Аббос Абдулла (1940-2019)

Аббос Абдулла (Abdulla Abbas Hacaloğlu) — озарбайжон шоири, адабиётшунос, таржимон. Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1977).

* * *

Чиқди қишлоғидан шоир бир ўғлон,
Бир она оғуши қолди ўғилсиз.
Она “Ёлғизман” деб осмади қозон,
Қолди ўчоқ-қозон ўтсиз-ўтинсиз.

Эл ундан хафадир, у эса элдан,
Ўзининг гуноҳин сўнг англаб олмиш –
Бир шоир юраги осилган қилдан,
Бир гўзал оғуши онасиз қолмиш…

ДУНЁНИНГ МЕНСИЗ ШАҲАРЛАРИ

Бу дунёнинг шаҳарлари
Мени орзу қилармикан?
Уйларига меҳмон бўлсам,
Танирмикан, билармикан?

Осмонга устун томлари,
Гул ёзади бодомлари,
Мен йиғласам, одамлари
Кўз ёшимни силармикан?

Бу дунёнинг кўприклари
Боғлаб турар кўкни, ерни.
Йўлга боқар Табриз шаҳри,
Менга толе кулармикан?

Дўст қучгали қўллар очиқ,
Боғлиқ қолган йўллар очиқ.
Қараб турма, йўлларга чиқ!
Шундоқ бир кун келармикан?

Шундоқ бир кун етса келиб,
Бу соҳилдан унга елиб,
Тўйга кетдик, деб севиниб
Аббос шунда ўлармикан?

Озарбaйжoн тилидан Усмон Қўчқор таржимаси