Муҳаммад Ҳофиз Иброҳим (1871-1932)

Муҳаммад Ҳофиз Иброҳим (محمد حافظ بن إبراهيم) — мисрлик шоир, «Нил шоири» номи билан машҳур бўлган.

ШЕЪРИЯТ

Шеър –бунёд бўлгансан орзу-армондан —
Ёзган аҳли дониш, ҳисга бўлиб ғарқ.
Ғофил эл уйқуга чўмиб ётганда,
Ғазал битди оқшом бир фарзанди Шарқ.

Шеърият, тилларинг нени куйларди?
Мадҳ этдинг шоҳларни, оҳулар кўзин.
Кимни шоҳ кўрсатса, мазах қилардинг,
Марҳумга азадай совуқдир сўзинг.

Фанога сарфладинг боқий даҳони,
Сурдинг давронингни, кайфу сафони.
Халқдан узоқ бўлдинг, шоҳ сўзин дединг, —
Ўтган замонларда сен шундай эдинг.

Гоҳ ҳасрат ҳам тушди истеъдодингга,
Кўчманчилик пайтин олдинг ёдингга,
Эски дўстларингга очдинг жаноза,
Ўтмиш фожесига тутяпсан аза.

Бугун ўтган кунни қўмсашинг нечун?
Куйма қақроқ саҳро, туялар учун.
Шеърият, бугуннинг дардидан оч сўз, —
Ёлғоннинг зилдай тош кишанларин уз,

Эркингни англагин, қуллигингдан қоч,
Бағрингни бўрону шамолларга оч…

КИЙИМ

Билинглар, одамлар,
билинглар, дўст-ёр,
Энди менинг пўрим
кийимларим бор.

Энди ҳамма жойда
бу аҳли киром
Кийимимга қараб,
қилур эҳтиром.

Руҳлар чархлагандай
нақшлари зарҳал.
Ипи нозик, пишиқ,
гўёки металл.

О, ранглари кўзни
яшнатар, безар.
Бахт нинаси ила
тиккандай чевар.

Гуноҳкор тан яйрар
жаннатий ийиб,
Субҳий шафақ ила
ўраса кийим!

Ай сен, кийим,
паноҳ бўл исматимга.
Сен-ла келди ишонч
бул қисматимга.

Офтобдан нур олган
нақшин сўзана,
Сени кирлай олмас
саҳро тўзони!

Атрофда одамлар —
кийимим ваҳма,
Гўё мен – серҳашам,
амир ё шоҳман.

Мана,
хушомадгўй
тўдалар ҳам шай,
аёзда сандалга
талпинган жондай!

Илгари бўзлардим
қисматдан тўйиб:
юрардим топганим
жандани кийиб.

Йиртиқ кийим эди
яланғоч танда,
Ибн-Харба тўнидай
жулдур бир жанда!

Кундуз уялардим
йўлда юрганда,
Ҳамма қочар эди,
мохов кўргандай.

Жандам рангсиз эди,
гўё чирмовуқ,
Фош бўлган ёлғончи
юзидай совуқ.

О сен, пўрим кийим —
номус, аланга,
Кўтардинг мени ҳам
жуда баландга.

Қийналаман энди –
ҳар битта араб
Баҳолар
этигим,
тўнимга қараб.

Хўп, элга – тўн азиз,
лек керак ҳақ ҳам,
Истамам бўлмоқни
пўрим муттаҳам.

Агар покламасам
гуноҳкор руҳни,
Жарга отай, Аллоҳ,
ҳашам, шукуҳни!

