Мухран Мачавариани (1929-2010)

Мухран Мачавариани (მუხრან ივანეს ძე მაჭავარიანი) – грузин шоири. 1929 йил 2 апрелда Аргветида туғилган. Тбилиси давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1952). Шота Руставели номидаги Грузия давлат мукофоти лауреати.

ШОИР

У дунёга келди-ю, аммо
Элга аён бўлмади бу хол.
Буюк даҳо бўлганин пайдо
Замин ҳатто қилмади ҳаёл.

Баҳор эди. Далада деҳқон
Куйлар эди кўкламга доир.
Жаҳонга сир қолди, не жаҳон —
Қишлоққа ҳам бўлмади аён
Яралгани оламга шоир.

Ном қўйдилар ўзларига боп,
Ўстирдилар. Сал қотгач тани —
Елкасига юкладилар қоп,
Юбордилар буғдой тортгани.

Аммо унга сўйлади барглар,
Ариқ бўлди ойдинда сўқмоқ,
Ҳилол унга кўкдан сочди зар,
Эртак бўлиб туюлди ўтлоқ.

Йиллар ўтди, вақт етиб бир кун
Унинг ўзи бўлмайин огоҳ —
Бамисоли гирдобу қуюн
Шоир юрак уйғонди ногоҳ.

Пайдо бўлди ишқ дилда илк дам —
Сурди дарча олдида хаёл.
Сўнг юракда шуъла сочган шам
Аста бўлди юксалиб ҳилол.

Сўнгра у ой бўлиб етилди,
Қуёш бўлиб сочди яна нур.
Шоир олам сари отилди.
Тор кулбага сиғмай тафаккур.

Ўлмас руҳи унинг истарди —
Мангу бўлса у билан вужуд.
Аммо — тирик оламнинг дарди —
Вужуд умри эмас беҳудуд.

У кўзини юмди, ниҳоят,
Ҳамма каби йўл олди ерга.
Ўзгалардек уни ҳам қисмат
Олиб келди охир қабрга.

Шоир илк бор пайдо бўлган чоғ
Уни ҳатто билмаган олам,
(Гўё йўлда ўсган отқулоқ
Не деб парво қилмаган олам) —

Энди шоир юмгач кўзини,
Ундан жонсиз тана қолганда,
Тирикларга ташлаб сўзини
Йўқлик сари у йўл олганда —

Олам уни англади, билди.
Қалби билан ҳис килди дунё.
Шундай, шоир оламга келди,
Шуҳрат топди бўлганда адо.

Эркин Воҳидов таржимаси