Илғор Фаҳмий (1975)

Илғор Фаҳмий (İlqar Fəhmi) – шоир, носир, драматург ва ссенарийнавис. 1975 йилда Бокунинг Зира қишлоғида туғилган. 1992-1996 йилларда Боку давлат университетининг ҳуқуқ факултетида таҳсил олган бўлса, кейинчалик Белорус давлат иқтисод университетини тамомлаган.
2002 йилда “Энг сўнгги поезд” (“Итлар”) пьесаси Жаннат Салимова томонидан саҳналаштирилган. “Ўлимнинг гали” (2009, режиссёр Фикрат Алиев), “Актриса” (2010, режиссёр Ровшан Алиев), “Дарвеш кундалиги” (2011-2012, режиссёр Элдар Қулиев), “Охирги бекат” (2013-2014, режиссёр Фикрат Алиев) ва бошқа ссенарийлари асосида филмлар тасвирга олиниб, Озарбойжон Маданият ва туризм вазирлиги таклифига кўра ойнайи жаҳонда эфирга узатилган.
2003 йилда Озарбойжон Ёшлар, санъат ва туризм вазирлигининг “Йилнинг энг яхши ёш шоири”, 2007 йилда “Расул Ризо”, 2011 йилда эса “Боку ўтмишидан коллаж” асари учун “Ҳумой” мукофотларига сазовор бўлган. Ҳозирда Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасининг ижодий масалалар бўйича котиби вазифасида фаолият олиб бормоқда.
“Сенли сўзим келди сенга”, “Ўлим гўзалми ёки сен?”, “Яна ғазаллар” каби бир қатор шеърий китоблари, “Илк суиқасд”, “Қарғанинг ини”, “Соядаги ақраб”, “Аквариум”, “Боку ўтмишидан коллаж” романлари ва “Сендан нигоронман”, “Кармен”, “Майгули” достонлари чоп қилинган.

У ҚИЗНИНГ…

Сочлари бир зулфи-паришон эди,
Жумла-жаҳон зулфига қурбон эди,
У қизнинг…
Энди, гўзал сочларин ҳар толасин қор тутар,
Сифатин гўё қора ранги мағлуб, оқ ютар.

Кўзлари бир наргизи-фаттон эди,
Киприги гўё ўткир пайкон эди,
У қизнинг…
Энди, ортиқ порламас кўзлари юлдуз каби,
Киприги узра кўзин ёши қотар муз каби.

Бошдан-оёқ сарви-хиромон эди,
Қоматига сарв лолу ҳайрон эди,
У қизнинг…
Энди, букибдир белин аччиқ ҳаёт, кўр, қанча,
Гўё тортган бир умр ғам юкин яширганча.

Лаблари бир ғунчайи-ҳандон эди,
Бўсаси кўп дардларга дармон эди,
У қизнинг…
Энди, ғамдан эрта-кеч лабларини чўғ этар,
Оҳ, бу қанчалик қайғу, қўл лабларни йўқ этар.

Нутқи ширин бир шаккаристон эди,
Ҳар сўзи маъно тошган уммон эди.
У қизнинг…
Энди, шикоят тўла сўзлар тўлмиш нутқига,
Тонг қадар “оҳ” айламоқ одати бўлмиш яна.

Ошиғи бир янги ғазалхон эди,
Чеккани мудом ғаму ҳижрон эди,
У қизнинг…
Ошиғин энди қалам тутмоққа йўқ тоқати,
Найласин ошиқ, шундай ёзилмиш йўл-қисмати…

* * *

Менки зулмат кечаларда тугаб-битмиш кабиман,
Ўз ёнимдан-да кўзим кўрмай ўтмиш кабиман.

Қанча яра қилсанг ҳамки сира оғриғи йўқдир,
Ярамни бошқа бўсага шундоқ тутмиш кабиман.

Муздир юрагинг дема, менда юракдан йўқ асар,
Уни бир қайноқ хиёнатда эритмиш кабиман.

Нафасимдан ортиқ аввалги ўтни ахтарма,
Боқмагин ёнингдаман, аммо шундай кетмиш кабиман.

Абадий бир наво, йўқ, мен ҳам сенинг умрингда,
Ғамгин бир қўшиқ эдимки энди битмиш кабиман.

Яралганингдан бери чорламишдим сени мен,
Ундан аввал сенга дунёни тор этмиш кабиман.

Сўйлама дардингни Фаҳмий, биларман ҳар нени мен,
Айтмасимдан шундай чорла эшитмиш кабиман.

КЎХНА РОМАНТИКАГА ЭЛЕГИЯ

Энди бахтнинг лаззати йўқ, тоти йўқ,
Ортиқ шан-шуҳрати йўқдир, оти йўқ,
Энди бахтнинг сал-пал тафти бор холос,
Асраб сақламасанг, ҳеч.

“Гўзал” ишқнинг сўнги йўқ, аввали йўқ,
Ҳар тараф шуъла сочган машъали йўқ,
Гўзал ишқнинг сориғ тутуни бор холос,
Унга ҳам йиғламасанг, ҳеч.

“Кўхна ёр”нинг ортиқ ул майдони йўқ,
Қатор-қатор тизилган қурбони йўқ,
Кўхна ёрнинг телба ошиғи бор холос,
Кўксини доғламасанг, ҳеч.

Сенсиз умрин ортиқ ғамгин саси йўқ,
Кўкка етар бир ҳазин нағмаси йўқ,
Сенсиз умрин хиргойиси бор холос,
Қулоғини боғламасанг, ҳеч.

Фалакнинг энди қадим қудрати йўқ,
Оламга ларза солган даҳшати йўқ,
Фалақнинг эски, синган чарҳи бор холос,
Орада бир ёғламасанг, ҳеч.

Фаҳмийнинг қолмиши йўқ, ўлмиши йўқ,
Руҳи самоларда, бунда иши йўқ,
Фаҳмийнинг ерда жисми бор холос
Устини тупроқламасанг, ҳеч.

* * *

Тўкилар сенли соатлар у умрдан, бу умрдан,
Эгилиб кўтарар йўқдир уни ердан, буни ердан.

Уйимга дард кирар ҳар кун, у бошидан, бу бошидан,
Кўзимга соя соларсан, у қошидан, бу қошидан.

Манзилингни сўрадим у ёғишдан, бу ёғишдан,
Сочларинг ифорин олдим у болишдан, бу болишдан.

Сузилар сел каби ёшлар у кўзингдан, бу кўзингдан,
Сени ҳижрон ўпар ҳар кеч у юзингдан, бу юзингдан.

Безганман сенсиз ҳаётим у малолдан, бу малолдан,
Зарра-зарра йиғдим сени у аёлдан, бу аёлдан.

Тўкилар сенли соатлар у умрдан, бу умрдан,
Эгилиб кўтарар йўқдир уни ердан, буни ердан.

МУЗҲАЙКАЛ

Мени инжитмоқ осондир, мени юпатмоқ осон,
Мени ишонтирмоқ осон, мени алдамоқ осон,
Мени асрамоқ осондир, мени йўқотмоқ осон,
Мен-ла бўлмоқ нақадар қийин…

Мени музлатмоқ осондир, мени иситмоқ осон,
Мени парчалаш осондир, мени йиғдирмоқ осон,
Мени кўрсатмоқ осондир, мени яширмоқ осон,
Менга етмоқ нақадар қийин…

Менга зулм этмоқ осондир, мени раҳм этмоқ осон,
Мени ирғитмоқ осондир, мени топдирмоқ осон,
Мени тарк этмоқ осондир, мени келтирмоқ осон,
Мени севмоқ на қадар қийин…

* * *

Тургандим соҳилда танҳо, бир денгиз бор, ҳамда мен,
Кўздан йўқолди бу дунё, бир денгиз бор, ҳамда мен.

Қачондир бирга эдик, севгилим, мен ва денгиз
Энди афсус йўқ дилоро, бир денгиз бор, ҳамда мен.

Жумла ошиқ умидин узди сени кўрмоқдан,
Кўз тиккан йўлингга нисо, бир денгиз бор, ҳамда мен.

Оқшом келди, ҳамма ётди, ҳасратдан ухлолмаган
Кўрмаган ҳеч замон рўё бир денгиз бор, ҳамда мен.

Кўплар кўражак сени ўз ишқин эълон айлашиб,
Қолган ишқинг билан аммо бир денгиз бор, ҳамда мен.

Бир пайт Мажнун эди телба, маскани саҳро,
Энди йўқ Мажнун, на саҳро, бир денгиз бор, ҳамда мен.

Фаҳмий, ғамнинг учбурчагин қисмати бор руҳимда,
Қарагин, бир ғамгин хулё, бир денгиз бор, ҳамда мен.

* * *

Унут мени, ўксинма,
ахир кетдим ёнингдан.
Асар ҳам қолмасин, бас,
бу севгининг тотидан.

Унут мени саҳарлар,
қизил тонг отганида.
Деразанинг қошида
шоҳлар уҳ тортганида.

Унут мени гунўрта,
шамол кунни эгганда,
Диванда ёлғиз қолиб
китоб варақлаганда.

Унут мени ҳар оқшом,
дилга дард ғамлаганда,
Меҳрибон эринг учун,
қора чой дамлаганда.

Унут мени ўтган кун ҳам,
унут мени бугун ҳам.
Унут мени, мен унутдим —
Саҳар… Гунўрта… Оқшом…

* * *

Менки ўз шеъримга солдим ғамни мисрама-мисра,
Ғам энди шеъримда кезар оламни мисрама-мисра.

Дардимни билди табибим, менга ашъор ўқиди,
Гўё суртди ярамга малҳамни мисрама-мисра.

Қалам ила йиғарман ёзмоқ-чун оқ қоғозга
Гул ёноқлардан томган шабнамни мисрама-мисра.

Само тўридан малагим, сени васф қилмоқ ила
Йиқитдим қалбда тўлган мотамни мисрама-мисра.

Ёзилар дафтари-ишққа юрагим қони ила
Умримнинг сенсиз ўтган ҳар дами мисрама-мисра.

Севмишам бир гулни мен, борлиғи инжа ғазал,
Нозин байт-байт айлайди, жом-жамни мисрама-мисра.

Балки Ҳавво ҳам у пайт Фаҳмий каби шоир эди,
Йўлдан чиқарган оҳиста Одамни мисрама-мисра.

* * *

Қачонки ғамли бўлсам, ҳикмат сўйла мен учун,
Нафас каби сиқилсам, ҳикмат сўйла мен учун.

Ёлғон ширин заҳармиш, мени ҳамиша алда,
Ҳақиқатни парчала, ҳикмат сўйла мен учун.

Бу кунларни лаҳзага ўчириб от ёдингдан,
Унутган аёлимдан ҳикмат сўйла мен учун.

Денгиз-денгиз гуноҳдан халос баҳонаси-ла,
Малакларнинг саси-ла ҳикмат сўйла мен учун.

Ҳаёт — тумандек қуюқ, ботиб-ётиб битмабдир,
Ўлим-да бир ҳикматдир, ҳикмат сўйла мен учун.

Ажал рўёси келди, бу ёшни арт кўзимдан,
Оҳиста ўп юзимдан, ҳикмат сўйла мен учун.

Балога асир Фаҳмий, халос учун келгин сен,
Ўтир ёнимда ҳар дам, ҳикмат сўйла мен учун.

* * *

Кўзгудаги ўзингсан, кулма, малагим кулма,
Аксинг тошлашмиш нега, билма, малагим билма.

Бир заррасига ишқнинг айрилмоқ ила етдик,
Кечдир, ёнимга ортиқ, келма, малагим келма.

Кўзёшлар у кунлардан чеҳрангда қолган издир,
Кўр, у қанчалик ожиз, тилма, малагим тилма.

Сўнгги дами умрнинг қўпмоқдадир соатдан,
Ажал ҳам келмиш аммо, ўлма, малагим ўлма.

Фақат Сенинг бўлсин, қўй, руҳингда Уни ярат,
Фаҳмийдан ўзгасини билма, малагим билма.

* * *

Инсон эмасман, энди буни англамишам мен,
Ишқ отлиғ булутдан тўкилган бир ёғишман мен,
Телба ёғишман мен.

Ёғдирса ҳам нопок ерга мени қора булутлар,
Қалбимдаги шаффофлигимни сақламишам мен,
Чунки ёғишман мен.

Ҳар кун чертарман деразасин ул суюклимнинг,
Бошқа манзилим йўқ, унга дардим сўзламишам мен,
Бетил ёғишман мен.

Исбот қила олмасам-да севгимни ҳеч вақт,
Мумкин эмас ишқ ўтига олишмишам мен,
Чунки ёғишман мен.

Ёр уйига кетар йўлни дарёларга йўналтирдим,
Шукрки, ағёрнинг йўлин боғламишам мен,
Қизғанч ёғишман мен.

Ёғсам ҳамки ерга, кўкларга қайтар мени, Ё Раб,
Тупроқларга берма неча қоришмишам мен,
Чунки ёғишман мен.

Фаҳмий, муҳаббатим бўла олмаски, тугасин,
Ишқ отлиғ булутдан тўкилган бир ёғишман ман,
Битмас ёғишман мен.

* * *

Оқ тумандек тушингга кошки, келолсайдим кечалар,
Ғамгин руҳинг қайларни кезди, билолсайдим кечалар.

Ҳар саҳар сабоҳ насимила туғилмоқчун кош,
Бош қўйиб кўксингга оҳиста ўлолсайдим кечалар.

Бўлиниб минг ерга, ҳар заррамни бир юлдуз этиб,
Бошинг узра самоларда тузилолсайдим кечалар.

Йиғлаб, фарёд уриб кундузлар ғариб булутдее сенсиз,
Термулиб кўзёшимга сенла кулолсайдим кечалар.

Сен қоронғуликда ой остида сайр қилганингда мен ҳам,
Руҳингга ой зиёсила сузилолсайдим кечалар.

Қабрим узра лабларингнинг изларини ўпмоқ учун,
Оллоҳимдан ҳам хабарсиз тирилолсайдим кечалар.

Фаҳмийнинг кўнглида фақат битта орзу қолмиш, тушун,
Оқ тумандек тушингга кошки, келолсайдим кечалар.

* * *

Оқшомлар кўкда сени кўп кезиб ахтарди тушим,
Зулматнинг кўксини оқ ишқи ила ёрди тушим.

Келмайдирсан тушимга кўп замондир, эҳтимол,
Ҳуснингнинг беҳад бўлган нури учун тордир тушим.

Гоҳ булутли кўк бўлар, гоҳ далли, туфонли денгиз,
Гоҳида ғам атри келар лолали гулзордир тушим.

Йиғлаб ёлворарман ҳар кеч, раҳми келибми
Сени бир онга эҳтимол менга қайтарди тушим.

Кўзимга анча пайт бўлди, кўринмайди, уялар,
Топа олмайди сени, қаршимда гуноҳкордир тушим.

Сенки, кетдинг, у замондан тушим йўқ бўлди,
Айрилиқ гўё қуёшдир, эришан қордир тушим.

Қайси кунларки, кўрарди тушида Ғаҳмий сени,
Қанча масрур замонлардир, ҳали бордир тушим.

ЁЗ ЭКСПРЕССИЯЛАРИ

Эҳтиёт бўл, тасодифан тушма Аёл кўзларига,
Ки аёл кўзларининг кафаси тубсиз нам бўлур.

Шундай қафасдирки бу, қочмоққа йўқ қатра умид,
Эшиги бир неча қат, деворлари маҳкам бўлур.

Шундай кафасдирки бу, деразасидан ёш оқар,
Маҳбусга бергани фақат дард ила ғам бўлур.

Шундай қафасдиреи бу, зулмати битмас умрбод,
Нурининг умри эса бир нафас, бир дам бўлур.

Шундай қафасдирки бу, оқни ажратмас қорадан,
Тафти жон олгувчию, совуғи малҳам бўлур.

Шундай қафасдирки бу, танҳосан, йиғлагайсан,
Аммо бир инсон келса — қон тўкилур, мотам бўлур.

Шундай қафасдики бу, тасвирига йўқдир сўз,
Бунга тушган инсон улғайиб сўнгра бир Одам бўлур.

Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси