Мажнун – асл исми Қайс ибн ал-Мулавваҳ бўлган араб мумтоз шоири. Ишқий шеърлари билан машҳур бўлган шоирнинг номи кейинчалик шарқ шеъриятида “ошиқ” сўзи тимсолига айланган.
* * *
Ишқ ила мен хастаман, бу дардима даво йўқдур,
Қора қисмат битилмишдир, висолдан ҳеч видо йўқдур.
Васл йўқдур, фақат бордур алам,ҳасрат ила кулфат,
Товушингни кутарман зор, бироқ сандан садо йўқдур.
Асир қушман – гўдак панжи ғижимлайди бериб озор,
Ўлим ёрдур вужудима, худойимдан паноҳ йўқдур.
Бола дастида гирёна – қаноти қонолуд қушман,
Қутилмоққа бирор чора, азобларга адо йўқдур.
Ахир,ман қуш эмасман, ёр, қутилмоққа йўлим бисёр,
Бироқ ишққа чалинган дил учун эркин само йўқдур.
* * *
Қора қисмат қуши – қарға, қағилларсан нечун нолон,
Наҳот дилдан жудо этди саниям ишқи беомон.
Далаларда учиб маҳзун, чекарсан нолаю афғон,
Наҳот санинг юрагинг ҳам маникидек эрур вайрон.
Агар рост эрса бу достон, қора қисмат қуши – қарға,
Қанотинг ҳам синар бир кун, олиб учса сани бўрон.
Манингдек зор,манингдек хор, кеча кундуз дили абгор,
Тополмассан бу дунёда на бир дўсту на бир ошён.
Хуршид Даврон таржимаси