Мечислава Бучкувна (Mieczysława Buczkówna) – поляк шоираси, таржимон.
* * *
Сенсиз
Қуёш ботар эрта
Ҳар бир шуъласи
Сени излар ҳар ёқдан
Бошлаб борар мени
Яна ва яна табассумдан олисга
Шундай кутаман мактуб
Ва қўлларингни кечагидай
хаёлга берилишини
Ва чарақлаши ҳамон
Сенга бориб етишга улгурмаган
Бўсаларингни кутаман.
* * *
Бир куни оқшомда,
Йўқ – тонг маҳал,
Денгизда – йўқ – чўққиларда,
Қизил – йўқ – оқ атиргул,
Севган эдим – йўқ – севмадим.
* * *
Сув тиниб қолар
ва қора жимликдан
таралиб келар булбуллар саси.
Ифор сўқмоғидан
кетиб борар атиргул.
Бармоқларинг
гуллай бошлар кафтларимда.
* * *
Баногоҳ бир-биримизни ва олтинчи туйғуларимизни топиб,
биз ҳар бурчакда гуллай бошлаган
бениҳоя ўсиб кетган вақтимизни
ва борлиқ кўзгуларини
не қилишни билмас эдик.
Бу бошқа сайёра эди
Уларнинг мавжудлик шакли
ёлғизлик туйғусидан сирпанар эди.
Янада яхши ва қизиқарлироқ бўлди,
биз эса ҳайрон ва ишончсиз
рўё ва ишончни ёнма-ён қўйдик,
биз умидлар уфқида борган сайин яхшиланиб бораётган
гўзалликни қўрқитиб юбормаслик учун
кучлироқ қўрқардик нафас олишдан.
Каштанлар шуъласи олисга имлар
ва энг эрта баҳорда
биз, адирдан, кузги экин нишлари устидан
орзудаги унутилмас ўлка сари шаҳардан қочардик.
Далалар елкадан пасайиб қўшилиб кетарди рангларга.
Лабим тегиши билан,
мен қайта ва қайта
бу оламнинг мавжудлигини тасдиқлар эдим.
Ва агар бугун,
бугун ва эрта
мен сенга шундай қарасам,
сен эса менга –
демак, биз алданмаганмиз.
Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси