Ким Жиха (1941)

Ким Жиха (김지하) (Ҳақиқий исми Ким Ёнъиль; 4 февраль 1941, Мокпхо, Чолла-Намдо провинцияси) — корейс шоири, драматург. Шеърлари инглиз, япон ва бошқа тилларга таржима қилинган. “Сариқ ер” (1970), “Халқ овози” (1974) каби шеърий тўпламлар муаллифи. Бир қатор миллий мукофотлар совриндори, Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари бирлашмаси ва бошқа нуфузли ташкилотлар аъзоси.

ЖАНУБИЙ ЕР

1

Эҳтимол, Енданли бандаргоҳида
Топажакман ўлимимни ниҳоят.
Чақиртош уйилган қирғоқ томондан
Урилган шамолнинг заҳрига бўкиб.
Силкинган елканлар титроғида ё
Денгизнинг югурган мавжлари узра
Мен ўз ўлимимни топурман балки.
Гирдоб елкасида чирпираб ўлди
Шу бугун ўлди у исмсиз асир,
У менми, қайларда қолди ўлимим.
Жонсарак коғознинг шилдирашида
Кафтим чизиғида топурман балки.

Денгиз уфқлари ортида ғариб
Заҳматкаш қуёшнинг йиқилган ери,
Бахшишга узанган бу жанубий ер.
Тинглайман кимнингдир ғарғарасини
Сўнг йўлга чорлаган ваҳиймидир бу.
Балки бу мендурман, менинг жонимдир.

Қоронғу Енданли бандаргоҳида
Мен ўз ўлимимни топурман аниқ.
Балки у жимгина биқиниб олган
Сукунатнинг қора қўйнига кириб
Машаққат кунжида у ўлди охир,
Исмсиз, нишонсиз, ўлимсиз тутқун.
Бу не ҳол?! Ақлимдан айрилиб турдим,
Тўлқинлар устида кўринди ногоҳ
Кимнингдир қўллари, серманди қақшаб,
Ёлборди, чорлади бу қўллар гўё
Фориғ этмоқ учун сўнгги шубҳамдан,
Силтаниб, олислаб кўздин йўқолди.

2

Бу баланд тоғларга ташлайман назар,
Оқ қордан бош узра попоқлари бор.
Дафъатан танамда қайнайди қоним.
Бамбукзор тарафга қарайман илкис,
Ям-яшил либосда товланади у,
Яна ўз-ўзидан тугилади мушт.

Ҳозир бу тоғларнинг этакларида
Бу яшил бамбукзор қўйнида ҳозир
Бегуноҳ инсонлар қони тўкилар.

Сингиб кетган кўзёшларнинг аччиғи
Менга туйилади, бу ер ўралмиш
Ғазабнинг, нафратнинг ўртикларига.

Ястанган водийлар, тоғлар тўлқини
Муз қотган, мангулик уйқуга толган.

Бу ерда ҳар неки олган бурканиб
Ғазабнинг, нафратнинг қора бағрига
Кўзимга кўринар, гўё бу ерда,
Бу ерда виқорли қоялар узра
Сира бош эгмаган, бўйсунмаганлар
Ҳилпиратар оқ даъват байроқларин.
Исёнкор оқ кўйлаклилар кўзида
Кўлдан учган Ватан ёди ёнмоқда.

Бизнинг томларимиз остига кўпдан
Очлик ва қашшоқлик ўтроқ жойланди.

Деҳқоннинг маҳрида ёлғиз ўроқдир
Кўзёш-ла ювилган унинг тиғлари.

Чорасиз, яширин сўқмоқлар билан
Тоғ-тошларга кўчиб кетди деҳқонлар.

«Биз яна қайтамиз, албат қайтамиз»,
Жаранглар уларнинг видо сўзлари
Жаранглар гўёки музлаган ирмоқ
Остидан келадир тирик бир овоз.

Бу баланд тоғларга ташлайман назар
Оқ қордан бошида попоқлари бор.
Дафъатан танамда қайнайди қоним.
Бамбукзор тарафга қарайман илкис.
Ям-яшил либосда товланади у,
Яна ўз-ўзидан тугилади мушт.

Музлаган тоғларнинг тўлқини яна
Ашаддий нафратдан уйғонур ахир.
Омонсиз ҳаприқар, ўкириб гувлар
Менинг соғинчларга тўлган юрагим.

3

I

Осмону фалакнинг косаси тўлган
Ёмғирли, чақмоқли сур булутларга,
Йироққа қувлайди увиллаб бўрон.
Шам-қолдиқда йиғилган нимжон пилик,
Калта оқшом ўчаётган олов қошида.
Тинглайман ёмғирнинг тилсиз шовқунин.

Оқарган сочларин ёйиб паришон
Сариқ денгиз ўзи инграб ётибди.

Исинар кўксимда бир тутам олов.
Ором топган каби ҳалокатидан,
Тўлқинлар гирдобида синграб синади.
Кучаяр яна-да тўлқинлар, менга
Келиб урилганин кўриб турибман
Қоронғу гирдобнинг исканжасида.

Ўчиб-ёнаётган олов кўксимда
Исинар. Ақлдан оздирар мени.
Лойшувоқ тўртдевор буржида, тунда
Оқариб кўринар бир кафан гўё.
Ўзим гўё қуюқ қондан иборат.
Қадим Сариқ денгиз танаси узра
Шароҳатман очилиб ётган. Балки
Шундайин ўзимга сўқмоқ очарман
Тонг чоғи ўлим-ла ўлимни кўмиб
Кетарман. Титраган сариқ аланга
Ҳали кўксим аро ўчмасдан туриб.

II

Тунда келтирилган кишининг бўғиқ
Ҳикоясин тинглар тиниб оломон.
(Тонгда кишан солиб олиб кетарлар)
Қонни маст қиларди унинг сўзлари,
Гоҳ иноқ баҳорнинг яшнаши мисол
Тутилмас зирванинг шағирлашидек
Гоҳ руҳни сизлатар худди бонг каби
Ўт олиб чақнарди кўзлари унинг,
Мисоли гулдирак унинг овози:
— Ҳайвон қаторида саналмас инсон!

Шу боис йиғлайди вақт талошида
Ранги ўчиб кетган шу пахса қўрғон,
Йиғлайди шу юксак довон, йиғлайди
Дайдиб олисларга бораётган йўл,
Чўққиларда юм-юм йиғлар наъматак
Теран ҳарорати билан эритиб
Йиғлайди эски қор. Томчилар униб,
Кўзёшдек парпирар тонготар янглиғ.
Яна кучга тўлар унинг овози,
Шиддат-ла жаранглар бонг каби мағрур,
Ҳайбатли гирдобнинг тўлқинларидек
Қояни йитгувчи исёнкор зарба:
— Ҳайвон қаторида саналмас инсон!

О, гирдоб, доимо тинсиз, қоябанд
Бу ўлик уйқулар салтанатини
Уйғотгувчи сенсан, о, зирва сенинг
Тўлқинларинг шовқин солиб гулдирар:
— Ҳайвон қаторида саналмас инсон!

III

Ақл бовар қилмас, не балолик кун,
Не қаро кун тушди менинг бошимга.
Бу кирли дунёнинг дарди, ғавғоси
Солдими кўнгилга англанмас туйғу.

Хас-хашак булути осмонни тутди,
Тўсиб қўйди ёруғликнинг кўзларин
Дунёнинг ишлари ўтар бирма-бир,
Рангин оинада кўринар аниқ.

Ёҳу, бир-биридан даҳшат сувратлар,
Потирлар товуқнинг узилган боши.
Қон-кўлмак ичинда лоши потирлар.

Болакайнинг шаффоф пешонасида
Бўртган кўк томирлар. Очликдан шишган.

Ақл бовар қилмас, ҳар неки чала,
Наҳот ҳеч нарсани тузатиб бўлмас.
Бу очун муз қатлам ичинда нечун?
Музларнинг устидан борурман урён.

Кўзларим қорайиб кетгунча сиқар
Уйсизлик, ёлғизлик панжаси мени,
Ақл бовар қилмас, ким учун ахир,
Не учун бу менинг чеккан азобим.

Симёғочга осди бўм-бўш тўрвасин,
Болакай шу заҳот музлади, қотди.
Не учун, шу юпун, шу озғин вужуд
Менинг бошим узра йиқилди тоғдек.

Рауф Парфи таржимаси

ЯНГИ БАҲОР

Далада гул сўлганин кўриб,
Англайман кўк қайинни яхши кўришим.
Қайин севгиси билан уйғонар
дала гулига хос севги…

КУЧ МАРКАЗИ

Баҳорда
пайқадим
гул новдасин титрашин.

Ер остидан
отилиб
кўтарилар шиддат билан
марказ кучи.
Гул очилиб,
ёйилади ҳар томон:
озор чекади,
титрайди.
Титрайман мен ҳам.

Эртага
йўл оламан қишлоққа.
Йўл оларкан
янгича тус оламан – гуллайман.

ҚЎШНИГА МЕҲР

Чекка бир жойда тураман,
Чекка бир жойда.
Имкони йўқ у ерга боришнинг,
Борса келмас тор кўча…
Қуш бўлиб учсаммикан,
Балиққа айлансамми ё?
Ё бир шамол,
Ё булут,
Ё хаёлга дўнсамми?
Ҳали инсон қадами етмаган чекка бир жойда,
Турибман ёлғиз ва чорламоқдаман,
Чорламоқдаман…
Нимадир руҳимда аста,
Очилмоқдадир.
Бу денгиз,
Бу осмон каби,
Қора тошда порламоқдадир.
Бирозгина илиқ туйғу,
Нозиккина бу учқун –
Қўшнига бўлган меҳр.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси