Тоҳир Толибли (1948)

Тоҳир Толибли (Tahir Talıblı) 1948 йил 22 февралда Арманистондаги Калинино туманининг Эвли қишлоғида туғилган. Шу ерда ўрта мактабни тугатгач, Озарбайжон Педагогика институтида таҳсил олган (1968— 1972). 1972 йилда она қишлоғига қайтиб, аввал тил-адабиёт ўқитувчиси, сўнг мактаб директори бўлиб ишлаган (1972— 1988).
1988 йилдан бери Боку шаҳрида яшайди. 1970 йилдан бошлаб поэтик асарлари, публицистик мақолалари матбуотда эълон этила бошлаган. Илк шеъри “Озарбайжон ёшлари” газетасида чоп қилинган. У “Янги фикр” газетасининг ходими, кейинроқ бош муҳаррири бўлиб ишлади (1992—1993). Озарбайжон Давлат Телевидение ва радиоэшиттиришлари ширкатида Радиоэшиттиришлари таҳририятининг Жанубий Озарбайжон шўъбасида муҳаррир вазифасида ишлади (1993). 1993 йилдан бошлаб Озарбайжон радиосида “Халқ ижодиёти” таҳририятининг Бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатиб келмокда.

* * *

Аё, Тангрим, мени қуш қил,
Боғла бир қуш қанотига.
Яна такрор қуш айлагил —
Бир гўзал қиз инодига.

Дунё мени синдирсин, қўй,
Сокин сувдек тиндирсин, қўй,
Сўнгра тағин миндирсин, қўй,
Битта асов жин отига.

Сувлар жўшиб, бўзлаб борар,
Сокин маскан кўзлаб борар.
Ҳамма паноҳ излаб борар,
Эҳтимол, тупроқ остига.

* * *

Йўқса мен бундоқ бўлмасдим…
Сени мендан олдилар-ку,
Қалбимга чўғ солдилар-ку,
Топтаб-топтаб толдилар-ку,
Йўқса, мен бундоқ бўлмасдим.

Ул олқишлар, бул қарғишлар —
Толеимга не бағишлар?
Қақраган ерга ёғишлар
Ёғса, мен бундоқ бўлмасдим.

Айтилмаса сўз вақтида,
Азобига тўз вақтида.
Йилдиримлар ўз вақтида
Чақса, мен бундоқ бўлмасдим.

ДАРБАНД

Узоқдир ўзимиз қадар,
Ҳам яқин Дарбанддир бизга.
Кўнгил Қорабоғдан кечар,
Дарбанд ҳам бир дарддир бизга.

Кўзимиз ўтни куйдирар,
Оғзимиз тотни куйдирар,
Чўлимиз ётни куйдирар,
Ичимиз ғурбатдир бизга.

Келдик, яна кетар гардмиз,
Ўзимиздан кечар мардмиз,
Ярим азоб, ярим дардмиз,
Дард ҳам бир шуҳратдир бизга.

* * *

Ҳаммадан юксалиб гоҳо,
Сен кезасан тоқу танҳо,
Нигоҳимдан сақлан, аё,
Ниқоб — шу рўмолинг бўлсин.

Ҳар тилда номинг айланар,
Кўклам ортингдан шайланар,
Куларсан, ёноғинг олланар,
Ул олланган холинг бўлсин.

Хаёл суриб тикилурсан,
Гўзалсан, ўзинг ҳам билурсан,
Билмам, тунлар не қилурсан,
Не қилсанг ҳалолинг бўлсин.

Усмон Қўчқор таржимаси