Юстинас Марцинкявичюс (1930-2011)

Юстинас Марцинкявичюс (Justinas Marcinkevičius) — Болтиқбўйи мамлакатлари адабиётининг XX асрдаги энг ёрқин юлдузларидан бири. Литва халқ шоири. “Менга сўз беринг”, “Нон ушатаётган қўл”, “Ёғоч кўприклар”, “Оловланган бута”, “Ҳаётнинг ҳузурбахш қўли”, “Яша ва шукр қил”, “Ўн икки баҳор”, “Қон ва кул”, “Девор”, “Илм дарахти”, “Миндаугас”, “Ибодатхона” каби тўпламлари, достонлари ва шеърий фожеалари жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олди.

КУТАЁТГАН АЁЛ

Бўсағада турар уй соҳибаси
Бўсағада турар уй соҳибаси
Дераза олдида йўл қарайди у
Кутиб олар кузатиб қолар
Чеҳранг тўла умид,
Қўлларингда умид кечқурунлари
Қалбинг тўлиб турар умидга
Далаларнинг йўлларнинг ҳам нарёғи умид!

Кетаётганларга кўзинг тушади
Қайтмайдиганларга тушади кўзинг
Оёқ остидаги сўқмоқ
Қўлингдаги калава ип ҳам –
Кутиш кутиш
Интизор кутиш
Зору зор кутиш

Ҳамиша шундайдир –
Сен бор, сукут бор
Ҳамиша, ҳамиша
Сен бор, сукут бор

Зулматнинг юрагин тинглаб турасан

Қичқирсанг-чи, қичқир
Менинг овозимни олиб қичқиргин!

ИЛОВА

Ҳар битта дўнгликнинг ортига
Қўйиб қўйдим биттадан қуёш:
Улар бари бирдан чиққанда
Болаларнинг қувончин кўринг!

Ҳар битта қайиннинг шохига
Ўтирғиздим биттадан какку:
Кукулашган пайтда кўрасиз
Бўй қизларнинг севинишларин!

Ҳар бир бўз йигитнинг қалбига
Экиб чиқдим битта-битта сўз:
Улар ватан бўйлаб кетганда
Юраклари пориллаб ёнар!

ҲАЁТ

Сўзларимни тинглаб ётар қулоқ-қулоқ,
Кўзин узмай кузатади юлдуз-юлдуз.
Уйдан чиқсам тарқаламан бутоқ-бутоқ,
Уйга қайтсам тўпланаман илдиз-илдиз.

Рус тилидан Жавоҳир Санъат таржимаси