Салим Бобуллоўғли (1972)

Салим Бобулло ўғли (Səlim Babullaoğlu Səlimov) ҳозирги Озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, шоир, таржимон ва эссенавис. У 1972 йил 10 декабрда Ширвон шаҳрида туғилган. Кўплаб шеър ва ҳикоялар муаллифи.
«Танҳо» (Баку, 1996), «Июнда куйланган қўшиқлар» (Истанбул, 2006), «Юракка бағишлов» (Вроцлав, 2007), «Шамолга қарши юрган аёл» (Табриз, 2009), «Илёснинг расм дафтари» (Баку, 2009), «Маскали кишиларнинг гимни» (Киев, 2009), «Қорин шарҳи» (Тбилиси, 2010), “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” (2010) каби шеърий китоблари чоп этилган.
Салим Бобулло ўғли ўзбек (Абдулла Орипов, Азиз Саид, Хуршид Даврон шеърлари), рус, турк, фин, испан, итальян, француз, швед, форс, поляк, инглиз, португал, япон, грек, қирғиз адабиёти вакилларининг асарларини таржима қилган. Ўрхон Вали, Иосиф Бродский, Чеслав Милош, Фозил Ҳусни Доғларжа, Василь Стус каби шоирларнинг китоблари унинг таржимасида чоп этилган. Ўзининг шеърлари дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Бир қанча халқаро (Туркия, Сербия, Қирғизистон) ва миллий (“Анор бутоғи”, “Китоб–2003”, “Китоб–2004”) мукофотлар совриндори. Европа Озодлик шоири (The European Poet of Freedom) халқаро адабий танловининг номинанти (2018).
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идора ҳайъатининг аъзоси, Бадиий таржима ва адабий алоқалар марказининг раҳбари.

ДЎСТЛАРИМГА

Бир оз олислардан ахтаринг мени,
Суҳбатлар қурайлик бу ердан узоқ.
Бир оз хаёллардан ахтаринг мени,
Бу лойқа сувлардан кетайлик йироқ.

Ойдин сабоқлардан ахтаринг мени,
Унда қуёш бошқа, сезим бошқадир.
Тангри гуноҳларни афв этган ер,
Хаёлим у ерда кезинмоқдадир.

Умр вафо қилса, ёзгайман, билинг,
Бугуннинг, эртанинг қўшиқларин мен.
Мени ўз ичимдан ахтаринг фақат,
Бир кун ўз ичимдан озгайман, билинг.

Сўник сатрлардан сўрамангиз мени,
Ёнурман Карамдек* ўтда тобора.
Далли фикрлардан ахтаринг мени,
Бир кун ақлим кирса менинг ҳам зора.
_______________
* Карам – «Асли ва Карам» халқ достони қаҳрамони.

ОТАМГА

Сен мендан анча кўркамсан,
Мен сендан анча асабий…
Сен — ҳассос,
Мен бир оз улфаткаш,
бир оз исрофгар,
ўзидан рози.
Бир оз бахтсизман —
Ки, сен мендан норози.
Менинг умидсиз хун оҳларим кўп…
сендан узоққа,
бу маъносиз — улкан шаҳарда
Тентирайман — юрагим қийма-қийма,
гуноҳларим кўп…
Тонгда суратингга,
оқшомлар кўзгуга боқурман.
бормоқдаман кундан-кун қариб.
кўпаймоқда сочларимда оқ…
Кўп нарсага эришолдинг сен —
Йўқотмоққа ҳеч бир нарсанг йўқ.
Мен ҳеч нарса қозонолмадим,
бир оз ўзимни йўқотдим,
Қўридим сенинг яхши номингни,
тўрт хонали уйни қўридим,
китобларингни…
Сен жуда ҳам яхши отасан,
мен — ёмон ўғил.
Бўларкан-да шунақаси ҳам…
Аммо вақтдан ўзиб, айта олурман:
сен жуда зўр бобо бўласан,
жумладан, мен ҳам…

БАЪЗИ КЎРИНИШЛАР

Қўлларни кўряпман, қўлларни
дўст қўли бўш қолмас ҳавода
йиғлаётган юзларни тўсар
Қўлларни кўряпман, билакларни
билаклардаги кишанларни парчаламоқда
Қулларни кўряпман, кафтларни
бахтларни, бахтсизликларни
тақдир чизиқлари, умр битикларини
хиромантия билан машғул бўлмасанг ҳамки
қадоқларнинг бахтдан хабар бериши аён
Қўлларни кўряпман, муштларни
кўнгилни синдирувчи бош суягига урилаётир.
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
уста пианиночиникига ўхшаб кетса-да
бсзбетларча кимнингдир чўнтагига тушаётир
Қўлларни кўряпман, силашларни
шўрлик бир кимсанинг сочларига қўниб
бир лаҳза бўлса-да фонийликни унут айлаган
Қўлларни кўряпман, ажинзорларни
кексалар кулбасига боргувчи унутилган, тўзонли
йўлларни ёдга солувчи
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
тирноқ-ла эт битган жойи ёрилиб кетган
авитаминоз ташхиси қўйилган ҳаёт тарзидан сўзлар
титроқ дудоқларни қимтибон қаттиқ
фавқулодда ҳодисаларни абадий бекитган
Қўлларни кўряпман, нозик белларни қучиб
севги ҳақдаги энг ширин сўзларнинг
ҳақиқий маъноси англатмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
ияклар остита қадалиб
одамларни ўз асл шаклидан рози қилмоқда
Қўлларни кўряпман, оёқлар остида топталган
Катларнинг* устидан осилиб тушган
ушбу кун бола-чақасидан узоқда
бир она тушида босинмоқдадир
Қўлларни кўряпман, қўлларни
кесилган бармоқлар тушларида ўз эгаси томон учмоқда
Қўлларни кўряпман, амалларни
ҳар илинжга узанган
севги мактубларини ёзган
эшикларни зарб билан қоққан
кўчат экиш учун ясалган белкурак сопидан тутганча
жасадни кўммоққа ер қазиётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
умидсиз орзуларга қаршилик каби
уч бармоқ қовушган нуқтада энг қўпол рад жавоби
берилаётган
Қўлларни кўряпман, қўлларни
қиммат курсиларнинг кимхоб жилдига
маҳлиё бўлганча фароғатли турмуш тарзин яратаркан
катта пуллардан —
демакки жиноятлардан
қалтироқ ва қўрқувлардан сўзлаётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
энг арзон фотоаппарат тугмасини босаркан
энг қимматли онларни — абадият элчиларини
суратга олаётир
Қўлларни кўряпман, кўкларга узанган, очиқ
дуо қилаётир
қўлларни кўряпман, бу дуодан туғилажак дўмбоқ
қўлчаларни
бир кўринг, ҳаво хилъатини тутгани каби
малакларнинг этагидан тутмоқда улар
Қўлларни кўряпман, қўнғир сочларни тароқлаб
қора кўзлардан уйқуни қуваётир
чаккасини чангаллаб турган қўлларни кўраётирман
сўнгги сигарета қолган қути узра
Тинчиб қолур тонг насимида
Воз кечади нуқта қўймоқдан…
_________
Кат – сўри, каравот (маҳбуслар ётадиган нард)

АБСУРД

Юзимдаги севинчни,
бошимга тош каби теккан ўкинчни,
энг сўнггиси бўлса-да ўпични
севаман…

Севаман йўлнинг йўлчилигини
ғам – рақибимни,
рақибликнинг пучлигини.

Гоҳо уйда ўтириб тингласанг ичингни –
ҳеч қайга чиқмасдан тингласанг –
қайғуга,
туйғуга
парво қилмай тингласанг –

ичинг учун
ич-ичингда
тўйиб йиғласанг
ўзингга янаям мароқли туюлажаксан…

Янги сўз ёзсанг,
унинг янгилигига ишонсанг
сўнг эса янги сўзлар ўлмасди деб
кулсанг-йиғласанг,
янада мароқли туюлажаксан…

Шу қадар мароқлисанки
юзингга жилмайган севинчни –
йиғлатган ғам-кадарни,
бошингга тош каби теккан ўкинчни –
серпанмаган қилични –
ҳамма-ҳаммасини ҳадсиз севарсан…
чунки на ибтидосан,
на-да интиҳо…

ҲАМИДА ХОНИМГА

Йўлинг узра ёлғиз дарахт бўлиб ўссам,
кўлкамда тин олажаксанми?
Ё шох-бутоғим кесиб ўтимга исинажаксанми?

Ёмғир бўлиб шиғаласам
ёз жазирамасида
бу шов-шувли чанг-тўзонли шаҳар кўчаларига –
тупроқ ҳиди анқиб кетса
ҳидимни тупроқдан олиб ҳайратланажаксанми?

Ё ёмғир шалаббо этса сени уйга шошганингда,
жиққа ҳўл бўлиб,
пушаймон қилиб
кўкларга лаънатлар ёғдиражаксанми?

Жанубда қор
кўп ёғавермас…
Бир қиш оқшоми илк қор бўлиб ёғсам
болаларни даврангга олиб қортўпи ўйнаяжаксанми?

Ё улардан бири йиқилса,
ё нозик бармоқлари совуқда қотса,
айтақол, ай гулим, ғазабланажаксанми?

Бир оқшом дарахт бўлмоқ, ёмғир бўлмоқ, қор бўлмоқ истасам,
ўлимнинг ёқасидан олиб баҳслаяжаксанми?
ё чиқиб кетсам,
Йўлдош бўлмоқ учун менга талпинажаксанми?

Ё бир кеча
ундоқ-бундоқ шеърлар битиб,
уйқунгни ҳаром этиб,
сени уйғотиб ўқиб берсам
Ростини айт, гулим, хушланажаксанми?

ҲИКМАТ

Ҳикмат – сукутдадир
жим турмоқ керак
жим туриб англамоқ керак
кўп алдаганмисан ўз-ўзингни жим турмоқ билан?
бу ҳам бир Ҳикматдир…

Ҳикматдир йиғламоқ
йиғламоқ етар
йиғлаган сари эрмакка узилар ўқлар
мени яраладилар
сени ҳам отарлар –
кула-кула қотарлар…

Куладилар сенга сен йиғлаган сайин
ўлмоқ керакдир
бўлган нарса ўлгай дейдилар
эҳтимол бўлмаслик керакдир…

Бўлмаслик керак бўлса –
дунёга келмаслик керакдир
Бўлмаган демаслар – йўқ эди дерлар
Ҳаммасидан бехабар дердилар…

Демасларки Ҳикмат ичимиздан кечар
ичимиздадир
ич-ичидан озиб кетибди дерлар
Чунки Ҳикмат уч-тўртимиздан кечар
қаттиқ-мўртимиздан кечар…

Ҳикмат йўқдир, бўлмаган, бўлмайди менда
мен-да ҳасрат чекаман унинг танҳолигидан
япроққа тупроққа қум заррасига
ва яна Ҳикматга айланмоғимдан…

ЎҒЛИМ БИЛАН СУҲБАТ

– Сен кимсан?
– Сенинг отанг
– Хўш, Фариднинг отаси кимдир?
– У йўқ.
– Нега?
– …

– Сенинг касбинг не?
– Шеър битаман.
– Шеър бу нима?
– Она алласига ўхшайди бир оз.
– Онам ҳам ёзадими?
– Йўқ.
– Унда сен нега ёзасан, куйла-да ахир
– …
– Қайга кетмоқдасан?
– Ишга.
– Иш нима дегани?
– Сенинг пойабзалинг, нон-понинг, ақчанг ва шу каби нарсалар.
– Балки кетмассан-а?
– …
– Ота, Оллоҳ кимдир?
– У сени, онангни, отангни, бувингни, ҳаммани яратган.
– Сени ҳамми?
–…
– Бироз ўзингдан гапир.
– Не дейин ўғлим. Мен ҳам сен каби эдим, сенинг бўйингда, сенинг ёшингда. Сен каби кўпдан-кўп саволлар берардим ҳар жойда, онамнинг қучоғида, отамнинг тизи устида, уйда, далада, поездда…
– Поезд нима?
– Поезд сенинг аравангга ўхшар, темир йўллар устида елар. Аммо жуда улкан, ичида кўпдан-кўп болалар бордир.
– Мен аравамни Фаридга бермоқчиман.
– …
– Улар нима қилаяпти, ота?
– Тош йиғмоқдалар, ўғлим.
– Нега?
– Бир-бирига отмоқчилар.
– Нега?
– Бир-бирига душман улар.
– Нега?
– Бир-бирларини севмаслар.
– Нега ?
– …
– Ота, қайтишингда бешта музқаймоқ келтир.
– Шошма-шошма, нега бешта? Бири – сенга, бири – Фаридга, бири – онангга, бири – менга… қолган биттаси-чи?
– Қушларники бўлсин биттаси.

ИЮНДА АЙТИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

Деразам ёнидан мошинлар ўтар
Қушлар чуғурлашар деразам олдида
мошинлар ичида одамлар
одамлар ичида қўшиқлар
қўшиқлар сўнгида сукунат –
ноаёндир мангулик қадар

Оналар ухлатар гўдакларини
аллалар айтишар
бувилар чой ҳўплашар
бу саҳнага ғурур-ла боқар
уйқуси бузилган ҳар қандай техникага ўч бўйдоқ амакилар
ненидир ўрганар чамалар
ҳаммасининг ичида нағмалар –
ноаёндир мангулик қадар

Эфирда энг кўҳна фильмлар энг янги дубляжда
сўзлар ўша-ўша
фақат овозлар бошқа
нелардир ўзгариб бормоқда
қаҳрамонлар эса ўша-ўша таниш болалар
дудоқларидаги шўх кулгига ўхшар гўзал қўшиқлар
ноаёндир мангулик қадар

Бу оқшом режиссёр дўстимнинг Росколников уйига ўхшаш уйида
янги шеърни қандай ёзмоқ ҳақида сўзлашдик
ҳаётни кадрга, сўзга, образга ва яна неларгадир бўлдик
энг топилма шакллар ҳақидаги мулоҳазалар –
бўлмаса ҳаётнинг ўзи қадар гўзал
демакки бу маъносиз баҳс-мусобақа
тилсиз сукунат билан
югуришмоғи керак эди
югуришди
бу на ғалаба на мағлубият –
энг оддий энг ҳаётий ҳодиса эди

ва шу сирли сукут ичидаги ҳодисада
бир йўловчи йўл босар –
бу менман
ичимда ноаён қўшиқлар –
барчаси гўзалдир мангулик қадар

Деразам олдидан мошинлар ўтар
ёдимда аввалги қўшиқ – айланар
қушлар чуғурлашар, япроқлар оралаб учишар
ва ёзнинг тўртинчи оқшоми бир яшил япроқ
бутоғидан узилиб тушар –
на сўзлар
на сукунат
на чормихга тортилган яланғоч қўллар
на яхши кўринмак истаги
на яшамак ҳаваси
на ўлим хавфи
на-да қотил қушлар ҳақида сўзлар –
барчаси сукунатда мужассам –
менинг мангулик қадар ноаён
қўшиқларимда…

…БЕЗИБ…

…безиб
ўзингни ўз хонангга тутқун этиб
кўчага чиқмаслигинг лозим
тахта айвонли темир чорпоя билан
жавон орасида ҳайвонот боғининг шери каби сарсон
инсон каби англамоққа интилмоғинг лозим

ким билсин, эҳтимол сув ичида
ё ерда ётиб олишинг, турмаслигинг лозим

вақт ўтар
бир-бир кечар дақиқалар
азобга дўнар умр –
демак соғломсан
ва девордаги қора ўргимчакка юзма-юз тикилганча
ҳамма нарсани унга боғлашинг лозим.

кўз юмиб бир… икки… ўнга қадар санагунингча
ҳаммаси тугайди
ўргимчак чизиқни кесиб ўтади
ва барча азобларинг тугашини англашинг лозим
кўзларингни очгунга қадар

ўргимчакнинг ғойиб бўлганлигини
ё унинг аввалдан йўқлигини
ёки у сен кўрмаган бошқа бир чизиқдан ўтганлиги
барча чизиқларнинг эса қайдадир кесишувини
қайдадир бирлашувини
кўринмас эгри чизиқнинг бир қисми эканин
англамоғинг лозим

эрта рўзномада чиқарилажак
“ўргимчак – умид қотили” шеърини бу кеча ёзмоғинг лозим
худди шу кеча ароғи бор танишларингга ўқиб бермоғинг лозим
улар тақриз ёзишга сўз берганларида
охирги қадаҳнинг сохта жарангини туймоғинг лозим

“…шеър шу қадар зўр эдики, ёзмоққа қўрқдик…”
каби энг аҳмоқона фикрлар устидан чизиқ тортмоғинг
тилла хатли энг қора лавҳаларни синдирмоғинг лозим

сен ўттиз ёшли кекса ва саксон ёшли бола эмассан
қайсидир бекатда ўтирганингда–
ёнингда айвонли қалпоғинг боши эгик содиқ дўст каби турса –
ичинг хомлигидан
қўлларинг титраётганидан
толиққанингдан ёки бошқа сабабдан –
тиланчи кимсага ўхшатилмаслигинг лозим
Айт бахт қаршисида ёлғиз қуролинг – иродангми?

ва безиб
ўзингни ўз хонангга тутқун этиб
кўчага чиқмасанг
тахта пештоқли темир чорпоя билан
жавон орасида ҳайвонот боғининг шери каби зир чопсанг
инсон каби фикрлаб
англашнинг энг зерикарли ҳолин кечирсанг
ва буларнинг барча-барчасини
қора кўзойнакдан дунёга боқмоққа қиёс этсанг
ухласанг ухласанг ухласанг
уйғонмоғинг лозим

ОҚШОМГИ ҚАЙДЛАР

1

Замоннинг хотираси
ўғлим ва менинг хотирамиз билан ўлчанмас,
Дард чекмоққа арзимайди бу.

Бу хотира илк инсон билан
бир дақиқадан кейин туғилажак кекса гўдакка қадардир –
Мабодо мен ҳам, ўғлим ҳам
Бу хотира ичида эканлигимизни англамасак гар –
Бу ҳар қандай дарддан баттардир…

2

Ғариб оқшомларда,
Ертўласимон барларда,
тўрт-беш соатлик сокинликдан сўнг
зиналардан оғир-оғир кўтарилганда,
қаршидаги симёғочлар шуъласи кўзларни қамаштирганда,
одамларга илк бора дуч келаётгандек боққанда,
туманли шуур ила
ичганинг ҳаёт шаробининг нашъаси қадар
ўткин ва гўзал эканлигин англамоқ истайсан…

3

Бироқ кенг томларнинг кўк юзига боқмоқ ҳаққи –
пойабзал пошнасин ерни туймоқ қадар,
қадарнинг сирини англамоқ ҳаққи –
калит тешигидан хонага боқмоқ қадар…

Юрак бир эт парчаси бўлса,
у ҳам қассоб дўконларида
кечки нархлар билан сотилса,
майлига, сен учун фарқи йўқ,
кўзларга кўринмас йўл алоқаси.

4

Дорларга осилган барча чойшаблар
Фонийлик ўнгида мағлубиятга,
кирдан эмас, мағзавадан қочмоққа ўхшар;
қорнида ҳомила кўтарган аёл,
аёллар кўтаргай оқ байроқларни…

5

Шудгорланган қора тупроқ устидаги
сап-сариқ хазон
газетага эълон беражак
рассом истайдики,
бизнинг эътиборсиз қарашларимиз
деворга илиниб қолмасайди
у чириндига айланмас эди.

6

“Кун чиқар”
демакки, тонг отар,
юзларини деразага босиб
гўдаклар боқар,
кўрган бўлишса-да чумолиларни
ишхона автобусига шошилган одамларни
бир оз чумолига ўхшатар улар,
“кун чиқар,
тонг отар”,
демакки шошилар одамлар…

7

Бир инсон ҳаётининг
Чакана нархини менга айтсангиз,
яхлит бир дунё баҳосини айтардим сизга,
ва сизга маълум алжабр билан натижаларни туташтирсангиз,
бир тенгсизлик кирарди кўзга
севги номаълуми йўқлигидан хабар берар эди у.

ДЎСТИМГА ЖАВОБ МАКТУБИ

Ватан шартликларнинг энг гўзалидир –
толеига ғурбат ёзилганнинг
ёнида айтмангиз бу сўзни

Аёл гўзалликнинг оддий тимсоли –
бахтсиз ошиқлардан тилидан эшитмассиз буни

Бетон деворларга фарқи борми
сийнасига қадалмиш михларда
осилиб турган китоб жавоними
ёки кийим илгичлар.
Гардеробда ишлаган аёлга ҳам фарқсиздир
театрнинг қаерда бошланиб, қайда тугаши.

Суратли китоблар билан овунган
тилсиз гўдаклардан ҳеч нима сўраманг
қалин китоблардан кўра кўпроқ нарсани
англатмасми бу рангли суратлар

Овутмоқ учун у дунёнинг борлигига
ишонтирманг шаҳид онасини
бу дунёда нима кўрдим демасин у?!

Чақмоқ чақнаганда кар болаларни қўрқитманг
қўлларга эшитмоқ, кўрмоқ керакмас,
ҳадемай томчилар сизилар
кўкларга очилган ҳовучларидан

Битта гул экмагансиз-ку, жим туринг демайман,
дунё фонийдур, ўткинчидир дея ёлғоннинг энг ёмонини
такрорлаб дод-вой қилманг ҳеч бўлмаганда

Сиз, шоирлар! Ёдланган шеърларнинг хотири ҳақи
бемаъни нарсаларни шеърларга тиқиштирманг,
жавонмас музлатгичга китоб йиғмаган бўлсангиз.

Етар! Ҳарбий маршлар ёзмангиз, бастакорлар,
саккизинчи нотани туйиб олгунга қадар.

Навраста болаларни олиб борманг қўшинга,
жамиятнинг ҳашамдор сўзларини такрорлаб
минали сарҳадларга ташламангиз уларни.

қуёшдан-да беркинманг энг иссиқ кун тиғида,
япроқларни беркинмай турганин кўрмаяпсизми?

Нозим Ҳикмат кўчаси 12/26 рақамли манзилда
яшовчи қариядан кулмангиз қайси кўчада яшашини
унутиб қўйган бўлса агар,
газ ва чироқ ҳақини йиғадиган солиқчи
ҳар куни тез-тез келиб бу ерда изғиб юрар.

Ватанни севмоқниям, севгиниям ўргатманг,
Чунки тоқлик, танҳолик ичида ғурбатдаман…

ҚИЗИЛ ҚАЛАМ БИЛАН ЁЗИЛГАН ҚИШ ҚАЙДЛАРИ

Авваллари дарахтлар экилмас эди,
Инсон ўсиб-улғаймасди қайғуси билан,
тўғрамасди инсонни инсон,
қочқинларнинг чодирлари тикилмас эди
оғочлар кесилган яйдоқ даштларда…

Бурни оқиб сўлагига қоришган қочқин гўдак
яра-чақа қўлларини иситмас эди,
қасмоқли печлар томон отилмас эди,
оғочлар ўтин бўлмас эди авваллар…

оғочларнинг мегаполисда яшаган одамлар каби ранги сўлмасди,
кесилмасди – рандаланмасди,
учлик,
бешлик,
ўн бешлик
ва бошқа энли тахталарга тилинмас эди…

авваллари уйлар тикланмасди тошдан, тахталардан…
қанддон, гулдон,
тишкавлагич чўплар сочилиб ётган столлар
ясалмасди аваллар…

Авваллари оғочлар қоғозга ҳам айланмас эди…

БМТга, ЕХҲТга ёки НАТОга
номи бош ҳарфлар билан ёзиладиган аллақаерга
бир миллион қочқинимиз бор дея,
дўстга, танишга, севимли аёлга,
кимлигин фарқи йўқ, дейликки, Лоркага
узоқ изтироб ва айриқликдан сўнг севгимизни англатувчи
мактублар ёзмасди авваллари;
ёзилиб ётмасди столлар устида,
бир оз донишмандлик қилибсан дея,
ва ёки йўлсизлик, руҳсизлик
ёки туйғули тараддудларда мудроқ босмасди;
таъмирчи усталарнинг бепарво ҳаракати ила
пўкаклардан сизган сувлар қўнғир тусга кирмасди
столларни қўримоқ ила машғул бўлмасди мактублар;

ва ёки
усталар тайёрлаган қоғоз қалпоқларга айланмасди,
ва улар олис болаликдаги кемаларни ёдга солмасди,
кемалар ҳалокатга учрамасди авваллари…

Янгидан ёзилмасди чала мактублар қайта-қайтадан,
янгидан чала қолмасди улар – ҳарислик билан,
картон қутилар орасидаги китоблар ичида юқолмас,
сарғаймас эди.
Безакдор хоналарда яна қайта ёзилиб
энг оддий почтанинг “сўраб олинсин” манзилига
етса-да, етмаса-да
“бу мамлакатда почталар яхши ишламайди” деб ҳисобланмасди,
мактублар ёзилмас эди аваллари…

Авваллари дарахтлар экилмас эди,
инсон ўсиб-улғаймасди қайғуси билан,
авваллари туғмасди, туғилмасди инсонлар инсон амали билан,
она қайғуси билан улғаймасди, безорилик қилмас эди,
дўппосланмасди ота қўли билан болалар;
Авваллари гўдаклар йиғламасди, оч қолмасди, қочқин бўлмасди,
қиймалаб ташланмасди аваллари,
сарҳадларга отилмасди, рандаланмасди оғочлар…
Оғочлар экилди
Ўрмонлар асл маъносини йўқотди…

РАССОМ НОЗИМ ШОҲВЕРДИГА

…Деворларга сурилган ранглар, оҳанглар
Сўзларда янграган оҳанглар каби янглишлидир,
фикрлар далли, истаклар қўрқинчли, қоришиқ.
Қоришиқ замонда яшаяпмиз, дўстим,
ва сен,
ҳақиқат суратин чизмак истаган рассом
ҳарчанд уринсанг, тиришсанг-да,
уласанг-да сигаретни сигаретга,
сингиб туннинг сукунатига
танҳолигингга ёлғизлик тўнини кийдирсанг-да,
кетсанг-да ўзинг томон, ё ўзга томон,
асир тушсанг-да энди сурат чиза олмайсан
деган руҳсизлигу умидсизликка,
барчасига чек қўймоқ учун
молбертнинг юзига тортилган матодан
боқсанг, боқсанг, боқсанг,
кўзингга ёш келса, демасманки, бу сигарет тутунидан,
ё чорчўп*нинг бирга бир ўлчамидан –
шундоқ ҳам дунёни, фикрларни, заррани
жойлаштира олмассан чорчўпга
ва шу фикр ила,
шуур ила,
сирли бир ҳаракат ила
Козим совға қилган бўз матога
Аллоҳ инъом этган қўл ила,
ва қисман мўйқалам учи ила,
рангларни сачратсанг
ўша бўз матонинг дор арқонидай сени кутган ҳалқасига,
ўшандагина умидсизликнинг энг гўзал суратини чизажаксан –
чиздим деб ўйлайсан ўшанда…

Аммо,
қишлоқда ҳеч бўлганмисан, дўстим,
кезганмисан ёмғирдан кейин
таппи ҳидли кўчаларни,
пойабзалинг ботиб қолганми
кўчаларнинг, анҳор, йўлларнинг
гўнг қоришган яшилрангли балчиқлари ҳақиқатига?

Аввал қоронғилик,
сўнг ит ҳуришлари,
ва хўроз қичқириғи
билан отган тонг
йўлдошинг бўлганми ҳеч, дўстим,бирон бир марта?
Совуқдан дийдираб хом ғиштли девор қаршисида
турганмисан, дўстим,
кўрганмисан энг моҳир рассом ҳам чиза олмайдиган
суратларни ўша деворлар юзида?
Йўқ, бу суратлар на Ўрхун-Энасой обидалари,
на Гўбустон тасвирларидир –
бу оддий қишлоқдир,
оддий саҳардир,
ҳар куни туғилган қуёшдан кейин
отгувчи бир оддий тонгдир –
одатий булутлар, шуълалар, ранглар,
ва хом ғиштдан тикланган девор
устларига ёпилган таппилар –
муаллифи ҳорғин ва дағал аёл қўллари…
Ҳаётнинг энг оддий, ҳар кунги
номсиз ва иддаосиз кўринишидир.

Ва бу қониқарсиз саҳнани кўрган бўлсайдинг
сиқилган бўлсайдинг бу хом ғиштли деворлар олдида,
Юрагинг бужмайиб боққан бўлсайдинг гуноҳкор- гуноҳкор,
тилинг тутиларди, қўлларинг титрарди,
энг гўзал суратни чизар эдинг ўшанда…
_______________
* чорчўп – рамка

СЎНГСИЗЛИК ҚАДАР

Қушқўнмаснинг чечак уйқуси,
кишан бахти билагузукнинг,
гўдакларнинг (атак-чечаги),
чопиши,
йиқилмоқ қўрқуви,
ерга томон илк учиши,
учиши япроқларнинг,
на ерга, на кўкка – абадиятга…

эртакларнинг уч олмаси,
олмаларнинг бозорбоп нархи,
нарх ҳақида даллол ғийбати
яна романтизмнинг навбатли мағлубияти,
на ичи,
на усти,
на терси,
менга ҳақиқатнинг ўзи лозимдир,
ўзи…

сўзларнинг луғат қабристони,
қабристоннинг бир метрли тош тимсоли –
ўлимнинг тош тимсоли –
ўлимнинг жасадда янглиш изланиши,
изланишнинг сўнгги, охири,
охирнинг ҳолсизлиги –
эркнинг бу орсизлиги,
ҳақиқатни кўрсатинг менга…
ўйинчоқ айиқлар, машиналар,
пойабзаллар,
пойабзалларнинг бадбўй патаги,
нумдош эскилиги либосларнинг,
сўзларнинг, амалнинг, саркашликнинг,
минг йиллик тупроқ қавати нафснинг,
тез бўлинг, интилинг,
бу вайрон дунёга бир низом ахтаринг,
ҳақиқат деб чақиринг…

на мақом ҳазинлиги,
на Бахтнинг авж пардаси
на жилмайган аёлнинг бўянган чеҳраси,
на кулиши,
юриши қўлларнинг
белларга сирғалиб туйғусимон севгига (туширган)
шаҳватли шапалоғи
севгининг астари,
абсурднинг энг кўҳна нусхаси,
нусхалар, ниқоблар, истаклар,
кўчаларда улиган одамлар, қўл очган кўппаклар,
бармоқларнинг энг вульгар рад триоси,
на савол, на жавоб – унутинг,
бошлансин ҳақиқат сафари…

донолик жим турмоқ бўлса,
жим турса гўдаклар,
гўдакнинг сўзламоқ хатосини нима қилай,
нима қилай бу хатонинг ёзмоқдек охирги номини,
донолик билмак бўлса,
билурми, билмасми – билинмас,
негадир кечикмоқда эътироф, жим турса кексалар,
ували-жувалик,
ким берар кексага донолик оройишини…

интилинг,
бир товоқ ҳақиқат эҳсони жўнатинг…
онгостининг ҳомиладор аёлга ўхшашлиги,
аввал кўрмак учун сабрсиз жаҳдими фикрнинг,
шеърнинг шуурнинг бевақт, аммо сени рози килиб туғиши,
руҳнинг тўлғоғи,
совқотиш,
эйфория,
кўзларнинг ўзидан мамнун боқиши –
даф бўлсин йиқилсин,
яшасин ҳақиқатнинг бизсиз озодлиги…

КИЧКИНТОЙ СЎНАГА

Вақт келади, қизим, қуёш фақат кулажак,
суратларингдагидек,
кулажак деганим шуки, бизга шундай кўринажак…

Вақт келади, қизим,
мевалар шохлардан тўкилмаяжак,
чиримаслар, буришмаслар,
йўқ, қизим биз емасмиз уларни –
емаймиз деганим шуки,
ҳозирча еявер онанг сева-сева тилимлаган олмани,
ўшанда мевалар янада тотли,
сен эса тўқ ва ақлли бўласан.

Вақти келади, қизим,
англайсанки, оталар фарзандларини севар,
фарзандларга ёлғон гапирмас.
Буни эса вақти келиб билиб оласан.

ТАНИШ ЕРЛАРДА ЯШАМОҚ КЕРАК

                                                             Рафиқ Ҳошимовга

Ҳадеб қарайверма ўтган йўлларга, демакки бепарво кетавер;
Демакки кўриб кўрмасликка ол – демакки ўлганман деб ўйла,
Демакки руҳингга кўз ташла, ўзингга, кўзингга бошқа таклиф бер;
Демакки юрагинг ёрилмасин кун кунга ўхшаб борса;
Йўллар йўлларга ўхшаса, доимий танишлар кулса юзингга;
Демакки унут ҳаммасини, ётлашсин, узоқлашсин ҳаммаси;
На фарзанду на ватан, на бу уй, калималар сеникимас аслида;
Аслида, одам учун янги ва ёт бўлган нарса илк дафъа янгидир,

Илк дафъа; янги бир дафъа ўзингга назар солгин кўзгуда,
ғам чекканда ўзингга тилинг чиқариб кўрсат;
Чиқиб кетишдан олдин телбаларча айтгинки, булар барчаси таниш;
Яъники, гўдаклардек қадам бос; фақат илк қадам қийин,
Севгили юришдир бу ҳаёт томон; қолгани кўникмадир;
Дейликки, бу кўча қўшни кўча билан ёлғиз бир бор кесишган,
Бир дафъа – қолгани такрордир; ҳатто бу шаҳар ҳам шаҳар
экан аввал ҳам, –
Энди эса чопҳо-чоп,
зерикиш, шунчаки манзарадир,
Яъники, тасвир. Ёт жойнинг тасвиридир фақат,
Таниш ерларда яшамоқ керак.

IХ ҚИСМ

1

Ёлғизсан.
Товоқлар кўндаланг терилган жавон тиш ғижирлатар
столга ёзилган кир дастурхонга.
Гардеробда осилган шалворлар силлиқ турар,
йўллар ҳам ожиздир ўт пуркаган дазмолга.

Ёлғизсан.
Суянчиғи узун курсига бир четдан боқсанг,
кўп нарсага ўхшата оласан уни: дами қуйи турган болтага, “ҳ”га.
Чарчаб ўтирсанг, бўйнингни гуноҳкорона илгари чўзсанг,
айланар у очилмас китобга, “к”га.

Ёлғизсан.
Варақни очсанг, сўзлар ичида сўз борлигини кўрасан,
сўзларни дарахтдек бутаса бўлармиш.
Масалан, гуноҳда “оҳ” бор (асос ўзи шу),
қолгани бироз сасдир, бир оз сассизлик.

Ёлғизсан.
Энди орқа ўгир: нимадир бу сирли алифбо?
У қайси китобни ўқишга керак? Ёрдамга кимнидир чақирсанг,
Ёлғиз бўлсанг, албатта жавоб оласан,
бўзарган деворлар жим қолар овозингни ортга итқитиб.

Ёлғизсан.
Чўчисанг,
демакки хонада сендан бошқа камида бир киши бор,
ҳар саҳар сендан вақтлироқ уйғонади у –
кўрмоқчи бўлсангиз кўзгуга боқинг.

2

Шифтдан қуйи осилган беш бармоқли қандил
шаҳодат берурки, одамлар ожиздирлар ерда.
Фалокатдан сўнг бирдан сўнса ёруғлик –
қўрқсанг танҳоликда –
шамни ёққин, ёруғлик таратар маҳалида
кўкларга ишорадир шамнинг ёниқ қалпоғи.

Шам ёнаркан, кўзинг очиб илғайсан:
Бу қайси бир фильмнинг боши, ўртаси ва ёки охиридур.
Қўлинг ёки биқининг ногоҳ тегиб музлаб ётган тўшакка
– шарт орқангга қарасанг,
ёлғизсан демак.
Соатнинг аскардайин одимловчи мили сени қўриқлар,
ва ёки абадият вақтини қадами билан ўлчар.

Инсон кўлкаси билан бут. Ният – амали билан.
Ҳар ашё сўздир: товушда айтилган, сирли қалам билан
қайд этилган.
Қалам ҳам ашёдир, товушдир, сўздир. Бир яхлитликда.
Ёлғизсан.
“Ёзайми буларни?” Турсанг, ёзсанг.
Қаламни бир четга қўйганда тасдиқ топасан кўлкангдан.

Турмоқ сўзида ғичирлаш саси бор – тўшакдан турар чоғ;
қадам саси бор юришда – иккиланма, ишонч билан юр.
Вароқлар гунг бўлар сиёҳ тугаса.
Ёлғизсан.
Зерикма. Танҳоликда сукунат саси бор сўзсиз.
Луғатлар сўзлайдими? Варақни очсанг – албатта!

Мароқли исмлар билан чақирар одамни севимли аёллар:
гўё сени боладек эркалашар.
Боласи туғилса унутарлар.
Энг қалин луғатдан ҳам топа олмассан.
Ҳар замонда бир тилга олишар.
Танҳосан.
Аёллар сир излар. Сир бор гўдакда. Ўртансанг. Кулсанг.
иккилансанг,
биласанки, энг катта Сирнинг ҳам яширин номи бор.

Кир либослар солинган идишдан кўйлагингнинг енги ҳилпирар,
Бу тасвир алдамчидир: гўё кимдир денгизда чўкаётир.
Қўшнилар боқар ҳайрон: кимдир чўкаётир қайиқда.
Ёлғизсан.
Ўзинг ҳам довдирайсан, ёноғинг ловуллар: чўнтагингдаги
сўнгги минг сўмлик бўкаётир;
Англарсанки, либослар ҳимоя қилмас, айбинг ёпарлар фақат.

3.

Субҳ пайти бу юксак бинолар, бу баланд ҳайкаллар ёнидан ўтганни
чўчитар,
Чунки ҳайкал учун фақат битта йўл – олдга бормоқ керак.
Ҳар бир ҳайкал ичида ўтмишсиз-келажаксиз кимса ўлтирар,
демакки бир бут яширин.
Майдонни кенгайтар юксак бинолар, қат-қат юксалар бутпараст:
совқотсанг, вужудинг титраса,
ёлғизсан.

Танаси оҳакка бўялган дарахтлар ташланар кўзингга,
Фахрий қоровуллар сафидай кўринар, гарчи қўримас чалажон у бутни.
Ҳар бир хиёбон –бўш майдондир фақат,
Ҳар бир дарахт – бир дор оғочи,
Ҳар бир одам – тушун, қисман жаллоддир.
Соҳил хиёбонидан ўтиб борасан.
Ёлғизсан.

Хиёбоннинг квадрат тўшама тошлари устидан бораётирсан.
Кўзларинг ёшланар: ҳар бир ғишт – кадардир, ҳажми қадар йўқотиш;
Ёдга тушар олис болалик, ўйинлар, мактаб, ҳандаса –
Чексиз квадрат чизардинг айлана ичига, ташқарисига
ундан каттароқ.
Энди эса қаламингни қадаб айлана марказида,
варақни айлантирсанг кифоядир –
яъники, чексизлик ҳаракатдаги бирликдир.
Ёлғизсан.

Метрода одамлар ўйчан кўринар, тепага қадалган нигоҳлар,.
Аслида инсон умри йўлдир ҳамиша,
қисқаси, кичик ва ёпиқ маконда тезлик ортган сари
борлиқ йўқолар.
Қизиқ. Шиддат билан айланаркан Ер, сен шу қадар кичиксанки,
эшикда кўрганинг аксингдир фақат.
Гўёки, эшик билан бирга очилар, кўпчиликка йўл берар танҳолар.
Ёлғизсан.

Одамлар шошилар.
Кимнингдир оёғи босилар.
Кимнидир тўхтатар ғазабли боқишлар. Шошганча: “Кечиринг”.
“Ҳечқиси йўқ…” – ёлғондан жилмаяр бошқаси.
Ҳамманинг ичида мискин ғолиблик, шошқин бир сўз бор.
Эскалатор манзил охирига етганда чеҳранг очилар. Чопасан.
Ёлғизсан.

“Оҳо, хуш кўрдик, дўстим. Қалайсан?”
“Бир нави…” “Яъни?” “Яънисиз”
“Демакки, яхшисан. Хўш, мен қалайман сенинг наздингда?”
“Бир нави” “Яъни?” “………….”
“Демакки, яхшиман, – сигарет тутатар.
– “Вақтинг борми?” “…..”
“Ёлғизмисан?” “………….”

“Юр, сени бир жойга обборай. Кафега. Оразнинг остида”.
“Оразнинг?” “Театрнинг оти. Остида кафе бор. Эгаси
Шерзод, ҳа, ҳа . Ажойиб одам . Латифагўй. Вақтинг борми?”

“Албатта!”
“Бир шарти бор. У ерга кетма-кет уч кун борасан. Менсиз”
“Сенсиз? Қандоқ?” “Шарт – шу. Ахир сен ўзинг айтдинг-ку, –
сигарет тутатар, –
“ёлғизсан” “……………….”

4. Биринчи кун.

Мен тоғдан келганман – эртакдан:
Эртак – ҳаётдан узоқдир, тоғ ҳам ердан юксакда.
Бизнинг эртакда тоғ ёки қор бўлмас, қишин-ёзин оппоқ
қор бўлур тоғда.
Тоғда – эртакда шундоқ ҳам “оқ” бор* .

Тоғдан тушган саринг эртаклар тугар. Сийнангда доғ қолар.
Эртакни болалар ўқир одатда, боланинг қалби бор оқ-оппоқ, тоғ қадар.
Улғаймоқ – аслида тоғдан энмакдир,
катталарга енгилтаклик туюлар болалик.
Болалар улғаймоқ ҳақида ўйлашмас, улар анча ақлли.

Болада уч карра “оқ” бор.
Эртак ёзилмайди – биласанми, оғизма оғиз ўтиб келади.
Бир варақ эртакка камида бир жуфт кўз керак, яна қўл керак.
Шундоқ экан, бир оғиз дуо қил.
Дуоли оғизда “оқ” бор.
Дарвоқе, ёзувлар – китоблар йўқолур қачондир.
Сўнгсиз зулмат эрур нарёғи.

Оқ якун. Парда. Парда ортида кўзни қамаштирар шуъла.
Сирли йўлак. Парда ҳам йўқолур.
Варақлар – қоғозлар ичига сингиб кетади. Ёзув бор кўкдаги китобда.
Варақда – қоғозда, билгинки, “оқ” бор.

* Озарбайжончада: “Дағ нағилда ўнсузда “ағ” бар” мисрасида сўз ўйини қилинган, яъни “дағ” ва “нағил” сўзларида туркий “ағ” товушлари бўлиб, у оқ деган маънони билдиради.

5. Иккинчи кун.

Онамиз беш фарзанд кўрди:
бир ўғил, бир қиз мендан илгари; қиз ўлди.
сўнг яна бир қиз, бир ўғил: сўнг ўлди улардан бири.
Энди эса бири бор, бири йўқ.
Яна – мен. Ва мендан каттаси – тўнғич.
Қисқаси – уч фарзанд.

Нима дейман, болалик – ҳамманинг қисматидир.
Мўъжиза ё эртак – ким қандай истаса, шундай атасин.
Ростини айтсам, ёдимдан бироз чиқмиш болалик.
Кўпдан чиққаним йўқ тоққа ҳам.
Фақат отамга тушлик олиб йўлга отланган
оқ отли онамнинг атри қолмиш ёдимда:
дарёнинг қирғоғида ётар эди камзули,
ёвшан исли тароғин ҳидлаб-ҳидлаб, йиғлардим…
Тароқда “оқ” бор.
Отам ҳам, онам ҳам кексайган эди,
Биласанми, кексаларнинг тароғи бўлмас.

Ва яна бир жуфт олма оғочи бор эди ҳовлида. Жаннат олмаси.
Мевасин қўноқлар ерди ҳамиша.
Аслида оғочлар банда учун осмонга қўл очар,
ўзи эса оқ юзли осмонга оч бўлар,
банданинг барчаси меҳмондир аслида,
қўноқда – оғочда “оқ” бор, дарвоқе.

Мен эса, ёш эканман, жудаям тез қаридим.
Ўша тароғим ҳалиям киссамда.
Ёдимга тушаркан болалик кунларим, ишонинг,
унутишни истардим.
Дейдиларки, одам ўлиб хотиротга қайтиши – болаликдир.
Билмадим.

Улғайдим шаҳарга келганда.
Кўрсамки, одамлар бошга эмас, оёққа қарар.
Оёқда “оқ” борлиги учундир балки.
Ҳар ҳолда бошмоғим йиртиқ эди, кейинроқ ташлаб юбордим.
Аммо яна бошдан оёқ разм солар эди одамлар.
Аёллар серпардоз, эрлар паришон.
Юзларда бир эсанкираш, нигоҳлар бўм-бўш.
Негадир…

Ўқишга киролмадим, жаҳдларим пуч чиқди.
Иш излаб сарсон кездим, кўнглимдагин топа олмадим.
Азиятлар чекдим, йиқилдим-турдим;
аразладим, ярашдим, сиқилдим; йўл юрдим, мўл юрдим;
ўт кечдим, сув кечдим, оздим, тўздим,
қиссам хўб узундир, охир толиқдим.
Севгилим бор эди, ёнимга олдим. Сўнг эса ушоқлар-болалар.
Ушоқда “оқ” бор, нафасим сиқилди – тўхтадим.

Тўғриси, столлар чорлади мени бу кафега,
столлар ўз устидаги ашёни яхши сақлайди,
яъники, бир бурда нонни, бир чимдим тузниям тўғри е, таомилни унутма.

Одамлар англамаслар таомилнинг сирини:
оқ дастурхон доққа ғарқ бўлар, одамлар фонийликка.
Кетаман, бу ердан ҳам кетаман.

Толиқдингизми?
Лимон солинг чойингизга. Яхшидир қалин пўстлиси лимоннинг,
ранги оқимтир бўлгани…
Кетаман, тоғларга кетаман.
Дарвоқе, тоғларда “оқ” бор.

6. Учинчи кун.

Ҳар куни бир оқ қўчқор сўйилар бунда:
жуда кўп ейишар оқмағиз одамлар.
Ёлғондан соғлиқлар тиланар.
Соғлиқда “оқ” бор, гуноҳу шаробдан соғлиқ бўларми,
Сўнг эса сўкишиб-уришиб, ўпишиб-қучишиб кетишар.

Тунов куни биттаси келди, сариқмағиз аёл:
ёнида отаси ва ити.
Лаҳмли қовурма едилар, мазали дедилар, ичдилар.
Оппоқ суяк кучукка тегди.
Уриш-жанжал чиқди охири.
Сўнг эса… сўнг эса у аёл, у бадбахт аёл
эркакнинг бошига урди товани.
Кула-кула бўғилди сўнгра.
Сўнг эса итини кўтариб ўпди: бирга кетдилар.
Итнинг кўзларида ғусса бор эди.
Эшикдан чиққанда увлаб юборди бу кучук, бу оқ ит.
Қайишини ечсанг қочиб кетарди,
балки учиб кетар эди тоғларга.
Эркакни дўхтирлар олиб кетишди.

Узоққа кетма, ахир мен…
Ўзимга келсак, эҳтимол пешбандим мени боғлаб қўйган бу кафега:
Ҳар оқшом қораяр тун каби, ҳар тун югурар.
Ўғлим эса дейдики, ҳой ота, кел кетайлик,
нонни не қиламиз, ем есак етар,
ўтлардан энгил-бош тўқиймиз, мева-чеваям мўл-кўл,
тўлиб оқар муздек сув.
Кел, кетайлик тоғларга.

Аммо пешбанд билан тоғларга кетиб бўлмас,
Тоғлар мусаффодир, “оқ” бор у ерда,
Тағин биласанми, тоғларга боргандаа пешбанд елкандек
Очилиб кетишдан қўрқаман,
У биздан тоғларни қочирар.
Тубанга учирар…

Бири келган эди бир оз аввал.
Бунда кўрмагандим уни илгари.
Эгнида мўйна манто, шотланд жунли шарфи бор эди,
чарм қўлқоп қўлида.
Дедимки, оғайни, жанубда қор бўлмайди.
Бўлса-да, жудаям кам.
Бизда фақат тоғларда қор бўлади, тоғлар эса узоқда.
Гапирмади.
Пули йўқдир деб ўйладим, меҳмоним бўлгин, дедим.
Дедики, кўксимда тоғ бор.
Ғарибман. Ғариблар совқотар.
Дедики, энг иссиқ қиёфа Ватандир…
Йиғлади.
Йиғламоқ, оқармоқ – “оқ” бўлмоқ демакдир.
Мана, бу кўйлагимни (қўли билан кўрсатур).
Эртами-кеч эгнимдан ечиб олишар.
Ҳар бир одамга оқлик бордир умр сўнгида.

Ўша кун бир полис келди, Маҳмуд –
Шоир Одилнинг дўсти.
Биласанми, не деди? Дедики, аслида мусаввирман.
Ечсам кийимимни, погонларимни,
Албат ишонасан сўзимга.
Белининг чап ёнида тўппончаси бор эди, ўнг қўли билан чиқариб
стол устига қўйди.
Дедики, яроғда “оқ” бор,
ҳақ бўлсанг енгилар ёғийлар,
оқ тушади кўзига. Анчагача жим қолди.
Яна бироздан кейин нималардир гапирди.
Мижозим кўп эди, кузата олмадим. Чой ичиб кетди.

Кетаман, мен ҳам кетаман. Мутлақ.
Муҳлатим яқинда тугайди. Битади.
Сен ҳам кетсанг яхши эди,
Бу ерда қолма.
Бу ерда ҳаво йўқдир,бамисли ертўладир.
Атроф ҳам кўринмайди. Тоғларни-ку айтиб ўтирмай.
Дарвоқе, дейдиларки, тоғлар чўкса, сув чиқаркан ўрнидан.
Биласанми, бу ернинг остида қанча мағзава бор.
сув тортгичлар ожиздир.
Аслида бу ер юзи кўк учун ертўладир, омбордир.
Ана энди ўйлаб кўр, биз ўзи қаердамиз?

Ол буни, оқ отнинг ёли бу, асра.
Уни ҳам бўлганман иккига.
бирини ўғлингга, бирини қизалоқ Сўнага берарсан.
Бирини ўзинг бўлиб оларсан. Ўзим терганман. Кўкдан.

(эшикни кўрсатур).

7

Тоғларда туман бор,
Бир ўзга гумон бор,
Жун каби титдилар,
Яхшики, омон бор.

8

Ёлғизсан.
Кечадир. Фақат кечалар ёлғиз қолур кўчалар. Кўчалар
ҳар саҳар ёлғизланар.
Бир кеча кўчага кетарсан ёлғиз сен.
Ёлғиздир кўча ҳам.
Мумтоз дуранг. Ичингни кавлайсан таассуф билан.
Ҳавосиз ерда қуш учмас. Ўрнидан қўзғалмас тикучар* .
Ҳавосизликда фақат буюмлар тик учар, жонлилар буюмдек осилар.
Кундузлар одам кўп, ҳаво йўқ; кечалар озаяр оксиген.
Ёлғизсан.

Уҳ тортсанг ичингдан ҳавоми, нафасинг таралар,
сўнг эса ҳавосиз ичингда алвеолла** учар.

Тор даҳлиз. Зулумот. Қорайган эшикнинг ранги ҳам.
Эшик ва дераза ораси сап-сариқ ҳошия:
қатрон рангидаги қоп-қора квадрат;
узун бир зулумот.
Орқада сут рангли оппоқ бир шуъла,
балки ютиб юрар у сени, эшикни ортидан ёпсанг.
Ёлғизсан.
_____________
* Тикучар – вертолёт.
** Алвеолалар — оддий ва мураккаб безларнинг шира (секрет) ажратувчи пуфакчалари.

Тўққизинчи қисм

Одатда мажҳул нуқтага қадалар
ҳаётга кўниккан кўзлар
бир қадар намиққан кўринар
стулнинг устига ташланган лунги.
ҳорғинликдан лапанглаб юрган одамга ўхшар
соқолли чаккаси шишган лаблари бузилган
ҳайдовчи
тўхташга зўр берар
кимнингдир оёғи узилар ердан
зарда қилар
жигари сиқилиб ўртанар
йиқилар
ердан қалққан сигарет тутуни
шифтга ёйилар
инсоннинг учмоқ орзуси
пучга чиқар
ҳаётни янгидан ёзмоққа жаҳд этар яна бир шўрлик
атрофга аланглар
норози-норози
бўй-бўйича тизилган сўзлар
жанг олдидан аскарлар сафидир гўё
аскар қўшиғи
таъмсиз шўрванинг ҳиди
болакай кўрган туш
ва яна ўлим қўрқуви яширин
ҳамманинг ичида
демак бизнинг ичимизда бошқа бир зангли соат бор
фурсати етганда чалинур
иккидан 10 дақиқа ўтса ҳам ҳеч гап йўқ ҳолбуки
ҳамон қадалганча турар мажҳул нуқтага
ҳаётга кўниккан кўзлар

10

Тонг саҳар. Муаззин мезанада азон айтар сирли оҳангда.
Танҳосан, муаззин танҳо, танҳодир мезана ҳам,
Ҳавода ёғиш ифори, ичида сас бор.
Эшикни очсанг сас сасга қоришар, гувиллар
Томчилар томда ўйнар: “тиқ-тиқ”.
Бир ҳовуч сув. Саждага эгилиб дейсан: “…Ёлғизсан…”,
кўзингдан ёш оқар. Ёлғизлик эзар ичингни, ғудранар,
яхлитлашар матн билан. Юрагинг тепади ҳамоҳанг.
Кимдир дунёдан ўтар бўлса, қайдадир бир гўдак туғилар.
Бир енгиллик кўчиб кирар ичингга.

ЮРАК УРИШИГА БАҒИШЛОВ

Албатта албатта албатта бир кун
бир кун бир гўзал кун бир энг гўзал кун
қаршида қаршида қаршида шундоқ
келажак келажак келажак яқин
тугайди тугайди оғриқлар шунда
лабларинг жилмаяр кулади мамнун
афсуслар не бўпти бу узун умринг
барча кунларингнинг сўнгги бўлса-да
бир куни бир куни энг гўзал эмиш…

АВГУСТНИНГ 24-КУНИДАГИ ҲОЛАТ

Бу қуёш, бу шиша, ба майса, бу тўнка,
бу тўшак, бу излар, бу қумлик, бу кўпик,
бу соҳил, бу долға, бу йўсин, бу денгиз,
бу мовий, бу қуёш, бу мовий, бу қуёш,
бу мовий, бу мовий, бу совуқ, бу мовий,
бу мовий, бу денгиз, бу далға, бу соҳил,
бу кўприк, бу қумлик, бу йўсин, бу тўшак,
бу тўнка, бу майса, бу шиша, бу қуёш…

ПАРВИЗГА

Бироз бўшлиқни ёз, сукунатни,
Яъни сукунатни ёз бир оз. Ўзинг билан суҳбатни.
Бир оз “у” тувушин, узун бир “у”ни –
Унсиз бир қутқу бор қулоқларингда.

Бир оз бўшлиқни ёз, сукунатни,
Яъни сукунатни ёз бир оз, ўзинг билан суҳбатни.
Бир оз “у” товушин, узун бир “у”ни –
Балки тинар шунда бу қутқу.

Бироз бўшлиқни ёз, сукунатни,
Яъни сукутни ёз бироз, ўзинг билан суҳбатни.
Бироз “у” товушин, узун бир “у”ни –
Қутқу… утқу… у… у…

РЕЖИССЁР НУТҚИДАН ПАРЧА

Фақат ўз соябони сақлар одамларни ёмғирда,
Фақат ўз бўйи қадар танишдир олисликдан одамлар.
Фақат мозор ёнидан ўтиб бораётган ноиб*
аввал бир лаҳза ўзин йўқотиб қўяр, сўнгра мандатин,
фақат кейин овозин; яъни овоз берар бўшлиққа, йўқликка:
– Э-э-эй!
Фақат ҳақиқат сўзига қофия ҳақиқатнинг ўзи,
яъни ҳақиқий сўзларга; ҳақиқат дея сен ҳайқирсанг
ортга қайтган акс садо тағин ҳақиқат дейди:
ҳақиқат… қат… қат… Фақатгина ўтхўр балиқлар ейилгай
тшкин ошхонада, сўнг қисқичбақа; у эса умр йўлини
ортга қайтмоқ билан ўтади. Фақат гўштхўр жуфттуёқли жонлиқ
илгари кетмоқни ўйлайди. Олға юради! Яъни қаёққа?
Торайтар уфқни фақат олға кетганлар. “Олға” ва “яша” –
дея қичқирган афиша фақат ёмғир пайти фош этар асл башарасини;
фақат кечалар; фақат целлюлоза бахтнинг пардозли асрори;
қоришар бўёқлар; афиша топталар, йиртилар. Асфальтдан чақчайган
лоқайд нигоҳга тўқинар назаринг, шошасан, оёғинг тўқинар йўлакка.
Бошингни урасан оқ мармар қопланган устунга, тиргакка.
Охирга етмаган маъносиз шиорлар шу зайл пучга чиқар;
фақат сен учун. Қутилар нақадар шаффоф бўлса – мўъжиза
шу қадар жиддийдир, демак ўзга истак кирар кўзингга;
эрта эса кейинги беш йил учун навбат бошланар.
Фақат Ватанда ватансизлар бегона тилда гаплашар,
Улар юртнинг руҳан ажнабийлари –
Уларнинг ҳар нарсаси бузуқ ; ҳар нарсаси; айниқса кўзлари.
Кўпдан буён гўзалликни кўрмас кўзлар бу ёлғиз шаҳарда…
Ҳа… ҳа… фақат шаҳват… Гўзаллик зуҳр этар кўпроқ баданда.
Бўй баланд, сутдай оқ, юмшоқ туксиз баданда.
Ҳолбуки новча баданда гўзаллик фақат узаяр;
Доирада ёки муштда биқиниб олар.
Ҳақиқат фақат сўзда жаранглар. Озодлик ҳамиша яқинда – шундадир:
тўшакда, изларда, занжирда, кучукда, кучукнинг сарғимтил тишида, ҳуришда – озодлик ҳамиша шундадир,
бекинур – ойнада, столда, лаҳзада, упада. Бўйни занжирли
кучукдан сўрагин; сўрасанг этагингга ёпишиб ҳуради.
Реквизит фақат саҳнада йиртилур. Фақат ҳаётда ҳар жой саҳнадир.
Саҳнадаги ҳаёт фақат парчадир; саҳна билан ҳаёт батамом фарқли.
Одамлар ҳар куни либосин ечар, яъники ҳар куни бир ишни машқ
қилишар,
фақат суюнишар илк бор кийганда, гардероб ўлимга ўргатур фақат.
Фақат бир бор яшамас одамлар, аммо бир бор ўлурлар, бир бор.
Ўлим бор бир қадар ҳар бир суратда, фақат марҳумнинг
Сурати тирикдир, яъники ўлгандир қисман.
Инчунин, суратинг олгил ойнадан: сурат сен эмас, гарчи сенсан, чунки тириксан.
Энди эса гриминг тозала, қизгинам, бўлмаса терингни ёндирар, биласан.
Аслида ҳаётдаям ҳар ишни фақат теринг ҳис этаркан англаб борурсан.
Аслида саҳнада тирикдир ўлик ҳам.
Ўлим фақат ҳаётнинг сўнгидир.
Саҳнада ҳамма ўйин фақат якун учундир, ҳатто туғилиш ҳам.
Гарчи ҳеч ким ғинг демас саҳнада, аммо овоз ўша-ўша.
Жуда ўхшаш саҳна ва ҳаёт.
_____________
* ноиб – депутат маъносида

ҲИЛОЛНИНГ АНГЛАТГАНЛАРИ

Мен сизга, мен сизга, йўқ-ей, ме-ен сизга
англата олсайдим ҳамма нарсани-и-и,
ўзингиз айтинг, дардим тугардими?!
Биламан, чарчагансиз… оёқ устида,
қўлларни айтмайман, ҳа-ҳа, оёқ устида
кўп туриб қолдингиз, ҳорғинсиз, биламан…
на қилай, хўш унда мени ким тингласун
Қўлларим оғриди, ҳорғинман мен ҳам
сизга айтсам, фақат бир онам, о-нам
ҳар сафар сабр ила тинглайди мени,
бир кўзи кулса, иккинчи кўзи
тил битсайди бу қизга дея йиғлайди…
Не қилай, хўш, унда мени ким тингласин,
сизга англатмоқдан толди қўлларим…

Усмон Қўчқор таржимаси

НЎНОҚ НИГОҲЛАР

* * *

Қайга шошмоқдасиз, унут одамлар?
Сизни эндигина эсга олувдим…

* * *

Ҳайдалган қора тупроққа
тўкилган сариқ япроқ
рассом илинжида
матбуотга беради эълон,
бизнинг нўноқ нигоҳларимиз
ёпишиб олмаганда
биринчи саҳифанинг сарлавҳасига
чириндига айланмасди ул

* * *

Қани, менга айтинг
бир инсон умрининг чакана нархин
сизга айтиб бергум бутун оламнинг
улгуржи баҳоси бўлади қанча
мабодо ўзингизга маълум алжабр билан
солиштирсангиз гар натижаларни
у ҳолда кўзга чалинадиган номувофиқлик
айтиб берар изланаётган
муҳаббатнинг бўлмаганини

* * *

Қисқа шеърлар билан ўралашмасдан
шоҳ асарлар ёзмоқликни истаганим он
бир қуш қўнди деразамга
лек на ашъор, на рўмонга
сиғмайин учди-ю кетди у

Русчадан Аъзам Обидов таржимаси.

ЎҒЛИМ БИЛАН СУҲБАТ

— Cен кимсан?
— Отангман.
— Фариданинг отаси ким?
— Унинг отаси йўқ.
— Нега?
— …

— Нима қилаяпсан?
— Шеър ёзаяпман.
— Шеър нима дегани?
— Онангнинг алласига менгзайди у, масалан.
— Онам ҳам шеър ёзадими?
— Йўқ.
— Нега ёзасан — сен ҳам куйламайсанми!
— …

— Қаерга кетаяпсан?
— Ишга.
— Иш нима дегани?
— Иш кийимларимиз, нону ошимиз ва шунга
менгзар ташвишлардир.
— Шошма. Бироз мен билан қол.
— …

— Ота, Парвардигор ким?
— Сени, онангни, момонгни, бобонгни —
барчани яратган парвардигордир.
— Сени ҳамми?..
— …

— Улар нима қилишаяпти?
— Тош тераяптилар.
— Нега?
— Бир-бирларига отадилар.
— Нега?
— Улар душмандир бир-бирларига.
— Нега?
— Ёмон кўрадилар бир-бирларини.
— Нега?
— …

— Ота, ишдан қайтаётганингизда бешта музқаймоқ олиб келинг.
— Нега бешта?.. Сенга, онангга, Фаридага, менга… Яна кимга?
— Бешинчисини… қушларга берамиз.

Русчадан Усмон Азим таржимаси

ИЮНДА ЎҚИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

Деразам олдидан машиналар ўтар,
қушлар живирлашар деразам оғзида,
машиналарнинг ичида одамлар,
одамларнинг ичида қўшиқлар,
қўшиқларнинг сўнггида сукунат –
англашилмасдир абадият қадар.

Оналар болаларини ухлатар – алла айтар,
бувилар чой ичар – бу саҳнага ғурурла боқар,
тушлари таланган бўйдоқ ва техноман амакилар
ненидир ўрганар, чамалар,
ҳаммасининг ичида қўшиқлар –
англашилмасдир абадият қадар.

Эфирда энг кўҳна филмлар энг янги дубляжда –
сўзлар ўша-ўша, овозлар тамомила бошқа овозда
гўё нимадир ўзгарар,
қаҳрамонлар яна болакай,
лабларидаги титроққа ўхшар гўзал қўшиқлар –
англашилмасдир абадият қадар.

Бу оқшом режиссёр дўстимнинг
Расколниковнинг уйига менгзаган уйида
янги шеърни қандай ёзиш ҳақда ўйладик –
ҳаётни кадрга, сўзга, образга ва яна неларга бўлдик,
энг оргинал шакллар ҳақда мулоҳазалар
айтилса, ҳаётнинг ўзи қадар гўзал,
демак, бу маънисиз мусобақа сукунатда ўтиши керак эди – ўтди,
бу на ғалаба, на мағлубият,
бу бор-йўғи ҳаётнинг оддий бир кўриниши…
Хулласкалом, бу жимликнинг сеҳрида
бир йўловчи бораётир –
бу менман, ичимда англашилмас қўшиқлар –
гўзалдир абадият қадар.

Деразам олдидан машиналар ўтар,
миямда аввалги қўшиқ айланар,
қушлар чивирлашиб япроқлар орасида учар
ва ёзнинг тўртинчи оқшоми
бир яшил япроқ шоҳидан қўпар –
на тинар,
на битар,
на қўлларидан чормихга тортилгани билинар,
на яшаш ҳаваси,
на ўлим ҳавфи,
нада қотил қушлар ҳақда гапирар –
ёҳуд булар барин жим қолгайдир шаън,
мен эса абадият қадар
англашилмас қўшиқлар ўқигайдирман.

НОЯБР КУНДАЛИГИ

Онамга

I (04.XI.2016)

Ёзган тили ўлик ҳисобланган
қадим шоирларнинг шеърларини ўқийман таржимада,
ўзимдан иложи борича олисга қочишнинг
яна бир йўлини тажрибадан ўтказаман ҳар жумлада,
уларнинг нағмалари, севинчи ва кадари менинг ботиқ овоз
ҳорғин нутқим билан бу жума тирилганда ҳам
мени ҳеч ким ва ҳеч нарса овута олмайди энди ҳеч қачон.
Чунки, сен йўқсан, она,
ва ўша болакай ортиқ бош қўймайди тиззанг парқусига.
Демак, инсон яшай-яшай шундай ўларкан, тириклайин…

VII (11.XI.2016)

Дейишади, граматика тилнинг асосий қисми.
Ким билар, буни айтганлар ҳақдир, эҳтимол.
Бироқ, ёзув қоидаларидан узоқ ва хабарсиз
тўрт мисралик битта алланг
“Илоҳий комедия”дан ҳам қадимийроқ, теъран ва тирик эса
сен тилнинг жони, асоси ва руҳисан, она.

X (16.XI.2016)

Бироз аввал ҳамкасбинг Сурайё ҳола билан юзлашдим.
– Онангиз яхшими? – дея сўради.
– Вафот этди… Ўлганига икки йил бўлди, – дедим оҳиста ва ўз беҳис овозимдан сесканиб кетдим.

XII (20.XI.2016)

Менинг умрим ва ёзганларим икки қисмга бўлинган энди:
сен бор бўлган кунлар ва ўша кунлари ёзилганлар,
сен йўқ кунлар, ўша кунлари ёзилганлар ва жим қолинганлар…

* * *

“Қисматинг бошқа қандай бўларди?” саволига
жавобинг йўқ эса бу – қисматдир,
бор эса – топишмоқ.

* * *

Ҳавони алмаштириш учун
деразани очаман.
Ичкари тўлади азон сасига.

ЎША АЁЛГА МАКТУБ

Менга сурат жўнатдинг
узоқ йиллардан кейин,
Мактубнинг ҳасрати не,
боқдим, не хат бўзлари?
Ҳа, шундайдир, сукутда
беркиниб барча сўзлар,
Гўзал сочларингда оқ –
изтиробнинг излари.

Менинг эса кўксимда
хиёнат парчалари,
Таассуф кўйлагини
кулгу шамоли йиртган.
Биргаликда сўнгги кун
яъни, у сурат, ўша
Ўтмишнинг хотирига
сарғайиб тушмиш кўпдан.

Энди ёшим бир жойда,
сен ҳам ҳеч ёш эмассан,
Рўмолинг яширолмас
бўйнингдаги доғларинг.
Ёлғизсан, овқатингни
ҳамон ёлғиз еяпсан,
Тананг сайр қилганда
толиқар оёқларинг.

У одамлар эмасмиз
ҳамда қисмат аҳди не,
Эҳтироснинг кулида
қораяди юзу-кўз.
Кўзгуда таскин берган
гўзаллигинг эмас, йўқ,
Ҳеч бўлмаса додингга
етсин “тирик” деган сўз.

Кичкина шаҳарларнинг
сокин бир дунёси бор:
Учта дўкон, майдонча,
клуб ҳамда қабристон.
Бироқ, гап бу ҳақдамас,
унда барча суҳбатлар
Дунёнинг ўзи қадар
одамни қийнар ёмон.

Умр қайда яшалса,
қисмат унда меҳмондир,
Меҳмонни ҳайдамаслар
бор ахир шундай одат.
Оқшомлар барча ғам-ла,
деразадан ойга боқ,
Лайлининг Мажнунида
сўнг ҳарф-чун ўксин фақат.

Умидлар билан яма
тонгларнинг ҳирқасини,
Дуолардан айрилма
ўзинг учун, мен йўқман.
Хотира чангин сўнгра
артиб ташла кўксингдан,
Энди кетишим лозим,
мактабдан чиқар ўғлим…

ҲАМИДАГА ИККИ ШЕЪР

1

Йўлларингда ёлғиз дарахтдек битсам,
айт, соямда оларсанми ором?
Ёки қўл-бутоқларим кесиб оловларимда
исинасанми?

Ёмғир каби ёғсам бир оқшом
айни ёзнинг қучоғидаги
бу ғалаёнли, бу тиним билмас шаҳар кўчаларига –
таратганда тупроқ атрини
атримни тупроқдан кўтариб қоларсанми лол?

Ёҳуд ёмғир ғариб атаса-ю
кирганингда уйга ичкари,
устинг шалоббо,
пушаймонлар еб,
осмонга лаънатлар ёғдирасанми?

Жанубда қор
топмоқ мушкул,
бир қиш кечасида лайлак қордек тўкилсам,
болаларни йиғиб даврангга ўйнайсанми қорбўрон, айтгин?

Ёки болалардан йиқилса бири
ва ё бармоқлари қотганида муз,
айтчи, ёнармисан жаҳл ўтида?

Бир оқшом дарахт бўлмоқ, ёмғир бўлмоқ, қор бўлмоқ истасам,
ўлим ёқасидан тутиб чеккага отармисан ё?
Ёки йўл олганим он
ҳамроҳ бўлмоқ учун сен менга
оёқланасанми?

Ва бир кеча
ундан-бундан шеърларни битиб,
уйқунг ҳаром бўлиб,
сени уйғотиб,
ўқисам агар
тўғрисин айт, гулим, қувонасанми?

2

Энди сукут мудом кесар менинг сўзимни,
Аввалгидек қон қайнамас энди томирда.
Кўзгулардан қочираман тез-тез кўзимни,
Исмимни ҳам ёзмайман ҳеч бирор деворга.

Қирқи ўтди бу умрнинг жоним, севгилим,
Ҳеч ўксинма, чарҳи ҳали, шукр, ейилмас.
Бир сабоҳни савол қилсанг: қани севгилим?
Кўрарсанки, бир ел эсар, учар ҳар ён ҳас.

Бир куш уни тумшуғида олиб улгурар,
Аста-секин қанот қоқиб учар юқори.
У қуш уни инидаги деворга урар,
Асрамоқ-чун кичкина у қуш болаларин.

Даврангга ол набирангни, азиз дея тут,
Юзларидан кўзимни топ, исмимни чақир.
Кадарни қув, яшир гулим, сен бир мени кут,
Сафаридан қайтар хўжанг шу оқшом чоғи.

ТУҒИЛГАН КУНИМДАГИ ДЎСТЛАРИМГА

Бироз узоқлардан ахтаринг мени,
Бироз суҳбат этсак бу ердан узоқ.
Бироз хаёллардан ахтаринг мени,
Қутулайлик бундан, кетайлик бироқ.

Ойдин сабоҳлардан ахтаринг мени,
Унда қуёш бошқа, кулиш бошқадир.
Тангри гуноҳларни кечиргувчи ер,
Ўйларим у ерда тўлишмоқдадир.

Умр вафо қилса ёзарман, билинг,
Олис тонгларимнинг куйларини мен –
Мени ўз ичимдан ахтаринг бир оз,
Бир кун ўз ичимда озарман билинг.

Ғамгин сатрлардан сўраманг мени,
У омон, Карамдек оловлашаман.
Телба фикрлардан ахтаринг мени,
Яқин кун ичида донолшаман.

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси

ҲАМИН ХОТИНГА МАКТУБ

Манга расм юбординг
олис йиллардан кейин,
Бу расмни кўрганлар
энди нима ҳам дерди?
Не қиларди,сукутда
гизланиб бутун сўзлар.
Гўзалдир сочингда оқ –
изтиробинг санчиғи.
Менинг ҳам эсимдадир
хиёнат зарбалари.
Шаҳватнинг кўйлагини
Таассуф ели қурит.
Бирликда сўнгги кунни,
яъни у расм,адо
ўтмишин ёддошингда
энди кўпдан сўлит.
Энди мен кўп тушаман,
сен ҳам ёшсиз деюрсан.
Қарашларинг шоширмас
бўйнингнинг нозиклиги.
Танҳосан,емагингни
яқин билан ейсан сен.
Гавдангни тик тутганда
бутлайди оёқларинг.
Одамлар доялик
бунда не лозим ахир?
Эҳтироснинг кулида
қорадир юз- кўзимиз.
Кўзгуда таскинлигинг
гўзаллигинг дейилса,
ҳеч бўлмаса додингга
етишсин тириклигинг.
Балоча шаҳарларнинг
кўп роҳат дунёси бор.
уч-дўкон,майдонча,
клуб ва қабристонлик.
Аммо асос бу эмас,
унда бутун суҳбатлар.
дунёнинг ўзи қадар
ёмон эзар одамни.
Умр қайда яшаса
толе унда меҳмондир.
Меҳмонларни қўймаслар,
бир хил одат бор ахир.
Оқшомлари тим қора,
Панжарадан ойга боқ,
Лайлининг Мажнунида
сўнгги ҳарфга бошинг қўй.
Умидлар ичра яма
Сабоҳнинг жуббасини.
Дуолар барқирасин
аммо ўзинг учун йўқ.
Хотира гувоҳини
тозала уст- бошингдан.
шошилиб кетаяпман
ўғлим мактабдан чиқар.

ОЗАРБАЙЖОН

Озарбайжон! Она тупроқ, сен тарихинг ёшидасан!
Турк элининг бош тожисан, қўша Шарқнинг эшигисан!
Юрагисан Кавказларнинг, отинг бордир дунё тўлиқ,
Ҳазор узра қанот керган бургутсан сен: мағрур, улуғ.

Нақорат

Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!

Гўзал Ватан! Сенинг учун неча йигит кечди жондан,
Енгилдилар душманларинг, омон қолдинг сен ҳар замон.
Озарбайжон – онам менинг!
Озарбайжон ўтлар юрти!
Кечувингда айиқ-сайиқ туриб яна қодир ўрду!

Нақорат

Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!

Қанча халқнинг гумон ери, омон ери, қадим диёр,
Қучоқ очдинг мазлумларга, доим яша сен бахтиёр!
Шон-шуҳратли ўтмишисан ҳар кешнинг, бу дунёсан,
Сен ҳар кечинг ёруғ, хушбахт тонгларисан, гўзал Ватан!

Нақорат

Байроғингнинг кўк рангида, миллатимнинг от-шони бор,
Ой-юлдузли ол рангида шаҳидларнинг қони порлар,
Яшилида боболарнинг ҳақ инъоми жўшар шони,
Озарбайжон!
Ёлғиз зафар, ёлғиз зафар саслар сани!

САЛАМГА

Ёзмоқ ҳам ёзмагандек
Дўстим, шундай толедир.
Толе дейилса демак
Не йўқдир, ё зоедир.

Тушсанг энгашди тоғлар,
Қалқсанг – дўстим,суяшди.
Ёпилганда эшиклар –
Билгил ким уни очди.

Ун эласа уч учим,
Биридаги ўзингсан.
Ҳар кас ўзин кучи,
қўнар кийимларига.

Вақт йиқар ҳар ҳайкални,
Бағрига олар тупроқ.
Усти ялтироқларни
еллар очиб қочар, оҳ.

Шукур,ҳали яшармиз,
Ҳаётнинг ой,йилини.
Ошимизни ошармиз,
Йўлларда апил- тапил.

Салом бўлсин бу сабоҳ,
Қўй,Салимдан Сарбонга.
Бандани севган оллоҳ,
Бош этар ҳар карвонга.

Дилбар Ҳайдарова таржимаси