Петерис Зирнитис (1944-2001)

Петерис Зирнитис (Pēteris Zirnītis) — латвиялик шоир. Санкт-Петербург университетининг филология факультетини тамомлаган. Унинг “Минг қўнғироқ уйқуси”, “Сентябрь лирикаси”, “Дўстим ҳақида китоб”, “Бўсағадаги гувоҳ”, “Об-ҳаво маълумотлари”, “Кўрганларим” каби тўпламларига жо бўлган шеърлари Европанинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

ТОКИ ИШҚ БОР ЭКАН

(Шарққа татаббулар)

* * *

Сен парқу булутсан, жаннатнинг ҳури,
Гўё чайқалурсан, учиб ҳалинчак,
Ҳалинчак риштаси пок Ҳилол нури…
Шул қадар нозиксан, о, инжа малак…

* * *

Пойларимиз чирмашади мисоли илдиз,
Қарағайнинг мумларидек терлаган бадан.
Энди бизни ажратолмас ажал ҳам ҳаргиз,
Жисмимизда оқаётир олов – ишқ деган…

* * *

Елкам узра қанот қоққан икки қуш каби,
майин-майин сирпанади қўлларинг такрор.
Меҳрмиди, сеҳрмиди улар матлаби,
кўксим ёриб чиқар Юрак – асов бир тулпор.

* * *

Оқилона ҳикматларни тинглайман гоҳи,
Бироқ улар хотирамда қолмоғи қийин.
Яноғимга нафасларинг урилган чоғи,
Борлиқ аҳли донишларнинг фикри бир тийин…

* * *

Бўса деган бир оташда ёняпман бутун,
Сен ҳам энди бир гурласанг, ҳаққинг кетмайди.
Ахир тушун, оламшумул ишқимиз учун,
Битта Ойнинг нури зинҳор, зинҳор етмайди…

* * *

Қоронғу хонада қўлинг ахтарар,
Мен атай қотгайман мисли тош.
Мени топмагандан ранжиган қўллар,
Беқиёс ишқингни айлайдилар фош.

* * *

Сен ухлагач,мен ўзимни сезгайман ёлғиз.
Яноғимни кўксинг узра қўярман аста.
Ғариб ҳолим англагандек, қаро тун маъюс,
ғойиб бўлар, бош кўтарар Қуёш бир пасда…

* * *

Шамни ёққил, парвоналар куйсин, токим –
содиқлигин исбот этар улар ёниб.
Гул танангга ногоҳ тушса менинг хоким,
ҳайрон бўлма, ва йиғлама Сен уйғониб…

* * *

Тун жуда қисқадир, қароғим
айтишга улгурмас севгимни.
Ва тонгда бу ташна дудоғим
тўймайди такрорлаб исмингни.

* * *

Қўлларим гунг ва лол, улгурмас,
Сенга ишқ изҳорин айтмоққа,
Тун жуда қисқадир, мумкинмас
бир достон сен учун битмоққа…

* * *

Бизларни чорлабди мевазор дала,
Нафис чечаклардан тузиб гулчамбар,
Эҳтимол, бизлар ҳам энди бир йўла,
Мангуга қолармиз бунда эй, дилбар…

* * *

Агар бизлар кетсак, шабнамдай зилол
Бинафшага мерос — бўсаларимиз.
Уларни тергайдир меҳрибон Ҳилол,
Бизни ёд этсалар, қайта келармиз…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаcи