Раҳмат Назрий (1951)

Тожикистон халқ шоири Раҳмат Назрий замонавий тожик адабиётининг йирик вакилларидан ҳисобланади. 1951 йилда Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида таваллуд топган.  Тожикистон давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган.
Илк иш фаолиятини «Маориф ва маданият» рўзномасида бошлаган. Кейинги йилларда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқининг адабиёт тарғиботи марказида иш юритувчи, «Адабиёт ва санъат» ҳафтаномасида муҳаррир, ёзувчилар Иттифоқида назм бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. 2002 йилдан Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти қўмитасининг раиси вазифасида ишлайди.
1977 йилда шоирнинг «Яшил барг» номли илк шеърий тўплами устод Боқи Раҳимзоданинг сўзбошиси билан чоп этилган. 1988 йилда «Қисмат» китоби учун Тожикистон Комсомоли мукофотига, 1993 йилда «Меҳроб» китоби учун ёзувчилар Иттифоқининг Мирзо Турсунзода номлидаги мукофотга, 2000 йилда «Ой хирмони» тўртликлар мажмуаси учун Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.
Шеърлари олмон, латиш, рус, инглиз, ўзбек, араб, қозоқ ва қирғиз тилларига таржима қилинган. Раҳмат Назрий қўшиқлари билан ҳам машҳур. 1985, 1986 ва 1990 йилларда Тошкент шаҳрида «Мелодия» фирмаси томонидан «Раҳмат Назрий шеърларидан тузилган қўшиқлар» номли  пластинкалар чиқазилган. 1979 йилдан буён Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.

ОНА, МЕНИ КЕЧИРГИН!

Бехабарман ҳолингдан
Она, мени кечиргин.
Ёрдамчинг йўқ ёнингда
Она, мени кечиргин.

Орзу ҳавас ортидан
Кетдим сендан олислаб,
Кексалик айёмингда
Она, мени кечиргин!

Осмондаги ой янглиғ
Кўзингга уйқу келмас.
Тунлар ёлғиз онингда
Она, мени кечиргин!

Барчамиздан сен ҳудо,
Ёлғиз ёрингдир Худо.
Бошим садқа пойингга
Она, мени кечиргин!

Хаёлимда ҳар куни
Қошингга мен борарман.
Шукр дейман борингга
Она, мени кечиргин!

ВАТАН ИШҚИ

Эй, жон ичра жоним, жоним фидойингдир,
Эй, ишқ, Ватанжоним, жоним фидойингдир.

Эй, жону жаҳоним, ёндиргин бу қоним,
Эй, меҳри осмоним, жоним фидойингдир.

Қондаги тўфоним, эй мавжли туғёним,
Эй, зебо маконим, жоним фидойингдир!

Эй, қалбим оташи, ёндир обу гилим,
Куйдиргин забоним, жоним фидойингдир.

Бориму йўғимсан, эй ишқим, Ватаним,
Ёндир хонумоним, жоним фидойингдир.

Майлига хок айла, сўнг майли пок айла,
Бегўру кафаним, жоним фидойингдир.

БEРИНИСО БЕРДИЕВА* МАРСИЯСИ

Мозорига гул экиб, эй азизлар йиғлангиз,
Фалак сари кўз тикиб, эй азизлар йиғлангиз.

Ўтли нигоҳларидан ой нурлари тўлишса,
Кўзгусига шам ёқиб, эй азизлар йиғлангиз.

Одамларнинг ғамидан озурда дил эди у,
Садпора дилга боқиб, эй азизлар йиғлангиз.

Тош ёғса ҳам осмондан, эгилмас эди боши,
Тасбеҳу дуо ўrиб, эй азизлар йиғлангиз.

Тўдалар орасида озод бўзларди, энди
Жимликка кетди ўтиб, эй азизлар йиғлангиз.

Бир замонлар маърифат боғин обод этди деб,
Дардлашиб, кўз ёш тўкиб, эй азизлар йиғлангиз.
_________________
*    «Маориф ва маданият» журналининг собиқ муҳаррири, шодравон.

ДИЙДОР СОҒИНЧИ

Бу кеч мен сен учун
Яшамоқ истайман,
Майли осмонлардан
ёмғир ўрнига
Ёғсин армонлар!

Кўкдаги ҳилолдан
сенинг ҳақингга
Дуо сўрайман,
Майли сиримизни
Билсин осмонлар!

Бу кеч,
хазонрезнинг шамолларида
Кўзларинг оловин
кўрмоқ истайман.
Гарчи қаламимдан
тўкилди ғамлар,
Йиллаб кўзларимдан
кетмади намлар,
Вужудимда қолган
сабримни жамлаб
Дилим хотиридан вафо  излайман!

Истайман, ҳажринг оловида тобланган
Ишқим оташи
Сени куйдирсин.
Токим, сен ҳис қилгин
Изтиробларим,
Чеккан азобларим,
Ғам-ғуссаларим.

Бу кеч сен мен бўлгин,
Мен-чи сен бўлай.
Розиман, ҳижрон қийноғида
Сенинг ўрнингдан
Тил тортмай ўлай.
Дилларимиз доғдир иккимизнинг ҳам.
Ишқинг — менинг жазом,
Ишқим — сенинг сазонг (!) бўлди севгилим!

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржималари