Ди Хван (1501-1570)

* * *

Ҳар баҳор гуллайди тақир тоғлар ҳам,
Оқшом ой чиқади кузда милтираб,
Замонанинг зайли ўзгармас ҳеч ҳам,
Инсонга бу дунё монанддир, ё Раб.
Балиқ чайқалади, бургут сармастдир…
Буларнинг барчаси бежиз эмасдир?

* * *

Агар тоғни йиқса момоқалдироқ,
Кар бўлиб туғилган эшитиб турмас.
Осмонни ёритса офтоб ғам, бироқ –
Кўзлари кўр одам қуёшни кўрмас.
Оҳ, сен кар эмас, кўр ҳам эмассан,
Нега дилимдаги дардни билмассан…

* * *

Водий тўла гуллар – настарин, райҳон,
Ифорин симирмоқ – қанчалар роҳат,
Булутлар сузади чўққилар томон,
Уларга термулмоқ – ажиб фароғат.
Бу дилбар дунёда яшаб, кўриб, воҳ,
Барин яратганни унутмоқ – гуноҳ…

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси