Мурман Жгубуриа (1938)

Мурман Жгубуриа (მურმან ჯგუბურია) 1938 йилда Гуржистонда туғилган. Биринчи шеърлар тўплами 1969 йилда нашр этилди. У гуржи тилида чоп этилган 20 дан зиёд китоб муаллифидир. Рус тилида “Қалб қирраси” шеърий тўплами ва “Тунги товуш” романи эълон қилинган. Бунин, Пушкин, Лермонтов, Хлебников шеърларини, хитой ва вьетнам мумтоз шеъриятидан намуналар таржима қилган. Адибнинг 5 жилдлик асарлар тўплами босилган.

* * *

Яшашим ўша-ўша: ўтираман, чекаман,
Қалбимда туғён урган мавзуда тер тўкаман.

Ҳаётим бўлса энди мезон сари йўл олди,
Тишларим сийраклашиб, қаддим мункайиб қолди.

Аввал қалб-ла яшардим, энди эса бош билан,
Лекин ҳамон жонсарак ва ўша бардош билан.

Чекаману ёзаман… Ё Тангрим, эмас-ку сир,
Бошқача яшолмасам, нима қилай мен, ахир?!

ЭРТА БАҲОР. КЕКСА ЗАНГ

Оҳ, қанақа қий-чув бу? Воҳ, қандайин тўполон,
Табиатни тўлдирди бирдан “оҳ-воҳ” ва нолон.

Шамолга юз тутдилар нав-ниҳоллар: — Қандай соз!
Баргларини ёздилар баҳорга чиқиб пешвоз.

Қир-адирлар қизарди қизғалдоқлар нуридан,
Қулоқ қоматга келди қушларнинг чуғуридан.

Баҳор етиб келди деб, ишонишиб чинакам,
Енгил кўйлаклар кийиб чиқди қишлоқ аҳли ҳам.

Фақат кекса ток занги эшитса-да “оҳ” – “воҳ”ни,
Аралашмас қий-чувга, кўкдан узмас нигоҳни.

У кўпни кўрган доно, беҳуда чиқармас чанг,
Чин баҳор келишини кутаётир кекса занг.

* * *

Қўлтиғимга қисиб қизил хўрозни,
Йўлга тушдим қуёш чиқмасдан туриб.
Чанг қишлоқ йўлидан кетиб бораман,
Олапар эргашар ортимдан ҳуриб.

Этим жунжикади, оёғим яланг,
Устим юпун, гарчи совуқ қотаман —
Бормасам бўлмайди, аҳволимиз танг,
Чангга ботиб, чаққон одим отаман.

Бозор қизғин бўлар ҳар якшанбада,
Эҳтимол хўрозим сотилар бугун.
Омадим юришиб қолса мабода,
Уйга олиб боргум бир-икки кафт ун.

Бир неча кун уйда емак бўлар “мўл”,
Шошиламан, қилиб Тангрига нола…
Тушларимга кирар ўша тупроқ йўл
Ҳамда қизил хўроз кўтарган бола.

БОБО

Оғриқ арисин дея
Бошга шолғом барг боғлаб,
Ғариб уйларга боқар
Бобом бағрини доғлаб.
Гўё подшоҳ тахтига —
тўнкага ўтирар чол.
Қишлоқдошлари келар
Қилиб унга арзи ҳол.
О, бу шолғом баргли тож —
Яшил япроқ гўлахи!
Бобом ўтирар маъюс —
энг хароб юрт подшоҳи.

ТБИЛИСИ ҲАҚИДА ШЕЪР

I

Пиросмани майхонангга
Киритди самовий нур,
Сен хўмрайдинг: — Бу ошёнга,
Ахир, расм не зарур.

Расм учун бурда нон
Сўраганда бечора,
Сен уни сархуш дея,
Қилдинг бағрини пора.
Аслида мангулигинг
Унинг туфайли эди.
Сен-чи, уни ҳайдадинг,
Жўна бу ердан, дединг.

Лекин у майхонангдан
Чиқиб кетар чоғида
Шароб қуйиб узатдинг
Жирканиш нигоҳида.

II

Шаҳар, сен Галактионни
Қўймадинг майхонага.
Тунда Пиросманини
Ҳайдагансан панага.

То мудом Мачабели
Ташналикдан қийналиб,
Тентираб юрибди-ку,
Кўчаларингда нолиб.

Эй, сен, Гранелини
Дарвеш айлаган шаҳар.
Ҳеч кимни аямайсан
Қиласан зор, дарбадар.

Сенинг саховатингни
Унутмайман мен зинҳор:
Сени ким кўпроқ севса,
Ўшани қиласан хор.

ПЕРЕДЕЛКИНО

Пастернак қабрини қилдим зиёрат.
Яқингача бунда кезиб юрарди.
Анави уйларда дарахтлар аро
Унинг деразаси ёруғ турарди.

Тарковский қабри ҳув, нарироқда…
Тунлари учрашиб туради улар.
Осмонда юлдузлар тингани чоғда,
Ерда — ҳамма уйда сўнгач ёғдулар.

Уларнинг суҳбати — Россия дарди.
Эшитмас на дўстлар, на чақимчилар.
Уларни тингларди сукунат ҳамда
Булутлардан инган совуқ томчилар.

Уларнинг суҳбати жўшқин, шиддаткор,
Ҳавога ёйилар эркнинг сурури.
Қадаҳлар жаранглар шўх ва даъваткор,
Оҳиста ёришар жаннатнинг нури.

Бу ерда учрашар шоирлар тунда,
Кундуз ухлаб, бизни безовта қилмас.
Негадир ишонгим келади бунга,
Сен-чи, дўстим, наҳот ишонгинг келмас?

* * *

Георгий Кечагмадзега

Нагобилевида, қоронғи тунда
Мўъжазгина ҳовлига
Юлдузлар галаси кирар адашиб…
Унутмайман уларни асло
Кузатаман дилда завқ тошиб!

ҚОФИЯСИЗ ШЕЪР

Қофиясиз ашъор
Хабарга ўхшар.
Ғафлатда қолдириб
Келади бирдан.

Ўзни ўнглашга ҳам
Улгуролмаймиз.
Кечикамиз, гўёки уйга
Бостириб киргандай бўлар фожиа.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.