Андрей Вознесенский (1933-2010)

Вознесенский Андрей Андреевич (1933.12.5, Москва – 2010.1.6, Москва) — рус шоири.
Шеърлари ўта замонавийлаштирилганлиги, мураккаб образлилиги ва ритмик тизими билан ажралиб туради. «Аксилдунёлар» (1964), «Витраж ишлари устаси» (1976), «Адаштирув» (1978) тўпламлари, «Усталар» (1959), «Лон-жюмо» (1963). «Оза» (1964), «Авос» (1972), «Чоҳ» (1986) ва бошқа поэмалар муаллифи.
Вознесенскийнинг «Видео — шеърият», «Россия — қиморхона», «Чалкаш шамоллараро» каби шеърий ва насрий китоблари нашр қилинган. Шўро тузуми даврида Вознесенский ҳақгўйлиги, адолатпарварлиги учун таъқибга учраган.
1966 йилги Тошкент зилзиласи пайтида Тошкентда бўлиб, «Тошкентга ёрдам беринг!» достонини ёзган. Вознесенский Алишер Навоий ҳақида «Алишер Навоий — улуғ шоир… Навоийнинг минг йилларга татирли аҳамияти бор…», деб унга юксак баҳо берган.
«Мангу ризқ» асари Сирожиддин Саййид томонидан ўзбек тилига таржима қилинган (1990).

САҲАР ТУРМОҚ ЁКИ ШАБНАМ САЙЛИ

Бинафшалар, бўтакўзлар,
Капалаклар гулин излар.
Бир рангларга кўмилгаймиз,
Биз шамбнамга чўмилгаймиз.

Тонг чоғи бу – кавсар ҳаво,
Асал ҳаво, ғазал ҳаво.
Тоза наво, тиниқ сафо,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Салом бўлсин қўнғизларга,
Оромижон анғизларга.
Сиз чўмилинг денгизларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Сизда баланд кошоналар,
Ёмғир кўрмас тошойналар.
Биз – гулларга ҳамхоналар,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Муҳаббат бир сайҳон эрур,
Найсон эрур, найсон эрур,
Айвонимиз осмон эрур,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Жимжимадор ҳовузингиз,
Кезар нозли товусингиз.
Ёқут сизнинг ҳовучингиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Бир шом чўкар хотирларга,
Йиллар – ғадир-будирларга.
Сиз қатнайсиз дўхтирларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Ҳозир сизга бари бирдай,
Ҳали бир кун, қариликда
Сиз ғамларга кўмилгайсиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

Биз дил очиб самоларга,
Гиёҳларга термулгаймиз.
Сиз чўмилинг тиллоларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.

ОВОЗ

(“Мангу ризқ” достонидан)

Ўзингизни сарф этинг,
бахш этиб ё кечириб,
бир сўмингиз бўлса ҳам,
бошқага минг сўм беринг!

То абад булғанмагай
маъсум қудуқларда сув.
Қанча кўп юлсанг дилдан,
дилда қолар шунча кўп.

Кўп болали она ҳам
ёт етимни олади,
Қанча кўп юлсанг дилдан,
дилда шунча қолади.

Россия кенгликларинг!
Поездларинг елади –
қанча кўп бердик ўздан,
яна қанча қолади!

Нечоғли тириклик бор
пичанзор ҳавосида,
дил зарбидай, айниқса,
мозорлар тепасида.

Сен жар узра яшайсан,
сартарошдан ҳам хорроқ,
Уйғоқ дилинг бошқаларни
Ҳаётга чорлар бироқ…

Халқ деб куйинган одам,
тарқат ноёб пулларни,
Яшаргандай бўласан,
Кўнглинг бирдан гуллайди.

Абадият, жон Фауст,
оддий гапдир азалдан –
дилдан қанча кўп юлсанг,
шунча кўпроқ яшайсан.

РОСТА қулиё Есенин
шунчаки ўлган эмас,
ўлимлари – тирикликдай,
худбинларга бергай дарс.

Гадога бари бирдир.
Қайғу, бахт – опа-сингил.
Дилдан қанча кўп юлсанг,
шунча кўп қийналар дил.

БАЛЛАДА

Мен бугун келаман,
секин айтаман:
Йигирманчи аср тугади.
Куйдираман китобларимни,
сенинг нарсаларинг тахлайман,
“Биз озодмиз, – дейман, – етади…”

Тўхтаб қолади сув,
ёнади юлдуз,
сен ўзингни унутасан ўз рақсларингда –
балиқларнинг оғзи сингари
дамба-дам ютишар ҳавони очкўз
тирсакларнинг учбурчаклари.

Қоронғулик бағрида бесас
сирғалади чандиқ мисоли
баданингни қисган камаринг.
Мен кўраман, кўраман нохос –
бу асрда, бошқа асрда
сен турибсан ярим ва ярим.

Қайриламан меҳмонлар сари –
Меҳмонлар ҳам – ярим ва ярим.
Стол кесиб турар белларин.
Ҳар бири ўз асрида,
Биз бел билан яшаймиз,
Ўзга ниятдамиз – стол тагида.

“Бор эдими бу аср, наҳот…”
Сен жилмайиб бергайсан жавоб.
Ўйин-кулги, дискотека қуллари, ҳайҳот,
полни тепиб жазавада такрор, ботма-бот
эслатишар бизга қайтадан:
ХХ аср барҳаёт.

ЎХШАШИ ЙЎҚ ЭЗГУЛИК

(“Хандақ” достонидан парчалар)

КЎЛ

Тунда уйғондим мен. Кимдир бемаҳал
айтди: “Ўлик денгиз – муқаддас Байкал.”

Бир кўз боқар эди куйдириб этим,
Гўё мен у кўлнинг қотили эдим.

Кўраман – Распутин ухлолмай чиқар,
Аждоди тирилиб келар. У чекар.

Сен бетоб бўлсанг гар бизлар ҳам ғариб,
Байкал – мамлакатнинг биллур жигари.

Кимдир нидо берди ўртаб жонини:
“Байкал – мамлакатнинг қўриқ виждони.”

Қайиқда суздим мен Байкал бўйлаб жим:
Сувда шом нурларин ноласин кўрдим.

Ястанган кўзига боқиб Байкалнинг
Наҳотки илму фан уни алдади?

Наҳотки биз бир кун тарихга (ўлиб)
киргаймиз Байкалнинг қотили бўлиб?

Балиқ, тюленларнинг соғлиғи ҳақда
Хабар бериш керак ҳар куни халққа.

Сув соф бўлсин учун, аввал ишонинг,
тоза бўлмоғи шарт элнинг имони.

Мана, нима учун ёниб қалблари
Курашар камолот прораблари.

Токи қўриқхона бўлсин кўл, инсон,
Токи булғанмасин суви ҳеч қачон.

Токи гапирмасин ҳеч ким ҳеч маҳал:
“Ўлик денгиз – муқаддас Байкал.”

НУҚТА

Митти, бўм-бўш бош чаноқлар – сайёраларнинг
орасида биттасининг вужудида жон.
Милён йиллар жилмаяди, фикрлайди, тайёрланади,
Моцарт куйин ёд этади, излайди имкон.
Бу – ям-яшил боши эрур Заминнинг, инсон.

Тугмача босилади. Қолмагай ному нишон.

ТАРВУЗ БОЗОРИДА

Москвада тарвузлар тўкин
Поёни йўқ бир эрк анқийди
Ва сотувчи қизларнинг жўшқин
Вужудидан шиддат балқийди.

Чодирлар ва қизлар рўмоли.
Ғала-ғовур тутган кўчани.
Хитоблар: “Кес. Тотиб кўр олиб”.
“Ушла, парво қилма, хўжайин!”

Кимга қовун? Ҳозир ёрилар!
Худди шундай тотли ва ширин
Туюлади девор, сўрилар,
Кетаётганлар – ушлаб бир-бирин.

Худди шундай шодмон, беармон,
Ўшал тансиқ тарвузлар янглиғ –
Замин
силкинади
тўрхалтасида
меридиан ва кенгликларнинг!

* * *

Эркак елкасида қизчаси билан
буғдойзордан ўтиб боради.
Бошқа юклар оғирлик қилар,
буни – кўкка чўза олади.

Мамлакатни кўтарганди у,
Улар борар шундай беармон.
Кўзларида – шимол ёғдуси,
Кўзларида порлайди осмон.

Унинг очиқ бўйнини шарфдай
ўраб олган митти оёқлар.
Дала узра қизчани шардай
олиб ўтар, чорлар йироқлар.

Қаёнларга уни элтгайсан?
Янги аср келар бунёдга.
Қизим, ёлғиз учиб кетгайсан,
Ким асрайди сени дунёда?!

* * *

Кўп ўтдими озми ё –
Яна тумандан садо:
“Мен билганимда эди!
Мен билганимда эди!”
Қайсидир шаҳарларда,
Бир дилгир маҳалларда –
“Мен жуда ҳам ёш эдим,
Эҳ, билганимда эди?!”
Кўр қудратми – суйилган,
Қисса бўлиб туюлган –
“Бир марта дил бердим мен,
Эсизки, кеч билдим мен”.
Самолётлар учдилар,
Поездлар йўл қучдилар.
Сенинг қуёшинг сўлда,
Менинг қуёшим ўнгда.
“Бир марта дил бердим мен,
Эсизки, кеч билдим мен”.
Ҳар не алмашди, дардим,
Сени алмаштирмадим.
Бошимиз узра йиғлаб
турмагин айрилиқдай.
Худонингми бу ёки
Тумандаги фарёди?
Сени севаман, жинни.
Олтин ҳаётим, чинним.
Наҳотки тушундим мен?
Наҳотки тушундим мен?

АРАЗ

Ўхшамайди бу ҳеч нарсага!
Сен пальтонгни топтаб ташлайсан.
Қутурган мушукка ўхшамайсан сен,
Ҳеч нарсага сен ўхшамайсан.

Сенинг дилбарлигинг дилбарлик эмас.
Идишларни ота бошлайсан.
Қўлсиз Венерага ўхшамайсан сен.
Ҳеч нарсага сен ўхшамайсан!

Бунинг учун бегина, бесўз,
Фақатгина ўша учунмас,
Ҳаётим, деб сени чорлайман.
Бари ҳеч нарсага ўхшамас.

Ака ўхшамайди акага,
Ўхшамайди кадарга кадар.
Фарқ қилади соатдан соат.
У сен билан фарқ қилиб турар.

Ҳеч нарсага ўхшамас денгиз,
Ёмғир ҳам ўхшамас панжараларга.
Сен ҳали ҳам… ҳануз?.. Худойим!
Ўхшамайсан сен ҳеч нарсага.

Ҳеч нарсага ўхшамайди озодликнинг сукути,
Ўхшамайди ловуллаган юзлар терисига сув.
Юзлар узра
оқаётган
сувга ўхшамас сочиқ,
Тутқунликка ўхшамас
ҳеч
эшикка солинган қулф.

АҚЛ

Булбулнинг жигарин гар
Еса Ер аёллари –
Миялари ёришиб,
Кўпаяр ақллари.
Бу ғалат дунёсида
Зоҳиру ботинлар кўп.
Булбуллар кам шул сабаб,
Ақлли хотинлар кўп.

ШУКШИННИНГ ЎЛИМИ

Шукшинни дафн этди Москва,
Санъаткорни дафн этди, яъни
Мамлакат инсонни дафн этди ва
Дафн этди фаол виждонни.

Ётарди у гулга кўмилиб,
Энди тамом, келмагай қайтиб.
У ўзининг ҳайрон ўлимин
Киносида бутун халққа олдиндан айтди.

Россиянинг чойшаб-экранларида
Ётарди у ҳар бир шаҳарда.
Кинозал эмасди – ҳар ким шунчаки
келиб оддийгина хайрлашарди.

У – бугунги кунлар руҳидек.
Жунжикиб тамаки тортганда фақат,
поездлар, катларда худди шундайин
жунжикиб турарди бутун мамлакат.

Оқилларча билди она уй, деб у
қайинзор, арчазор ўз диёрини.
Байкални қорага ўраб қўйсайдик,
Марҳум уйидаги ойна сингари.

* * *

Руҳим менинг, чавандозим,
Тавба қилдим,
ёлбораман бир тиланчи сингари,
Сўндирмагил,
Сўнмайин муҳлатимдан илгари.
Бизлар – бу дунёга келган бандалар,
Ўзини тополмай елган бандалар,
Биздан на ёд қолар ва на бир овоз.
Бизлар – руҳнинг жисмоний
Сояларимиз, холос.

* * *

“Мен сени жуда ҳам…”
Сўзлагани қўймайсан.
Лаблар шивирлашар. Сен мени жуда ҳам…
Мен сенга тўймайман, сен менга тўймайсан,
Сен мени жуда ҳам… Мен сени жуда ҳам…
Бу шаҳар ухлайдир, бу шаҳар – ўгайдир.
Баҳор ҳам тугайдир, ёзу куз тугайдир.
Бу ишқ тугамайдир унда ҳам, шунда ҳам:
“Мен сени жуда ҳам…”
“Сен мени жуда ҳам…”

Рус тилидан Сирожиддин Саййид таржималари

ФАОЛ ВИЖДОН

Ўзи мамлакатда нима кечмоқда?
Ювар «Янгилинлар» танбал онгларни.
Истардим кўрмоқни ҳар бир пучмоқда
Фаол виждонларни.

Тўсиқларни ёринг, ўткир қиссалар.
Майли, қайнаб турсин аччиқ қаҳвалар.
Номдор шахс тепадан қиялаб қолди —
Виждон қўзғалди.

Ўзгариб кетдими қалблар ҳам чандон?
Ахир, кабоҳат-ла курашиб нимжон
Яшарди кимдадир яримта имон.
Мамлакат рамзини олдими виждон?

Қўш чизиқ тортганча аршга етдинг сен,
Чанада уфққа сингиб кетдинг сен, —
Достоевскийда нидо этдинг сен,
Вавилов-ку, сўнгсиз маломат кўрди,
Лек виждон уруғин ўстира берди.

Айтинг, у кунни ҳеч бошга солмасин,
Уйғонган виждонлар мудраб қолмасин.
Тинмай чоҳ қазийди унга қанчалар
Нафс бандалари, ҳарис кимсалар.
Ақидангиз пучдир, чиркиндир бари,
Маънавият мулкин мўлтонилари!

Курашар фидойи одамлар эса
Ҳаётда ғирромлик қолмасин дея
Ва токи, ўқувчим, имоним менинг,
Умринг навбатларда ўтмасин сенинг.

Инсон — муродимиз, баҳонамас ул
Ютуқлардан сўйлаб, касбни алқашга.
Эй нотаниш юрак, бахтдан энтик, кул,
Билмайман виждонни мен бундан бошқа!

* * *

Сен яна нимани истайсан мендан?
Истиғнонг беадоқ, қовоғинг уюк.
Мен — ҳасрат оҳанги, сен — қувонч куйи.
Тақдирим бир умр айроми сендан?

Номинг-ла қитъалар ифорланди шан —
Титратди дунёни шеърим жаранги!
Сен — бахт таронаси, мен — ғам оҳанги.
Сен яна нимани истайсан мендан?

“Фариштам” дединг сен — покландим чиндан,
“Дадил бўлгин” дединг — кучга тўлдим мен.
Дединг: “Биринчи бўл” — даҳо бўлдим мен,
сен яна нимани истайсан мендан?

Онт ичдим — фидоман то энг сўнгги дам,
умрим сўқмоқларин сен кўмдинг қорга.
Шўх-шан садо эдим, эврилдим зорга,
сен яна нимани истайсан мендан?

Қабрда ҳам сени алқарман ҳаргиз:
“Қўшилсин тупроққа менинг бу жисмим.
Сен — самовий оҳанг, мен — наво мискин,
майли, замин узра хиром эт менсиз”.

Шу замон кўриндинг рўй-рост, дафъатан,
қилдинг теваракка ҳорғин наззора.
Ва дединг: “Севаман. Бошқа йўқ чорам.
Сен яна нимани истайсан мендан?”

* * *

Бу онни ёдда тут. Наъматакни ҳам.
Хотиранг мулкида нурли бир парча.
Мен сен-чун шоирман ва мангу жазман.
Бошқа – ҳеч нарса.

Эсла бу лаҳзани токи умринг бор,
орадан минг йиллар ҳатто кечарса.
Кифтинг тирнар шунда наъматак такрор…
Бошқа – ҳеч нарса.

ТУШ

Биз қайта кўришдик. Киприкда намлар,
ҳижрон изимизга термилди зор-зор.
Ва биз ишқ-севгидан ичдик қасамлар,
бироқ танимадинг сен мени зинҳор.

Остонангга таклиф этдинг беҳадик,
пойимда айланиб-ўргилдинг минг бор.
Бизлар бирга-бирга узоқ яшадик,
бироқ танимадинг сен мени зинҳор!

* * *

Касалхона шанбалик қилар,
ҳамширалар ҳовлида ғужғон.
Эманларнинг шохига илар
оқ бинтларни қизлар шўх-хандон.

Тарқаб кетар уларнинг бари!
Эманларнинг тушида аммо –
ҳамон йоднинг аччиқ ифори
ва турфа ноз, турфа таманно.

МИХАЙЛОВСК ОСМОНИДАГИ ЮЛДУЗ

Шоир бурмас тубанликка юз,
мукофот деб ёнмас у тақир.
Самоларда чақнаган юлдуз
Тақинчоққа муҳтожмас, ахир.

Тош-ла уриб бўлмас юлдузни,
ололмайди унвон нишонга.
Доим хоксор туяди ўзни
пешвоз чиқиб у шуҳрат-шонга.

Муҳим эмас на кулфат, на бахт,
юксак руҳ ҳеч кўрмайди зарар.
Аммо завол топгусидир тахт,
шоир ундан юз бурса агар.

ҚИССА

“Хайр” демоқ учун киприк қоқмайсан,
изимдан чиқасан илк саҳар пайти.
Сен мени ҳеч қачон унутолмайсан.
Мен сени ҳеч қачон кўрмайман қайтиб.

Мунгли нигоҳингдан кўзим олмайман:
“Оҳ, худойим! — дейман зоримни айтиб. —
Мен сени ҳеч қачон унутолмайман.
Сен мени ҳеч қачон кўрмайсан қайтиб”.

Зангори сувларни — сирли мавжланган,
сайр қилганимиз — кўрфазни дайдиб
мен энди ҳеч қачон унутолмайман,
мен энди ҳеч қачон кўрмайман қайтиб.

Ғамгин шабадада титрайди бесас,
умидсиз қарағай кўзин қорайтиб.
Қайтмоқлик – яхшилик аломатимас,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман қайтиб.

Қайта яшамоқлик насиб этса гар,
таъкид айлагандек Ҳофизнинг байти —
бизни кутгай яна фироқ муқаррар,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман қайтиб.

Айро дилларимиз низоси мубҳам
қиёс айлаганда бамисли учқун —
ҳажр оташи-ла — кўринган уфқда
фано даштидаги икки қалб учун.

Юксак фалакларга бир вола билан
ўрлар гирён юрак видоси — қайди:
“Мен сени ҳеч қачон унутолмайман.
Мен сени ҳеч қачон кўрмайман қайтиб”.

САМБИТ

Қишлоқ эпкинлари суқулиб аён,
мудроқ бозорларда кўтарар сурон!

Самбит шохчалари баҳорга пешкаш –
уй тўрин забт этар яшил суронкаш!
Бодринг пўсти тарар кўклам ифорин,
бамисли муз дарзи – мовий узори.

Аёллар қалбида ниш урар эртак,
кирар тушларига қишлоқи эркак…

Самбит куртаклари ёққан туғён бу.
Учинчи қисмда ушалар орзу…

Фильм икки қисмли бўлса, нетгаймиз?
Тошкент настаринин харид этгаймиз.

* * *

Унутаман сенинг қошингда ғамни,
ҳар бир ҳаракатда зуккосан чунон.
Бармоғингга туфлаб ўчирдинг шамни,
худди капалакни тутганингсимон.

ЭКОЛОГИЯ БОРАСИДАГИ МУНОЗАРАДА АЙТИЛГАН
ЛУҚМА

Қара, қаҳр неларда зуҳур,
солмоқ бўлар юракларга из —
биз, бандалар, худога шукур,
улар барин илғай олмаймиз.

Қара, маъсум юзларида нур
бўтакўзлар сафланар тиғиз —
биз, бандалар, худога шукур,
улар барин топтай олмаймиз.

* * *

Шоир бўлмагин сен, бироқ бу шуур
қўзғайди қалбингда исён муқаррар,
тушун, қандоқ чидаш мумкин даста нур
эшикка қисилиб ингранса агар!

* * *

Дов-дарахтлар қаршилаб тонгни,
шуълалардан товланади соз,
бамисоли патқалам янглиғ –
қўлга ол-у, ёз!

* * *

Салбчилар-ла бўлсайдим агар,
черков русмин адо этгани –
олиб ўтар эдим ҳар сафар
мен қўлимда бўм-бўш рамкани.

Кўзлардан ёш оқар тинмайин,
ки бўш ромда бўлар инкишоф –
дам муқаддас сиймтан қайин,
дам дарёнинг манзараси соф.

Тонгда ишга шошиб бораркан,
чиқиб висол тунидан аёл –
зарҳал ромга тушар дафъатан…
Кўрса ўзи қолар эди лол.

Чап томонга кўча ўнг ёни
кўринади бетимсол бўлиб.
Зарҳал рамка ичра боққани
йиғлагайдир унга термулиб.

ҚЎШИҚ

Тинглар сангдил аср ҳам…
Юракдан теран жўшиб,
ўзга фикрли одам
куйлар ажиб бир қўшиқ.

Ўлтирар у роялга
кўр машшоқ каби моҳир,
куй бахш этар ҳаётга
бармоқлари-ла соҳир.

Куйлар у қишлоқларни –
сувлар остида қолган
ва маҳв бўлган боғларни –
одамлар қирон солган.

Қўшиқда – мажҳул замон,
зорлар бордир очундан;
туяр кимки бағри қон
илоҳий таскин ундан.

Ўзга фикрли одам
ҳеч нарсани тузатмас.
Лекин тинглаб тошлар ҳам,
энтикиб олар нафас.

ХАЛОСКОР

Уча-уча ҳолдан тойганда бирам,
қучганда юракни таҳлика коми,
бизни қабул қилди бир вақт мажбуран
бошқа бир шаҳарнинг аэродроми.
Ишорачи замин устида – тунги,
қайга қўнмоқликка ундаб пешма-пеш,
ўхшарди чормихдан чиққанга худди,
қўлларин силкир ва учолмасди ҳеч.

* * *

Қора соябонлар таққан эркаклар,
қамраб миянгизни не бир тушунча –
тун ичра биқиниб борасиз бунча,
қайга элтар сизни қора елканлар?

Сизнинг омадингиз – ёшлик йиллари
бошингиз устидан ўтди кўндаланг –
велосипедидек маҳдуднинг – башанг,
мисли соябонингизнинг симлари.

ТУШ

Борардим мен Обь бўйлаб маҳзун,
кўкда ўрдак эди ҳамроҳим.
Чалинарди қулоғимга ун –
қишлоқларнинг фиғони-оҳи.

Улкан дарё ғамгин оқарди
ва борлиқнинг кўзини ёшлаб
ХХ аср борарди,
қадамида ўрнатиб хочлар.

Қишлоқлару овуллар бирдек
яшардилар кулфатдан қўрқиб –
бамисоли ёвуз қонхўрдек
қонин сўрар саҳролар сўқир.

Зорланади балиқ шу они:
“Болаларим, майли, ола қол,
ўлдирмагин фақат дарёни,
қолдир ундан томчилар зилол”.

Қайинзорлар оралаб юрдим,
маълул боқдим ҳар бир дарахтга —
шаҳидларни отишдан олдин
туширишган каби суратга.

Ўрмонлари кўҳликдир Руснинг,
аёзларнинг заҳрини тотган.
Термилдилар улар бамисли
инсонлардек — отилаётган.

Турар эди чўнг эман бесас,
шафақларга видосин айтиб.
Уни ҳеч бир рассом чизолмас,
уни ҳеч ким кўрмайди қайтиб.

“Кўзингни оч, эй қотил одам!” —
Таралади тирик жон саси.
Бироқ ўтмай бир дақиқа ҳам
портлаб кетар булар ҳаммаси.

“Кўзларингни оч ва олгин тин,
тазарру қил, ҳали эмас кеч.
Табиатнинг эзгу даҳосин
топтадинг сен тўхтамайин ҳеч”.

Бироқ сени кўрмадим рўй-рост
бу заққумли кенгликлар аро.
Ва ўзимнинг кўнглим учун мос
маконни ҳам топмадим асло.

Англадимки, кулфат басма-бас
ер юзида тизилар энди.
Бундан буён тириклик абас,
Вақт тори узилар энди.

Ингранади яйдоқ замин — мўрт,
фарёд солар оламга қайғу:
“Эй, одамча, эй юҳо манқурт,
Сайёрани еб битирдинг-ку!..”

НЕГА…

Нега икки шоир — севги куйчиси
бир-бирига мудом қазган каби чоҳ,
қаҳрли боқишар, ўзгармай туси?
Мисралар дўстлашар, одамлар — эвоҳ…

Нега икки давлат — икки улуғ халқ
бир-бирин йўқ қилмоқ қасдида ногоҳ —
нуқул ўйлар сурар бадниятли, талх?
Одамлар дўстлашар, давлатлар — эвоҳ…

Икки улуғ давлат — икки улкан кафт
бир-бирин алқамоқ ўрнига, қаранг,
дилгир Сайёрамиз бошин чангаллаб,
кулфат ёқасида турар ҳоли танг!

ДЎСТИМГА

Бир-биримиз сари йўл қазардик биз.
Интиларди менга дўстим тинимсиз.

Бироқ кўришмадик етганда фурсат.
Муҳаббат оздирди йўлдан ё шуҳрат.
Тепамиздан ўтар поездлар тинмай.
Биз тош ушатамиз чарчашни билмай.

Аслида йўлимиз эмасдир йироқ.
Бошқа-бошқа томон тушгандир бироқ!..

Улар очилсами – ялтирар нурда
Чўкич ушлаб олган иккита мурда.

БОШЛАНГ ҚАЙТА БОШДАН!

Қўрқманг, маломатлар айласа зада,
инсон яралгандир метин бардошдан —
Кеч эмас ҳеч қачон, ҳеч бир лаҳзада,
бошланг, қайта бошдан!

Урса соатингиз “ўн икки”га занг,
тонгни кутинг очиқ қучоқ билан.
Йўлда поездингиз судралса аранг,
учинг учоқ билан!

Кириб бораркансиз уммон қаърига,
муздек тўлқинларда бўлинг сиз бардам, —
ўзингизни худди мозий бағрига
улоқтирилгандек ҳис этсангиз ҳам!

Сиздан ҳарф таниди кўплар беминнат,
лекин зеҳни пастлар ҳеч ўзгарарми?!
Ўзгарта олмайсиз уларни минбаъд —
изланг ўзгаларни!

Анчар дарахтини Пушкин мабодо
заҳарли эмас деб билсайди ростдан,
йиртиб ташларди шоҳ тўртлигини ва
бошларди бошдан!

Бошланг номсизликдан, пулсизликдан нақ,
токи ҳавасларда ёнсин, гангисин
кечмиш ҳаётингиз — ғурбатли, қашшоқ —
бошланг янгисин.

Аввалгиси сизга дўст қолур зотан.
Баҳслашманг. Бегона эмасдир мутлоқ.
Буткул рад айламак эмас инсофдан,
бироқ

севгингизнинг ҳаққи — зинҳор шафқатни
қизғанманг ўтмишдан, ки бўлмасин хор —
отиб ташлашгандек йиқилган отни
отиб ташланг. Уни алдаманг бекор.

ХАЛОСКОРЛИК ҚИССАСИ

(Ҳ. Нишнианидзе оҳангида)

I

Чўкиб борар «Боинг» уммон устида
ўлик кит мисол,
самолётни чирмаб олмиш аланга —
аянчли бир ҳол.
Қутқарув камзулин тақади ҳамма —
ичдан кетиб зил,
фақат бир чиптасиз қизалоқ учун
етмади камзул.
Одамлар ўзини урар эшикка —
чинқирар ҳар жон,
бироқ
кимдир
ечиб камзулин тутар
қизчага шу он.
Қизалоқ, эслаб қол у инсонни сен —
ўзини енга,
сўнгги нафасини камзулга жойлаб
узатди сенга!
Стюардессага сўнг кўзин учирди:
«Тутгайсиз маъзур,
ҳар кимнинг ўз диди — менга сира ҳам
ярашмас камзул».
Сўнг қизни чиқариб тирбанд эшикдан,
деди: «Бўл бардам!»
қутқарув ҳалқасин гулчамбар каби отди
ортидан…

II

Сўнмаганди унинг теран қалбида
эртаклар сира,
Цотна ва Автандил ҳикматлари ҳам
юраги ичра.
Уни улғайтганди ҳур қўшиқларда
товланган сеҳр,
уни улғайтганди қушларга — шафқат,
гўдакка — меҳр.
Гуржи болалари олтин қирлардан
туюб зўр фахр,
найнинг сасларига фаришталардек
рақс тушмас, ахир.

III

Сиз қизисиз, ахир, буюк бир халқнинг.
Сизга нима бўлди бугун?
Қани у мафтункор қудрат?
Балки толиққандан
«мустанг» рулида борасиз мудраб?
Сиз қизисиз, ахир, буюк бир халқнинг.
Бироқ билиб қўйинг, ғуссанок хоним,
шу ер юзида —
Колхида деган бир мўъжаз юрт бордир
ва у ўзида
валломатлар қавмин эта олган жам.
Бинобарин сиз
улғайдингиз –
она бўлдингиз ҳамда
шу ҳаётингиз
гуржи кўкрагидан
чиққан нафас-ла
этмоқда давом.
Машинангиз учиб борар еллардек
довонма-довон.
Сиз бахтлисиз бугун —
йироқсиз балки аламдан-зордан,
бироқ эслайсизми танти инсонни —
сизни қутқарган?
Балки тушингизга кириб
ҳар кеча
тинч қўймас бир он.
Қутқарув чамбари
унинг устида
айланар гирён.
Йўлингиз тушганда келинг бир,
қизим,
бизнинг ўлкага,
бу ер одамлари меҳмондўст —
худди Унга ўхшаган.
Суюкли Гуржистон!
Мард инсонларга
ватан бўлган жой.
Денгизда
қутқарув чамбарагидек
айланади ой.

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси

СЕССИЯ

Силкиланг, шеърлар!
Уйғонсин беғам.
Фурсат бонг урар,
Вақт тиғиз бу дам.
Туғдек шарафдир
Қалбда имтиҳон.
Кимдир шодланар,
Қучиб ҳаяжон.
Синов залида
Одамлар тани,
Эшилган худди
Сўмоқлар каби.
Мана, Света,
Шодлиги учқун,
Тарихдан “аъло”
Олгани учун.
Ганина маъюс,
Кўзи квадрат
Қулоқ учбурчак
Ҳам дегенерат.
Эҳ, “икки” олдим,
Танбеҳларинг қўй.
Тушуняпсизми,
Вознесенский!
Қасос ўтида
Ёнмоқлик мумкин.
Мияга барин
Кўчирмоқ учун.
Вақт товасида
Қайнар сессия.
Қоврар саботим,
Ўтли сония.
Бўлгум вақтинча
Азобга вакил.
Мен сессияман,
Сессияман, бил!

ГОЯ

Мен – Гоя!
Очиқ даладан ғизиллаб учиб келиб,
Даҳанамнинг кўз косасин
Чўқилаб ташлади қарға.
Борлиғим дарду алам.
Овозман,
Қирқ биринчи йилнинг қишидаги
Бош шаҳарлардаги урушнинг.
Мен – очлик,
Ҳалқумман тағин,
Дорга тортилган аёл
Худди қўнғироқдек
Очиқ майдон узра занг чалар.
Мен – Гоя!
О, осилган бошлар –
Қасос уйғотар!
Бараварига ўқлар учирди Ғарбга –
Мен кулини кўкка совурдим чақирилмаган меҳмоннинг!
Хотира осмонига юлдузлар мустаҳкам қоқилган –
Худди михлар каби.
Мен – Гоя!

* * *

Судда, ё жаннатда, дўзахда, билдим,
Қачонки даъвогар келган чоғ сўзлар.
“Мен икки аёлни биттадек севдим,
Эгизак эмасди сира ҳам улар”.

Барибир, дейишар, улар барибир…
Жавобни тингламас сўнгига қадар.
У қўш табақали деразада бир,
Қора лўкидонни тугмасин қадар.

БИРИНЧИ МУЗ

Телефон қутида совқотиб қизча,
Пальтоси ичига беркиниб олар.
Барчаси ёғупа чапланган юзда
Ва кўз ёшларида жонланар, порлар.

Нафас олар озғин кафти қасдига,
Бармоқлари эса муз парчалари.
Бу ҳам етмагандай унга тескари,
Йўлак ҳам музлаган узунасига.

Биринчи муз. Ҳа, биринчи марта,
Менгзадим телефон иборасин – шан.
Юзида ярқирар музлаган излар,
Биринчи муз – одамий дилсиёҳликдан.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси