Наапет Кучак (XVI аср)

Наапет Кучак – арман халқининг илк ошиқ, яъни бахши-шоирларидан бири. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот кўп эмас. Баъзи манбаларда XV–XVI асрлар оралиғида Вана яқинидаги Хараконис қишлоғида (ҳозирги Туркия ҳудуди) туғилган, дейилади. Шоир ҳаётлик чоғидаёқ халқ ўртасида шуҳрат қозонган. У асосан арман шеъриятининг қадимий жанри – айренда ижод қилган. 

1

Бориб айтинг ўша сулувга,
Бугун зангор қабосин кийсин.
Зангор қабо – уқубатимдир,
Қараганлар мен каби куйсин.

Мен кетарман, кўрмайин дея,
О, худойим, мадад бер менга –
Сен зангорни оқ рангга бўя,
Борлиқни кўм зангори рангга.

2

Сен – олов, сен – ёқут-маржонсан,
Энангга айт, бермасин эрга.
Ўзим келиб сени ёқарман,
Энанг зарни ситмасин кўрга.

Кошки ёрим бўлсанг…О, ҳатто
Бир-бирига кўзимиз ўхшар.
Аммо, нетай, нетайки, худо
Жуда юксак-юксакда яшар.

3

Гилам узра тўшак ёзарман,
Сени эса ўрайман зарга
Ва дастурхон сенга тузарман –
Базми жамшид қилгаймиз бирга.

Келтирурман май тўла кўза,
Каклик гўшти ўртада таом.
Ёстиғимиз дастурхон бўлса,
Қўлларимиз бўлат кумуш жом.

4

Мен ёввойи қушчаман, бегим,
Келдим фақат мен бир нафасга.
Карвон чорлар, кутар осмоним,
Мени қама тилла қафасга.

Зарбоф қабо, узук сотиб ол,
Совчи жўнат – тиллари болдан.
Сен айёр бўл, сен мени алда,
Чиқаргин сен мени қўлдан.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Севаман деганларинг қуруқ сўзмиди, эй ёр,
Шойи деб тутқазганинг оддий бўзмиди, эй ёр?
Ваъдаларинг унутиб, наҳот ташлаб кетарсан,
Топганинг мендан аъло қора кўзмиди, эй ёр?!

* * *

“Бир бўсанг нархин айт менга, нигоро?”
Ишва билан деди: “Боймисан ортиқ?
Барча молу мулкинг менга чикора,
Севсанг, бас, бор меҳрим қиларман тортиқ”.

* * *

Ўғлини бешафқат қарғади она:
“Тентираб яшагин мисли девона.
Саҳроларда сарсон кезиб бегона,
Жаннатдай юртингни соғин ягона”.

Рус тилидан Абдуҳамид Пардаев таржимаси