Карим Баҳриев таржимаси

БИЗ – АРАБЛАРМИЗ

Мисрда, Сурия ё бошқа жойда –
Барибир эмасми туғилдинг қайда?
Сен туғилган ватан, мен туғилган ватан
Битта оила-ку, бир жон ва бир тан!
Ёшлигимиз ўтган булоғимиз бир…

АРАБ ШЕЪРИЯТИ

Мен араб шеъриман, қалб донолиги
Ҳамда серҳашам куй оралигида,
Жоҳил қалб, мубҳам ўй оралиғида
Шаштимни йўқотиб, охир адашдим.
Доим уйқу босган нозимлар билан,
Қуруқ, сийқа сўзли назмлар билан
Ялқов, мудратгувчи хитоблар аро
Адашдим чанг босган китоблар аро..
Шарқдаги жуда кўп шоирлар бугун
Шеър ёзар қанотсиз, хаёлсиз бутун.
Мени сафга олмоқ учун эстетлар
Бўлмағур гаплардан шеър ёздирдилар.
Улар золимларга битар қасида,
Улар ёзган шеърда фикрлар майда.
Чучмал нотабиий ҳазинлик ила
Шалоқ ярим телба ҳисларга тўла.
Безбет ёлғонлардан топишар маъни,
Шеърни пастга уриб, мақтаб ишвани.
Ёлғизликка маҳкум жиноятчидай
Шу боис мазлум халқ мени унутгай
Чунки мен унутдим шеърият бурчин
Бўлмағур мавзулар аро адашдим.
Оғир йўлга чиққан о, зўр одамлар,
Олиб ташланг мендан тумшуқбоғим, бас,
Чунки у эслатар қолоқ дамларни
Тоза ҳаволардан олдиринг нафас.

МИФ ГАМР ҚИШЛОҒИДА ЁНҒИН

Уй кетидан уйлар ёнганин қандай
Хоҳ кундан, хоҳ тундан сўранглар бирдай;
Бола онасини йўқотган қандай,
Ўт иситган эмас, куйдирган бирдай…
Она ўлигию бола ўлиги,
Бир ёнда том босган чоллар ўлиги.

Ё Оллоҳ, тушунтир, айбсизлар бу кун
Гуноҳсиз инсонлар кул бўлди нечун?
Қисматнинг қўлини тўхтат, э Тангрим,
Ҳамма гуноҳлардан ўт, айла раҳм!
Тирик қолганларни – кампир-чолларни
Ўсмирларни кечир, кечир болларни!

Лутф айла тупроқни гуллатиш учун,
Қишлоққа бир жала ато эт бу тун:
Баҳайбат чўғ каби йилтиллар кеча,
Худди қонли тонгдай ловуллар бунча!
Қонли учқунларга тўлди кўк бу чоқ,
Қутурган арслондай турипти қишлоқ.

Йиртқич оташ ютди уйларни буткул,
Шунча ёқтирарми қонхўрликни ул –
Одамларга зарра раҳм йўқ унда,
Тирик ҳар жонзотни битказди тунда.
Қўрқувин босолмай қочди кўплари,
Шундай бир қўрқувки, жонсарак бари.

Эй, сиз кўрмасликка олманг одамлар,
Эй, бойлар, уларни қўлланг бу дамлар.
Ҳа,мулкингиз чексиз, ҳозирча бироқ,
Тиланган сасларга солингиз қулоқ:
Кўк тоқи остида яланғоч, нонсиз
Қолганин айтмоқда бир қисим донсиз.

Юз берган офатдан уялар қашшоқ,
Сизга қўл чўзишдан тортинар бироқ.

ДЎСТЛАРИМГА

Меҳр-муҳаббатда ўзгарди маъно,
Сиздан сал нарига ўрнашиб қолдим.
Ергача етмаган нур каби гўё
Эски дўстлик ипи ҳавода қолди.

Аччиқ энди дўстлик алоқалари,
Ўртамизда энди жарлик бор қаро.
Кўлмакда ёмғирнинг пуфакчалари
Сингари қолмади дўстликда вафо.

Сизларни чалғитди катта мерослар…
Нима ҳам дер эдик… ҳа, бойидинглар…
Аммо эски дўстни унутган каслар
Ҳеч қандай дўстликка арзимайдилар.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси