Элшод Барот (1988)

Элшод Барот (Elşad Barat) 1988 йил 5 октябрда Озарбайжоннинг Жалилобод туманида таваллуд топган. Шоирнинг қатор китоблари чоп этилган. Унинг “Ўлимсизлар” китоби машҳур.

ИККИ ШАҲИД ОНАСИ

Яна келадирман, шаҳид уйига,
Чунки йигитларнинг ёзари менман.
Бутун шаҳидларнинг онаси онам,
Бутун шаҳидларнинг мозори менман.

Менман сийналари мозорлик бўлган,
Ҳали ўзим учун бош тошим ҳам бор.
Бутун оналарнинг дарди манимдир,
Яна эҳтиётда кўз ёшим ҳам бор.

Кирганда ҳар сафар шаҳид уйига,
Энг буюк оловга, пирга кираман.
Боққанда бир шаҳид онаси манга,
Ҳар даъфа ўртаниб, ерга кираман.

Кечиргил сан мани, шаҳид онаси,
Ҳар кун зиёратга кела олмайман.
Сен менга оналик қиласан аммо,
Мен сенгаўғиллик қила олмайман.

* * *

Гоҳ ўзимдан зерикаман,
Гоҳ ўзимча тинчланаман.
Мен ўзимча ўзим кимман?
Бир кетаман, бир келаман.

Солинг мани бу йўлларга,
Кўринг қайга кетаман мен.
Ўзимниям сақламасам,
Ўз- ўзимдан кетаман мен.

Кетаман, ҳамон кетаман,
Яна нима бордир менда?
Дунёдан кетмак учун,
Баҳоналар бордир манда…

* * *

Бу қишлоқ дараси ўтли севгилар,
Тоғлари отганим гулли бўйдадир.
Қишлоқнинг бўйимча гўдаклиги бор,
Менинг гўдаклигим ўтган бўйдадир.

Бу ўлка боболар эккани чинор,
Оналар ёнига тандир тикилар.
Қишлоқнинг гирдида бир уй тўкилур,
Дейсакки, ҳаётда тандир тикилур.

Бу қишлоқ тошлари танишдир, аммо,
Ҳамон ёддошингдан ҳазин сас қолган.
Севган қизимуйи ҳамон қиблагоҳ,
Кўчаси мен учун, муқаддас ҳамон.

* * *

Кетмоққа не борки, чиқиб кетаман,
Бир шаҳар топаман, яшайвераман.
Кўзларимда чақнар ватан ҳасрати,
Йиғласам ғурбатни тўкиб соламан.

Кетмоққа не борки, кетгандан кейин,
Болалик ёд дилда, гул очмоғи бор.
Аммо яшасанг шу шаҳарда тайин,
Одамнинг одамга қўл очмоғи бор.

Мен сенинг дардингни чекайми яна,
Ўзимнинг бошимни эгадир оғриқ.
Онамнинг меҳрини, отамнинг қабрин,
Олиб кетолсайдим, олгандай ёрлиқ.

* * *

Салом, умидсиз хотин,
Аҳволларинг қанақа?
Совқотар кунинг яқин,
Совуқ кеча шунақа!

Совқотдими қўлларинг,
Танҳолигинг қўйгунча.
Қўрқма ҳеч ким эшитмас,
Ўтир, йиғла тўйгунча.

Кўчаларга мўрала,
Қўй, севинсин панжаранг.
Кўрсин булутлар сани,
Йиғлагин саҳарга сан.

Биламанки, очилмас,
Маҳкам турар эшигинг.
Ёлғончи умидларга,
Топин, қолдинг кечикиб.

Ҳардам чиқиб шаҳарга,
Ўзинг учун кез, қувон.
Ахир бош паноҳинг йўқ,
Қайда бўлсин, йўқ боланг.

Не бўлсин кўзларингда,
Орзуларнинг ери бор.
Балки энди ҳар жойда,
Сени севган бири бор.

Балки йўқдир севганинг,
Тамом унутилмассан.
Кўпларнинг ёдидасан,
Тушларида юрасан.

Айби йўқ, замон келар,
Бир кун ёдга тушамиз.
Нари кет, танҳо хотин,
Ўлганда кўришамиз.

Дилбар Ҳайдарова таржимаси