Рустам Беҳрудий (1957)

Алмаммадов Рустам Ҳидоят ўғли (Rüstəm Behrudi) 1957 йилда Ўрдубод туманининг Беҳруд қишлоғида туғилган. 1979 йилда Нахчивон давлат педагогика институтининг тарих-адабиёт факультетини тамомлаган.
Олдин мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейин «Ёзувчи” нашриётида кичик муҳаррир, муҳаррир бўлган, 1990 йилдан «Озарбойжон» газетасида бўлим мудири.
“Шомон дуоси”, “Салом, дор оғочи”, “Хотирага муҳрланг”, “Дин севдим дин устига”, “Бўз қурд”, “Иблис малакдан гўзал”, “Ёлғизликда ўлим ваҳимаси йўқ”, “Ер юзи дийдор маскани”, “Тугайдиган неки бордир, тугайди…”, “Кўзёшингдан термулган Худо”, “Танланган асарлар” каби китоблари нашр қилинган.
Адабий фаолияти 70-йиллардан бошланган. Шоирнинг иккита шеърий тўплами нашр қилинган. «Шомон дуоси» китоби туркий давлатларда шуҳрат қозонган. Шеърлари Туркия, Эрон, Австрия, Германия, Бельгия мамлакатларида нашр қилинган.

ШОМОН ДУОСИ

Бу куним ҳам шунчаки
ўтади, кечиб кетар,
Шу ёшгача не қилдим,
эй Тангрим, умр — ярим.
Мени ҳеч тинч қўймайди
ичимдаги ғам-кадар,
Тинч қўймас шаҳидларнинг
тунда кезган руҳлари.

Термулар эзгин-эзгин
кечалар бош устимдан,
Чексизлик — Тангри каби
ойи, юлдузи билан.
Шомон каби кўкларга
юз тутиб турибдирман,
Турибдирман юзма-юз
кўкнинг ёлғизи билан.

Бундоқ ғариб чоғимда
келиб мен-ла тиллашган
Оғочнинг япроғига,
гулига ишонаман.
Юртим узра таяниб,
сўнган ўчоқларнинг ман
Ичида қўр сақлаган
кулига ишонаман.

Ярамга туздек босар
савдолар ўз ўтини,
Ҳадемай кул бўламан…
қолмишман ёна-ёна.
Тавба дуоси каби
пичирладим отингни,
Товшим сенга етдими,
эшитдингми, эй она?!

Инсон бўлмоқ истайман,
айтган ҳар бир сўз — бандам,
Сўзга тилсим этмишман
юрагимнинг оҳини.
Мен жонимни бергали
бир янги сўзга бандман.
Эй менга жон берган зот,
кечиргил гуноҳимни.

Шомон каби сўзлардан
мен толе тўқийдирман,
Юрагимда талотум,
руҳимда бир зил зила…
Ҳар кеча осмонларга
мен дуо ўқийдирман —
Илоҳим, бу миллатни
йўқ бўлмоқдан ҳифз айла.

ГУНОҲКОР ЖОНИМДА, МЕНДАН ХАБАРСИЗ

Руҳим вужудимга азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи…
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Илоҳи!

Гуноҳкор жонимда гуноҳсиз руҳим
Негадир ҳамиша кўкларга боқар.
Не yчyн мени тинч яшашга қўймас,
Мен ҳам ўзгалардек одамман, ахир!

Мен ҳам ўзгалардек одамман, ахир…
Менинг ҳам жонимда ҳасрат, севги, ғам…
Бу маскан қайғуси, бу уй, бу фарзанд…
Наҳотки руҳимга қўшилиб учсам.

Наҳотки руҳимга қўшилиб учсам…
Юксалсам, покласа мени бу фалак.
Мени қўйиб юбор, гуноҳкор жоним,
Покликдан не учун қўрқасан, юрак?

Покликдан не учун қўрқасан, юрак,
Нега одамларнинг ҳар юзи шундоқ?!
Бу дунё, бу дунё ўзидан қочар,
Гуноҳ ичидадир ер юзи шундоқ.

Эй руҳим, яшама гуноҳ ичида…
Шундоқ ҳам юзларинг қанча сарғайди.
Эй мени ўлдирмоқ истаган одам,
Руҳим фалакдадир, жоним алдайди.

Руҳим вужудимда азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи.
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Илоҳи!

19 ФЕВРАЛЬ ЁКИ УЙҒОНИШ

Қаҳратон бир февраль кечаси…
Хонам ичра мени ухлашга қуймай
руҳлар бир ўйин бошлар.
Қулоқларимда —
Эндигина тилга кирган
гўдакларимнинг саси…
Кўзларим ўнгида —
Боболаримнинг васияти ёзилган
қора тошлар.
Ўт ва сув орасидаман, қардошлар!
Ўт ва сув орасидаман,
Бу кеча ўт ва сув орасида кездим:
Ватан тупроғининг бундоқ бепоён,
Руҳимизнинг бу қадар ўлмас,
Дардларимизнинг бу қадар буюк,
Орзуларимизнинг бу қадар чексиз,
Ўзимнинг бу қадар имконсиз эканимни
билмасдим,
Билмасдим, билмасдим, қардошлар!
Басдир, шунча дардли-ғамли
қўшиқлар айтдим…
Бу бепоёнликни эгнимга кийдим,
Бу дардларни севдим,
Бу чексизликка ғарқ бўлдим,
Бу ўлмасликка юз тутдим
Ва гўдакларимнинг устидан кечиб
олов устига кетдим…
Ўлсам… мени янгидан
Курашлар туғади, курашлар.
Мен оловнинг устига кетдим
Оловнинг устига, қардошлар!

Усмон Қўчқор таржималари

* * *

Рустам Беҳрудийнинг «Салом, дор оғочи» шеъри 1989 йили эълон қилиниши билан катта муҳаббат қозонди, Озарбайжон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлар нашрларида чоп этила бошланди. ”Салом, дор оғочи” шеъри том маънода Рустам Беҳбудийнинг номини туркий халқлар адабиёти дафтарига киритди.
”Салом, дор оғочи” шеъри Ўзбекистоннинг жаҳонга машҳур шаҳри, инсоният тамаддуни бешикларидан бири ҳисобланган Самарқандда ёзилган. Аниқроғи, шеър шавкатли Соҳибқирон Амир Темур мақбараси бўлмиш Гўри Мирнинг зиёрати пайтида дунёга келган. Шу сабабдан шеърда Амир бобомизга қаратилган мурожаат янграйди.
Озарбайжон туркларидан бўлган ва Нахичеванда туғилган шоир Рустам Беҳбудий ўз шеърида Амир Темурга қарата мурожаат қилишида бу бирлик туйғулари Озарбайжон туркларидаям мавжудлигини санъаткорона тарзда ифода этади.

САЛОМ, ДОР ОҒОЧИ

Йўлимни кўзладинг ҳар саҳар, оқшом,
Салом дор оғочи!
— Алайкум салом!
Ажал-ла ўлмакка туғилмаганман,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

У қайси миллатдир толеъи сирмиш?
Юз от-ла бўлинган, яна-да бирмиш!
Мени ҳузурингга шу дард келтирмиш,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Ҳазарни, Бойкўлни, Оролни кўрдим,
Кўрдим жон талошда, яроли кўрдим,
Тангрини бандадан ороли кўрдим,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Мудом терс айланар чархикажрафтор,
Турон боғларида соя ҳукмдор,
Рангин байроғимда япроқларинг бор,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Аввалин охири, охир аввали
Шу эмиш, билмайман, билмай куйгайман,
Қўрқув йўқ, не бўлса бўйин қўйгайман,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Эли яғмо аро минг битта бўлган,
Сойлари қуриган, кўллари ўлган,
Ҳақ-ҳисоб қилмоққа мана мен келган,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Эшит, Амир Темур, шуми оқибат,
Бўйнимда оқ кафан, тилимда оят,
Дарсини терс билган битта менми, айт,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Сени мен экмишам…манга сен ғаним,
Сени совурмакка ҳалолдир қоним,
Япроғинг ранг олган қонимдан маним,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Эй, дорнинг оғочи, кимдан камман…Айт!
Ё сени ёндирай, ё сенда ёнай,
Ё-да бутоғингда япроққа дўнай,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Қирғизман, Ўзбекман, ҚозоқуТуркман,
Бошқирдман, Керкукман, элимга кўркман,
Сенинг кўзлаганинг ғариб Турк менман,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Қабул эт навбатли қурбонинг манам,
Маним жоним санда, бил, жонинг манам,
Қўлимга тушмагин, ҳар ёнғин манам,
Салом, дор оғочи!
— Алайкум салом!

Озарбайжончадан Хуршид Давроннинг эркин таржимаси

МЕНДАН ХАБАРСИЗ

Руҳим вужудимда азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи…
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Оллоҳим!

Гуноҳкор жонимда гуноҳсиз руҳим
Негадир ҳамиша кўкларга боқар.
Не учун мени тинч яшашга қўймас,
Мен ҳам ўзгалардек одамман, ахир!

Мен ҳам ўзгалардек одамман, ахир…
Менинг ҳам жонимда ҳасрат, севги, ғам…
Бу маскан қайғуси, бу уй, бу фарзанд,
Наҳотки руҳимга қўшилиб учсам.

Наҳотки қўшилиб учсам руҳимга…
Юксалсам, покласа мени бу фалак.
Мени қўйиб юбор, гуноҳкор жоним,
Покликдан не учун қўрқасан, юрак?

Не учун қўрқасан покликдан, юрак,
Нега одамларнинг икки юзи бор?!
Бу дунё, у дунё ўзидан қочар,
Гуноҳ ичидадир ер юзи бисёр.

Эй руҳим, яшама гуноҳ ичида…
Шундоқ ҳам юзларинг қанча сарғайди.
Эй, мени ўлдирмоқ истаган одам,
Руҳим фалакдадир, жоним алдайди.

Руҳим вужудимда азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи.
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Илоҳи!

ЭЙ САРГАРДОН ЮЛДУЗЛАР

Тавба, дуо тугамас,
Тангри ёзган бу бахтни.
Жаҳаннамнинг эшиги
Менга кўпдан очиқдир.

Тақдирнинг ёзуғи – бу,
Дейман менда не гуноҳ.
Эшикларин, хўш, нега
Юзимга ёпмиш Оллоҳ?

Малаклари алдади,
Ёзайми янги ёзуқ.
Кўрсинлар қандай бўлар
Яратганнинг ёзгани.

Мендан юзин ўгириб
Ҳолимга боқиб кулар.
Кўк юзида Яратган,
Заминда биз – бандалар.

Бош-охир сизникиман,
Менинг ахир, кимим бор?
Эй, қунишган совуқ Ой,
Эй саргардон юлдузлар.

ВАТАН

Қаршимдаги улкан тоғу яйловим,
Адирлари, ўрмонлари ўйловим,
Эгилмаган чинорлари байроғим
Ватан!

Бир бор қара севгим тоза, покмиди,
Ҳар туғилган ўғиллари эрмиди,
Тошларимга ёздим минг йил дардимни
Ватан!

Манглайимга Араз қора ёзувдир,
Варақ йўл узоқдир, қор аёзидир,
Каркўкдир, Кўкчойдир, Қора ёзидир
Ватан!

Ҳар азоблар, ҳар оғриқлар ўтади,
Қўл узатсам Арзуримга етади,
Фузулийнинг мозори ҳам ватандир,
Ватан!

Менга юз бур юртда ўчоқ қурганда,
Турон дея Бўзкурд каби турганда,
Охиринг йўқ айланмасанг туронга,
Ватан!

Менинг отим ё бирликдир, ё қондир,
Золим дўстлар қабул этинг бу онтни,
Шўрлик бошим бу йўлларда қурбондир
Ватан!

ЗАМОН МЕНИ ЎЛДИРАДИ

Мендан адабиёт кутган инсонга

Югур, сўзим югур тезроқ,
Олиб бориб бир ёнга от,
Обор, йўқса ҳақни мендан
Кутган мени ўлдиради.

Минг йилки менга тикилган
Айт, не қилай кўзларимга.
Руҳим узра отиб келган
У тонг мени ўлдиради.

Туганмас ҳеч менинг ўйим,
На олганим, на берганим.
Юз йил душманга бердигим
Бир кун мени ўлдиради.

Мен на қилич, на қиндирман,
Текис йўлда сирпанганман.
Бориб Оллоҳга сиғиндим
Бу он мени ўлдиради.

Денгиз билар, у тоғ билар,
Сийнамдаги у доғ билар,
Тоши кўчган ўчоқ билар,
Гумон мени ўлдиради.

Мендан келди бир айрилиқ,
Гуноҳимни устимга йиқ,
Оҳ мен шўрлик қора ёзуқ,
Бу жон мени ўлдиради.

Қон гупурар, қон яна қон,
Қон ичида сузар Турон,
Тангрим бир вақт ерда қолган,
Бу қон мени ўлдиради.

Ҳақ ишидир, ишим, тайин,
Юксакдан тушишим қийин.
Мен замонни ўлдираман,
Замон мени ўлдиради.

Озарбaйжoн тилидан Ўктамой таржимаси

САЛОМ, ДОР ОҒОЧИ…

Йўлимга кўз тикдинг ҳар тонг, ҳар оқшом,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.
Ажалла ўлмоққа туғилмаганман,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

У қайси миллатдир, қисмати сирмиш,
Юз бор бўлинса ҳам бу замон бирмиш,
Мени ҳузурингга бу дард келтирмиш,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Хазарни, Байкални, Аролни кўрдим,
Кўрдим жонни ҳаста, яроли кўрдим,
Тангрини бандадан айроли кўрдим,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Чарҳи терс айланар фалак корининг,
Турон шамолида бутоқларининг,
Ранги байроғимда япроқларининг,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.
Аввалнинг поёни, сўнгнинг аввали,
Битмиш, билмаганман буни мен дали,
Қўрқув йўқ. Етдими бўйинг кўк сари?
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Сўйла, Амир Темур, бу сўнг недир, бу?
Бўйнимда оқ кафан, дилда тазарру,
Манзилин терс билган йўлда тазарру,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Ўзим эккан эдим… Бўлдингми ғаним?
Сени суғормоққа ҳалолдир қоним,
Япроғинг ранг олсин қонимдан маним,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Эй, дорнинг оғочи! Кимдан, нимам кам?
Ё сени чопаман, ё осиламан,
Ё бандингда бир баргга айланаман,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Қирғизман, ўзбекман, қозоқ ё туркман,
Бошқирдман, каркуман, эҳтимол гўркман,
Мен ҳам ўзинг кутган ғариб бир туркман,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

Қабул эт, кейинги қурбонинг ўзим,
Менинг жоним сенда, бил, жонинг ўзим,
Етар, мағрурланма, ҳар ёнинг ўзим,
Салом, Дор оғочи!
Алейкум-салом.

* * *

Яширдик, очмадинг бир сиримизни,
Термулиб турсакда юзма-юз, фақир.
Севаман, демадик бир-биримизни,
Сўзсиз ҳам қалбимиз англарди ахир.

Эркам, бу айрилиқ — сўнгсўзи ишқнинг,
Бу ҳижроннинг кутган севгилиси — ғам.
Кўнгил, етар кетдик, бу айрилиқнинг,
Мен ортиқ жабрини чека билмайман…

Ўзингни алдагин, юрагинг кўнар,
Кўйлак тик ҳижронга сабримдан менинг.
Янги бир муҳаббат майсадек унар,
Қалбингда қазилган қабримдан менинг.

Демайман: — Севилма, севма, энди бас…
Мен ҳафа бўлмайман, унут, бу дамлар.
Сира англолмайман, унута олмас,
Айт, нега ҳамиша унутилганлар…

* * *

Бу ишқ – сўнгсизликдир!
Учрашдик нега,
Нега талашдик айт, айрилдик абгор?
Бу қандай севгидир сўлади, гулим,
Хотира азоби гуллайди такрор.

Тангрим, гуноҳим не, бу не жазодир,
Неларга дуч келиб кўзларим тонди.
Сўзласам, сўзимдан унаверди — ғам,
Сўзласам, тилимда сўзларим ёнди…

Оҳ, шунча оғирми, жоним, муҳаббат,
Савдолар — бағримда тузалмас яра.
Кел иста, бугун мен ўзимдан кечай,
Юз тутиб, ҳув олис айрилиқларга…

Кетдим юзни буриб, англадим не дард,
Фузулий тунлари не чекар, билдим.
Суратсиз севгилар ҳайкали мисол,
Ҳайқалинг қабримда тикланар, билдим.

О, яна минг йиллар ўтар дунёдан,
Ҳар йўлнинг бошида ишқ бор, савдо бор.
Не бахтки, Эслининг сирлидир йўли,
Севсам Карам этгай мени савдолар.

Туганмас бу савдо, ўксинма кўнглим,
Кел, бу ғам ичинда бахт бордир минг-минг.
Мени “мен” қилган ҳам шу айрилиқлар,
Найлай, йўлчисиман айрилиқларнинг…

Бир ишқни сир каби қалбингда гизла,
Гар очсанг, айролик битади у дам.
Шу кундан бошланар саодатимиз,
Шу кундан бошланар фожеамиз ҳам…

* * *

Сенсиз мен ёлғизман ер куррасида,
Ишқ менга англатар не бор, дунёда.
Қисматдан, имкондан узоқ, кўп олис,
Илоҳий севгилар яшар дунёда.
Мени унутма…

Йўл олсам, изтироб, азоб тўрвамдир,
шодлигим зор излаб ўтади мени.
Сенга элтар йўллар — саодатсиз, тор,
Сўнггида айрилиқ кутади мени.
Мени унутма…

Йўл олсам, кўксимга соғинч фармондир,
Ўйилиб бардошим хон Араз бўлар.
Ҳақиқий севгининг, гулим не учун,
Висоли ҳамиша ўй-фараз бўлар.
Мени унутма…

Ҳеч телба бўлмасанг, шунчаки севсанг,
Бу ишққа инонмоқ хаёлдир ё туш.
Мен телбалар бўлдим ёз оқшомида,
Англадим: Ой инсон — танҳо, фаромуш.
Мени унутма…

Ё Раббим, гар ўлсам бир кун севгидан,
Билмайман, не дейсан, кетсам йироққа.
Сўзлашар менинг-ла гўё инсондай,
Сўз айтсам дарахтга, майса, япроққа.
Мени унутма…

Агар бахтли бўлсам, Араз раҳм этиб,
Ёши афсонага тенг дардим гарчанд.
Қайдадир бир она тилида дуо,
Қайдадир яшайди бир телба фарзанд.
Мени унутма…

ВИДО ТУРКУСИ

Ёлғиздираман бир қурд каби,
Менинг ила қолар келсин.
Таланганман бир юрт каби,
Қасосимни олар келсин.

Бир савдо бол лачак-лачак,
Сен билмасанг, ким билажак?
Жаҳаннамда бир кофирдек,
Чекканим не? Билар келсин.

Ғайтинг недир қониндаги,
На бош, на сўнг чоғиндаги,
Менинг Тангри тоғиндаги,
Қисматимни бўлар келсин.

Бу кун шомон дин-иймони,
Ўз ичида ўз Турони,
“Томирида туркнинг қони,
Томчи-томчи тўлар келсин”

Ишонмай душман сўзига,
Кўзгулар тегиб тизига,
Намозини қурд юзига,
Япроқ узра қилар келсин.

На кофирман, нада осий,
Севдим ҳаққа кетар касни,
Маккаси-ла Мадинаси,
Улуғ Олтой бўлар келсин.

Кетинг Чинга, олисларга,
Хабар беринг уйғурларга,
Парча-парча, пора-пора,
Бўлиб бўлдим талон, келсин.

Не бергайдир тавба менга,
Тавба қилмоқ тавба, сенга,
Энди келди навбат менга,
Мен-ла бирга ўлар келсин.

ШОМОН ДУОСИ

Бу кун ҳам ҳар кунгидек,
Жимгина ўтар-кетар,
Бу ёшда нега етдим?
Эй, Тангрим, умрим ярим.
Бир онга ҳам тинч қўймас,
Ичимдаги ғам-кадар,
Ёҳуд барча шоҳиднинг
Ҳасталанмиш руҳлари…

Айланар ғариб-ғариб
Кечалар бошим узра,
Сўнгсизлик — Тангри каби
Ойидан, юлдузидан
Шомон мисол осмонга
Юзим босиб турдим ва
Қайтдим юзма-юз мағрур,
Осмону
ёлғизидан…

Бу дам ҳаста чоғимда
Келиб, мен-ла тиллашсанг,
Дарахтнинг япроғию
Гулига ишонмайман.
Юрт ерида ўт олиб
Сўнган ўчоқларнинг ман,
Ичида кин сақлаган
Кулига ишонмайман.
Ярамга туздек босар
Савдолар ўз ўтини.
Бугун — тонгда кул бўлдим,
Келганман ён-ёна:
Тавба дуоси каби
Пичирлаган номини,
Сасим сенга етими,
Эшитдингми, эй она?

Худо бўлмоқ истайман, —
Деганман сўзда бандам,
Сўзга тилсим этганман
Юрагимнинг оҳини.
Мен жонимни бермоққа
Бир бир тоза сўзга бандам,
Эй, менга жон берган кас
Кечиргин гуноҳимни…

Шомон каби сўзлардан
Тақдирни тўқияпман,
Юрагимда минг титроқ,
Руҳимда минг зилзила.
Ҳар кеча кўк юзига
Бир дуо ўқияпман,
Худойим, бу миллатни
Йўқ бўлмоқдан ҳифз айла!

* * *

Шоирнинг тушига кирар гул-майса,
Энади самодан малаклар ҳар кеч.
Уйқумда — саросар,
Унинг учун мен
Оҳ чектим…
Худойим, билмайдилар ҳеч…

Ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
Бузилар чодирлар, ўчоқлар ўчар,
Тангри қарғиши-ла қисмат икечар,
Қисмати ўтганда ғам сарҳадидан,
Бир ёни кун ботар, бир ён кун чиқар —
тоғлари, дарёси, одамларидан,
хатто ўтинидан ғариблик унгай,
қора тупроғига не данак эксанг,
қайта ва қайталаб айрилиқ битар,
бўлиниб-бўлиниб, йўқ бўлар, йитар,
ажойиб бир юртдир,
ғаройиб бир юрт!
Ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
бу юртла яшадим, бу юрт ишқида,
мавжланиб-мавжланиб ўзандан тошдим.
Енисей, Итилу Волгадан ўтиб,
Олтой, яна қанча тоғлардан ошдим.
Юзи мовий,
Кўзи хатто кўкдан мовий,
Оғизида лаҳча-лаҳча олов бор қурд.
Ажойиб бир юртдир,
Ғаройиб бир юрт!
Ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
Қошимга ғам келар аждарҳо каби,
Тушимда гарангсиб қурд сарсон ўтар.
Айт нега, ҳар доим тушларим аро,
Қурд кўксидан азоб, минг армон ўтар.
Энди беркинганча келар ҳурлик ҳам,
мавжлана-мавжлана армон тошар шан.
Улуслар, Байкўллар, Кўкчалар сени,
Мендан сўрайдилар, Бўзқурд қайдасан?

Кел, мовий ишқ каби элан бош узра,
Кел ўрла, илдизи метин дарахтдек.
Мени зил тушлардан олиб кетмоққа,
Қора қуш исмли бўз отлар керак,
Кўзида ўт чақнар авлодлар керак.

Эшитаяпсизми?
Қора тулпорнинг,
Кишнашлари келар мисраларимдан.
Сасимга биронта йўқ қулоқ осган,
Интизор йўлингда тайёр турибман,
Сени кутадирман, Бўзқурд, қайдасан?

Ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро,
Юзи мовий,
Кўзи хатто кўкдан мовий,
Оғизида лаҳча-лаҳча олов бор қурд.
Ажойиб бир юрту,
Ғаройиб бир юрт!
Ҳар кеча, ҳар оқшом тушларим аро…

Шоирнинг тушига кирар гул-майса,
Энади самодан малаклар ҳар кеч.
Уйқумда — саросар,
Унинг учун мен
Оҳ чектим…
Худойим, билмайдилар ҳеч…

* * *

Йўл босарман,
Йўл босарман минг йилларнинг,
у бошидан бу бошига.
Бу йўлларда, оҳ, неча бор,
Тушдим ахир,
Миллатларнинг мен “менинглик”урушига.
Тушдим неча, чиқиб келдим,
мен девсифат айрилиқнинг,
бошин эгдим, йиқиб келдим.
Мен Шушадан қиличимга,
бор кучларни йиғиб келдим.
Гулистонда, Туркманчойда,
Ўз элим деб ўз жонимни
Оловларда ёқиб келдим…
Қайси ҳорғин менингдайин,
Боқ, шу қадар ғами-дарди,
Юрт қизининг ишқи гарди.
Ким бўлсада бу айрилиқ
Уни кулга айлантирар.
Кеча ўйга толдим маъсум,
Кўк юзида дунёйимиз харитаси
Юрагимда буюк юртнинг.
Қулоғимда азалдан бир алла бордир —
“Қайлардадир асир бўлган болалари,
Алла болам, она қурднинг”.
Боқ, шунчаки, гўзал оқшом,
Мен Гачари, Темурланги, Хатоийи,
Мен Йилдирим Боязиди, Султон Салим,
Сени, сени…
Бир миллатнинг ҳақ-адолат
Довонига чорлайдирман.
Савол мушкул, савол қийин,
Байроғимдир: — Бу “менинг”лик дунёсида,
Не гуноҳи мамлакатнинг?
Ҳамма айтар, ҳеч кимсанинг гуноҳи йўқ,
— Йўқ-йўқ, юртнинг бундан катта армони бор.
Ҳар бирининг чап кўлида қонли қилич,
Ўнг қўлида тинчлик деган фармони бор…

* * *

Сени кутмоқдаман,
келасанми айт,
мен ва менинг каби
неча одам ажалидирсан…
Сени кутмоқдаман,
келасанми айт,
чарчагандан сўнгра ғам тўла
ҳижрон китобини варақлар бўлсам,
ҳар бетига, ҳар он
фожеа тўлган.

Айрлиқ ҳукмидан айро тушмадик
Она сўзин бир бор
Айтмаган ҳасрат,
Бефарзанд аёлллар
бола кутгани каби…

Сени кутмоқдаман
Бу кенг мамлакатнинг
Табризнинг, Занжанинг,
Ганжанинг, Наҳжавоннинг,
Эшиклари темир Дарбанднинг,
Қўллари олов ўғли,
Ғусса ютгани каби…

Оҳ, бу орзу, бу истак,
Кўнглимда очар чечак,
сени кутмоқдаман
бедаволик ичра
умидсиз одамнинг
“Балки…” дея кўзлаган
Бир мўжизасидек…
Сени кутмоқдаман
Урушга кетган ўғлин
Келишини кутган она мисоли.
Сени кутмоқдаман
Хаёлимда келажак,
Дунё бўлса ҳам ҳароб,
Дея бир кун келажак.
Кўзларимда сўнгги нур, сўнгги зиё,
Қолгунга қадар.

Сени кутадирман
Озарбойжон тупроғида,
Туғилган ҳар болага,
йигит — мард дебон.
Сени кутадирман
Бардошимдан дийдор
унар деб бир он…

* * *

1

Сен қайдан билардинг, мен ёлғиз, мен тоқ,
Сен қайдан билардинг, мен сассиз, мен жим.
Тургандим юзимни тутиб кўкларга,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Бизни қайси савдо туш айлади, туш,
Тилингга келмаган сўзингдан сўра,
Қайт, бир маротаба ўзингдан сўра:
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Қаерда қоришди бахтимнинг боши,
Ўттиз ёшда келди умр қор-қиши,
Кечиккан ҳар нарса — қисмат қарғиши,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Кечиккан савдолар кўзёшдир, оҳдир,
Ҳар ишқнинг аввали, охири соғдир,
Қандай учрашамиз, ахир гуноҳдир…
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Умрим йўлчиликка бир баҳонадир,
Биз қайдан билардик бу истак надир,
Сени кўзлар эдим, кўзламоқ надир…
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

На ишқ телбасиман, на савдо қули,
Юрагим бошқа бир ҳис ила тўла,
Мен қанча англадим кетганим йўлни,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Мен юрар бу йўлнинг сўнг-учи ғамдир,
Азоби нашадир, севинчи ғамдир,
Эй золим, чекканим сўнгинчи ғамдир,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Бу ишққа, савдога оғир сиғганман,
Эшит, онам мени туғган у кундан,
Аразга айтилмас қурбонликдирман,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

Офтобла юз очмас ҳар очилган тонг,
Ё буни дард айла ва ёки алдан,
Бу йўлнинг сўнгги йўқ, қайтгин бу йўлдан,
Тангрими келтирди, ўзингми келдинг?

2

Сенсизман, ёлғизман, танҳоман яна,
Тангрими кетказди, ўзингми кетдинг?
Хабаринг бўлдими, ботдинг гуноҳга,
Тангрими кетказди, ўзингми кетдинг?

Мен ишқ далисиман, савдоси сендан,
Кўнглимда кўнглингнинг оғриғи жондан,
Ўзинг келгандингку, чорлаганда ман,
Тангрими кетказди, ўзингми кетдинг?

Бу севги қўлётмас, баланддаги тахт,
Бугунги айрилиқ кечаги бир ахд,
Сенла масрур эдим, эдим ўзим бахт,
Тангрими кетказди, ўзингми кетдинг?

Каломингда энди дўниб-музлар ғам,
Айт, нега жимсан, айт, сени кўзлар ғам,
Тилимда савол бор, унда сўзлар ғам,
Тангрими кетказди, ўзингми кетдинг?

* * *

Мен сени кеч топиб, йўқотажакман,
Ўзим ҳам билмайман нимасан, кимсан?
Балки бир хаёлсан кўзга кўринмас,
Бас, унда қалбимга қандай киргансан?

— Севаман, — сўзладинг сукут ичида,
Мен дедим: — Бир тушдир балки у онлар.
Саҳарни ҳасратла кўзлайдирман жим,
Кўзларимни очсам, балки чин бўлар.

Дудоғи чатнаган ташна тупроқман,
Устимга ёғмаган паноҳ бўлдинг сен.
Келганда минг истак, минг орзу эдинг,
Кетганда, билмадинг, гуноҳ бўлгансан.

Мени англолмадинг,
тушунолмадинг,
Эҳтимол, билмадинг муҳаббат надир?
Менинг исмим қўшиб айтганинг ёлғон,
Мени унутмоққа бир баҳонадир.

Мени хотирласанг, эсласанг, тамом,
Биламан, қаҳрдан бўғилажаксан.
Менинг изтиробим аро сен ботиб,
Кимнингдир бахтида туғилажаксан…

* * *

Денгиздаги соҳилда ёлғиз кема кабиман.
Сендан қочиб танҳоликка урилдим, —
Кетсам ҳам айрилиқ бор,
Қолсам ҳам айрилиқ бор.

Кетсам айрилиқ бор, қолсам ғусса-ғам,
Тилим сўзга бормас, қўлим қаламга.
Ўтган кун ўзимни яна ўлдирдим,
Сен яна йиғлама,
Йиғлама беун.

Энг улкан азобдан энг гўзал сўзга,
Кетган йўлга қайтдим — сўнггида бир сан.
Биласан, мен қандай якка-ю ёлғиз,
Қўлингла руҳимга тегина билсанг.

Биламан, йўқлигим ҳавотир бермас,
Борлигим умрингга оғирми бу дам.
“Кетмоққа ерим йўқ, қолмоққа юртим… “
Ёлғондир.
Ким айтган. Бу дунё улкан.

Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси