Фикрат Содиқ (1930-2016)

Фикрат Содиқ (Sadıqov Fikrət Abbas oğlu) — шоир, публицист, сценарист. Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1963) Озарбайжон давлат мукофоти лауреати (1990).

УМИД МЕНДАН ЮЗ ЎГИРСА

Умид мендан юз ўгирса,
Деразамни чертса қўрқув,
Бир қўлимдан қўбиз тутар,
Бир қўлимдан Дада Қўрқут.

Ғариб бўлсам ёт элларда,
Тентирасам Ғариб каби –
Оқ отида учиб келар
Кўмак учун Хизир Наби.

Танг қолибон дорга тушсам,
Йўққа чиқса ёлғон-тўғри,
Тез жўнатар Хон Авазни
Додимга жўмард Гўрўғли.

Умр қанча аччиқ бўлса,
Хаёл айлар уни ширин.
Ширин-ширин эртакларда
Таянчи бор ҳар шоирнинг.

Озарбaйжoн тилидан Усмон Қўчқор таржимаси