Петерис Зирнитис (Pēteris Zirnītis) – латвиялик шоир. Санкт-Петербург университетининг филология факультетини тамомлаган. Унинг “Минг қўнғироқ уйқуси”, “Сентябрь лирикаси”, “Дўстим ҳақида китоб”, “Бўсағадаги гувоҳ”, “Об-ҳаво маълумотлари”, “Кўрганларим” каби тўпламларига жо бўлган шеърлари Европанинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
ТОКИ ИШҚ БОР ЭКАН
(Шарққа татаббулар)
* * *
Сен парқу булутсан, жаннатнинг ҳури,
Гўё чайқалурсан, учиб ҳалинчак,
Ҳалинчак риштаси пок Ҳилол нури…
Шул қадар нозиксан, о, инжа малак…
* * *
Пойларимиз чирмашади мисоли илдиз,
Қарағайнинг мумларидек терлаган бадан.
Энди бизни ажратолмас ажал ҳам ҳаргиз,
Жисмимизда оқаётир олов – ишқ деган…
* * *
Елкам узра қанот қоққан икки қуш каби,
майин-майин сирпанади қўлларинг такрор.
Меҳрмиди, сеҳрмиди улар матлаби,
кўксим ёриб чиқар Юрак – асов бир тулпор.
* * *
Оқилона ҳикматларни тинглайман гоҳи,
Бироқ улар хотирамда қолмоғи қийин.
Яноғимга нафасларинг урилган чоғи,
Борлиқ аҳли донишларнинг фикри бир тийин…
* * *
Бўса деган бир оташда ёняпман бутун,
Сен ҳам энди бир гурласанг, ҳаққинг кетмайди.
Ахир тушун, оламшумул ишқимиз учун,
Битта Ойнинг нури зинҳор, зинҳор етмайди…
* * *
Қоронғу хонада қўлинг ахтарар,
Мен атай қотгайман мисли тош.
Мени топмагандан ранжиган қўллар,
Беқиёс ишқингни айлайдилар фош.
* * *
Сен ухлагач,мен ўзимни сезгайман ёлғиз.
Яноғимни кўксинг узра қўярман аста.
Ғариб ҳолим англагандек, қаро тун маъюс,
ғойиб бўлар, бош кўтарар Қуёш бир пасда…
* * *
Шамни ёққил, парвоналар куйсин, токим –
содиқлигин исбот этар улар ёниб.
Гул танангга ногоҳ тушса менинг хоким,
ҳайрон бўлма, ва йиғлама Сен уйғониб…
* * *
Тун жуда қисқадир, қароғим
айтишга улгурмас севгимни.
Ва тонгда бу ташна дудоғим
тўймайди такрорлаб исмингни.
* * *
Қўлларим гунг ва лол, улгурмас,
Сенга ишқ изҳорин айтмоққа,
Тун жуда қисқадир, мумкинмас
бир достон сен учун битмоққа…
* * *
Бизларни чорлабди мевазор дала,
Нафис чечаклардан тузиб гулчамбар,
Эҳтимол, бизлар ҳам энди бир йўла,
Мангуга қолармиз бунда эй, дилбар…
* * *
Агар бизлар кетсак, шабнамдай зилол
Бинафшага мерос – бўсаларимиз.
Уларни тергайдир меҳрибон Ҳилол,
Бизни ёд этсалар, қайта келармиз…
Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаcи