғилдим, шаҳар – ишхонам.
Ватаним кенг шаҳар ёки баланд тоғ,
Дилимда орзулар исён қилади.
Масканим – тошлоқ ё денгиз этаги,
Буни мен билмасман, Худо билади.
Мен, фақат, биламан,
Бир чашма эди
Руҳим, равон бўлиб кетди дарёга.
Дардим зарра эди, бир зарра эди,
Катта бўлиб кетди катта дунёга.
Кўзларим чироққа дўндилар ногоҳ,
Қўлларим дарахтга айланди буткул,
Оёқларим, гўё зўр ҳавас билан
Йўрғалар Зарафшон ортидан нуқул.

Боддай хиёбондан хиёбонларга,
Ёддай биёбондан биёбонларга.

Тўним ўзимники эмас,
Ҳар баҳор,
Қишлоқ терагининг беқасамидир.
Кузакда шаҳардан оламан сотиб,
Чинорларнинг сариқ кўйлагин бир-бир.
Қишда ёпинаман қордан чодир, то
Танам ёз кўйлагин соғинсин бир оз.
Чориқнинг ғамини емасман, зеро,
Чориқ – яғир бўлган оёғим, холос.
Йўлма йўл, янгидан янги бу қадам бу,
Ортимдан изма-из тинмай чопар йул.
Йўлма йўл, янгидан янги сафар бу,
Менинг оёғимни излаб топар йўл.
Отам чўпон эди,
Мадраса кўрмай,
Чўпонлик ортидан олим бўлди зўр.
Мен-чи, тентирадим мадрасаларда,
Олим бўлолмадим, билимларим – ғўр.
Мен мадраса кўриб дўндим чўпонга,
Мол-ҳоли бўлмаган чўпонман чала.
Ўзгалар молини боқиш пайида,
Кезаман тоғма-тоғ,
Далама-дала.
Ҳамма билар ошкор, пинҳонлигимни,
Бор-йўғимдан ҳеч ким эмас бехабар.
Далли дилдан ўзга нимам бор менинг?
Мен билмасман,
Худо билмаса агар…

МЕН ДАРЁ НАСЛИДАНМАН

Чароғон, фаровон диёрдандирман,
Зулмат ўраб олган теварагини.
Тонг йўлини кўзлаб кетаётир у,
Излаб саодатли келажагини.

Мен ўша буюклар тупроғиданман,
Ўз она юртига сиғмаганларнинг.
Ишқ дардин ҳис қилиб, ишқ дардин ютиб,
Ибн Сино, Камол Хўжандий каби,
Ёр шаҳридан жудо бўлганда ночор,
Кетдилар ғурбатлар этагин тутиб.

Мен ўша азизлар макониданман,
Барча фозиллари топмаган паноҳ.
Мисли ёнимиздан оққан сув каби,
Ўз юртида ғариб, ўзга юртда шоҳ…

Мен ўша дарёлар наслидандирман:
Хомуш лабларида мастур ва пинҳон
Минг битта хиргойи, минг битта тилсим.
Мен ўша қуёшнинг қабиласиман:
Зиё сочган бедор хандалари ҳам
Ёмғир қўшиғига тўлган лиммо-лим.

Мен ўша тоғликлар насабиданман:
Ғазалхон шоири, шаҳидларининг
Улуғлаб энг сўнгги насибасини,
Қабр тоши узра қасида битган,
Муҳаббатнинг мангу қасидасини.

КАМОЛ ХЎЖАНДИЙ КЎЧАСИДА

Камоли Хўжандий кўчасидан жим
Ўтаман ҳар оқшом, ҳар тонгда, ҳар кун.
Ойнаванд уйларнинг оралиғидан,
Расталар, дарахтлар оралаб маҳзун.
Кўзларим саломга тўлар пайдар-пай:
Қулоғим аликдан бўлади зада.
Фақат, менга айтинг, эй сиз, яхшилар,
Камолнинг ҳақиқий манзили қайда?
Асл булоқ қайда, сидқу дилидан,
Бемаъни ҳаётга бахш этган маъни?
Ҳар битта лаб узра, лаблари билан
Қанд, новвот келтирган ширинлаб қани?
Лиммо-лимдир Сайҳун кафтида коса,
Бўсадан мастдир у, мангу ишқпараст.
Телба айладими Хўжанд гўзали
Ё Табриз дилдорин хаёлида маст?
Камолнинг қўлини ким олди ҳайрон,
Тариқатнинг мангу сўқмоқларида.
Камолнинг йўлин ким айлади равон,
Ҳақиқат чўққисин ҳур боғларига.
Бу йўл – муҳаббатга йўллаган қувонч,
Бу йўл – ғарибликда бўзлаган қайғу.
Бу йўл – жудоликка чорлаган мотам,
Олисларни яқин айлаган йўл бу…

Камоли Хўжандий кўчасидан жим
Ўтаман ҳар оқшом, ҳар тонгда, ҳар кун.
Ойнаванд уйларнинг оралиғидан,
Расталар, дарахтлар оралаб маҳзун.
Кўзларим саломга тўлар пайдар-пай,
Қулоғим аликдан бўлади зада.
Фақат, менга айтинг, эй сиз, яхшилар,
Камолнинг ҳақиқий манзили қайда?!

БУ ЮРАК…

Рамазон ойининг муборак куни…
Ҳамма нуронийдир, озода, ҳалол.
Ҳамма боқар эди нур тирқишидан,
Ҳамма гўзал эди,
Ҳамма баркамол.

Одамлар кўз юмди бадбинликларга,
Кимдир ҳақоратли сўздан тийди тил.
Кимдир авф айлади қаттол душманин,
Кимдир май косасин синдирди чил-чил.
Кимдир тўнин тўшаб ариқ бўйига,
Таҳорат олмоққа чоғланар кимдир.
Ёлғоннинг қоронғу йўлакларидан
Юз буриб зиёга боғланар кимдир.

Рамазон ойининг муборак куни…
Ҳамма гўзал эди, ҳамма нуроний.
Яшарди умрнинг бир лаҳзасида,
Ҳамма бир-бирининг меҳрига қониб.
Ва лекин,
Бу юрак, бу бенаво қалб,
Атрофда не кечар, қилмас эди ҳис.
Девонадай ғавғо кўтарарди у,
Жуда ёлғиз эди,
Жуда ҳам ёлғиз…

САФАР ОЛДИДАН

Мен сенинг бағрингни тарк этган маҳал,
Хазон бош устимда чекар эди оҳ.
Чинорзорлар тўккан япроқ оҳанги,
Кетгувчи баҳордан айларди огоҳ.
Беҳол тебранганда сарғиш панжалар,
Юзимга, бағримга тўкилар бир ранг.
Бу дам тўкиларди йўллар хазони,
Мевасиз хурмонинг баргидай гаранг.
Қаршимда хазонга бурканган сукут,
Қаршимда хазонга айланган қўшиқ.
Сўлди лабимда бир янги оҳанг, куй,
Душанбе дарёсин лабидай қуруқ.
Айтарсан бу лаҳза эшитмадим деб,
Жимлигимнинг ошкор жарангларини.
Айтарсан бу лаҳза тушунмадим деб,
Бесадо қўшиғим оҳангларини.
Бу лаҳза қишлоқи боладай шеърим,
Қолди ҳайронликнинг гўшаларида.
Бу бебош йўлларда адашиб толди,
Ёлғизликнинг хилват кўчаларида…
Мен сенинг бағрингни тарк этган маҳал,
Хазоннинг ҳидига тўлди об-ҳаво.
Мени ташлаб кетган дарбадар шамол,
Кўчангдан оҳ уриб ўтар эди, оҳ…

ТАБРИЗ ОСТОНАСИДА

Кўзларимда дуо,
Тўлиб тошмоқда
Қалбим, жоним куй ва қўшиқ қурбидан.
Табриз, остонангга бош уриб келдим,
Рўдакий юртидан,
дарё юртидан!

Лабимдаги қанд, бу –
Самарқандники,
Мева – Душанбенинг боғидай масрур.
Ширинлик – Бухоро болидай бегард,
Ёқут – Бадахшоннинг ёқутидай дур.

Кўз ёшни
Рўдакий дуоси билан,
Олганман Мўлиён ва Зарафшондан.
Кипригимга қўнган йўл тупроғи бу,
Носир Хисрав, Камол кезган макондан.

Сен билан то дийдор этгунча насиб,
То етиб келгунча ўшал бахтли кун,
Бу сув, бу тупроққа сув, тупроқ қўшиб,
Гулгун сувни тағин айладим гулгун.

Хоқон мозорини этдим ибодат,
Валийлар тоғу бу, қилгайдир назар.
Хўжанддан келтирдим Камол хокини,
Камолга Хўжанддан берай деб хабар.
Токи, табризийлар юртида тордай
Синграйман дилимнинг ол ранги билан.
Токи, Шаҳриёрнинг шаҳрида тўлиб,
Куйлай Шаҳриёрнинг оҳанги билан.

Табриз!
Эй, шоирлар орзу этган бахт,
Эй, ошиқлар боғи, «маҳбублар тоғи».
Ўша шоир,
ошиқ,
маҳбубларга айт:
Дилимда дийдорнинг ширин титроғи,
Кўзларимда дуо,
Тўлиб-тошмоқда,
Қалбим, жоним куй ва қўшиқ қурбидан.
Букун остонангга бош уриб келдим,
Рўдакий юртидан,
дарё юртидан!

ТАРИХ ҒИЛДИРАГИ

Тарих ғилдираги гир-гир айланар,
Эски тегирмоннинг тошидай оғир.
Қачондир тўлганди бағри буғдойга,
Қачондир арпага тўлган бу бағир.

Эй Ватан, эй, бедор, беозор осмон,
Эй, Ватан, эй, замин, заҳматкаш, қўтир,
Нечун бунча сенинг қувончларинг кам,
Нечун қайғуларинг бунчалар кўпдир?!

Шаҳриёринг ҳамон излайди фитна,
Фаридун жонига қилмоқ учун қасд.
Рустамдай довюрак паҳлавонларинг,
Суҳробнинг ўлимин истайди сармаст.

Ҳануз Афросиёб кўрлиги боис,
Сиёвуш жонига айлар тажовуз.
Ҳануз Тахминангнинг кийими қора,
Рудобанг қисмати қародир ҳануз.

То ҳануз шоирлар Фирдавсий каби
Битмоқдалар не-не шоҳларга нома.
Ҳануз «Шоҳнома»ни тақдирлаш учун,
Шоҳ «инъом» этади таҳқир, маломат.

Букун буғдой нонин емас халойиқ,
Арпа унига ҳам баъзида зордир.
Тарих ғилдираги гир-гир айланар,
Эски тегирмоннинг тошидай оғир…

ТУГУН

Оҳ, эй дил, одатин тарк этмаган дил,
Тутқунсан-ку, тиниб-тинчийсан қачон?
Беҳуда ташвишлар ташлади эзиб,
Сен Ҳеч илинжида чопасан ҳамон.

Ишқ, дедингу ишқни айладинг орзу,
Ёр, дедингу бўлдинг сарсон, овора.
Шикоят – ожизлар кирдори дединг,
Шукр айладингу бўлдинг бечора.

Девона шоирсан, девонсиз шоир,
Асрорин бировга айламаган хўр.
Ҳамон оҳанги йўқ бастакордирсан,
Ҳамон жимлигингга бўлмоқдасан жўр.

Баҳорсан – боғ бўлиб очилмаган гул,
Хазонсан – доғ бўлиб сочилмаган зар.
Сен ҳосил бермаган қатқалоқ ерсан,
Булутсан – ёмғирдан айросан бадар.

Оҳ, эй дил, оҳ, тасбиҳ қайтаргувчи дил,
Қоним қатрасини санайсан бир-бир.
Мен ўгирган кўз ёш тасбиҳларининг
Доналари нечта?
Билмайсан, ахир…

ЭСКИ МАҚОЛ

Эй, ичқора булут,
Гуноҳ сояси!
Нечун қуёш юзин тўсарсан бот-бот?
«Ойни этак билан ёпиб бўлмайди…»
Бу эски мақолни билмайсан, наҳот?!

Этагингни йиққин эсинг борида,
Шарманда бўларсан.
Кўз ёш ёмғиридай осмон кўзидан
Канда бўларсан!

ҚОРА УЙҚУ

Тун мотам либосин ечмаган ҳали,
Ҳамон кўзларимни ёпар ғам, азоб.
Ҳалигача кўрган тушларим ёмон,
Тонг отгунга қадар бу ҳолим хароб.

Овозим ўхшамас ўз овозимга,
Дилимдаги наво – меники эмас.
Дийдам назаримга бегона буткул,
Ётдир бошга тушган савдолар бесас.

Кўзимни очганлар «Ёп!» деб ёпишди,
Ўша кундан тийра бўлди ўнгу сўл.
Қулоқ бериб, пахта тиқдилар унга,
Сўз бериб, ортидан айтдилар: «Жим бўл!».

Овоздан айрилган ашулачиман,
Куйсиз бастакорман, беғам кўз ёшман.
Тирик жасадим бор – тупроқдан бери,
Ичида оловни асраган тошман.

Хуллас, хомуш чеҳрам ўзимникидир,
Юрак косасига тўлган бу фиғон:
Ёмғирдан олдинги сокинликдир бу,
Тўфондан олдинги жимликдир бу он.

Тун мотам либосин кийган ушбу дам,
Менинг кўзларимни ёпиб қўяр ғам…

ЭЙ, ЙЎЛДОШ!

Эй, йўлдош, биз бирга босармиз қадам,
Етиб борган йўлинг муборак бўлсин!
Елкамизга оғир келди замона,
Тортаётган юкинг муборак бўлсин!

Кўз очган булоқдай бўлдик равона,
Сойларга, дарёлар томон бемадор.
Саҳролар йўлида сарсон бўлдик биз,
Дарёлар ғамида йиғладик зор-зор.
Йиғи тўлиб-тошган эй, қадрдон кўз,
Кўздан томган ёшинг муборак бўлсин!

Ишқдан жудо бўлдик, хаёлимизни
Ўздан, ақрабодан айладик йироқ.
Олқадик, кўчадан шоҳлар ўтганда,
Гадолар йўлига ўт қўйдик, бироқ.
Эй, ором билмаган табаррук саҳро,
Учган рангу қутинг муборак бўлсин!

Тўнимиз йиртилгач бу тўғри йўлда,
Қуёшнинг нуридан тикдирдик қабо.
Қабарган ул яланг оёғимизни,
Қадоқ чориғига айлаганмиз жо.
Эй, йўлдош, биз бирга босармиз қадам,
Йиртилган чориғинг муборак бўлсин!
…Етиб борган йўлинг муборак бўлсин!..

ЯРИМ ТУНДА

Уйқусираб шаҳар кўчаларидан
Ўтаман бир ўзим қоқ ярим тунда.
Бир қадамдир бунда Борлиқ олами,
Йўқлик олами ҳам бир қадам бунда.

Шаҳар кўчалари сокиндир жуда,
Ётар тун жимлигин беозор қучиб.
Бир нафас мен билан ҳамоҳанг эрур,
Бир нафас ёдидан чиқарман учиб.

Аста ғўлдирайман ўзимга ўзим:
Мен юрган бу йўллар билмас тўзимни.
Ўзимдан қаерга қочаман, ахир,
Ахир, қачонгача излай ўзимни?

…Жимжитлик қўйнида баланд деворлар
Оёғим шарпасин айлайди такрор.
Ухлаб ётганларни, шовқин-суроним,
Ногоҳ айлагандай бўлади бедор.

Бир зум шовқин солай бутун оламга,
Тинчим ҳам бузилсин ўша туфайли.
Токи, қулаб тушай уйқу аршидан,
Сув тўла ариққа йиқилай, майли…

Уйқусираб шаҳар кўчаларидан,
Ўтарман бир ўзим қоқ ярим тунда.
Бир қадамдир бунда Борлиқ олами,
Йўқлик олами ҳам бир қадам бунда…

***

Қисматингни аччиқ дема гар бўлса шўр,
Гумонларинг бари бекор, хаёлинг – ғўр.
Гар жувонмарг ўлиб кетсанг – Худодан бу,
Агар қари туғилгансан – ўзингдан кўр.

***

Умр – гоҳ осон, гоҳ жигар бағри хун,
Афсус, яхши, ёмон эмас бир бутун.
Нақадар қисқа – бир асрлик меҳр,
Жабрнинг бир они — нечоғлик узун.

***

Хок бўлсам-да, дилни пора айлардим,
Юлдуздай зулматга чора айлардим,
Қачон келишингни билсайдим, Ажал,
Йўлинг тўсиб, юзинг қора айлардим.

***

Олди-қўйди ғавғосидан айла халос,
Билолмассан, нима кўпдир ва нима оз.
Ўз ҳаёти мактабида ҳамма – шогирд,
Халқ ҳаёти мактабида ҳамма – устоз.

***

Умримиз ҳавасга дум бўлиб ўтар, кетар,
Ғафлатда абасга гум бўлиб ўтар, кетар.
Ёруғ ёд қолса гар бир нафас ичра,
Ёвузлик нафасга зум бўлиб ўтар, кетар.

***

Чўққига бунча кеч бўйлайсан, шоир,
Тезроқ тушмоқ йўлин ўйлайсан, шоир.
Юксаклик, тубанлик, асли бу умр,
Сен уни тинмасдан куйлайсан, шоир.

***

Шоир, ишқдан мастсан, ишққа сарварсан,
Замона кўзида сен майпарварсан.
Ўлгандан сўнг сендан олгайлар хабар,
Ўлганингдан кейин сен Пайғамбарсан!

***

Айтгил, нечун майдан ором топарман,
Қайноқ май тафтида қайнаб ётарман?
Танимда бир йиртиқ кўйлагим билан,
Замоннинг юз айбин қандай ёпарман?!

***

Камбағалга озроқ шакар бергайлар,
Ё ярим кило недир агар бергайлар:
Радио ва тилвизорда жар солиб,
Тўрт томонга нечун хабар бергайлар?

***

Бир пора, қирқпора, садпора – ўзим,
Серкўча шаҳарда овора – ўзим.
Чорасиз ошиқлик мақоми ичра,
Бечорадан кўра бечора – ўзим.

***

Бу шеър тушга ўхшар, учмас хаёлдир,
Уни қалб майлига солмоқ маҳолдир.
Ё китобдай ўқиб, олиб кетарсан,
Аммо, вароғидан йиртмоқ заволдир.

***

Кўнглинг бўшат, тўсиқ ва ғов йиғласин,
То қуёш дилингда лов-лов йиғласин.
Шундай яшагинки, жон бергандан сўнг,
Кўз ёшин яшириб гўрков йиғласин!

***

Тириклигим марги учун йиғларман,
Мангулик ғамида букун йиғларман.
Кўз ёш тўкмасман гар кексалик келса,
Ёшлигим кетганда хун-хун йиғларман.

***

Юрт эрлари меҳнатини сотгани кетди,
Ўзга юртга ўз нонини топгани кетди.
Қўлда кетмон, пахта экиб юрт аёллари,
Замонанинг қулоғини ёпгани кетди.

***

Ҳақ сўз бобида сен беқиёс, шоир,
Балодан қўрқмаслик сенга хос, шоир.
Шоирин таниса ўлдирар замон,
Танилмаган бўлсанг жуда соз, шоир.

***

Тулки арслонларга бош, сарбон бўлди,
Тўқайда арслонлар лол, ҳайрон бўлди.
Ҳамма ҳайрон бўлса, майлига, бироқ,
Болалик эртаги, оҳ, вайрон бўлди.

***

Не хома, не қисса, топди не дафтар,
Эй, Бахт, нечук сени қайта топай, гар:
Бир умр ахтардим, юзинг кўрмадим,
Бир зум ахтармадим, топди ўзгалар.

***

Бойпарастдан қашшоқ юрганинг афзал,
Боқимликдан тутқун бўлганинг афзал.
Тиз чўкиб ўтган ул узоқ умрдан,
Бир лаҳза тик туриб ўлганинг афзал!

***

Шоир, дилда аламинг тоза эрур,
Сўзингга ҳар дил – эшик, дарвоза эрур.
Бир шаҳар касбу корингдан бехабар,
Бир айбгинанг дунёга овоза эрур.

***

Куйласам шеърда нишон – номинг сенинг,
Гавҳар ичра дурфишон – номинг сенинг.
Ҳар хатим пешонанинг ёздиғидир,
Кафтида тургай, ишон, — номинг сенинг.

***

Қирқдасан, қувон, ич, кўнглинг бўлсин тўқ,
Ҳаёт ёниб-ўчар бамисоли чўғ.
Бир томон ёшликдир, сендан қочмоқда,
Бир томон қарилик, қочарга жой йўқ.

***

Ҳар тунда туним сенинг шабингни ёд этар,
Тобу табим тобу табингни ёд этар.
Қандай чиқарай сени лабимнинг ёдидан,
Ҳар лаҳза лабим сенинг лабингни ёд этар.

***

Кўзгу деди: Тийра – ёруғ жаҳоним,
Афтинг кўриб чунон қартайди қоним,
Қаридинг, дилингда ёшлик завқи бор,
Афсус, сендан олдин узилмас жоним.

***

Тинч ухла, Ҳумоюн, оқилим маним,
Тинч ётсанг яйрайди жон-дилим маним,
Тушингда мулойим жилмайсанг, шудир,
Бу дунё боғидан ҳосилим маним.

***

Худо раҳм эшигин айлаб басира,
Кексаларга берди умри кабира.
Ёруғ айлаб жаҳл кўзойнагини,
Ақл кўзойнагин айлади хира.

***

Одамият жанги бошлангач, эсиз,
Қонга ғарқ бўлганин олам этди ҳис.
Бир маймун бошқа бир маймунга айтар:
— Хайрият, одамга айланмадик биз.

***

Дунёнинг ҳолига қараш бўлмагай, –
Халқ дардидан бирор дил ғаш бўлмагай,
Раҳм айламагай қўйларга Бўри,
То сув, олов аро яраш бўлмагай.

***

Эй, қисмат чироғи ёнаётган зот,
Ёндир, токи, эртанг порласин обод.
Букун сен йўл ўргат болангга, боланг
Эртага сенга йўл ўргатар, ҳайҳот!

***

Ҳар дам ғам ёр бўлса, ҳолимизга вой!
Озор оҳзор бўлса, ҳолимизга вой!
У кун хато қилдик, у кунги хато,
Букун такрор бўлса, ҳолимизга вой!

***

Зотлар бор ҳар ерда сўзласа яйрар,
Фақат гап урмоққа тилини қайрар.
Нутқининг бошида айтмаса агар,
«Мен» дея сўзини хулоса айлар.

***

Токи, тонг файзи бор, тунлар армони,
Бехабармиз, ўтар вақтнинг карвони.
Гўдакликнинг оний лаҳзаси – чексиз,
Қисқадир юз соат қарилик они.

***

Хайрхоҳ ҳаётга фидомиз ҳар дам,
Юрт қашшоқ, тахтимиз – шоҳона, кўркам.
Қаноат қилмасак бир парча ойга,
Бир кунга етмасди ойлигимиз ҳам.

* * *

Қаламнинг ёдига келган кун наққош,
Ёдимда жонланди ул ёр, қаламқош.
Ишқдан сўз очмайман дегандим, бироқ,
Дилимни жимлигим айлаб қўйди фош.

***

Тун ўлди…
Тонг туғилди…
Кимнинг қисмати бу?
Ёпиқ эшик очилди…
Кимнинг давлати бу?
Мисоли янги қуёш – ҳар янги ва ёруғ кун,
Сафарга рухсат келди…
Кимнинг навбати бу?

***

Гул базмига янги пиёла бўлди,
Ҳангомаю янги «ла-лола» бўлди.
Бир қисса ўқимай «Минг бир кеча»дан,
Янги бир минг йиллик – ҳавола бўлди.

***

Эй, қалби кўр ғаним, дунёнинг дуни,
Қайтар дунё дерлар, билмассан буни.
Отганингда менга тегмаган тош бу,
Кўтар, мозорингга олиб кет уни.

САРИ ХИРМАН СОЙИ

Сари Хирман сойи устимдан кулар,
Устимдан кулади такрор ва такрор:
«Бунча гердайдинг сен – кечаги бола,
Нечук савлатинг бор, салобатинг бор?
Серғалва бошингда – эскирган қалпоқ,
На орзу на дилда ҳаловатинг бор.
Бекор, ботил ҳою ҳавасдан ўзга,
Нечук давлатинг бор, даромадинг бор?

Ахир, сен эмасми, куй, сўзларимни
Тинглаб, сўзга моҳир бўлган сўзамол?
Ахир, сен эмасми, ғазалларимни
Ёд айлаб, сўнг шоир бўлган безавол?

Шеър айтиб,
Бағримдан бўлдинг равона,
Зарафшон ёқалаб гоҳ Бухорога,
Гоҳ Теҳрон, Самарқанд, Душанбе, Кобул…
Кетдинг қай маъводан қайси маъвога?!

Қулоқни қоматга келтириб тинмай,
Замон шоирларин зўриман, дединг!
Дединг, мен Рўдакий авлодиданман,
Ва Хайёмнинг меросхўриман, дединг!
Бироқ, эй, овора гўдагим менинг,
Кошки, ўз дардингга даво қилсайдинг,
Бироқ, эй бечора шоирим менинг,
Кошки, англасайдинг, кошки, билсайдинг:
Не-не шоирлару шоирзодалар,
Йўлларда тентираб, тоқати тўлиб,
Рўдакийдай сафар айлади, бироқ,
Сафардан қайтмади Рўдакий бўлиб.
Не-не шоирлару шоирпешалар,
Рўдакийдай ашъор тўқир азалдан.
Бироқ, арзимади том-том ғазали,
Рўдакий яратган битта ғазалга…»

Сари Хирман сойин қаҳқаҳалари,
Менинг юрагимга киради оқиб.
Сари Хирман сойи устимдан кулар…
Йиғлардим…
Йиғлардим мен унга боқиб…

НОДОНЛИК ИСЁНИ

(Шеър-достон)

Чумолию қушлар тилин билмасман…

Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман,
Шундай нодонманки, билмасман, ҳатто:
Юрагим соати қўл соатими,
Деворга осилган соатмикин ё?!
Жоним ҳушёрликдан қалтирайдими
Ва ёки мастликдан?
Билмай ҳайронман.
Ўз ҳолимни ўзим англай олмадим,
Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман.

Аҳволим ёмондир анчадан буён:
Сўзим қулоғимга қилмаяпти кор,
Ёқтирмас оёғим шарпаларини,
Нурсиз нигоҳимдан кўзим ҳам безор.
Қўлларим ожиздир, осмонда эмас, —
Қўл бўлишдан қўлни ювган тандадир.
Анча бўлди, ёдим акси – нобакор,
Фикру хаёлим ҳам парокандадир.

Баъзан, уйғотаман мудроқ юракни,
Баъзан, ўзлигимни айлагайман ёд.
Баъзан, жимлигимнинг оҳанги билан,
Дилимдан тўкилар сокин бир фарёд:

Азизлар,
Қайси йил ва қайси ой бу,
Соат қай фурсатни кўрсатар букун?
Бу қандай йўлдирки,
Руҳимиз – равон,
Оёқ қўлларимиз боғланган нечун?

Кутдим, ҳеч қаердан садо келмади,
Ҳеч ким сўз қотмаган юраги қонман.
Бўғзимга жон келди, наво келмади,
Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман.

«Хайрли тонг!» дедим битта гадога,
Айлаб юрганимда бозор ичра сайр.
«Бошқа хайринг йўқми?!»
Тиржайди гадо,
Уялдим,
«Хайр» дедим мен ноилож…
Хайр…

Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман,
Руҳим – оч бўридай, ўз нафсига қул,
Оч ҳамда ярадор бўри янглиғ у
Ўзининг танини ялайди нуқул:
То йўл тупроғига қонли ярадан
Қон томиб, қонли из қолдирмасин ер.
Токи, қонхўр жуфти
Луқмасидаги
Қон ҳидидан кўнгли айнимасин дер.
Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман,
Чумолию қушлар тилин билмасман.
Билганда, сўрардим,
Каптарлардан мен
Сўраган бўлардим тиним билмасдан:
Нечун тинчлик қуши дейишар уни?!
Сўрардим парвознинг завқи нима деб?!
Сўрардим, масжидда ёки черковда
Дон чўқишнинг асли фарқи нима деб!
Сўраган бўлардим чумолидан ҳам:
Жангу жадал ичра ўлдириб, ўлиб, —
Кўзингизга қандай кўринар Одам,
Одам бўлибми ё
ваҳший дев бўлиб?!

Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман!
Кўрдим:
Буғдой экар очлик қасдида,
Йигирманчи аср Одам, Ҳавоси,
Йигирма биринчи аср даштида.

Йўқ, йўқ,
Туш эмас бу,
Кун –кеча кўрдим:
Кафтида – бир тўғрам зоғора нони, —
Бир девона шовқин солиб куларди,
Бошига кўтариб бутун дунёни:
«Туш кўрдим, йигирма биринчи аср
Сигирлари ногоҳ кўтармиш исён.
Зеро, жониворлар орасида пок
Гўдаклар обрўсин тўкмиш оломон!
Саркаш нафси учун,
Биродарининг
Қонин ичишдан ҳам қайтмайди Одам.
Саркаш нафси учун,
Ғафлатда қолиб,
Қайтмайди онасин ўлдиришдан ҳам.
Бир дамлик дилхушлик илинжида у
Ўздан кетар, сармаст кўзини сузиб,
Юз йилда уриниб тиклаганини,
Бир лаҳза,
Бирпасда ташлайди бузиб.
Улар қилмишидан, жаҳолатидан,
Ҳайвонлар лол қолгай,
Ҳайвонлар – ҳайрон.
Лол қолгай уларнинг хиёнатидан,
Хиёнат бобида беқиёс Шайтон…»

Бу туш таъбирини билмасман, аммо,
Кўрдим:
Буғдой экар очлик қасдида,
Йигирманчи аср Одам, Ҳавоси,
Йигирма биринчи аср даштида…

Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман.

Кўзимнинг дурбини
Ёруғликларни,
Балки, ёруғликдан ёруғроқ кўрар.
Кўзимнинг дурбини
Қоронғуликни
Қоронғуликдан ҳам ёвузроқ кўрар,
Олисларни кўрар олисдан олис,
Ёвуқликни эса ёвуқроқ кўрар!..
Ой нурига сажда айларди шомда,
Бир занжи пичирлаб ўқирди дуо:
Яхшиям, танимни, рангимни қора,
Қалбимни сен ёруғ айладинг, Худо.

Ношукур эмасман,
Қорамас ичим,
Бироқ, битолмасман сохта қасида,
Сочлари оқарган Ақл турарди,
Тақдир берган икки йўл орасида,
Ашёлардан, ашё маъноларидан
Изларди Ўзликнинг йўлакларини,
Ҳар томон,
Ҳар рангдан,
ҳамма нарсадан
Йиғарди сочилган бўлакларини.
Жуда бузуқ эди авзойи…
Дерди:
Томингиз остида қалдирғочлар бор,
Улардан сўраманг ижара пули,
Улардан жой ҳаққин сўраманг зинҳор.
Балиқларни сувнинг,
Қушларни дарахт,
Солиғидан буткул айлангиз озод.
Дарахтлар ҳам ерга тўламай солиқ,
Ўша ер бағрини айласин обод.
«Сен қайси диндансан?» — дея куну тун
Биз савол берамиз нечун булоққа?
«Қайси мазҳабдансан?» — деб нима учун
Ариқлар сувини тутдик сўроққа?
Ўрикдан сўраймиз «Имоминг ким?» деб,
Унутиб ўзликни, ишқни, имонни,
Кимнинг ортида у намоз ўқийди,
Зардуштми?
Насроний?
Ё мусулмонми?!
Титкиламанг ғараз пучмоқларини,
Бузуқ хаёлларни айламанг бедор.
Фикрингизда пайдо тўсиқ, ғов янглиғ,
Еру осмон аро тикламанг девор.
Ўз ҳолига қўйинг,
Юрсин чумоли,
Қўрқмай, бир томондан бошқа томонга.
Каптарлар ҳам парвоз айласин беғам,
Учсин бир осмондан бошқа осмонга…
Тутқун этмай сўзни тил зиндонида,
Жонни асрамайлик сичқон инида,
Ишимиз бўлмасин,
Агар қурбақа
Гапирса
турк,
инглиз,
ё форс тилида!
Ахир, қачонгача эртак сўйлаймиз,
Ирону Нирондан,
Кинодагидай,
Бутунлай ер билан яксон айлаймиз
Меҳрни Амриқо биноларидай!
Садоқат
Кавказнинг тошдан қурилган
Кулбасидай қулаб бўлди култўда.
Ишқни хонавайрон айладик буткул,
Афғон тупроғидай
Афғон юртидай!
Ўз ҳолига қўйинг бир зум ўлимни,
Ўлим ўз вақтида етсин, одамлар!
Ўз ҳолига қўйинг бир зум Умрни,
Умр ўз вақтида кетсин, одамлар!

… Сочлари оқарган Ақл,
Тақдирнинг
Икки йўли аро лол, ҳайрон эди,
Гўдакка ўхшарди бир қараганда…
Ғирт нодон эди у,
Ғирт нодон эди…»

Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман,
Ўйлардим, инсоннинг бир бўлаги – дил.
Шаҳар ва қишлоқнинг ҳар гўшасида
Бор унда дардига шифо бир манзил.
Аммо, қайдан билай,
Ҳар гўшасида
Бир ғариб учун – бир зиёратгоҳ бор.
Бир ҳабиб учун – бир ибодатгоҳи,
Бир табиб учун – бир муҳаббатгоҳ бор
Билмадим,
Кўнгилни тўлдирганида
Ва кўнгил тиндирган чоғда Одамни.
Билмадим,
Кўнгилни боғлаганида
Ва кўнгил синдирган чоғда Одамни…

Ўшандан кейин шеър хаёлгоҳида,
Ишқ сўзи юракда қолиб кетди жим.
Синдирдим, боғладим қофияларни,
Вазнларни бўлдим,
Қайтиб боғладим.
Бир лаҳза ишқ билан юракни ногоҳ,
Бир қофия, битта вазнга солдим.
Бирикиб кетганда ишқ билан юрак,
Ўзим ҳам бутунлай бевазн қолдим.
Енгил тортдим,
Сузиб юрардим гўё,
Денгиз сувидаги балиқдай қалқиб.
Нур осмони узра паррандаман ё
Олис коинотда Одамман, балки…

Замон деворининг ортида ҳануз,
Болалар чарчамас давронбозликдан.
Қўли бўшамайди,
Ҳар вақту бевақт,
Қўрчоқбозликдан ва камонбозликдан.
Мен билмайман,
Нима асрайди улар,
Пуч ёнғоққа тўлган қўйинларида?
Мен билмайман,
Зеро, йўқдир хабарим,
Болаликнинг бундай ўйинларидан…

Мен билмайман,
Менинг бу нодонлигим
Офатми,
тоатми?
Одатмикин ё?
Юрагим соати
Қўл соатими?
Деворга осилган соатмикин ё?
Жоним ҳушёрликдан қалтирайдими
Ва ёки мастликдан?
Билмай ҳайронман.
Ўз ҳолимни ўзим англай олмадим…
Ғирт нодонман, эй воҳ, ўта нодонман!!!

Одил Икром таржимаси