Михаил Дудин (1916-1993)

Михаил Александрович Дудин (1916—1993) — рус шоири, таржимон, журналист, ҳарбий мухбир. Жамоат арбоби, сценарист, 70 дан ортиқ шеърий китоблар муаллифи. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1976), СССР Давлат мукофоти лауреати (1981).

САҲНАДА

Ҳалок этмас мудҳиш жароҳат,
Енгажакман манфур ўлимни.
… Саҳнада бир болакай роҳат
қилиб ўйнар менинг ролимни.

Манзилимдир, етолсам омон,
қирмизи хоч тасвирли чодир.
… Залда эса улкан оломон
кўргулигим кузатаётир.

Умрим бунда ялт-юлт қилади,
қил устида қолар ҳаётим.
… Воажаб! У қайдан билади
минг ўлимни енгган саботим.

Жанг қилгандим холис, бетама,
қолдирмоқ-чун эмас отимни.
… Бир бор ўйнаб, мен учун олар,
о, буюрсин, мукофотимни.

Сўнг экрандан кўчага чиқиб,
борар мағрур парвойи фалак.
Мухлис қизлар эса ҳовлиқиб
бўлар унга гирдикапалак.

Йўлим тўсиб ўтар у мағрур,
сирли кулиб — бўйчан, гажаксоч,
демоқчидек «Қани четда тур,
ҳой, йўловчи, пўшт! Олдимдан қоч!»

Не ҳам дердим… болакай, оқ йўл,
шошил, аммо ҳовлиқма. Чунки
ҳали менинг хатоларим мўл,
қулама сен шуларга мункиб.

Солма яхлит умримга яхна,
қўй, яхшиси, берса гар тўзим,
тентиб юрмай саҳнама-саҳна,
бу ёғини ўйнайман ўзим.

Матназар Абдулҳаким таржимаси

* * *

Булут танклари каби гулдурос солиб,
Бўрон дов-дарахтни қулатиб ўтди.
Сокин, мовий қўллар ногоҳ қўзғалиб,
Бош уриб қирғоққа, кўпириб кетди.

Аммо бугун яна сокин теварак,
Сувлар жимирлайди, зумраддек осмон.
Кечаги сурон-у бугунги жимлик
Сеҳри бир дам сени қилади ҳайрон…

Кафтдек текис, сокин замин қалбига
Агар солиб кўрсанг бир нафас қулоқ,
Бўрон сўнгидаги бу сокинликда
Недир яралмоғин сезасан шу чоқ.

* * *

Кўз олдимда баҳор, сен онагинам…–
Сен ёш аёл эдинг, мен мурғак гўдак.
Тиззангга юзимни қўйганимча ман
Қўшиғингни тинглаб кетардим мудраб.
Сен эса ишингни тўхтатмай сира,
Урчуқнинг бир текис кўйига қўшиб,
Айиқча ҳақида куйлардинг менга –
Қўшиғинг тинглардим юрагим жўшиб.
Баҳор чоғидаги тип-тиниқ кўлда
Ялт-юлт товлангандек балиқ тангаси,
Сенинг ҳам ёқимтой, илиқ сўзингдан
Келарди ўрмоннинг муаттар иси.
Ашуланг жарангдор ва майин эди,
Ўртарди дилингни қандайдир қайғу,
Айиқчамас, гўё сенинг болангни
Оқизиб кетгандек туюларди сув.

Шукрулло таржимаси