Ояр Вациетис (1933-1983)

Атоқли латиш шоири Ояр Оттович Вациетис (Ojārs Vācietis; 1933 йилнинг 13 ноябрида Трапен волостининг (бугун Ап ўлкаси) Думпьи қишлоғида туғилган. 1949 йили, ҳали мактабда ўқиб юрганида илк шеъри эълон қилинган. У Латвия давлат университетининг латиш филологияси факультетини тамомлагач (1957), «Liesma», «Bērnība», «Draugs» журналларида ва Рига киностудиясида ишлаган.
Илк шеърий тўплами «Олис саёҳатлар эпкини» (Tālu ceļu vējš) номи билан 1956 йили нашр этилган. Шундан кейин шоирнинг 17 шеърий ва 2 насрий китоби чоп этилган. Михаил Булгаковнинг «Мастер ва Маргарита» романини латиш тилига таржима қилган. Ояр Вациетис қатор мукофотлар билан тақдирланган.
Шоир 1983 йилнинг 28 ноябрида Рига шаҳрида вафот этган.

* * *

Йиғласангиз ҳам майли,
Кулсангиз ҳам:
Менинг бир отим бор –
У тунлар қўшиқ айтар.
Қўшиғининг куйи йўқ.
Қўшиғининг сўзи йўқ.
Асли олганда-ку, ўша отнинг ўзи йўқ.
Лекин, дўстлар, бари бир
Тунлар қўшиқ айтувчи
Оти борлар дунёда
Яшаб ўтгай беармон.

* * *

Қани, юр, кўзи кўр одам,
Ўтказиб қўяман сени кўчадан.

Машиналар учар бошлари гаранг,
Фаррошлар дангаса –
Йўллар сирпанчиқ.

Ёлғонниям қотиряпман-да!

Ҳаракатга тўла кўчадан
Кўр одамни ўтказиб қўймоқ –
Менга шунинг ўзи кифоя.

Ёлғонниям қотиряпман-да!

Бормоқчи эмасман, бироқ, мен ўзим
Кўрга изма-из.
Қаерга боришниям яхши билмайман
Аслини олсак.

Менгаям қўлимдан етаклаб юриб
Йўл кўрсатишга бир одам керак.
Кўр бўлса
Янаям яхши.
Бекорга кўчага чиқмас ҳеч қачон
Кўр одам.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Мунғайиб, қунишар жиққа ҳўл томлар,
Ёмғир намгарчилик ҳақда бўзлайди.
Деразамга келиб қўнган хазонлар
Видо қушларидек ҳазин сўзлайди.

Пўлат изга тобе темир тулпорнинг
Кишнашидан қолар дудли хотира,
Менга тинчлик бермас поезд чиптамни,
Кимдир сотиб олди, деган ўй сира…

Заранг дарахтининг гулхани оташ,
Унда хазон каби рақс тушар шарор,
Менга азоб берар боғларда яккаш,
Менимас, ўзгани кутаётган ёр…

Радио овози мисли бир маъдан,
Ҳар сатр пўлатдай титрайди зир-зир,
Менга туюлади ногоҳ, дафъатан,
Битмаган шеъримни тугатмиш кимдир…

Минг манзил мунтазир,барига бормоқ…
Хоҳишу истакнинг йўқ экан ҳадди…
Оҳ нетай, қалбимга абадий ҳамроҳ,
Ҳар нарсага ҳавас ва рашкнинг дарди…

Оҳ, Она! Онажон, сендан ўтингум,
Рост сўйла, биламан, алдай олмайсан,
Айт менга,волидам, мен туғилган кун,
Ёруғ кун эдими чиндан нурафшон?

Агар шундай бўлса, айт, Она нечун,
Нега менга ҳамроҳ доим суронлар,
Болалик чоғимдан қалбимда қуюн,
Юракда турналар қилар фиғонлар…

Айт менга Онажон, айт, Она нечун?..

* * *

Аёз шамол ҳуштак чалиб, учиб юрар,
Қулоч ёзиб қучар яшил хиёбоним.
Тунда йиғлаб, кундузлари қаҳ-қаҳ урар,
Бедор кўл ҳам ўзгартирар ой жамолин.

Бизлар эса кечиб оппоқ қуюн-қорни,
Боргайдирмиз, кўзин юмиб ётар замин.
Бу бўронда кўролмасмиз лек Баҳорни,
Ҳеч ким айтмас унинг уйи қайдалигин…

Изларимиз кўмиб ташлар қор бўрони,
Токи ҳеч ким сўқмоғимиз тополмасин.
Узоқ муддат чўзилар қиш қаҳратони,
Юракда ҳам кенгликларда ғариб, маҳзун.

Ва бир куни ҳаммасига қўлни силтаб,
Воз кечармиз,сусаяди томирда қон.
Ўшал чоғда дилга таскин битта сабаб:
Биз ҳам Ерга недир бердик, дўстим, ишон.

Ўлим, совуқ, жаҳолатни қочирганмиз,
Гарчи ажал битар бир кун шум қазони:
Ер бағрига битта гавҳар яширганмиз,
Қитиқласанг, униб чиқар буғдой дони…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаcи

* * *

Тонг шу қадар улканки,
менинг кичик дарчамга
сиға олмай товланар.

Қуёш шу қадар улканки,
қамаштириб сочар нурларин,
шундай бўлар шодиёналарда
ва ўзига уннай бошлар.

Менинг эса
охиригача кўрилмаган
тушим қолди.

У шундай янгроғу яйноқ
ва ҳатто бўйсунмас сўзга,
ва яна мана мен бойман
якун топмаган ўзим билан.

Якунланмаганлик –
бу ҳам бир парчаси
бахтли бирликнинг
гўё қўл ёки
оёқ каби.

Якунланмаганлик –
тирик қалб ҳаракатининг гарови
ва бу белги – якун топмаган.

Улкан тонгнинг ёруғлигида
менинг барча деворларим –
манзараларим,
уларда кўринар фақат
кечаги ғубордан аритмаганим.

* * *

Ўғлим, мана сенга бир уюм тупроқ.
Барча сўзларнинг дебочаси –
замин.

Унда қасрлар қур, кўпригу йўллар.
Қачондир уларни чиндан қурарсан.
Ерни ҳайда ёки ташиб кўр,
майли сепгин уни усти бошингга,
тилингга теккизиб тотиб кўр уни.
Ўрган уни яхшилаб,
нима ўзи ер?

Шундай ўргангинки, уни сен,
токи, ишониб бўлмасин турли гапларга.
Қулоқ солма.
Тупроқни чўнтакка жойлаш мумкин.
Жойла агар керак бўлса.
Ишонма, агар кимдир сенга:
“Бу парча ер меники”, деса.
У одам хаста.
Бу ер сеникидир.

Ўрган ерни
унда қаддинг адл тутишинг
ва шу ер учун туришинг керак.
Уни асрашинг ва унга қўшилишинг бор.

Бироқ бунинг бари кейин,
ҳозир эса – яхшилаб ўрган.
Тупроқ узра имирсилайвергин,
майли, уни чангитиб ҳам кўр.

Қачонки, бу тупроққа сен уруғ кўмиб қўйсанг,
шунда кўрасан барини ўз кўзинг билан.
Мен ҳам кейин бас қиламан
сенга тупроқ ташишни.

Ўшанда биз белкурак ва ўйинчоқларни
бошқа болакайга берамиз.

* * *

Энг баланд
дарахтнинг учида,
титраётган
ёлғиз япроқ узра
каҳраболар сочиб ёзилган:
Тонг!
Уйғониб кетдим.

* * *

Ёруғ тунда
айрича афсун бор,
у изн бермас қўнишга,
парвозда ушлаб турар.
Туйғу ва орзунинг измида
сирли кучла баландладингу
парвоз қиласан
ерга тегмасдан.

Қандайдир тушлар
кўрилмай қолган,
қандайдир фикрлар
айтилмай қолган,
қандайдир меҳр
содир бўлмаган
учаётган ўтган лаҳзалар
сенга қайтмоқда яна
ёғаётган гулбарглар каби,
гўё игна санчилгандек
оғриқли,
хира тортган ва униққан
эски киноленталардек
кўзга ташлана бошлар.

Ёруғ тунда
бирор нарса ҳақда
хаёл суриш
ақлга сиғмас,
чунки борлиқнинг
яланғоч моҳияти,
аёндир сенга.

Баайни нота белгилари
оркестр чолғуларига тушмас.

Ёруғ тунда
мен ўқишга уриндим –
бирам ёруғ эди,
бироқ бир неча сўзлардан сўнг
сўна бошлади ҳарфлар.

Ва мен ўқир эдим
ёруғ тунда
афсонавий оппоқ,
ақл бовар қилмас
варақни.

* * *

Дардлашамиз шу бир сўз билан,
бироқ ҳар ким
ўзича куйлар,
чунки ҳар кимнинг ўз даврони,
ўз қувончи ва севгиси бор.

Ҳар биримизнинг:
ибтидомиз,
давомимиз
ва поёнимиз бор.

Ва бу интиҳо йироқлашишин хоҳлаб,
бирга бўлишни истадик
куйлаш учун
шу бир хил сўзни.
Менинг ҳар бир сўзимга сенинг,
сенинг сўзингга
унинг сўзи чиқмоқда пешвоз.
Ва барчаси
ёруғ бир дарёдек
қуюлмоқда қўшиғимга.
Ва мана, олам узра
қудратли бир ибтидо,
чексиз бир давомийлик жарангламоқда,
мутлақо,
мутлақо кўринмас интиҳоси.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси