Тошкент давлат Университетининг филология факултетини тугатган. Тошкент жаҳон тиллари университетида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Ҳозирда “Преподавание языка и литературы” илмий журналининг бўлим муҳаррири.
Шеърлари “Дружба народов”, «Звезда Востока» журналларида, “Под знаком осени” (2005, Тошкент), “Малый шелковый путь” (Тошкент), «Кронос» (Даугавпилс, Латвия) алманахларида чоп этилган.
2004 йили илк шеърий тўплами “Первая тетрадь” номида чоп этилган. 2005 йили “По клавишам души”, 2006 йили “На кочевьях времен”, 2008 йилда “Обетованная память”, 2010 йили “По стопам листопада” тўпламлари нашр этилган.
САМАРҚАНД ОҚШОМИ
Баланд минорага суяниб олис,
Айвонлар кўк сари ёйгандай қанот.
Мовий гумбазларда соялар нафис,
Сокин мадрасалар аро хаёлот.
Кўзларим эргашар шаҳар, боғ томон,
Йўл олган шаффоф нур, чароғон тунга.
Кўриниб туради етти қат осмон,
Ҳали гумбазларни қўшмадим бунга.
Оқшом чигирткалар тинмас овози –
Лаҳзаларни санар мисли ашула.
Шаҳар узра – мингйилликлар парвози,
Таратмоқда янги асрлар шуъла.
* * *
Уйғониб кетади ой нурида тун,
Булутли яланглик, илиқ ёруғлик.
Борлиққа ёйилган оҳанглар беун,
Сингдира бошлайди ажиб улуғлик.
Ойдин қанотларда учган каби туш,
Майсалар товланар боғни оралаб.
Билакузук таққан юлдузлардан хуш,
Каломлар сачрайди булут оралаб.
* * *
Тоғ кўлини босади мудроқ,
Тушларида салобатли тоғ.
Кўлда тўлқин жим қотган, беҳуш,
Чўққиларда ҳаволар намҳуш.
Оқ елканли кўм-кўк ойналар,
Қорликлардан сим-сим учар зар.
Сув юзида соялар енгил,
Эй тунд булут, ер томон эгил.
Мовий-мовий ҳислар гуллади,
Кўзгуларнинг юзи ҳўлланди.
Ҳаяжонга солиб тўлқинни,
Шамол ютиб – ютолмас уни.
Кўл шамолин этманг хижолат,
Орзусида мангулик фақат.
БОҒДА
“Қайда унсанг, гулла!” – Гул, уруғларнинг
Яшаш шиорлари оддий, содда, жўн.
Субҳидам нурида жимирлар бетин
Офтоб кўзларидан сизган сир, афсун.
Гул юзида заррин зарралар бугун
Оташланар ҳар бир гулбарглар бўйлаб.
Қуёшли қадамлар тафтида беун
Тонгни хуш каломлар келади сийлаб.
Куз жилвасин кўрдим биринчи бўлиб,
Эшигини очдим – кунни яратдим.
Сўрагим келади юрагим тўлиб:
“Тангрим, мени бунча суйиб яратдинг?”
* * *
Керак бўлса сизга айлана
У чор – атроф каби, эҳтимол.
Тик оёқли циркулни яна
Айлантиринг такрор, бемалол.
Истасангиз ўша айлана
Қиёси йўқ тотга киришин,
Қўлга олинг олмани, ана –
Ранг бермоққа буткул киришинг.
АНҲОР
Кузги мудроқликда кўркам саройлар,
Таниш кўчалару майдон оралаб.
Кун ярмида дарё жилмаяр сокин
Ҳар бир уй, бинолар, ҳар он оралаб.
Тўлқинлар жимирлар, масрур, залворли,
Рангги тиниқ осмон остида бесас.
Оқаётир сувлар, соддадил, очиқ
Одамларнинг қўли ишдан бўшамас.
Шох-шабба ҳашамдор, қирғоққа қия
Энгашиб келади хиёбонлар жим.
Бу йўллар дилга ўт қалайди сим-сим –
Болаликнинг олис хотиралари
Соғинч оҳанггида оққани сари.
Айланиб югурар сувлар борлиқда,
Айланади давр, йиллар бетиним.
Дарё мавжларига сингиб кетади
Тушимнинг, ўнгимнинг излари тилим.
Эски кўчаларга меҳрини сочиб
Кўприклар бош узра енгил учади.
Кириб келаётган куз чоғларида
Вазмин дарахтлардан уйқу кўчади.
Бунда совуқ еган заҳил япроқлар,
Мен вақтни орқага суриб, жўровоз
Куйлайман анҳор-ла, эслаймиз олис
Хаёлдан кўчмайди қалби олов ёз.
Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси