Сулаймон Рустам (1906-1989)

Озарбойжон халқ шоири Рустамзода Сулаймон Алиаббос ўғли (Süleyman Rüstəm) Нўвхони қишлоғида темирчи оиласида туғилган. 1928 йили Озарбойжон Давлат университетининг шарқ факультетига кирган, сўнгра 1929 йилда Москва Давлат университетининг адабиёт ва санъат факультетига ўтказилган.
Озарбойжон Давлат академик драма театри директори, “Адабиёт газетаси” бош муҳаррири, Озарбойжон Олий Кенгаши раиси бўлиб ишлаган. 1989 йил 10 июнда Бокуда вафот этган.

ТУҒИШГАН ШАҲАР

Тошкент, қадим шаҳар, қулоқ сол бир оз,
Қардошинг, Бокунинг шоир ўғлига.
“Жон”, дейди, бағрингда куйлаган бу соз,
Боғингда, боғчангда жой кўрсат унга.

Тилимдан тушмайди шуҳратинг, отинг,
Суҳбатда мен нуқул шаънингни дейман.
Кўзимдан бир лаҳза йироқ бўлмадинг,
Мен сени ҳар қайда Ватан атайман.

Бирдир байроғимиз, бирдир орзумиз,
Бирдир қўшиғимиз эл орасида.
Пайқар соф ишқимни ҳар йигит, ҳар қиз,
Шоир кўксимдаги сўз дарёсида.

Эй, зангор дўппили, гул кийган шаҳар,
Она бешигисан қаҳрамонларнинг,
Манглайда қуёшдай порлайди зафар,
Иссиқ қучоғисан мард инсонларнинг.

Мен сенга мафтунман йиллардан бери,
Менинг армонимда, тилагимда сен.
Ўзбек қардошимнинг дилбар шаҳари,
Туққан шаҳаримдай юрагимда сен.

МЕНСИЗ

Бир кун бу дунёдан ўтаман мен ҳам,
Юлдузлар, ой, қуёш чиқади менсиз,
Айрилиқ шарбатин тотаман мен ҳам,
Одамлар чаманга боқади менсиз.

Ҳаёт ёзилади чўзиқ йўлларда,
Айланар дунёни қиш ҳам, баҳор ҳам,
Ёмғир ҳам, дўллар ҳам, пағалаб қор ҳам –
Кўкдан ер юзига ёғади менсиз.

Еллардан қимирлар адл тераклар,
Тупроқдан қалқади гуллар, чечаклар,
Лоладек кулади дардсиз юраклар,
Дарёлар, булоқлар оқади менсиз.

Фарқланмай қолади қишлоқ ва шаҳар,
Хушвақт умр кўрар авлоди-башар,
Улуғ айёмларда бахтли йигитлар
У айём қўлини сиқади менсиз.

Бахтини бахтимда топади олам,
Ўчириб қўйилар луғатдан “алам”,
Ватаннинг ерида, қўлида қалам,
Шоирлар сайрга чиқади менсиз.

Армонли тугамас дунёда йўлим,
Менинг нури-дийдам ягона ўғлим,
Юртнинг дилбарига бағишлаб кўнглин,
Қўлига узукни тақади менсиз.

Шод даврон суради бу туғма эллар,
Севиб севилади озод кўнгиллар,
Йигитлар қалбида танноз гўзаллар
Яна ишқ ўтини ёқади менсиз.
1956

ИЛК МУҲАББАТ

Севиб севилганлар кўп яхши билар,
Бўлмас-кан вафоси илк муҳаббатнинг.
Пойлайди ошиқни то қабргача
Ширин можароси илк муҳаббатнинг.

Менинг айтганларим шикоят эмас,
Юракни ёқувчи ҳикоят эмас,
Ҳақиқий ошиққа кифоят эмас –
Туганмас жафоси илк муҳаббатнинг.

Севгисиз гул, чечак битмас, эй кўнгул,
Инсон муродига етмас, эй кўнгул,
Негадир, билмайман, кетмас, эй кўнгул –
Бошимдан савдоси илк муҳаббатнинг?

Бу дардга не қилгай Луқмоннинг қўли?
Қўлимга тегмасдан жононнинг қўли –
Қоқди қопқамизни ҳижроннинг қўли –
Шумикан маъноси илк муҳаббатнинг?

Мен уни севгандим бир илк баҳорда,
У мени ташлади бўронда, қорда,
Ҳар яра соғайиб унутилар-да,
Соғаймас яраси илк муҳаббатнинг!
1944

Мақсуд Шайхзода таржималари

ЎРНИНИ БОСА БИЛМАС

Мен қўллари қабариқ, ватанимда бир боғбон,
Боғчамнинг гулларини ёт қўллар уза билмас.

Кезиб юрсин жонимдай азиз ёрим хиромон,
Ишқимнинг шарорасин кўр кўзлар кўра билмас.

Юрагимнинг кўзидир менинг дунёга дарчам,
Кўрганларим нақш бўлиб дилга ёзилар ҳар дам.

Дунёнинг қўшиқлари бари бўлганда ҳам жам,
Бир она алласининг ўрнини боса билмас.

АХТАРИНГ

Бир кун ёдингизга тушсам мабодо,
Бу она ерлардан мени ахтаринг.
Беш-олти қўшиғи муаллифини
Севган кўнгиллардан мени ахтаринг.
Илк баҳор чоғида,
Иса боғида,
Ораз қирғоғида
Сайр этган чоғда
Ўрдакли кўллардан мени ахтаринг.
Энг азиз билганим жонажон Ватан,
Умидим босади на туман, на чанг,
Карвон-карвон бўлиб маъноли кечган –
Ойлардан, йиллардан мени ахтаринг.

Бу кўрар кўзимни,
Юрак сўзимни,
Менинг бор вужудим,
Менинг ўзимни
Куй севган диллардан мени ахтаринг.

ҚИММАТИ ЙЎҚДИР

Сийнаси дарёдай шеър-ла тошган
Шоирнинг қуёшсиз саҳари йўқдир.
Қора кун ҳам ўтди, ёруғ ҳам бошдан,
Деманглар, дунёдан хабари йўқдир.
Бу тупроқ ўғлининг орзуси зиёд,
Ёрқин чўққиларга тўлиқдир ҳаёт.
Ўзини менга дўст билмаган бир зот –
У ким дилда тоза гавҳари йўқдир.
Севгисиз ва дардсиз кечирган умр
Ҳаётмас, ҳулёдан излаган ҳузур.
Ватансиз, онасиз, бетолеъ, бенур
Куни ўтганларнинг бир қадри йўқдир.

Зулфия таржимаси

ИСЁН КУТАР

Узоқ элларнинг меҳнаткаш ёшларига

Вужудингни эзар экан қайғу алам, асорат,
Бас қил бундай ётмоқликни, қўзғал, тур, бу на ҳолат!
Яна офат чангал солар, ана кўриб турибман,
Наҳот сени уйқуда-ю ғафлат аро кўриб турибман,
Қани гўзал, олов ёшлик, душманингга ҳамла қил,
Исён кўтар, яна исён, бу курашни шараф бил!
Руҳларингни кемирмасин у “маданий” зотлар, тур.
Кўзларинг оч, эй қардошим, атрофга боқ, қани юр!
Яна даҳшат тузоғини қўймоқдалар, ана боқ.
Яна сенми қон қусарсан? Қандай даҳшат, бу эвоҳ!
Мана бизда баҳор фасли, гул-чечагу нур, қуёш…
Нега сенинг кўзларингдан ёш оқади, аччиқ ёш?
Нега бойқуш яйраб юрар сенинг она юртингда?
Ҳаққинг олмоқ ният бўлса ёш қалбингда, қаддингда.
Оёққа тур, уни йўқ қил, ғаниматдир ҳар бир дам.
Кўр-чи, нима талаб этар сендан янги бу олам:
— Исёнчи бўл, исёнчи бўл, исёнчи бўл беомон!
Шарқнинг ёнган чироғини қайта ёндир, эй инсон!
Тур, йиғлама, ёшларинг арт, қийналмасин ахир жон.
Исён кўтар, исён кўтар, дўстларинг-ла ёнма-ён!
Занжирларни парчалаб от, сени кутар ҳуррият,
Исён билан, исён билан, йўл топади ҳақиқат!

Шуҳрат таржимаси

НЕ ҲОЖАТДИР…

Мароқли ўтаркан мажлисда суҳбат,
Палов не ҳожатдир, ош не ҳожатдир?
“Оғзи бўш” одамлар олдида гуллаб
Этмак ўз сирингни фош не ҳожатдир?

Ахир у Ватанга кўнгил бермаган,
Бир гул ундирмаган, бир гул термаган,
Фитна-ю фасоддан юз ўгирмаган,
Қабрининг устига тош не ҳожатдир?

Бодани қўлидан сира қўймаган,
Мақтову шуҳратдан кўзи тўймаган,
Ватанни туймаган, элни туймаган —
Юраксиз одамга бош не ҳожатдир?

Ойдин Ҳожиева таржимаси

МЕНИНГ ИЛҲОМИМ

Мен илҳомни, ҳамма билур, бўшлиқлардан олмайман.
Бармоғимни пешонамга қўйиб ўйга толмайман.

У шоирдан, бу шоирдан кўчирмайман шеъримни,
Шоир каби бу ҳаётда биламан ўз еримни.

Мени таъриф этсалар ҳам тез-тез сўзнинг бошида,
Бундан бошим айланмайди умримнинг бу ёшида.

Сийнам бир кон, қўлим болға, сўзим эса темирдир,
Меҳнатимнинг натижаси, озми-кўпми, шеъримдир.

Ўша мени Ватанимга ва халқимга боғлаган,
Илҳом тўла юрагимни шу қадар ёш сақлаган.

ВАСИЯТ

Азиз болам, яқин кел, яхши қулоқ ос менга,
Кел, сўзлайин отамдан не қолди мерос менга.

Эллик йил темир янчган пўлат болға, бел, паркор,
Орзумиздан яралган бу давлатга эътибор.

Она тупроққа ҳурмат, халққа чуқур муҳаббат.
Бу – чарчашни билмаган қўлларимдаги қувват.

Буларсиз яшамасдим, ўтмасдан дилдан-дилга,
Тушмасди шоир номим буларсиз тилдан-тилга.

Ўғлим, кўзинг яхшини, ёмонни ажратолсин,
Майли, бу оддий мерос ҳам мендан сенга қолсин.

Уйғун таржимаси

АРЗИМ БОР

Мен севай, сен севма, кел, шундай бўлсин,
Сенга сев демоққа не журъатим бор?
Юрак ўзингники ўзинг биларсан,
Менинг ҳам аҳдимда садоқатим бор.

Мендек севган қани ёруғ дунёда,
Бошимдан кетмагай сира бу савдо,
Ўлсам ҳам сиримни очмасман дода,
Сандан ёр, санга ёр шикоятим бор…

Яхши танимайсан мени ҳали сан,
Ёр солдинг ошиқлик дилдан-дилга сан.
Найлайин ман шундоқ, сан ҳам аълосан,
Манинг кўп тўзимлик муҳаббатим бор.

* * *

Бунча кулмас гул-чечак, сан бўлмасанг, ман бўлмасам,
Ой, қуёш керак бўлмагай сен бўлмасанг, мен бўлмасанг.

Шубҳасиз, сан, ман-бизмиз, биз- сан, ман ҳам,
Йўқ қанотланмас тилак, сан бўлмасанг, ман бўлмасам.

Эл, ватан кўйида биз йўлларда қонлар- тер тўкмасак,
Ишқ ила урмас юрак сен бўлмасанг, мен бўлмасам.

Муҳташам кўклардаги юлдузларнинг дунёсига,
Ким бўлар минг бир безак сан бўлмасанг, ман бўлмасам?

Биз шаҳарлар солгаймиз жон бергаймиз тупроқларга,
Дастурхон нон кўрмагай, сан бўлмасанг, ман бўлмасам…

ИЛК МУҲАББАТ

Севиб-севилганлар гўзал деб билур,
Бўлмайди вафоси илк муҳаббатнинг.
Излайди ошиғи сўнг манзилидек,
Ширин можароси илк муҳаббатнинг.

Менинг айтганларим шикоят эмас,
Юракни ёндирган ҳикоят эмас,
Ҳақиқий ошиққа кифоят эмас-
Туганмас жафоси илк муҳаббатнинг.

Севгисиз гул-чечак битмас, эй кўнгил,
Инсон муродига етмас , эй кўнгил.
Негадир, билмайман кетмам, эй кўнгил,
Бошимда савдоси илк муҳаббатнинг?!

Бу дардни найлайди Луқмоннинг қўли?
Қўлимга қўйилган жононнинг қўли,
Эшигимиз чертар ҳижроннинг қўли,
Шумиди маъноси илк муҳаббатнинг?

Мен уни севганман бир илк баҳорда,
У мани тарк этди, бўронда қорда.
Ҳар яра битади, унутилганда,
Тузалмас яраси илк муҳаббатнинг!

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси