Юлиан Тувим (Julian Tuwim; 13 сентябрь 1894, Лодзь, Польша — 27 декабря 1953, Закопане, Польша) — машҳур поляк шоири ва ёзувчи. Варшава университетида ҳуқуқ ва фалсафадан сабоқ олган. “Ўтинч” номли дастлабки шеъри 1913 йилда эълон қилинган. 1915 йилдан рус шеъриятидан таржималар қилиш билан шуғуллана бошлайди. “Скамандр” шеърий гуруҳини таъсис этган. Кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи. 1948–1949 йилларда Янги театрнинг бадиий раҳбари, 1951 йилдан бошлаб эса ушбу театр бадиий-драматик шўъбасининг мудири бўлиб ишлаган. Бир қанча адабий мукофотлар соҳиби.
РЕЖИССЁР
Сизни ёлғиз фолдириб бўлмас
ақалли ўттиз дақиқага ҳам!
Ким бозорга солди бу қўсқи лошни?
Кўзларим ўнгидан йўқотингиз зуд!
Ўнгроққа, ўнгроққа, энди баландроқ.
Нима?! Тупурмоққа изн бермангиз!
Ахир меҳмонхонада эмас,
студиядасиз,
жаноблар!
Мен сизларга кўрсатиб қўяман!
Дуглас қаерда? У наҳорлик қиляпти, шаксиз?
Дуглас!! Шу ердамисан, худога шукур!
Ҳа. Дарвоқе, хонимлар келаётир…
Хижолат… шошқин шивирлар…
Оҳиста, бироқ хиёл таманно билан
яқинлашасан хоннмларнинг бирига.
Ва ногаҳон — чақинвор — ханжар!
Талвасага тушган ирканж тўдалар,
аянч фарёд, учқун, қалдироқ,
Ва бомба портлаши ва қулайди уй!
Эй, Билли! Меровланма — бас!
Тўхтатинг. Овоз! Парчаланди!
Ҳеч ким
ҳеч нарсани
ўйламас.
Уй гўр бўлсин! Лекин бу кўча
сўнгсизликка қадар узанган.
Саҳроларга. То уммонлар қаърига довур.
Сўнгра (диққат, Ферсен!)
баҳодирларнннг синиқ устихонлари
Ой нурларин кўлкаларида. Ва Дуглас. Танҳо Дуглас.
Тўрт нафар оппоқ хоним юзиб кирар экан
нимқоронғуликка
кўлкалар қулайди гильотинадек ва кесиб ташлайди
ой калласини!
Ана шунинг ўзи — бомба.
Улоқтириб юборамиз ойнп типпа-тик!
Ишшаймоқда улгурасиз ҳали, нокаслар!
Диққат, Билли, қани!
Тилингизни тиш билан сақланг!
«Сценарий!» — сценарий бу ерда — Мен!
Мен ҳақиқатни кўриб турибман ошкор.
Ва дунёни тузатаман мен.
Умуман, дунё сувратбоп эмас —
бу моддийлик ғоят буюкдир:
мен дунёни қайта қураман!
Шундай қилиб, янгича услублар яратамиз,
бизнинг нодир кашфиётимиз қаршисида
хира тортиб колар ҳар нечук қақир-қуқур фильмлар!
Синдирамиз сарҳадларни
ва садларни бузиб ташлаймиз,
барча юпитерлар қалқар оёққа,
Миллиардлаб, триллионлаб шам!
Оҳ, қандай ойдин! Мен сизларни кўряпман —
статистлар, бузуқилар, шалоқлар:
ҳаётни булғадингиз — бироқ у гўзал нарса эди!
Диққат!
Менинг янги сценариям,
тўғрироғи — фавқулодда кўҳна
ва барчага таниш, шубҳасиз…
Шаноб корчалон
ҳотиржам бўлсин ўз долларларнга,
у ўз ҳамёнини олади. Фойда қилар харжидан кўпроқ!
Бордию биз фавқулодда сценарийга
баъзи бир иловалар киритсак…
Демак, бошладик.
Биринчи кўриниш.
Жаннат. Одам Ато ва Момо Ҳаво.
Дарахт остидаги майсазорда.
Эр ўз хотини билан.
Илон.
Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарса ўз ўрнида.
Илон билан мулоқот. Таъқиқ меваси.
Таниш ҳазин алдов. Васваса.
Яқинлашиш.
Иккинчи кўриниш. Жаннат ҳудудидаги дала.
Жаннатда афсункор баҳор кунларининг бири,
жаноблар!
Ҳобил подасини ўтлатаяпти.
Каин якинлашади. Биродарлар келишолмайди.
Баҳс муштлашиш истаги билан ўрин алмаштирар,
кадрлар милтирар, милтирар, милтирар,
Каин ердан тош кўтаради,
ва ногоҳ — аппарат терс айланади.
Ҳобил ҳайқирар: «Суюмли биродарим!»
Бу ўринда ҳам биз ҳаммасини қайтадан қурамиз:
Каин ҳеч қачон Авелга ҳасад қилмайди!
Ҳобил Ҳобилни ўлдирмайди!!!
У Ҳобилнинг қўлларин сиқар. Кўзлар ёнади.
Мусаффо нигоҳида шодлик барқ урар.
Ахир бу Ҳобил-ку, суюмли биродар!
Учинчи кўриниш.
Виждонан ярашиб Ҳобил ва Ҳобил,
тангрига қурбонлик келтирар бирга
ва тангри қабулгоҳига маъюс мусиқа остида
элтар умид ва ишонч каломларин.
Тўхта. Ким халақит бераётган? Алло, алло!
О-о-о!.. Мистер капиталист!
Нима? Мен ақлимни еб қўяётибман?
Демак, сиз тузатишларни рад этаяпсиз,
кўҳна сценарий маъқулроқ сизга?
Ўзгармасдан қолсин эди демак сизнингча
Ҳасад ва жиноят?!
Аксинча? Алло… Эшитмаяпман!.. Аҳ-ҳа!
Сиз ўз капиталингизни қайтиб олмоқчисиз!..
Хўш, нима ҳам қилардик…
сармоядорларга шафқат қилмоқ керак…
Бурунги лентани айлантира бошлаймиз.
Такрор айлантирамиз — хуллас,
қаерда тўхтаган эдик?!
…Ғира-шира… ой… чиқди…
Шундайми?!
Кўча… Кўлка… Дуглас панада…
Пауза… Хўш, кейин-чи?
Аҳ-ҳа! Эсладим! Яхши кадр!
Бомба ва ханжар!
Бомба ва ханжар!
Бомба ва ханжар!
AB URBE CONDITA*
Эртаси куни,
бир минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг
ўн саккизинчи январида,
Шаҳар дуд ичида қолган эди.
Муқаддас оловда ёниб битаёзган қурбонликдек,
чангакка айланган оёқлардагн ҳаёт
ўлимга дўниб борарди.
Ва териси шилинган қурбонликнинг
ачқимтил ҳидидан нафас оларди.
Ўшанда,
келгуси авлодлар учун оловли афсонага
бунда эса вулқоннинг сўнган оғзига,
туб-тубигача қурғаган қонига айланмоқ учун
илондек бўралаган дуд нарвони орқали
Варшава фалакка кўтарилмоқда эди,—
Бир минг тўққиз юз кирқ бешинчи йил,
ўн саккизинчи январь.
Харобат ва Оқибат муюлишида,
Вайрона ва Ўлим муюлишида,
Даҳшат ва Ваҳима муюлишида,
Маршалковский ва Ерусалимский муюлишида
ёниқ бўсалар билан мангуга видолашиб,
бир-бировининг оловли бағрига йиқилганча
тўладан келган варшавалик кампир пайдо бўлди.
Рўмолга чирмалган.
Ўлмас граждан.
У қандайдир қутини харобалар устига қўйди
ва тиркаб қўйди учар юлдуздек
ёниб битган шаҳар бошини —
ва бор овозда мангуликни чорлади:
«Тоза пишлоқ,
чой, чой!»
Мен уни кўрмадим, бироқ кўраяпман,
унсиз кўзёш дарёларини
нима бўлганда ҳам кулиб турган кўзларида.
У балки изтироб чекаётган Ниобей бўлиши мумкин эди,
Иованинг қадимий башоратчи хотини
ёхуд фарзандларига мотам тутаётган Рахиль
ва бари бир унга ҳам ишонардилар.
Ёхуд супургида жодугардек учарди
ё аксинча қайнаб-қоврилиб битарди
қозон ичида —
ва унга ҳам ишонардилар.
У буюк Пётрнинг сояси бўлиши мумкин эди,
ҳиссий ямбларда куриб сўзларни
айтарди:
Бунда вайрона устида шаҳар тикланар
«Такаббур ҳамсояга барқасд»,—
ва шунда ҳам ҳақ бўларди у.
Ёхуд қути устидаги ҳайкал бўларди
сўнг қироат қиларди доҳнёна қиёфада:
“Per me se va nella citta dolente!”**
Ва ҳеч ким ҳайратланмаган бўларди.
Эҳ, охир-оқибат — Клио бўлиши мумкин эди у
ё юбкадаги Ливия
ўтирарди ўлик пойтахт остонасида,
қанақадир мих-ла ҳар нечук ғиштга
тиркар эди ушбу сўзларни:
«Гаровга қўйилган шаҳардан»…
Бироқ у ўзга сўзларни бптган бўларди:
«Тоза пишлоқ,
чой, чой!»
Асосчи! Даракчи! Муза!
Бу кун ўйинда ва ғамда Варшава,
бу сен учун шараф!
Энди ҳар бир ғишт терувчи сенга ҳайкал тиклар!
Ва бутун Польша — гражданин бева! —
Гданск порти ҳайқиради —
шараф!
Лодзь фабрикаси бонг урар —
шараф!
Силезия завод ва шахталари —
шараф!
Вроцлав — жанговар шаҳар —
шараф! шараф!
Шчейин — жанговар шаҳар —
шараф! шараф!
Шараф вайрона тожли маликагаким,
исми жуда оддий: Варшава!
____________
*Гаровга қўйилган шаҳардан (лот.).
**«Мусибатлар шаҳрига йўл менинг устимдан ўтади» («Илоҳий комедия»дан. Данте).
А.Маҳкам ва Д.Ражаб таржималари
МАЙСА
Тизза қадар кўк майса,
Кел, бағримга синга қол.
Иккимизни айирмай
Қўмитсин сарин шамол.
Токи яшай ҳайрату
Ҳасрат, ғамингга тўлиб,
Токи сўзлар ўртада
Турмасин девор бўлиб.
Токи бизни аташсин
Ёлғиз битта сўз билан
Аташсин ё майса деб,
Ёки Тувим Юлиан.
Хуршид Даврон таржимаси
АПРЕЛЬ ҚАЙИНИ
Новдаларнинг бўртар куртаги,
Салгина яшилтоб, мусаффо –
Эриб кетар осмон лахтаги
Ҳайратомуз қайинзор аро.
Мавжуд бўлса қайдадир агар
Ўрмонсимон соҳир бир осмон,
Баҳор чоғи шундай булутлар
Сузиб келишади биз томон.
Ва қайинга айланиб айни –
Бу булут қуш чап бериб кунга,
Ўзин сояларга ургайми?
Йўқ, ишониб бўлмайди бунга!
ҚАҲВАХОНАДАГИ ФАЛСАФА
Бобил миноралари,
Ғийбат оворалари,
Сиполарча сукунат,
Мадҳия, тахт, ҳақорат,
Шеърбозликлар ҳам ҳатто –
Инсон шаънимас асло.
Хочлар, ёғоч бутлар, бас,
Гуноҳларни юволмас,
Авлодлар тўқ, беармон;
Ўлимдан сўнг шуҳрат-шон,
Ҳур бўлсин деб Варшава,
Истило эмас раво.
Олис юлдузлар эмас,
На заминий ҳирс-ҳавас;
Шу ерда яшаб туриб,
Рўёвий хаёл суриб,
Шунда чириб битмоқ то –
Инсон шаънимас асло.
Ким танҳо бағрин доғлаб,
Висолга умид боғлаб,
Ёзса оқ ўриндиққа
Кимнингдир номин тикка –
Куйган гугуртчўп билан,
Шул эрур инсоний шаън.
ЧИЗГИ
Кўк қалпоғин қўйиб дол,
Севги кезади шаҳар.
Қайдаман мен хастаҳол?
Айтсин ким билса агар.
Кўк қалпоқ ичра бўрон,
Тилла кокил – ёзги туш.
Бу кокил истар исён,
Зерикиб қолган бир қуш.
Шошар бўғриқиб, қақшаб,
Ҳадик, ҳансираш… оббо!
Севги… Ёмғир… Тунд оқшом…
Севги… Уст-бош шалаббо.
Эълон елимлар бўрон,
Излар бадар кетганни.
Камзул остида сурон
Солар телефонограмма.
Қовоқхоналар аро
Хабарлар изғиб чиқар.
Тош йўллар орасидан
Қон гуллар сизиб чиқар.
Шу атрофда сен борсан,
Номсизгинам, сезаман.
Сенга нигоҳим билан
Алвон гуллар узаман.
ХОТИРА
Намозшомгуллар билан қайтар куз,
Бир кузким, тилларанг, нозик, расида.
Куз билан қайтади ҳув тилласоч қиз –
Бир пайт учратганим йўл ўртасида.
Олисдан чорлаган мактубинг очдим,
Бўсағада сенинг ифоринг, эй қиз.
Зерикиб, бўғилиб сабоқдан қочдим,
Фаришталар қувди мени изма-из.
Яна эсга тушар гули тилларанг
Ўша мезон ойи, бўзноч ифори.
Қаҳвахона эсга тушади аранг,
Кечки висол они, кўнгиллар зори.
Умид ва ҳадикдан чўчиниб, ҳайҳот,
Самбиттол остида йиғладим тўйиб.
Фақат кузда бўлдим бир ойгина шод,
Майнинг намозшомгул атрини туйиб.
Тонгларда ухладим гул билан холи,
Тушлар-ку баҳорий… Кўз ёшлари лек
Самбиттолдек тахир эди, мисоли
Тилла намозшомгул новдаларидек.
ГОЖАДАГИ КУЛБА
Минглаб юлдузларни кўмар янги қор,
Бедор тун қўрийди осмон сукутин.
Гожада, дераза олдида бедор
Тонггача сен йиғлаб чиқасан дилхун.
Сабаби маълумдир – у инсоф қилмай,
Баридан воз кечди ногоҳ беомон.
Сен эса умидсиз, мен нега билмай,
Уни тушларингда кўргайсан ҳамон.
Бир қадри борми бу кулбангнинг, эт шарҳ,
Кўз ёшинг, ул йигит, менинг ҳам ҳатто!
Ҳув сомон йўлида айлангувчи чарх
Буржлар ва зулматдан тўқийди мато.
Гарчи залворлидир еримиз жуда –
Қавмлар, уммонлар, тоғларнинг адри.
Варшава, Гожанингтор кулбасида
Борми бу дунёнинг бирон-бир қадри?
Сен бугун Гожада, кимдир Польнада
Деразадан боқар жим, бедор, бешон.
Яна кимдир дилтанг турар Сольнада,
Улар ҳадсиз. Бутун бошли легион.
Ҳар шаҳар – Лондонда, Люблин, Львовда,
Копенгаген, яна қайдадир бу пайт
Ишқдан мажруҳ юрак ёнгай оловда.
Мана, Гожада ҳам худди шу кулфат.
Коинот зулматда неча минг, милён
Нурли ғилдирагин боради судраб.
Дунё буюкроқ ҳар кулбадан, аён,
Юрак ва кўз ёш-ку арзимас бир гап.
