Рамиз Равшан (1946)

Равшан Рамиз Маммадали ўғли (Ramiz Rövşən) 1946 йил 15 декабрда Боку шаҳрида туғилган. 1969 йилда Озарбойжон Давлат университетини, 1978 йилда Москва Олий сценарий курсларини тамомлади. «Озарбойжонфильм» киностудиясида, «Мўзалан» сатирик киножурналида муҳаррир, киностудия Бош муҳаррири бўлиб ишлаган. 1992 йилдан Озарбойжон Таржима марказининг Бош муҳаррири. Унинг сценарийлари асосида бир нечта бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинган.
Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи. Шеър ва ҳикоялари кўпгина тилларга таржима қилинган. АҚШ, Германия, Англия, Франция, Польша, Бўлғория, Туркия, Эронда нашр этилган. Рамиз Равшан Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъати ва Озарбойжон Матбуот кенгаши аъзосидир.

ЁМҒИРЛИ КЕЧА

Қалбим ором билмас ёмғир ёққанда,
Ёдимга қондошу азизлар келар.
Тун чоғи томчилар кўкдан оққанда
Тушимга дарёлар, денгизлар келар.

Тунда ёмғир ёғар, минг сас, минг садо,
Тиканли оҳанглар тинглайди кеча.
Игналар санчилган, игналар ботган
Занжи баданидек инграйди кеча.

Тунда ёмғир ёғар ғам-ла турланган
Бир шоир қалбига бўлади малҳам.
Тунда ёмғир ёғар — кундуз кирланган,
Гуноҳкор дунёни тозалар бу дам.

Само соҳибкори тинчимас яна,
Очар сандиқлару дафиналарни.
Тунда ёмғир ёғар — ёғар шеъримга,
Ювар ҳижронлару қофияларни.

Кўзларим юмилар ҳорғин Ой каби
Чироқни ўчириб, аста ётаман.
Энди ўз хонамни палахмон каби
Кечанинг бағрига ногоҳ отаман.

Энди ётоғимга тўлади кеча.
Тун бўйи ёнимда қолади кеча.
Айни саҳар найти менинг уйимдан
Қуп-қуруқ чиқади ғалати кеча.

АЙРИЛИҚ

Яна бу шаҳарда юзма-юз келдик,
Найлайлик, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Балки биз бахтиёр бўла олардик.
Балки бахтиёрмиз, хабаримиз йўқ…
Орадан неча йил ўтди ел каби,
Танимай қолибман сени, кечиргил.
Мен сенсиз ўламан, деб ўйлаб эдим,
Ва лекин ўлмадим, мени кечиргил.
«Ўлмадим» дейману, сўзламоқ оғир,
Балки ўлгандирман ҳижронда сенсиз.
Қабрсиз, кафансиз ўлганман ёлғиз,
Ўлимдан оғирроқ айрилиқ ахир…
На мен аввалгиман, на сен эндиги…
Айрилдик, шайтонни кулдирдик у дам,
Бу йилу бу ойнинг бу куни юрган
Мана шу кўчада учрашиб турган,
Мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик у дам.

…Ўнгу сўлимизда одамлар тўла,
Қўл ушлашиб эркак-аёллар ўтар.
Ўзидан хабарсиз, хаёллар билан
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар.
Ўтар ўз қонига ботган одамлар,
Дейсанки, қон қани? Дод, оҳ йўқдир…
Ҳамма гуноҳкорлар дунёда, аммо
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз ёзилмишдир бу толе, бу бахт,
Сопқондан отилган жуфт тошдек беиз
Балки бу дунёда ўн-ўн беш йилмас,
Минг йил бундан аввал айрилишдик биз…
Тўғри йўлимиздан адашиб ногоҳ,
Ўзга йўллар билан кетибмиз, ишон.
Балки минг йил аввал чеккандирмиз оҳ
Минг йиллик хатога бўлганмиз қурбон…
Ўрнини алмашган балки қиш, баҳор,
Қоришган дунёда қишлоғу шаҳар.
Балки ўз қорнида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтариб юрар.
Умрим бошдан охир ёлғондир балки,
Толеим аслида бошқа бир достон.
Ҳов йўлдан ўтган қиз онамдир балки,
Балки ўз ўғлимиз ана у ўғлон.
Бу ёлғон умримда кўрган сен кимсан?
Балки севгилим ҳам эмассан асли.
Онамсан, опамсан, балки бувимсан,
Бир Аллоҳ билади сен кимнинг насли.
Бизни ким қутқарар бу айрилиқдан,
Додимизга етмас на ер, на само,
Ўликсан, тириксан, ҳар инсон чида!
Кел қўлингни ўпай, ғанимат дунё…

Носир Муҳаммад таржималари

ҚАДРИМНИ БИЛМАДИ БУ ОДАМ МАНИМ

Билмайман қаердан топди умримни,
Бир асов от каби умримни,
Тоғларга-тошларга отди умримни,
Қадримни билмади бу одам маним —
Илоҳим, хал ос эт бунинг дастидан!

Кошкийди умримни бу ер юзинда
Бир бошқа одамга туш айласайдинг,
Мени одам эмас, қуш айласайдинг,
Ҳеч йўқса, бир қора тош айласайдинг.
Мени бу кимсага нечун дуч қилдинг,
Илоҳим, халос эт бунинг дастидан!

Халос эт, бер мени, ўзгаларга бер,
Синиқ ойналарга, кўзгуларга бер,
Бўлинай, юз бўлак, минг бўлак бўлай,
Бу одам юзимга боқа билмасин.
Мени ойналарнинг синиқларидан
Тўплай билмасин у, йиға билмасин,
Илоҳим, халос эт бунинг дастидан!

Бўлинсам, бўлингай дардим, албатта,
Ҳар дардим юз битта, минг битта бўлур.
Бир дардим қолмагай ўзимдан катта,
Барча дардларимдан мен катта бўлгум.

Шул замин устида, само остида
Бўлинсам, ҳар парчам бир ёнга тушса,
Қачондир кўнглингнинг хуш соатида,
Илоҳим, янгидан ёдингга тушсам,

Янгидан тўпласанг бўлакларимни,
Синиқ қўлларимни, оёқларимни,
Оғзимни, бурнимни, қулоқларимни,
Илоҳим, янгидан яратсанг мени,

Дунёнинг энг гўзал кўзгуси бўлгум.
Янгидан дунёга йўлласанг мени,
Бу одам бўлмасман, ўзгаси бўлгум —
Илоҳим, халос эт бунинг дастидан.

Усмон Қўчқор таржимаси

Етмишинчи йилларнинг бошида машҳур турк шоири Фозил Ҳусни Доғларжа бир ёш шоир шеърларини ўқиб чиққач, ҳайратга тушиб, сўраган экан: «Бу одам тирикми, борми?». Айтибдиларки: «Бор, соғ-саломат». Турк шоири яна-да ҳайратланиб, айтган экан: «Сизларда (СССРни назарда тутган) асл шоирларни ё қатл, ё қатағон этадилар? Нега ўлдирмадилар, ахир, бу одам ҳақиқий шоир-ку!».
Фозил Ҳусни Доғларжа ўқиган шеърларнинг муаллифи озарбайжон шоири Рамиз Равшан эди.

ШОИР БЎЛМОҚ

Сўлмасга

Бироз қуёш, бироз ҳаво,
Бироз ёғиш* бўлмоқ бу,
Бироз оғоч, бироз уя,
Бироз-да қуш бўлмоқ бу.

Бироз кеча, бироз кўча,
Бироз дала бўлмоқ бу,
Бироз жавон, бироз қари,
Бироз бола бўлмоқ бу.

Бироз ўзга, бироз қардош,
Бироз таниш бўлмоқ бу.
Бироз қўшиқ, бироз дуо,
Бироз қарғиш бўлмоқ бу.

Бироз севги, бироз гуноҳ,
Бироз савоб бўлмоқ бу,
Бироз шубҳа, бироз савол,
Бироз жавоб бўлмоқ бу.

Бироз эрта, бироз бугун,
Бироз сабоҳ бўлмоқ бу,
Бироз кофир, бироз мўмин,
Бироз Оллоҳ бўлмоқ бу.
___________
*ёғиш — ёмғир

* * *

Булут каби ўлсанг –
Бир ёз ёғишида.
Умид каби ўлсанг –
Бир қиз боқишида.

Бир ел қанотида
Япроқ каби ўлсанг.
Бир қабр олдида
Тупроқ каби ўлсанг.

Бир гул каби ўлсанг –
Бир гулдон ичинда.
Булбул каби ўлсанг –
Бир ҳижрон ичинда.

Бир сас каби ўлсанг –
Бир кар қулоғинда.
Бир сўз каби ўлсанг –
Бир гунг дудоғинда.

Кундан–кунга ўлсанг,
Дона–дона ўлсанг,
Ўлганча тирилсанг,
Сўнг яна ўлсанг.

БИР САҲАР УЙҚУДАН ТУРИБ…

Бир саҳар уйқудан туриб
Ўзингни ушоқ* кўрасан,
Кўрасан, ҳамма уйдадир,
Ўлганларни соғ кўрасан.

…Қочиб кетар деб қўрқасан,
Эшикни беклаб келасан,
Қайтиб кириб ичкарида
Янги бир қўноқ кўрасан.

Кўрасанки, ул қўноқнинг
Бошдин-оёғи қоп-қора.
Ундан бошқа ҳаммасининг
Уст-бошини оқ кўрасан.

Панжарадан ичкарига
Нур ёғдирар хира кундуз,
Ичкарида — бўм-бўшликда
Ёнган бир чироқ кўрасан.

Ўчирасан ул чироқни —
Ҳамма бирдан йўққа чиқар…
Хонангда бир қора қалам,
Ёлғиз оқ вароқ кўрасан.

* Ушоқ — бола

Хуршид Даврон таржималари

ДУНЁ НОГОҲ ЁРУҒЛАНСА

Бир офтоб чиқса бир кеча,
Дунё ногоҳ ёруғланса,
Шаҳар-шаҳар, кўча-кўча,
Ётоқ-ётоқ ёруғланса.
Кўрардик, кимларнинг қўли
кимларнинг қўйнидан чиқар.
Кимлар эгила-эгила
кимларнинг уйидан чиқар.

Ойдин кун бўлса бир кеча,
Минг-минг турли гуноҳ кўрсак.
Устини ёпа олмаса,
Дунёни яланғоч кўрсак.

Бошимизга нима келар,
ақлимиз шошар, эҳтимол.
Ҳамма бирдан бош кўтариб,
дунёдан қочар, эҳтимол.
Бас, ким қолар бу дунёда,
Гўдаклар қандоқ уйғонар?!
…Яхшиямки, бу дунёмиз
Секин-секин ёруғланар…

Қора кийган аёл
Кишилар бир бўлмас, одам боласи,
қўрқоғи бор,
марди бор.
Аммо ҳар кимнинг ўлганидан сўнг,
қабри узра йиғлагувчи
Бир қора кийинган гўзал аёлдан
умиди бор.

Сен ўлганда
ким бўлади кўзларингни боғлаган?
Дўстингми бўлади?
Ётми бўлади?
Бу дунёда, балким, сен деб, энг кўп йиғлаган,
Сен энг кўп йиғлатган хотин бўлади.

Кўз ёшлари ювар қабртошингни,
Қабрингда тўлғаниб,
дейсан, Худойим,
Йиллар бўйи мен йиғлатган бу аёл
қайда яна асрагандир
бу қадар кўз ёшини?!

Бирор марта
на сочини силадим,
на-да кўз ёшин артдим,
Қорачиғимга ботар энди
сочининг ҳар толаси,
Йиллар бўйи
бу аёлга мен, ахир, дард етказдим.
Нега энди чекар дардимни?!

Бу аёл қабр тошимни
ўпиб силагунча,
Мушти билан урса, урса яхши эди,
Қабримнинг устида қон йиғлагунча,
Қарғаб, қақшаб турса, яхши эди.

Кет, кетақол,
қора кийган аёл,
Йиғингни тўхтата қол, қора кийган аёл.
Бу қабр ҳам минг қабрнинг биридир,
етар, қабртошни босма бағрингга,
Барча, мен деб, йиғлаганлар тинчиди,
бас, гўр ичига томаётир, йиғлама…

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир
Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир,
Шапалоқ уришга қўлимиз ҳам бор.
Бироз бошимизда ақлимиз бордир,
Бироз киссамизда пулимиз ҳам бор.

Кўп ботирлар йўққа чиқди ўртада,
Кимнинг бахти кимни йиқди ўртада,
На бўлсинки, бир иш йўқдир ўртада,
Ҳали соғимиз ҳам, сўлимиз ҳам бор.

Минг йилдир туғилиб, ўлармиз, эй дўст,
Йиғласак, бас қилиб билармиз, эй дўст.
Токи, қадам ташлай олармиз, эй дўст,
Қабристон томонга йўлимиз ҳам бор.


ҚАРИЛИК

Ёлғизлик бошланар бундан буёғи,
қочиб қутулмассан, одам боласи.
Ойларни, йилларни тутсанг бўйингга,
Сойларни, чўлларни тутсанг бўйингга,
ўлчаб етолмассан, одам боласи.

Энди кўплар билан орам совуган,
кўплар омадимга севинмас энди.
23 ёшимда мени севганлар
33 ёшимда севолмас энди.

Мен, ахир, на Чўлман,
на Йўл,
на Кўча,
Ахир, ҳамманики бўла олмайман.
Мени севганлар деб ўла-ўлгунча
23 ёшимда қола олмайман.

Қанчалик сўзлар бор сўзимдан жасур,
энди чақирмоққа нафасим йўқдир.
Энди бу дунёда ўзимдан жасур
сўзларни ёзмоққа ҳавасим йўқдир.

Йиғини бас қилди, тинди шеърим ҳам,
қариди мисралар, сўзлар мен билан.
Дўстлар ёшлигича қолар шеъримда,
қаримоқ истамас дўстлар мен билан.

Илоҳим, қарилик шундай экан-да,
дўстлардан жимгина узилар одам.
Умр лойқаланган сувдай экан-да,
озайгани сари тозарар одам.

Ичиму ташимнинг занги ювилар,
сатрлар кўкарар бу оқ вароқда.
Узоқдир юрак-ла қўлнинг ораси,
хайрият, ўлмадим шу оралиқда.

Сўзлар юрагимдан қўлимга етди,
бироз сарғайди ва сўлди, на илож?!
Бироз жасурлиги, шўхлиги йитди,
гина қилмасинлар, йўл-да, на илож?!

Энди болта кесмас ақлим кесганни,
тириклик тотини биламан энди.
Бу кўҳна дунёда ҳар нафасимни
дарахтдан мевадай тераман энди.

Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин,
шоир ҳам қарийди, ўлар, биламан.
Сўзидан қон ҳиди келган шоирнинг
оғзидан сут ҳиди келар, биламан.

Бу дунё бир қайнар қозондир, илло,
сўндирмас ўтини на қор, на ёмғир.
Бу дунёдан кетиш осондир, аммо
дунё-ла чиқишиб яшамоқ оғир…


КЕТСАК БИЗ БЎЛМАГАН ЕРГА

Кел, қўл-қўлни тутиб кетсак,
Кетсак биз бўлмаган ерга.
Бор дардни унутиб кетсак,
Дардимиз бўлмаган ерга.

Бунда қўйсак ўзимизни,
Бу тиришган юзимизни,
Бу эскирган сўзимизни,
Кетсак биз бўлмаган ерга.

Бир кимса олмасин хабар,
Кел, чиқиб кетсак бир саҳар,
Бу уй, бу кўча, бу шаҳар,
Бу денгиз бўлмаган ерга.

Одам ўғли оз топилар,
Сен деган дўстинг сотилар,
Бу Рамизни ким оборар
Бу Рамиз бўлмаган ерга?!


БИРОЗ УЗУН БЎЛДИ УМРИМ, ШЕКИЛЛИ…

Бироз узун бўлди умрим, шекилли,
Эҳтимол, дўстлар ҳам ториқди бироз…

Мени едирмоқдан чарчади дунё,
сувлари чарчади, нони чарчади.
Мени кездирмоқдан безди йўллари,
кўзимга боқмоқдан осмони чарчади.
Излаганлар истаб чарчади,
Бадгумон ёмонлаб чарчади –
бироз узун бўлди умрим, шекилли.

Йўллар товонимнинг остидан қочар.
Дейдилар туш бошқа,
бунақа бўлмас,
Шоирда иштаҳа бунақа бўлмас –
дўстлар ҳам ўзгача боқар юзимга.
Қанчалар дўстим бор,
шаҳар тўладир,
Кўпининг кўнглида кадар тўладир.
Жўрадан,
қардошдан,
ўзгадан ўксиб,
Бахтидан, ўзидан, кўзгудан ўксиб,
кўпи йиғламоққа баҳона излар.
Оз қолди, оз қолди, чиданг, дегайман,
Дўстлар, чиданг, мен кетажак кун етар.

Ҳеч нарсага кучим етмаса-да,
қора кийим кийдирмоққа,
дўстларни йиғлатмоққа
кучим етар…

Лекин кучим етмас, на қилай, ахир,
на қилай, ахир, мен шўрлик,
кучим етмаяпти бу дунёдан кетмоққа.
Бу дунё Дарбанд қалъаси,
На йўли бор, на йўлкаси,
Қардошим, одам боласи,
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Яшил-яшил майсалари
чирмашар қўл-оёғимга,
Рангпар булутлари босар бошимдан,
Сойлари сув олар кўзим ёшидан,
игнала гўр қаза-қаза,
тиззам-ла ер кеза-кеза
Ўтдим бу умримнинг ўттиз ёшидан –
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Кетимдан оғир бурганлар,
Шоирларнинг эҳсонини еганлар,
Шоир одам ёш ўлади, деганлар,
Менинг шоир бўлмоққа кучим етмас,
Ўлдиринглар мени, ўлмоққа кучим етмас –
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа…

ҚАДРИМНИ БИЛМАДИ БУ ОДАМ МЕНИНГ…

Кўзгудаги аксим қаршисида

Билмадим, бу қайдан топди умримни,
Бир асов от каби чопди умримни,
Тоғларга, тошларга отди умримни.
Бу одам қадримни билмади менинг –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Кошкийди, умримни бу ер юзида
Бир ўзга одамга дуч айласайдинг,
Мени одам эмас, қуш айласайдинг
Ёки бир қоп-қора тош айласайдинг.
Мени бу одамга сен нега қўйдинг,
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Ол мени, бер мени, ўзгаларга бер,
Синиқ ойналарга, кўзгуларга бер,
Бўлинай, юз бурда, минг бурда бўлай.
Бу одам юзимга боқа олмасин,
Мени ойналарнинг синиқларидан
тўплай олмасин ҳеч, йиға олмасин –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!

Бўлинсам, дардим ҳам бўлинар, балким,
ҳар дардим юз бурда, минг бурда бўлди.
Бир дардим қолмади ўзимдан улкан,
барча дардларимдан мен улкан бўлдим.

Бу ернинг устида, осмон остида
бўлинсам, ҳар бурдам ҳар ёнга тушса….
Қачондир, дилингнинг шод соатида,
Аллоҳим, қайтадан ёдингга тушсам,
Янгидан тўпласанг синиқларимни,
Синиқ қўлларимни, оёқларимни,
Оғзимни, бурним ва қулоқларимни,
Аллоҳим, янгидан яратсанг мени,
дунёда энг гўзал кўзгу бўламан.

Янгидан дунёга йўлласанг мени,
бу одам бўлмайман, ўзга бўламан –
Аллоҳим, ол мени бунинг дастидан!..

ШАҲАРНИНГ ЁҒДУЛАРИ

Бу шаҳарнинг ёғдулари
Менга жим қўнишар, синглим.
Кўзларимдан ўтиб-ўтиб,
Юрагимга тушар, синглим.

Ёғду тушар уст-бошимга,
Усту бошим ёруғланар.
Ёғду тушар кўз ёшимга,
Кўзда ёшим ёруғланар.

Ёруғ тушар кунларга-да,
Ойларга-да, йилларга-да,
Мендан бироз илгарида
Ўттиз ёшим ёруғланар.

…Узоқлашар, узоқлашар
Қишлоғимиз қоронғуси.
Яна ҳам қоп-қоралашар
Қишлоғимиз қоронғуси.

Оҳ чекарман, оҳим кетар,
Борим кетар, йўғим кетар,
Кечалари уйқум кетар
Қишлоғим қоронғусига.

Янги кўйлагинг эгнингда,
Янги рўмолинг елкангда,
Қайга кетарсан, эй момо?!
-Қишлоғим қоронғусига…

Кесдилар, яна битдингиз,
Умримни яшил этдингиз,
Дарахтлар, қайга кетдингиз?
-Қишлоқнинг қоронғусига….

Бу шаҳарнинг ёғдулари
Ўрнимдан қўпорди мени,
Тирик қўймайин, қўймайин
Ёғдулар оборди мени.

Кўп турдим, тура билмадим,
Бунга не чора – билмадим,
Тош отиб ура билмадим
Шаҳарнинг ёғдуларини.

Кўндим охири, ярашдим,
Дардимни айтдим, танишдим.
Қоришдим, мен ҳам қоришдим
Шаҳарнинг ёғдуларига.

Ёруғландим, ёруғландим ,
Кимман – билинмайман энди.
Ёруғландим, ёруғландим,
Қаранг – кўринмайман энди…

ЗЕРИКИШ

Бу қандайин чарчоқдир,
Ахир, бундоқ ким зерикар?!
Чўнтакда қўлим зерикар,
Оғзимда тилим зерикар.

Зерикар қошим-қовоғим,
Зерикар кўрпам-тўшагим,
Уйга кирсам — уй-эшигим,
Йўл юрсам, йўлим зерикар.

Йўлимга қизлар чиқсалар,
Кулиб юзимга боқсалар,
Ёқамга бир гул тақсалар,
Ёқамда гулим зерикар.

Қайга отай бу қайғуни?!
На боши бор, на якуни…
Биламан, жим пойлаб мени
Қайдадир ўлим зерикар.

ШАМ

Фузулий ёдига
Юз йиллардир бир шам ёнар,
Шамоллар сўндира билмас
Минг-минглаб қўллар чўзилар,
Шуъласини тера билмас.

Қоронғудир сўлу соғи,
Ёнган шамнинг не гуноҳи?!
Эрийди, тўкилар ёғи,
Ўлар,
ўлар,
ўла билмас.

Томчи-томчи, зарра-зарра,
Кундан-кун узилган жон-ла,
Йиғлайди ҳар йиғлаган-ла,
Ҳар кулган-ла кула билмас.

Исинтирар шўрликларни,
Қўрқитади бўриларни.
Ёритади нариларни,
Ўз тубини кўра билмас.

Кетганлар қайтар узоқдан

Кетганлар қайтар узоқдан,
Чўпонлар қайтар овлоқдан,
Ўпичлар қайтмас ёноқдан,
Сўз қулоқдан қайтган эмас.

Худонинг берган кечаси,
Ёнар, ўт олар нечаси,
Парвоналар насл-насл
Шамчироқдан қайтган эмас.

Шоир одам кундуз-кеча
Ўз қонини симириб ичар.
Бўйига бичган оқ кафан –
Оқ вароқдан қайтган эмас…

ҚОРНИДА ТЎҚҚИЗ ОЙ КЎТАРГАН АЁЛ

Кеча-кечагача ёш боланг эдим,
бир ўйноқ, телбароқ ўғил эдим, она.
Кундуздан, кечадан,
чўлдан, кўчадан,
Душман таънасидан,
дўст гинасидан,
Неча қиз кўзидан, қиз юрагидан
узилдим, сигрилдим, суғрилдим, она.
Қайтадан қайтдим мен ўз аввалимга,
бир аёл ичига йиғилдим, она –
тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Бу хира кўзларим тиниқди бирдан,
бирдан юрагимнинг туби кўринди.
Дунёнинг йўллари узилди бирдан,
бўйнимда толенинг ипи кўринди.
Умрим коса каби тушди қўлимдан,
синмаган нарсалар синувчи бўлди.
Бутун йўлларимни олдинг қўлимдан,
бутун йўлларимнинг сўнги сен бўлдинг –
тўққиз ой қорнидла кўтарган аёл.

Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,
бошимни тиззангга қўйиб йиғларман,
Бу ўтган умримнинг гуноҳларини
кўзимнинг ёши-ла ювиб йиғларман.
Юрагим минг ердан минг бир дард чекар,
дардиму ғамимни бўға билсайдинг.
Бу ўтган умримнинг устидан чизиб,
кошкийди, қайтадан туға билсайдинг –
тўққиз ой қорнида кўтарган аёл.

Балким, бошқа одам бўлардим шунда,
бу ғамни ўзимдан қува олардим.
Балким, севинардим, кулардим шунда,
балким, сени ҳам хуш сева олардим.

… Бир йўл бор
чўзилар то ўлимгача:
Бу йўл сабримдир менинг.
Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,
Қорнинг қабримдир менинг…

ДУНЁ МЕНГА ЖУДА ТАНИШ

Юрсам, изим улканлашар,
Жимсам – сўзим улканлашар.
Боқсам, кўзим улканлашар –
Дунё менга жуда таниш.

Унинг тоғи-дашти таниш,
Ёзи таниш, қиши таниш.
Кўзларимнинг ёши таниш,
Дунё менга жуда таниш.

Аввал ҳам келганманми ё?
Келгану кўрганманми ё?
Яшаган, ўлганманми ё –
Дунё менга жуда таниш.

ФАҚАТ СЕНИНГ ЮЗИНГ КУЛСИН

Менинг юзим кулган эмас,
Фақат сенинг юзинг кулсин.
Мени кўрса: “Амаки!” – деб,
Ўғлинг кулсин,
қизинг кулсин.

Мен-ку сенга ярашмадим,
Сўз демадим, талошмадим.
Юлдузимиз ёнишмади,
Кел,
сенинг юлдузинг кулсин.

Юз йил ғам кўрма, қарима,
Бир саҳар чиқиб йўлимга,
Туз сепсанг эски ярамга,
Ярам кулсин,
тузинг кулсин…

ЗУЛФЛАРИНГНИ ЕЛ БОСАДИР

Сочларинг тебранар тинмай,
Рўмолингни ел босадир.
Талпиниб, тута олмайман,
Ушла, мени тер босадир.

Ювиндим, терда ювиндим,
Охир чарчадим, тойиндим.
Қайтдим, кўрдимки, тўйингдир –
Кўрдим, сени эр босадир.

Сочингга гуллар тақарсан,
Бармоққа хино юқарсан.
Сен унда кўкка боқарсан,
Бунда мени ер босадир…

ҚЎЙ БЎЛМОҚЛИК ҚИЙИН ИШДИР

Бу дунёнинг азоби кўп,
Ҳаққидан ҳам ҳисоби кўп.
Қўйидан ҳам қассоби кўп –
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Бўйнингда арқон солланиб,
Бир тутам ўтга алданиб,
Еб, семириб, лаззатланиб
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Кундалар қорайган юртда,
Пичоқлар жон олган юртда,
Чўпонлар оч бўлган юртда
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

Ит бўлиб ҳурмадик ойга,
Енгди бизни истиҳола,
Қўзи бўлмай туриб аввал
Қўй бўлмоқлик қийин ишдир.

ҚУРБОНЛИҚҚА ОЛИНГАН ҚЎЗИ

Бу ҳовлида ётган қўзи,
Уйқуда кўрганинг недур?
Нафасларинг тотли, узун,
Ўт каби терганинг недур?

Тотланиб, вақтинг чоғланиб,
Қизил бўйинбоғ боғланиб,
Туморланиб, безакланиб,
Бу уйга келганинг недур?

Севинарсан, ҳозир тўқсан,
Яшил ўтдир қайга боқсанг…
Мен биламан – қурбонлиқсан,
Бас, сенинг билганинг недур?!

БЎРИ

Воқиф Самадўғлига

Балким, мен ҳам бўри эдим
Дунёнинг азал вақтида,
Ҳали тузук тили чиқмай,
Ҳар жоннинг cассиз вақтида.

Ҳар дарахти, гули номсиз,
Чумолиси, фили номсиз,
Кўп нарсалар ҳали номсиз
Айланиб, кезар вақтида.

Бир эди ҳамманинг бахти,
Йўқдир хушбахти, бадбахти,
Балиқларнинг учган вақти,
Қушларнинг сузар вақтида.

Балким, сўз ҳам бекор эди,
Ҳамма нарса дилбар эди,
Бўрилар ҳам емас эди
Дунёнинг гўзал вақтида.

НОЗИК КАПАЛАК МУРДАСИНИ ТАЛАШАЁТГАН ҚОРА-ҚОРА ЧУМОЛИЛАР

Қора-қора чумолилар,
капалакни найладингиз?!
Тўпландингиз, тўп бўлдингиз,
Қанот-қанот қўпордингиз,
Ташидингиз, обордингиз,
капалакни найладингиз?

Айрилди кун ёруғидан,
Кўкнинг камалак туғидан,
Қулоғим битди, том битди
Гулларнинг қичқириғидан,
капалакни найладингиз?

Дарди тушар оғизларга,
Дод айлар, чақирар сизни.
На едирар, на тўйдирар,
На қишдан чиқарар сизни,
капалакни найладингиз?!

ОДАМ

Дўстим Нотиқ САФАРОВга

Энди мени ким овутар,
Эй, мени овутган одам?!
Ўзга дардин кўрган вақти
Ўз дардин унутган одам.

Хуш сўзини, қилиғини,
Гўдакдай соф йўриғини,
Дастурхонин бор-йўғини
Еру кўкка тутган одам.

Дунёда на сув, на ўт бор,
Дунёда на дўст, на ёт бор,
Аллоҳдан кейин бир от бор:
Одам,
Одам,
Одам,
Одам!..

АЙРИЛИҚ

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,
Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эўтимол, биз бахтли бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз,
хабаримиз йўқ.

Орадан шунча йил ўтиб кўрганда –
Таний олмадим мен,
мени кечиргин.
Ўйлардимки, сенсиз ўлиб қоларман,
Мен ўлмадим сенсиз,
мени кечиргин!

“Ўлмадим…” – деяпман, не билай, ахир,
Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб қолганман,
Қабрсиз, кафансиз ўлиб қолганман.
Эҳтимол, биз унда айрилмасайдик,
На мен эндигийдим,
на сен эндиги –
Айрилдик, шайтонни кулдирдик унда:
Бу йилнинг,
бу ойнинг,
бу куннидаги
Мана шу кўчанинг шу бурчидаги
мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик унда.
Сўлимиз, соғимиз одамга тўла,
Қўл ушлашиб эрлар, хотинлар ўтар.
Ўзидан хабарсиз,
умрида минг бор
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар,
Ўтар ўз қонига ботган одамлар.
Дарвоқе, қон қани?
Қон, ахир, йўқдир…
Ҳамма гуноҳкордир дунёда,
аммо
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.

Бизсиз битилмишдир бу толе, бу бахт,
Палаҳмондан учган бир жуфт тошмиз биз.
Балким, бу дунёда
ўн-ўн беш йилмас,
Бундан минг йил аввал айрилмишмиз биз.

Ҳалол йўлимизни қўйиб,
не учун
Адашдик, бир ўзга йўлдан кетдик биз.
Балким, минг йил аввал саҳв тушиб недир,
Минг йиллик хатога қурбон кетдик биз.

Алмашди ўрнини, балким, қиш-баҳор,
Қоришди дунёнинг шаҳари, кенти.
Балким, ўз ичида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтарар энди.

Умрим бошдан оёқ ёлғондир, балким,
Толеим ўзгадир ростдан ҳам менинг.
Ҳув йўлдан ўтган қиз
онамдир, балким,
Эҳтимол, ўғлимдир бу ўғлон менинг.

Бу ёлғон умримда
сен ўзинг несан?
Балким, ҳеч севгилим эмассан менинг.
Онамсан,
синглимсан,
момомсан,
кимсан?!
Фақат Аллоҳ билар, кимимсан менинг.

Бизни ким айирар бу айрилиқдан,
Етмас додимизга на йўл, на кўприк.
Ўликсан, тириксан, ҳар несан, тўхта!
Тўхта, ҳеч бўлмаса, қўлингдан ўпай…

Дегайсан: “Ўлганман мен, ўликни ўпма…”
Қўлимнинг кафтида
қўлинг увушар.
Дегайсан: “Хайрингни берсин, қўлимни ўпма,
қарагин, қўлимдан қон иси келар…”

ЙЎҚЛОВ

Расул муаллим ва Нигорхоним хотирасига

Золим дунё – ўз ишида,
Келишида-кетишида,
Кел, йиғлайлик, етмишида
Севгилидек ўлганларга.

Юраги минг хил дард кўриб,
Кўзи минг хил сифат кўриб,
Гўзал-дилбар умр суриб,
Гўзал-дилбар ўлганларга.

Ўтиб бутазор тўсиндан,
Тиконларнинг орасиндан,
Қон сизса ҳам ярасиндан,
Қўлда чечак ўлганларга…

БУ ДЕРАЗА СЕНИКИДИР

Сеникидир бу дераза,
Ипак пардаси қалқадир.
Деразангда бегонанинг
Қора кўлкаси қалқадир.

Ўтиб сўлу соғдан энди,
Боқарман узоқдан энди.
Мен чеккан бу оҳдан энди
Бу ернинг юзи қалқадир.

Тебранар майса, япроғи,
Тебранар тошу тупроғи.
Ердан кўкка чиқар оҳим –
Ойу юлдузи қалқадир.

Қалқадир эшик-деразанг,
Хўрсиниб, йўлга боқарсан.
Зилзиладир, йўқса нега –
Деразанг ўзи қалқадир?!

БОШИ КЕСИК ГЎЗАЛ ТУТ

Пилла қуртига едириш учун чавақланган тутларга

Боши кесик гўзал тут,
бу доғни сенга ким суқди?
Болтани сенга ким урди,
пичоқни сенга ким суқди?

Ипакғипак япроқларинг
қуртлар аро таландими?
Билакдай оқ бутоқларинг
ўчоқларга қаландими?

Куйдингми қисматнинг аччиқлигидан?
Золимлар қайтмади золимлигидан,
Йиқилдинг қўл етмас баландлигингдан,
боши кесик гўзал тут…

Гўзал тутим, изиллама, бўзлама,
на болталар, ка пичоқлар қолажак.
Самовотдан йиқилсанг-да, ғам ема,
сен йиқилган самовотлар қолажак.

Дунёнинг қуртлари ўтар,
қори, ёғиши ўтар,
Қатор-қатор қуши ўтар,
Тош отарлар – тоши ўтар
сен йиқилган баландликдан.

Умидли кўзлар тикилар,
Ёш ниҳолчалар экилар
сен тўкилган баландликда…

Мендан сенга салом бўлсин,
боши кесик гўзал тут!
Болам бўлса, боланг бўлсин,
боши кесик гўзал тут.

Эгилиб кўксингга бошим қўярман,
суягим най қилиб чаласан менинг.
Пойингга бир уй бўлар ошни уярман,
уйимнинг тиргаги бўларсан менинг.

Гўзал тут,
яраларинг битсин, соғайсин.
Бу дунёда на болталар,
на пичоқлар қолажак.
Самовотдан йиқилсанг-да,
яна жонинг соғ бўлсин,
Бу дунёда
сен йиқилган самовотлар қолажак…

БЎҒИЛАР

Дунёнинг суви булғанар,
Балиқ деб қармоқ бўғилар.
Булғанар, кўки булғанар,
Кўкида Аллоҳ бўғилар.

Кўп чўккан ерида чўкар,
Додига келган ҳам чўкар.
Ақлли чуқурроқ чўкар,
Саёзда ахмоқ бўғилар.

Бирови нағмали-созли,
Бирови боши қафасли,
Бирови кўйлак-либосли,
Биров яланғоч бўғилар…

ЙИҒЛАМА, БИНАФША МОМО

Йиғлама, Бинафша момо,
Ахир, не бор йиғлагулик?
Совға бер беш неварангга
Тугунчали, боғламали.

Ким кўз тутди, ким унутди,
Ким бу дарддан хабар олди?
Ўғилларни уруш ютди,
Неварангни шаҳар олди.

Оқ сочлар деб дард айлама,
яшил-яшил ўтлар чиқса.
Кўкни тутиб лўпиллама
йиғлаган булутлар чиқса,
йиғлама, Бинафша момо!..

Ёзасан: “Кўзим йўлдадир…”
Ёзасан: “Қаддим букилди…
Ўт ўрган қўллар қайдадир –
Ўтлар сарғайиб, тўкилди…”

Мактуб ёзмоққа вақт қани,
Ҳар дам ўзинг йўқла бизни.
Сарғайиб сўлган ўтларнинг
Қарғишидан сақла бизни, —
Йиғлама, Бинафша момо!..

Бошингдан қув хаёлларни,
Хаёллардан бош айланар.
Поездларнинг қаторидай
Кўзларингда ёш айланар.

На яқинда, на узоқда,
Ўроқ ўрган пичандамиз.
Ҳали одам бўлмасак-да,
Қўрқма, одам ичиндамиз,
Йиғлама, Бинафша момо.

ҲАСРАТ

Бир тупроқ парчаси қувар кетимдан,
гўёки бўйимга бичилмиш менинг.
Узилиб қишлоқнинг ой шуъласи-ла
қурбақа овозли
оқшомларидан,
Узилиб уйлардан, одамларидан
бир тупроқ парчаси қувар кетимдан.

Поездда, мошинда
Кўнгли айнийдиган Бинафша момом
бир парча тупроқнинг тушар кетидан,
югурар, югурар, етолмас аммо.

Бир тупроқ парчаси кезар шаҳарда,
Мени ахтармоқдан безар шаҳарда.
Ёруғ рекламалар тешар кўзини,
Йиғлагиси келар, йиғлай олмайди.
Охири ўзини асрай олмайди –
Кенгиш кўчаларнинг
Кумуш асфальтига ташлар ўзини,
Ғилдирак тагига ташлар ўзини…

Бир тупроқ парчаси қувар кетимдан,
Кошки келиб топса бу кундан мени.
Шу шаҳар ичида
ёлғиз қўймасайди ўзиндан мени.
Кечалар шу тупроқ парчаси узра
Бир дарахт эксайдим,
бир уй қурсайдим,
Келин келтирсайдим қишлоғимиздан…

КИМ АЙТАР, УЙҚУДА ЎЛМОҚ ОСОНДИР?..

Дейдилар, уйқуда ўлмоқ осондир…
Ўзинг ҳам билмайсан, нечук ўлурсан.
Саҳар сокин эшитарсан азонни,
Уйқудаги сокинликда ўлурсан.
Кўзу кипригингдан айрилар жонинг,
Руҳинг баданингдан учар қуш каби.
Қўлингда қолмайди дардинг, дармонинг,
Ташвишга қўймайсан уйда ҳеч кимни.
Ким айтар, уйқуда ўлмоқ осондир?..
Ким билар, қандоқ бу – уйқуда ўлмоқ?
Балким, бу энг буюк дарддир, азобдир,
Энг тор исканжадир уйқуда ўлмоқ.
Бир кўз кипригинг ҳам уйқуда балким,
Йилларча белингда тош ташийдирсан..
Нафасинг кесилар охирда балким,
Умрингни тошларга бағишлайдирсан.
Бир кўз кипригинг ҳам уйқуда балким,
Жаллод болтасидан узилган бошинг.
Унда қизил қонинг оққандир балким
Ёстиққа оққандир унда кўз ёшинг.
Уйқуда ўлмоқдир энг роҳат ажал…
Бу ҳам бир ёлғончи тасаллимиди?
Кўрарсан, уйқуда сени бўғган қўл
Душман қўлимиди, дўст қўлимиди?
Недир бирдан унда умринг боғлаган?
Дилга оқиб тушган бир томчи қондир.
Кимдир қабринг узра додлаб йиғлаган?
Балким, у уйқуда сени бўғгандир.
Кеча қўрқув солар уйқумизга-да,
Тебранар кимнингдир қора кўлкаси.
Балким чизиқ тортсак уйқумизга ҳам,
Ҳеч ким тушимизга кира олмасин.
Балким ҳеч ётмасмиз – ҳар ётганнинг-да,
Агар уйғонмаслик қўрқувси бўлса.
Балким ҳеч ётмасмиз – умр сўнгида
Сокин бир ажалнинг уйқуси бўлса.
Аммо уйқунг келар – кўрарман, эвоҳ;
Ана, секин-секин юмилар кўзинг.
Ёт… тонгда уйғонмоқ умиди ила…
уйқунг ширин бўлсин —
ухла, азизим…

НЕ БОР АЛЛОҲДАН ЮКСАКДА?

Не бор Аллоҳдан юксакда?
Не бор қабрдан қуйида?
Чекканим оҳдан юксакда?
Билганим сирдан қуйида?
Нега куннинг кундузида
Қушлар учар кўк юзида?
Кўз ёшлари қуш кўзидан
Томчилар дондай қуйига.
Дема, биз ки қуш эмасмиз,
Аллоҳга таниш эмасмиз…
Руҳим, тур, тамом, кетайлик,
Сен юксакка, мен қуйига…

СЕКИН-СЕКИН СЕВДИМ СЕНИ

Секин-секин севдим сени,
Ҳар кун бир оз-да севдим.
Энг кўп бу қиш севдим сени,
Қорда, аёзда севдим.
Қара, биз тезда исиндик,
Ҳаволар увушганда.
Одамлар қалин кийиниб,
Дарахтлар совушганда.
Қор остидан бош кўтарган
Чечакдек севдим сени.
Оловига исинганим
Ўчоқдек севдим сени.
Ҳали бундоқ севмагандим
Умрим бўйи ҳеч кимни.
Сени севдим қор устида
Дон ахтарган бир қуш каби.
Қўрқа-қўрқа бу тонг чоғи
Лол боқарсан нега сен?
Айтасанки, қуёш чиқиб,
Қор эриса, нетасан…

ВАТАН

Сени севмоқ оғирдир, Ватан.
Сен не кундасан,
тепадан қуйигача
гуноҳ ичиндасан.

Биласанми, сени севмоқ
бу соат нега ўхшар?!
Зўрланган бир қизни севганга ўхшар.
Бу севгидан ичкин-ичкин
ичида ёнар одам.
Аммо очиқ айтмоққа
қўрқар, уялар одам.
Бу не ҳолга тушмишсан,
бу қандоқ кундир, Ватан?
Одам сени севмоққа энди уялар, Ватан.
Устингда нефть кўлкаси,
ким ювади бу кўлкани,
Милёнчилар ватани, тиланчилар ўлкаси.
Нефтла кетди баракотинг,
баракот қочди сендан.
Нефтла кетди бокиралигинг,
бурғулар кечди ичингдан.
Қарич-қарич қазилсанг-да,
севин то ҳануз соғсан.
Бир кун нефть тугаганда
ойдин кунга чиқажаксан.

ҒАЗАЛ

Бир саҳар ювдим юзиму
кўзимни бир ҳовуч сувда,
Кўрдим оёқдан бошгача
ўзимни бир ҳовуч сувда.

Танидим бўри, қўзини,
бу дунёнинг ҳар тусини,
Одамларнинг нокасини,
соғини бир ҳовуч сувда.

Топдим ўтиб кетганларнинг,
бу дунёдан кўчганларнинг,
Юз йил олдин ичганларнинг
изини бир ҳовуч сувда.

Отдим бор дарднинг тошини,
турдим, тик тутдим бошимни.
Эритдим кўзим ёшининг
тузини бир ҳовуч сувда.

ОҲ, БУ ҚИЗНИНГ БАРМОҚЛАРИ

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари
Бармоқларимга тегмади.
Юрагим оғриган кеча
Келиб, эшигим чертмади.

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари
Бир мактуб ёзрми экан?
Бир кун ўлди, деб эшитса –
Қабримни қазарми экан?

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари
Юир узук тақди белига.
Қиз эди, бир сўз демадим,
Энди не дей бу… келинга?!

Оҳ, бу қизнинг бармоқлари
Узун-узун бармоқлари…
Чертмади, она, чертмади
Эшигимни бармоқлари.

ҚЎШИЛСАК

Дарду ғам дилдан ётланиб,
Бироз севинсак шодланиб,
Кўнглимиз ҳам қанотланиб,
Учган қушларга қўшилсак.

Кўрмасак шу кўрганларни,
Термасак шу терганларни,
Ёдга олиб ўтганларни,
Шу ёғишларга қўшилсак.

Тупурсак эгри ишларга,
Ғийбатларга, урушларга,
Дунёда на сўкишларга,
На қарғишларга қўшилсак.

Сўзимизда рост бўлмаса,
Бу дунёга бас келмаса,
Демоққа бир сўз келмаса,
Сассиз тошларга қўшилсак…

ЧИҚАР

Қўлга қалам олган чоғда,
Сатрларим қорайганда
Куйлагимга сизган қондай
Қайғулар вароққа чиқар.

Жонимда сўзлар сиқилар,
Ортар, устма-уст йиғилар,
Юз қўшиқ чўкар, бўғилар,
Бир қўшиқ қирғоққа чиқар.

Куйган кўп шоир сўзидан,
Ўпган йўқ шоир кўзидан.
Шеърнинг астари юзидан
Қиммат, қимматроққа чиқар…

ДЕМАКИ, ШОИРНИНГ БОР-ЙЎҒИ ТИЛДИР

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир,
Шапалоқ уришга қўлимиз ҳам бор.
Бироз бошимизда ақлимиз бордир,
Бироз киссамизда пулимиз ҳам бор.

Кўп ботирлар йўққа чиқди ўртада,
Кимнинг бахти кимни йиқди ўртада.
На бўлсинки, бир иш йўқдир ўртада,
Ҳали соғимиз ҳам, сўлимиз ҳам бор.

Минг йилдир туғилиб ўлармиз, эй дўст,
Йиғласак, бас қилиб билармиз, эй дўст.
Токи қадам ташлай олармиз, эй дўст,
Қабристон томонга йўлимиз ҳам бор.

СОВУШ

Бу одам ўлар, шекилли,
Қўлимда қўли совийди.
Аста-аста сўнар кўзи,
Пешона тери совийди.

Саслар ботар қулоғида,
Додлар йитар томоғида.
Ёриқ-ёриқ дудоғида
Бўсалар ери совийди.

Кўзларимда қурийди ёш,
Бу ё одам, ё қабртош.
Шундайин жим, ювош-ювош
Ўликдан тирик совийди…

ОНА

Бу қишни ҳам йўлга солдик,
Бу қор ҳам эриди, она.
Эриган қорга қўшилиб
Йиғласак еридир, она.

Қайтди бахтнинг ўзи биздан,
Ким қутқарар бизни биздан?!
Бу дунёда ўзимиздан
Дардимиз тирикдир, она.

Кун нурга кўмди тўрт ённи,
Бахтимга туғар кун қани?!
Балким, соатим дунёнинг
Вақтида ортдадир, она…

ОЙ ЁРУҒИ

Ой ёруғи тушди кўкдан,
жонимдан – қонимдан ўтди.
Кўпимнинг ичиндан ўтди,
Ўзимнинг ичимдан ўтди,
ўтди, товонимдан ўтди.

Оз қолди-я,
икки бўлак қилса мени.
Бошимдан кўкка михлади,
товонимдан ерга мени.
Юргим келди,
қадам қўя олмадим…
Ёнимдан одамлар ўтмоқда,
ой ёруғи, тегмадинг ҳеч кимга.
Қўйгил мени, ой ёруғи,
кетай ўз йўлимга, ишимга.

Бу не ишдир, ой ёруғи,
нега йўлинг мендан ўтди?
Ҳамма адашди, ой ёруғи,
ҳув узоқдан, ёндан ўтди.

Дедилар: жинними – недир,
ҳар ким тамға илди менга.
Биров боқиб мазах қилди,
биров боқиб кулди менга.

… Бу менинг қўлим-оёғим,
Бу менинг оғзим-қулоғим.
Бировдан камчилигим йўқ,
Йўқ бировдан ортиқлигим –
қўйгил кетай, ой ёруғи!

Омон, отам, бу не тошдир?!
Тошни отган қайга қочди?
Итлар пойимга тармашди,
қўйгил кетай, ой шуъласи!..
Сен оҳимга етгин, она,
она, сенинг боланг менман.
Бу кеча ой шуъласига
чормихланиб қолган менман.

Она, мендан ўтган бу ёруғ недир,
она, менки, ёруғ теккан эмасман.
Ўзи менинг бахтим шундай экан-да,
ўз бахтини сўккан эмасман.

Ўлганим йўқ, йиғламагин,
Ўтавер, дам сақламагин,
Эшигингни боғламагин –
эшигинг чертган эмасман.

Ялама, ковушим кирлидир,
Ҳурма, жоним сабрлидир,
Қочгил, эй Аллоҳнинг ити,
мен сенинг эганг эмасман.

Тилим – лол, бошим – қуйи,
Уйнинг энг бечора ўғли.
Қўйгил кетай, ой ёруғи,
излаганинг мен эмасман…

ЙИҚИЛАМАН

Райнер Мария Рилькега

Йиқиламан, йиқиламан,
ўзимдан кетаман.
Қалбимдаги сабрдан,
тўзимдан кетаман.
Сиғинмоққа бир бурчак йўқ,
Йиқилмоққа бир қучоқ йўқ –
йиқиламан, йиқиламан…

Бу дунёни худо ўзи
сақлар мендан юқорида,
Бу денё деб йиғлар кўзим,
йиғлар мендан юқорида;
Кўзим ёши томчи-томчи
томчилайди ўз бошимга.

Кўзимдан йиқилдим, Аллоҳ,
кўзим ёшидан йиқилдим.
Ҳар нарсанинг боши Сўздир,
Сўзнинг бошидан йиқилдим…

Бошим узра, воҳ, ҳар кеча
бўри увлаб ётар узоқ.
Кўкда юлдузлар ҳар кеча
кечагидан кетар узоқ –
йиқиламан, йиқиламан.

ЎЛИМ

“Эшик” достонидан

На урушдан боланг келди,
На уйингга келин келди.
Кўзинг равшан, Зебо момо,
Эшикни оч, Ўлим келди.

Юзи йўқ, сени чақирса
нафасини ютуб Ўлим.
Ўлимларнинг энг фақири,
шўрлик Ўлим, юпун Ўлим.

Не ҳам олсин, ниманг бордир
биргина дардингдан бошқа.
Ажин тушган афт-ангоринг,
букилган қаддингдан бошқа.

Бу Ўлим сенга не десин?
“Момо” десин? “Она” десин?
Она бўлсанг, боланг қани?
Момосан – набиранг қани?

Набирасиз, боласиз кампир.
О, қиз кампир, ёлғиз кампир.
Ёстиқлар ҳўл бўлди
кўзинг ёшидан,
Бошингни кўтаргин, ахир!

Эҳтимол сескандинг Ўлимдан ахир,
Уйқунг қочди, балким.
Ҳеч ким оч кетганмас уйингдан ахир,
Тур, қозон ос, Ўлим очдир, балким.

Эшикка чиқ, Ўлим хафа бўлиб кетмасин,
юзингни сурт ойғига-қўлига.

Яхшиямки, бу дунёда ҳар кимнинг
ҳаққи бордир ҳақдан келган ўлимга.

Дунё ботди ўғилларнинг қонига,
Балиқ каби талпинади, ёлворар.
Яхшиямки, Ўлим келиб оборар
Оналарнинг ўлган ўғил ёнига.

Оналарни кўриб шошар ўғиллар,
бир ўғил ҳам онасини танимас —
Онасининг дардга тўла юзини,
юзи тўла дардини-да танимас.

Пешонадаги бирор ажинни,
сочидаги оқ толани танимас.
-Бу кампир кимдир? – дер.
Ўлим айтар: -Онангдир!
-Йўқ, бу менинг онам эмас,
менинг онам жувондир…

Кўзлари мўлтираб
Ўлим қолар ўртада,
Энди, ахир, ўз бошига
не тош солсин бу Ўлим?
Қари-қари кампирларни қайтариб,
Ёш-ёшгина оналарни
қайдан олсин бу Ўлим!?

Ўлим, нега лўқиллатдинг кўзингни,
Нечук бунча йўқотгансан ўзингни?
Ўлим, сенки ой-у кундан айириб
умримизни бизга парча-парча
бўлиштирган ўлимсан.
Бу дунёда
сен ҳаммани бир-биридан айириб,
У дунёда кўриштирган Ўлимсан.
Милён-милён жон олсанг-да,
жонсизсан.
Темирмисан, пўлатмисан, сен кимсан?!
Ўлим, сенинг боланг йўқдир – пуштсизсан,
Ўлим, сенинг онанг йўқдир – етимсан.

Нега қарайсан
оналарнинг, ўғилларнинг юзига,
Пуштсиз Ўлим, етим Ўлим, буюр, топ:
Оналарнинг орасидан
она ахтар ўзингга,
Ўғилларнинг орасидан ўғил топ.

Отамиз бўл, бошимизни силагин,
Онанг сенга алла айтсин, ётасан.
“Ўғил” бўлсанг – қандай нонкўр ўғилсан,
“Ота” бўлсанг – қандай золим отасан.

Чиқ, кет, Ўлим, йўлимизда айланма,
Ўнгимизда, сўлимизда айланма,
бунда сенга эга бўлган топилмас,
бола бўлган, она бўлган топилмас.

Тирик-тирик ўғилларни
олиб кетдинг оналарнинг қўлидан,
Аммо энди
девор янглиғ ёпишиб бир-бирига,
Қаттиқ ушлаб
аввал ўлган болаларнинг қўлидан,
Бир она ҳам ўғил бермас Ўлимга.
… Ва ҳар ўғил шундай
қўлидан танийди ўз онасини…

Ҳар ўғил ўз онасининг қўлини
силар, сийпар, уқалайди бармоғин.
Нега қарайсан, эй Аллоҳнинг Ўлими?!
Яхшиликча кетгин, Ўлим, йўлинг оқ бўлсин!..

ОҒРИҚ

“Эшик” достонидан

Ўғли урушда ўлган кун
Зебо момо кўкда эди –
қўллари кўкда, кўзлари кўкда.

-Илоҳим, – дерди, – ўзинг мадад бер,
ёдингдан чиқарма бизларни кўкда.

-Илоҳим, – дерди, – жойинг баланддир,
қарасанг, боламни кўрарсан, балким.
-Аллоҳ бўлсанг нима бўпти, – дерди, —
Аллоҳни ҳам она туққандир, – дерди, —
қарасанг, боламни кўрарсан, балким…

Аллоҳни она туққан эмасди,
аммо онасининг овозига
жуда ўхшади Зебо момонинг овози,
олди бошидан ақлини.
Аллоҳ қаради, боқди,
Бир яшил дарахтнинг остидан топди
Зебо момонинг ўғлини.

Зебо момонинг ўғли
чалқанчасига чўзилганди –
кўкрагида тиғ яраси.
Кўзлари очиқ эди,
бош устида япроқларни кўрар эди,
булутларни кўрар эди –
Булутларга тўла эди
япроқларнинг ораси.
Япроқларга тўла эди
булутларнинг ораси.
Оғрир эди, оғрир эди яраси.

-Бу қандай оғриқдир, – дерди, – Аллоҳ,
наҳот бу оғриқнинг охири йўқдир?!
-Кошки ўлсам эди, тинчланардим, – дерди, —
ўлимдан сўнг оғриқ йўқдир.

Аста-секин
япроқлардан ажралди булутлар,
тутди кўкнинг юзини –
булутларни кўрмади.

Аста-секин
бир япроқ
кенгайиб-кенгайиб тутди кўзини,
япроқларни кўрмади.
Энди ўлдим, шекилли, деб севинди.

… Аммо яраси ҳали ҳам оғрир эди…
Чўчиди, сесканди: – Илоҳим, наҳот
ўлимдан сўнг ҳам оғриқ бор экан?!
Билардики, бу ўлимнинг
хад-худуди йўқдир.
Билардики, бу ўлимнинг
охири йўқдир.
Ва, демак, шундай
юз йил, минг йил кечажак,
юз йил, минг йил оғрийверар яраси.
Раҳми келди ўзига,
йиғлади ичкин-ичкин,
йиғлаб-йиғлаб ўлди,
қачон ўлганини ўзи ҳам билмади…

…Аммо кўзлари ҳали очиқ эди,
кўзлари
тикка Аллоҳнинг кўзига боварди.
Аллоҳ чидаёлмади,
олиб қочди кўзини –
Зебо момони кўрди.
Зебо момо: “Ўғлим”, – деб йиғларди.
Аллоҳнинг юраги оғрир эди.
Аллоҳ деди: -Эй она!
Зебо момо: “Нима гап, эй ўғил? – деди.
Аллоҳ деди: -Эй она,
бошқа ўғилни нима қиласан,
кел, менинг онам бўл, – деди.
Зебо момо: -Йўқ, – деди, —
сени мен туққаним йўқ!
Ўртанди, сиқилди Аллоҳ
қолди само юзида.
Зебо момодан яшириб,
шўрлик чўзди қўлини,
юмди Зебо момо ўғлининг
очиқ қолган кўзларини, —
Кўз ёшидан
ҳўл бўлди бармоқлари.
Этагига суртли бармоқларини,
бармоқлари яна ҳўл эди аммо.
Яна этагига суртди бармоқларини,
аммо бармоқлари яна ҳўл эди…

ҚЎШИҚЛАР

“Эшик” достонидан

БИРИНЧИ ҚЎШИҚ

Тилинг куйсин, тил эгаси,
Сўзламоққа тилим келмас.
Бу не сирдир, сир эгаси,
Кетган кетар, келган келмас.

Дунё, йўл ётиб зериксин,
Сувларинг оқсин, тиниқсин,
Уй бузганнинг ёп дарчасин,
Бу эшикка келин келмас.

Кўкда булут тўлиб кетар,
Қушлар қанот солиб кетар.
Ўғилларни олиб кетар,
Оналарга ўлим келмас.

ИКИНЧИ ҚЎШИҚ

Ширин-ширин ухлар эдик,
Бир золим уйғотди бизни.
Оналар бағридан олиб,
Бу дунёга отди бизни.

Тушдик йўлларнинг комига,
Бахтимизнинг сўроғига.
Тақдир солди-ю олдига,
Қўлида ўйнатди бизни.

Бизки, йўл нима – билмасдик,
Ҳам ўлим нима – билмасдик.
Билсак, дунёга келмасдик,
Оналар алдатди бизни….

УЧИНЧИ ҚЎШИҚ

Киприк кўзга эга эмас,
Оғиз сўзга эга эмас.
Дунё бизга эга эмас,
Дунёнинг ҳам эгаси йўқ.

Дардимиз, ғамимиз бирдир,
Ҳар дарднинг сўнги сабрдир.
Ҳар умр сўнги қабрдир,
Бунинг “нечун”, “нега”си йўқ.

Бизга умрни ким бичди?
Фалакнинг феълига тушдик,
Бир чевар қўлига тушдик –
Қайчиси бор, игнаси йўқ.

ТЎРТИНЧИ ҚЎШИҚ

Умр ўтар секин-секин,
Энди кун-кундан қисқадир.
Кел, бйлашиб кўрай, қардош,
Қани, ким-кимдан қисқадир?!

Ахтардим ўтган йўлларни,
Майса, ўт битган йўлларни.
Дунёнинг бутун йўллари
Менинг сабримдан қисқадир.

Ғам чекмагил, одам ўғли,
Ўтган ўтур, бўлган бўлур.
Қўлим бўшдир, дилим – тўлиқ,
Тилим умримдан қисқадир.

БЕШИНЧИ ҚЎШИҚ

Бу ўт қайси ўтдир экан,
Қай қабр узра битди экан?!
Ким кимни унутди экан,
Ким кимнинг ёдида қолди?

Билган борми мен билганни,
Айтмадим мингдан бирини.
Қўшиқларнинг энг ширини
Тилимнинг ортида қолди.

Ўлсам ҳам, онам боласи,
Оқармас сочим қораси.
Пешонамга битган ёзув
Сочимнинг остида қолди…

ОЛТИНЧИ ҚЎШИҚ

Илоҳим, ўлди бу одам,
Кўзлари боғлидир энди.
Уни на севмоқ қўрқитар,
На ўлмоқ қўрқитар энди.

Кими бор, солса ёдга ки,
Бугун-эрта дунёдаги
Бир яшил ўтдир ул ёки
Қамишдай қуриюр энди.

Йиғламоққа бир каси йўқ,
Дарахти йўқ, сояси йўқ,
Эли, юрти, ўлкаси йўқ –
“Аллоҳ”нинг ўғлидир энди…

ЕТТИНЧИ ҚЎШИҚ

Хандақларга қуёш боқур,
Уйғон, уйғон, ётган ўғил!
Қани, қурол тутган ўғил,
Ўғилнинг қўллари қани?!

Уйда ўрни қолар бўлса,
Нега келмас, келар бўлса?!
Бу келин у келин бўлса,
Хиноли зулфлари қани?!

Ким бу юртга ғам ташиди?!
Бу тоғ эмас, гўр тошидир.
Бу кўл эмас, кўз ёшидир,
Бас, юртнинг кўллари қани?!

САККИЗИНЧИ ҚЎШИҚ

Кўз ёшга чўмилган дунё,
Юзинг-кўзинг тозамиди?
Тирикларнинг хотирида
Ўлганлари азизмиди?

Бизни кўрган кўзгуларинг
Энди кўрар ўзгаларни.
Не биларсан, энг гўзали –
Ул юзмиди, бул юзмиди?!

Дардимизни оз чек, дунё,
Ҳар келган кетажак, дунё.
Келганларинг кечиккан ё
Ўлганларинг шошганмиди?!

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚЎШИҚ

Бир пиёла чой қуй, ичай,
Ширин бўлсин, аччиқ бўлсин.
Онанг менинг онам бўлсин,
Чечанг менинг чечам бўлсин.

Уй қурдик – омонат эмас,
Бир кимса кўчирган эмас.
Бахтимиз очилган эмас –
Эшигимиз очиқ бўлсин.

Менсиз умринг узун бўлгай,
Бош қўймоққа тизинг бўлгай.
Йиғламоққа кўзинг бўлгай,
Оқармоққа сочинг бўлсин!

ЎНИНЧИ ҚЎШИҚ

Булут келди кўк бошига,
Деди, онам, ур бошингга.
Ҳар қишлоқ, ҳар уй бошига
Ўғил кетди, оҳ, қайтмади.

Кундуз ўтди, кеча қолди,
Дарахттлар силикиша қолди,
Барглар ўша-ўша қолди,
Бутоқлари бўй отмади.

Йиллар еди изларини,
Ўғилларнинг тизларини,
Оналарнинг кўзларини
Йўллар еди, ҳеч тўймади…

ДЕВОР

Қоғоз эмас – девордир бу,
Бошимни ургувчи девор.
Хаёл суриб, йиғлаб-кулиб,
Ўртаниб тургувчи девор

Бир тоқ-танҳо дарахт каби
Остида битгувчи девор.
Йиғлаганда болиш каби
Юзимни суртгувчи девор.

Варақ эмас, девордир бу,
Ғамдан оқарар ҳар кеча.
У томондан кимдир мени
Саслар, чақирар ҳар кеча.

Мен ўлсам, демангиз ёлғиз,
йиғлангиз бизга, йиғлангиз.
Мени дея азоб чеккан
ул етим сасга йиғлангиз.
Бу деворнинг бул юзинда
ўлган Ромизни кўминг ва
Бу деворнинг ул юзинда
қолган Ромизга йиғлангиз…

КИМ БИЛСИН…

Инсон инсондир, қардошим, ҳайвон ҳайвондир:
хотини ҳам, эркаги ҳам,
кучуги ҳам, мушуги ҳам.
Инсон инсондир, қардошим, ҳайвон ҳайвондир:
севилгани ҳам, сўйилгани ҳам,
соғилгани ҳам, ейилгани ҳам.
…мана, балиқлар бор,
мана, бор қушлар…

Мен одам бўлмасайдим,
билингки, қуш бўлардим.
Агар ит бўлсам ҳам,
билардимки, қушман,
ҳали қанотлари чиқмаган қушман.

Эҳтимол,
ким билсин, отам боласи,
Эҳтимол, ростдан ҳам ит асли қушдир,
аммо итнинг иши қуш иши эмас,
тупроқдан айрилибучгиси келмас,
осмонда қанотин очгиси келмас…

… Бу дунё ўзи ҳам бир парча қушдир,
мурғак, бир тухумдай қушдир бу дунё.
Хотинми-эркакми, иту мушукми,
бир кун кўражаксан: учди бу дунё.
Учиб кетди,
ўтиб кетди қушлардан,
Чинқириб-чинқириб учажак қушлар
дунёмизнинг ортидан,
Қанотлари чарчагунча,
узилгунча учажак,
Ўлгунча,
учажак қушлар
дунёмизнинг ортидан.
Ўлик-ўлик қушлар тўкилар
само бўшлиғига,
Ҳаволарга, ҳаволарга,
узоқ-узоқ, бошқа-бошқа дунёларнинг
қумлоғига, тошлоғига,
ўлик қушлар тўкилар.
…қоришиб ётар қушлар
тошларнинг орасида….

Бошқа-бошқа дунёларнинг одамлари
тош ўрнига
Ўлик қушларни отажаклар
бир-бирларига.
Ҳеч ким ажратмайди –
қуш қайсидир,
тош қайси….

…Эҳтимол,
ким билсин, отам боласи,
Эҳтимол, бизнинг дунёмизнинг ҳам
кесаклари, тошлари
Учиб кетган дунёларнинг
ўлиб тушган қушларидир, қушлари…

БУЛУТ

Юрагимнинг ғамини,
Кўзларимнинг намини,
Қардошимнинг тўйида
лўппи-лўппи буғланган
Паловнинг дамини
ютиб ичига
бошимнинг устидан бир булут ўтар.

Онам булут, жоним булут,
Сени кўрдим, бағримнинг ичи ачишди,
Кўзимнинг ёши ачишди,
Уйимнинг девори-тоши ачишди –
ол бу тош-деворнинг қўлидан мени,
қутқар мени, ўзинг билан олиб кет.

Онеам булут, онамдан ортиқ булут,
Сочлари чилвир булут,
Ёноқлари кулгич булут –
балки мени сен туққансан,
мен сенинг болангман ёхуд.

Мен булут ўғлиман, булут боласи,
Булут парчасиман, булут пораси,
булутга тўламан бошдан-оёғи.

Устим – булут, ичим – булут,
Кўксимда юрагим –
булут,
Эгнимда кийимим, кўйлагим –
булут.
Пешонамда сочим –
булут.

Булут-булут сочларимдан
энди ҳеч не қолмади
Пешонамнинг ажинини ёпомоққа.
Мени изламоққа, азизламоққа
энди ҳеч не қолмади –
Онам булут, синглим булут,
қутқар мени, ўзинг билан олиб кет.

Онам булут,
Дардимдан кўзлари намланган булут.
Ўзини ёдидан чиқариб,
анчадан бошимда айланган булут –
Сени кўрган они қоним жўш урди,
қайнайверди, тошди томирларимдан,
Қолмади, қоним қолмади,
Ярим жоним қолмади,
тез ўт, онам булут, ўлдирма мени…

… Юрагимнинг ғамини
Кўзларимнинг намини,
Қардошимнинг тўйида
лўппи-лўппи буғланган
Паловнинг дамини
ютиб ичига
бошимнинг устидан бир булут ўтар.
Йўлинг оқ бўлсин, кетган булут,
Кетиб, кетиб кўзимдан йитган булут.

Бир вақт бу ерларга келсанг, келмасанг,
Ерга боқиб мени кўрсанг, кўрмасанг,
қайғу чекма, йиғламоқдан кечиб кет,
қўшин-қўшин булутларга қўшил, кет.
Менла-менсиз дунё ўша дунёдир,
бу дунёнинг шу туриши соғ бўлсин,
ерда –тоши, кўкда қуши соғ бўлсин.
Қушларнинг қанотлари
Силкиб ўтсин булутларни,
Кўк юзининг булутлари
қўшин-қўшин соғ бўлсин.
Онам булут, сен ҳам соғ бўл булутларнинг ичида,
Ёмғиринг соғ бўлсин,
бошинг соғ бўлсин…

СУТ ТИШИНИНГ ОҒРИҒИ

Достон

Фузулийга, яна болам Равшанга

Биринчи сентябрда, мактабда дарслар бошланганда мааълум бўлдики, тўртинчи синфнинг ҳамма ўқувчилари қимирлаб қолган сут тишларини бу ёз тушириб қайтибдилар. Ўша синфда фақат бир боланинг оғзида бир дона сут тиши қолган эдики, бу ҳам Самад эди. Самад оғзини очиб салом берган заҳоти ўқувчилар бу тишни кўрдилар, кулдилар.
Сўнгра қалин бир ипнинг бир учини Самаднинг тишига боғладилар, бир учини – синфхонанинг эшигига.
Ўша ёз қишлоққа шаҳардан янги муаллима келганди, жуда гўзал қиз эди, исми Чимноз эди. Биринчи дарс ана шу Чимноз муаллиманинг дарси эди ва, ўзингиз тушуниб етгандай, эшикни очиб Самаднинг тишини суғурган ҳам Чимноз муаллима бўлди.
Тўғриси, Самад қўрқоқ эмасди, аммо эшикнинг орқасидан Чимноз муаллима туфлисининг пошначалари тақиллаганда Самаднинг юраги жойидан қўзғолди, эшик тортилиб очилганда Самаднинг ўзи ҳам жойидан қўзғолди, ўқдай учиб Чимноз муаллиманинг қучоғига тушди. Самаднинг бўйи зўрға Чимноз муаллиманинг кўкрагидан келарди, шунинг учун Чимноз муаллиманинг юраги тўғри Самаднинг қулоғи остидан дукурлаб тепарди.
Самаднинг тишига боғланган ип ҳам узилганди, бир учи эшикда осилиб турарди. Ип узилганди, аммо узилган сут тиши ҳам Самаднинг оғзида эди.
Сўнгра Самад ўтиб жойига ўтирди; Чимноз муаллима дарсда нималарни ўтди, нима деди, Самад эшитмади – қулоғида фақат Чимноз муаллима юрагининг дукурлаши эшитиларди. Самад оқшом тўшакка кириб ётганида ҳам у юракнинг дукурлаши ҳали қулоғидан кетмаганди.
Ёндош уйда чироқ ёнарди, отаси милтиқ тозаларди, эҳтимол, саҳар-мардонда яна овга чиқса керак. Девордаги қора гардишли суратдан онаси суқланиб отасига боқарди.
Онаси Самадни туғаётганда ўлганди. Самад бу дунёга келиб кўзларини очганда, онасини ўша қора гардишнинг орасидан, ўша ўлим панжарасидан суқланиб боққан ҳолда кўрган эди.
Онаси отасини жуда ҳам яхши кўрар экан, айтишларича, бу қишлоқда ҳеч ким бу қадар кучли севгини кўрмаган экан. Балким, Самад туғилганд а онаси у севги туфайли ўлгандир, у севгисини тўққиз ой юрагининг остида асраган ўз фарзанди билан ҳам бўлишгиси келмагандир.
Ҳалигача Самад онаси юрагининг уришларини ёдида асраб келарди, энди эса, қанча уринмасин, у дукурлашларни ёдига келтиролмасди, энди Самаднинг қулоғида Чимноз муаллиманинг юрагигина сас берарди.
Шу лаҳзаларда Самаднинг ўз юрагида ҳам нимадир куртак отар, ўсиб, гуркираб борар, энтиктирарди. Самад буни бутун жону тани билан ҳис қиларди, аммо унинг нима эканлигини ҳеч хаёлига келтиролмасди ва қалбини тўлдирган у энтикишдан ҳам лаззат оларди, севинарди, ҳам бир боладай қўрқарди.
Ҳали меваси на бўлишидан хабарсиз, умрида илк барг чиқарган ёш дарахтдай ўз жонида бўртган биринчи мевадан еган боладай ҳам лаззат олар, севинар, ҳам бир боладай қўрқар.
… Самаднинг юрагида куртак отган у меванинг исми СЕВГИ эди…

Бу нечук севгидир, тушди бошингга,
Аллоҳдан қўрқмади, менинг болам?
Боқмади гўдак ёшингга,
оғзингдаги сут тишингга боқмади, менинг болам –
бу нечук севгидир тушди бошингга?!

Бу кекса дунёда шу ёш ёшингда
тишладинг ҳар нени шу сут тишингда.
Тотдинг бу дунёнинг кўп аччиғидан,
ўтдинг йўталидан, қизамиғидан,
севгисига
тутилдинг бу дунёнинг.

Золим севги, боққил, сени найлади,
бундай золим ўлим йўқдир, дард йўқдир.
Қўлингда қораяр эмлаш пайванди,
болам, севгидан эмлаш – пайванд йўқдир.

Бу севгидир, менинг болам,
умрлардан узун севги:
бир қўлида
бешикларни тебратган,
бир қўлида
қабрларни қазган севги.

Бу севгидир, менинг болам, —
бир асов тулпордай
ортимиздан чопган севги,
қайда бўлсак, ўлим каби
келиб бизни топган севги.

Бу севгидир, менинг болам,
минг йилдирки – омон севги,
кўзидан ёш томчилаган,
қўлидан қон томган севги…

… О, сен кимсан, менинг болам:
бу чандиқли юзинг таниш,
ямоқ тушган тизинг таниш.
Чимрилганда – қошинг таниш,
йиғлаганда – кўзинг таниш.
Болаларнинг, гўдакларнинг
энг фақири, сиқилгани,
ҳаммадан ҳам секин юриб,
ҳаммадан кўп йиқилгани.

Эҳтимол, секин юргин деб,
севги сени хоҳлади,
йўлларингни тўрт тарафдан боғлади.
Энди шундай, бу севгидир
сувларинг ҳам, емагинг ҳам.
Сумбул каби юрагингда
бу севги дон боғлади.

Қисқагина умримизда
дунёга боқа-боқа,
болам, минг йиллардан буён
яшаяпмиз шунақа.

Минг йиллардир
юрагимиз томир-томир
севгига боғлидир бу ер юзида.
Чангидан юлдузигача,
ўғлонидан қизигача
бари ҳисоблидир бу е юзида.

Бу дунёнинг севгиси ҳам
ўлчовли, ҳисоблаб чиқилган, болам.
Барчамизга бўлакланиб,
бўйимизга бичилган, болам.

Аммо, урфдан қолган чопон кўргандай,
кўпдир бу дунёда севгидан кулиб,
афтин буруштирган, лабин бурганлар.
Кўпдир бу дунёда қўл-қўл ушлашиб,
яланғоч кезганлар, ишқсиз юрганлар.

Севгисиз ўпичлар яланғоч,
қизларнинг ёноқлари
япроқдай қурийди оч –
кўпдир дарахтнинг илдизидан кириб,
шохида барг каби ҳиссиз юрганлар.

Кесилган ўрмонлар каби,
қуриётган уммонлар каби
севги ҳам тугайди бу ер юзида.
Дунёда қўли бўш, тиланар севги,
у ёнга-бу ёнга бўйланар севги,
севганларни излар кўзи – тополмас,
йигитни топганда қизни тополмас –
севганлар ёлғиздир бу ер юзида.

Менинг болам, сен-да ёлғиз,
ёлғиз, ер юзинда ёлғиз,
ой каби, кун каби ёлғиз,
тупроқда дон каби ёлғиз,
боғда шамол каби ёлғиз,
жонда юрак каби ёлғиз.
Сен ҳам ёлғиз, менинг болам,
бу кўкнинг остида ёлғиз,
Дунёда севги аталган
бир юкнинг остида ёлғиз.

Лабларинг нимадир дейди, пичирлар,
кўзларингдан ёш тўкилар, менинг болам.
Суякларинг қисирлайди, ғичирлар,
белинг букилар, букилар, менинг болам.

Аллоҳнинг кўзи қийдими –
шошди бу кўкнинг эгаси.
Севги сенинг юкинг эмас,
қани бу юкнинг эгаси?!

Тангр ўзи енг шимариб
кирсин бу юкнинг остига,
Курагини, юрагини
берсин бу юкнинг остига.

… Воҳ, эҳтимол, жоним болам,
йўқликка бақирган менман.
Ўзим бунда қараб туриб,
ўзгани чақирган менман.

Балким, бу кўкнинг остида
мен ҳам гуноҳга ботганман.
Сен кирган юкнинг остидан
елкамни олиб қочганман.

Поёнсиздир дунё юки:
севгиси – юк, нафрати – юк.
Учрашганда суҳбати – юк,
айрилганда ҳасрати – юк.

Дунё – бир юк дарахти,
ҳар юкнинг кўки инсондир.
Инсоннинг юки – бу дунё,
дунёнинг юки инсондир.

Пешонага битилганмиш
елкамизга тушар юклар.
Болагинам, бу ёзувдан
қочмоқ мушкул экан-да.
Юк остидан елкасини
олиб қочса катталар,
болаларнинг елкасига
юк тушар экан-да.

Билмай қолдим, жоним болам,
мен ориқни кечиргин,
Елкамдаги қабариқни кечиргин!..

“Кечир!”… Гапга қара, Аллоҳ! Ҳамма бир-бирига: “Кечир!” – дейди, аммо ҳеч ким ҳеч кимни кечирмайди.
Бироқ оёғимизга теккан тошлар бизга “кечир” демади.
Биз тош билан урган қушга “кечир”демадик.
Шунақа яшаймиз: тошлар, қушлар, одамлар. Бизни оғритганлар, биз оғритганлар.
Қушлар ва болалар бир-бирига ўхшайди. Болалар ҳам тушларида уча олади. Тушида учган боланинг бўйи ўсади, дейдилар.
Туш йўқ нарса, тушнинг жони йўқ. Эҳтимол, ҳар учган қуш жони кириб қанотланган тийра кўзли бир тушдир – бир гўдакнинг тушидир. Бас, шунда й экан, болалар нега қушларга тош отадилар, қушларнинг оёғидан дарахт шохига боғлаб қўядилар.
Менинг болам, кўраяпман, сен ҳам шу болаларнинг орасидасан.
Бир дарахт теварагида давра қуриб ўтирибсизлар. Шохлардаги чумчуқлар сизга боқади – оёқларига боғланган ипдан хабарсиз, шўрлик чумчуқлар. Болалар тўсатдан қичқиришади, чумчуқлар ҳуркиб қўзғолади.
Сен ҳам қичқирдингми, менинг болам?!

Бу дунёда болаларга алданган
қушлардан ҳам шўрлик не бор, илоҳим?
Оёғидан бутоқларга боғланган
қушлар нега қанот қоқар, илоҳим?!

Шўрлик қушлар типирчилар, уринар,
бутоқлардан қанотлари тилинар.
Кўкдан ерга эланган қуш патидан
болаларнинг сочларига оқ тушар.
Дарахтларни қўпоролмас ўрнидан,
шўрлик қушлар чарчаб, чирқироқ тушар.

У болалар, у кичик жаллодларнинг
оёғи остинда, азоб ичинда
ўлган қушлар қон томирга осилиб
юрак каби титрар ипнинг учинда.

Қушлар эмас, ўлган бизмиз, эҳтимол.
Ким билади – ўлган кимдир, тирик ким?!
Унда турган
қўллари қон гўдак менман, эҳтимол,
унда ўлган у қуш – менинг юрагим.

Барглар тушар
у қушларнинг очиқ қолган кўзига,
ботиқ-ботиқ оёқлардан
қонли иплар ечилмас.
Энди шундоқ бу қушларнинг юзига
осмон ҳам бир қулф эшикдай –
очилмас.

Чумчуғини айирмайлик булбулдан,
қуш сиёқли юракларга йиғлайлик.
Не замонсоз шоирларнинг қўлида
қўшиқ ёзган лайлакларга йиғлайлик.

У қушлар ҳам бироз бизга йиғласин,
бу юраксиз умримизга йиғласин.
Балким, биздан хабарсиздир у қушлар,
ёмонимиз, яхшимиздан хабарсиз,
бу оқарган сочимиздан хабарсиз,
бу тиришган юзимиздан хабарсиз.

Устимизда доғлар қолмиш
у қушларнинг қонидан,
юз бир кийим алмаштирсак
энди у қон кетмагай.
У ипларнинг изи ҳам
жизиллайди бутоқларнинг жонида.
У қушларнинг саси ҳали
дарахтларнинг қулоғидан кетмагай.

Балким шундай, қушлар сўнгги фурсатда
ўла-ўла бизни севган, қарғаган.
Балким, Аллоҳ бизни ип-ла у пайтда
у қушларнинг оёғига боғлаган.
Балким шундай, у дунёда тупроқдан
ҳар саҳар ул ипнинг учидан тутиб
уйғотар,
уйғотар бизни у қушлар,
ипга осиб қўйган ўйинчоқ каби
ўйнатар, ўйнатар бизни у қушлар.

Пешонамиз тиришидан,
бағримизнинг бошидан
биз у ипни ечолмаймиз ўлгунча.
Бу дунёнинг тупроғидан, тошидан,
Хотинларнинг нозидан, қарғишидан
озод-эркин учолмаймиз ўлгунча.

Йиғлагаймиз – бизга кулар у қушлар,
Яширинсак – яна кўрар у қушлар.
У қушларни кўрмайин, деб
кўзимизни юмармиз –
келиб тушимиша кирар у қушлар.
У қушларнинг оёғига йиқилиб
ёлворармиз: ёқамиздан йироқ кет.
Кеча-кундуз тинчлигимиз йўқолди,
бирор оқшом уйқумиздан йироқ кет!..

… Тушимизда ўлик қушлар тирилар,
қанот қоқиб тебратар кўк юзини.
Оёқларин қонли ипи чўзилар,
ғичирлатар дарахтнинг илдизини.

Қушлар тортар дарахтларни ортидан,
чинорни ҳам, ёнғоқни ҳам қўпорар.
Тупроқ ерни қаттиқ ушлар дарахтлар,
қушлар тортар –
тупроқни ҳам қўпорар.

Қушлар тортар, қалқар уйлар-эшиклар,
бир-бирини қувлар итлар-мушуклар.
Хотинлар ҳам, ушоқлар ҳам қичқирар,
қўрқоқлар ҳам, қочоқлар ҳам қичқирар.

Қичқирамиз: – Қутқар бизни, Аллоҳим!
Қушлар қайга тортар бизни, Аллоҳим?!
Балким, қушлар торта-торта обориб,
йўқликларга отар бизни, Аллоҳим!..

Тош келтириб, излагаймиз қушларни,
битта-битта кўзлагаймиз қушларни.
Учган қушлар кўк юзидан тўкилар,
тош отармиз бир дона қуш қолгунча.
У битта қуш яна биздан зўр келар,
яна тортар дунёмизни толгунча.

Ўзи ростдан битта қушми, илоҳим,
бу дунёни шаҳар-шаҳар, ўлка-ўлка кўтарган?!
Бу дунёда энг охирги шоирнинг
юрагидир, балким, бизни кўтарган.

Биз у қушга, Аллоҳ, нега тош отдик?!
Хотин, гўдак ҳам кеса-ю ёш отдик.
Бу дунёда энг охирги шоирнинг
юрагини тошлагунча тош отдик.

У қушнинг ҳам сўнгисини отайлик, –
кимнинг тоши тегар, қани, у қушга?!
Кўзимизни катта очиб боқайлик
кўк юзидан кўчиб келган у қушга.

Кўк юзининг узанар ҳар қаричи,
бу не ишдир, айт, кўкларнинг Эгаси?
Нечун, айтгил, дунёнинг ҳам, қушнинг ҳам
ҳеч тузалмас, ҳеч тузалмас яраси?!

Қўл бер, бу дунёнинг тоғу тузин тут,
тоғу даштнинг, ахир, недир гуноҳи?
Бу дунёни ўзинг ушла, ўзинг тут,
йиқилармиз, йиқилармиз, илоҳи!

Балким, бир дам кўролмадик у қушни,
Балким, ўзга дунёларга тўқнашиб,
парча-парча тўкилади бу дунё.
Кўк юзидан у қуш ғариб тушади.
У қуш охир қайга бориб тушади,
охир қайга йиқилади бу дунё?1

Қутқар бизни бу қўрқувдан, Аллоҳим,
Уйғот бизни бу уйқудан, Аллоҳим!..

… У уйқудан телба каби уйғониб,
кўзимизни очганда,
Қўрқа-қўрқа кўтаришиб кўрпани,
қуш ўлигин ахтарамиз
тўшагимиз ичида…

Ўлик қушлар ерга қатор-қатор тушиб ётарди.
Болалардан бири:
-Тезроқ бўлинглар, қочдик, – деди. – Чимноз муаллима келяпти!…
Ростдан ҳам йўлнинг у четидан Чимноз муаллима келарди, ўзи ҳам тўғри улар томонга келарди. Эҳтимол, у қушларнинг бошига тушган савдони кўрганди.
Болалар ердаги ўлик чумчуқларни йиғиштириб, тезда кўздан ғойиб бўлдилар. Дарахтнинг остида фақат Самад қолди, яна бир – ўлик чумчуқ.
Чимноз муаллима келди, ўлик чумчуқни ердан кўтарди ва Самадга ўгирилиб:
-Эртага ё отанг, ё онанг мактабга келсин! – деди.
Самад индамади.
-Гапиимни эшитмадингми?!
Самад яна гапирмади.
Шунда Чимноз муаллима Самаднинг қўлидан тутди:
-Қаерда яшайсизлар? – деди.
Самад боши билан имлади.
Чимноз муаллима Самаднинг қўлидан тутди:
-Кетдик! – деди.
Самад эгилганча Чимноз муаллиманинг ёнида йўлга тушди.
Кетдилар, етдилар, Самад эшикни очди, ичкарига кирдилар.
Самаднинг отаси йўқ эди.
Чимноз муаллима қўлидаги ўлик чумчуқнинг боши ни силади:
–Ҳеч қиси йўқ, кутиб тураман! – деди.
Шундай айтдики, гўё Самаднинг отаси келиб, бу чумчуқни тирилтиради.
Сўнгра Чимноз муаллиманинг кўзи девордаги суратга тушди:
-Онангми? – деди.
Самад бошини қимирлатди.
-Онанг ҳам уйда йўқми?
Самад бошини тебратди.
Чимноз муаллима суратга суқланиб боқди:
-Қандай гўзал онанг бор-а, – деди. – ростдан ҳам гўзалми ё суратда гўзал чиққанми?
Самад охири тилга кирди:
-Билмайман, – деди, – кўрганим йўқ!
Чимноз муаллима суратнинг қора гардишини энди кўрди, сесканиб ўлик чумчуқни қўлидан ерга тушириб юборди.
Самад тез эгилиб, қушчани ердан кўтарди. Шу пайт эшик очилди, отаси ичкарига кирди, елкасида милтиқ бор эди, қўлида у овлаган бир жуфт қирғовул.
Самад отасининг ёнидан суқилиб ўтиб, ташқарига чиқди.
Чимноз муаллимаўлик қушларни кўтарган Самаднинг отасини кўриб, ўзини йўқотиб қўйганди.
Чимнеоз муаллима бу ёш умрида ҳали ҳеч бир кишидан қўрқмаганди, аммо энди ҳис қилдики, бу одамдан қўрқади, энг оғири шу эдики, бу қўрқув унга лаззат бахш этарди.
Чимноз муаллима бехосдан бу одамнинг қўлидаги бир жуфт қирғовул билан, яна бу киши овлаган барча қирғовуллар билан, какликлар, беданалар, жайронлар билан, бошқа шундай жониворлар билан ўзининг қондошлигини, яқинлигини ҳис қилди ва бир жуфт қирғовулни кўрсатиб, юраги дукурлай-дукурлай:
-Овчимисиз?- деди.
Самаднинг отаси Чимноз муаллиманинг оёғидан бошигача термулиб:
-Ҳа, – деди. – ОВЧИМАН!..

Бир ов майдонидир бу қишлоқ, шаҳар,
милтиқсизу ўқсиз бу қандай овдир?!
Бир озча овчидир ҳамма эркаклар,
хотинлар ҳаммаси бир озча овдир.

Бу маккор боқишнинг қурбони бўлай,
аёллар овланар, қизлар овланар,
Узун киприклари ёрдам беролмас,
ола кўзлар, қора кўзлар овланар.

Қандай соз, эшикни очиб келибсан,
сен менинг овимсан –
танидим сени.
Балким, бахт қушисан, учиб келибсан,
бас, қани елкангда қанотинг сени?

Деворлар гул очар – қўлинг тегинса,
Тортилар Тангрининг қўли бу уйдан.
Бироз тутун ҳиди, порохнинг дуди,
Бир озча қон хиди келар бу уйдан.

О, ёмон тикилар кўзинг деворга –
суратга боққанда ёшланар кўзинг.
Бурайлик суратнинг кўзин деворга,
бу шаҳид севгининг руҳи ёнмасин.

Балким, бир туш эрур у ўлган аёл,
юмсам кўзларимни – қайтади, балким.
Севги илоҳийди у ўлган аёл,
усиз илоҳсизман дунёда, балким.

Ўлганга барибир, шўрлик – қолгандир –
Ўлган ўлди, қолган энди найласин?!
Дейдилар: худолар ўлмас…
ёлғондир!..
Худо ўлган ерда банда найласин?!

Ярим зор, ярим ҳуш кетар ўлганлар,
Ким айтар, қўли бўш кетар ўлганлар:
Қўли текканидан оборар қўли,
Кўзи кўрганидан оборар кўзи.
Қабрлар кўпаяр – дунё камаяр,
Ўлганлар парчалаб оборар бизни.

Бироздан обкетар ҳар ўлган одам
ҳар қолган одамнинг тириклигидан.
Ноннинг таъмидану
сувнинг тотидан,
Чечакнинг исидан, гулнинг хидидан.

Тирилар ҳаммаси бироз-бироздан,
бир қуруқ соямиз,
бир бўш алвасти.
Аллоҳим, чиқажак ахир қачондир
тупроқнинг устига
тупроқнинг ости.

Биламан, ўлганлар тирилмас –
аммо
Менинг у дунё-ла олди-бердим бор:
Эҳтимол, ўлимни ўлим олгайдир,
Ўлимни ўлим-ла алмашмоқ даркор.

Сен ҳам, гўзал хоним, мени кечиргин,
сени қўрқитмасин қўлимдаги қон.
Менинг овлаганим у барча қушлар
у ўлган аёлга қурбондир, қурбон.

Юз қушнинг, минг қушнинг ўлими, балким,
унинг ўлимига тенг кела билса,
Охири кунлардан бир куни, балким,
уни у дунёдан мен ола билсам.

… Балким, сени унда Тангрим кўндирмиш,
Балким, у дунёдан келган малаксан?!
У аёл ўлганда ўлгандим, ўлган –
Эҳтимол, сен мени тирилтирарсан…

Сочларинг бунчалар юмшоқдир, юмшоқ,
сочингга тегинса –
қўлим тирилар.
Мен ўлган эдим-ку, не бўлди, Аллоҳ,
балким, танимдаги Ўлим тирилар?!

Тирилар кўксимда юрак, Аллоҳим,
Тирикман!
Тирикман!
Тирикман яна!
Тириклар яшаши керак, Аллоҳим…
Ўзинг раҳмат қилгин ўлганларингни…

…Самад мурғак тирноқлари билан боғда ерни ковлаб, ўлик чумчуқни кўмиб қўймоқчи бўларди.
Тупроқ жипс эди, Самаднинг бармоқларини оғритарди…

Илтижо қиламиз минг-минг тил ила –
Дунёнинг тош сабри каби сабр йўқ.
Қабр йўқдир,
бир боланинг қўли-ла
Қазилган қуш қабри каби қабр йўқ.

Бир ҳовуч қора тупроқ
бас эди,
Қушлар биздан кўз ёши ҳам сўрамас.
Бир қаричдай қабр қазсак,
бас эди,
Бир бармоқдай гўр тоши ҳам сўрамас.

Бунча ўхшаш қушларнинг, болаларнинг ўлими –
Иккисидан ҳам дунёда бир юк қолар:
Болалардан – тўйгунича яшолмаган бир умр,
У қушлардан тўйгунича учолмаган кўк қолар.

Одам ўғли, сабаб будир, эҳтимол,
болаларнинг
тобути тош кабидир.
Балким, бу зил тобутларга юкланган
болаларнинг яшалмаган умридир.

Яхшиямки, тобути йўқ қушларнинг,
у тобутни юклаб қандай кезардик?
Бутун осмон у тобутга юкланиб,
балким, нозик елкамизни эзарди.

Балким, етди додимизга болалар,
Ўлга қушга қабр қазган болалар
бу тобутдан елкамизни асради.
Тепамиздан босиб турган бу кўкдан,
Бу қуёшдан, бу юлдуздан, бу ойдан,
бу булутдан елкамизни асради.

Яхшиямки, яшаяпмиз шунақа,
ҳар гуноҳни ювган, тузган топилар.
Яхшиямки, бу дунёда бир парча
чумчуққа ҳам қабр қазган топилар.

… Балким, менинг қабримни ҳам қазган бор,
кундуз қазар,
кеча қазар қабримни.
Чумдуги-ла чўқиб-чўқиб тупроқни
бирор митти қушча қазар қабримни.
Ахир, ҳали мен оз умр сурганман,
Ўлим, балким – узоқ, балким, яқиндир.
У қушчани, балким юз бор кўрганман,
айтганманки,
излагани дон-дундир.

У чумчуқнинг еми, балким, менман, мен,
У чумчуқнинг чумдугинда донман мен,
чўқилар, чўқилар мени у чумчуқ.
Кунларимни, йилларимни чўқилар,
Қора сочим, қўлларимни чўқилар,
чўқилар, чўқилар мени у чумчуқ.
У чумчуқнинг чумдугидан қутулиб,
бекинмоққа ҳеч бир макон топмадим.
У чумчуқнинг қабоғинда тутилиб,
чидамоққа жонимда жон топмадим.

Чўқилайди, чўқилайди бу чумчуқ,
бу танимдан
неча жонлар айрилар.
Мендан қўпиб,
қават-қават шилиниб,
яна янги,
янги танлар айрилар.

Чўқилайди, чўқилайди бу чумчуқ,
оғриқ чиқар танимдан.
Танимдаги оғриқлардан кўкариб,
қизим чиқар,
ўғлим чиқар танимдан.

Одам ўғли, бас, сен нечук, мен нечук,
бас, мен кимман,
бас, мен қайдан туғилдим?!
Балким, шундай отамни ҳам
чўқилаган бу чумчуқ,
Мен отамнинг танидаги
оғриқлардан туғилдим.
Балким, шундай на таниш бор, на ёт бор,
бу дунёда
ҳаммамиз бир баданмиз.
Балким, шундай биз одамлар, одамлар,
насл-насл чўқиланган бир танмиз.

Не бўлгайки,
ҳовуч-ҳовуч дон сепилган ҳар ерда,
Не бўлгайки,
бошдан-охир
ҳовли-ҳовли сочилдик.
Балким, шундай битта тандир
бу дунёнинг аввали,
Балким, “Аллоҳ” дейилган дам
шундоқ бирдан очилдик.

Балким, шундай минг йиллардир
у чумчуқнинг тумшуғидан
тушиб-тушиб келармиз.
Минг йиллардир шундай,
чўқиланган бадандан
сачраб-учиб келармиз.

Пешонада ҳали бундай
минг-минг оғриқ-аччиқ бор,
минг-минг кундуз-кеча бор.
Бир ўлимсиз ТАН бор бу ер юзида,
бир ўлимсиз ЧУМЧУҚ бор…

Самад чумчуқни кўмиб келганда Чимноз муаллима уйда отаси овлаган қирғовулнинг патини юларди.
Отаси деворга суяниб, бир қониқиш ила кулиб қараб турар эди.
Аммо онасининг девордаги йиллар бўйи боқимб турган сурати ўгирилган эди, қора гардишли суратнинг юзи деворга буриб қўйилганди.
Самад шошди, бир суратга, бир отасига термулди.
Отаси бирдан ҳушёр тортди, суратнинг юзини бу ёнга ўгирди. Самад бадтар шошиб қолди: суратдан термулиб онаси жилмаярди
Самад суратдан кўзини олди. Ўша куни қирғовул гўштини оғзига ҳам олмади.
Ўша кундан кейин Чимноз муаллима гоҳи-гоҳи Самадларникига келиб турадиган бўлди, бироқ ҳар гал у келганда, Самад секин орадан чиқиб кетар, уйга жуда кеч, Чимноз муаллима чиқиб кетганидан сўнг қайтарди, ҳар гал қайтганда отасини хурсанд, бахтиёрликдан жилмайган ҳолда кўрарди.
Бир гал Самад уйга қайтиб, эшикни ҳарчанд итармасин, оча олмади.
Эшик ичкаридан берк эди.
Самад оёқларининг учида чўзилиб деразадан қаради ва отаси ҳамда Чимноз муаллимани кўрди. Чимноз муаллима йирик, оқ-оппоқ қуш каби тўшакка узала тушганди. Бу, эҳтимол, отаси овлаган энг гўзал қуш эди. Бироқ у тирик эди. Чимноз муаллиманинг оппоқ қўллари отасининг чайир бўйнидан қучарди, Самаднинг тушларига кирган чарсилдоқ лаблари отасининг оташ юзидан, кўзидан ўпарди, оёқлари, бўлиқ оёқлари…
… Қарама, болам, ёш бола бунақа ишларга қарамайди!.
Аммо Самад қараб турарди.
Девордаги қора гардишли суратдан онаси ҳам қараб турарди, қараб куларди, гўё отасининг бахтиёрлигидан у ҳам севинарди. Нега севинарди, Аллоҳ?!
Сўнг Чимноз муаллима чиқиб кетди, уйда ёлғиз отаси қолди, яна онасининг сурати.
Ўша куни Самад отасига бир оғиз ҳам гапирмади, бош кўтариб суратга ҳам боқмади.
Эртасига Чимноз муаллима Самадни доскага – ёзув тахтаси олдига чиқарганда Самад тош каби сукут сақларди.
Чимноз муаллима:
-Ёз, – деди.
Аммо Самад бу қора тахтага ҳеч нима ёзмади, кўзини у қора тахтанинг қоронғулигига тикканча тураверди: гўёки бу қора тахта деразадай ярқ этиб очиларди, чексиз йўқликка, бош-охирсиз зим-зиё қоронғуликка очиларди. Самад у деразадан боқиб, қоронғуда кимнидир кўрарди.
КИМНИ?!

Бешикдан тобутгача
умримиз оқ узра қора билан ёзилар,
Бас, нечун, менинг болам,
бу тахтанинг юзи қора,
нега оқ-ла ёзилар?

Ҳаёт деганлари – узун ё қисқа –
Дунёнинг энг қийин дарси экан-да.
Бу қора, қоп-қора ёзув тахтаси
Бизнинг умримизнинг терси экан-да.

Юлдуз-юлдуз йиртилган кўк юзидай
У тахтани сўз-сўз йиртган биз бўлдик.
У қора тахтанинг
қора бетидан
Тўкилган сўзларни тутган биз бўлдик.

Ёздик ва ўчирдик бўйи-энинда,
Ул қора тахтанинг ҳар қаричинда
қўлимизнинг изи намоён.
Алдандик, менинг болам,
у ёзув тахтасига,
Энди билдик, ҳар ёзувнинг ўчмоғи аён.

Ёздик ва ўчирдик –
севинчу ғамимиз
Ҳар сўздан, ҳарфдан, чизгидан ўтди.
Ул қора тахтадан ўтдик ҳаммамиз,
билгинки, бир қора кўзгудан ўтдик.

У кўзгудан қўлимизда ёзилган
неча-неча исм, отлар ўтди,
туғишганлар, ётлар ўтди.
“От” деб ёздик,
“Ўт” деб ёздик, —
У кўзгудан
йилқи-йилқи отлар ўтди,
чаман-чаман ўтлар ўтди.

Ўтган ўтди – бир дам дўниб
У кўзгудан сўролмадик.
Минолмадик у отларни,
У ўтларни ўролмадик.

Менинг болам, бу не ишдир,
боқдим, йўл тута билмадим.
У кўзгудан ҳамма ўтди,
сен нега ўта олмадинг?!
Талпинарсан, уринарсан,
у кўзгунинг ичиндасан,
Балким, ҳозир от чопарсан,
балким ўроқ-пичандасан.

Нега бунча ивигансан –
терданми ё кўз ёшидан?!
Бирор фурсат сувинг чиқмас
у кўзгудан қирғоққа.
У кўзгу босар бошингдан,
бўйинг чиқмас у кўзгудан қирғоққа.

Қуриган, ёрилган лабларинг билан
чақирарсан, сас бермаслар сасингга,
талпиниб, кучаниб урён соларсан.
Нозик қўлларинг-ла, оёқларинг-ла
у ёзув тахтасига
михланиб қоларсан.

У қора тахтада йўқолар, йитар
қоп-қора кўзларинг, болам.
У қора тахтада кўкарар, битар
япроқ-япроқ сўзларинг, болам.

У сўзларни теролган – йўқ, билган – йўқ.
Юз чақирсанг,
ёрдам қилиб келган – йўқ.

Кошки, биров мадад берса додингга,
у чормихни ўзинг суғур, воҳ, болам.
Дор куни ўз исминг етсин додингга,
ўзинг ўз отингни чақир, воҳ, болам.

Йўқса, тилинг дудуқланар, шошарсан –
ўз отинг тилингга ботмайди гўё.
Уринарсан, талпинарсан, тошарсан,
ўз отингга кучинг етмайди гўё.

Кел, қийнама бировни ҳам, ётни ҳам –
кучинг етмас ўз муқаддас отингга.
Менинг болам, оғир кунда оти ҳам
бу дунёда мадад бермас одамга.

Ким қолар дунёда?

Умр йўли
дунёнинг энг кетса-келмас йўлидир.
Менинг болам,
бу дунёда ўлгунча
ҳар ким шундай ўз исмининг қулидир.

Ўлгунча жонимиз-ла
боқажакмиз исмимизни,
Этимиз, қонимиз-ла
боқажакмиз исмимизни.

Майли, жони бўлмаса-да,
Гўшти, қони бўлмаса-да –
Яна, яна бу дунёда ҳар ненинг
исми ўз жонидан чиқар.

Тошнинг, сувнинг, ернинг, кўкнинг
исми ўз жонидан чиқар.
Ўз исмига кетар кучи,
ҳар не кучдан тушиб қолар.

“Сув” дегунча – сув чарчайди,
“Тош” дегунча – тош юмшалар.
“Ер” дегунча –
ер ҳам бироз ботар ерга,
“Кўк” дегунча
кўк ҳам бироз кўкдан тушар.

Ичимизни бир севги еган каби,
Титраб-қақшаб “севаман” деган каби
севгимиз чарчаб қолар.

…Бас, сен нечук, менинг болм,
Ўз исмингни чақирмоққа,
У ёзув тахтасидан
талпиниб чормихни суғурмоққа
ҳали кучинг қолдими?

Ер юзида
оёқ қўйиб турмоққа
ҳали бир қарич еринг,
Кўк юзида
боқмоққа бир қарич кўкинг қолдими?
Бир қарич ер-осмон орасида
ўсмоққа,
қалқмоққа бир қарич бўйинг қолдими?

Ерда – еринг,
кўкда кўкинг қолмаса, болам,
Ўз исмингни қичқирмоққа
яна кучинг қолмаса –
Энди қўрқма,
чақирмоққа яна бир от топарсан,
ундан кўмак, ундан имдод топарсан.

Уни чақир оғир кунда, оғир дамда,
ўз дардингни унга де, болам,
Бу қора тахтага, бу кўр тахтага
юзингни тут:
-Она!.. – де, болам.

… Қора тахта, кўзингни оч,
Кўр мени, қора тахта.
У қоракўз, у қорасоч
Онамни бер, қора тахта.

Қора тахта, худодан қўрқ?!
“Йўқ” – дема, йўқ, қора тахта!
Қора тахта, онамни туғ,
Онамни туғ, қора тахта!..

Ўша кун Самад мактабдан қайтганда, онаси яна жилмайиб девордаги суратдан боқарди.
Отасининг қўшоғиз милтиғи ҳам деворда осиғлиқ эди, бироқ отасининг ўзи йўқ эди.
Самаднинг кўзлари ёшга лим тўлганди, Самаднинг йиғлагиси келарди. Онасига ўгирилиб: -Кулма! – деди.
Аммо онаси ҳали ҳам кулиб боқарди.
Самад курсини оёғи остига қўйиб кўтарилди, онасининг юзини деворга ўгирди.
Сўнгра милтиқни девордан олиб келди, ўқларнинг жойини биларди, борди, бир жуфт патрон келтирди, милтиққа жойлади, тепкиларнинг иккисини ҳам тортиб, пастга қўйди.
Кейин бир қалин ипнинг учини милтиқ тепкиларига тугиб, иккинчи учини эшикка боғлади, юзи деворга ўгирилган сурат остидаги курсига ўтирди, милтиқнинг қўндоғини ерга тираб, қўшоғизни нақ дукурлаётган юрагига қадади.
Самаднинг чеҳрасида ғалати бир тус бор эди: гўёки бу пайтда у умрида ҳеч қачон ўйнамаган энг қизиқ ўйинини ўйнаётган эди.
Самад боғлаган ип милтиқ ва эшик орасида таранг тортилганди, эшик очилган заҳоти ўқ унинг юрагига отиларди. Самад гоҳ ипга, гоҳ эшикка термулағтермула кутарди: НИМАНИ кутарди, Аллоҳ?!

Ўлгунча
қанча-қанча эшикдан ўтар одам,
Дунё –
юзимига тутилган эшикларга тўлиқдир.
Эҳтимол, юзимизга
ёпилган эшикданмас,
Юзимизга очилган
эшикдан қўргуликдир.

Болагинам,
ҳаммамиз ҳам туғилганда йиғлармиз.
Оналарнинг танидан
қувилганда йиғлармиз.

Балким яшамоқ эмас,
дунёга келмоғимиз,
Балким, туғилган куни
бошланар ўлмоғимиз.

Оёғимиз ерга теккан заҳоти
Қадам қўйиб, йилдан-йилга ўлармиз.
Бу дунёда бир дафъалик ўлгунча,
худо билан, неча бора ўлармиз.

Бир нозли хотинга айланган куни
бир гўзал қиз ўлар, болам,
Мўйлови чиққан куни
бир ўсмир – қувноқ – ўлар.
Бу дунёда оз яшаган
оз ўлар, болам,
Бу дунёда кўп яшаган кўпроқ ўлар.

Ҳеч ким кўрмас марҳумларнинг қонини,
Бизлар соғмиз, соғ одамга ким йиғлар?
Ким билади,
қўл-оёғи титраган бу кампир
бир нозли хонимнинг олмиш жонини,
Бу шўрлик чолнинг букри белида
навқирон йигитнинг, балким, қабри бор.

Ҳам ўликмиз, ҳам тирикмиз, Алолоҳим,
биз нечук инсонлармиз?!
Бу дунёда кезиб юрган
жонли қабристонлармиз.

Болам,
ҳайрон боқарсан, пешонам ажинига,
Бир вақт мен ҳам бола эдим – сенинг ёшингда.
Йиллар ўтди, ўлди-кетди у бола,
Кўмдим у болани пешонамнинг тиришига.

У болага ҳеч ким аза тутмади,
Туққан онам ҳам ҳеч йиғламади,
Ҳеч ўзим ҳам йиғламадим, ўзим ҳам –
Ҳеч билмадим,
у боланинг қўли қачон
тушиб қолди қўлимдан,
у боланинг юзи қачон
йитди-битди юзимда.

Болам, золим ажал бу ён чопгунча,
Келиб бизни бу дунёдан топгунча,
Исмимизни билгунича
оламнинг қабртошлари,
Умримиз чўзилгунча чўзилади,
Ортади пешонамизнинг ажинлари,
Пешонамизда
янги-янги қабрлар қазилади.

Тақдир отиб ўйнар
бизни сомон чўпидек,
Ойлар, йиллар
гуруҳ-гуруҳ ўтади устимиздан,
Қўлимиздан
қанча қўл узилиб тушади,
Қанча-қанча юзлар тушиб кетади
юзимиздан.

Ўзимизни
қанча алдаб овутсак, фойдасиздир.
Юзимизни,
қўлимизни тутсак, фойдасиздир.
Фойдаси йўқ, гўзалмисан ё хунук –
Туғилгандан ўлгунча
ойлар, йиллар юзингни
Қисмат ёзиб-чизиб, қоралагунча
ҳамманинг юз-кўзини,
Юзимиз ҳам вароқ-вароқ йиртилар.

Тунлар боқиб биз термулган кўзгулар
бу кун танимайди бизни.
Яхшиямки, бу дунёда биз
ҳали таниб олаяпмиз ҳар кун, илоҳим,
таниб олаяпмиз бир-биримизни.

Яхшиямки, ўзимизни
таниб олаяпмиз, шукур,
Кўзгуларда юзимизни
таниб олаяпмиз, шукур.
Ҳали оқарганмас қора сочимиз,
пешонамиз тиришиб қат-қат бўлмади,
Ҳали пешонамиз тиришларидан
кўзгулар чарсиллаб қарс-қурс синмади.

Ҳали ботмаганмиз минг-минг гуноҳга –
Болам, вақти келди,
бу дунёдан кетайлик,
бир гўзал юз билан кетайлик
Аллоҳнинг даргоҳига…

Эшик очилиши билан милтиқ отилди.
Эшикни очган одамни сен кўрмадинг, болам. У одам ким эди?!
Балким, қўшни болалардан бири эди, сени ўйнамоққа чақириб келганди.
Балким, Чимноз муаллима эди, яна сизларникига келганди.
Эҳтимол, эшикни очган отанг эди.
…менинг болам, балким, у эшикни очган МЕН эдим…

Аслиятдан Карим Баҳриев таржималари

МEН БИР ЧАНГМАН

Самоларда
Учиб юрган чангман мен.
Кўкдан ерга
Қараб турган кўзман мен.
Мен бир кўзман
киприги йўқ, қоши йўқ.
Мен бир чангман
оёғи йўқ, боши йўқ.
Ҳасад билан
одамларга, ҳайвонларга, қушларга.
ёғиламан бу дунёнинг шўрига.
Улкан чанг заррасидек
бу дунё ҳам чанг бўлар
минг-минг юлдуз ичида.
Бу дунёнинг ичи чангдир.
Бу дунё чанг ичида.
Ости ҳам усти ҳам
чангдир, чанг.
Бу дунёнинг
аввали ҳам охири ҳам
чангдир, чанг.
Мен бир чангман
билмам, қай бир чангдан қўпганман.
Ё аввалдан,
ё охирдан қўпганман.
Чарчаганман, чанг бўлмоқдан, Оллоҳим
Бадансиз, жонсиз бўлмоқдан, Оллоҳим.
Мен бир аёл жисмига
жам бўлмоқни истайман.
Бу дунёда
инсон каби туғилмоқни истайман.
Жисмимга жон истайман,
етдан-суякдан,
кўз ёшидан,
тердан,
қондан,
иликдан.
Мен бир чангман, озоддурман самода
Не ажабки,
озод эмас ҳеч бир одам дунёда.
Сен бу жонсиз озодликни
кел, мендан ол, Оллоҳим!
Тез ол, мени қафасга сол, Оллоҳим!
Ҳавосизман,
етиш, менга ҳаво бер.
Нафасимга
бадан отли қафас бер.
Менга сас бер
сасга қафас — оғиз бер.
Менга сўз бер,
сўзга қафас — қоғоз бер!..

* * *

Бу дунёнинг азоби кўп,
Ҳақлидан ҳақ-ҳисоби кўп,
Қўйларидан қассоби кўп,
Қўйларга кўп қийин экан.

Бўйнида арқон солланур,
Бир тутам ўтга алданур,
Еб, семирмоқликдир иши
Қўйларга кўп қийин экан.

Тўнкалар шай турар ёнда
Жон олур пичоқлар қонда,
Чўпонлар бўри томонда,
Қўйларга кўп қийин экан.

Ит бўлиб ҳурмадик Ойга,
Бошимиз қолди балога,
Қўй бўлмаган билолмагай,
Қўйларга кўп қийин экан.

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

* * *

Ҳеч билмайман мен сени,
қачон, қайда йўқотдим,
Ёмғир ювди,
эҳтимол, шамол қўпорди сени?
Бу севгининг ҳикматин
охирига етирдим,
Ахтармайман —
ахтарсам, аниқ, топардим сени.

Дунёда бир қўрқувим
сени йўқотмоқ эди,
Сен йўқсан —
бу дунёда энди бошқа қўрқув йўқ.
Бироқ, сенсиз тушунгин,
ҳар не шикаст ер энди,
Соатмининг ақраби,
чойнакнинг тутқичи йўқ.

Ел эсганда хилпирар
кўйлагимнинг этаги,
Кўйлагимнинг охирги
тугмасидек узилдинг.
Бари кўпдан соврилган,
дарахтнинг шохидаги,
Энг охирги, энг ширин
мевасидек узилдинг.

— Дарди бор ўз дардини
сувга дейди, — дедилар,
Яхшиям, сувлар келди,
бу ғамдан озод бўлдим.
— Хурмонинг сарасини
айиқ ейди, — дедилар,
Кетдинг, қайси айиқнинг
бўғзидаги дод бўлдинг?

Сенсиз, сира ўйлама,
кулиб юрмасаман такрор,
Сен ёдимга тушган дам
азобландим ҳар тунда.
Бола пайтим, қачондир,
умримда ахир бир бор,
Мушугим йўқолганда,
азоб чеккандим шундай…

Ортиқ бола эмасман —
ҳар йитганга йиғласам,
Ором олгум бемалол,
уйқум дев уйқусидир.
…Ким бу ярим оқшомда
эшигим чертаётган?
Бу не овоз?
Айтасан:
— мушук миёвлашидир…

* * *

Хабар келар яна умринг қишидан,
Совуқ қотиб, сочларингга қор тушар.
Сўнгра эски китобларнинг ичидан,
Аҳён-аҳён эски мактублар тушар.

Эгиласан, кўтариб яширинча,
Уринасан, хотин-боланг кўрмасин.
Жим кетасан хонангнинг бир бурчига,
Яширинча ўқийдирсан ҳар сўзин…

Бу не севги мактубидир, Ё Раббим,
Ҳозиргача оғрир ҳар бир сўзи ҳам.
Ёзган қизнинг недир оти, Ё Раббим,
Ёддан чиқиб сифати ҳам, юзи ҳам.

Ўқиганда лол сатрлар сасланар, —
Аста-аста саси тушар ёдингга,
Бир ҳарфдан — қоши тушар ёдингга,
Бир ҳарфдан — кўзи тушар ёдингга.

У нигоҳдан ёлғиз ёдгор вароқда,
Кўз ёшингнинг доясини кўрарсан.
Кўйлаклари нафас олар ётоқда,
Деразада соясини кўрарсан.

Сўнг боқасан титраб эшик томонга,
«У сояни хотин-боланг кўрдими?»
Тез мактубни ирғитасан кулдонга,
Ёндирасан ҳар сўзини, сатрини.

Сўзлар ёнар — қоғозни ҳам ёндирар,
Сўзлар ёнар — у қизни ҳам ёндирар,
Сўзлар қочар у оловнинг ичидан,
Боқсанг агар босар сени совуқ тер.

Гоҳ-гоҳида қора қалдирғочлардек,
Учиб кетар қора-қора ҳарфлар.
Фақат у қиз қоча билмас бу ўтдан,
Бир қуш бўлиб уча билмас бу ўтдан.

У қиз ёнар бу оловнинг ичида, —
Гўё қалқар оловининг тиллари,
Бу оловнинг тилларига тенглашиб,
Ёна бошлар инжа соч толалари,
Бироздан сўнг сочларини силаган,
Узун-узун бармоқлари, қўллари…

У қиз ёнар кўкка етар тутуни,
Қоғоз ёниб — қулдон ичра кул бўлар.
Сўнг тўсатдан у кулдондан юмалаб,
Ерга тушиб бир узук нур таратар.
Сен ўзингнни йўқотарсан, боқарсан,
У узукни кўтарарсан, боқарсан…

Бу узукни ахир қайда кўргандинг?
Бу узукни кўрмагансан балки ҳеч.
Сен у қизга қачон узук бергандинг?
Унга узук бермагансан балки ҳеч…

Хотининг ҳам бирдан кирар эшикдан,
— Қўлингизда нима? — дейди.
— Узукдир.
— У узукни қандай яхши, топдингиз,
Қанча пайтдир йўқотгандим, эзилиб,
Сўнгра келар, сендан олар узукни,
— Бунинг ранги нега бунча қорайган?
Бармоғига зўрлаб солар узукни,
— Наҳот дарров бир ўлчамга кичрайган…

Қулдон эса тутаб ётар ҳалияам,
У мактубнинг кули бирдан тошланар.
Мўлтир-мўлтир сенга қарар хотининг,
У тутундан бир жуфт кўзи ёшланар…

— Ҳеч бўлмаса деразани очинг, — дер, —
Бундай қандай ўтирибсиз, айтинг, ҳай?
Бу не ёнғин ҳиди ахир, Худойим,
Гўё одам ёниб-ёниб кетгандай…

ИЛТИЖО

Билмайман, қаердан топди умримни,
Бир телба от каби чопди умримни,
Тоғлару тошларга отди умримни,
Қадримни билмади бу одам менинг —
Худойим, ол мени унинг қўлидан…

Худойим, қошкийди бу ер юзинда —
Бир ўзга одамга туш айласайдинг,
Ё мени одам, йўқ, қуш айласайдинг,
Ё шундайин қаро тош айласайдинг.
Шу одамга мени кўрдингми раво —
Худойим, ол мени унинг қўлидан…

Ол мени, бер мени, ўзгаларга бер,
Синиқ ойналарга, кўзгуларга бер,
Бўлиниб юз пора, минг пора бўлай,
Бу одам юзимга боқа билмасин.
Мени кўзгуларнинг синиқларидан,
Бир жойга ҳеч қачон йиға билмасин.

Бўлинсам, дардим ҳам бўлинди балки,
Ҳар дардим юз парча, минг парча бўлди.
Бир дардим қолмади ўзимдан якка,
Бутун дардларимдан мен якка бўлдим…

Бу замин устида, осмон остида,
Бўлинсам, ҳар парчам ҳар ёнга тушса.
Қачондир, хаёлнинг хуш соатида,
Худойим, бошқатдан ёдингга тушсам —
Бошқатдан йиғасан бўлакларимни:
Синиқ қўлларимни, оёқларимни,
Оғзимни, бурнимни, қулоқларимни.
Худойим, бошқатдан қўллайсан мени.
Дунёнинг энг гўзал кўзгуси бўлсам,
Бошқатдан дунёга йўллайсан мени.
Бу одам бўлмайман, ўзгаси бўлсам —
Худойим, ол мени унинг қўлидан.

* * *

Кел, қўлга-қўл тутиб кетайлик,
Энди биз бўлмаган ерга.
Ҳар дардни унутиб кетайлик,
Дардимиз бўлмаган ерга.

Бунда ташлаб ўзимизни —
Ажин тушган юзимизни,
Эскирган бу сўзимизни.
Кетдик сўз бўлмаган ерга.

Ҳеч кимса топмасин хабар,
Кел, кетайлик жим шу сафар,
Бу уй, бу кўча, бу шаҳар,
Бу денгиз бўлмаган ерга.

Отам ўғли оз эканим,
Топилар сўнг “сен” деганим,
Бу Ромизни келтирар ким,
Бу Ромиз бўлмаган ерга?

Кел, қўлга-қўл тутиб кетайлик,
Энди биз бўлмаган ерга.
Ҳар дардни унутиб кетайлик,
Дардимиз бўлмаган ерга.

СЎНГГИ УЧРАШУВ

Бу бевақт севгининг ажали етди,
Сўнди қисматимиз эртами ё кеч.
Қайга ўз бахтини судради, кетди,
Айт, нега дардимиз тугамади ҳеч?
Дунё қуламади биз айрилганда,
Осмонлар силкиниб йиғлади бироз.
Мен сенга масрурлик тиладим унда,
Сен менга ҳаловат тиладинг бироз.
Ҳаловат тиладинг уй эшигимга,
Болам бешигига,
Набираси тиз устига чиққан
Отаму онамга ҳам.
Бир пайт сендан олдин ростимга чиққан,
Сени мендан олган хотинимга ҳам…
Истадим сўнгги бор бошинг бағримга,
Дедингки, “Не керак, йўқ яхши эмас…”
Йиғладинг, дедимки, “Қўйгин, йиғлама”
Дедингки, “Бу ёмғир. Кўз ёши эмас…”

Бу учрашув — сўнгги учрашув, яна,
“Бугун айриламиз” дея келгансан.
Бас, нега мен ила сўнг айрилиққа,
Энг гўзал кўйлагинг кия келгансан.
Айт, нега чиройли эдинг у дамда?
Бу ҳақида қанча ёзгим, билмайман.
Эҳтимол, сўнгги бор менинг ёдимда,
Гўзал қолмоқмиди орзунг, билмайман.

Бир севги ғам томон қайрилди у кун,
Ёмғир тўхтаб, булут югуриб кетди.
Бир қизла бир йигит айрилди у кун,
Ҳар бири ҳар тараф юз буриб кетди.

У қиздан гўзал қиз топилмас бошқа,
Дуннинг бошқа ундек йигити йўқдир.
Аммо, бу дунёда бахтли бўлмоққа,
Энди ҳеч бирининг умиди йўқдир…

ЁЗ КЕЧАСИ

Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Бу ёз кечасида севмоқ мумкинми?
Терсам гулларини айни шу ёзнинг,
Солланиб қучсайдим бутоқларидан.
Эшитсам исмимни суюкли қизнинг,
Ҳали лаб тегмаган дудоқларидан,
Бу ёз кечасида ўлмоқ мумкинми?

Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Олис шифохона хоналарида.
Бошини дарчадан чўзиб боқади,
Ётган ҳасталарнинг ҳар бирисига.
Ҳали қўрқоқ ҳиди, уялчанг ҳиди,
Қоришар хонанинг ёт ҳидига ҳам,
Малҳам ҳидига ҳам, ёд ҳидига ҳам.

Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Гуллар очилади ўқ овозига.
Гул очилади,
оппоқ кўйлакларнинг ёқаларида,
соппа-соғ юраклар яқинида ҳам,
гул очилади.
Атиргул очилар, лола очилар,
Гуллар очилади басма-басига.

Чечаклар туғилар бу ёз кечаси,
Парижда, Табризда, ҳовлимизда ҳам.
Бу ёз юракларда чечакланажак
Балки, ҳасратимиз, балки сўнгсиз ғам.

Йўлларга отланар чечакли қизлар,
На боқмоққа куч бор, на кўз юммоққа.
На гул бермоқликка бир кимсамиз бор,
На бир кимсамиз бор гуллар олмоққа…

Терсам гулларини айни шу ёзнинг,
Солланиб қучсайдим бутоқларидан.
Эшитсам исмимни суюкли қизнинг,
Ҳали лаб тегмаган дудоқларидан,
Бу ёз кечасида ўлмоқ мумкинми?

* * *

Бироз узун кечди умрим, дейсан жим,
айтасан: дўстлар ҳам зерикди бироз…

Мени тўйдирмоқдан чарчади дунё,
Чўраги чарчади, суви чарчади.
Мени кездирмоқдан безди йўллари,
Кўзимга боқмоқдан кўзи чарчади.
Истаганлар истамоқдан чарчади,
Чарчаганлар чарчамоқдан чарчади, —
Бироз узун кечди умрим, дейсан жим.

Йўллар оёқларим остидан қочар,
Айтарлар сабаби
бунчалик бўлмас,
Шоирнинг матлаби бунчалик бўлмас,
Дўстлар ҳам бирма-бир боқар юзимга.

Қанчалик дўстим бор,
шаҳарга тўла,
Кўпининг юраги қаҳрга тўла,
Қон-у қариндошдан
ўзгадан кечиб,
Бахтидан, ўзидан, кўзгудан кечиб,
кўпи йиғламоққа баҳона излар.

Оз қолди, жуда оз, сабринг дейсан сен,
Дўстлар, кутинг, кетар куним ҳам келар.
Нега кучим етмаса ҳам,
қўлга қора боғлатмоққа,
дўстларни йиғлатмоққа,
албатта, кучим етар…

Фақат, менинг кучим етмагай, на қилай ахир,
на қилайин ахир бу қисмат, —
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.
Бу дунё — Дарбанд қалъаси,
На йўли бор, на дарвозаси,
Қардошим, отам боласи,
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Йиғиб кучоғимга
турфа-турфа гулларни,
Оппоқ булутларни сочиб бошимдан,
Дарёни сув олар кўзим ёшидан,
Игна билан гўр қаза-қаза,
Тиззамдан ер беза-беза,
Алдадим умримни ўттиз ёшимдан, —
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа.

Ортимда оғиз эканлар,
Шоирларнинг эҳсонини еганлар,
Шоир одам
эрта ўлар, — деганлар,
Шоир бўлмоққа ҳеч кучим етмайди,
Ўлдир мени, ўлмоққа етмас кучим,
кучим етмас бу дунёдан кетмоққа…

* * *

Мени олди сендан,
кетди бу поезд,
Осмонда бир ҳовуч тутун хат қолди.
Сочингда қўлимнинг қолди тумори,
Кафтингда қўлимдан иссиқ тафт қолди.

Боқма, бу поездлар хоргунча, боқма,
Боқма, икки кўзинг толгунча, боқма,
Қошларинг остида жуфт япроқ каби
Кўзларинг бемажол сўлгунча, боқма.

Олисдан, яқиндан ўтар бу поезд,
Оқшом тушгоҳингдан ўтар бу поезд,
Кулсанг, кулгуйингни симирар албат, —
Оҳ чексанг, оҳингдан ўтар бу поезд.

Мен кетдим, ўрнидан жилмади дунё,
Дунёнинг кузаги, баҳори қолди,
Кафтингда қўлимдан қолди иссиқ тафт,
Сочингда қўлимнинг тумори қолди.

* * *

Бўш қолди дунёнинг сен бўлган ери,
Дунёнинг
сен бўлган еридан энди
Ғозлана-ғозлана мошинлар ўтар,
Нозлана-нозлана хонимлар ўтар,
Ёшлар ўтишади
тупуриб сигарет қолдиқларини.
Дунёнинг сен бўлган еридан фақат
мен ўта олмайман.

Бош олиб кетаман кечалар билан,
Узун йўллар билан, кўчалар билан,
Дунёнинг сен бўлган еридан шундай
бош олиб кетаман,
кетолмайман ҳеч.
Эртага туғилар саҳар янгидан,
баттарроқ сўкилар қизил тонг ери.
Бутун ер юзининг ҳар тарафидан
кўринар дунёнинг сен бўлган ери.

Дунёнинг сен бўлган ерига бир кун
ёғиш ёғажак.
Оқшом кўйлагида, ҳуркиб-уялиб
келганча остона кутарсан мени,
ҳамда ёна-ёна кутарсан мени.
Қўшилиб йиғларсан ёғган ёғишга,
Қўлимдан не келар?
Мени бағишла*…

На сен тинажаксан, на ёмғир тинар,
ёмғирга қўшилиб оқарсан тинмай.
Йиғлай-йиғлай охир бу ёз кечаси
эриб томчиларга боқарсан тинмай.
Қарасам қўрқаман
ёғган ёғишга,
Ҳеч йиғлай олмайман…
Мени бағишла!

*кечир

* * *

Бу қишлоқ ёнидан поезд ўтади,
Ҳар кеча тушида титрар бу қишлоқ,
Ҳар кеча кўксини йиртар бу қишлоқ,
Йўқотар ўксиниб ўзин бу қишлоқ, —
Бу қишлоқ ёнидан поезд ўтади.

Бир-бир вагонларга чиқар болалар,
Қишлоқдан кетмоқлик — қисмат битими.
Тошар юраклари, тошар кўзлари, —
Сунбула баргини, лола ҳидини,
Дарбадар кўзлари, ғамгин кўзлари
Тўкиб уст-бошидан, —
Бир-бир вагонларга чиқар болалар.

Мактублар келади сўнгра шаҳардан,
Оналар ўқиса йиғлагайдирлар,
Сандиқларга қўйиб сақлагайдирлар.

Кучуклар қувади капалакларни,
Акалар йиғади гўбалакларни,
Янги ёронгулу, ишқпечакларни, —
Шаҳарга дасталаб йўллагайдирлар.

Мактублар келади сўнгра шаҳардан,
Қишлоқдан кетганлар келмаслар бироқ…

Кучуклар ҳасратда тикар кўзини
Қишлоқнинг улғайган ушоқларига.
Серҳирс капалаклар урар ўзини,
Ўткинчи поезднинг чироқларига.

Бу қишлоқ ёнидан поезд ўтади…

Озар тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси