Евгений Евтушенко (1932-2017)

Евтушенко Евгений Александрович (1932.18.7, Иркутск вилояти – 2017.1.04, Талса, Оклахома, АҚШ) — рус шоири. Биринчи шеърий тўплами «Келажак разведкачилари» (1952). Евтушенко адабиётни компартиянинг ғоявий қуролига айлантирмай, асл ҳолига қайтаришга — инсониятнинг мададкорига айлантиришга ҳаракат қилган.
Энг яхши асарларида мураккаб ахлоқий ва тарихий масалаларни («Сталин ворислари», «Бабий Яр» шеърлари), халқаро сиёсатга дахлдор муаммоларни ўртага ташлайди, ижодида фуқаролик руҳи устувор мавқега эга.
«Учинчи қор» (1955), «Ташаббускорлар кўчаси» (1956), «Назокат» (1962), «Братск ГЭСи» (1965), «Алоқа қайиғи» (1966), «Оппоқ қор ёғяпти» (1969), «Қозон дорилфунуни» (1970), «Ишқий лирика» (1973), «Эрталабки халқ» (1978), «Фуку» (1985) каби тўпламлари ва достонлари нашр этилган.
«Мевали жойлар» (1981) романи ахлоқий мавзуда. «Истеъдод — бетакрор мўъжиза» (1983) мақолалар тўплами адабиётшунослик масалалари тўғрисида. «Болалар боғчаси» (1984), «Сталиннинг дафн этилиши» (1990) фильмлари муаллифи.
Евтушенконинг «Оқ қорлар» (1982), «Илтижо» (2021) шеърий тўпламлари ўзбек тилида нашр қилинган (1982).

ЙЎҚЧИЛИК

I

Халқ қудрати чексиз. Кўп менинг кучим.
Тебранган ҳар нарса мўртмас, албатта.
Бахт ва кулфат чекиб урушда ўсдим,
Йўқчилик авж олган шу мамлакатда.

Тонг ёрир-ёримас нон дўконига
Навбат туришарди тирғилиб-шошиб.
Чол соқолин силаб хўрсинди шунда:
«Қаерда жанг бўлса, шу ерда очлик».

У пайт етмас эди урушда дока,
Этик, самолёту портловчи қурол.
Аммо қадаш учун Берлин устига
Ол байроққа мато етган бемалол.

Энди тўкин-сочин замонлар келди,
Россияда ҳамма тўйган чоғида —
Бу саф-саф навбатлар қайдан туғилди,
Кўриб жоним келар ҳиқилдоғимга.

Апельсин, жерси бер — тўймайди кўзи,
Қолдирмай ютади қандайдир шайтон.
Таъминотчи дейди тушиб тарвузи:
«Лаънати! Ҳеч нарса етмайди ҳамон!»

Қанча сукут босган йўл ортимизда,
Қорбўрон оралаб олға юрамиз.
Аммо камлик бўлмас ҳеч қачон бизда,
Сўнгги кўйлакни ҳам дўстга берамиз.

Виждону номусни қарзга олмаймиз,
Ўз қалбимиз бизга қилар кифоя.
Бизнинг завол билмас ғуруримиз бор,
Мавзолейга навбат билмас ниҳоя.

Менинг Ватаним бу. Керакмас ўзга,
Бозорга солмайман унинг дардини.
Бадавлат ва хасис жодугар бўлса,
Мен бунчалик ёниб севмасдим уни.

Унда мусибат кўп. Ҳар ғамга шайман.
Ожиз қайдан билсин, ахир, қудратни.
Қанчалик севишим қандай атай ман
Кўп нарса етишмас шу мамлакатни.

Русчадан Маъруф Жалил таржимаси.

ЭРИШ ТУЮЛАДИ…

Эриш туюлади дардсиз яшамоқ
Нафис адабиёт, хусусан, шеърда.
Эриш туюлади кўкни қўмсамоқ
Ҳар ҳолда одамлар яшагач ерда.

Дил истар қандайдир ноёб сўзларни,
Майли, туғилса ҳам улар қийинроқ.
Некрасов руҳига эргашар барча,
У эса — теранроқ, тағин теранроқ.

Эриш туюлади кўз ёш тинмаса,
Шафқат, юз-хотир деб эгилса бўйин.
Эриш туюлади соғинилмаса
Ҳар ҳолда само ҳам бўлгандан кейин.

Дил истар қандайдир қуйма сўзларни,
Қоғозга тўкилсин осону ўйноқ.
Барча эргашади Пушкин руҳига,
У эса — юксакроқ, тағин юксакроқ.

ЧEГАРА

Ҳамма нарсада ҳам бордир маълум ҳад:
Чеклидир бардош, қалб, идрок, муҳаббат,
Чексиз кенгликнинг ҳам чегараси бор.
Шоир, бас, эзмасин кўнглинг ҳадиги —
Иқгидор ва умринг чекланганлиги,
Инон, бунда зарра гуноҳ йўқ зинҳор!

Аммоки нашъадор жилмайса жоҳил:
Дегандек, у шўрлик тугабди охир, —
Бу асло қалбингни этмасин яра.
Сен-ку тугамадинг, руҳингда сарҳад.
Ҳар қандай даҳо ҳам чекланган, фақат
Инсон разиллиги билмас чегара.

Мен ҳамёнман.
Етибман йўлда.
Кун ярмида ётибман ёлғиз.
Эҳ, одамлар, пайқаш ўрнига
Топтамоқда оёқларингиз.
Нима бўлган сизларга, ахир?!
Кўзларингиз қўрми ё?!
Атганг,
Мени сиздан беркитмоқдадир
Изингиздан кўтарилган чанг.
Бир бор бокинг.

Бир боқиш холос,
Мен сизники бўламан шу зум.
Суриштирманг эгамни ҳам, рост
Ерга қўйдим ўзимни ўзим.
Хаёл қилманг, ип тортиб бехос,
Тахта девор ортидан туриб,
Шум болакай кўтармайди бош:
«Қотирдик!» деб, қаҳқаҳа уриб.
Чўчитмасин истеҳзо билан
Деразадан қараган кимса…
Қалбакимас, мен ҳақиқийман.

Бир бор боқинг, кўрасиз шунда!
Мен қўрқаман сизлардан араз —
Бир тасодиф босар ташвиши:
Кўриб қолар кутганим эмас,
Олиб кетар муҳтожмас киши…

Мирпўлат Мирзо таржималари

АФҒОН ЧУМОЛИСИ

Афғон деб аталган олис тупроқда
Бир ўрис йигитин мурдаси ётар.
Ўрмалаб юрибди муздек яноқда
Мусулмон чумоли айни кунботар.

Қийналиб ўрмалар — ўлимдан сўнг ҳам
Ўсишдан тўхтамас мурда соқоли.
Йўл излаб бораркан, жим қотиб бир дам
Мурдага гапира бошлар чумоли:

«Сен ҳатто билмайсан бу ернинг номин,
Билмайсан қаерда бўлгансан қурбон.
Фақат биласанки — ҳаётинг зомин,
Фақат биласанки — ёнингда Эрон.

Сен-ку «Ислом» деган сўзнинг маъносин
Фақат шу ўлкага кирганда билдинг,
Ахир, айт, сен ўзинг билмаган юртга
Нега милтиғингни кўтариб келдинг?

Нимаям берардинг менинг элимга
Мабодо қошингга келиб бош урса,
Ахир, ўз юртингда колбаса учун
Одамлар соатлаб навбатда турса?

Йигирма миллион қабр каммиди,
Каммиди ноҳақ қон, ёлғон, хиёнат ?
Нега яна сонсиз қурбонлар тилаб
Бу ерга келдингиз бошлаб қиёмат?

Афғон деб аталган олис тупроқда
Бир ўрис йигитин мурдаси ётар
Ўрмалаб бораркан муздек янокда
Мусулмон чумоли боз ўйга ботар

Ва минг алам ила билмоқчи бўлар,
Йитсин дегандайин бу юртдан ўлим,
Исога чўқинган чумолилардан
Бу ўрис йигитни тирилтмоқ йўлин,

Аммо ўша олис — етимлар доди,
Бевалар фарёди пажмурда этган
Ўлкада бу йўлнинг чорасин билган
Чумолилар бари қирилиб кетган.

БАЛКИ КУНЛАР ЎТИБ…

Балки кунлар ўтиб изма-из,
Бир кун келиб қоларман ёлғиз.

Балки йиллар ўтару бир дам
Ўлганимни англарман мен ҳам.

Балки ҳали совимай қоним
Унитилар юртимда номим.

Фақат кунлар ўтса-да бесас,
Уят билан яшамасам бас.

Фақат йиллар ўтса-да тушдай,
Буқаламун ҳолига тушмай.

Фақат юз йил ўтсаям, келиб
Тупурмасин қабримга элим.

Хуршид Даврон таржимаси

ГИРЯ

Момиқ патларида қотган лахта қон,
Кўзлари чирт юмуқ. Жим. Афтодаҳол.
Қайиқда чайқалиб ётибди бу он
Битта ғоз — қорамтир бир кумуш мисол.

Вилюй бўйлаб учар эди икковлон,
Биттаси парвозда ногоҳ ўқ еди.
Қайиқ тепасида бошқаси нолон
Чарх уриб, армонда зор бўзлар эди.

«Кумушқанот укам,
Тухум пўчоғин
Пачақлаб чиққандик қаршилаб тонгни.
Онамиз энг аввал очиб қучоғин
Сени тўйғизарди,
Сўнг эса мени.

Кумушқанот укам, сен эдинг бир зар,
Осмонга кўрк бўлиб қилардинг парвоз.
Рангпарроқ эдим мен. Нозанин ғозлар
Сени кўп севарди,
мени эса — оз.

Кумушқанот укам,
Мард атардилар
Сени
Ёт элларга борганимиз пайт.
Ўша юрт ғозлари кузатардилар
Сени кўп маҳлиё,
мени-чи — лоқайд.

Парвоз қилар эдик тинмай бир замон
Қаро булутлардан салгина пастда,
Жала қуйса, сендан сувлари осон
Дув тўкилар эди,
мендан-чи — аста.

Изтироб чекяпман,
Пушаймонлар еб,
Мен учун сенсиз бахт — йўқолган сароб.
Сен мендан — мен сендан
Устун бўлай деб,
Сен кабоб бўляпсан,
мен эса — хароб.

Чўқишардик,
Шафқат келмасди, ҳайҳот,
На менинг ёдимга,
Сенинг эсингга.
Суяниб яшасак бўлмасди, наҳот,
Сен, укажон, менга,
мен эса — сенга.

Жондан тўйиб,
Ҳасаддан кечганимда воз
Момиқ тўшгинангга келиб тегди ўқ.
Тақдир олди мендан мудҳиш бир қасос —
Сени ўлдирдилар.
Мени…
Эса…
Йўқ…”

Матназар Абдулҳаким таржимаси

ТЎЙЛАР

А.Межировга

О, уруш вақтин тўйлари!
Шаҳдида – алдамчи бир завқ,
дудмал ўйлари-сўйлари,
“ўлмас…” деб қўяр бешавқ.
Қишки, қорли йўл; шамол гоҳ
олд, ортдан урар кўчкидай,
шошилинч тўй – қўшни қишлоқ
сари боряпман учгудай.
Кирарканман синим сақлаб,
ғала-ғовур кулбага ман
ҳамма танир – бордай қашқам:
раққосман-да донғи чиққан.
Гирдида қариндош, дўст-ёр,
башанг кийинган, нақ олов,
ўлтирар лол, беихтиёр,
ҳарбийга чорланган куёв.
Ёнида Вера – келин ҳам.
Уч-тўрт кун ўтар ё ўтмас
у кулранг шинель кийган дам
жабҳага йўл олар – кутмас.
Ўз эмас,
ёт элда
яктан –
бўлганча милтиғи ила,
учар у, балки, дафъатан
немис ўқига дуч келар.
Стаканда қайнар бўза,
сипқоргани изн бермас ҳол.
Бу, келин-куёв ўтказар –
илк, ҳам сўнгги тун, эҳтимол.
Ғамгин тўнар, бирдан нега
тилга чиқар дарди қайнаб,
ўтирган жойидан, менга –
айтар: “Бўл, бир ўйна!”
Ҳамманинг кайфи тарқади,
ҳамма менга боқди, қаранг.
Чарх урдим, йўқ шаҳдим ҳадди,
нағалларим сочди жаранг.
Ларза солиб,
от сураман,
шамолдан ўзиб ўтгудай,
ҳуштак чалиб,
қарс ураман,
учаман шифтга етгудай.
Шиор
Гитлерга гўр қазиб,
деворда қанотин қоқар,
келиннинг кўзидан
сизиб,
қайноқ ёш
томчилаб
оқар.
Бас, оғзимда айланмас тил,
чиқмоқда нафасим зўрға…
“Ўйна!…” –
қичқиришар якдил,
қайтадан рақс-отим йўрға…
Товоним ёғочдай – сезмас,
қайтиб,
уйга кирмасимдан
янги тўйга чорлаб
бир маст
кириб келади изимдан.
Онамдан сўраб амаллаб,
мен яна тўйда ҳозирман,
мен яна шавққа ўт қалаб,
қулочимни кенг ёзарман.
Келин аччиқ йиғлар… ёш – чўғ…
Дўстлар ёш тўкар, тортар оҳ.
Даҳшат босар.
Ўйнагим йўқ,
ўйнамай
илож йўқ,
бироқ.

1955

* * *

М.Бернесга

Руслар уруш истарми ҳеч?
Шудгору дала узра зич –
сукунатдан сўранг бир дам,
оққайину теракдан ҳам.
Сўранг оққайин остида
ётган аскарлардан, фидо –
ўғиллари дер серўкинч:
руслар уруш истарми ҳеч?
Аскарлар ўша урушда
юрт учун тоғдек туришда
ер юзида жами инсон
хуш туш кўрсин деб берди жон.
Барглар, афишалар – хўб кўрк,
ухлайсиз, Париж ва Нью-Йўрк.
Тушингиз йўйсин эрта-кеч:
руслар уруш истарми ҳеч?
Ҳа, урушга қурбимиз бор,
лек кўзимиз қиймас, такрор
аскарлар худди бир яшин
ғамгин ер узра қулашин.
Оналардан сўранг сизлар,
Хотинимдан сўрангизлар,
шунда англарсиз пешма-пеш
руслар уруш истарми ҳеч.

1961

ОИЛА

Ўша, ўзинг севганинг
сендан зада, боши хам,
Сенга, ёвга боққандай,
тикар қўрқувли кўзин:
тун бўйи итлик қилиб,
наҳс босиб қайтганинг дам –
сени кафтда кўтарган
ўз уйинг булғаб ўзинг.
Шунчалик тарқаларки
бутун уйга сендан бад
кароватнинг тагида
кучугинг писиб ётар.
“Ачом” деб чопмас тонгда
ўғлинг шодланиб беҳад,
кўзида бор хавотир,
сени кўрса, тек қотар.
Гўёки, ўз оиланг
жабрига бериб барҳам,
ниятингга эришдинг –
ўзни қилдинг иҳота.
Оилани қарамлик
деб ўйлаган у қарам –
ўша эр, ўша ота –
энди на эр, на ота.
Даҳшатли. Ёқимли ҳам…
ўзни бахтсиз деб санаш.
Ўз айбинг оқлайсан сен –
ёнар ўтга томар ёғ.
“Мен – бахтсиз, тушунмас ҳеч…” –
кимга керак бу саннаш,
жилла қурса,
сен ўзинг
ўз хотининг англаб боқ.
Уят: айб тўнкаб оқланиш,
кўзи мўлтираб турганни яниш
унинг бир бор берилган
умрин ўғирлаб бир қур.
Тавба – қулай бир имкон,
“Тавба қилди – пок бу жон” –
оқланиб олдинг – яна
қайтадан балчиқ кеч, тур.
Сен буюк, тенги йўқсан
ўғлинг наздида ҳали
кўзидаги мовийлик
тоза, меҳр, ҳавасдир,
эркинг сари шошилиб,
очиб – ёпган маҳалинг,
фалокат босиб, бошин
эшик эзмаса – басдир.

Қўлла,
ижод гултожи –
оилани,
эй эгам.
Болалар бошчаларин
ҳаққидир
ҳаёт эса.
Асли бир –
оиладир
инсоният ўзи ҳам,
Бола, Она, Ота – бу
Ердаги уч илоҳа.
Қўй бу алаҳлашга чек
сезилмасдан нафрат, кек,
сенга ўз хотининг-у
қарағай сасида, бил,
ойнадан ташларкан кўз
барглар оралаб юлдуз –
ҳали сендан жирканмай,
гўё раҳмдил сингил.

1972

* * *

Бемазмунлик – қўрқоқлик.
Бардош –
этолмаслик давр юкига.
Оғир келса ҳамки елкадош
ва бир юкка бўлайин эга.

Бемазмунлик – ўта тўқлик.
Ор –
биров дардин ширин қилсанг гар.
Туздан ёмон, додлаган бемор
ярасига сепилган шакар.

1973

* * *

Хавфли иш – бадиҳа қилиб шеър айтмоқ, –
қаранг, шоир, уялиб қолманг! –
лекин ундан, кўзни ўйнатганча гоҳ,
ёмби фикр қалқир айлаб ҳангу манг.

Алаҳсирагандек айтилган сўзга
ақллилик йўнган фикр дош бермас пича –
неча тун-кун туриб, тўр солиб музга,
ачқимтир таъм олган карам шўрвача.

Бичиқчидай бичмас у айтар сўзин,
аввалдан шарт қўймас: бу – енг, бу – яқо,
тин олмай, унутиб тамоман ўзин
саннаганларида балқади бақо…

1977

* * *

Шакл – бу ҳам мазмун азалий.
Алангали – шакли оловнинг.
Безовта кишнамоқ амалий
мукаммал шаклида бедовнинг.
Бўккан булут ичра қўрғошин
тусли жала тўлаю беун
ва, шаклида инсон кўз ёшин
яширилган тилсим бир мазмун!

1978

ИРСИЯТ

Самбиттол шохини
аста силадим.

Аждод-у жадимиз,
энг олис жадим –
суяк суриб келар унда – дил айтар.
Энди улар ерда тирилар қайта.
Қанча дарахт бўлса, –
ўрни ўнг ё чап, –

ўз читтакларимиз –
шохлари бўйлаб,
пўстининг остида –
этруск, осурий.
Ҳар бири шажара дарахти эрур.
Бутун тана ичра оққан шарбатда
аралаш бари –
қул, фиръавн, – албатта.
Сувдаги дарахтга
қўл тегизсанг гар
пўпанак остидан
сўйлар варяглар.
Сесканди партизан аёл сиртмоқда,
юм-юм йиғлаётган
оққайин
дордан –
у ичра, фашистдан беркиниб олган
Морозова хоним додлаган чоқда.
Самбиттол шохини
аста силадим.
Мен ҳам бир
шажара дарахти, дедим.
Ирсиятимизга ва
ўзимизга
боқсак,
кўпик –
ҳаёт бошидир бизга.
Сувдан қуруқликка чиққач ўрмалаб,
юзғич, ойқулоқни, –
бўлди не талаб, –
инсоний кўнгилга алмаштирдик биз,
дебми:
“Ўт сеҳридан ёнғин ясаймиз”?!
Тўрт оёқни қўйиб, тик тургач,
дангал –
жаҳд этдикми:
“Пулга тўлдирай чангал”?
Бармоғимдан қон чиқса,
уни тиғ яралаб сал,
қонга қўшилиб кетар
мендаги неандертал,
махфий ирсиятда
яшриниб, шивирлар у:
“Афзалроқ бўлмасмиди
кўпикда қолсак мангу?”
Маданиятлар – торт-орт.
Ўзгариб кетди олам.
Неандерталлик бизга
юққан эди қайдан ҳам?
Каптар боласи эмас,
қотил қўлида асли
кўринган неандертал
тўқмоқли ракетаси.
Пай томиримдан келган
скиф сасин илғайман мен:
“Мен-ку кўчманчи эдим.
Лекин шаҳарликсан сен.
Табиатга эмас, йўқ,
келтирдим ёвга қирон,
шаҳар заҳар оқизар
сувга,
тўхтамай бир он.
Кимдир қаттол нейтронни
қайнатар.
варварлик – шу!..
Ким мени варвар атар?”
Самбиттолнинг шохини
аста силаб – сийпадим,
бу кўнгил хуш бўлмади.
Яна тирриқдир таъбим.
Неандерталнинг урар тўқмоғин олиб,
тун оққач, йўл соламан
ёрим сари
сургалиб.
Силқиган қон ҳўл қилган
кепкамни ечар ўзи,
эшик олдида ўпиб,
қаршилар, боқ бу сирга:
Ярославна,
Саския
унинг лаби-ю кўзи,
меҳри-ла мени суйиб,
ўпар у билан бирга.
Наҳот, малъун бомба шу –
ҳаёт гулим сўлдирар –
ундаги
Беатриче,
Лаурани ўлдирар!
Ва мендаги пушкиний ёлқин
кўрмайин камол –
у – бўлажак даҳшатли урушда топар завол?
Шунда барча дарахтлар –
ўнгдагиси ё чапи, –
шажара дарахт каби,
ёниб кул бўладими
чиққанча жизғанаги?
Ўзимизда жамулжам
ирсиятни тинглаб биз,
улар билан бирликда
қоқилиб,
судраламиз.
Биз қайсидир келгуси
пайғамбарлардан,
жуда –
махфий сир-сабоқларни
кутаяпмиз беҳуда.
О, инсон, ирсият ҳам –
жароҳатлар орқали –
қонинг-ла бирга, буткул
сизиб чиқар унутма,
милёнлаб пайғамбарлар – маълум бўлмайин ҳали,
ерга буткул сингувчи машъум лаҳзани кутма!
Ва лекин ер ҳам бўлмас у касофат маҳали…
1981

ОКУДЖАВАНИНГ ДАФН МАРОСИМИ

Не кўйга солса ҳам бу ҳаёт мани,
ёдловчиларданман
Окуджавани .
Семиз даврон айши баҳридан ўтиб,
ўзини симдорчи бир қиздай тутиб,
ориққина виждон
сақлаёлди шаън –
гитара торини этганча ватан.
Сен-ла видолашай деб келдим,
Булат,
олтмишинчиларга тўлибди Арбат.
Пионерлагерчи биз. Ўша, ҳа, биз

Қрим Колимасининг қочқинларимиз,
унда,
лов-лов гулханларида бирдек –
чўкичлаб, мажруҳлар ясаган Артек.
Биз
Павлик-нусхалар
бўлганимиз йўқ,
“бўлтайёрчилик” ҳам қилганимиз йўқ,
биз – у гулханларда ёнмаган асл.
Биз –
қўрқувни енгиб ўтолган насл,
юзда ажинимиз, жарлардай, бари
Прагадаги, бизнинг танклар излари.

Ва, етмишинчилар – изма-из, улар
қамоқда қолмади қўнғироққача,
диссидентлик умид берган чоққача –
на дисседентлик бор,
на бор орзулар.
Амал олмоғида ёрлашганга, сўнг,
ҳар бир янги даврон боқавермас ўнг.

Аммо учиб борди лагерларга ҳам,
бериб далда,
бўлиб туш аро ҳамдам,
у, оддий чилвирча боғланган гитар,
у, торларин қиров қоплаган гитар
қўшиғига дил зор – хумор маҳалда.

Саксонинчилар келар.
Чамаси,
ЭҲМ жинниси улар ҳаммаси,
чунки бошқа не бор билгани азиз,
бироқ худди ўша ориққина қиз,
уларни тарк этмай, гўё аммаси,
Булат торларида титраркан ордай,
негадир ишонар, лек айби бордай,
ҳис қилар – ўйлар, шу, улкан мамлакат
бир ўзининг улкан гуноҳи фақат.

Келишар
на лирик
ва на-да физик –
пайдо бўлган улар анча вақт аввал,
оҳанжама либос кийган-у танбал,
алламбало даъво қилгани қизиқ.

Тўқсонинчилар-ку –
йўқдайин.
Зада.
Айниган.
Қилмайди ҳеч кимни писанд.
Энсасин қотирар дафн маросими.
Улар ичра камёб
шеърга ихлосманд,
дуч келиб қолгандек
дискотекада
бўтакўз тишлаган ёввойи кийик.
Ҳаммага баравар – ялпи озодлик
рўёбга чиқмоғин сабабчилари
дафн маросимига келмаслик – шарти –
ёшларга урф: янги, шу, қалп озодлик.
Беҳурматлик деган озодлик тоти
дўнди қадрсизлик савдоларига,
дафн маросимин билмасликка эп.
Сўнгги йўл… кузатмоқ – шараф навбати
наҳотки,
ярашмас –
эҳ, келиб-келиб –
бизнинг авлодимиз
сурх новдаларига?

Авлод бой берилган вақтлари гоҳо
кутмаганда пайдо бўлади даҳо.
Чўчқа боласининг думидай қизғиш,
увоқ-тўқсонинчи, гўё қуш мизғиш –
тепада, жим – кўзи очилган катта,
юзминглик жамоа ва хорғин аср,
буви-олтмишинчи меҳрига асир –
Лицейга боққандек, боқар Арбатга.

Йўқ, давлатнинг тилсиз гимнини эмас,
у неварасига аста, хушнафас,
куйлар Окуджава қўшиқларини.
Афсонавий гитар торларин қучиб,
ҳанги поп-дод-войлар устидан учиб,
ўзи топиб келди умид-қиз уни.

Рўй-рост аён қилди не аччиқ сабоқ:
пайғамбарлар бор ўз юртингда ҳар чоқ,
тўғри, баъзан – мумкин – бўлар кечикиш,
бироқ йўқ шаҳдлари етмас мушкул иш.
Россияга қандоқ ишонмай, ахир,
унда таҳқирланган бидъатлар охир
мумтозлик мақомин олса беянглиш?

Авлодлар, – ризқини не завол қисса, –
бошқа авлодлардан олади ҳисса,
шеъринг боқий, Россия, сенинг.
Тўқсонинчилардан ичим чиқмаса,
тўқсонларинг – ишончим менинг!
1997

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси

* * *

Сен севгида улкансан.
Дадил.
Мен чўчийман юрган йўлимда.
Ёмонлигим йўқдир сенга, бил,
Яхшилик-чи, келмас қўлимдан.
Сен гўёки
Бейўл, бесўқмоқ
Ўрмон аро бошлайсан мени,
Бизни чирмар чечаклар, бироқ
Мен билмасман улар номини.
Нима қилай, қандай? –
Билмам, эҳ,
Бор билганим беҳуда бу он.
Ҳоригансан.
“Кўтар”, дейсан, лек
Қўлимдасан сен аллақачон!
“Қара,
осмон қандай мовий,
пок!
Тингла,
қушлар сайроқи, майин.
Анграймагин.
Қани,
элт тезроқ…”
Лекин сени қайга элтайин?!
1953

* * *

Яхшими бу ё ёмон,
Бир кун бўлажак аён.
Қийналиб кетаман лек
Ёнингда қолсам бир он.

Қиласан кўп қўнғироқ,
Мени сўрайсан бетин.
Айтиб қўйганман, бироқ
“У йўқ”, дер қўшни хотин.

Хат ёзасан дам-бадам,
Дилга солиб ташвиш-ўй.
Дейсан: “Сенсиз яшолмам
Бир соат ҳам, билиб қўй.

Ғалатсан, йўқми тилинг,
Тоқатим бўлди-ку тоқ.
Бил, майхўр Витка Силин
Қўлимни сўрар муштоқ!”

Борлиғимда урар жўш
Бахт, изтироб пайдар-пай.
Сени нима қилай, хўш?
Айт, ўзимни не қилай?!

Орзуларингдан чўчиб,
Ҳушёр боқаман: тайин
Мендан кечмоғинг учун
Қандай чора топайин?

Атай тикилган зангор
Костюмин кийиб шул дам –
Ҳузурингга шошар зор
Балки Витка Силин ҳам.

Қалби ишқинг билан банд,
Сени қаттиқ рашк қилар.
У тарихчи-аспирант,
Ниманидир кашф қилар.

Кўклам кўлмагин кечиб,
Ошиқар ёмғир аро.
Сен-чи, севмайсан ҳечам,
Уни кутмайсан асло.

“Эрмитаж” ичра бу пайт
Рақам терасан толғин,
Гарчи, биласан, лоқайд
“Уйда йўқ” дерлар тағин…

1953

ҲАСАД

Мен ҳасад қиламан.
Бу – кўп эски сир,
Ҳаммадан бекитиб келдим то шу дам.
Биламан,
бир бола яшар қайдадир,
Мен ҳасад қиламан унга жуда ҳам.
Қойилман,
муштлашса қилмас муроса,
Ундай мард, чапани бўлолмаганман.
Кулгисига ҳасад қиламан роса,
Бола пайтим ундай кулолмаганман.
Афт-ангори доим шилинган, дайди,
Мен-чи,
хўб саришта бўлганман, бутун.
У мендай китобни варақламайди,
Ҳижжалаб ўқийди.
У мендан устун.
Ҳақ сўзни айтар у очиқ ва кескин,
Риёкор зулмни фош этар шахд-ла.
“Шартмас”, деб
қаламни қўйсам мен эзгин,
У “Шарт!” деб
қаламни олади шартта.
Тугунни ечмаса,
кесиб ташлар, бас,
Мен-чи, на ечаман
ва на кесаман.
У бир бор севдими,
Ишқидан кечмас,
Мен-чи, ҳам севаман,
ҳам воз кечаман.
Ҳасадим яшириб, жилмаяман ним,
Ўзни гўл кимсага ўхшатиб андак:
“Ахир, кимдир хато қилмоғи лозим,
Кимдир сал бошқача яшаши керак!”
Гарчи
“Ҳар кимга ўз тақдир йўли ёр”, –
деб таскин берсам-да ўзимга, бироқ
Биламан,
қайдадир бир болакай бор,
Ютуққа эришгай у мендан кўпроқ!
1955

МЕҲР

Токай давом этар
бу ҳолат, ахир,
Бу қандай ҳамоқат,
бу қандай таҳқир?!
Ажаб,
урфга кирмиш қайда, қай фурсат:
“Тирикка – бефарқлик,
ўликка ҳурмат!”

Одамлар букчайиб ғамдан,
ичарлар,
Одамлар изма-из сўзга чиқарлар,
Тарихда қолар деб нутқ сўзлайдилар,
Майитни куйдириб, сўнг бўзлайдилар.
Не берди Маяковскийни ўлимга,
Ким тўппонча тутди унинг қўлига?
Гарчи алпқомату жўшқин сас эди,
Қатра меҳр берсак…
балки кетмасди.
Одам тирик экан–
қийнашар бот-бот,
Меҳр –
ўлим учунгина мукофот!
1955

ШИВИРЛАРДИНГ…

Шивирладинг оҳиста, майин:
“Хўш, кейин-чи?
Хўш, ундан кейин?”

Ёзилганди тўшак, сен аммо
Паришонҳол турардинг ҳамон…

Энди шаҳар кезасан мағрур,
Бошингни тик тутганча масрур.

Тилла зулфинг – кибр тимсоли,
Пошналаринг бигиз мисоли.

Кўзларингда мазах, истеҳзо
Ҳамда амр: чалкаштирма, о,

Мен бошқаман, бошқа – сен суйган,
Ҳам ёндириб, ҳам ўзи куйган…

Лекин бари – беҳуда, бекор,
Сен мен учун кечаги хуштор.

Ўша заиф, забун, ожиз жон,
Зулфи каби ҳоли паришон.

Гарчи бу кун ўзга ранг-рўйинг,
Ва менга ҳам буюрар ўйинг:

Гўё сенмас ўзга бир аёл
Ёнгинамда ётиб ноз-ла, лол

Сўраганди шивирлаб майин:
“Хўш, кейин-чи?
Хўш, ундан кейин?”
1957–1975

* * *

Тушунмаса икки дил – даҳшат,
Тушунмайин, бир-бирин қучса.
Ва аксинча, ғалатдан-ғалат,
Худди шундай даҳшатдир, даҳшат,
Бир-бирини тўлиқ тушунса!

Бизни бирдай ўртар икки ҳол,
Болаликдан маълум бу аъмол.
Нозик қалбинг қилмасман ҳеч чок –
Тушунмасдан таҳқирлаб, алҳол,
Тушуниш-ла этмасман ҳалок…

1956

ОДАМЛАР КУЛАРДИ…

Е. Ласкинага

Одамлар куларди девор ортида,
Мен эса боқардим деворга ночор –
Ҳувиллаган қалбни қучиб ўртада,
Касалманд қизчамни кўтаргандай зор.

Одамлар куларди девор ортида,
Улар гўё мени мазах қиларди.
Қоврилиб ёнардим алам ўтида,
Андиша қилмасдан, улар куларди.

Аслида, биламан, меҳмонлар сармаст
Рақс тушиб, ўйнашдан толиқиб гир-гир,
Менинг ё бошқанинг устидан эмас,
Шунчаки кулишар эди бегидир.

Одамлар куларди девор ортида,
Қонларин қизитар эди гулгун май.
Улар учар эди шодлик отида
Мену хаста дилим борлигин билмай.

Одамлар куларди… Мен ҳам кўп бора
Шундай қаҳ-қаҳ уриб, яйраб кулганман.
Деворнинг ортида қайси бечора
Сўнган чоғ, ачиниб бирров, кўнганман.

Ўйлагандир у ҳам, ғам қувғиндиси,
Таслим бўлай деркан кулфатга охир,
Мени кулди дея устидан ҳиссиз,
Балки туюлганман қилгандай таҳқир.

Ҳа, шундай қурилмиш курраи замин,
Шундай давом этар қиёмат қадар:
Ким девор ортида қон ютар ғамгин,
Биз эса кулгаймиз лоқайд, бехабар.

Ҳа, шундай қурилмиш бу кўҳна олам,
Тоабад бузилмас азалий мезон:
Ким девор ортида кулар шод-хуррам,
Биз бунда тўлғониб ётсак, бағриқон.

Қалбингни авайла, сачрамасин доғ,
Ғуссадан ўзингни йўқотиб қўйма.
Деворнинг ортида кимдир кулган чоғ
Сен уни хусумат, аламга йўйма!

Уйғун мувозанат – борлиқ одати,
Ҳасад, бу – ўзингга жирканч ҳақорат.
Ўзгаларнинг кулган бахту омади –
Сенинг бахтсизлигинг учун каффорат!

Худодан сўрагин, охирги дамда
Кўзларинг сўнаркан, беғам юмилсин:
Деворнинг ортида кулсин одамлар,
Кулсин, ай, барибир, одамлар кулсин!
1963

* * *

Д.Г. га

Ярадор бўлганман ҳаётда кўп бор,
Уйимга эмаклаб келганман зўрға.
Фақат адоватмас бергувчи озор,
Ҳаттоки гулбарг ҳам яралайди, ҳа.

Билмасдан, яралаб қўйганман мен ҳам,
Ноўрин такаллуф қилганман-да гоҳ.
Кимнингдир юраги яхлаган шу дам,
Муз узра юргандай у ялангоёқ.

Нечун қадрдонлар, дўстларнинг ғариб,
Вайрон қалби аро сайр қиламан:
Ўзим ҳам тез, оғир жароҳатланиб,
Ўзга дилларни ҳам осон тиламан?
1973

Рус тилидан Нодир Жонузоқ таржимаси

* * *

Шоирлар шеърларин кетмайди ташлаб,
Шеърлар шоирларин этадилар тарк.
Қўрққанидан улар елканни кесиб,
Сувга бирданига бўладилар ғарқ.

Аянч тақризларнинг уюми ила
Кимдир ачомлашиб отаркан хуррак.
Бировларнинг тирноқ арраларида
Елкан аллақачон кесилган, демак.

Шеърларда ўзининг нуқтаси турмас,
Ҳамда муаллифлик номи-насаби.
Улар ўз сатрига хоин бир нокас,
Мукаммаллик эмас улар матлаби.

Аллақайсиларнинг кенгайган тани,
Тўнғиз ёғидайин тўнғиган қотиб.
Шеърлар ўзимники дея ҳаммани,
Инонтирмоқ бўлар терларга ботиб.

Кесилган елканлар эмасдир байроқ,
Аввалги хизматлар ўтмас ҳисобга.
Аммо бизлар учун энг даҳшатлироқ,
Айланганда шоир ночор косибга.

Эзмалик сукутдан ёмондир ахир,
Қулагач ниҳоя топади парвоз.
Эзмалик-ла кечган майдакашликни,
Қайта туғилиш деб этишар оғоз.

Кўксимизда шаррос отилиб чиққан,
Шеърлар бизга эълон қилишади жанг.
Фарзандлар сингари воз кечиб кетган,
Ўзларига нолойиқ оталаридан.

Айланиб қўрқоғу, похол, тўпонга,
Кимдир орамизда арзиса корга.
Шеърларимиз ҳаргиз йиғламайдилар,
Уларга бегона бизнинг мозорда.

МИННАТДОРЛИК

М.В.

Аёл деди: “Ухлаб қолди ўғилчам”–
Бола каравотин пардасин тортди.
Ўнғайсизлик ила ўчириб чироқ,
Қабосин ғижимлаб курсига отди.

Муҳаббатдан бир сўз очмадик асло,
Недир шивирларди, тиллари чучук.
“Р” товуши узум донасидай гўё,
Тишлар орасидан сирғалиб учиб.

“Билсанг мени эҳ, кўп куйдирди ҳаёт,
Озиб қолмасайдим ақлимдан ногоҳ,
Юбкадаги эркак, юк ташувчи от,
Аёл бўлдим яна, оғушингда, оҳ”.

Мендан лозим эди миннатдор бўлмоқ,
Ожиз шу хилқатдан ахтарган нажот,
Қорга яширинган қашқирдай бироқ,
Аёл тўшагига буркандим, ҳайҳот.

Бўривачча каби афтода, қувғин –
Аёл кўз ёшлари юзимга оқди.
Миннатдор нигоҳга тоб беролмайин
Уятли қалтироқ ичимни ёқди.

Келди қофиялар билан ўрагим,
Гоҳ оқариб, гоҳо юз ёниб лов-лов.
Эркаклигим ва эркалашим учун,
Аёл раҳмат, дея тўларми тўлов.

Нечук юз бермоқда дунёда бу ҳол,
Аёл мақомини қўйдик унутиб.
Ерларга пастлатиб, оқибат, алҳол,
Хотинни эркакка баравар этиб.

Қандай ишчан тўда бу ахир, дейман,
Неча асрларким ўйланган фоллар:
Эркаклар негадир бугун аёлманд,
Деярли эркакка дўнган аёллар.

Художон, бу аёл елкаси чўкик,
Сўлғин бармоқлари оч ва яланғоч.
Энди бу ғаройиб жонзот кўзлари,
Аёлники бўлиб чинқирар уввос.

Аёл нигоҳлари ним қоронғида
Шамчироқ сингари липиллар беун,
Керакмаскан кўп нарса, Худойим,
Аёл ўзин аёл санаши учун.

* * *

Айтдим қанча ақлли гаплар,
Силаб-сийпаб елкангни бир-бир.
Йиғлаганча гўдакдан баттар,
Дединг: “Сени севмайман, ахир”.

Беҳудадир қол, деб ёлвориш,
Ёмғир кечиб кетдинг мардона.
Гоҳ шитоб-ла тортди ёмғирпўш,
Гоҳ ёнингда бўлди парвона.

Чўккан каби бенишон, бешаън,
Йўқликларнинг қаърига алҳол.
Ёмғирларда югурардинг сан,
Нозиккина, юпун, навниҳол.

Тарновларнинг бўғзида ваҳм,
Чинқирарди олами жаҳон:
“Биз бераҳм, бизлар бераҳм,
Айбимизга асло йўқ омон”.

Тому девор – бераҳм бари,
Уйлар узра кафтини очган
Телевизор антенналари,
Ўхшаб Исо тортилган хочга.

* * *

Ёдимда, ёдимда – гувоҳ Худойим, –
Сенсизликда итдай увиллаб ўтдим.
Қачонки илк бора учратдим моҳим,
Мен унутдим. Барчасини унутдим.

Чўчибми ўсмирдай бу ҳароратдан,
Ногоҳ толиқишми юзимда кечган.
Изғирин шамолдай бу башоратми,
Қисмат ёзуғини билган азалдан?

Ўтмиш учрашувлар келтирган алам,
Йўқолиб кетгайдир малолсиз мутлоқ.
Энди унутганим кўп-кўп хотира,
Мени унутгандир атайин қасднок.

Демам ҳеч бирига: “Тирил, кўрайин”,
Аммо шивирлайман ўтиниб такрор:
“Айтгин, ахир қандай жудо бўлайин,
Ҳали учрашмадик сен ила дилдор”.

* * *

Кўкдан тушди олма заминга ларзон,
Ёки ташладими нобакор шайтон?
Фаришта қаноти силкдими шохни,
Ё булбул тумшуғи туртди бутоқни?

Ерларга урилиб тани бешафқат,
Атрофга сачратиб шираю шарбат.
Донлари ичида жаранглаб шу чоқ,
Менга ёлворарди: “Олсанг-чи тезроқ”.

Шабнамда ётарди ярқираб олма,
Мисоли бир гўзал, беллари толма.
Ором олар эди руҳи, вужуди,
Улкан сайёрада сайёра митти.

Олма ёриғига бегидир, бекин,
Кирди мазахўрак бир ари лекин.
Олмани авайлаб олиб шу дамда,
Ари билан олиб кирдим хонамга.

Ари кўтарилиб олмадан шу он,
Ғўнғиллаб куйлади ўзича чунон.
Ўшал афсонавий ажиб ўтмишдан,
Мени ҳам бебаҳра қолдирмай нишдан.

Токи оғриқлидир вақт ниши қанча,
Мангулик лаззати шириндир шунча.

* * *

Эҳтимол, кунимнинг оқимларида
Бийрон тилларимдан бўларман жудо.

Йилларнинг бешафқат рақамларида,
Биламан, ўзим ҳам бўларман адо.

Эҳтимол, асрлар тўлқинларида
Ҳатто кимлигимни ҳамма унутар.

Аммоки кунларнинг оқимларида
Уялиб яшамоқ ўлимдан баттар.

Одамлар йилларнинг оқимларида
Икки юзли дея гапирмасинлар.

Асрларнинг адл одимларида
Авлодлар қабримга тупурмасинлар.

ХУДОЙИМ

Худойим, сўқирга қайтар кўзини,
Букри қоматини айлагин расо.
Худойим, Худодай кўрай ўзингни,
Хочларга Ўзингни осмагин аммо.

Худойим, мансабга қўймайин ихлос,
Қаҳрамон бўлмайин ясама, сохта.
Бой бўлай, ўғирлик мол билан эмас,
Ҳаппа-ҳалолидан берса, албатта.

Худойим, майлига, нон бўлай оппоқ,
Илиб кетишмасин олғирлар аммо.
Қурбон-да бўлмайин, бўлмайин жаллод,
Бўлмайин бойвачча, бўлмайин гадо.

Худойим, кам бўлсин йиртиқ яралар,
Катта муштлашувлар авж олгани чоғ.
Худойим, турфа хил мамлакатлар бер,
Ўз юртимдан жудо қилмагин, бироқ.

Худойим, кўз очиб кўрганинг Ватан,
Тепмасин оғзингга этиги билан.
Худойим, аёлинг бир сени десин,
Дарбадар, қашшоғу гадоликда ҳам.

Худойим, ёпиб қўй олчоқ оғзини,
Овозинг янграсин гўдак бўғзида.
Худойим, аксингни тириклар кўрсин,
Гар эркак бўлмаса, Аёл юзида.

Хочмас хочсизликни ортмоқлаб олиб,
Икки букилганмиз қашшоқ ва гадо.
Энди ҳеч нимага дар қолмаслик-чун,
Озроқ Худолигинг инъом эт, Худо.

Худойим ҳаммасин, ҳаммасини бер,
Бирдан ҳаммамизга – гина қолмасин.
Ҳаммасини беру алал-оқибат,
Кейин бир кун келиб уят бўлмасин!

ОҚ ЙЎЛ

М.Кацга

Ўз оёғингни ўзинг
Кўтариб юр ҳамиша.
Йўллардан-чи, йўлларнинг,
Ҳолидан қил андиша.

Сўрасин йўлнинг ўзи,
Эгилиб буралишни.
Севиб, ардоқлаб бизни,
Елкасига олишни.

Омма Худосиз бўлса,
Не қилолур пайғамбар?
Йўлсизликда бизларга,
Йўлдир Аёл – мўътабар.

Қисмат ажин юзига,
Майли, тўлов қилмасин.
Аммо карам шўрвасин,
Кўйлагига тўкмасин.

Аёлинг ва болангни
Яша жонингдан суйиб.
Ёвузлар ўз феълидан
Аламдан кетсин куйиб.

Кўтарсин йўлин ҳар ким,
Қулоқ тутиб виждонга.
Бу дунёда сиғинар,
Ким амал, ким Яздонга.

Яна битта тарафи,
Қўшиб қўйилсин албат.
Ҳаммани қўлласин йўл,
Хоин чиқмасин фақат.

Қайда эманзор, дала,
Жонинг бўлар роҳатда.
Юр нарироқ, албатта,
Шон-шуҳрат, сиёсатдан.

Тобут ва қабр узра
Гаплар бўлмасин узоқ.
Сендан марҳум қабрига
Кифоя бир кафт тупроқ.

Ўлим олди тўлғанма,
Ажалнинг кўнглини ол.
Яша майли, то абад,
Навқирон – мисли мақол.

МЕНИ УНУТИНГИЗ

Унутингиз мени,
гар бу унутиш,
Сизни бир лаҳзага
этса бахтиёр.
Унутингиз, тайгада
эсган елдай,
Шамолдай гуноҳкор ва итоаткор.
Унутингиз мени,
ўзни унутгандай,
Фақат ўзингиз-ла
қолинг ўзингиз.

Унутингиз мени,
ёнғин шуъласи,
Гирду ёнингиздан
қилганидай даф.
Иссиқ , совуғи-ла
чирмашиб гўё,
Вужуд-вужудингиз
олгандай ўраб.

Унутингиз мени,
гўёки поезд
Чангалзор оралаб учаётгандай.
Хотирангиз қопқасин
қоқишдан тўхтаб,
Изсиз йитаётган,
ўчаётгандай.

Унутингиз мени,
бўлинг жасурроқ,
Мен бўлдим, бўлмадим –
бу муҳим эмас,
Фақат кўрининг, бас,
тунд ва ташвишли
Яшанг навқирон ва
ҳеч сотилмасдан.
Аммо унутмаслик –
унутилганлар ҳаққи,
Ўлганлар ҳаққидир –
тушимизга кирмоқ.

* * *

Машага

Сени табиатдан севаман кўпроқ,
Сенинг ўзинг асли табиат, ишон.
Сени озодликдан севаман кўпроқ,
Сенсиз озодлик ҳам қамоқдан ёмон.

Мен сени севаман бўлмай эҳтиёт,
Равон йўлда эмас, жар ёқасида.
Мен сени имкондан севаман зиёд,
Ноимкондан кўпроқ севгум аслида.

Мен сени севаман муддатсиз, ҳадсиз,
Бўкиб ичиб олиб, сўкиниб гоҳи.
Ўзимдан ҳам ортиқ севаман шаксиз,
Ўзингни ўзингдан зиёд ҳаттоки.

Сени Шекспирдан севаман кўпроқ,
Сенда мужассамдир олам жамоли.
Барча мусиқалар мавҳум, тумтароқ,
Афсункор мусиқа ўзингсан, олий.

Сени кўп севаман шону шуҳратдан,
Ҳаттоки келажак замонларда то.
Менга нима бўпти занглаган Ватан,
Ватан менга ўзинг, ўзингсан, танҳо.

Сен бахтсизми? Бунча солаяпсан дод?
Чирқираб Худони қақшатма, эркам.
Мен сени бахтдан ҳам севаман зиёд,
Мен сени севаман муҳаббатдан ҳам.

* * *

Лойиқ бўл, муҳими, лойиқ бўл,
ҳар даврга чиқишга рўбарў.
айниқса, даврлар турғун бўлса,
тагигача лойқаланиб ётса у.

Лойиқ бўл, муҳими, лойиқ бўл,
олғирлар ризқингни қиймасин.
молхонага етаклаб бориб,
оғзингга похолни тиқмасин.

Вақт олдида қўрқув – йиқилиш,
титрамагин қўрқувдан эй жон,
йўқотишга доимо шай тур,
ҳаммасидан йўқотиш ёмон.

Бўлганида ҳаммаси барбод,
тузатишга топмасанг тўзим.
сен ўзингни шундайин юпат:
“Бу кунни ҳам ўтказиш лозим…”.

* * *

Мажнунтол тагида ўйларга толдим,
Кездим қирғоқларни бесадо, бесас.
Қандайин бахтиёр этай севгилим,
Бунга минбаъд балки иложим етмас.

Оздир унга болалар, тўкин ҳаёт,
Меҳмондорчилигу кинолар аҳён.
Қолдиқсиз ва тугал керакман, ҳайҳот,
Мен эса бор-йўғи қолдиқман, аён.

Замон дарахтига елкамни тутдим,
Шохлари елкамни кетди-ку ўйиб.
Севгилимга эса қолмади елкам
Йиғламоғи учун бошини қўйиб.

Гул тутиш ўрнига ажин тасвирин
Чиздим севгилимнинг юзига кўп бор.
Эрлар разиллик-ла хиёнат қилар,
Шўрлик аёллар-чи, аламдан ночор.

Севгилимни қандай этолсам бахтли,
Не қилиб бўлсада, беролсам шодлик.
Унга илк қадамнинг ўзида тақдир
Қуртлаган ҳаётни айлади тортиқ.

Қувончни қўяйлик, уларни мудом
Бир сўздан ранжитиб қўямиз дарров.
Аёлни йиғлатиш ҳаммага осон,
Бахтиёр этишни билмас ҳеч биров.

* * *

Яшил бедазорлар шовулламоқда,
Қарағай шамолда қарсиллаётир.
Шуурим неларни хотирламоқда,
Мен ҳам қачонлардир ўламан охир.

Аммо томлардаги тарнов ёнида
Пайдо бўлар ногоҳ каптарбоз бола.
Биламан, ўлмоқлик ваҳима жуда
Ўзим ва муҳими, бошқаларга ҳам.

Ўлим туйғусисиз йўқ ҳаёт ҳисси,
Қумга сув сингари сингмасмиз бизлар.
Марҳумлар ўрнига келар тириклар,
Аммоки… уларда ўзгача ҳислар.

Ненидир англадим, айни, ҳозирда,
Еган калтакларим кетмабди бекор.
Унутдим ҳаммасин, бўлса хотирда,
Эсладим барини, унутдим не бор.

Гўдаклик – майин у қорларни ёдлар,
Фасли балоғатда сайҳонлар – яшил.
Англадим, ҳаётда не бир ҳаётлар,
Неча сулувларга боғладим кўнгил.

Бахтнинг кўзларида нодонлик зоҳир,
Енгилтак аёлга ўхшаб кетар бахт.
Ғусса нигоҳида саволлар оғир,
Кўзингга аламнок тикилади шахт.

Бахт гўё осмондан заминга боқиш,
Бахтсизлик оламни кўрар рўйи рост.
Бахт – хоин сингари алдамчи хоҳиш,
Ғусса одамларни ҳеч қачон сотмас.

Авваллари эдим ёвқур ва шодон,
Бахтим кулолмади, шукр Худога.
Имконсиз нарсани истаган эдим,
Барча истакларим дўнди рўёга.

Мен сизни севаман, яхши одамлар,
Бахтга интиласиз туғилган ҳамон.
Мен энди бахтлиман абадул-абад,
Чунки изламасман бахтни ҳеч қачон.

Менга шу ям-яшил бедазор бўлса,
Тилларимдан музни олиб ташласам.
Муҳими, чивиндай митти жон билан
Ўлимдан нарироқ яшай бошласам.

* * *

Қайиқдамиз, шарросдир ёмғир,
Қўлим музлаб рулга ёпишган.
Сен севмассан, қўрқаман, ахир,
Қўрқаман, мен сени севишдан.

Тошаётир бир соқов ҳасрат,
Ёқут Серафимнинг кўзидан.
Ўхшаб Колимадаги олов
Гулханидан чиққан тутунга.

Қопқора чой, мисоли қатрон,
Тузукмиди, балки қанд ташлаш:
– Айт, Серафим, бахт ўзи нима?
– Бахт менимча, узоқроқ яшаш!

Ётар чоғинг бўлса-да, жўра,
Оламан, лек, сени қисту бас.
“Жуда узоқ яшашдан кўра,
Яхшимасми, севги бир нафас?”

Серафим ҳам қайтарар жавоб,
Кўзларини юмганча мудроқ:
– Яхши – фақат бу ҳам хавфлида,
Кимки севса, яшолмас узоқ.

Ёқут, чўқчи билади буни,
Патрондайин кунларни асрар.
Қиммат тушар ҳиссиёт бизга,
Ҳаётимиз пичоқдай қирқар.

Олтин топди дарёдан Борис
Ва олтини бошига етди.
Мана, нега ишқдан қўрқамиз,
Ўша олтин вабодай худди.

Қўрқитмасин ёнғин рўёдай,
Ўчир ўтни, босиб тепкила.
Бу оловнинг тутуни аччиқ,
Ҳатто, энг бахтиёр севгида.

Суҳбатимиз шундай узилар,
Колиманинг зулмат тунида.
Ёмғир тортган кумуш чизиқлар
Ярқиллайди аёл танидай.

Тортилгандай мисли таранг тор
Шаррос ёмғир кучаяр бу чоқ.
Узоқ умр менга не даркор,
Чин ошиқлар яшамас узоқ.

Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси

СЕВГИДА УЛКАНСАН

Севгида улкансан,
Ҳам довюраксан,
Ҳар бир қадамимда яшайман чўчиб.
Мен сенга ёмонлик қилмайман ростдан,
Саодат эп кўргум ўзимдан кечиб.

Барчаси ёдимда, боряпсан гўё
Сўқмоқларсиз ўрмон бўйлаб етаклаб.
Гулзордамиз, гуллар белга урар, о,
Ҳар бирин силайман кулиб, эрмаклаб.

Эски кўникмалар бадга урган рост,
Менку не қилишни билмай адоман.
Қўлингга ол дейсан қилганингча ноз,
Аллақачон менинг қўлларимдасан.

Кўряпсанми, осмон қандай зангори?
Тингла, қушлар сайрар ўрмонда ажиб.
Хўп, нима бўлибди? Хўш, шуми бори?
Сени қайга олиб кетай кўтариб?!

БИР-БИРИНИ ТУШУНМАСЛИК…

Бир-бирини тушунмаслик даҳшатли –
Тушунмоқлик ва қучмоқлик ундан-да.
Бунинг бари бўлмасин хўп ғалати,
Қўрқинчлиги шундан, барча нарсада
Бир-бирини тушунмоқлик хўп оғир,
Ўзгаларни жароҳатлаб қўйган чоғ.
Кўнглимизда ҳис этамиз оғриқни,
Кейинчалик ўкинамиз тортиб оҳ.
Тушунмоқлик қанча оғир бўлмасин,
Сенинг нозик, ҳур кўнглингни бирон он,
Ранжитмайман тушунмаслик билан мен,
Англаш билан ўлдирмайман ҳеч қачон.

* * *

Йўқ, менга керакмас нарсанинг ярми,
Бутун осмонни бер, бутун бўлсин ер.
Не бор – бўлишишга эмасман рози,
Дарёлар, денгизлар меники эрур.

Ҳаёт, алқамагин бир улуш билан,
Бари тўла-тўкис бўлсин батамом.
Яримта бахтингни истамагайман,
Ярим дард-аламинг ўзингга инъом.

Учар юлдуз каби ожиз нурини
Кўлингдаги узук тараркан бетин,
Юзингни авайлаб ёстиққа қўй-у…
Фақат шу ёстиқнинг ярмини бергин.

* * *

Сени қайда, қачон кўриб қолсам гар,
Юзма-юз келишга топмайман журъат.
Бари бой берилган каби туюлар,
Сири қолмаган гап – бўш қопдир, албат.

Қўрқаман қалб билан топинмасликдан,
Эплай олмасликдан қўрқаман тағин.
Дунёда ҳақорат, лаънат бор экан,
Бизнинг бошимизга то ёғилмасин.

Сирли бойлик каби туюласан кўп,
Қўрқаман – нимадан, билмайман эсам.
Қўрқаман баридан, унинг йўқолиб
Қолишидан ортиқ қўрқмасликдан ҳам.

* * *

Пойтахт издиҳоми аро тентийман,
Қувноқ апрелнинг сувлари жўшар.
Ғайри бир шукуҳу мантиқсиз ўйдан,
Балоғат шўхлиги кўнгилга кўчар.

Трамвайга шошиб чиқаман шу зум,
Кимгадир валдираб сўзлайман ёлғон.
Ўзимнинг ортимдан қуваман ўзим,
Қувиб етолмайман ўзимни ҳамон.

Кемага боқаман ҳайрат ила тик,
Улкан самолётлар, шеърларимга, ҳа.
Бойлик инъом этди, айтишмади, лек
Улар билан нима қилишни менга.

* * *

Пичирлаб сўрадинг:
“Ундан кейин-чи?”…
Тўшак ёзилганда
Қолдинг йўқолиб.
Бироқ шаҳар бўйлаб
Боряпсан шу зум,
Бошингни чиройли
Кўтариб – ғолиб.
Малла сочнинг сабий
Димоғдорлиги,
Кўзингда уйғотар
Аччиқ истеҳзо.
Унга йўл бермаслик
Важида, лекин
Амир уқдинг собиқ
Жазманингга,о.
Бироқ бу беҳуда
Ножоиз бир иш,
Ахир, сен мен учун
Кечаги бир туш.
Ғайри унутилган
Ўша сочли-ла,
Чигал ҳаётимни
Кўтардинг бошга.
Қандай сен ўзингни
Санайсан мўмин,
Йўл тўсишинг не деб
Ҳисоблаш мумкин.
У ерда бир бошқа
Аёл-чи ростгўй,
Қучоғимда дерди
Пичирлаган кўй:
“Ундан кейин-чи?”,
“Ундан кейин-чи?”

ИРА

Салом, Ира?
Қандай, соғ-омонмисан?
Қўнғироқ қилмайин келдим йўл тортиб.
Чунки кечиришинг рости биламан,
Қувиб солмайсан ҳам ғавғолар ортиб.

Таом тайёрлайсан куйиниб, кейин
Қайғуга ботасан мен билан бирга.
На эрингман, на-да жазманинг, лекин
Қўлингни авайлаб босдим бағирга.

Пешонангдан ўпдим қизариб, ёна,
Севимли ёр бўлган бўлардинг, албат.
Вафо-ю меҳрда тенгсиз жонона,
Қулоғингдан тишлаб қўйсайдим бир пайт.

Дўстларим кулишди: “Қизиқсан, Женя!
Кўчада қолади унга уйланган.
Севиш мумкинми? Шу алвастини-я,
Эски бир қўшиқ у – ахир, куйланган”.

Пасткашларга мақбул эрмаксан – арзон,
Лекин сен яхшисан, қалбинг эса ҳур.
Шаънингни булғашар улар беомон,
Қандай алдашди-я!… Бари ялоқхўр.

Ҳадемай ўттизга тўласан, маъзур,
Қалбинг – чўрихона! Оқсоч ҳам ўзинг.
Яхшилик йўлида сен ҳаммадан зўр,
Бола кўзларидай тортинчоқ кўзинг.

Аммо юрагингда чидаб бўлмас сир:
Ким билан ухлаб-да уйғонгунг тонгда.
Учрашиши шарт у сенга, барибир,
Умидим чарх урар идроку онгда.

Асли иффатсизлик болаларга хос,
Аёлларга эса бокиралик мос.
Раҳмсиз ҳасрат-да асрасин доим,
Азизам, дилбарим, бахтиқароим.

КИМЛАРДИР…

Кимлардир қалбимга етказди озор,
Барчасин жин урсин,
жин урсин – ағёр.
Шимолий дўнгликлар бўйлаб кезган чоғ,
Кичик ўрмонларга очдим кенг қучоқ.
Ботқоқлар ҳам хира этмади таъбим,
Заррадан тикладим чилпарчин қалбим.
Қўшилиб кетарман қалб ила бирга,
Ўрин қолдирмайин шубҳали сирга.

БЛОК ҲАҚИДА

Гар қачон ўйласам Блок ҳақида,
Қачонки соғинсам юрагим – тупроқ.
Уни эслолмайман мисраларида,
Нева ё кўприкда эслайман кўпроқ.

Ёхуд аравада, тунги овозлар
Равшан этар отлиқ қиёфасини.
Қўрқинчли кўзлардан таралган розлар,
Доиралар аро кўрар аксини.

Соя қаршисига учар ёруғлик –
Юлдузлар дупури кўприкда аён.
Нимадир баландда қий-чув ичра тик,
Ёприлар қуйига номаълум тўзон.

Гўёки жумбоқли муқадиммадек,
Моҳияти мавҳум, теран бир садо –
Туманда беркинар тақиллашлар, лек
Чағиртош, булутлар, Блок шу асно…

БОЛАЛАРДА ЙЎҚДИР РОСТ ГАПЛАР..

Болаларда йўқдир рост гаплар,
Аммо содда муғомбирлик жам.
Музқаймоқдек ширин завқ берар,
Уруш-уруш ўйнасалар ҳам.

Даҳоликка ҳавасманд улар,
Қучар мудҳиш уддабуронлик.
Ўзгаларни туртиб йўл очар,
Тирсаклари билан суриб тик.

Қачонки мен уларда кўрсам,
Шафқатсизлик ибтидосини.
Айбламайман ўзларин ҳеч ҳам,
Тушунаман иддаосини.

Худди бўри болаларидек,
Олишиб-да тўкмасаям қон.
Беш ёшида лаганбордор, лек
Етти ёшда чақимчи – шайтон.

Шулар мени ваҳмга солар,
Шулар мени қийнайди ортиқ.
Гоҳ тунлари уйқум йўқолар,
Кўкрагимни ўртайди оғриқ.

Ким бўлишни истайсан, ўғлим,
Ҳеч бўлмаса футболчи бўлгин.
Бироқ аввал инсон бўл – орзум,
Ҳар қадамда хулоса қилгин.

Ишон, ўғлим, ота бўлиб мен,
Ҳеч нимада уялтирмадим.
Балоғатга етганда қийин
Кечар жамлаш ўзини ҳар ким.

Оталарга хос қўрқув фақат,
Ҳақоратли тарзда бешафқат,
Бундай ёлғон айтишга ундар:
“Болаларда йўқдир рост гаплар…”

ВАН ГОГ МОНОЛОГИ

Биз ўзига тўла-тўкис ишонган,
Ҳа, чўнтаги қуруқ моҳир аслармиз.
Ҳомеру Рембранд қовурғасидан
Туғилган биздаги истеъдод сўзсиз.

Бизга керак эмас ортиқча сийлов,
Расмий доиранинг марҳамати ҳам.
Буддаю Исо ҳам керакмас бирров,
Қора нон бўлса бас, фақат бир тишлам.

Қоғозлару лойлар, ё мато керак!..
Нотали белгилар, бўёқлар силжинг!
Шаклига кўра ер эскидир бешак,
Унга янги шакл бахш этгаймиз сўнг.

Майли, эшитайлик ҳуштакбозликни,
Бемаҳал ҳуришни эшитайлик биз.
Қанча бекитмасин ёлғон кунларни,
Сиз-ла моҳирона қасос олгаймиз.

Бизнинг истеъдодга ишонмаганлар
Ва панада ғийбат қилганлардан ҳам.
Қани олға, қаттиқ берайлик зарба,
Аниқлик нишонин мўлжаллаб бардам.

Ўрнингиздан туринг, оғайнилар, тез,
Йўлга чиқиш вақти етилди, етар.
Аслида, сизу биз қанчалик боймиз,
Эй чўнтаги қуруқ моҳир усталар!

ҚЎНҒИРОҚЧА

Кириш йўлагида, кечир, азизим,
Болаларча қимтиб лабларимни мен.
Ярим тунда ёмғир шовқинида жим,
Сенга қиё боқдим юз буриб секин.

Ғалати тутаман ўзимни сен-ла,
Сен менга ҳамиша яхши бўл, аммо
Мени алдашлари қўрқинчлимас, ҳа,
Даҳшатлироғи бу – алдамоқдир, о!

Мени қайсар дея атама асло,
Сенга риёкорлик қилмайман рости.
“Севаман” демоқлик – ҳақиқатга ёт,
Рости бу “Севмайман” деб айтмоқ асли.

Йўқ, жиғингга тегиб, қотирмам энсанг,
Ана ўшанда ҳам ёнимдан жилма.
Кўксимда қачондир, балки урар бонг,
Аллақандай кумуш қўнғироқ, кулма.

Ноҳақ қийнамагин, йўқ, берма озор,
Мен темир эмасман, эримас тош ҳам.
Сен билан бўлишлик ҳар недан аъло,
Қўнғироқ жаранги тутмайди малҳам.

Мени қайсар дея атама асло,
Сенга риёкорлик қилмайман рости.
“Севаман” демоқлик – ҳақиқатга ёт,
Рости бу “Севмайман” деб айтмоқ асли.

СЕВГИ ЎЛИМИ

Муҳаббат ўлимдан ўлмайди ҳеч он,
Бир-бировга лоқайд боқишдан ўлар.
Бу уйми, гўёки кичик Освенцим,
Бунда рашк кўйлагин кияр кўнгиллар.

Муҳаббат ўлмайди оғудан ҳеч он,
Майда-чуйда гапдан ғариб ва қашшоқ.
Дўзахий бу уйнинг аччиқ куйини
Чала билмагайдир бу уста машшоқ.

Турмуш товасида қоврилар асаб-
Бу қандай ёқимсиз,
бемаза таом.
Кўнгилсизлик! О, бундан бўғриқаркан қалб
Муҳаббат ўлади сўзсиз, батамом.

Севги ўлдирилмас тараф-тарафдан,
У мангу ёлғиздир, бамисли тоғдир.
Ўзин қурбон қилмоққа чоғланган чоғ ҳам
Чаккасига ўзи ўқ узар мағрур.

* * *

Шубҳасиз, кун давомида мен,
Айланаман ўзгага тайин.

Шубҳасиз, йил давомида мен,
Ўзим жамлаб оламан бутун.

Шубҳасиз, бир асрдан сўнгра,
Ким бўлганим унутишар, ҳа.

Бироқ фақат бир кун шавқида яшнаш –
Уятлидир, будир номуссиз яшаш.

Йиллар давомида айланмасдим,о,
Икки қиёфали саллотга асло.

Асрлар ортида сира кўрмай эп,
Биламан қабримга ташлар тупуриб.

* * *

Сувпари мисоли нурга чайиниб,
Сувдан чиқиб келди хушрўй бир аёл.
Шаффоф нигоҳлари елда тайиниб,
Тантанавор боқар, йўқ зарра малол.

Ҳув олис йўлларга нигоҳ тиксам, ким
Ёнимда ўйнарди “Эчки” ўйинин.
Аёл сочларидан нилуфаргул жим
Ўсиб чиққан янглиғ туюлди – фусун.

Шовқин ва кулгулар улфатлардек жам,
Дейишар гўёки; “Нилуфар – тилсим”.
Аёлнинг чўмилиш кийимидан дам
Титрарди қирмизи елканлар – сим-сим.

Сариқ соҳил бўйлаб буғдой тус жонон,
Борарди солланиб, гоҳ маъсум кулар.
Қорайган танидан қумлоққа томган,
Эшитилар эди нотинч томчилар.

Йилларку тўкилар қум заррасидек,
Ҳаётда ҳам учрар яхши-ю ёмон.
Аммо мен кўряпман афтидан аниқ,
Ўлимим вақтини – босар ҳаяжон.

Башоратгўй қувонч, муқаддас ғамлар,
Содир бўлмоқлиги бор гап ҳаётда.
Ул аёлга нигоҳ ташлаган дамда,
Нилуфаргул сувдан сузиб чиқар, ҳа…

* * *

Соҳилдаги баргин тўкмаган толнинг
Остида мен узоқ ўйларга ботдим.
Қай тариқа бахтли қилмоғим мумкин
Севикли ёримни? – тош бўлиб қотдим.

Унга камлик қилар болалар туғиш,
Меҳмоннавозликка бўй бермайди кўп.
Мен унга керакман бутунимча рост,
Менинг бутунлигим қолдиқлардан бут.

Замонга ҳамиша елкамни тутдим,
Шилиб олди барин даврони сўқир.
Елкамни тутмабман ёрга, унутдим,
Йиғлаб-йиғлаб юпанч туймади у бир.

Уларга гул ҳадя қилмасдан тағин,
Ажин тушганида яйраймиз дилхуш.
Ўғрилик эркакни ўзгартирар чин,
Ёримизни эса ноҳақ ранжитиш.

Қай тариқа бахтли қилмоқлик мумкин?
Қай оёқ остига ташлаймиз – даҳшат.
Қуртлаганин тортиқ этса гар ҳаёт,
Илк тишланган жойи бизники албат.

Қувонч улашишни эп билмаймиз-у
Дилин оғритамиз сабабсиз доим.
Ҳамма билар ёрин бахтсиз қилишни,
Бахтли қилмоқ ҳақда ўйламас ҳеч ким.

* * *

Худди асоссиздек туюлса-да гар,
Аммо ростгўйлик бор,
Ростгўйлик бордир.
Инон, ҳаёт унинг қаршисида
Ҳар
Қачон, қай вақт бўлсин –
Айбсиз айбдордир.
Шунчаки шакл бу моҳият эмас,
Ҳайиқинг ҳаётни тўғрилашга,
Бас.
Тушунмасдан уни, энг нотўғри иш –
Тўғрилайман дея қайириб қўйиш.
Тарихий ҳақиқат –
Бизга маълум сир –
Икки нуқта аро узун йўл бордир.

* * *

Қалбаки ҳуқуққа эга бўлмоқлик,
Сени парчалайди,
Ўнгу сўлинг ёт
Қай ҳуқуққа эга эдим, билмам, лек
Яхши ишланмаган бурми? –
Истеъдод.

* * *

Қачонки кетсам мен ҳеч қачонликка,
Навқирон бўласан ўшанда сен ҳам.
Сен учун қарийман, қазомдан сўнгра
Абадий гетто*мда яшарман беғам.
Қўйиб юбормайман у ерга сени,
Навқирон қолурсан, унутиб мени.
_________
Гетто* – ирқий жиҳатдан паст тутилган аҳол гуруҳи учун ажратилган маҳалла

* * *

Ҳеч ким сендай гўзал ухлай олмас хўп,
Бироқ уйғонишинг қўрқинчли менга.
Уйқудан турасан ҳадемай,
Боқиб
Лоқайд нигоҳ билан юзакигина,
Гўзаллигинг билан ўлдирасан ҳам.

ЙЎҚОЛМА

Ҳеч қачон йўқолма… Мендан йўқолсанг,
Ўзингдан йўқолиб бўлгайсан ғойиб.
Юз ҳам ўгирасан мангу ўзингдан,
Будир виждонсизлик, ҳам айбсиз айб.

Йўқолма… йўқолиш шундайин осон,
Топмоқлик бир-бирин қийин кечар сўнг.
Дақиқалар ичра айлаб-да бежон,
Ўлим тортиб кетар қаърига бутун.

Йўқолма… учинчи сояни унут,
Ишқда икки қалб бор. Учинчиси йўқ.
Қиёмат кунида шуни ёдда тут,
Покиза бўлармиз – тақдирий йўруқ.

Йўқолма… биз ювдик гуноҳимизни,
Тақиқланмаган суд қилмоқлик бизни.
Авф этилишга арзиймиз бугун,
Кимгадир жароҳат етказилган-чун.

Йўқолма… йўқолиш – бир сонияда
Юз бериши мумкин.
Асрдан сўнгра
Қандай учрашамиз?
Ёруғ оламда
Учраши мумкинми сенинг ўхшашинг.

Йўқолма… кафтингни менга бер фақат,
Унга ёзилганман, ишонаман рост.
Шу қадар қўрқинчли сўнгги муҳаббат,
Йўқотиш азоби ундан-да даҳшат.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси