Михаил Светлов (1903-1964)

Михаил Аркадьевич Светлов (ҳақиқий фамилияси — Шейнкман; 4 (17) июня 1903, Екатеринослав — 28 сентября 1964, Москва) — рус шоири, драматург ва журналист, ҳарбий мухбир.

ТИРИК ҚАҲРАМОНЛАР

Шафкатни билмаган,
Кокилдор Тарас,
Эшитилар менга
Кечалар, ҳайҳот! —
Эшик орқасидан
Даҳшат тўла сас:
“Андрий! Сенга мен бергандим хаёт!…”
Гўзал панна турар,
Юзида йўқ, қон.
Шамолда ўйнайди ўрим сочлари.
Уқ тешган Андрий
Қулар ногаҳон
Бўронда йиқилган қайин сингари.

Полтава устида
Сузар ярим тун,
Мана у, бор ичра кезар рудапо.
Бу кеч
Россияга қарши яширин
Юриш ўйламоқда сотқин Мазепо.

Кочубей тутқунда,
Қоронғу зиндон.
Қочишни ўтказар маҳбус кўнгилдан.
Тонг билан Кочубей
Қатл этилган он
Евгений Онегин турди ўриндан.

«Печорин! О, даҳшат!
Атроф зим-зиё.
Шубҳа ўртамоқда, дўстим, дилни кўп».
Қимор ўйнар экан Достоевский,
Кампирларни бўғар
Шум Расколников.

Жимгина пирпираб
Сўнар юлдузлар,
Тонг отиб келмоқда қуюқ тумандан.
Паровоз қўзғалди,
Титради излар,
Анна Каренина айрилди жондан.

Ўртоқ классиклар!
Энди шуми иш!
Бари қаҳрамонлар йитиб кетмоқда!
Наҳот, ниятингиз
Фақат ўлдириш —
Дуэл,
Поэзд йўли
Ва ё сиртмоқда!

Роман ёзмоқчиман ўзим,
Каттакон!
Китобининг биринчи бетидан бошлаб,
Ҳунар ўрганади
Ҳар бир қаҳрамон,
Мен хам ўрганаман ғафлатни ташлаб.
Руҳий азобларга бўлсаю таслим,
Қаҳрамон зерикиб қолса бирор кеч.
Паровоз остига
Ташлайман ўзим,
Аммо қаҳрамоним ташламаймав хеч.

Бу ёруғ дунёдан
Кўз юмсам агар,
Тобутум ортидан
Изтироб-ла жим —
Мени сўнгги йўлга кузатиб борар
Мен қутқариб қолган қаҳрамонларим.

Қабрим тепасида
Тўхтаган йўлчи
Сўрайди:
— Ўлган ким? Сўйла, биродар!
Қаҳрамонлар айтар:
— Светлов ўлди!
Ҳақиқий ёзувчи эди у одам!


РУМОЛИК ЙИГИТ

Тупроқда ётипти румолик йигит,
Кўксида бенақшин, оддий қора бут.
Муштипар онанинг ёлғиз ўғлони,
Мусофир ўлкада узилган жони.

Неапол шаҳрида ўсган азамат,
Нима излаб келдинг Россияга, айт?
Ўз она тупроғинг, гўзал юртинг бор,
Нетарди, элингда бўлсанг бахтиёр?!

Мен сени Моздокда ўлдирган одам —
Вулқонли юртингни ғоят севардим.
Бепоён Волгада шавқ ичра бир дам
Енгил гондолада сузмоқ истардим.

Ва лекин мен, ахир милтиқ кўтариб
Сенинг диёрингга йўл олганим йўқ!
Рафаэл қадами теккан ер узра
Учиб ўтгани йўқ мен отган бу ўқ!

Мен ўз тупроғимда ўқ уздим, бу ер
Мени ардоқлаган кутлуғ, эзгу ер!
Бу ўлка ҳақида айтилган эртак
Таржимада шундай чиқмаса керак.

Менинг Ўрта Доним, қўнғир тупроғим
Ўрганган эдими чет эллик олим?
Мунисам Россия, Россиям ерин
Ё сен ҳайдаб эккан эдингми экин?

Сени келтирдилар поездга ортиб
Ўзгалар ерини олмоққа тортиб.
Токи сен кўксингга таққан бу салиб
Мозоринг устида турсин юксалиб…

Йўқ! Қилич кўтариб, ҳеч инсон ҳеч вақт
Менинг диёримга қўёлмас оёқ,
Ўқ уздим — дунёда йўқдир адолат
Душманга мен узган ўқдан одилроқ.

Мусофир ўлкада букун жон берди
Муштипар онанинг ёлғиз ўғлони.
Жонсиз кўзларида акс этиб турди
Гўзал Неаполнинг зангор осмони.

Эркин Воҳидов таржимаси

ГРАНАДА

Биз елдик йўлларда,
Жангда учдик шай,
“Олмача” қўшиғин
Тиллардан қўймай.
Эҳ, ўша қўшиқни
Бағрида асрар
То ҳануз даштларда
Зилол майсалар.

Лекин ўзга қўшиқ –
Олис юрт дарди
Эгарда ошнамга
Ҳамроҳ юрарди.
Куйларди уфқига
Боқиб юртининг:
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”

Доим такрорларди
Шу қўшиқни у…
Қайдан бу йигитда
Испанча қайғу?
Айт, Александровск,
Харьков, айтингиз:
Кўпданми испанча
Куйга ўтдингиз?

Айт, шунда, Украина,
Ётмасми, ахир,
Тарас Шевченконинг
Папоғи сағир?
Хўш, қайдан, оғайни,
Қўшиғинг сенинг:
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”

Хаёлпараст хохол
Шошмас жавобда:
– Ука! Гранадани
Топдим китобда.
Чиройли ном экан –
Шонга сазовор
Испанияда Гранада
Вилояти бор!

Уйимни тарк этдим,
Кирдим майдонга,
Гранада ерин деб
Берай деҳқонга.
Хайр, денг, оилам,
Дўстлар, хайр, денг!
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”

Учардик, истакка
Тўлиқ дилимиз:
Ўргансак жанг илмин,
Тўплар тилин тез.
Шафақ кўтарилди,
Ер қучди такрор.
Толди ҳам даштма-дашт
Югуриб тулпор.

Куйлар “Олмача”ни
Эскадрон, бироқ
Замон ғижжагида
Камони – фироқ.
Хўш, қайда, оғайни,
Қўшиғинг сенинг:
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”

Ўққа учган вужуд
Оғиб йиқилди,
Илк марта эгарни
Дўстим тарк қилди.
Кўрдим: ой эгилди
Жасадга, хира,
Шунда ўлик лаблар
Титради сал: “Гра…”

На-да сўз. На кўз ёш…
Осмон бўшлиғи…
Кетди менинг дўстим,
Кетди қўшиғи.
Шу-шу эшитмади
Жон юрти унинг:
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”

Сафимиз сезмади
Йўлга-йўл улаб, –
“Олмача” қўшиғин
Тугатди куйлаб.
Фақат кўкдан тушди
Сирғалиб дилгир
Шафақ барқутига
Бир томчи ёмғир…

Ҳаёт янги-янги
Қўшиқ топди ҳам…
Не керак қўшиқ деб,
Дўстлар, чекмак ғам.
Не керак, не керак,
Не керак. Қўйинг…
“Гранада, Гранада,
Гранадам менинг!”
1926

КОЛЬКА

Екатеринослав даштида,
чексиз
Ўтлоқлар
поёнсиз кенгликлар аро
Махночи Колькани қўлга олдик биз,
Шаҳар кўрсин учун,
билсин учун ер билан само,
Менга топширилди уни қатл этиш.

Йўлга тушдик…
У – қувноқ ва маст,
Мен – унинг ортида қатъий ва саркаш…
Кун бўйи чарчаган қуёш бу нафас
Гўё ўлдирилган,
бағри қонталаш.

Келдик…
Мен тепкига қўл юбордим жим,
Колька эса сўзсиз, оҳиста
Хайрлашмоқ учун менга чўзди қўл,
Беш бармоқ,
Жон-жаҳд-ла ҳаётга интилган беш йўл…
Колька, Колька… Қайда менинг ғазабим?
Йўқ, мен ўқ узмадим,
ортга қайтдик биз:
Туғилган пайтдаёқ, унинг чамамда,
Олчи тушган экан ошиғи.
Биз кетдик олислаб ва тонгги дамда
Брянск заводининг нақ ёнидаги
Бир нотаниш қовоқхонада
Янги дўстлик билан иккимиз
Чин дилдан қутладик бир-бировни, биз –
Унутиб махночи эканини у,
Унутиб яҳудий эканимни мен.
1924

ЮЛДУЗЛАР

Мен ҳам ғижжак “оҳ” тортса, шошиб –
Излагайман гоҳ рўмолчамни
Ва оғзимнинг таноби қочиб,
Учратгайман ота-онамни.
Аммо бўлмас танни – бўрондан,
Бўғилишдан – овозни асраб.
Мен тураман, – буйруқ замондан, –
Сўйил ушлаб ғижжакка қараб.
Кўрдим уни, қулоғи оғир,
Ёш сирғалар юз, иягидан:
Кутарди у – Бетховен – дилгир,
Штаб олди, қайин тагида.
Мен ўша кун банд эдим чунон.
Кетди охир.
Айни ярим тун
Бир мусиқий кўз билан шу он
Менга боқди юлдузлар беун.
Тонг олдидан зангори туман
Қўнишини кутиб бир ҳисда,
Бор табиат илҳом, дард билан
Фортепьяно чалди оҳиста.
Барча юлдуз қилмишим ёқлаб,
Бошим узра қўнди шу тунда, –
Овоз берди юлдузлар оқлаб
Мен – жанговар инсонни шунда.
1927

ЗАМОН ҚИЗИГА

Ноғоранинг зарблари ҳиссиз,
Уйқу бермас тонг туманига, –
Жанна д’Арк от қўяр бу кез
Қамалдаги Орлеанига.

Кесиб қўяр минуэт ногоҳ
Жуфт қадаҳнинг аҳд-паймон унин,
Трианон нишонлар қувноқ
Мария Антуанэтта кунин.

Йигирма беш шам қуввати жам
Кичиккина электр чироқ –
Эгиласан, синглим, азизам,
Тўлдирилган дафтарга бу чоғ:

Мудҳиш янграб, қўнғироқ, оқлар –
Шум черковнинг “муқаддас” шаънин:
Жанна д’Арк гулханга чоғлар
Нозиккина бокира танин.

Жаллод ҳатто на бир зум титрар
(Қонранг кийим – бошдан-оёқ қон), –
Антуанэтта бўйнин қидирар
Гильотина пичоғи шодон.

Юлдузлардан ортга ўтди тун,
Чарчамадинг – муқова аро
Сен топширган синовнинг бутун
Варақлари бир-бир бўлди жо.

Кўрпага кир, тез келгай уйқу,
Толиқтирма ўзингни ҳаргиз.
Боқ, юлдузлар кўкдан тушди-ю,
Тарқалишди уйма-уй беиз.

Шамол очди дарчангни, лекин
Ўзга уйга солмас назарни,
У кўрмоқчи хонангга секин
Кириб келган хотираларни.

Бизнинг қизлар камарни сиқиб,
Қўшиқ билан тик боқиб ёвга,
Қуладилар гоҳо пичоқ еб,
Ташландилар баъзан оловга.

Ўшанда ҳам мудҳиш қўнғироқ
Ноғорага берарди навбат…
Ҳар ўртоқлик мозорига боқ –
Бир Жаннамиз ётар бу фурсат.

Чорлар уйқу – майин бир хилқат
Оғушига тортади сени.
Кулранггина кўйлагинг фақат
Безар стул суянчиғини.
1925

ШЕЪРИЯТИМ

Йўқ! Ҳаётим занглардан халос,
Куним ўтмас қашшоқлик аро…
Мамлакатим – шеърият, холос,
Мен – абадий унга фуқаро.

Оловнафас шеър билан, билгил,
Мен даврга фақат бож бермам –
Мен ёзаман севажак ҳар дил,
Айрилажак йўллар учун ҳам.

Кўп нарсани олис йўл тамом
Хотирамдан бадарға қилди.
Аллақачон ёшлик деган ном
Мармар лавҳа бўлиб қоқилди.

Ишлар унча ёмонмас, аммо,
Китобхонга танишман, бироқ –
Мен пиёда кездим давр аро
Гоҳ этикда, гоҳ ялангоёқ.

Мана, кўндим тақдирга, ният:
Ишларимни бир-бир жамламоқ.
Аммо ногоҳ келиб Шеърият
Нақ ёқамдан олди-да, шу чоқ,

Менга доим қадрдон, хушҳол
Одамларнинг бағрига отди:
“Сен тушунтир нима истиқбол,
Ўтган кун не? – дея сўз қотди, –

Сендан ўзин тортмасин ҳеч ким,
Атрофингга дўстлар йиғилсин.
Автобусга ўтир, азизим,
Улар сени сафдош деб билсин.

Бирга яшаб, бирга меҳнат қил,
Сўнг уларнинг ишқ, бахти ва ҳар –
Орзусини сен келгуси йил
Шоирона чўққига кўтар.

Аён бўлгай шунда кўп сирлар,
Ўрганасан кузатмоқни ҳам.
Гоҳ қуёшда доғ кўрсанг агар,
Бел боғлагин артмоққа шу дам.

Шундоққина эшикдан нари –
Олисдамас, воқеалар, боқ,
Арслон каби юлқинар бари,
Фақат қийин қўлга ўргатмоқ!”

Шу-шу одат менга бир орзу:
Каттага ҳам, кичикларга ҳам
Сўнгги гугурт чўпидан мангу
Осмон ўпар гулханлар ёқсам!

Чорлар экан шу гулхан, шу тафт,
Шеърга қўноқ бўлай деб тунда,
Кириб келар одамлар саф-саф –
Нотаниш ҳам, таниш ҳам шунда.

Тинч турмушда, ё қўлда милтиқ,
Ё Қутбда, қайда илиқ сўз –
Бир ҳамдардга ким бўлса интиқ,
Шеъриятим унга мунис дўст.

На муҳлатли, на доим бу иш:
Мен замондош дўстимга гоҳо
Ҳақ тўлайман – мисралар кумуш,
Ҳошияси олтиндан аммо.

Тонглар, бурканг оламни зарга,
Тонг нурлари қуйилинг майин!..
Боқдим олис сайёраларга,
Кўролмадим бирор туп қайин!

Уни фақат менга бахш этди –
Табиатдан бу дарахт ҳадя…
Айтинг – ахир, сиздан не кетди! –
Унча кекса эмассан дея,

Сени ҳали бу тулпор ҳаёт
На йиқитди, дея, на эгди,
Шеъриятинг ўқ каби бот-бот
Янграб, аниқ нишонга тегди.
1957

СУЛИКО

(Родам Амирэжибига)

Бошлагайман, Сулико, бу чоғ
Сени ажиб ўлкалар томон.
Бу, чамамда, жуда ҳам йироқ,
Ҳув, ёшлигим яшаган макон.

Ортда қолган олис йиллар бу…
Украина… Қуёш жилмаяр…
Гуляй-Поля бўйлаб учару
Махно мени мўлжалга олар.

Гўл палапон эдим у пайт хўп,
Мен илк бора англадим, инон,
Жўн ўйинчоқ тўппончадан кўп
Наган оғир эканин у он.

Йигирма йил кейин, бир куни, –
Шундоққина яқин, боқ, бари! –
Мен эсэсчи пистолетини
Кўкрагингдан итардим нари…

Қўлингни бер! Эслайлик бирров
Олис кунлар тонгин, ўй суриб.
Эҳтиёт бўл! Боряпмиз икков
Дўстларимнинг қабридан юриб.

Биласанми, сен ҳаёт юриб, –
Не дегани дўстни йўқотмак?
Бил, бу: минг бор “Салом!” деб туриб,
Ногаҳоний “Алвидо!” демак.

Мен кўп нарса билдим ҳаётда,
Ишонч – қатъий, бут, силсилалик:
Лойиҳаланар канал одатда
Волга-Дондек: Ёшлик-Кексалик.

Қулоқ тутгин, Сулико, бу дам
Йўл олгаймиз ўлкалар томон –
Ки узоқмас, билсанг, ростдан ҳам,
Кексалигим яшовчи макон.

Мен тобора кўраман равшан:
Чиқиб борар қўлида ҳасса,
Келажакнинг зиналаридан
Соқол-мурти қирилган кекса.

Бу – менман! Ҳа, билдингми, менман!
Қайноқ севгинг билан маст кимса;
Мен – дўстлари гоҳ ҳавас қилган,
Ёшлиги, деб тугамас кимса.

Жасоратга чанқоқ, беминнат,
Ер чизмасдан, билмайин қўрқув, –
Англа мени, – шу тахлит фақат,
Фақат шундай кексаймоқ орзу.

Мен яшадим қўрқмай даҳшатдан,
Зару зевар жамғармай ҳеч бир.
Сўнг дам титраб чўнг муҳаббатдан,
Қучиб олгай мени она – Ер.

Сулико! Сен – азиз вафодор!
Ёшлигимга, эй, содиқ ҳамроҳ.
Гўё бугун ёнимга такрор,
Келгандексан қўшиқдан ногоҳ.
1953

ИҚРОР

Асло ёшлигимдан ўгирмадим юз,
Не қилсам – хуш ёқар ўзимга бу вақт.
Ҳапшанба кун ёққан ёмғирдан текис
Гуллагандек боғда яйдоқ дов-дарахт.

Мен – тирик, демакки, яшар муҳаббат!
Сен учун, ёлғизим, тенгсиз дилрабо,
Энг яхши сўзларни топдим бу фурсат
Энг аъло луғатлар варағи аро.

Осонмас ўхшатиш топмоқлик аммо,
Кўзларинг нақ шеърдан излайди маскан,
Уларни зангори булоқдек гўё
Қошинг обкашида тинмай ташийсан.

Икки дунёда ҳам такрор этолмам –
Сўзларинг оловки – ҳар бир сасида
Йиғмоққа қодирдир қорбўронда ҳам
Барча турналарни Русь даласида.

Бўлгайман барчадан бойроқ, истасам,
Қашшоқман дея арз қилишим қийин.
Сенга олиб берай борлиқни, десам,
Етмайди атиги бир неча тийин.

Кўп яшаб, кўп нарса бошдан кечирдим,
Мен сенга, навқирон, мағрур – бир боғлам
Шох-шабба мисоли – орзум келтирдим,
Гулхан ёқ, исингин, совуқ жуда ҳам…
1959

ОВЧИЛАР ҚЎНАЛҒАСИ

Шеърлар китобимни очганимча мен
Боқаман: одатий, таниш барчаси.
Ёшлигим! Овчилар қўналғаси сен,
То ҳануз ёруғдир унинг дарчаси.

Кўнгилчан овчилик касбига, яна
Ишониб қалбимнинг шафқат ҳиссига
Келишди соддадил ҳайвонлар, мана.
Қўл ҳам тегизмасман бирортасига!

Яшашмас, бу – жанг-ку турган-битгани!..
Ўтилган йилларнинг тозиси, дўстим,
Вужуди тирналган, эй, кучук, қани,
Кир менинг хонамга, ором ол бир зум.

Мен қанча яшадим, ҳаёт чўтлайди,
Қандай ёрдам керак яна мен учун!
Эҳтимол, бир камим капалак сайди?
Менга фил етишмас, эҳтимол, бугун.

Осон кечгани йўқ ҳаётим бир дам,
Қанча чақиримни пиёда ўтдим!..
Ҳуркак қуённи ҳам, каркидонни ҳам
Ёзув столимга мен таклиф этдим.

Кексалик, бу – безак, увада эмас,
Чарчаган кишининг ёшлиги асли, –
Бизнинг қувончлару ғоянинг ўлмас
Нуроний савлати, улуғвор фасли.

Эҳтимол, қўлларим энди ёзолмас
Одамга энг зарур сўзларни ҳеч вақт,
Майлига, коинот нафас олса, бас,
Қулф уриб ўсса, бас, майсаю дарахт.

Ҳаётим! Наҳот, мен бугун серсавлат?!
Бир ўқувчингман-ку, болакай гўё.
Салом, хилма-хиллик – сирли жамият,
Салом, эй туйғулар, ранго-ранг дунё!
1962

Рус тилидан Абдулла Шер таржимаси