Леонидзе Георгий Николаевич [გიორგი ნიკოლოზის ძე ლეონიძე; 1899.15(27). 12, Патордзеули қишлоғи — 1966.9.8, Тбилиси] — Грузия халқ шоири (1959). Грузия Фанлар академияси академиги. (1944). Грузия Фанлар академияси Шота Руставели номидаги Грузин адабиёти инти директори (1957 йилдан).
«Ниноцминд кечаси», «Қипчоқ билан учрашув», «Цесарка», «Калила ва Дамана» каби лирик асарлар яратган (1924—25). Кишиларнинг машаққатли меҳнати, нозик дил кечинмалари Леонидзе ижодида бош мавзу бўлган. 30-йилларда ёзган шеърлари, асосан, замондошларининг ҳаёти, инсоний гўзаллик, халқлар дўстлиги ҳақида. 2-жаҳон уруши йилларида яратган асарлари грузин жангчиларининг қаҳрамонликларига бағишланган.
«Самгори» (1950), «Портохала» (1951) каби достонларида халқ тарихи акс этган, буларда нозик лиризм кўзга ташланади. «Сеҳрли дарахт» (1962) хотиралар китоби эса Кахетиянинг ўзига хос манзараларининг жонли тасвиридир. Леонидзенинг «Оқ чўққилар» асари ўзбек тилида нашр этилган (1973).
МАТЕНАДАРАН
Қуёш фаввораси,
Ереван,
Матенадаран.
Солномалар устида қора киприк шитири.
Тарих сенинг қуролинг ҳеч кимдан сўрмас изн.
Гарчанд берган бўлсанг ҳам қанча шаҳарлар
Кўриб,
Бир чеккасидан яна қулатиб чиқдинг ўзинг…
Сен тортган жафолардан ўртаниб бормоқда тан
Солномани қўйгин-у, менга қара бу чоқда.
Зэварноцнинг хоклари устида қуюқ туман.
Аракс тўлқинлари лойқаланиб бормоқда.
Ханжарлар тиғи билан ер ҳайдаб қўйилгандир.
Қора кўзлар кўмири ёндирмоқда танимни.
Сенинг жазоларинг кўп, юрагимни тилгандир
Яраларим битмасдан ҳамон қийнайди мени…
Қуёш…
Матенадаран…
Ассоргадон…
Улуғ пойтахтлар…
Улар пойида ётар вайроналар бош уриб,
Солномалар устида қора киприк шитири!
Ҳалима Худойбердиева таржимаси