Эла Гочиашвили (1959)

СТРАСБУРГ ОЙИ

Омар Турманаулига

Она кўкрагида
Табиат инъоми
Сут кетиб қолар,
Ватаннинг эса – пешонасига битилган
Абадий боқувчилик.
Эвоҳ, нега ахир
Бизнинг Она-Ватан
Қонли боғич билан танғиб олди кўксини
Этагидан бизларни нон ушоғидак
Қоқиб юборди?
Менинг оғаларим ва опаларим
Қора жарга қулаётиб
Ҳасрат-ла ҳайқирдилар –
Не учун бунча эрта кўкракдан айирдилар?
Биз ожиз мушукваччалардек эдик.
Қўлларда сиқилган баргизуб…
Ва энди тепамизда ой ёлғиз эмас..
Қайда сенинг қушқўнмас гулинг, Турманаули?
Нега сен уни доимгидек ўтаётганингда
Эшик олдида қолдирмадинг,–
Англамоғим учун: сен бўсағада
Қушқўнмас гулини ушлаб тақиллатдинг,
Ишонмасдан, уйда йўқлигимга…
Ой эса тепамизда ёлғиз эмасди..
Бироқ биз негадир икковлон эмасмиз.
Ой мўраламас,
Чизмас жуфт соямизни
Воронцов кўприги узра
Нурини ботириб Мтквари сувбўёғига..
Икки соя қачондир қўл ушлашиб турганди,
Энди эса иккинчиси – йўқолди…
Эй, Страсбург ойи, –
Балки сен, мутлақо ой эмасдирсан?
Кўраяпсанми, мана бу одамни? –
Сен унга ой эмассан!
Ой эмассан, модомики икки сатр ҳам
Илҳомлантирмаган экансан!
Эй, Страсбург ойи, –
Сен қаллобсан!
Унинг ҳақиқий ойи
Гоҳ Пшав қишлоғи,
Гоҳ Тбилисида нур сочмоқда,
Ва Пшавида қайта..
Унинг оёқлари тиззасигача
Қушқўнмасгулга тирналган.
Унинг ҳақиқий ойи
Ва уни қайта кўришни
Соғинар ҳам ишониб кутар.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси