Жиянбой Избосканов (1948)

1948 йилда туғилган. Қорақалпоғистон Давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган.
Унинг ўндан ортиқ шеърий китоблари чоп этилган. Ўзбекистон халқ шоири.

БИР ТОЛ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Буткул яшилликка бурканган чирой —
Бир тол ўсар эди сойнинг бўйида.
Унга жилмаярди тепасида ой,
Еллар айланарди унинг кўйида.
Сербутоқ новдалар — қушларга маскан,
Хушнуд кечар эди ҳар бир дамлари.
Суқланиб боқарди бутун бир ватан
Беғубор августнинг ҳур оқшомлари.
Қиличдай бир йигит — ёв-ғаними йўқ,
Ҳасаду бахиллик… йўқ бир тушунча.
Унинг илдизлари бамисоли ўқ,
Умри — мангуликдир… унингча.
Ҳайҳот! Бир қиш келди!
Қаҳрли бўрон
Бизнинг қаҳрамонни олди забтига.
Охир-оқибатда ёвуз тўпалон
Қулатиб ирғитди сойнинг кифтига!
…Ў, қайта ҳаётбахш насимлар эсди,
Баҳор ҳам қутилди қиш панжасидан.
Тағин аввалгидай ям-яшил ўсдим, —
Мен — ул
Қулаб тушган тол новдасиман…

* * *

Йигит боши — бахтиёр —
Юлдуз билан йўлдош бўлур.
Кўнгли — суйгани дилдор —
Ярашиқли — сирдош бўлур.

Лекин курмак ошга тушса,
Чопган қилич тошга тушса,
Йўқчилик — дор бошга тушса,
Турлик ғавғо маош бўлур.

Тақдир ели бирдек елмас,
От ўлса-да, қаъда ўлмас.
Ёр содиқдир — неки бўлмас, —
Бошга кўтар, — жондош бўлур.

* * *

Юзларга урилди кузак нафаси,
Хушрўй кунларимиз ўтиб кетдими?
Қулоққа чалинар турналар саси,
Айрилиқ дамлари келиб етдими?

Буткул берган эдинг эркингни менга,
Юрак кўзи билан боқдим кўркингга,
Кўксимда гурлатган олов-ўтингга
Сув сепиб — ўчириб ишқинг йитдими?

Ў, қандай севардинг мени илгари,
Ишонгим келмайди — рўёдир бари,
Манбаи қуриган чашма сингари
Наҳотки, тугади, оқиб битдими?

БИР СУЛУВГА
(ҳазил)

Ажабланманг, эсимдан оғсам,
Ерликмикан ва ёки ойлик?..
Бирон-бир сўз қотайин, десам,
Одам уялгидай чиройлик…

Азим Суюн таржималари

ТУҒИЛГАН ҚИШЛОҒИМ ТАЪРИФИ

Менга азиз киндик қоним томган ер,
Мамий билан Мунчоқлининг ораси.
Соғинчимсан, болалигим қолган ер,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

Элат эдинг мендай бола туғилган,
Ер танобин тортиб, чанглаб югурган,
Ўрпонг йўллар тупроғини суғирган,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

Қўл силкийди узоқ-яқин оралиқ,
Кўз ўйнатар кеврек билан қорамиқ,
Атрофларинг от чоптирим далалик,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

Кўнгил кўрки – эҳ, овулнинг боғлари,
Дил соғинар ёдга тушган чоғлари,
Қувонтирар, кўзни туни, тонглари,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

Куз ойлари… очилишиб кетарсан,
Шунда, мени баттар ошиқ этарсан,
Таърифингга сўз топилмас, нетарсан?
Шунчалар гўзалсан, Оқёп ёқаси.
Кўлларда муз, қорли-бўрон қишда ҳам,
Гурлаб ўтар маъракаю тўй, байрам,
Бир томон – сен, бир томонда – бор олам,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

Рост, улғайиб сендан йироқ кетганим,
Ҳар қадамда хаёлда минг кутганим,
Сен туфайли бул кунларга етганим,
Кўзимга тўтиё Оқёп ёқаси.

* * *

Тилимни тиймабман – дил озорланди,
Дилимни қийнабман – зил озорланди,
Дилдаги нафис бир гул озорланди…
Авф эт мени,
Авф эт мени, ҳақ тангрим!

Гумон итлари гоҳо шошилиб,
Гоҳо ўйсизликдан, гоҳо маст қилиб,
Талай марта бошдан ўтди осийлик…
Авф эт мени,
Авф эт мени, ҳақ тангрим!

* * *

Бу дунёга келиб, мен ҳам дунёлар топдим,
Фасллари олти ойда алмашган олам.
Сарҳади йўқ қучоқларин бул бир элатнинг
Ёз ёмғири ювиб, қишда қор босган олам.

Болалик пайт… армон бўлиб қолган йилларда,
Не бир ургун, селлар билан баҳслашган олам.
Мазмун-кўрки – кенгликларда эсган қумларда,
Кўкрагимга сиққанича жойлашган олам.

Мен лирамда куйлар бўлсам – ўсар ғамларим,
Ғамлар ўсар – сувга қонмай қолгандай олам.
Севадирман унда ўтган умрим дамларин,
Тупроқ – олтин, тошлар – олмос, хазина бирам.

Кўнглимизнинг кимёси шул – туғилган тупроқ,
Толеимда умид бўлиб жойлашган олам.
Умрим бўйи, оҳ, авайлаб-асрайман мутлоқ,
У бор экан, асло, унутилмасман, мен ҳам.

* * *

Ақл айтди дема сен,
Билмайсан-да ҳадисин:
Яқин деган жўрангнинг
Икки юзли бўларин.

Ундайлардан қочиб юр,
Ҳам орани очиб юр.
Ютқазсанг ҳам, ёнсанг ҳам,
Ёлғиз ўзинг қолсанг ҳам…

* * *

Кўздан йироқ, олис ёқларда,
Ҳув, олдинда кулган тонг бўлиб,
Бир нозанин эрта вақтларда
Мени ўтда ёқди мангулик.

Унутмоқ йўқ, унутмоқ оғир,
Ўша қизни йўқотиб эс-ҳуш,
Сени қандоқ унутай, ахир,
Кўкрагимдан учиб чиққан қуш?!.

* * *

Бул умр ўтар бўлди
Биз билан ёқалашиб,
Ранглари ўчар бўлди
Қайғулар аралашиб.

Ўйландим, ақлландим,
Сабоғи бошга тегиб,
Баъзида, ғофил қолдим,
Манглайим тошга тегиб.

Бахт бўлсин, толе бўлсин,
Кўп одам мендай эмас.
Мен каби қандай бўлсин,
Бешбармоқ тенгдай эмас?!.

* * *

Ўтганлигин қовжираган куз,
Кузатаман қишнинг тонгида.
Нени қўмсаб, ахтарамиз биз
Бул умрнинг қолган онида?

Ғам элига қайтиб келай, гар
Орзу-умид, туйғулар ўлмас.
Инсон сўнгги дамига қадар
Баланд бўлса руҳи – у сўнмас!

* * *

Айлангандай армон кўзингга,
Оҳ-воҳ солаверма сен мудом.
Умр бўйи танҳо ўзингга
Мен ишқимни айлайин инъом.

Март. Навбаҳор келган чоғларда,
Парвоз тилаб ётганда илҳом,
Кел, сен, гулим, бизлар томонга,
Мен ишқимни айлайин инъом.

Ярашиқли ёз кунларингда
Турфа рангга тўлди бу олам.
Сўқмоқ сол! Қол кўнглим тўринда,
Мен сенга ишқ айлайин инъом.

Кузги боғлар тўкиб япроғин,
Турналарнинг ҳар қайтгани ғам,
Эртага йўқ бу олтин даврон,
Қол, сен! Соғинч этайин инъом!

Кенг далалар… учи-кети йўқ,
Атроф оппоқ қишнинг қоридан.
Кел, хабар ол, кўксим тўла чўғ,
Сўнмайдиган ишқим бор, инон!

КУЗ ФАСЛИ

Куз фасли . . . Сарғайди толларнинг ости,
Бир пас ўтирасан босиб мунгли ғам.
Олисда қолгандай Соғинчнинг фасли,
Ўз гашти бўлади Айрилиқнинг ҳам.

Турналар қаторин тузатдимикан?
Турналар сасига тўлибди олам.
Бизга бўйсунмас куз тез ўтдимикан,
Ўз гашти бўлади Айрилиқнинг ҳам.

Сенсиз – руҳсиз, жўшсиз, севгисиз қолдим,
Ханжарлар жойланди қинга кам-кам, кам.
Ўша тол мен эдим, ўйлари толғин,
Ўз гашти бўлади Айрилиқнинг ҳам.

РОМАНС

Қадри йўқ бул чоғларнинг,
Кўкда – атлас кийган ой!
Баланд-баланд тоғларнинг
Боши булутга теккан, ҳой!

Тошди кўнглим кўллари,
Кўкда – атлас кийган Ой!
Кечир мани, телбани,
Сени чиндан севган, ҳой!…

* * *

Баҳосин билмабмиз ёшлик чоғларда,
Йилларни йилт этган жайрон этибмиз.
Қолдириб кетди у бизни доғларда,
Умрни отчопар майдон этибмиз.

Болалик чопқиллаб қумлар устинда,
Ёшлик ҳам бир булоқ – тоғлар устинда,
Бир умр оқар деб иқбол устинда,
Неча жилға, неча сойдан ўтибмиз.

Раҳми йўқ вақтни учқур от этиб,
Ўтганлар руҳини шундай ёд этиб,
Кимнингдир кўнглини бутун шод этиб,
Кимнингдир кўнглини вайрон этибмиз.

Балки Искандардай бўлса шохимиз, —
Бир-бировга тегармиди нафимиз?
Тизилган маржондай учқур гапимиз,
Гоҳи кўп даврани ҳайрон этибмиз…

Беъмани базмлар, ичган шаробинг,
Ким билибди кўрган тушдай бўларин.
Туганмасдай кўриб умр жавҳарин,
Узиб-узиб олиб, байрам этибмиз.

Ким бизга, биз кимга чўзмай қўл учин,
Ўтказдик умрни – оз-кам, кўписин,
Ингичка тортилиб энди ўришим,
Раббим, неча жумбоқ жойдан ўтибмиз.

Тақдирим, адашдик қайси бекатда?
Баъзан бизни ипсиз боғладинг шартта,
Ҳар ким ўз қадрига йиғлар, албатта,
Афсус, сени чексиз майдон этибмиз.

Бугун – куз фаслининг тумани аро,
Зорлаб йиғлар турна-ғозлар бечора,
Ўтган умр зарби тегиб ошкора,
Кўнгил мулкин вайрон айвон этибмиз!

* * *

Яхши тилак тиланг, ёру биродар,
Мудом тотли армон, умид бор бўлсин.
Севиклим, меҳрингдан меҳрим нур олар,
Буларга Тангримнинг ўзи ёр бўлсин!

Лабларинг — гул эди, кўзинг — қорамиқ,
Ундан бери кечди қанча оралиқ,
Соғинч эпкинидан кўкрак оқариб,
Атрофи ҳам қават-қават қор бўлсин!

Умринг япроқ ёзиб, боғли-сояли,
У ҳам армон билан баргин ёяди,
Йиллар ўтган билан кўнглим бояги,
Ҳар бир қадамингга оғанг зор бўлсин!

Ҳозир, майли, бутдир умр гузарим,
Ким билсин унинг ҳам қачон тўзарин,
Баланд тутиб Мангуликнинг низомин,
Бизлар ўтган билан, дунё бор бўлсин!

* * *

Ҳинд уммонидами, бироз элларни,
Ўтган йилнинг сўнги … навбатма-навбат,
Кутмаганда қора ерга тўнкарди
Цунами, торнадо – табиий офат!

Номлари кўп, инсон – ёлғиз, у – банда,
“Хавфу хатарлардан сақлайвер омон, —
Ўзинг!” – деб, кунларнинг куни келганда,
Қудратли эгамга ёлворинаман!

* * *

Кўзда ёшим кўл бўлиб,
Унутмадим мен уни.
Рўмолчам ҳам ҳўл бўлиб,
Қуритмадим мен уни.

Отиб талай тонг, мана,
Кетибди у мангуга.
Нима учун қалбима
Қулфладим мен уни?!

ИККИ ДУНЁ ОРАСИ

Умид, умид билганим,
Борми ўзга чораси?!
Туғилиш ва бор ўлим –
Икки дунё ораси.

Тонгда нур бўп отарсан,
Тақдир таъмин тотарсан,
Отарсан-да, ботарсан,
Икки дунё ораси.

Гоҳ йиғлатиб, кулдирар,
Кимларга от миндирар,
Билмаганинг билдирар —
Икки дунё ораси.

Бир-да эса қувлатар,
Не полвонни қулатар,
Айрилиқда йиғлатар,
Икки дунё ораси.

Шум тулкидай алдамчи,
Бу бевафо ёлғончи,
Оманатин олгунча,
Икки дунё ораси.

Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржималари