Чавчавадзе Илья Григорьевич [ილია გრიგოლის ძე ჭავჭავაძე; 1837.27.10(8.11), Кварели 1907.30.8(12.9), Тбилиси] — грузин ёзувчиси ва жамоат арбоби. Петербург университетида (1857—61) таҳсил кўрган. 1861 йил ватанига қайтиб, грузин адабиётидаги инқилобий-демократик йўналишга бошчилик қилган.
1864 йилдан эътиборан адабий фаолиятдан ташқари, давлат ва жамоатчилик муассасаларида ҳам хизмат қилиб, 1861 йил ислоҳоти туфайли дворянлар ва деҳқонлар ўртасидаги муносабатни мувофикдаштириш ишлари билан шуғулланган. Узоқ йиллар грузинлар ўртасида саводхонликни тарқатиш жамиятига раис, «Иверия» газетасига мухаррир (1877— 1902) ва грузин драматурглари жамияти ҳайъатига раҳбар (1879 йилдан) бўлиб ишлаган. 1906 йилда эса Давлат кенгашига аъзо этиб сайланган. Чавчавадзе Тбилисидан Сагурамога кетаётганида чор охранкаси жосуслари томонидан улдирилган.
Чавчавадзе ижоди 19-асрнинг 50-йилларида бошланган. «Рўё» (1859), «Бир неча манзара ёки Қароқчи ҳаётидан бир лавҳа» (1860) достонлари ва «Фақир кишининг ҳикояси» (1859—62), «У ҳам одамми?» (1859— 63), «Отарнинг беваси» (1880) қиссаларида Чавчавадзе грузин жамиятидаги синфий-табақавий зиддиятларни, меҳнаткаш халқ ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилинганини акс эттирган.
Табиат тасвирига бағишланган «Кварели тоғларига» (1857) сингари айрим шеърларни истисно қилганда Чавчавадзенинг поэтик асарларида ҳам ватанпарварлик ғоялари устуворлик килган. Шоирнинг халқ ижоди асарлари сюжети асосида ёзилган «Дарвеш» (1883) достонида инсон жамиятда яшаши ва шу жамиятни такомиллаштириш йўлида меҳнат қилиши лозим, деган фикр олға сурилган.
Грузин адабий тилини халққа яқинлаштириш ва грузин адабиётида реалистик тасвир теранлашувида Чавчавадзенинг хизматлари катта. Асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Шоир Матцминда тоғи (Тбилиси)даги грузин адабиёти ва маданияти арбоблари пантеонига дафн этилган.
* * *
Синган занжир жарангин эшитмоқдаман,
Бу — қадимий эрксизлик — занжир садоси,
Ҳақиқат — мана шундоқ ғазаб-ла гулдирашин
Эшитмовди ҳеч қачон қуллик дунёси.
Эшитаман — қувнайман, қойил бўламан,
Кўксим завқу шавқ-ла нафас олади:
Озодлик баҳорининг қалдироқларин
Туғилган юртимда ҳам эшитажакман…
Жаранг — шу умидларни дилга солади.
СЕН МЕҲНАТ ЎҒЛИСАН
(«Хаёлот» достонидан парча, XIII боб)
Сен меҳнат ўғлисан, сенинг бўйнингда
Ҳақсизлик бўғови — омонсиз бўғов…
Меҳнат, кўп замонки, исканжададир,
Бир замон келяпти — оғир кишанлар —
Қарс-қарс узилмоқда, ҳамма томонда
Қуллар уйғонмоқда,
Қуллар — ўч олишга тайёр турганлар.
Ҳалол меҳнатнинг чин озод бўлиши —
Мана янги замон вазифаси шу.
Эллар кўтармоқда кетма-кет бўрон,
Бу бежиз эмас ҳеч,
Эллар қардошлиги бўлсин дер мангу
Ёшини яшаган бу кекса дунё
Қудратли довулга тоб беролмайди.
Бошланар ҳақиқат учун катта жанг,
Бу жанг майдонида —
Талончи, қонхўрлар ҳеч енголмайди.
Занжирлар ушалур, жаҳонда зўрлик —
Зўравонлик тоғи бўлади яксон.
Куртак ёзаётган янги замонда —
Мен туғилган юрт ҳам —
Янгидан туғилиб, гуллар бегумон.
Миртемир таржималари
БАЗАЛЕТ КЎЛИ
Дейдиларким, олтин бешик бор,
Базалет кўлининг остида,
Сеҳрли боғ, хазонсиз гуллар,
Зангори сувларнинг пастида.
Дейдиларким, шу боғ ҳеч сўлмас,
Япроғини тўкмас ҳеч қачон,
Узоқ йиллар яшар, чиримас,
Қиш кунлар ўрамас туман.
Тоза кўл узра йўқ ғубор,
Навдаларин урмас ҳарорат,
Эмиб ёғду, сояда фақат
Баҳор билан алмашар баҳор.
Елдай майин, кўлнинг қаърида
Сал тебранар сувнинг бешиги.
Тушиш учун кўлнинг тагига
Журъат қилолмаган ҳеч киши.
Фақат енгил, майин оҳанглар
У бешикни оилаб ўйнашар.
Севиб нозик бешик нақшини,
Жозибали алла сўйлашар.
Дейдилар уни мислсиз боққа
Малика — Тамара келтирган.
Халқ жаладай кўз ёши билан
Боғни ҳам бола’ни ботирган.
Аммо билмас ҳеч ким кимники,
Нега у бешикка солинган,
Нега шўр ёшини дарё қилиб халқ,
Олтин бешик устига тўккан?
Дейдилар; у бешикда мудрар бола,
Улкадаги барча эл кутган,
Кўпдан бери Грузиянинг
Хаёлини ўзга банд этган.
Кўл остига тушиб бешикни,
Олиб чиқса ким биринчи бор,
У баҳодир, у ботир бўлар,
Барча халқнинг раҳматига ёр.
Бутун ернинг умиди бўлган,
У азиз болани эмизган,
Катта қилган она шаксиз бўлар,
Жаҳон олқишига сазовор.
Уйғун таржимаси
БАҲОР
Чакалакзор оҳиста:
«Яша!» дея шовқинлар
Ҳамда маъюс тол навда
Армон билан қон йиғлар.
Гул-лолалар очилган,
Тоғ сирти-ю қир чаман.
Сен ҳам қачон, эй ватан,
Чаман бўлиб гуллайсан?
Шуҳрат таржимаси
ШОИР
Ёввойи қуш бўлиб, оламни кезиб
Сайраган парранда: у — мен эмасман;
Жарангли торларга қўлин тегизиб —
Кеккайган созанда: у — мен эмасман.
Дунё йўлларида мен ҳам йўловчи,
Халққа ўғил қилди мени осмон.
Тангрига дўст бўлсам, бунинг бор важи:
Бошлай инсонларни эркинлик томон.
Менга бағишлабди тақдир азалдан
Илоҳий бир олов — илҳомнинг кучин,
Токи, машғул бўлиб бу дунё билан
Яшай одамзоднинг кураши учун,
Тоинки, бу халқнинг ташвиши, ғами —
Менга ўз қайғумдаи оғир туйилсин;
Токи, грузинлар дарди, алами —
Эриган маъдандай руҳга қуйилсин.
Ўша осмоний нурлар ёруғи
Фикримни ловиллаб ёқолса агар,
Унга жавоб берар дилим қўшиғи:
Йўқ, кетмас бу қўшиқ, куйлашим бекор.
1860
Мақсуд Шайхзода таржимаси
ҚЎШЧИ
Олдинга юр, ортга юр, эй менинг яқин дўстим,
Бирлашиб ер ҳайдаб, экайлик экин, дўстим.
Халқ қўшиғидан.
Ҳўкизим, қалбимиз ўт-фироқдадир,
Аммо насибамиз шу тупроқдадир.
Оғир бўйинтуруқ эзар бўйиндан,
Қутулмаймиз чоғи бундай «ўйин»дан.
Шу тупроққа оқар манглай теримиз.
Аммо елга учиб борар умримиз.
Эй шўрлик ҳўкизим, чекаверма ғам,
Биламан дардинг мўл мендан ҳам, ошнам.
Тонгдан мафтун этар бизни табиат,
Бир парча нон учун чекамиз заҳмат.
Билки, бизникидир бу ер, бу тупроқ,
Дардимизни англар яқину, йироқ.
Тилинг йўғу сени, аммо дилинг бор,
Тили борга ҳасад қилмагин зинҳор.
Баъзиларда эса бўлса ҳамки тил,
Эркин сўзлашолмас, бошда юки зил.
Ҳақ, адолат учун курашмаса гар,
Нега керак ахир олтинсоп ханжар?
Парча ер сатҳини ўймаган омоч
Нега ҳам даркор у, ким унга муҳтож?
Юракда аламу — ҳасратим тўла,
Айтиб тугатолмам барин бир йўла,
Ҳар қанча азобни тортмоққа шайман,
Лекин ҳақиқатдан юз ўгирмайман.
Тўлса-да бу вужуд ҳар қанча ғамга,
Сенинг ғамингни ҳам олдим елкамга.
Не чора, ҳўкизим, ахир, на чора,
Бўлса-да юраклар пора ва пора,
Шу бир кафт еримни экиб олайлик,
Мангуга дўст бўлиб бирга қолайлик.
Ҳ. Салоҳ таржимаси