Раббим, сен самовий пардани шоён
Тортасан, зулматда қолар рўёлар.
Гожа юрагида, ўзингга аён,
Титрар барча юлдуз, барча дунёлар.
ҒУРУБ
Бундай осмонни балки эслай олмагай башар,
Бу осмондан келгуси эътиқодлар сочар ўт.
Халқ исёнда, кўксин муштлар, мўъжизадан жар солар,
Сўнг асрлаб шу дамни қайта яшайбошлар бут.
Сўнг қайдадир қишлоқ аҳли йўл олар ибодатга,
Ғофил руҳоний эса тинмасдан ўқийди ваъз:
Осмон салтанатида ўтгайдир ижобатга
Қилинган қурбонликлар, таъзим, тавозе эваз.
Қайсидир мингйилликда, тасаввур эта олмас –
На янги папа ва на жайдари бу оломон –
Эврилишлар бошланган ўша ёз шу осмондан,
Сўнг бари ёниб бўлган, тўнғиб қолгандир абас,
Фақатгина эътиқод нур сочиб турар ҳамон.
БОШ УЗРА АЖАЛ
Томда изғир диққинафаслик
Ва дилларга тошланиб олар.
Чунки ажал бошлар узра тик,
Жим, ғуссали шовқинлар солар.
Тунд кўчадан ўтамиз дилтанг,
Недир ўртар, безовта юрак.
Ҳеч ким узрлимас ҳеч кимдан,
Ўзлари ҳам ҳис этса керак.
Шам олдида турамиз узоқ,
Гўё бизлар қариндош, яқин.
Танимизга кирар бир титроқ…
Сўнг хотирга чўкамиз тағин.
Видога сўз топмаймиз алҳол,
Ўкрагаймиз, сир сақламоқ бас!
Оқ тушларда бизлар мангу лол,
Балки севги тушга кирар боз.
Карахт бўлиб эслаймиз ҳамон
Шундоқ бахтли бўлганимизни.
Яшолмадик ишқ изми билан,
Қабрда ғам уйғотди бизни…
Тонг қовоғи очилмас сира,
Босиб келар ваҳмалар саси.
Бу қандай сас… бошимиз узра
Шовуллайди ажал шарпаси.
ЭПИГРАММАЛАР
ҚУРУЛТОЙ
Ёвузлар тўпланса билониҳоя,
Пиширарлар ҳамиша Ғоя.
ЛОРЕЛЕЯ
Аланг-жаланг куйлар қариқиз,
Рейн соқчисидан яшириб айни,
Ҳар бир нақаротдан кейин изма-из
Хуфиёна қўшиб қўяр: “Хайль Ҳейне!”
РЕЦЕПТЛАР
1
Зиравор, хантал ва 100 грамм квас олинг,
тухум ва яхна гўштни майдалаб солинг,
райҳон сепиб, тўғранг бодринг, укроп, пиёз,
роса аралаштириб, лимудан сиқинг бироз.
Шундадир бор сир-асрор –
Винегрет тап-тайёр.
2
Коньяк олинг, бир шиша вино солинг,
беш рюмка тоза портвейн отиб олинг,
ўткир ром, уч рюмка виски (беишқор),
Қалампир ароғидан қўшинг бир миқдор.
Аперитив тап-тайёр.
3
Халқни олинг. Аралаштириб, қиздиринг ўбдон.
Бошлиқлар найзасига ўтказинг,
ёпиштиринг плакат, эълон.
Сўнг бир чимдим пул сепинг равон.
Қилмасдан ортиқча харажат,
Ҳосил қиласиз электорат.
4
Урушни қайнатинг. Уфлаб-пуфлаб, олинг андак тин.
Қон қуйиб, жиндак кутинг. Яна қайнатинг.
Мустабидни тайёрланг, яхшиси, уч ёки беш нафарин.
Нарх-навони пуфлаб шиширинг,
қайнатмани ўтдан олинг, офарин!
Ортиқ қийналмай, ҳайҳот,
ҳосил қиласиз дефолт.
ҲУЖУМ
Қўтос подаси каби “Ура!” дея хўмрайиб,
Қутуриб ташланишар майдон сари жангари.
Ким дод-войлаб йиқилар, кимдир инграйди майиб,
Найзалар ўқталгандир пойгачи от сингари.
Қуриб қолиб ҳалқуми пулемётлар тариллар,
Югуриб борар қўшин бир-бирига бетма-бет.
Юзларга аллақандай тиғ ва шуъла урилар,
Узилиб тушар ерга бир парча қип-қизил эт.
Ур-тўполон! Қолса гар замбаракдан ким омон,
Найзада илма-тешик қилди қонга ташналар.
Гоҳо ичак-чавоқни топтаб ўтар беомон,
Гоҳ жасадлар юзини янчиб ўтар пошналар.
Бўғриқиб югуришди пойга чопган қул каби,
Лолазорни топтади этикларки – беадоқ.
Гўё ғижим, қовжироқ қоғоз атиргул каби
Эгалланган пештоққа санчиб қўйдилар байроқ.
НОМАЪЛУМ ДАРАХТ
Сен қайда шохлайсан тунд, маъюс, карахт,
Қайга бекинасан, шовқинлар унут?
Бизлар учрашармиз балки, эй дарахт,
Бўлмоғингдан олдин сен тахта тобут.
Мен маҳкум танангни топмоғим шартдир –
Шу қора тупроққа илдизлар отган.
Баргларинг шивирлар, бу нечук дарддир,
Ким у, сени излаб қайғуга ботган?
Хўрсиниб қадрдон юракни чақир,
Такрор эт мен ёнган бу ўрмон ёдин.
Мангулик сукунат олдидан бақир,
Зах тупроқ бағрида ётишдан олдин.
Келишиб олайлик биз икки ўртоқ –
Кимсасиз йўллардан қандоқ ўтамиз.
Қайларда бўлурмиз бир ҳовуч тупроқ,
Қайларда обу гил бўлиб ётамиз.
Мовий тўлқинларда мавжланиб, тошиб,
Сен тўғон ортига ташлайсан лангар –
Сени уят қийнар – мангу йўлдошинг,
Бизлар учрашмадик ҳаётда магар.
Балки яшаганмиз шундоқ ёнма-ён
Ва лекин қолганмиз айро, бегона.
Билгисиз бу дарахт бағрига, аён,
Ўз исмин ўйгандир қай бир девона.
Кўтариб сени ва юрак лошини,
Шеъру ўтинч билан кўнглингни бузсам,
Ёриб чиқсам эди қабр тошини,
Мовий ҳаволарда гулласам, ўссам.
Кошкийди мен қайта илдизлар отсам,
Шу қора тупроққа ботиб улгурсам,
Ҳар бир хору хасга чирмашиб ётсам,
Ўпқонлар устида шовуллаб турсам.
Атрофни тутганда она ер ҳиди,
Мажруҳ қабр узра, бир дунё ҳавас,
Бизни елкан каби кўтарармиди
Сирли бир қудратдан куч олган нафас.
Русчадан Усмон Қўчқор таржимаси
ҲАММА КАСБЛАР КЕРАК ҲАЁТДА
Ғишт терувчи уй-жойлар қурар,
Либос тикиш – чеварнинг иши.
Бошпанасиз бўлганда чевар,
Бўлармиди ишга хоҳиши?!
Яратмаса шу моҳир қўллар,
Ғишт терувчи қолар яланғоч.
Қайга борар, не чора қўллар?
Чеварга сен, бор меҳрингни соч!
Нонвой этик кияр бежирим,
Этикдўзга буюритма қилиб.
Кўнчи иши – сифатли чарм,
Нонвой эса нон ёпар билиб.
Демак, бундан хулоса шундай:
Ҳар бир касб-кор керак ҳаётда.
Ҳалол меҳнат кўринар кундай,
Соҳиби касб доим ҳурматда.
Рус тилидан Равшан Исоқов таржимаси