Константин Бальмонт (1867-1942)

Константин Дмитриевич Бальмонт — рус символист-шоири, таржимон ва эссеист, Кумуш асар рус поэзиясининг атоқли вакилларидан бири.
Шоир 1867 йилнинг 15 июнида Чор Россиясининг Владимир губерниясига қарашли Гумнишчи қишлоғида туғилиб, 1942 йилнинг 24 декабрида Франциянинг Нуази-ле Гран шаҳрида вафот этган.
Шоир ҳаётлигида унинг 35 та шеърий, 20 номдаги насрий тўпламлари чоп этилган. К.Бальмонт жаҳон адибларининг ўнлаб асарларини рус тилига ўгирган таржимондир. Шу билан бирга у кўплаб илмий – адабий тадқиқотлар, филологик трактатлар ҳамда адабий-танқидий эсселарнинг муаллифидир.

* * *

У сендан юз буриб кетганда йироқ,
Изидан жаранглаб таралди кулгунг —
Кумуш оҳанглардан ҳатто майинроқ,
Баргидан-да майин марваридгулнинг.

Майинроқ — тонгдаги кўлнинг барқидан,
Эпкиндан-да майин — тунги, мудроқи.
Майинроқ — ёддаги қўшиқ шавқидан,
Илк бўса ўтидан майин ҳаттоки.

Майинроқ — нигоҳлар тубидан учган
Умид шуъласидан, бахт сўраб тайин.
Ногоҳ шалоладек осилиб тушган,
Нурли кокиллардан ҳаттоки майин.

Майин — мў‘жизага термилган сайин
Тошган ҳайратдан-да, юрак қаъридан.
Поляк гўзалидан ҳам чандон майин,
Демакки майиндир бари-баридан.

БОДЛEРГА

О, Бодлер, қалбингни англаб етгани,
Интилдим, сен кабир шоирсан, яъни
Даҳшатлар, гирдоблар, хулё жазмани!

Сен чоҳга йиқилган самовий жонсан,
Қабоҳат комида небкин инсонсан,
Жоҳиллар қўлида гаров султонсан.

Мангулик кўзига боқдинг музаффар,
Руҳингда уч қўшиқ яхлит жаранглар:
Ифору оҳанглар ва сермавж ранглар!

Сен билдинг Аёлни, иблисдир, ёҳу!
Иблис ҳам сочар гоҳ мунаввар ёғду,
Аслида аёлга ўзинг ҳам оғу.

Тинглаб келажакнинг сирли сасини,
Чиздинг унинг забун манзарасини,
Тирнадинг одамлар дил ярасини.

Сен бадкор дунёда саргардон руҳсан,
Муртадлар қалбига қутқу шукуҳсан,
Хўрланган роҳибсан, буюк мажруҳсан!

Менинг юрагимнинг осмони бўл ҳур,
Ҳар қачон руҳинг-ла бўлай мен масрур,
Одамлар ичида юрмоқ-чун мағрур!

ҚУШЧА

Жонсарак бир қушча қўнди дарчамга
Ва парво қилмайин мендаги ғамга,
Тунд, ғариб кулбамни кўмди оҳангга.

Оқшом шафағидан сўнар алвон из —
Зулмат босиб келар фалакни тиғиз,
Видо айтмоқдайдим мен танҳо, ёлғиз.

Қушча деразамга қўниб бу чоқда
Сайрарди ҳеч сўнмас кундузлар ҳақда,
Сирли дунёларни олқишлаб, мақтаб.

Кўзимни юмдим мен ғам-қайғусиз, шан,
Қушча ҳам мен бир-ла учиб, дафъатан,
Жимжитликдан чўчиб, тинди сайрашдан.

Мирпўлат Мирзо таржималари

* * *

Сени ўйламаган бир куним йўқдир,
Лаҳзам йўқ, мен сени илҳақ кутмаган.
Лек нетай, тақдирнинг кўзлари сўқир,
Игна кўзидан ҳам дунё тор экан.

Ҳатто орзуга-да олам келар тор,
На илож, сен бугун мендан йироқсан.
Гарчи етказганинг –туганмас озор,
Нетай, дилозорим, сенга муштоқман.

Боиси – армон-ла сени севаман,
Мен сени севаман: севгим – тошқин, сел.
Томирдаги туғён билан севаман,
Мен cени севаман, оҳ, севаман, кел!

* * *

У индамай бўларди таслим,
Ўпганда ҳам чиқармасди сас.
– Мовий уммон қаъридек, балким,
Балким, булут олгандек нафас!

“Керак эмас” демасди сира,
Кутмас эди ваъдаларни ҳам.
– Мисли субҳидамдек бокира,
Тун қўйнида эригандек шам!

У қўрқмасди дўзах ўтидан,
Бўлмоғидан гуноҳкор, осий.
– Гўё юлдуз тўла каҳкашон
Порлагандек, абадий, боқий!

ТЎЛИНОЙ АНДУҲЛАРИ

Бир сингилдек эдинг менга шафиқ, меҳрибон,
Мен севардим: номинг ҳануз азиз тутарман.
Лек, нетайки, бугун лоқайд шарпасан бежон,
Тўлин Ойнинг остида мен андуҳ ютарман…

Истайманки, шу соҳир тун ёзганча қанот,
Бир самовий ришта ила бизни боғласа.
Истайманки,чўнг қайғулар ичра бенажот,
Нигоҳингни қароқларим ишқдан чўғласа…

Истайманки, азоблардан рангпар яноғинг
Заъфарон тус олганида, сени айлаб лол:
Суйиб ўпсам, қошу кўзинг, нозик бармоғинг,
Шивирласанг: “Мен сизники бўлдим!” – деб хушҳол.

Мен аминман, оламдаги гуллар биз учун
Нисор айлаб ифорларин, қаддин керарди.
Ва ўшанда менинг ошиқ юрагим дилхун:
“Сен севгимсан, сен – азобим!” – деган бўларди…

АЛАНГА

Йўқ, чорлама, кетақол тезроқ.
Эҳтиросдан олисман, ахир.
Севмоқ! Яна рашк-ла ўлдирмоқ,
Наҳот, ишқнинг фазилатидир?!

Менинг севгим лаҳзалик, оний.
Тезда сўнар. Кетгайман бадар.
Бамисоли ёруғ кундан сўнг,
Тушганидек қоронғу тунлар…

Севмагайман мен сени шаксиз,
Хароб қилмоқ ниятим йўқдир.
Шундай экан, қилмасдан афсус,
Қочиб қолгин, бўзлатмай тақдир…

Гўдак каби нозик елкангга
Оғир юкни ташлама, эй гул.
Нур таратмоқ бегона менга,
Алангаман, мендан қолар кул.

БИЗ КЕЧИКДИК СЕВМОҚ УЧУН…

Ҳатто ўйлар кечикканди,
Ҳазин эди тунги наво.
Тушлар кўриб ичикканди
Важоҳатли, сирли дунё.

Вужуд тўла алам-озор,
Юлдузи йўқ зим-зиё тун.
Дилдан сизар эзгин иқрор:
Биз кечикдик севмоқ учун…

Англамадик не ибтидо,
Недир бу туш ҳамда оҳанг.
Қўшиғимиз бўлди адо
Сафолардан бермай жаранг.

Совуқ, заҳил кўчаларда
Не-не аёз сўз эшитдик.
Ҳижронли, тунд кечаларда,
Биз кечикдик, биз кечикдик….

АҚЛУ ИДРОККА ОЛҚИШ

Оламда оқилу телба теппа-тенг,
Тенг бўлгандек нур билан соя.
Уларда икки йўл мавжуд денг,
То тириклик топмас ниҳоя…

То асирмиз бизлар дунёга,
Токи олам эшиклари берк.
Бир ниҳолдек ташна зиёга,
Чоралайверар қалбимизни эрк…

Шу боисдан дунё саҳнида,
Жуда маъқул фикрий турфалик.
Мисол учун, инглиз ақлида
Бирдек зоҳир нур ва туманлик…

Шу иккиси қилади ошкор
Қадим элга неки қадрдон.
Бамисоли сонсиз оролни
Қуршагандек ложувард уммон.

Франсуз фикрати уятдан холи,
Немис ақли расо, вазмин ва тумтоқ,
Рус ақли-чи, тажанг, доим низоли,
Скандинавларда–фолбинлик кўпроқ…

Испан ақли чўғдек порлайди алвон,
Ўта жўшқин, гўё гўзал чиннигул.
Италянлар ақли-ширин бир ёлғон,
Мадонна чеҳрасин эслатар маҳзун…

Қиличдек ўткирдир лотинча ақл,
Эллинлар закоси –илоҳлар тили.
Ҳиндлар даҳоси ҳам улуғ, бедахл,
–Унда зоҳир рангу туснинг минг хили.

Кўрдимки, серкўпик ҳаёт уммони,
Соҳилда мен Cенга юзландим, Эгам:
Дўстларимга етказ дил эҳтиромим,
Салом, де, инсоф бер, душманимга ҳам!

ЯРАДОР

Онгим мени оғир жароҳатлади,
Юрагимни қийма қилди шуурим.
Менда муштаракдир дунё матлаби,
Изтиробдан қалбда дунё тикладим:
Ҳар нафаси – оташ, дудлари – ўлим…

Англайман, туйғулар риё эканин,
Ўзим қурган соя ўйинларин ҳам.
Санъаткор шоирдек соҳир қаламим,
Сўзим ҳали теран ҳикмат, демасман.

Англайман: кўзимда гуноҳ, жаҳолат,
Гоҳ ботқоқ, гоҳида мовий кўк зоҳир.
– Фақат фикр мавжуд,бор зилол уммон,
Сезаман,бу ҳаёт бир туш эканин…

Ҳаётда ҳар нарса эркдан далолат,
Ижодкорман, гарчи эмасман машҳур.
Жисмимни қақшатар, оғир жароҳат,
Ўзлигим – ўзимда маҳбус кабидир…
Шул сабаб онг мени жароҳатлади,
Юрагимни қийма қилди шуурим…

АЙРИЛИҚ

Айрилиқ, доғи ҳижрон адо қилар ҳаммани.
Эвоҳ, ҳеч ким севмайди, Она тупроқча мани…
Дайдининг қўшиғидан.

Кимсалар бор маҳкум дарбадарликка,
Қайда бўлмай, мен ҳам бегонадирман.
Минг тусда товланган орзумандликка,
Бир содиқ хуштордек, девонадирман…

Кўз олдимдан кечар не-не шаҳарлар,
Қишлоғ-у қўрғонлар қайғуси тенгсиз…
Лекин, нетай, эй дил, бу чархи даввор
Кутганимга дучор қилмади ҳаргиз…

О, айрилиқ! Гўё ёт кема изи,
Ва-ё, турфа тўлқин мавжи кабисан,
Мен эса бир дайди, толе юлдузи

Севилмоқни орзу қилиб чарчаган…
Заминга йиқилдим ва билдим, Ё раб!
Мени ҳеч ким Она ердек севмаган!

СУВ ПАРИСИ

Ўтинчим шу: англа мени, истасанг ёр эт.
Бу юрагим бир сени дер, сен бахтиёр эт.

Сенга қадар мен бир ҳиссиз, рангпар мавжудот–
Яшар эдим тийра денгиз қаърида ҳайҳот…

Йўқ,шошилма… Ҳозир айнан иккимизга деб,
Янги бир Ой кўтарилар, кўкка бериб зеб…

Қара, ана…балқди Ҳилол; Денгиз ҳансирар…
Сен –Меники…Мен – Сеники…қайноқ бўсалар…

Ўпгин жоним, ўпавергин, баданим заррин…
Оҳ, Сен билан ўтар дамлар қанчалар ширин…

АЖАЛ

Сонет

Эй шафқатсиз арвоҳ, иблисона руҳ,
Барча маконлару замон хоқони.
Сен ҳосил йиғмаган бирорта кун йўқ,
Сен ҳар жангда ғолиб, олдинг туғрони…

Бедор кўзга бериб ўлим уйқусин
Бахш этдинг, маҳкумга умид ё армон.
Гоҳ сабо, гоҳ зиё каби туйғусин
Қўзғадинг, кимгаки дунё зимистон.

Ҳаммага ҳаловат берган ўзингсан,
Ҳатто гумон – шубҳа домида шаккок
Исёнкор қалбларга бахш этдинг ором.

Мен ҳам бугун сенга чиндан бериб тан,
Пойингда бамисли унутилган хок,
Сулҳ битимин тузмоқ истайман тамом…

“КЕТИБ БОРАР НУРАФШОН МАЙ…”

Кетиб борар нурафшон май. Кўк гумбази тортди хира.
Тағин беш йил ўтар-ўтмай, ўттиз ёшим ҳам хотира.
Энди булбул сайрамайди, жунжуктирар изғирин, нам,
Само чеҳраси ҳўмрайди, ёрқин кунлар топар барҳам…

Кейин аста бошланади, сарсон-саргардон кунларим,
Озурда дил ғашланади:соғинч, гумон, қайғуларим…
Ҳаёт менга нени тутар? Муҳаббатми, бахт армуғон…
Олдда, айтинг, нелар кутар? Эзгулиги… кўп даргумон…

Илло, дунё қув, риёкор,атагани сароб чиқар,
Аминманки, қилиб абгор, заҳмат гирдобига тиқар…
Бу ғамбода йўлда юриб, йиқилгайман, сурингайман,
Содиқ дўстлардан айрилиб, қад ростлашга урингайман.

Ҳаммасидан бўлгай ёмон –ўзлигимни унутмоғим,
Дилимни тарк этиб имон, ўз сўзимдан ҳам тонмоғим.
Майли, шундай бўлақолсин…азоблардан чекинмайман,
Изғиринли қаро тунда, паноҳ тилаб бекинмайман…

Истагим шул: бу хитобдан бир мақсадга жоним пайваст,
Қай бир дилни изтиробдан, кўз ёшидан аритсам бас!

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси