Юсуф Ҳасанбей (1932)

Юсуф Ҳасанбей (Həsənbəyov Yusif Qonaq oğlu) — озарбайжон шоири, драматург, таржимон. Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1959).

ДЕНГИЗГА БИР ЮРАК БЕР

Денгизга бир юрак бер,
Денгизлик кўрмоқ истасанг,
Маёқ берма,
Кўрфаз берма,
Шамол берма,
Туман берма,
Қасирға бер,
Пўртана бер,
Ўзи қадар бир долға бер унга.
Қояларни бер,
Кўтарсин байроқ каби
Уфқлар ўртигида.
Қориштирсин бир-бирига
Тубидаги
Тошларини, қумини.
Тўсолмасин ҳеч нарса унинг
Гувиллаши,
Ҳамласи, ҳужумини.
Силкаласин соҳилларни –
Еру само титрасин тинглаб
Унинг гулдурагини.
Денгизга бир юрак бер,
Денгизлик кўрмоқ истасанг,
Бергин унга
Оддий инсон юрагини.

АЙРИ ТУШМАСИН

Эшигинг зулфига бир қулф бўлойин,
Сен очмасанг мени, очмасин ҳеч ким.
Боғчангда йиғлайин бир булоқ каби,
Сен ичмасанг мени, ичмасин ҳеч ким.

Билмадим, ағёрнинг менга қасди на?
Токайгача чидай ҳижрон дастина.
Кўприк бўлай, ёрим, сойлар устина,
Сен кечмасанг мени, кечмасин ҳеч ким.

Бу ўлкада ботиб қолмиш кемам-да,
Кема ичра қолдим мен шўрлик ғамда.
Бу ёр танлаш пайти, сайлу сайрамда
Сен сечмасанг мени, сечмасин ҳеч ким.

Юсуфни паришон кўрсанг, эй гулим,
Айтким, ноком ишқдан чекарсан зулм.
Сой эдим, дарёга етмади қўлим,
Дарёсидан айри тушмасин ҳеч ким.

Озарбaйжoн тилидан Усмон Қўчқор таржимаси