БЕШ ДЎСТ
Дўстларим бор: ям-яшил ғаров,
Қарағай, тош ва яна анҳор.
Агар кўкда ой ҳам кўринса,
Бахтлидирман яна икки бор.
Ишонингиз, айтайин бир сўз:
Менга етар мана шу беш дўст.
АНҲОР
Дейдилар: булутнинг ранглари нафис,
Бироқ гоҳо чиқар булут ҳам қора.
Дейдилар: шамолнинг овози мунис,
Бироқ жимиб қолар гоҳо шамол бечора.
Фақат битта неъмат доим ёқадир –
Анҳор мудом гўзал, тинмай оқадир.
ҚАРАҒАЙ
Агар иссиқ бўлса – гуллар очасан,
Агар совуқ келса – тўкилар барглар.
Эй, гўзал қарағай, чирой очасан,
Сенга қўрқинчлимас бўрон, шабнамлар?
Биламан: сабаби – илдизинг ерда ётгандир,
Марҳумлар кўмилган жойга ботгандир…
ТОШ
Воҳ, нега бу гуллар аввал очилар,
Кейин сўлиб қолар бир кун ногаҳон,
Яшил ўтлар аввал ерга сочилар,
Кейин сарғаяди, бўлади хазон?
Бу дунёда ўзинг қиларсан бардош –
Қотганча ётарсан сокин харсангтош.
ОЙ
Ўзинг самовотда битта парчасан,
Бутун олам аро нуринг сочасан.
Айтинг, қайда бордир бунақа фонус –
Қоронғу кечани айлагай кундуз?
Сизга термулади унсиз, ҳойнаҳой –
Ҳақиқий ҳамдамдир шу бир парча ой!
ҒАРОВ
Дарахт десам сени, дарахтмас асло,
Майса десам агар, эмассан юмшоқ.
Сенинг ичинг покдир – покиза ҳаво,
Устинг эса жуда қаттиқдир бироқ.
Мен сени севаман, қамиш, комилсан –
Менга дардкашсан-ку, мудом яшилсан.
Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси