Тадеуш Сливяк (1928-1994)

Тадеуш Сливяк (Tadeusz Śliwiak) – поляк шоири. Львовда туғилган. Илк китоби — Копернике ҳақида поэма (1953).

* * *

Мен харид қилдим
балиқ дўконидан
кўзлари мўлтираган зоғорабалиқни.
– Қаранг, ажойиб, –
деди кийимидан балиқ ҳиди анқиган сотувчи.
– Ўлдирайми? – тиржайиб сўради у.
– Керак эмас, йўқ, йўқ…

Мен уни сотиб олдим тирик ҳаёти билан.
Лабларининг ҳаракати меникига айланди,
меникига айланди – қизил ойқулоқлару
товланган тангачалари.

Висла бўйига бордим,
Ташладим балиқни сувга.
Кўриб турар эди буни одамлар,
кўзларин мўлтиратиб тикилиб менга,
худди менга мумкин эмасдек
умримда бир бора инсон бўлмаслик.

КЎЙЛАК

Мени излама
топа олмайсан
мен йўқман
йўқман ҳеч қайда
кетдим бошқа шаҳарга
эртага қайтиш-чун
дарё узра сузаётганим йўқ
ёки тўхтаб-тўхтаб ҳар бир бекатда
кетмаяпман поездда ахир
оч ҳам эмасман ва совқотмадим ҳам
шу қадар узоқлашдимки
бошқа йўқдир имкони
Келгил жавон олдига
оч уни
токчасидан олгин
дазмолланиб тахланган
мовий кўйлагим менинг
ёйгин уни стол устига
ёқасини еч
кейин бошқа тугмаларини
сўнгра яна бошқаларини
кўряпсанми айнан
ўртасида ўша топганинг
бу – менман

ЎРГАН БУ НАРСАНИ

Буни сира айта кўрма –
билишларин ўзлари ҳақда,
ўзларини ҳимоялайман деб
сени ўлдиришлари мумкин.
Жавоб берма уларнинг
ҳар қандай саволларига,
сенинг ўз сўзинг билан
улар сени ўлдиришади.
Фикрдан фойдалан фақат
гўё энг зийрак туйғудан
қалбингда сукут бўлсин.

Қасамдек сўзим айтай,
кўряпсанми бу тошни?
Уни қулоғингга тут…
Эшитдингми жимлигини,
ўрган бу нарсани.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси